"."
Меню

Нур-Фуркон-Шуаро-Намл-Касас-Анкабут-Рум-Лукмон-Сажда-Асхоб-Сабаъ-Фотир суралари

24. Нур сураси 

Бу сура Мадинада нозил бўлган. У олтмиш тўрт оятдир. 

Суранинг асосий мавзуси Исломий жамиятдаги ахлоқ-одоб қонун-қоидаларидир. Унда мусулмонларнинг бир-бирлари билан ўрнатишлари лозим бўлган муносабатларидан тортиб, исломий оилаларнинг ичида барпо қилиниши зарур бўлган тоза иқлим ва покиза муҳит йўл-йўриқларигача батафсил баён қилинади. 

Яна бу сурада жамиятни фисқу-фасоддан тоза тутиш, насл-насабларни аралашиб кетишидан сақлаш ва инсонларни ахлоқий тубанликдан асраш учун Аллоҳ таоло фарз қилиб қўйган айрим жазо чоралари, жумладан зинокорликка қарши, туҳматчиликка қарши Исломий жазо чоралари ҳам зикр қилинади. Ва бу билан Ислом назарида киши учун бировнинг молини ноҳақ олиш қандай ҳаром саналса, бировнинг ор-номусига тегиш ёки ноҳақ обрўсини тўкиш ҳам шундай ҳаром эканлиги уқтирилади. 

Суранинг «Нур» деб номланишининг сабаби, биринчидан, ундан Аллоҳ еру-осмонларнинг нури - асл ижодкори эканлиги хусусидаги гўзал ояти карималар ўрин олгани бўлса, иккинчидан, бу сурада инсонлар бахтли, саодатли ҳаёт кечиришлари учун нур каби зарур бўлган илоҳий аҳкомлар мавжудлигидир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. (Ушбу) Биз нозил қилган ва (ундаги ҳукмларни мусулмонлар зиммасига) фарз қилган бир сурадир. Сизлар эслатма-ибрат олишингиз учун Биз унда очиқ-равшан оятларни нозил қилдик. 

2. Зинокор аёл ва зинокор эркак - улардан ҳар (зирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиргувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг (бу) ҳукмида (яъни зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин! Уларнинг азобланишига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар! 

И з о ҳ. Бу ҳукм бўйдоқ ёки тул ва бева (яъни оиласиз) зинокорларнинг жазосидир. Агар оилали эркак ва хотинлар зинокорлик қилсалар, уларнинг жазолари тошбўрон қилиб ўлдирилмоқдир. 

3. Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор экак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир. 

4. Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир. 

И з о ҳ . Маълумки жамият интизомини издан чиқарадиган нарсалардан бири турли миш-мишлар тарқатишдир. Шунинг учун, Ислом динида бировлар ортидан миш-миш тарқатиш, бировни бузуқликда айблаб, тош отиш фосиқлик деб аталиб, қаттиқ қораланади ва бундай кимсаларга мазкур оятдаги жазо берилади ҳамда уларни гувоҳликлари ўтмайдиган ёлғончилар деб эълон қилинади. Шу ўринда бир савол туғилиши табиий: Бир одам ёлғиз ўзи ёки тўртта эмас, масалан учта гувоҳ билан бирга бировнинг зино қилаётгани устидан чиқиб қолса ва бу воқеа - жиноятдан ўзгаларни огоҳ қилиб қўйса, бунинг нимаси ёмон, нега у жазоланиши керак? Муфассирлар бу саволга шундай жавоб берадилар: Биринчидан, у ўзи гувоҳ бўлган нопок манзарани кўтариб келиб бир тоза мажлисни ҳам ифлос қилмаслиги яхшироқдир. Иккинчидан, агар ўша зинокор эркак ё аёл жиноятларини очилмай қолгани сабабли бандалар берадиган жазодан қутулиб қолсалар ҳам, ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ҳар ерда ҳозиру нозир бўлган Яратган берадиган жазодан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайдилар. 

5. Магар шу (қилмишларидан) сўнг тавба қилиб, (ўзларини) тузатган кишиларгина (фосиқ эмасдирлар). Зеро Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

6. Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар - уларнинг ҳар бири ўзини шак-шубҳасиз ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши (вожибдир). 

7. (У эрнинг) бешинчи (гувохлиги эса) агар ёлғончилардан бўлса, устига Аллоҳнинг лаънати (тушишини сўрамоқлигидир). 

И з о ҳ. Биронта гувоҳсиз ўз хотинини бузуққа чиқарган эр бу даъвосининг рост эканлигига Аллоҳ номига тўрт марта қасам ичиши гўё унинг учун тўртта гувоҳнинг ўрнига ўтади ва бешинчисида, агар хотинига туҳмат қилган бўлса, Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлишни айтади. Мана шу қасамлари билан у саксон даррадан қутулади ва навбат бадном қилинган хотинга келади. Энди у зино жазосига дучор бўлмаслиги учун қуйидаги икки оятда қилинган қасамни ичиши лозим, акс ҳолда зинокор деб топилиб жазоланади. 

8. У (аёлдан) азоб-жазони «У (яъни эри) шак-шубҳасиз ёлғончилардан», деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши дафъ қилур. 

9. (У аёлнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса агар эри) ростгўйлардан бўлса, ўзининг устига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўрамоқлигидир. 

10. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-мархамат бўлмаса ва Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, ҳикмат соҳиби бўлмаса эди (албатта ё эр, ё хотин шарманда қилинган бўлур эди). 

11. Шак-шубҳасиз бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир Улардан (яъни бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир. 

И з о ҳ . Ушбу оятда мазкур бўлган «бўҳтон»нинг тарихи бундайдир: Пайғамбар алайҳис-салом саҳобалари билан бирга бир ғазотдан қайтар эканлар, Мадинага яқинлашиб қолганларида қоронғу кечада аскарларга бир оз ором олиш учун рухсат берадилар. Шунда пайғамбар алайҳис-салом билан бирга ғазотга чиққан жуфти ҳалоллари Оиша - (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ҳожат учун чиқиб, аскарлардан анча узоққа кетиб қолади ва қайтиб келганида карвон жилиб кетганини кўради. Шу пайт одатда карвон ортидан қолган нарсаларни йиғиб юриш учун тайинланган бир саҳоба келиб қолиб, Оишани кўриб танийди ва уни туяга миндириб, ўзи яёв ҳолда карвоннинг ортидан етказиб боради. Буни кўрган айрим мунофиқ кимсалар Оишани бадном қилишиб турли миш-мишлар тарқатадилар. Бу миш-мишларни эшитган пайғамбар алайҳис-салом ҳам, Оиша ҳам, Абу Бакр Сиддиқ ҳам ва бошқа мусулмонлар ҳам ниҳоятда изтиробда қоладилар. Орадан тўла бир ой вақт ўтгандан сўнггина пайғамбар алайҳис-саломга юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятлар нозил бўлиб, Оишанинг поклиги аниқланади ва бу миш-миш бўҳтон эканлиги ошкор бўлади ҳамда бўҳтончиларнинг ҳар бири учун қилган гуноҳига яраша жазо берилиши, уларнинг каттаси бўлган мунофиқ учун эса охиратда улуғ азоб борлиги ҳақида хабар берилади. Аллоҳ таоло бу можарони мўминлар учун ёмонлик эмас, балки яхшилик, Оишанинг Каломуллоҳ гувоҳлигида оқланиши деб атайди. 

12. (Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда, мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!» десалар бўлмасмиди?! 

13. Улар (яъни Оишани бандом қилмоқчи бўлганлар ўз даъволарига) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Энди агар гувоҳ келтира олмасалар, у ҳолда Аллоҳ наздида улар ёлғончидирлар. 

14. Агар сизларга дунё ва охиратда Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса эди, албатта сизларни тинмай сўзлаган нарса - бўҳтонларингиз сабабли улуғ азоб ушлаган бўлур эди. 

15. Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб уйлар эдингизлар. Ҳолбуки у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир). 

16. Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!» десангизлар бўлмасмиди?! 

17. Агар мўмин бўлсангизлар, ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур. 

18. Ва Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат соҳибидир. 

19. Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз. 

20. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамати ва Аллоҳнинг меҳрибон ва раҳмли экани бўлмаса эди (албатта сизларга бу қилмишларингиз учун азобни нақд қилган бўлур эди). 

21. Эй мўминлар, шайтоннинг изидан эргашманглар! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта (шайтон) бузуғлик ва ёмонликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса эди, сизлардан бирон киши (бирон гуноҳдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ (фазлу-марҳамати билан) Ўзи хохлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир. 

22. Сизлардан фазл ва кенг-катта мол-давлат эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

И з о ҳ. Бу оят Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ҳақидадир. У киши қизи Оиша ҳақида миш-миш тарқатганлар орасида бўлгани учун ўзининг қариндошларидан бирига ёрдам бермасликка қасам ичган эди. Юқоридаги оят нозил бўлганидан сўнг дарҳол қасамини бузиб унга инфоқ-эҳсон қилган экан ҳамда қасамни бузганлик каффорат-тўловини ҳам тўлаган экан. 

23. Албатта (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир. 

24. У кунда қиёматда қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувохлик берур. 

25. Ўша кунда Аллоҳ уларнинг ҳақиқий жазоларини комил қилиб берур ва улар Аллоҳнинг аниқ-ҳақ эканини билурлар. 

26. Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Ана ўша (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг (яъни нопок эрлар ва нопок аёлларнинг) айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни жаннат неъматлари) бордир. 

27. Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизгача кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар. 

28. Энди агар у (уйларда) ҳеч кимни топмасангизлар, у ҳолда то сизларга изн берилмагунча, уларга кирмангиз! Агар сизларга «қайтинглар», дейилса (яъни киришга изн берилмаса) қайтиб кетинглар! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган амалларингизни билгувчидир. 

29. (Биров учун) маскан бўлмаган (меҳмонхона, карвонсарой каби) сизлар фойдаланадиган уйларга (изн сўрамасдан) киришларингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ ошкор қилаётган нарсангизни ҳам, яшираётган нарсангизни ҳам билур. 

30. (Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир. 

31. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлар билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар. 

32. Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) кенг, билгувчидир. 

33. Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!! (Эй мўминлар) қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар! 

И з о ҳ . Маълумки, Ислом дини келган вақтида қулдорлик даври эди. Бинобарин мусулмонлар орасида ҳам ҳожалар ва қул чўрилар бўлиши табиий ҳол эди. Лекин Ислом мусулмонларни озод қилишнинг бир қанча йўл-йўриқларини кўрсатган. Шулардан бири мукобата - битим тузишдир. Унда озод бўлишни истаган қул ўз ҳожаси билан муайян миқдордаги пулни топиб бериб, озод бўлиш ҳақида битим тузади. Мана шу битим тузилган соатидан бошлаб у қулнинг бўйни қулликда бўлса-да, озод бўлади, яъни келишилган миқдордаги пулни топиш учун ҳожасининг уйидан ташқарига чиқиб ишлаб юравериши жоиз бўлади. Қолаверса, юқорида зикр қилинганидек, Аллоҳ таоло ҳожаларга Ўзи уларга ато этган мол-дунёдан бериб, битим тузган қулларининг озод бўлишларига ёрдам қилишни буюради... 

Покликни истаган чўриларингизни ҳаёти дунё нарсаларини истаб зинокорлик қилишга мажбурламанглар. Энди ким уларни мажбур этса, бас, албатта Аллоҳ мажбурлаганларидан сўнг (у чўриларни) мағфират қилгувчи ва (уларга) раҳм-шафқат қилгувчидир. 

И з о ҳ . Бу оятнинг иккинчи қисми Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул деган мунофиқ ҳақида нозил бўлгандир. У пул-мол топиш учун ўзининг икки чўрисини зинокорлик қилишга мажбурлайди. Улар пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига у мунофиқнинг устидан шикоят қилиб келганларида Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига юқоридаги оятларни нозил қилади. 

34. (Эй мўминлар), дарҳақиқат, Биз сизларга очиқ-равшан оятларни, сизлардан илгари ўтган зотлар тўғрисидаги мисолларни ва тақводор кишилар учун панд-нисаҳатни нозил қилдик. 

35. Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир (яъни уларнинг барчасини ёритиб, кўзга кўрсатиб - йўқдан бор қилиб тургувчидир). У зот нурининг (мўмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган (балки заминнинг қоқ марказидаги) муборак зайтун дарахтининг (мойидан) ёқилур. Унинг мойи (тиниқ, мусаффолигидан) гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудек. (Олов теккач эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ Ўзининг (бу нурига) Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисоллар келтирур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир. 

36-37. (У чироқ) бир уйларда (яъни масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган (қиёмат) кунидан қўрқурлар. 

38. Улар Аллоҳ ўзларини қилган амалларининг энг гўзаллари сабабли мукофотлаши ва яна уларга Ўз фазлу-карами билан зиёда (савоблар ато) қилиши учун (эртаю кеч Аллоҳни поклаб ибодат қилурлар). Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур. 

39. Кофир бўлган кимсаларнинг қилган амаллари эса саҳродаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлар, токи қачон унинг (яъни, қилган амалининг) олдида топур. Бас У зот унинг ҳисоб-китобини комил қилур. Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир. 

40. Ёки (кофирларнинг қилган амаллари) устма-уст тўлқин ва унинг ҳам устида (қора) булут қоплаб олган денгиздаги зулматларга ўхшайди. (Улар) устма-уст зулматлардир. У ўз қўлини чиқариб (қараса) кўришга яқин бўлмас. Кимга Аллоҳ нури (иймон) бермаса, бас унинг (учун) ҳеч қандай нур бўлмас. 

41. (Эй Муҳаммад), Аллоҳга осмонлар ва ердаги бор жонзот ҳам, (самода) саф тортган қушлар ҳам тасбеҳ айтиб - поклашини кўрмадингизми? Аниқки, (Аллоҳ) барчанинг дуою тасбеҳини билиб турур. Аллоҳ уларнинг қилаётган (барча) ишларини билгувчидир. 

42. Осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. Ёлғиз Аллоҳга қайтиш бордир. 

43. Аллоҳ булутларни ҳайдашни, сўнгра уларни бирлаштиришни, сўнгра уларни устма-уст қилишини кўрмадингизми? Сўнг (булут) орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. (Аллоҳ) осмондан - ундаги (булутлар) тоғидан дўл ёғдириб, унинг (зиёнини) Ўзи хоҳлаган кишиларга етказур ва Ўзи хоҳлаган кишилардан нари кетказур. Унинг чақмоғининг ёруғлиги (қараган) кўзларни кетказгудек бўлур. 

44. Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турур. Албатта бунда дил эгалари учун ибрат бордир. 

45. Аллоҳ барча жониворни сувдан яратди. Улардан қорни билан (судралиб) юрадиганлари ҳам бор, икки оёқда юрадиганлари ҳам бор, тўрт (оёкда) юрадиганлари ҳам бордир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта Аллоҳ барча нарсага қодирдир. 

46. Дарҳақиқат Биз очиқ-равшан оятларни нозил қилдик. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни Тўғри йўлга ҳидоят қилур. 

47. Улар (яъни мунофиқлар): «Аллоҳга ва пайғамбарга иймон келтирдик ва бўйинсундик», дейдилару, шундан кейин улардан бўлган бир гуруҳ юз ўгириб кетур. Улар мўмин эмасдирлар. 

48. Қачон улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорлансалар, баногоҳ улардан бир гуруҳи (пайғамбар ҳузурига келишдан) юз ўгиргувчидир. 

49. Агар ҳақиқат улар (тараф)да бўлса, (пайғамбар олдиларига) бўйин эгиб келурлар. 

50. Уларнинг дилларида мараз борми ёки Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлигидан шубҳаландиларми ёхуд Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ўзларига зулм қилишидан қўрқарларми?! Йўқ! Уларнинг ўзлари золимлардир. 

51. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида, мўминларнинг сўзи «эшитдик бўйинсундик», (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир. 

52. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйинсунса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришгувчилардир. 

53. (Мунофиқлар) агар сиз амр этсангиз, албатта (жиҳодга) чиқишлари ҳақида жон-жаҳдлари билан қасам ичдилар. Айтинг: «Қасам ичманглар! (Жиҳод) маълум ибодатдир (яъни бу ҳақда қасам ичишга ҳожат йўқдир). Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир». 

54. Айтинг: «Аллоҳга бўйинсунингиз ва пайғамбарга бўйинсунингиз! Энди агар юз ўгирсангизлар бас, (пайғамбар) зиммасида ўзига юкланган нарса (яъни одамларга Аллоҳнинг динини етказиш) бордир, сизларнинг зиммангизда эса ўзларингизга юкланган нарса (пайғамбарга бўйинсуниш) бордир. Агар унга бўйинсунсангиз, ҳидоят топурсизлар. Пайғамбар зиммасида (сизларни зўрлаб динга киргизиш эмас, балки) фақат (сизларга Ҳақ динни) етказиш бордир. 

55. Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир. 

56. (Эй мўминлар), намозни тўкис адо этинглар, закотни ато этинглар ва пайғамбарга бўйинсунинглар. Шояд раҳматга эришсангизлар. 

57. (Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз кофир бўлган кимсаларни ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулгувчи деб ўйламанг! Уларнинг борар жойлари дўзахдир. Нақадар ёмон оқибатдир у! 

58. Эй мўминлар, қўл остингиздаги (қул ва чўриларингиз) ҳамда ўзларингизнинг балоғатга етмаган (болаларингиз) уч вақтда (ҳузурингизга кириш учун) сизлардан изн сўрасинлар - бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу уч вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлардир). Улар ўша (вақтлардан) сўнг (изн сўрамай киришларида) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз бирингизга келиб-кетиб тургувчидирсизлар. Аллоҳ оятларни сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир. 

59. Қачон гўдакларингиз балоғатга етсалар, бас улар ҳам худди улардан илгари (балоғатга етганлар) каби изн сўрасинлар! Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир. 

60. Хотинлардан (ўтириб) кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари бирон зеб-зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини (яъни рўмол, ёпинчиқларини) олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир. Ўзларини пок (яъни, рўмол, ёпинчиқда) тутишлари ўзлари учун яхшироқдир. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир. 

61. (Жиҳодга чиқмай қолишларида) кўзи ожиз кишига хараж-танглик йўқдир, чўлоққа хараж йўқдир, хастага хараж йўқдир (яъни улар жиҳодга чиқмаганлари учун айбланмас). (Эй мўминлар), сизлар ўз уйларингиздан ё оталарингизнинг уйларидан ё оналарингизнинг уйларидан ё оға-иниларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг ё амакиларингизнинг уйларидан ё аммаларингизнинг уйларидан ё тоғаларингизнинг уйларидан ё холаларингизнинг уйларидан ё сизлар калитларига эга бўлган уйлардан ё дўстингизнинг уйидан (изн сўрамасдан) таомланишингизда сизларга (гуноҳ йўқдир). Тўпланган ё бўлинган ҳолларингизда таомланишингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Бас қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни «Ассалому алайкум», денглар). Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. 

62. Албатта мўминлар фақат Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига иймон келтирган зотлардир. Улар (пайғамбар) билан бирон муҳим иш устида бўлган вақтларида, то ундан изн сўрамагунларича кетмаслар. Фақат сиздан изн сўрайдиган зотлар - ана ўшаларгина - Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирадиган зотлардир. Энди қачон улар сиздан баъзи бир ишлари учун изн сўрасалар, бас, улардан ўзингиз хоҳлаган кишиларга изн беринг ва Аллоҳдан уларни мағфират қилишини сўранг. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

63. (Эй мўминлар), пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар (яъни у зотни ҳурмат-эҳтиром билан «Эй Аллоҳнинг пайғамбари», деб чақиринглар). Сизлардан беркинган ҳолларда (пайғамбар ҳузуридан) суғурилиб чиқиб кетадиган кимсаларни Аллоҳ яхши билур. (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар! 

64. Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва ердаги бор нарсалар шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. У зот сизлар устида турган нарсани (яъни мўмин ё мунофиқлигингизни) ҳам, (барча бандалар) Ўзига қайтариладиган (қиёмат) кунини ҳам яхши билур, бас уларга (ўша кунда) қилиб ўтган амалларининг хабарини берур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир.






25. Фурқон сураси 


Маккада нозил қилинган бу сура етмиш етти оятдан иборатдир. 

Сура ушбу Фурқонни - ҳақ билан ботилни ажратиб бергувчи Китобни Муҳаммад алайҳис-саломга Буюк Тангри нозил қилганини таъкидлаш билан бошланади. 

Сўнгра: «Нега пайғамбар фаришта эмас, балки оддий одамларга ўхшаб таом еб, бозорларда юрадиган инсондан бўлар экан», дейдиган саркаш мушрикларнинг даъволари қатъий ҳужжатлар билан рад этилади. 

Яна бу сурада доҳий «дўст»ларнинг васвасаларига учиб, ўз иймон-эътиқод ва дину-диёнатларидан воз кечган кимсалар охиратда бу қилмишларидан афсус-надомат чекиб, бармоқларини тишлаб қолишлари ҳақида огоҳлантириб ўтилади. 

Сура ниҳоясида эса Раҳмон бандалари - ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг сифатлари ва уларни жаннат неъматларига эришишларига сабаб бўладиган хулқ-атворлари тасвирланади. 

Қуръони Каримда, Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган барча илоҳий китоблар Фурқон - ҳақ билан ноҳақни ажратиб бергувчи Китоб, деб аталаверади. Бу сурага ном бўлган Фурқондан мурод эса Қуръондир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитгувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон - Қуръон нозил қилган зот - Аллоҳ баракотли - Буюкдир. 

2. У - осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир. 

3. (Мушриклар) эса У зотни қўйиб, бирон нарса ярата олмайдиган, (балки) ўзлари яралгувчи бўлган, (ўзгалар у ёқда турсин, ҳатто) ўзларига ҳам бирон зиён ё фойда эга бўлмайдиган ва на (бировларга) ўлим беришга, на ҳаёт беришга ва на қайта тирилтиришга эга бўлмайдиган «худолар»ни ушладилар (яъни ўшаларга сиғиндилар). 

4. Кофир бўлган кимсалар: «Бу (Қуръон) фақат (Муҳаммад) ўзи тўқиб олган бир ёлғондир. Унга бу (ёлғонни тўқишда) бошқа бир қавм (аҳли китоблар) ёрдам қилган» деб куфр келтирдилар ва бўҳтон қилдилар. 

5. Яна улар: «(Бу) аввалгилардан қолган афсоналардир (Муҳаммад) уларни кўчириб олган. Бас (бу афсоналар бировлар томонидан) унга эртаю кеч ўқиб берилур», дедилар. 

6. (Эй Муҳаммад, сиз уларга) айтинг: «Уни осмонлар ва ердаги барча сир-асрорни биладиган зот нозил қилгандир. Албатта у мағфиратли меҳрибон бўлган зотдир». 

7-8. Яна улар (масхара қилишиб): «Нега бу пайғамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитгувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай, ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): «Сизлар фақат бир сеҳрланган - ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз», дедилар. 

9. (Эй Муҳаммад), қаранг, улар сиз учун қандай мисоллар келтирдилар-а?! Бас, улар (ҳақ) йўлдан оздилар. Энди улар йўл топишга қодир эмаслар. 

10. Агар хохласа, сиз учун (шу дунёдаёқ) ўшандан (яъни улар айтган боғу-хазинадан) яхшироқ нарсани - остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларни қилиб бера оладиган ва сиз учун қаср-саройларни қилиб бера оладиган зот - Аллоҳ баракотли - буюкдир. 

11. Йўқ, улар (Қуръон оятларига боқмайдилар, чунки улар қиёмат) соатини ёлғон деганлар. Биз эса у соатни ёлғон деган кимсалар учун дўзах ўтини тайёрлаб қўйгандирмиз. 

12. (Дўзах) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг хайқириқ ва бўкиригини эшитурлар. 

13. Қачон улар кишанланган ҳолларида (дўзахдан) тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзларига) ўлим тилаб қолурлар. 

14. (Шунда уларга): «Сизлар бугун бир ўлимни эмас, кўп ўлимларни тиланглар (чунки сизлар бутун умрларингизни куфру исёнда ўтказганларингиз учун кўпдан-кўп ўлим-ҳалокатларга дучор бўлурсиз», дейилур). 

15. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводор зотларга ваъда қилинган мангу жаннатми?!» У (яъни жаннат тақводорлар) учун мукофот ва оқибат - борар жой бўлди. 

16. Улар учун ўша жойда мангу қолгувчи бўлган ҳолларида барча хоҳлаган нарсалари муҳайё бўлур. Бу Парвардигорингиз зиммасидаги сўралгувчи ваъда бўлди. 

17. (Аллоҳ) уларни (яъни мушрикларни) ҳам, улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларин ҳам тўплаб (у бутларга): «Менинг анави бандаларимни сизлар йўлдан оздирдингизларми ёки уларнинг ўзлари йўлдан оздиларми?» - дейдиган Кунда, 

18. Улар дерлар: «Эй пок Парвардигор, бизлар учун Сендан ўзга бирон дўст тутиш жоиз бўлган эмасдир (бас қандай қилиб ўзгаларни бизга бандалик қилиб сиғинишга мажбурлаб йўлдан оздирайлик)?! Лекин Сен уларни ва ота-боболарини (узоқ умр ва мўл-кўл ризқу-рўз билан шундай) фойдалантирдингки, ҳатто улар (Сенинг Ўзингни) эслашни ҳам унутдилар ва ҳалок бўлгувчи қавм бўлиб қолдилар». 

19. (Эй мушриклар) мана, улар («худо»лар деб сиғинган бутлар) сизларни айтаётган сўзларингизда аниқ ёлғончи қилдилар. Энди (азобдан) қутулишга ҳам, (ўзларингга) бирон ёрдам қилишга ҳам қодир эмассизлар. Сизлардан ким золим - мушрик бўлса, Биз унга катта азобни тотдирурмиз. 

20. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган барча пайғамбарлар ҳам, шак-шубҳасиз, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик (яъни сизнинг оддий одамлар каби фақирона кун кечиришингиз бошқалар учун бир синовдир. Чунки агар Биз сизни бой-бадавлат қилиб куйганимизда, улар сизга мол-дунёнгиз учун итоат қилган булур эдилар). Сизлар (Бизнинг бу синовимизга) сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз кўриб тургувчи бўлган зотдир. 

21. Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бизларга (пайғамбарлик учун одам эмас, балки) фаришталар туширилса эди ёки бизлар Парвардигоримизни (ўз кўзимиз билан) кўрсак (ва У бизларга Муҳаммаднинг ҳақиқий пайғамбар эканлигини билдирса) эди», дедилар. Дарҳақиқат, улар ўзларига бино қўйдилар ва жуда катта кетдилар. 

22. Улар фаришталарни кўрадиган кунни (яъни қиёмат кунини эсланг.) У кунда жиноятчи кимсалар учун бирон хушхабар бўлмас. Ва (фаришталар уларга) дерлар: «(Ҳар қандай хушхабар сизлар учун) бутунлай ҳаромдир». 

23. (Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз. 

И з о ҳ. Исломий ақидага кўра, ёлғиз Аллоҳга иймон келтирмасдан туриб қилинган ёки ягона Аллоҳни кўзламасдан хужакўрсинга қилинган ҳар қандай яхши амал ҳам худди ҳавода учиб юрган чанг-тўзон каби фойдасиздир. Шу боисдан бут-санамлар йўлида қилинган ёки яхши ном чиқариш учун риёкорлик билан қилинган «савоб иш»ларнинг эгалари учун қиёмат кунида бирон ажру-мукофот бўлмас. 

24. Жаннат эгалари эса у кунда энг яхши маскан ва энг гўзал зироҳатгоҳларда бўлурлар. 

25. Булутли осмон ёрилиб, (барча) фаришталар (ер юзига) туширилган (қиёмат) кунини (эсланг)! 

26. Ўша кунда хақ-собит подшохлик (ёлғиз) Раҳмон учун бўлур (Чунки бошқа барча муваққат подшохликлар йўқ бўлиб битур! У (кун) кофирларга кўп қийин кун бўлур. 

27. У кунда бу золим қўлларини (бармоқларини тишлаб надоматлар қилиб) дер: «Э, қанийди мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди, 

28. Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди, 

29. Аниқки, менга эслатма - Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир. 

И з о ҳ. Бу оятлардаги «золим» Ақаба ибн Абу Муъайт, фалончи эса Убай ибн Халафдир. Ақаба пайғамбар алайҳис-саломнинг даъватларини қабул қилиб, Исломга кирганидан сўнг ўша дўсти Убай уни йўлдан оздириб, васвасага солиши оқибатида муртад бўлиб, диндан чиқади. Мазкур оятларда Аллоҳ таоло ана шундай шайтонларнинг васвасаларига учиб, ўз динларидан воз кечадиган золимларнинг қиёмат кунидаги аҳволини тасвирлайди ва шайтонлар унга охиратда бирон ёрдам бермаслигини таъкидлайди. 

30. Пайғамбар айтди: «Эй Парвардигорим, дарҳақиқат менинг қавмим (Қурайш қабиласи) ушбу Қуръонни тарк қилиб (ундан юз ўгирдилар)» 

31. Биз (сиздан илгари ўтган) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз. Парвардигорингизнинг Ўзи етарли етакчи ва ёрдамчидир. 

32. Кофир бўлган кимсалар: « (Нега) бу Қуръон унга (пайғамбар алайҳис-саломга) битта тўплам бўлган ҳолида нозил қилинмади?» дедилар. (Эй Муҳаммад), Биз у - Қуръон билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолда нозил қилдик) ва уни бўлиб-бўлиб баён қилдик. 

33. Улар сизга (Қуръонни айблаш учун юқоридаги каби) бирон мисол-савол келтирсалар, албатта Биз сизга ҳақ (жавобни) ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик. 

34. Юзтубан ҳолларида жаҳаннам томонга судраладиган кимсалар - ана ўшалар энг аҳволи ёмон ва бутунлай йўлдан озган кимсалардир. 

35-36. Қасамки, Биз Мусога Китоб - Таврот ато этдик ва биродари Ҳорунни у билан бирга бўлгувчи вазири қилиб, дедик: «Бизнинг оятларимизни ёлғон деган қавм (Фиръавн ва унинг қавми) олдига боринглар!» Бас (икковлари бориб, Аллоҳнинг динига даъват қилган вақтларида, улар ўз куфрларидан қайтишмагач) Биз уларни (денгизга ғарқ қилиш билан) қириб ташладик. 

37. Нуҳ қавмини (эсланг)! Қачонки, улар пайғамбарларини ёлғончи қилишгач, Биз уларни ғарқ қилдик ва уларни одамлар учун оят-ибрат қилиб қўйдик. Яна Биз золим-кофир кимсалар учун (охиратда ҳам) аламли азоб тайёрлаб қўйгандирмиз. 

38. Од, Самуд (қабилаларини) ва қудуқ эгаларини (яъни Шуайб пайғамбарни ёлғончи қилганлари сабабли қудуққа қулаб ҳалок бўлган кимсаларни) ҳамда шу орадаги кўпдан-кўп асрларни (эсланг)! 

39. Барчаларига мисоллар - далиллар келтирдик ва (Бизнинг панд-насиҳатларимиз кор қилмагач) барчаларини бутунлай йўқ қилиб юбордик. Аниқки, улар (яъни Макка мушриклари ўзларининг сафар-саёҳатларида) энг ёмон ёмғир (яъни тош) ёғдирилган шаҳардан ўтгандирлар. (Ахир улар уни кўриб ибрат олмадиларми)?! Йўқ, улар қайта тирилишдан умидсиз бўлган кимсалардир. 

41-42. (Эй Муҳаммад) қачон улар сизни кўрсалар, фақат: «Аллоҳ мана шуни пайғамбар қилиб юбордими?! Агар сабр қилиб (маҳкам турмаганимизда) ҳақиқатан у бизларни худоларимиздан оздираёзди-я», деб сизни масхара қилурлар. Яқинда - азобни кўрган вақтларида ким йўлдан озганроқ эканини билиб олурлар. 

43. Хабар беринг-чи, ким ҳавои нафсларини илоҳ килиб олган бўлса, сиз унинг устида вакил-қўриқчи бўлурмисиз?! (Йўқ, сизнинг вазифангиз ҳавои нафсига қуллик қиладиган кимсаларни бу қилмишларидан сақлаш - қўриқлаш эмас, балки фақат Биз сизга юборган ваҳийни бандаларимизга етказмоқдир). 

44. Ёки сиз уларнинг кўпларига (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир! 

45. Парвардигорингизнинг (қудратини) - сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингизми?! Агар хоҳласа уни сокин - жилмас қилиб қўйган бўлур эди. Сўнгра қуёшни унга (яъни соянинг борлигига) далил қилдик. 

46. Сўнгра уни аста-секин Ўзимизга тортиб олдик. 

И з о ҳ. Юқоридаги икки оятни муфассирлар қуйидагича тафсир қиладилар. Субҳи содиқдан то қуёш чиққунича уфқда ёйилган қоронғулик билан ёруғлик ўртасидаги ҳолат - Аллоҳ ер юзи узра ейиб қўйган бир соядир. У зот агар хоҳласа уни кетмайдиган қилиб қўяр эди, лекин Тангри таоло чиқаётган қуёшни соя борлигига далил қилди - зеро Нур бўлмаса соянинг борлиги билинмас - ва У соя - пардани ер юзидан аста тортиб олди. 

47. (Аллоҳ) сизлар учун кечани либос, уйқуни ором қилиб қўйган, кундузни эса (сизлар учун) қайта тирилиш қилган зотдир. 

48-49. У ўз раҳматининг (яъни ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборган зотдир. Биз ўлик шаҳар-масканларни тирилтириш ва Ўзимиз яратган кўплаб чорва ҳайвонлари ҳамда инсонларни суғориш учун осмондан пок сув ёғдирдик. 

50. Ва у (сувни) эслатма олишлари учун (одамлар) орасида тақсимлаб қўйдик, (аммо) одамларнинг кўплари фақат куфрони неъмат қилишнигина истадилар. 

51. Агар Биз хохласак, ҳар қишлоқ-шаҳарга бир (охират азобидан) қўрқитгувчи - пайғамбар юборган бўлур эдик. (Лекин Биз барча қишлоқ-шаҳардан охират азобидан огоҳ қилиш бурчини сизнинг зиммангизга юкладик). 

52. Бас сиз кофир кимсаларга бўйинсунманг ва (Қуръон) ёрдамида уларга қарши қаттиқ курашинг! 

53. (Аллоҳ) икки денгиз - дарёни буниси чучук - ширин, униси шўр - аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тўсиқ-тўғон ва кўринмас парда қилиб қўйган зотдир. 

54. У сувдан - нутфадан инсонни яратиб, сўнг уни насл-насаб (эгаси) ва қуда-анда қилиб қўйган зотдир. Дарҳақиқат Парвардигорингиз (ҳар ишга) қодирдир. 

55. (Кофирлар) Аллоҳни қўйиб, ўзларига фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар. Кофир ўз Парвардигорига қарши (шайтонга) ёрдамчи бўлган кимсадир. 

56. (Эй Муҳаммад,) Биз сизни фақат (мўминларга жаннат) хушхабарини етказгувчи, (кофирларни эса охират азобидан) қўрқитгувчи қилиб юбордик. 

57. Айтинг: «Мен сизлардан бунинг учун ҳеч қандай ҳақ сўрамайман, фақат Парвардигор томонга йўл тутишни хохлаган кишилар (ўша йўлни тутишларини сўрайман»). 

58. Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг, хамда У зотга ҳамду сано айтиш билан покланг! У Ўз бандаларининг гунохларидан етарли огоҳдир. 

59. У осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига ўрнашган зотдир. У Раҳмондир. Бас, У зот ҳақидаги огоҳ - билимдон (кишилар) дан сўранг! 

60. Қачон (мушрикларга): «Раҳмонга сажда қилинглар», дейилса, улар: «Нима у Раҳмон? Сен буюрган нарсага сажда қилаверамизми?» - дейишар ва (бу сўз) уларни янада йироқлаштирар. 

И з о ҳ. Ушбу оят навбатдаги сажда оятидир. 

61. Осмонда буржларни барпо қилган ва унда чироқ - қуёш ва ойни пайдо қилган зот баракотли - буюкдир. 

62. У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган зотдир. 

63. Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам «Омон бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир. 

64. Улар кечаларни Парвардигорга сажда қилиб ва (жойнамоз устида) тик туриб - бедор ўтказадиган кишилардир. 

65. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизлардан жаҳаннам азобини дафъ қилгин. Дарҳақиқат унинг азоби кетмас - мангу (азобдир). 

66. Дарҳақиқат у энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон жойдир», дейдиган кишилардир. 

67. Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар (балки эҳсонлари) ана ўша (хасислик билан исрофнинг) ўртасида - мўътадил бўлур. 

68. Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гунохлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур. 

69. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. 

70. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир. 

71. Ким тавба қилиб, яхши (амаллар) қилса, бас албатта у Аллоҳнинг (ризо-мағфиратига) қайтган бўлур. 

72. Улар (яъни Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва лағв (беҳуда сўз ё амал) олдидан ўтган вақтларида, олижаноблик билан (яъни ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтурлар. 

73. Уларга Парвардигорларининг оятлари эслатилган вақтида у (оятларга) гунг ва кўр ҳолларида ташланмайдилар, (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар). 

74. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир. 

75. Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. 

76. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ, энг гўзал манзилдир. 

77. (Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Агар дуо-илтижо қилмас экансизлар, Парвардигорим сизларга парво қилмас. Бас, сизлар (У зот юборган пайғамбарни) ёлғончи қилдингиз. Энди албатта (азоб-уқубат) сизларга лозим бўлур».






26. Шуъаро сураси 



Икки юз йигирма етти оятдан иборат «Шуъаро» сураси ҳам Макка сураларидандир. 

У Қуръоннинг Аллоҳ томонидан нозил қилинган (очиқ оятлардан) иборат эслатма эканини таъкидлаш билан бошланиб, пайғамбар алайҳис-саломга мушрикларнинг иймонсизликларидан қайғурмаслик кераклигини уқтиради ва улар яқинда - Қиёмат кунида Аллоҳнинг азобига дучор бўлишлари ҳақида хабар беради. 

Бу сурада ҳам аввал ўтган айрим пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилиниб, уларнинг барчалари бир нарсага - яккаю ягона Аллоҳга иймон келтириб, У зотнинг Ўзигагина итоат этишга даъват қилганлари айтилади ва уларни ёлғончи қилган кимсаларнинг топган оқибат-ҳалокатлари тасвирланади. 

Сура ниҳоясида сўз яна Қуръонга қайтиб, унинг жинлар келтирган чўпчак ё шоирлар битган шеър эмас, балки Аллоҳ томонидан Жаброил фаришта воситасида очиқ араб тилида нозил қилинган илоҳий Китоб эканлиги таъкидланади. 

Бу сурадан Тангри таолонинг шоирлар ҳақидаги оятлари ҳам ўрин олгани сабабли у «Шуъаро» сураси деб аталгандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. То, Син, Мим. 

2. Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир. 

3. (Эй Муҳаммад), эҳтимол сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз. (Ундоқ қилманг, чунки) 

4. Агар Биз (уларнинг мўмин бўлишларини) хохласак, уларга осмондан оят-мўъжиза нозил қилиб, шу билан бўйинлари эгилиб қоларди. (Лекин Биз буни истамаймиз, зеро иймон-ишонч ночор-ноиложликдан эмас, балки қалб қаноати билан ихтиёрий бўлиши лозимдир). 

5. Уларга Раҳмон томонидан бирон янги эслатма келса, албатта, улар ундан юз ўгирувчи бўлдилар. 

6. Бас, аниқки улар (пайғамбарни) ёлғончи қилдилар. Энди яқинда уларга ўзлари масхара қилган нарсанинг ахбороти (оқибати) келур. 

7. Ахир улар ерни - унда, Биз барча турли фойдали (ўсимлик) навларидан қанчасини ундириб қўйганимизни кўрмадиларми?! 

8. Албатта бунда оят - ибрат бордир. (Лекин Макка мушрикларининг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. 

9. Шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир. 

10-11. (Эй Муҳаммад), эсланг, Парвардигорингиз Мусога нидо қилиб: «У золим қавмга - Фиръавн қавмига боргин, улар (Мендан) қўрқмайдиларми?!» (деган эди), 

12. Мусо айтди: «Парвардигорим, (албатта амрингга итоат этурман - у золим қавм олдига борурман, фақат) улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман; 

13. Ва (улар мени ёлғончи қилишларидан) дилим сиқилур, тилим бурро эмасдир, бас (Мисрда Фиръавн зулми остида яшаб турган биродарим) Ҳорунга ҳам (пайғамбарлик) юборсанг, (у менга ёрдамчи бўлса). 

14. Яна уларнинг наздида мен гуноҳкорман (яъни улар мени бир мисрлик - қибтий йигитни қасддан ўлдиришликда айблайдилар), бас мени, (Сенинг фармонингни уларга етказмасимдан) ўлдириб қўйишларидан қўрқурман». 

15. (Аллоҳ) деди: «Йўқ (улар сени ўлдира олмаслар). Бас (биродаринг Ҳорун билан) Бизнинг оят-мўъжизаларимизни олиб боринглар! Албатта Биз сизлар билан бирга (савол-жавобларингизни) эшитиб тургувчидирмиз. 

16. Энди Фиръавнга бориб айтинглар: «Ҳақиқатан биз барча оламлар Парвардигорининг элчиларидирмиз. 

17. (Қўл остингдаги) Бани Исроил (қавми)ни бизга қўшиб (ўз юртлари - Фаластинга) жўнатгин». 

18. (Улар келиб Фиръавнга шу сўзларни айтишгач, у Мусога қараб) деди: «Биз сени болалик чоғингда ўз ичимизда (яъни саройимизда) тарбияламаганмидик, умрингнинг бир неча йилида орамизда турган эдинг-ку! 

19. Кейин нонкўрлардан бўлиб қилган қилмишингни - қилган эдинг-ку (яъни бир Қибтийни ўлдириб қўйиб қочиб кетган эдинг-ку)!» 

20. (Мусо) айтди: «Ўшанда мен у ишни билмаган ҳолда қилган эдим. 

21. Сўнг сизлардан қўрқиб қочиб кетдим. Кейин Парвардигорим, менга ҳикмат - илм ҳадя этди ва мени пайғамбарлардан қилди. 

22. Ўша сен менга миннат қилаётган неъмат (аслида) сен Бани Исроилни қул қилиб олишингдир». 

И з о ҳ. Бу оятни шундай тушунмоқ лозим: «Эй Фиръавн, сен мени болалигимдан тарбиялаб ўстирганингни менга миннат қилмоқдасан. Аслида нима сабабдан мен сенинг саройингга келиб қолдим? Сен Бани Исроил қавмини қул қилиб, уларнинг барча ўғил болаларини ўлдираётганинг учун онам мени аниқ ўлимдан қутулиб қолармикан, деб сандиққа солиб, дарёга оқизганида сенинг хотининг мени дарёдан тутиб олган эди-ку! Агар сен бани Исроил қавмига бундай зулму ситамлар қилмаганингда, мени ҳам ўз ота-онам тарбиялаган бўлар эди-ку! Ана ўша қилмишингни неъмат деб аташга уялмайсанми?!» Бу оят ўзга юртларни босиб, Ўзига қарам қилиб олган, сўнгра «Биз сенларни тарбиялаб одам қилганмиз» деб даъво қиладиган барча мустамлакачиларга берилган жавобдир. 

23. Фиръавн деди: «Барча оламларнинг Парвардигори (деганинг) нимаси яна?» 

24. (Мусо) айтди: «У агар ишонадиган бўлсанглар, осмонлар ва ернинг ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Парвардигори - ҳожасидир». 

25. (Фиръавн) атрофидаги (аъёнлар)ига: «Қулоқ солмайсизларми?», деб (масхара қилди). 

26. (Мусо) айтди: «У сизларнинг ҳам, ўтган ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигоридир». 

27. (Фиръавн) деди: «Сизларга элчи қилиб юборилган бу пайғамбарингиз шак-шубҳасиз жиннидир». 

28. (Мусо) айтди: «Агар ақл юргизувчи бўлсангизлар, У машриқ ва мағрибни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигоридир». 

29. (Фиръавн) деди: «Қасамки, агар сен мендан ўзгани илоҳ қилиб оладиган бўлсанг, албатта мен сени зиндонбанд кимсалардан қилиб қўюрман!» 

30. (Мусо) айтди: «Агар мен сенга (ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканлигимни далолат қиладиган) очиқ нарса - мўъжиза келтирсам ҳам-а?» 

31. (Фиръавн) деди: «Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, ўша (мўъжизангни) келтир-чи?!» 

32. Шунда (Мусо) асоини ташлаган эди, баногоҳ у ростакам аждарга айланди. 

33. Кейин қўлини (чўнтагидан) чиқарган эди, баногоҳ у қараб турганларга (кундан ҳам) оқ бўлиб кўринди, (ҳолбуки Мусо ўзи қорамағиз одам эди). 

34. (Фиръавн) атрофидаги одамларга: «Шубҳасиз, бу (Мусо) ўткир сеҳргардир. 

35. У ўз сеҳри билан сизларни ўз ерларингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар?» деди. 

36-37. Улар айтишди: «Уни ва акаси (Ҳорун)ни қўйиб тургин-да, ҳамма шаҳарларга (сеҳргарларни йиғиб келадиган кишиларни жўнатгин), улар сенга жами ўткир сеҳргарларни келтирсинлар». 

38. Бас сеҳргарлар маълум кунда белгиланган жойга тўпландилар. 

39-40. Ва одамларга: «Сизлар ҳам тўпланиб бўлдингларми? Эҳтимол бизлар агар сеҳргарлар ғолиб бўлиб чиқсалар, ўшаларга эргашурмиз», дейилди. 

41. Энди қачонки, сеҳргарлар келишгач, Фиръавнга: «Агар биз ғолиб бўлсак, албатта бизлар учун (катта) мукофот бўлурми?» - дейишди. 

42. У: «Ҳа, у ҳолда албатта сизлар менинг яқинларимдан бўлурсизлар», деди. 

43. Мусо уларга: «Ташлайдиган нарсаларингизни ташланглар», деди. 

44. Бас улар арқон ва асоларни (ерга) ташладилар ва: «Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта бизларгина ғолиб бўлгувчидирмиз», дедилар. 

45. Сўнг Мусо асоини ташлаган эди, баногоҳ у (асо) уларнинг «уйдирма»ларини юта бошлади. 

46-47-48. Бас у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб: «Барча оламларнинг Парвардигорига - Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтирдик», дедилар. 

49. (Фиръавн) айтди: «Мен изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Албатта у (Мусо) сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Энди яқинда билурсизлар - албатта мен оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг қўл, чап оёқ ёки аксинча) кесурман ва сизларнинг барчангизни дорга осурман». 

50. Улар дедилар: «Зарари йўқ. Зеро бизлар Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз. 

51. Албатта бизлар (Мусога) биринчи иймон келтирган кишилар бўлганимиз сабабли Парвардигоримиз бизларнинг хато-гуноҳларимизни мағфират этишини умид қилурмиз». 

52. Биз Мусога: «Бандаларим (яъни Бани Исроил кавми) билан тунда йўлга чиққин! Албатта сизларнинг изингизга тушилур (яъни Фиръавн ва унинг қўшини ортингиздан қувиб етур» деб ваҳий юбордик. 

53. Бас (Мусо ва унинг қавми йўлга тушганларидан хабар топгач), Фиръавн барча шаҳарларга (аскар) йиғувчиларни жўнатди (ва деди): 

54. «Аниқки улар бир ҳовуч ялангоёқлардир. 

55. Дарҳақиқат улар (қўл остимиздан чиқиб кетишлари билан) бизларни ғазаблантирдилар. 

56. Шубҳасиз бизлар эҳтиёт чораларини кўриб тургувчи қавмдирмиз». 

57-58-59. Бас мана шундай қилиб Биз уларни (яъни Фиръавн ва унга эргашганларни) боғлар ва булоқлардан, хазиналар ва улуғ-гўзал маскандан айирдик ва уларни(нг барчасига) Бани Исроилни ворис қилдик. 

60. Бас (Фиръавн) тонг пайтида уларни қувиб етди. 

61. Энди қачонки икки жамоат бир-бирларини кўришгач, Мусонинг ҳамроҳлари: «Бизлар аниқ тутилдик, (чунки олдимизда ҳеч қандай йўл йўқ, фақат денгиз бор) дедилар. 

62. (Мусо) айтди: «Йўқ, аниқки мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта у мени (нажот) йўлига бошлар». 

63. Бас, Биз Мусога: (Асоинг билан) денгизни ургин», деб ваҳий юбордик. Бас (денгиз) бўлиниб, ҳар бир бўлак (сув) баланд тоғ каби бўлди. (Сўнг Мусо ва унинг қавми денгиз ўртасидан очилган йўлга тушдилар.) 

64. Ва кейингиларни (яъни Фиръавн ва унинг қўшинини ҳам) ўша (йўлга) яқин қилдик. 

65. Ва Мусо ҳамда у билан бирга бўлган кишиларнинг барчаларига нажот бердик. 

66. Сўнгра кейингиларни (денгизга) ғарқ қилиб юбордик. 

67. Албатта бунда (Фиръавн ва унинг қавми ҳалокатида) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. 

68. Шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир. 

69. (Эй Муҳаммад), уларга Иброҳим хабарини тиловат қилинг! 

70. Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» - деганида. 

71. Улар: «Бут-санамларга ибодат қилмоқдамиз. Бас уларга содиқлигимизча қолурмиз», дедилар. 

72-73. (Иброҳим) айтди: «Илтижо қилган пайтларингизда (бутларингиз) сизларни(нг илтижоларингизни) эшитдиларми ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!» 

74. Улар дедилар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай (бутларга ибодат) қилишларини кўрганмиз (шунинг учун бизлар ҳам бутларга ибодат қиламиз). 

75-76. (Иброҳим) айтди: «Сизлар ўзингиз ҳам, қадим-қадим ота-боболарингиз ҳам ибодат қилгувчи бўлган бутларингиз хақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? 

77. Шак-шубҳасиз улар мен учун душмандир (бас мен уларга ибодат қилмайман), магар барча оламлар Парвардигоригагина (ибодат қилурман). 

78. У мени яратгандир, бас Ўзи мени ҳидоят қилур. 

79. Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва қондирур. 

80. Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо берур. 

81. У мени ўлдирур, сўнгра (қиёмат кунида қайта) тирилтирур. 

82. У жазо (қиёмат) кунида менинг хато-гунохларимни мағфират этишини умид қилурман. 

83. Парвардигорим, менга ҳикмат-илм ҳадя этгин ва мени солиҳ (бандаларинг) қаторига қўшгин. 

84. Яна мен учун кейин келгувчи кишилар ўртасида рост мақтовлар қилгин. 

85. Яна мени ноз-неъматлар боғининг ворисларидан қилгин. 

86. Отамни ҳам мағфират қилгин. У шубҳасиз адашганлардан бўлди. 

87. Ва (барча жонзот) қайта тириладиган Кунда мени шарманда қилмагин». 

88. У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермас; 

89. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур). 

90. (У кунда) жаннат тақводор бўлган зотларга яқин қилинди. 

91. Дўзах йўлдан озган кимсаларга кўрсатиб қўйилди. 

92-93. Ва уларга: «Сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган бутларингиз қани?! Улар сизларга ёрдам бера олурми ёки ўзлари ёрдам ола билурми?!» - дейилди. 

94-95. Бас у (бутлар) йўлдан оздирган кимсалар ва Иблис лашкарлари (яъни кишиларни Ҳақ йўлидан оздирган доҳийлар) барчалари (дўзахга) улоқтирилди. 

96. Улар (дўзахда) талашиб-тортишар эканлар, дедилар: 

97-98. «Аллоҳ номига қасамки, албатта бизлар сизларни (эй бут ва санамлар!) барча оламларнинг Парвардигорига тенглаштирган пайтимизда очиқ залолатда бўлган эканмиз. 

99. Бизларни фақат жиноятчи («доҳий»)лар йўлдан оздирдилар. 

100-101. Энди бизлар учун на оқловчилар ва на бирон қадрдон дўст бордир. 

102. Бас қанийди яна бир марта (яшашнинг иложи) бўлса-ю, бизлар ҳам мўминлардан бўлсак». 

103. Албатта бунда (яъни Иброҳим ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. 

104. Шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир. 

105. Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди (яъни Нуҳни ҳам, бошқа пайғамбарларни ҳам инкор қилдилар). 

106. Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ айтган эди: «(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?! 

107. Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. 

108. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! 

109. Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир. 

110. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!» 

111. Улар дедилар: «Сенга пасткаш (ялангоёқ) кимсалар эргашган бўлса, (бизлар сенга (қандай қилиб иймон келтирурмиз?» 

112. (Нуҳ) айтди: «Мен уларнинг иш-амал қилгувчи эканликларини билмасман. 

113. Агар пайқай олсангизлар уларнинг ҳисоб-китоби ёлғиз Парвардигоримнинг зиммасидадир. 

114. Ва мен (сизнинг сўзингизга кириб) мўмин бўлган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам. 

115. Мен фақат очиқ огохлантиргувчидирман». 

116. Улар дедилар: «Қасамки, агар (бу даъватингдан) тўхтамасанг эй Нуҳ, албатта тошбўрон қилингувчилардан бўлурсан!» 

117. (Шунда Нуҳ) айтди: «Парвардигорим, қавмим мени ёлғончи қилдилар. 

118. Энди Сен Ўзинг мен билан уларнинг орасини очиб қўйгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўмин кишиларга нажот бергин». 

119. Бас Биз унга ва у билан бирга бўлган кишиларга (одамлар, ҳайвонлар ва паррандалар билан) лиқ тўла бўлган кемада нажот бердик. 

120. Сўнгра, (уларга нажот берганимиздан кейин) қолганларни ғарқ қилдик. 

121. Албатта бунда (яъни Нуҳ ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. 

122. Шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир. 

123. Од (қабиласи) пайғамбарларни ёлғончи қилди. 

124. Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд айтган эди: (Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?! 

125. Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. 

126. Бас Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! 

127. Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. 

128. Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулги учун бир белги - баланд бино қураверасизларми?! 

И з о ҳ. Нақл қилишларича, Од қабиласи ҳою-ҳавасга жуда берилган бўлиб, ўз шаҳарларидан ташқаридаги йўл ёқаларига ҳам ўйин-кулги қиладиган баланд-қимматбаҳо иморатлар қуришар ва ўзлари яшайдиган уй-жойларни ҳам гўё ҳеч қачон ўлмайдигандек ҳаддан ортиқ мустаҳкам ва нақшу-нигорли қилиб қуриб, бутун умрларини мана шундай беҳуда ишларга сарфлашар ва бу билан фахрланиб, мақтаниб юрар эдилар. Юқоридаги ва қуйидаги оятларда Ҳуд алайҳис-салом уларни бундай беҳуда ишлар билан машғул бўлишдан қайтариб, дунё ва охират учун фойдали юмушлар билан банд бўлишга даъват қилганлари ҳақида хабар берилади. 

129. Ва гўё мангу яшаб қоладигандек қаср-саройлар соласиз-лар?! 

130. Қачон (бирон кишини жазолаш учун) ушласангизлар, бераҳмларча ушлайсизлар?! 

131. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! 

132. Ва сизларни ўзларингиз биладиган неъматлар билан қўллаган-сийлаган зотдан (Аллоҳдан) қўрқингиз! 

133-134. У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан, боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку! 

135. Албатта мен сизларнинг устингизга улуғ куннинг - Қиёматнинг азоби тушишидан қўрқурман». 

136. Улар дедилар: «Сенинг ваъз-насиҳат қилишинг ёки қилгувчилардан бўлмаслигинг бизлар учун баробардир (яъни бизларга панд-насиҳат қилиб овора бўлма). 

137. Албатта бу (айш-ишратга берилиб умр ўтказиш) аввалгилардан қолган одатдир. 

138. Бизлар азоблангувчи эмасмиз». 

139. Бас улар (Ҳудни) ёлғончи қилишгач, Биз уларни ҳалок этдик. Албатта бунда (яъни Ҳуд ва унинг қавми бўлмиш Од қабиласи ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. 

140. Шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир. 

141. Самуд (қабиласи) пайғамбарларни ёлғончи қилди. 

142. Ўшанда уларга биродарлари Солиҳ айтган эди: (Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?! 

143. Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. 

144. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! 

145. Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-муофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. 

146-147-148. Сизлар бу ердаги нарсаларда - боғлару булоқларда, экинлар ва новдалари мулойим хурмо дарахтлари ичида қўйиб қўйилурмисиз (яъни шундай нозу неъматлардан фойдаланиб мангу яшайверамиз деб ўйлайсизларми)?! 

149. Яна моҳирлик билан тоғлардан уйлар ҳам йўнмоқдасизлар (ясамоқдасизлар)?! 

150. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! 

151-152. Ва ер юзида бузғунчилик қиладиган ва (ҳеч нарсани) ўнглай олмайдиган ҳаддан ошувчи кимсаларнинг амрига итоат этманглар!» 

153. Улар дедилар: «Ҳеч шак-шубҳасиз сен сеҳрланган - ақлдан озган кимсалардандирсан. 

154. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Бас, агар (пайғамбарман деган даъвойингда) ростгўйлардан бўлсанг бирон оят-мўъжиза келтир!» 

155. У айтди: «(Менинг мўъжизам) мана шу туядир. (Маълум бир кун сув) ичиш навбати уникидир. Маълум бир кун эса сизларнинг ичиш навбатингиздир. 

156. Яна унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни улуғ Куннинг - Қиёматнинг азоби ушлар». 

157. Бас улар (туяни) сўйдилару, надомат қилгувчиларга айландилар. 

158. Уларни азоб ушлади. Албатта бунда (яъни Солиҳ ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. 

159. Шак-шубҳасиз Парвардигорингнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир. 

160. Лут қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди. 

161. Ўшанда Уларга биродарлари Лут айтган эди: «(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми? 

162. Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! 

164. Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. 

165. Сизлар бутун оламлардан (ажраб) ҳеч бир жон-зот қилмаган ишни қилиб эркакларга яқинлашурмисизлар?! Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қилурмисиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар». 

167. Улар дедилар: «Қасамки, агар тўхтамасанг, Лут, албатта сургун қилингувчилардан бўлурсан». 

168. У «Албатта мен сизларнинг (бу) ишларингизни ёмон кўргувчиларданман. 

169. Парвардигорим, менга ва аҳлимга (яъни менга иймон келтирган кишиларга) улар (кофирларнинг) қилаётган амаллари (оқибати) дан нажот бергин)». 

170. Бас Биз унга ва унинг барча аҳли тобеъларига нажот бердик. 

171. Магар (азоб остида) қолгувчилардан бўлган бир кампирга (яъни Лутнинг иймонсиз бўлган хотинига нажот бермадик). 

172. Сўнгра бошқаларни ҳам ҳалок қилдик. 

173. Ва уларнинг устига (тош) ёмғир ёғдирдик. Бас (азоб ҳақида) огоҳлантирилган (лекин ўзларининг ярамас қилмишларидан қайтмаган) кимсаларинг ёмғири нақадар ёмон бўлди. 

174. Албатта бунда (Лут ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. 

175. Шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир. 

176. Дарахтзор эгалари (яъни Шуъайб пайғамбар қавми) пайғамбарларни ёлғончи қилдилар. 

177. Ўшанда уларга Шуъайб айтган эди: (Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?! 

178. Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. 

179. Бас Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! 

180. Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. 

181. Ўлчовни тўла ўлчанглар ва камайтириб (тортгувчилардан) бўлманглар! 

182. Ва тўғри тарози билан тортинглар! 

183. Одамларга нарсаларини камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар! 

184. Ҳамда сизларни ҳам (сизлардан) аввал яралган умматларни ҳам яратган зот - Аллоҳдан қўрқинглар!» 

185. Улар дедилар: «Ҳеч шак-шубҳасиз сен сеҳрланган - ақлдан озган кимсалардандирсан. 

186. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Албатта бизлар сени ёлғончи кимсалардан деб гумон қилурмиз. 

187. Бас агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмондан бир бўлагини ташлаб юбор!» 

188. У айтди: «Парвардигорим Ўзи сизларнинг қилаётган амалларингизни жуда яхши билгувчидир (яъни сизлар қандай азобга мустаҳиқ бўлсангиз, Аллоҳ ўзи билиб жазоингизни бергувчидир)». 

189. Бас улар (Шуъайбни) ёлғончи қилишгач, уларни «соябон» кунининг азоби ушлади. Дарҳақиқат у улуғ-даҳшатли куннинг азоби эди. 

И з о ҳ. Уламолар айтишларича, Тангри таоло Шуъайб алайҳис-саломнинг қавмини Шуъайбга иймон келтиришдан бош тортишгач, аввало қаттиқ иссиқ билан ушлаган экан, улар нафаслари қайтиб уйларидан ташқарига саҳрога чиққанларида, Аллоҳ таоло уларнинг устига соябон қилиб бир булут юборган ва улар ўша «соябон» остида тўпланиб турганларида осмондан олов ёғилиб барчалари тириклай ёниб кетган эканлар. 

190. Албатта, бунда (яъни Шуъайб ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. 

191. Шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир. 

И з о ҳ. Ушбу сурада ўтган пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари ҳақидаги етти қисса мазкур бўлди. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломга Макка мушрикларининг иймонсизликларидан беҳад озор чекиб турган пайтларида аввалги пайғамбарларнинг қиссаларини сўйлаш билан у кишига таскин-тасалли бериб, бундай иймонсиз кимсалар илгари ҳам бўлганини ва бундан кейин ҳам албатта бўлишини билдиради. «Албатта бунда оят-ибрат бордир». 

192. Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. 

193-194-195. (Эй Муҳаммад), сиз (охират азобидан) огохлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Амин - Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди. 

196. Албатта (Қуръон ҳақидаги хабарлар) ўтганларнинг китобларида ҳам бордир. 

197. Ахир (Қуръон ҳақида) Бани Исроил олимлари ҳам билишлари (Макка мушриклари) учун (Қуръон ҳақиқатан Аллоҳ томонидан нозил бўлганига) оят-далил эмасми?! 

198-199. Агар Биз (Қуръонни) ажамлардан (яъни араб бўлмаган кишилардан) бирига нозил қилсак, бас у (Қуръонни) уларга ўқиб берса, унга ҳам иймон келтиргувчи бўлмас эдилар. 

200. (Пайғамбарларни ёлғончи қилишни) жиноятчи кимсаларнинг дилларига мана шундай йўллаб-киритиб қўйганмиз. 

201. Улар то аламли азобни кўрмагунларича, (Қуръонга) иймон келтирмайдилар. 

202. Бас у (азоб) уларга ўзлари сезмаган ҳолларида тўсатдан келур, 

203. Сўнг улар: «Бизларга (бир оз) мухлат берилармикан, (албатта иймон келтирган бўлур эдик)», деб қолурлар. 

204. Бас улар Бизнинг азобимизн шоштирурларми?! 

205-206-207. (Эй Муҳаммад), хабар беринг-чи, агар Биз уларни (узоқ) йиллар (сиҳат-саломатлик, мол-давлат билан) фойдалантирсак-да, сўнгра уларга ваъда қилинган нарсалар (яъни азоб) келса, (ўша пайт) уларга (ҳаёти дунёда) фойдаланган нарсалари асқотурми?! 

208-209. Биз бирон қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилмадик, магар унинг учун (азоб-ҳалокатдан) огохлантиргувчи (пайғамбарлар) бўлган ҳолида (у қишлоқ аҳли ўз пайғамбарларини ёлғончи қилганларидан кейингина келажак авлод учун) эслатма-ибрат бўлсин, деб (ҳалок қилдик). Ба Биз золим бўлмадик. 

210. (Қуръонни осмондан) жинлар олиб тушганлари йўқ. 

211. Улар учун бунинг имкони йўқ ва улар бунга қодир шахслар эмаслар. 

212. Чунки улар (ваҳийни ўғринча) эшитиб олишдан четлатилганлари аниқдир. 

И з о ҳ. Макка мушриклари аввал «Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи ёзиб олган», деб кўрдилар, лекин бу иғволари фойда бермади, чунки пайғамбар алайҳис-саломнинг Қуръондек беназир Китобни ёзиш эмас, балки уни ўқиб беришга ҳам қодир бўлмаган саводсиз киши эканликлари маккаликларга маълум эди. Шундан кейин, улар «Муҳаммаднинг ҳам бошқа коҳин-фолбинларга ўхшаб ўз жинлари бор. Қуръонни унга ўшалар ўргатадилар», деган янги ёлғонни ўйлаб топдилар. Мазкур оятларда Аллоҳ таоло бу иш жинларнинг қўлидан келмаслигини, улар осмон хабарларини эшитишдан четлатилганларини айтиб (бу ҳақда Ҳижр сурасининг 17-18-оятларида ҳам зикр қилинган эди) Қуръони Карим У зотнинг Ўзи нозил қилган китоб эканини таъкидлайди. Суранинг 221-223-оятларида яна шу мавзуга қайтилиб, жинлар кимларнинг олдига тушиши аниқ айтилади. 

213. Бас (Эй Муҳаммад), сиз Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Акс ҳолда азоблангувчи кимсалардан бўлиб қолурсиз. 

214. Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огохлантиринг! 

И з о ҳ. Ушбу икки оятда Тангри таоло Ўз пайғамбарига ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимса ё нарсага сиғинмасликни ва бошлаб бу Ҳақ динга ўз қариндош-уруғларини чорлашни буюрди. Шу оятлар нозил бўлиши билан пайғамбар алайҳис-салом қариндошларини йиғиб, уларни охират азобидан фақат ўз иймон-амаллари билангина халос бўлишлари мумкин эканлиги ҳақида огоҳлантирадилар ва жумладан ўз қизларига қараб шундай дейдилар: «Эй Фотима, қанча сўраб-ёлвормагин, охират кунида мен сенга асқотмайман (яъни охират азобидан пайғамбар қизи эканинг учун эмас, балки ўз амалинг билангина қутула олурсан, дейдилар. Бу Муҳаммад алайҳис-саломнинг барча умматларига сабоқдир. 

215. Ўзингизга эргашган мўмин бўлган кишилар учун қанотингизни паст тутинг (яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муомалада бўлинг)! 

216. Бас агар улар итоатсизлик қилсалар, у ҳолда айтинг: «Албатта мен сизларнинг амалингиздан покдирман». 

217. Ғолиб ва меҳрибон (Аллоҳ) га таваккул қилинг! 

218-219. У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар. 

220. Шак-шубҳасиз У эшитгувчи, билгувчи зотдир. 

221. (Эй Муҳаммад,) айтинг: «мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? 

222. Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, 

223. Эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнинг (жинларнинг) кўплари ёлғончилардир» 

224. Шоирларга йўлдан озганлар эргашур. 

225-226. Уларнинг (Сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини (яъни ўзларига ёқиб қолган энг тубан кимса ё нарсаларни ҳам кўкка кўтариб, ёқтирмаганларини тупроққа қоришларини) ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини кўрмадингизми?! 

И з о ҳ. Бу оятлар барча замонлардаги Аллоҳдан қўрқмайдиган, устларидаги ҳокимият - сиёсат ўзгариши билан ёзаётган мавзулари, қаҳрамонлари ҳам ўзгариб кетаверадиган, ўзгаларга тўғрилик, эзгулик ҳақида лоф уриб, ўзлари нопок йўллардан юрадиган маддоҳ қаламкашлар ва ўзларининг бор илҳом-истеъдодларини маъшуқаларининг таъриф-тавсифларига сарф қиладиган назмбозлар ҳақидадир. Лекин иймонли, эзгу амаллар қиладиган ва доим Аллоҳни ёдда тутадиган шоирлар бундан мустасно эканлиги тўғрисида қуйидаги ояти каримада айтиб ўтилади, Яна бу хусусда пайғамбар алайҳис-саломдан ҳам кўп ҳадислар ривоят қилинган. Шулардан бири мана бу ҳадисдир. Саҳобалардан бўлган бир шоир келиб пайғамбар алайҳис-саломга, Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида айтган бу сўзлардан кейин бизларнинг ҳолимиз не кечади, деганларида ҳазрат шундай жавоб берганлар: «Мўмин киши ҳам тиғи билан, ҳам тили (яъни қалами) билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилур. Яратган Эгамнинг номига қасамки, сизлар отадиган ўқнинг тиғи ўткирроқдир». 

227. Магар иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда доим Аллоҳни ёдда тутган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом зафар топгач) ғолиб бўлган кишилар (яъни шоирлар йўлдан оздиргувчи эмаслар). Золим кимсалар эса яқинида қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар.





27. Намл сураси 


Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, тўқсон уч оятдан иборатдир. Унда пайғамбарлардан Мусо, Солиҳ, Лут алайҳис-саломларнинг қиссалари зикр қилинади ва, хусусан, Довуд ва Сулаймон пайғамбарлар ҳақида бир қадар батафсил тўхталиб, Сулаймон алайҳис-салом Аллоҳ таолонинг пайғамбари бўлиш билан бирга яна жамийки инсу-жин ва паррандаю-дарранда оламига подшоҳ қилингани тўғрисида ҳикоя қилинади ҳамда у зот билан Сабаъ мамлакатининг Маликаси Билқис ўртасида бўлиб ўтган воқеалар ҳам тасвирланади. 

Яна бу сурада Қуръондаги панд-насиҳат, ибрат-эслатмалардан фақат кўзи очиқ кишиларгина фойдаланишлари мумкинлиги айрича таъкидлаб ўтилади. 

Шунингдек, қиёмат қойим бўлиши олдидан ер юзига чиқадиган жонивор ҳақидаги хабар ҳамда мўмин ва кофирларнинг қиёмат кунидаги аҳволи хусусидаги ибратли оятлар ҳам шу сурадан жой олгандир. 

Сурада Аллоҳ таолонинг энг заиф ва заҳматкаш махлуқларидан бири бўлган чумоли ҳақида ҳам зикр қилингани сабабли уни «Намл - Чумоли» сураси деб аталгандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. То, Син. Ушбу (оятлар) Қуръон - очиқ Китоб оятларидир. 

2-3. (Бу оятлар) намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган ва охиратга аниқ ишонувчи бўлган кишилар - мўъминлар учун ҳидоят ва хушхабардир. 

4. Албатта охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар учун Биз (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб қўйгандирмиз. Бас улар адашиб-улоқиб юраверадилар. 

5. Ана ўша кимсалар учун (дунёда ҳам) энг ёмон азоб бордир ва улар охиратда энг кўп зиён кўргувчи кимсалардир. 

6. (Эй Муҳаммад), шак-шубҳасиз сизга бу Қуръон доно ва билгувчи Зот даргоҳидан берилур. 

7. Мусо ахли-оиласига: «Мен олов кўриб қолдим. Сизларга ундан бирон хабар келтирурман ёки сизларга исиниб олишингиз учун бир ўт-чўғ келтирурман», деганини эсланг. 

8. Энди қачонки у олов олдига келгач, унга нидо қилинди: «Олов олдидаги кишига (яъни Мусога) ва унинг атрофидаги зотларга (фаришталарга) хайру-баракот бўлсин. Барча оламларнинг Парвардигори - Аллоҳ (айбу-нуқсондан) покдир. 

9. Эй Мусо, шак-шубҳасиз Мен ғолиб ва ҳикмат соҳиби Аллоҳдирман. 

10. Асоингни ташлагин!» Бас қачонки (Мусо) унинг илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Шунда Биз дедик): Эй Мусо, қўрқмагин. Зеро, Менинг хузуримда пайғамбарларим қўрқмаслар. 

11. Лекин ким зулм қилса-ю, сўнгра - ёмонликдан кейин, уни чиройли (амалга) алмаштирса, бас албатта Мен мағфиратли, меҳрибондирман. 

12. Қўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бўлиб чиқур. (Бу мўъжизалар) сен (Фиръан ва унинг қавмига) олиб борадиган тўққиз оят-мўъжиза ичида бордир. Дархақиқат улар итоатсиз қавм бўлдилар. 

13. Бас қачонки уларга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз равшан ҳолда етиб келгач, улар: «Бу очиқ сеҳрдир», дедилар. 

14. Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар. Энди (эй Муҳаммад), у бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг. 

15. Қасамки, Биз Довуд ва Сулаймонга (етук) билим ато этдик ва улар: «Бизларни кўп мўмин бандаларидан афзал қилиб қўйган зот -Аллоҳга ҳамду сано бўлсин», дедилар. 

16. Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди ва айтди: «Эй одамлар, бизга қушларнинг (ва барча жониворларнинг) тили билдирилди ҳамда (пайғамбар ва подшохларга бериладиган) барча нарсалардан берилди. Албатта бу очиқ фазлу-марҳаматнинг ўзидир. 

17. Сулаймон (амри билан) жин, инс ва қушлардан бўлган лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар. 

18. То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди. 

19. (Сулаймон) унинг сўзидан кулиб-табассум қилди ва деди: «Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва мени ҳам Ўз фазлу раҳматинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин». 

20-21. У қушларни кўздан кечириб (уларнинг орасида ҳудҳудга кўзи тушмагач): «Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (мендан беизн) ғойиб бўлгувчилардандир?! Албатта уни қаттиқ азоб билан азобларман ё сўйиб юборурман ёки у менга (ўз узрини баён қилиб) очиқ ҳужжат келтирур», деди. 

22. Сўнг узоққа қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: «Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри) дан аниқ бир хабар келтирдим. 

23. Дарҳақиқат мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, катта тахти ҳам бордир. 

И з о ҳ. Сулаймон алайҳис-салом замонларида (милоддан илгари - тахминан ўнинчи асрда) Яман мамлакатининг Сабаъ шаҳрида Билқийс исмли аёл ҳукмронлик қилган. 

24-25. Мен у ва унинг қавми Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда-ибодат қилаётганларини кўрдим». Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (Ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир. Бас улар (то) Аллоҳга сажда қилмагунларича (Ҳақ йўлга) ҳидоят топмаслар. (Аллоҳ) осмонлар ва ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни ҳам биладиган зотдир. 

И з о ҳ. Ушбу оят сажда ояти бўлиб, уни ўқувчига ҳам, эшитгувчига ҳам бир марта сажда қилиш вожибдир. 

26. «Аллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. У улуғ арш эгасидир». 

27. (Сулаймон) деди: «Сен рост сўзладингми ски ёлғончилардан бўлдингми, кўрурмиз. 

28. Мана бу мактубимни олиб бориб, уларга ташлагин, сўнгра улардан четланиб кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар». 

29. (Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб, малика Билқийснинг олдига ташлагач) у деди: «Эй одамлар, ҳақиқатан менга улуғ бир мактуб ташланди. 

30-31. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир): «Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан бошлайман. Сизлар менга кибр-ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйинсунган ҳолингизда келингиз!» 

32. (Малика) айтди: «Эй одамлар, менга бу ишимда фатво-маслаҳат беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилгувчи эмасман». 

33. Улар дедилар: «Бизлар куч-қувват ва журъат-матонат эгаларидирмиз. (Қандай ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар эса сенга итоат этурмиз)». 

34. У айтди: «Аниқки подшохлар қачон бирон қишлоққа (бостириб) кирсалар уни вайрон этурлар, аҳолисининг обрў-эътиборлиларини эса ҳор-зор қилурлар. Уларнинг қилмиш-одатлари шудир. 

35. Мен уларга бир ҳадя юбориб, кўрай-чи, элчиларим нима (хабар) билан қайтар эканлар». 

И з о ҳ. Билқийс доно малика эди. У ҳадя юбориш билан Сулаймон алайҳис-саломнинг ҳақиқий пайғамбарми ёки оддий босқинчи подшоҳми эканлигини имтиҳон қилади. Маликанинг фикри шундай эди: «У агар оддий подшоҳ бўлса, ҳадяни дарҳол қабул қилади, демак унга қарши ҳужум уюштириш ҳам мумкин бўлади. Энди агар у Аллоҳ таолонинг пайғамбари бўлса, ҳадя қабул қилмайди, у ҳолда унга бўйсуниш лозим бўлади». 

36. Бас қачонки (Билқийснинг элчилари унинг юборган ҳадясини олиб) Сулаймон (ҳузурига) келгач у деди: «Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда (билингизки, Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва мулку-давлат) У зот сизларга берган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқдир). 

37. Сен (қавмингга) қайтиб бориб (айтгинки, агар ҳузуримга бўйинсунган ҳолларида келмасалар) албатта биз уларга шундай қўшин билан борурмизки, улар унга асло бас кела олмаслар ва албатта биз уларни (қишлоқларидан) мағлуб ҳолларида қувиб чиқарурмиз». 

И з о ҳ. Билқийснинг элчиси унинг олдига ҳадя билан қайтиб бориб Сулаймон алайҳис-саломнинг жавобларини етказгач, у «Бу оддий подшоҳ эмаслигини билган эдим», деди ва Сулаймон пайғамбарга: «Мен сенинг кимлигингни ва даъват қилаётган дининг қандай дин эканлигини билиш учун ўз аъёнларим билан ҳузурингга бормоқдаман», деган хабар билан чопар юбориб, ўзи ўн икки минг одам билан йўлга тушди. Қачонки улар Сулаймон алайҳис-саломнинг қароргоҳларига етиб келишларига бир фарсах (олти чақирим атрофида) қолганида у зот бундан хабар топиб, уларга ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигини исботлайдиган бир мўъжиза кўрсатиш ва малика Билқийснинг фаҳму-фаросатини синаш мақсадида қўл остидаги халойиққа қараб: 

38. «Эй одамлар, улар менинг ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишларидан илгари қайси бирларингиз менга унинг (яъни Билқийснинг ўз шаҳрида қолган) тахтини келтира олур», деди. 

39. (Шунда) жинлардан бир пахлавони айтди: «Мен уни сен ўрнингдан туришингдан илгари сенга келтирурман. Албатта мен бунга қодир ва ишончлидирман». 

40. Китобдан огохлиги бор бўлган бир зот эса: «Мен уни кўзинг ўзингта қайтгунича (яъни кўз очиб юмгунча) сенга келтирурман», деди. «Бу Парвардигоримнинг мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, имтиҳон этиш учун берган фазлу-марҳаматидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўз (фойдаси) учун шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, албатта Парвардигорим (унинг шукр қилишидан) беҳожат ва фазлу-карам эгасидир». 

41. (Қачонки маликанинг келиши яқинлашиб қолгач, Сулаймон унин фаҳму-фаросатини синаш учун) деди: «Унинг тахтини танимайдиган қилиб - ўзгартириб қўйинглар у (ўз тахтини танишга) топурми ёки йўл топа олмайдиган кимсалардан бўлурми, кўрурмиз». 

42. Энди қачонки у келгач: «Сенинг тахтинг шундаймиди?» - дейилди. У (ҳайратга тушиб): «Худди ўшанинг ўзи-ку» деди. (Шунда Сулаймон айтди: «Алҳамдулиллоҳки), бизларга ундан илгари илм-маърифат берилиб, мусулмон бўлганмиз. 

43. Уни эса ўзи Аллоҳни қўйиб, ибодат қилган нарсаси (Аллоҳга ширк келтириб, мусулмон бўлишдан) тўсгандир. Чунки у кофир қавмдан эди». 

44. (Маликага): «Саройга киргин», дейилди. Энди қачонки у (саройни) кўргач, уни сув (тўлқин) деб ўйлаб оёқларини очган эди, (Сулаймон): «Бу ойнадан ясалган баланд қасрдир», деди. Шунда малика) айтди: «Парвардигорим, дарҳақиқат мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар ҳожаси - Аллоҳга бўйинсундим». 

45. Касамки, Биз Самуд (қабиласи)га биродарлари Солиҳни пайғамбар қилдик. (У): «Аллоҳга ибодат қилингиз», (деди). Бас баногоҳ улар талашиб-тортишадиган икки гуруҳ бўлиб олдилар. 

46. (Самуд қабиласидаги кофир бўлган гуруҳ Солиҳга: «Агар чин пайғамбар бўлсанг, бизларни қўрқитаётган азобингни келтир-чи», деганларида) у айтди: «Эй қавмим, нега сизлар яхшилик-раҳматдан илгари ёмонлик-азобни шоштирмоқдасиз?! Сизларга раҳм-шафқат қилиниши учун Аллоҳдан мағфират сўрасангизлар бўлмасми?!» 

47. Улар дедилар: «Бизлар (бошимизга тушган очарчилик-қаҳатчилик) сенинг ва сен билан бирга бўлган (мўминларнинг) шумқадамлигидан деб билдик». У айтди: «Сизларнинг (бошингизга тушган) бахтсизлик Аллоҳ ҳузуридандир. Балки сизлар имтиҳон қилинаётган қавмдирсиз». 

48. У шаҳарда (ўзларини) ўнгламай ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз нафар кимса бор эди. 

49. Ўшалар Аллоҳ номига қасам ичишиб (бир-бирларига) айтдилар: «Албатта (Солиҳни) ва унинг ахли-тобеъларини тунда ҳалок қилурмиз, сўнгра унинг валий-ҳомийсига: «Бизлар (на Солиҳнинг ва на) унинг ахли-тобеъларининг ҳалокатига гувоҳ бўлган эмасмиз. Албатта бизлар ростгўй кишилардирмиз», деймиз». 

50. Улар (Солиҳ ва унинг тобеъларига қарши ўз) макрларини қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида (уларни ҳалок қилиш билан) бир «макр» қилдик. 

51. Энди уларнинг қилган макрлари оқибати қандай бўлганини кўринг - Биз уларни ва барча қавмларини ҳалок қилдик. 

52. Мана, улар золим бўлганликлари сабабли уйлари ҳувиллаб қолди! Албатта бунда биладиган қавм учун оят-ибрат бордир. 

53. Иймон келтирган ва тақводор бўлган зотларга эса нажот бердик. 

54. Лутни (эсланг). Ўшанда у қавмига айтган эди: «Сизлар кўриб-билиб турган ҳолингизда бузуқлик қилурмисизлар?! 

55. Сизлар хотинларингизни қўйиб, шаҳват билан эркакларга яқинлашурмисизлар?! Йўқ, сизлар жоҳил қавмдирсиз!» 

56. (Лут) қавмининг жавоби эса фақат «Лутнинг ахли-тобеъларини қишлоғингиздан (қувиб) чиқарингиз! Дарҳаҳиқат улар жуда «покиза» кишилардир», дейишлари бўлди. 

57. Сўнг Биз (Лутга) ва унинг аҳли-тобеъларига нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки) Биз уни қолиб ҳалок бўлгувчилардан бўлишини тақдир қилиб - белгилаб қўйдик. 

58. Ва уларнинг устига бир ёмғир (яъни тош ёғдирдик) Бас (азобдан) огохлантирилгувчилар ёмғири нақадар ёмон бўдци! 

59. (Эй Муҳаммад,) айтинг: «Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин ва Унинг Ўзи (пайғамбарлик учун) танлаган бандаларига дуою-салом бўлсин». Аллоҳ яхшироқми ёки улар (Макка мушриклари Аллоҳга) шерик қилаётган бутларими?! 

60. Ёки осмонлар ва ерни яратган ҳамда сизлар учун осмондан сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида гўзал боғларни ўстирган зотми?! Сизлар учун у (боғларнинг) дов-дарахтини ўстириш имкони йўқ эди. Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, улар (Аллоҳга ўзгаларни) тенг биладиган қавмдирлар! 

61. Ёки ерни (барча жонзотлар учун) қароргоҳ қилиб, унинг ўртасида дарёлар пайдо қилган ва унинг учун тутқи-тоғлар барпо қилган ҳамда икки (яъни шўр-чучук) денгиз-дарё ўртасида тўсиқ-тўғон иншо қилган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билмайдилар! 

62. Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар! 

63. Ёки сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлни кўрсатадиган ва Ўз раҳмати-ёмғири олдидан шамолларни хушхабар қилиб жўнатадиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Аллоҳ уларнинг ширк келтирган нарсаларидан юксакдир! 

64. Ёки бошлаб Ўзи яратиб, сўнгра (охиратда) қайта яратадиган зотми?! Ким сизларга осмон ва заминдан ризқу-рўз берур? Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! (Эй Муҳаммад, кофирларга) айтинг: «Агар ростгўй бўлсангизлар ҳужжатларингизни келтирингиз!» 

65. Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)». Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар. 

66. Балки уларнинг охират ҳақидаги билимлари пишиб етилгандир (ва шу сабабдан охират ҳақида сўраётгандирлар) Йўқ, улар (охиратдан) шак-шубҳададирлар! Йўқ, улар ундан кўрдирлар! 

67. Кофир бўлган кимсалар дедилар: «Ўзимиз ҳам ота-боболаримиз ҳам тупроққа айланиб кетган вақтимизда (қайта тирилиб, қабрларимиздан) чиқарилгувчидирмизми?! Дарҳақиқат бизларнинг ўзимизга ҳам, илгари ота-боболаримизга ҳам мана шу ваъда қилингандир. Бу фақат ўтганларнинг афсоналаридир». 

69. Айтинг: «Ерни айланиб, жиноятчи кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар!» 

70. (Эй Муҳаммад), сиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ғам чекманг улар қилаётган макрлардан сиқилманг ҳам! 

71. Улар: «Ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?» дейдилар. 

72. Айтинг: «Эҳтимол сизлар шоштираётган (азобнинг) баъзиси сизларга яқин келиб қолгандир». 

73. Албатта, Парвардигорингиз одамларга фазлу-марҳамат соҳибидир. Лекин уларнинг кўплари шукр қилмайдилар. 

74. Албатта, Парвардигорингиз уларнинг диллари яширадиган нарсани ҳам, улар ошкор қиладиган нарсани ҳам билур. 

75. Осмон ва заминдаги ҳар бир сир очиқ Китобда (яъни Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир. 

76. Албатта, ушбу Қуръон Бани Исроилга улар ихтилоф қилаётган нарсаларнинг кўпини сўйлаб - баён қилиб берур. 

77. Албатта, у иймон келтирадиган кишилар учун ҳидоят ва раҳматдир. 

И з о ҳ. Бани Исроил қавми, яъни яҳудийлар ўзаро ихтилоф қилиб юрадиган Ийсо пайғамбар ҳақида ва бошқа жуда кўп муаммолар тўғрисида Қуръони Каримда аниқ тафсилотлар баён қилингандир. Ушбу икки оятда Қуръоннинг унга иймон келтирадиган кишилар учун Аллоҳнинг раҳматига ҳидоят қилгувчи раҳбар-йўлбошчи эканлиги уқтирилади. 

78. Албатта, Парвардигорингиз (одамлар) ўртасида Ўз ҳукми (яъни адолати) билан ҳукм қилур. У ғолиб ва билгувчидир. 

79. Бас сиз Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, сиз равшан ҳақиқат устидадирсиз. 

80. Аниқки, сиз (ўз даъватингизни) "ўликларга" уқтира олмассиз ва юз ўгириб кетаётган карларга ҳам бу даъватни уқтира олмассиз. 

81. Яна сиз кўрларни ҳам залолатларидан (чиқариб, ҳақ йўлга) ҳидоят қила олгувчи эмасдирсиз. Сиз фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтириб, мусулмон бўладиган кишиларгагина уқтира олурсиз. 

82. Қачон (кофирларнинг) устига сўз-азоб тушганида (яъни қиёмат яқинлашиб қолганида), Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар. 

И з о ҳ. Ҳадиси шарифда айтилишича, охир замон бўлганда, ер остидан мисли кўрилмаган бир ҳайвон чиқиб, Аллоҳ таолонинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларни лаънатлар ва шу ҳодисадан кейин қиёмат қойим бўлиши аниқ экан. 

83. Биз ҳар бир миллатдан бир гуруҳ Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган кимсаларни тўплаб, улар тизилиб турадиган кунни (эсланг). 

84. Энди қачон улар (ҳисоб-китоб қилинадиган жойга) келишгач, (Аллоҳ) айтди: «Сизлар аниқ-пухта билмаган ҳолингизда Менинг оятларимни ёлғон дедингизми?! Бўлмаса нима қилгувчи бўлдингизлар?!» 

85. Золим-кофир бўлганлари сабабли уларнинг устига сўз - азоб тушди. Бас улар (бирон сўз) сўзлай олмаслар. 

86. Биз улар ором олишлари учун кечани пайдо қилганимизни ва кундузни ёруғ қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Албатта бундай иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 

87. Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хохлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни эсланг. 

88. Сиз тоғларни кўриб тек қотиб турибди, деб ўйларсиз. Ҳолбуки улар ҳам худди булутлар юргандек юрарлар. (Бу) барча нарсани пухта қилган зот - Аллоҳнинг ҳунаридир. Албатта, У Зот сизлар қилаётган (барча) ишлардан огоҳдир. 

И з о ҳ. Ушбу оят ернинг тинмасдан ўз ўқи атрофида айланиб туришига Тангри таоло томонидан нозил қилинган далилдир «Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибрат бордир». 

89. Ким яхшилик билан келса, бас унинг учун ўша (яхшилигидан) яхшироқ мукофот бўлур. Ва улар ўша Куннинг даҳшатидан омондадирлар. 

90. Ким ёмонлик билан келса, бас юзтубан ҳолларида дўзахга ташланурлар. (Ва уларга айтилур): «Сизларга фақат қилиб ўтган амалларингизнинг жазоси берилур». 

91-92. (Эй Муҳаммад, уларга айтинг): «Мен фақат мана шу шаҳарнинг (яъни Маккаи Мукарраманинг) Парвардигоригагина ибодат қилишга буюрилгандирман. У (бу шаҳарни) харом қилган зотдир (яъни бу шаҳарда қон тўкилиши, бирон кишига зулм қилиниши, ов овланиши ва ҳатто ўт юлиниши ҳам ҳаром қилингандир). Барча нарса Уникидир. Мен мусулмонлардан бўлишга ва Қуръон тиловат қилишга буюрилгандирман». Бас ким ҳақ йўлга юрса фақат ўз (фойдаси) учун юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: «Мен фақат (йўлдан озган кимсаларни Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчилардандирман». 

93. Айтинг: «Ҳамду-сано Аллоҳ учундир. Яқинда У сизларга Ўз оят-мўъжизаларини кўрсатур. Бас сизлар у (мўъжизаларни) тан олурсизлар (лекин у кунда тан олишингиз сизларга фойда бермас)». (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз сизларнинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир






28. Қасас сураси 


 Қуръони Карим матнида йигирма саккизинчи тартибда келган бу сура Макка сураларидан бўлиб, саксон саккиз оятни ташкил этади. 

Сура ўз маъно-моҳияти эътибори билан «Шуаро» ва «Намл» сураларининг давомидир. 

Бу сурада инсонлар ибрат олишлари учун икки золим кимсанинг қилган кирдикорлари ва топган оқибат-ҳалокатлари ҳақида ҳикоя қилинади. Улардан бири қўл остидаги ҳукму-салтанат сабабли ўзидан кетиб, ҳатто ўзини худо деб аташгача бориб етган золим ва мустабид подшоҳ Фиръавн бўлса, иккинчиси топган молу-давлатига маст бўлиб, дину-диёнатни унутган Қорундир, Қуръон улардан бирини сув, иккинчисини эса ер ютгани ҳақида хабар беради. 

Бу сурада Аллоҳ таолонинг суюкли пайғамбарларидан Мусо алайҳис-саломнинг туғилишларидан тортиб, қандай пайғамбар бўлганлари ва кўрган-кечирган ибратли саргузаштлари бошқа сураларга нисбатан муфассал ва мукаммал сўйлангани сабабли уни «Қасас-Қисса» деб аталгандир. Сура икки дунё саодати бўлмиш иймон-эътиқодга даъват қилиш билан хотималанади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. То, Син, Мим. 

2. Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир. 

3. (Эй Муҳаммад), иймон келтирадиган қавм (ўқиб, ибрат олишлари) учун сизга Мусо ва Фиръавн хабаридан ҳаққи-рост тиловат қилиб (сўйлаб) берурмиз. 

4. Дарҳақиқат Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яъни Бани Исроил қавмини) хорлаб ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди. 

5. Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдан чиқариб, барчага пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръавн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз. 

6. Яна уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига (Бани Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани (яъни мулку-давлатлари қўлларидан кетиб, ҳукму-салтанат Бани Исроил қавмининг қўлига ўтишини) кўрсатиб қўйишни (истаймиз). 

7. Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидан қўрқиб турган пайтида) ваҳий қилдикки: «Уни эмизавергин. Бас қачон (Фиръавн одамлари ўғил кўрганингни билишиб қолиб, уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро Биз уни сенга (яъни тирик ҳолида) қайтаргувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилгувчидирмиз». 

8. Бас уни Фиръавн хонадони (ўсиб-улғайгач) ўзларига душман ва ғам-ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари хато қилгувчи бўлдилар. 

9. Фиръавннинг хотини (унга): «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Улар (ўзларининг ҳалокатлари шу гўдак қўлида эканини) сезмаган ҳолларида (уни бола қилиб олдилар). 

10. Мусо (дарёда оқиб кетгач), онасининг қалби бўм-бўш бўлиб қолди. Агар Биз («Мусони ўзингга қайтарурмиз», деган ваъдамизга) иймон келтиргувилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта, у (Мусо ўзининг ўғли эканини) очиб қўйган бўлур эди. 

11. Ва (Мусонинг) онасига: «Унинг (ортидан) тушгин», дедик. Бас у (Фиръавн хонадонидагилар) сезмаган ҳолларида (Мусони) узоқдан кузатиб турди. 

12. Биз аввал (Мусога барча) эмизгувчи аёлларни ҳаром килдик (бас у бирон аёлни эммади), шунда (унинг опаси келиб): «Мен сизларга унга кафил бўлиб (эмизадиган) ва унга холис (тарбия берадиган) бир оилани кўрсатайми?» деди. 

13. Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўп (одамлар Аллоҳнинг ваъдаси хақ эканини) билмайдилар. 

14. Қачонки у вояга етиб, (ақли) тўлгач, Биз унга ҳикмат ва билим ато этдик. Биз чиройли амал қилгувчи кишиларни мана шундай мукофотлармиз. 

15. (Кунлардан бирида Мусо) шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатда бўлган (пешин) пайтида кирган эди, унда икки киши урушаётганини кўрди. (Улардан) бири ўз гуруҳидан (яъни Бани Исроил қавмидан) ва бири душманидан (яъни Қибтийлардан) эди. (Бас Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб уни ўлдириб кўйди. (Сўнг қилиб қўйган ишидан пушаймон бўлиб), деди: «Бу шайтоннинг ишидандир. Албатта у йўлдан ургувчи очиқ душмандир», 

16. (Кейин Аллоҳга илтижо қилиб), деди: «Парвардигорим, дарҳақиқат мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди Ўзинг мени мағфират қилгин». Бас (Аллоҳ) уни мағфират қилди. Албатта Унинг Ўзигина мағфират қилгувчи, меҳрибондир. 

17. У (яна) деди: «Парвардигорим, Сен менга қилган инъоминг ҳаққи-ҳурмати энди ҳаргиз жиноятчи кимсаларга ёрдам қилгувчи бўлмасман». 

18. Бас у эрта тонгда шаҳарда қўрқувга тушиб, (бирон кори ҳолга) кўз тутган ҳолда кетаётган эди, баногоҳ кеча ундан ёрдам сўраган (Бани Исроил қавмидан бўлган) кимса яна (бир Қибтий билан урушаётганини ва яна) уни ёрдамга чақираётганини (кўрди). Мусо унга деди: «Дарҳақиқат сен аниқ гумроҳдирсан». 

19. Энди у ўзларига душман бўлган кимсани (яъни Қибтийни) ушламоқчи бўлган эди, (Мусо энди мени урмоқчи шекилли, деб гумон қилган Бани Исроилдан бўлган кимса): «Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби (бугун) мени ҳам ўлдирмоқчимисан?! Сен фақат ер юзида жабру зулм қилгувчи бўлмоқчисан. Сен ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамайсан», деди. 

И з о ҳ . Нақл қилинишича, Мусо алайҳис-салом ўртага тушиб Қибтий билан Исроилийни ажратиб қўйгач, бир кун илгари ўлдирилган қабиладошининг қотили Мусо эканидан хабар топган Қибтий бориб Фиръавн ва унинг одамларига бу ҳақда сўзлаб беради. Шунда Фиръавн Мусо алайҳис-саломни қатл қилишга амр қилиб, уни топиб келиши учун одамларни юборади. Лекин Қибтийлар орасидаги бир диёнатли киши келиб, Мусони бу ҳақда огоҳлантириб қўяди. Қуйидаги оятда шу тўғрисида ҳикоя қилинади. 

20. Шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб: «Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас сен (бу шаҳардан) чиқиб кетгин. Албатта мен сенга холис бўлган кишилардандирман», деди. 

21. Бас у қўрқувга тушиб, (ортидан етиб келиб қолишларига) кўз тутган ҳолда у ердан чиқиб, деди: «Парвардигорим, Ўзинг менга бу золим қавмдан нажот бергин». 

22. Ва қачонки Мадян (шаҳри) томонга юзлангач, деди: «Шояд Парвардигорим мени тўғри йўлга ҳидоят қилса». 

23. Қачонки Мадяннинг суви - қудуғига етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан қуйироқда икки аёл (ўз қўйларини қудуқдан) тўсиб турганларини кўриб: «Сизларга не бўлди (яъни нега қўйларингизни суғормай турибсизлар)?» деди. Улар: «Биз то подачилар (молларини) қайтармагунча суғора олмаймиз. Отамиз эса қари чол (яъни қўйларимизни суғоргани кела олмас)», дедилар. 

24. Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди. Сўнгра (бир четдаги дарахт) соясига бориб (ўтириб), деди: «Парвардигорим, мен Ўзинг мен учун нима яхшилик (яъни ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман». 

И з о ҳ . Муфассирлар ёзишларича, ҳазрати Мусо алайҳис-салом Фиръавн қавмидан ёлғиз, бечора, оч ва даҳшатга тушган ҳолда қочиб чиққанларида айтдиларки: «Парвардигор, ёлғизман, хастаман, бечораман!» Шунда у кишига жавоб бўлди: «Эй Мусо! Мендек дўсти бўлмаган киши ёлғиздир, Мендек табиби бўлмаган одам хастадир, Мен билан алоқасини узган кимса бечорадир». Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўз дўстларини ёлғизлатиб қўймаслиги ҳақида қуйидаги оятларда ҳикоя қилинади. Мусо алайҳис-салом қўйларини суғориб берган икки қиз Шуъайб пайғамбарнинг қизлари эди. Кексайиб қолган Шуъайб алайҳис-салом қизларининг ҳар кунги одатларидан эртароқ қайтиб келганларидан ҳайрон бўлиб, бунинг сабабини сўраганларида, улар бир нотаниш йигит қўйларини суғориб берганини айтадилар. Шунда у зот қизларидан бирини Мусони чақириб келиш учун юборадилар. 

25. Бас улардан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди. Бас қачонки (Мусо Шуъайбнинг ҳузурига) келиб, унга ўз қиссасини сўйлаб бергач, у: «Қўрқмагин. Сен у золим қавмдан нажот топдинг», деди. 

26. (Қизлардан) бири: «Эй ота, уни (ишга) ёллагин. Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончли кишидир», деди. 

27. (Шуъайб) айтди: «(Эй Мусо, агар рози бўлсанг), менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди агар ўн йилни тўлатсанг (яъни тўла ўн йил ишлаб берсанг), сен томонингдан (бизга марҳамат бўлур). Мен сени қийнашни истамайман. Инша Аллоҳ, сен менинг солиҳ кишилардан эканлигимни кўрурсан». 

28. (Мусо) деди: «Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги (битимдир). Икки муддатдан қай бирини адо қилсам бас, менга зўрлик қилинмас. Аллоҳ айтаётган сўзимизга гувоҳдир». 

29. Энди қачонки Мусо (келишилган) муддатни ўтаб, аҳли-оиласи билан (Миср томон) йўлга тушгач, Тур (тоғи) тарафдан бир оловни кўриб қолди. У аҳли-оиласига: «Сизлар кутиб туринглар. Аниқки мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд сизларга бирон хабар ёки исиниб олишларингиз учун у оловдан чўғ олиб келсам», деди. 

30. Энди қачонки унинг олдига етиб келгач у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан - дарахтдан унга нидо қилинди: «Эй Мусо, албатта, Мен барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳдирман. 

31. Асоингни (ерга) ташлагин!» Бас қачон (Мусо) уни илондек қимирлаганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро сен (хавфу-хатардан) омонда бўлгувчи кишилардандирсан. 

32. Қўлингни чўнтагингга солгин, бирон зиён-дардсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни қўлингни) қўрқувдан (яъни агар бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг қўлтиғингга) қисиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас шу иккиси (яъни асо билан қўл) Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат улар фосиқ қавм бўлдилар». 

33. (Мусо) деди: «Парвардигорим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Ва улар мени ўлдиришларидан қўрқурман. 

34. Оғам Ҳорун мендан кўра тили гўёроқдир. Бас уни мен билан бирга мени тасдиқлайдиган ёрдамчи қилиб юборгин. Чунки мени улар ёлғончи қилишларидан қўрқурман». 

35. (Аллоҳ) айтди: «Биз сени оғанг билан қувватлантирурмиз ва иккингиз учун салтанат (яъни ғалаба ато) қилурмиз. Бас улар сизларга (бирон зиён) етказа олмаслар. Бизнинг оят-мўъжизаларимиз билан сизлар ҳам, сизларга эргашган кишилар хам ғолиб бўлгувчидирлар». 

36. Энди қачонки Мусо уларга Бизнинг аниқ-равшан оят-мўъжизаларимизни келтиргач, улар: «Бу ҳеч нарса эмас, магар уйдирма-сеҳрдир. Бизлар бу нарсани ўтган ота-боболаримиз (замони)да бўлганини ҳам эшитган эмасмиз», дедилар. 

37. Мусо айтди: «Парвардигорим ким Ўзининг ҳузуридан ҳидоят келтирганини ҳам, охират диёридаги оқибат кимнинг фойдасига бўлишини ҳам жуда яхши билгувчидир. Албатта золим кимсалар нажот топмас». 

38. Фиръавн: «Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман. Бас, сен, эй Ҳомон, лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир баланд қаср бино қил, шоядки мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг худосини кўрсам. Албатта мен уни ёлғончи кимсалардан деб ўйламоқдадирман», деди. 

39. У (Фиръавн) ҳам, унинг лашкарлари хам (иймон келтирмасликлари билан) ер юзида ноҳақ кибру-ҳаво қилдилар ва ўзларини Бизга қайтарилмайдилар, деб гумон қилдилар. 

40. Бас Биз уни ва лашкарларини ушладик-да, денгизга ташладик. Энди сиз у золим кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг. 

41. Ва уларни, (динсиз кимсаларни) дўзахга чорлаб турадиган пешволар қилиб қўйдик. Қиёмат кунида ҳам уларга ёрдам берилмас. 

42. Биз бу дунёда ҳам уларга лаънатни эргаштирдик. Қиёмат кунида ҳам улар (Бизнинг раҳматимиздан) йироқ қилингувчи кимсалардандирлар. 

43. Аниқки Биз аввалги аср-авлодларни (кофирликлари сабабли) ҳалок килганимиздан кейин Мусога одамлар учун нур, хидоят ва раҳмат бўлган Китоб ато этдик. Шояд улар эслатма-ибрат олсалар. 

44. (Эй Муҳаммад), Биз Мусога ишни (яъни пайғамбарликни) ҳукм қилган пайтда сиз (Тур тоғининг) ғарб томонида (Биз Мусо билан ваъдалашган жойда турган) эмас эдингиз ва гувоҳлардан ҳам бўлган эмас эдингиз. 

45. Лекин Биз (Мусо замонидан сўнг, кўп) асрларни пайдо қилдик, бас уларга умр-замон чўзилиб кетди (ва улар Мусога юборилган ҳукмларни унутиб юбордилар. Шунда Биз ҳукму фармонларимизни одамларга ҳаққи-рост етказишингиз учун сизни пайғамбар қилиб юбордик). Сиз Мадян аҳли орасида тургувчи ҳам, уларга Бизнинг оятларимизни тиловат қилгувчи ҳам бўлган эмасдингиз. Лекин Биз (сизни) пайғамбар қилиб юборгувчи бўлдик, (бас сиз Бизнинг ваҳийларимиз воситасида Мусо тўғрисида ҳам, Мадян шаҳрининг аҳли ҳақида ҳам хабардор бўлдингиз). 

46. Биз (Мусога) нидо қилган пайтда сиз Турнинг ёнида бўлган эмас эдингиз. Лекин (сиз) Парвардигорингиз томонидан раҳмат бўлиб, сиздан илгари бирон огохлантиргувчи келмаган бир қавмни огоҳлантириш учун (пайғамбар қилиндингиз). Шояд улар эслатма-ибрат олсалар. 

47. Агар уларга ўз қилмишлари сабабли бирон мусибат-бало етганида: «Парвардигоро, бизларга пайғамбар юборганингда эди, Сенинг оятларингга эргашар ва иймон келтиргувчилардан бўлур эдик», дейишмаса эди (Биз сизни уларга пайғамбар қилиб юбормас эдик). 

48. Энди қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ (пайғамбар) келгач эса, улар: «Унга (яъни Муҳаммадга) ҳам Мусога берилган мўъжизалар берилганида эди (бизлар унга эргашган бўлардик)», дедилар. Ахир улар илгари Мусога берилган мўъжизаларга ҳам кофир бўлмаганмидилар?! Улар: «(Таврот ва Қуръон) бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган икки сеҳрдир», дедилар, ва: «Бизлар (бу икки китобдан) ҳар бирига кофирдирмиз», дедилар. 

49. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «У ҳолда агар ростгўй бўлсанглар, сизлар Аллоҳ ҳузуридан у икки (Китобдан) кўра тўғрироқ бўлган бирон китоб келтиринглар, мен унга эргашурман». 

50. Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ бундай золим қавмни хидоят қилмас. 

51. Аниқки, Биз эслатма-ибрат олишлари учун уларга Сўзни - Қуръонни улаб (яъни пайдар-пай нозил қилдик). 

52. Биз (Қуръондан) илгари Китоб (яъни Таврот, Инжил) ато этган зотлар (яъни яҳудий ва насронийлар орасидаги мўминлар) унга (яъни Қуръонга) иймон келтирурлар. 

53. Қачонки уларга (Қуръон) тиловат қилинса улар: «Бизлар унга иймон келтирдик. Албатта, у Парвардигоримиз томонидан бўлган Ҳақиқатдир. Шак-шубҳасиз, бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмонлар (яъни Аллоҳни ягона билиб бўйинсунувчилар) эдик», дерлар. 

54. Ана ўша зотларга (дину-иймон йўлида) сабр-тоқат қилганлари сабабли ажр-мукофотлари қайта-қайта ато этилур. Улар яхшилик (яъни сабр-тоқат) билан ёмонликни (яъни кофирларнинг озорларини) дафъ қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. 

55. Қачон беҳуда (сўз ё ишни) эшитсалар ундан юз ўгирурлар ва: «Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ҳам ўзларингиз учундир. Омон бўлинглар. Бизлар нодон кимсалар билан (ҳамсуҳбат) бўлишни истамаймиз», дерлар. 

56. (Эй Муҳаммад), аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ билгувчидир. 

И з о ҳ. Ушбу оят пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Абу Толиб ҳақида нозил бўлгандир. Маълумки, Абу Толиб Муҳаммад алайҳис-саломни болалик чоғларидан бошлаб ўз оталиғига олиб то умрининг охиригача ҳам у зотга ҳомийлик қилган бўлса-да, ўзи Исломга кирмаган эди. Абу Толиб пайғамбаримизни ўз ўғлидек яхши кўрар ва у зотни мудом бошқа мушрикларнинг хуружларидан ҳимоя қилиб келар эди. Шунинг учун ҳам унга ўлим соати яқинлашганида, пайғамбар алайҳис-салом уни кофир ҳолда ўлиб кетишини истамай: «Эй амаки, «Ла илоҳа иллаллоҳ» денг, мен қиёмат кунида сизни мўмин ҳолда вафот қилган деб гувоҳлик берай», деганларида, у: «Мен сенинг йўлинг ҳақ эканлигини биламан, аммо одамлар: «Абу Толиб ўлимдан қўрқиб иймон келтирди», дейишларини хоҳламайман», деб жавоб берган экан. Шунда, ўзининг суюкли амакиси дунёдан беиймон кўз юмаётганидан беҳад ғам-ғуссага тўлган пайғамбарига Ҳақ таоло юқоридаги оятни нозил қилган. 

57. Улар (яъни Қурайш кофирлари): «(Эй Муҳаммад), агар бизлар сен билан бирга тўғри йўлга эргашсак, ўз еримиздан ажралурмиз», дедилар. Ахир Биз уларга тинч-осойишта Ҳарамни макон қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг мева-ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқу рўз бўлган ҳолда ўша жойга йиғилади-ку! Лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар. 

58. Биз қанча маишати ҳаддан ошган қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилдик. Бас ўшаларнинг масканлари улардан кейин камдан-кам маскан қилинди. (Уларнинг барчалари ҳалок бўлдилар) ва (уларни мулку-диёрларига) Биз Ўзимиз ворис бўлиб қолдик. 

59. Парвардигорингиз то барча қишлоқ-шаҳарларнинг марказларига Бизнинг оятларимизни уларга тиловат қиладиган бир пайғамбарни юбормагунича, (у қишлоқ-шаҳарларни) ҳалок қилугувчи бўлмади. Биз қишлоқ-шаҳарларни фақат уларнинг аҳолиси золим - кофир бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлдик. 

60. Сизларга берилган нарсалар фақат ҳаёти дунёнинг мато ва зийнатларидир. Аллоҳ ҳузуридаги (ажру-мукофот) эса яхшироқ ва боқийроқдир. Ахир ақл юргизмайсизларми?! 

61. Ахир Биз гўзал ваъда (жаннат) ваъда қилган, бас унга эришган киши, Биз ҳаёти дунё матосидан озгина фойдалантириб, сўнгра қиёмат кунида (мангу азобга) дучор қилингувчилардан бўлган кимса каби бўлурми?! 

62-63. (Эсланг, Аллоҳ қиёмат кунида) уларга нидо қилиб: «Сизлар (бор деб) гумон қилгувчи бўлган «шерикларим» қаерда қолишди?» деганида, устларига Сўз - азоб тушиши ҳақ-муқаррар бўлган кимсалар (яъни одамларни Ҳақ йўлидан оздирган доҳийлар): «Парвардигоро, ана у бизлар йўлдан оздирган кимсаларни ҳам худди ўзимиз йўлдан озган каби йўлдан оздиргандирмиз (яъни бизлар ҳам, барчамиз ўз ихтиёримиз билан озгандирмиз). Бизлар Сенга (яъни уларнинг йўлдан озишларига айбдор эмасмиз) оқдирмиз. Улар бизларга ибодат қилгувчи бўлмаганлар, (балки ўз ҳавои нафсларига ибодат қилганлар)», дерлар. 

64. Уларга: «Бутларингизга илтижо қилинглар, (мана энди сизларга ёрдам берсинлар)», дейилиб, уларга илтижо қилинганларида (бутлар) жавоб қилмаслар ва улар азобни кўрурлар. Агар улар ҳидоят топсалар эди (бундай азобни кўрмаган бўлур эдилар). 

65. (Аллоҳ) уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?» дейдиган кунда, 

66. Ўша кунда уларга хабарлар (яъни ўзларини оқлайдиган баҳонаю сабаблар) кўринмай қолур, бас (даҳшат ва қўрқувга тушиб) бир-бирларидан ҳам сўраша олмаслар. 

67. Энди ким тавба қилиб, иймон келтириб, яхши амал қилиб ўтган бўлса, шоядки ана ўша (киши) нажот топгувчилардан бўлур. 

68. Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хохлаган ишни) ихтиёр қилур. Улар учун ихтиёр йўқдир. Аллоҳ уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир. 

69. Парвардигорингиз уларнинг диллари яширган нарсаларни -сирларни ҳам, ошкор қилган нарсаларини - сўзларини ҳам билур. 

70. У (ёлғиз) Аллоҳдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Аввалу-охирда (яъни дунёю-охиратда) ҳамду-сано (ёлғиз) Унинг учундир. Ҳукм Унинг (ҳукмидир). Ва (барчаларингиз) ёлгиз Унга қайтарилурсизлар. 

71. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга бирон ёруғлик келтира олур?! Ахир англамайсизларми?» 

72. Айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ором оладиган кечани келтира олур?! Ахир кўрмайсизларми?! 

73. (Аллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни унга (яъни кечада) ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг фазл-ризқидан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани Унинг раҳмат - Марҳаматидандир. 

74. (Эсланг, Аллоҳ қиёмат кунида) уларга нидо қилиб: «Сизлар (бор деб) гумон қилгучи бўлган «шерикларим» қаерда қолишди?!» дер. 

75. Биз (у кунда) ҳар бир умматдан бир гувоҳни (яъни пайғамбарни) чиқариб, (уларга «Аллоҳ ёлғиз эмас», деб келтирган ширкларингиз ҳақ бўлса қани) ҳужжат-далилларингизни келтиринглар-чи», дедик. Бас улар (худолик) ҳаққи-ҳуқуқи (ёлғиз Аллоҳники эканини) билдилар ва ўзлари тўқиб олган «худолари эса улардан ғойиб бўлди. 

76-77. Албатта Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас у (қавмдошларига) кибру-ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоатга ҳам оғирлиқ қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: «Ховлиқмагин, Чунки Аллоҳ ҳовлиқма кимсаларни суймас. Ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират (ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қил. Ерда (зулму-зўравонлик билан) бузғунчилик килишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас», деганларида. 

78. У: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас»), деди. Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва жамғармаси ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Аллоҳ ҳалок қилганини билмасми?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам, (балки улар ҳеч қандай сўроқ-саволсиз дўзахга ташланурлар)! 

79. Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: «Эх, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу-давлат бўлса эди. Дарҳақиқат у улуғ насиба эгасидир», дедилар. 

80. Илм-маъфират ато этилган кишилар эса: «Ўлим бўлсин сизларга! Иймон келтирган ва яхши амал қилган киши учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! У (савобга) фақат сабр-қаноатли кишиларгина эришурлар», дедилар. 

81. Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам (ерга) ютдирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ёрдам берадиган ўзга бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи хам ғолиблардан бўлмади. 

82. Ва куни кеча унинг мартабасини орзу қилган кимсалар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб (Ўзи хоҳлаган бандаларининг ризқини) танг қилиб берар экан-да. Агар Аллоҳ бизларга марҳамат қилмаганида, бизларни ҳам (ерга) ютдирган бўлур эди. Воажаб, кофир бўлган кимсалар нажот топмас экан-да», деб қолдилар. 

83. Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истмайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир. 

84. Ким яхшилик билан келса, бас унинг учун (қилган яхшилигидан) яхшироқ (мукофот бўлур). Ким ёмонлик билан келса, бас, ёмонликлар қилган кимсалар фақат ўзлари қилган ёмонликлари билангина жазоланадилар. 

85. (Эй Муҳаммад), албатта сизга (ушбу) Қуръонни (яъни уни тиловат қилишни унга амал қилишни ва уни умматларингизга (етказишни) фарз қилган зот, шак-шубҳасиз сизни бир қайтадиган жойга (Маккага) қайтаргувчидир. (Мушрикларга) айтинг: «Парвардигорим, ҳидоят келтирган кишиларни ҳам, очиқ-равшан залолатдаги кимсаларни ҳам жуда яхши билгувчидир». 

И з о ҳ. Муфассирлар ёзишларича ушбу оят пайғамбар алайҳис-салом Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида, йўлда Жуҳфа деган жойга қўниб, ўзлари ташлаб чиқиб кеаётган ватанлари Маккани қўмсаган вақтларида нозил бўлган экан. 

86. Сиз ўзингизга Китоб - Қуръон туширилишидан умидвор ҳам бўлган эмасдингиз. Фақат Парвардигорингиз томонидан раҳмат-марҳамат бўлиб (сизга Қурьон нозил қилинди). Бас сиз ҳаргиз кофир кимсаларга ёрдамчи бўлманг! 

87. Ва сизга Аллоҳнинг оятлари нозил қилинганидан сўнг ҳаргиз (у оятларга амал қилишингиздан) тўсмасинлар! Сиз (одамларни ҳам ёлғиз) Парвардигорингизга (ибодат қилишга) чорланг ва мушрик кимсалардан бўлманг! 

88. Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Ҳеч қандай илоҳ йўқ магар Унинг Ўзигина бордир. Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир). Ҳукм Унинг (ҳукмидир), Ва (барчаларингиз) ёлғиз Унга қайтарилурсизлар.





29. Анкабут сураси 


 Олтмиш тўққиз оятдан иборат бўлган бу сура ҳам Маккада нозил қилингандир. Сура иймон эгалари сидқидилдан мўмин бўлганмилар ёки тил учида иймон келтирганмилар, синаш учун турли имтиҳонларга рўбарў қилинишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар бериш билан бошланиб, яралганларнинг фитналарига алданиб иймон-эътиқодидан кечган кимсалар албатта Яратганнинг азобига гирифтор бўлишларини уқтиради. 

Шунингдек, бу сурада дину иймонга даъват қилгувчи кишилар зиммасида жуда шарафли ва айни пайтда ўта мушкул вазифа борлиги айтилиб, бир неча пайғамбарлар фаолияти мисолида Ҳақ йўлидаги даъватнинг мўъжизаси тасвирлаб берилади. Яна бу сурада Аллоҳ таоло Ўзининг мўъжизаси бўлмиш Қуръони Каримни бандаларига етказиш учун ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган Муҳаммад алайҳис-саломни пайғамбарликка танлагани тўғрисида хабар бериб, акс ҳолда бузғунчи кимсалар: «Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи ёзган», деб одамларни шубҳага солишлари аниқ эканлигини уқтиради. Сура сабр-тоқат билан Ҳақ йўлида курашган зотларга Аллоҳнинг ўзи ёр бўлиши ҳақида оят билан тугалланади. 

Бу сурадан ўзлари қўллари билан ясаб олган бутларига сиғиниб, улардан нажот кутадиган мушриклар худди ўзи тўқиган тўридан паноҳ истайдиган ўргимчакка ўхшашлиги тўғрисидаги оят ҳам ўрин олгани учун «Анкабут - Ўргимчак» сураси деб номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Алиф, Лом, Мим. 

2. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! 

3. Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур. 

4. Ёки ёмон амаллар қиладиган кимсалар Биздан (жазойимиздан) қочиб қутулишни ўйладиларми?! Нақадар ёмон ҳукм чиқарадилар-а?! 

5. Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, бас, албатта, Аллоҳ (белгилаган мукофот ва жазо) фурсати шак-шубҳасиз келгувчидир. У эшитгувчи, билгувчидир. 

6. Ким жиҳод қилса, фақат ўз (фойдаси) учун жиҳод қилур (яъни ким Аллоҳ йўлида саъй ҳаракат қилса, бундан Аллоҳ эмас, балки ўша кишининг ўзи учун манфаат бўлур). Зеро Аллоҳ барча одамлардан беҳожатдир. 

7. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг ёмонликларини (яъни аввал қилган гуноҳларини) шак-шубҳасиз ўчирурмиз ва албатта уларни қилиб ўтган энг чиройли амаллари билан мукофотлармиз. 

8. Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик (яъни ота-она ҳоҳ яхши, ҳоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир, аммо) агар улар сен ўзинг билмаган нарсаларни (яъни сохта «худо»ларни) Менга шерик қилишинг учун зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас (ана ўша кунда) Мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман. 

9. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни шак-шубҳасиз солиҳ бандалар қаторига (яъни жаннатга) дохил қилурмиз (киритурмиз). 

10. Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари: «Аллоҳга иймон келтирдик», дейди-да, сўнг Аллоҳ йўлида (кофирлар томонидан бирон азият билан) озорланса, одамларнинг (бу) фитна-озорларини Аллоҳнинг азоби каби қилиб олур (яъни ўткинчи ҳокимларнинг фитна-фасодларидан Аллоҳнинг азобидан қўрққандек қўрқиб ўз иймон-эътиқодидан кечур). Қасамки, агар Парвардигорингиз томонидан (сиз - мўминларга) ғалаба келса шак-шубҳасиз улар: «Албатта бизлар сизлар билан бирга эдик», дерлар. Ахир Аллоҳ барча одамларнинг дилларидаги нарсаларни жуда яхши билгувчи эмасми?! 

11. Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни ҳам, мунофиқ кимсаларни ҳам аниқ билур. 

12. Кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Сизлар бизларнинг йўлимизга эргашинглар, гуноҳларингизни бизлар кўтарурмиз», дедилар. Ҳолбуки улар (мўминларнинг) гуноҳларидан бирон нарсани кўтара олгувчи эмасдирлар. Албатта улар ёлғончидирлар, 

И з о ҳ. Ушбу оят Қурайш катталари иймон келтирган кишиларга: «Қайта тирилиш, қиёматдаги ҳисоб-китоб деган нарсалар йўқ нарсалардир. Киши дунёга бир марта келади, бундан бошқа дунё йўқдир. Сизлар бизнинг йўлимизга юраверинглар, агар у дунё ҳақидаги гаплар рост чиқиб, қиёмат қойим бўлса барча гуноҳларингизни биз бўйнимизга олурмиз ва сизлар азобга дучор бўлмассизлар», дейишганида нозил қилинган бўлиб, улар мўминларнинг бирон гуноҳини бўйинларига олишга қодир эмасликлари ҳақида огоҳлантиради. Қуйидаги оятда одамларни Ҳақ йўлидан оздирган бундай кимсалар ўзларининг гуноҳларига қўшиб тобеъларининг гуноҳларига ҳам жавобгар бўлишлари ҳақида хабар берилади. Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинган бир ҳадиси шариф хам бу ояти каримага ҳаммазмундир: «Ким одамларни залолатга даъват қилса, унинг зиммасида ўзига эргашган кимсаларнинг гуноҳлари ҳам бўлур, аммо уларнинг ўз устларидаги гуноҳлари ҳам заррача камаймас». 

13. Албатта улар ўзларининг юк-гуноҳларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа) юкларни ҳам кўтарурлар ва албатта қиёмат кунида ўзлари тўқиб олган (ёлғонлари) тўғрисида сўралурлар. 

14. Аниқки, Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди (аммо улар иймон келтирмадилар), бас уларни золим-кофир бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди. 

15. Сўнг Биз (Нуҳ)га ва кема(даги) ҳамроҳларига нажот бердик ва (у тўфон балосини) барча оламларга оят-ибрат қилиб қўйдик. 

16. Иброҳимни (эсланг) - у ўз қавмига деган эди: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан қўрқинглар! Агар билгувчи бўлсангизлар мана шу сизлар учун яхшироқдир. 

17. Сизлар Аллоҳни қўйиб фақат бутларга ибодат қилмоқдасизлар ва (уларни «худолар» деб) ёлғон тўқимоқдасизлар. Аниқки сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар сизларга ризқу-рўз беришга қодир эмаслар. Бас (шундай экан) сизлар ризқни (ёлғиз) Аллоҳ даргоҳидан истанглар ва Унгагина ибодат қилинглар, Унгагина шукр қилинглар, (зотан) сизлар Унгагина қайтарилурсизлар. 

18. Агар сизлар (мени) ёлғончи қилсангизлар, бас, сизлардан аввалги умматлар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгандирлар. Пайғамбар зиммасида эса фақат (Аллоҳ фармонини бандаларга) очиқ-равшан етказишгина бордир». 

19. Ахир улар даставвал Аллоҳ қандай қилиб (йўқдан) яратишини кўрмадиларми?! Сўнгра (қиёмат кунида эса) У ўша (аввал йўқдан бор қилган нарсаси)ни қайтарур. Албатта бу Аллоҳга осондир. 

20. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Ерда айланиб (Аллоҳ) даставвал қандай қилиб яратганини (ва сўнг Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни йўқ қилганини) кўринглар. Сўнгра Аллоҳ (уларни) иккинчи (марта) пайдо қилур. Албатта Аллоҳ барча нарсага қодирдир. 

21. У Ўзи хоҳлаган кимсаларни азоблар ва Ўзи хоҳлаган кишиларга раҳм қилур. (Ёлғиз) Унгагина қайтарилурсизлар. 

22. Сизлар (Аллоҳнинг жазосидан) на ерга ва на осмонга қочиб қутулгувчи эмасдирсизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон ёрдамчи йўқдир. 

23. Аллоҳнинг оятларини ва Унга рўбарў бўлишни инкор қилган кимсалар улар Менинг марҳаматимдан ноумид (маҳрум) бўлган кимсалардир ва улар учун аламли азоб бордир. 

24. Бас (Иброҳимнинг даъватига) қавмининг жавоби фақат: «Уни ўлдиринглар ёки ёқиб юборинглар», дейишлари бўлди. Сўнг Аллоҳ унга оловдан нажот берди. Албатта бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 

25. Иброҳим айтди: «Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-оғайнигарчилигингизни кўзлаб, Аллоҳни қўйиб, бутларни ушладинглар. Ҳали қиёмат кунида айримларингиз (яъни пешволарингиз) айримларингиздан (эргашувчилардан) тонур, айримларингиз айримларингизни лаънатлар. Сизларнинг борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдамчилар йўқдир». 

26. Бас Лут унга иймон келтирди. 

И з о ҳ . Лут ўзи Иброҳимнинг оғасининг ўғли бўлиб, Иброҳим кофирлар томонидан оловга ташланганида ёнмаганини кўргач, унинг ҳақ пайғамбар эканини билиб, биринчи бўлиб иймон келтиради... 

(Иброҳим) айтди: «Албатта мен Парвардигорим (буюрган томон)га ҳижрат қилгувчидирман. Албатта Унинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат эгасидир». 

27. Биз (Иброҳимга ўғли) Исҳоқ ва (набираси) Яъқубни ҳадя этдик ҳамда пайғамбарликни ҳам (барча самовий китоблар)ни ҳам унинг зурриётига (хос) қилдик ва унга шу дунёда ҳам ажри-мукофотини бердик, албатта у охиратда ҳам солиҳ зотлардандир. 

28-29. Лут ўз қавмига: «Албатта сизлар шундай бузуқлик қилмоқдасизларки, сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди. Ҳақиқатан сизлар (хотинларингизни қўйиб) эркакларга борурмисизлар; йўлтўсар-қароқчилик қилурмисизлар: мажлисларингизда ёмон ишлар қилурмисизлар?» деганини эсланг. Бас (Лут) қавмининг жавоби фақат «Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтир-чи», дейишлари бўлди. 

30. (Шунда) у айтди: «Парвардигорим, бу бузғунчи қавм устига Ўзинг мени ғолиб қил». 

31. Қачонки Бизнинг элчиларимиз (яъни фаришталар) Иброҳимга (фарзанд кўриши ҳақидаги) хушхабарни келтиришгач, айтдилар: «Албатта бизлар мана шу қишлоқ аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Чунки унинг аҳли золим - кофир бўлдилар». 

32. (Иброҳим); «Ахир у жойда Лут бор-ку?» - деди. Улар айтдилар: «Бизлар У жойда ким борлигини яхшироҳ билгувчидирмиз. Албатта бизлар (Лутни) ва унинг ахли-оиласини қутқарурмиз. Магар унинг хотини (нажот топмас, чунки у) қолиб ҳалок бўлгувчилардан эди. 

33. Қачонки элчиларимиз Лутнинг олдига келганларида, у бундан ёмон ҳолга тушди ва уларнинг келишларидан юраги сиқилди. Улар дедилар: «Қўрқма ва ғамгин бўлма. Албатта бизлар сенга ва аҳли оилангга нажот бергувчилардирмиз. Магар хотининг (нажот топмас чунки у) қолиб ҳалок бўлгувчилардан эди». 

34. Шак-шубҳасиз Биз фосиқ-итоатсиз бўлганлари учун бу қишлоқ ахли устига осмондан азоб-тош ёғдирувчидирмиз. 

35. Аниқки Биз ақл юргизадиган қавм учун (ибрат бўлсин, деб) у (қишлоқ)дан оят-нишона қолдиргандирмиз. 

36. Мадян (қавми)га ўз биродарлари Шуъайбни (пайғамбар қилдик). Бас у айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз ва охират кунидан умидвор бўлингиз ҳамда Ер (юзи)да бузғунчилик қилиб санқиб юрмангиз!» 

37. Улар (Шуъайбни) ёлғончи қилишгач, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида (тутдек) тўкилдилар. 

38. Од ва Самуд (қабилаларини ҳам халок қилдик). (Бу) сизларга уларнинг масканларидан (яъни у масканлардан қолган харобалардан) кўриниб турибди. Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (ҳақ) йўлдан тўсди. Ҳолбуки улар ақлу-ҳушли кишилар эди. 

39. Қорун, Фиръавн ва Ҳомонни ҳам (халок қилдик). Дарҳақиқат Мусо уларга (пайғамбар эканлигини далолат қиладиган) аниқ ҳужжатлар келтирганида улар ер (юзи)да кибр-ҳаво қилдилар ва (Бизнинг азобимиздан) қочиб қутулгувчи бўлмадилар. 

40. Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз ерга ютдирган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар. 

41. Аллоҳдан ўзга «дўстлар»ни ушлаган кимсаларнинг мисоли худди (ўзи учун) уй қуриб олиб, (ўша уйидан паноҳ истаган) ўргимчакка ўхшайди. Албатта уйларнинг энг нимжони ўргимчак уясидир. Агар улар билсалар эди, (ўргимчак уяси каби ожиз бутлардан паноҳ истамаган бўлур эдилар). 

42. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ улар Ўзини қўйиб, илтижо қилишаётган бутларини билур. У қудрат ва ҳикмат эгасидир. 

43. Ушбу масалларни Биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар. 

44. Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳақ (қонун) билан яратгандир. Албатта бунда иймон келтирган кишилар учун оят-ибрат бордир. 

45. (Эй Муҳаммад), сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб - Қуръондан бўлган (оятлар)ни тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Аллоҳ қилаётан ишларингизни билиб турур. 

46. (Эй мўминлар), сизлар ахли китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала-мунозара қилинглар, магар уларнинг орасидаги зулму-зўравонлик қилган кимсалар билангина (кескин муомала қилишингиз мумкиндир). Ва айтинглар: «Бизлар ўзимизга нозил қилинган (Қуръон)га ҳам сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам иймон келтирганмиз. Бизларнинг илоҳимиз ҳам, сизларнинг илоҳингиз ҳам Бир (илоҳ)дир ва бизлар Унгагина бўйинсунгувчимиз». 

47. (Эй Муҳаммад, Биз сиздан аввалги пайғамбарларга китоблар нозил қилганмиз). Шунингдек, сизга ҳам Китоб-Қуръон нозил килдик. Бас Биз Китоб (яъни Таврот ва Инжил) ато этган зотлар унга (яъни Қуръонга) иймон келтирурлар. Ана у (Макка аҳли орасида ҳам) унга иймон келтирадиган кишилар бордир. Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор қилур. 

48. Сиз (ўзингизга Қуръон нозил қилинишидан) илгари бирон китобни тиловат қилгувчи бўлган эмас эдингиз ва ўз қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда бузғунчи кимсалар албатта шубҳага тушган бўлур эдилар. 

49. Йўқ у (яъни Қуръон) илм ато этилган зотларнинг кўнгилларидаги аниқ-равшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур. 

50. Улар (кофирлар): «Унга (яъни Муҳаммадга) ҳам Парвардигори томонидан оят-мўъжизалар тушганида эди», дедилар. Айтинг: «Оят-мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат (осийларни Аллоҳнинг азобидан) очиқ огохлантиргувчиман холос». 

51. Ахир уларга тиловат қилинаётган шу Китобни Биз сизга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?! Албатта бу (Китоб)да иймон келтирадиган қавм учун раҳмат ва эслатма бордир. 

52. Айтинг: «Аллоҳ мен билан сизларнинг ўртангизда етарли гувоҳдир. У зот осмонлар ва ердаги бор нарсани билур. Ботил нарсага (яъни бутларга) иймон келтириб, Аллоҳга кофир бўлган кимсалар - ана ўшалар зиён кўргувчиларнинг ўзидирлар». 

53. Улар сиздан азобни тезлатишни талаб қилурлар. Агар белгиланган муддат (яъни қиёмат куни) бўлмаса эди, албатта уларга (дарҳол) азоб келган бўлур эди. Шак-шубҳасиз (азоб) уларга ўзлари сезмаган ҳолларида тўсатдан келур. 

54. Улар сиздан азобни тезлатишни талаб қилурлар. Албатта жаҳаннам кофирларни ўраб олгувчидир. 

55. У кунда азоб уларнинг устиларидан ҳам, оёқларининг остидан ҳам ўраб олур ва (Аллоҳ) айтур: «Қилиб ўтган амалларингизнинг жазосини тотинглар!» 

56. Эй иймон келтирган бандаларим, шак-шубҳа йўқки, Менинг ерим кенг, каттадир. Бас сизлар Менгагина ибодат қилингиз! 

И з о ҳ . Ушбу ояти карима Маккадаги мушрикларнинг зулму-фитналари сабабли тоат-ибодатларини бемалол қила олмай қолган мусулмонлар ҳақида нозил қилингандир. Тангри таоло оят орқали уларга Ўзининг замини кенг эканлиги, бинобарин агар бу ерда уларнинг иймон-эътиқодларига дахл қилинса, ўзга ерларга ҳижрат қилиб, ўша жойларда ёлғиз Ўзига ибодат қилишлари лозимлигини уқтиради. Худди шу хусусдаги пайғамбар алайҳис-саломнинг бир ҳадиси мубораклари ҳам барча мўмин-мусулмонлар учун ибратли эслатмадир: "Ким ўз дини(ни сақлаб қолиш) учун бир ердан бошқа ерга кетар экан, албатта у жаннатга ҳақдор бўлибдир". 

57. Ҳар бир жон ўлим (шарбати)ни тотгувчидир. Сўнгра Ўзимизга қайтарилурсизлар. 

58. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни албатта жаннатда остидан дарёлар оқиб турадиган жойларга жойлаштирурмиз. Улар ўша жойларда мангу қолурлар. (Яхши) амалларни қилгувчи зотларнинг ажри-мукофоти нақадар яхшидир! 

59. Улар (кофирлар томонидан бўладиган зулму кулфатларга) сабр-тоқат қилган ва ёлғиз Парвардигорларигагина таваккул қиладиган - суянадиган зотлардир. 

60. Ўз ризқу рўзини кўтара (яъни топа) олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бордир. Аллоҳ уларга ҳам, сизларга ҳам ризқу рўз берур. У эшитгувчи, билгувчидир. 

61. Қасамки, агар сиз улардан: «Осмонлар ва ерни яратган, қуёш ва ойни (Ўз измига) қаратган зот ким?» - деб сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», деб (жавоб қилурлар). Бас (шундоқ экан, ўша Аллоҳга ибодат қилишнинг ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар-а?! 

62. Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хохлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта Аллоҳ барча нарсани билгувчидир. 

63. Қасамки, агар сиз улардан: «Осмондан сув ёмғир ёғдириб ерни «ўлганидан» сўнг «тирилтирган» зот ким?» - деб сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», деб (жавоб қилурлар). Сиз (уларга): «Эътироф этганларингиз учун Аллоҳга ҳамду сано бўлсин», деб айтинг. Йўқ, уларнинг кўплари ақл юргизмайдилар. 

64. Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир). 

65. Қачон улар кемага минсалар (ғарқ бўлишдан кўрқиб) Аллоҳга чин ихлос билан дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга нажот бериб қуруқликка (чиқаргач), баногоҳ улар (Аллоҳга) ширк келтирурлар! 

66. Биз уларга ато этган неъматларга кофир бўлаверсинлар ва (шу бир нафаслик ҳаётларида) «фойдаланиб» қолсинлар. Ҳали яқинда (бу қилмишларининг оқибатини) билиб қолажаклар! 

67. Улар ўзларининг атрофларидан одамлар талон-торожга дучор бўлаётгани ҳолда Биз Ҳарамни (яъни Маккани) тинч-осойишта қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Наҳотки улар ботил-бутларга иймон келтириб, Аллоҳнинг неъмати (Исломга)га кофир бўлсалар?! 

68. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Ҳақ - Қуръон келган чоғида уни ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Жаҳаннамда кофир кимсалар учун жой топилмасми?! 

69. Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган - курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир.






30. Рум сураси 

 Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, олтмиш оятдан иборатдир. 

Сура икки катта давлат - Рум ва Форс давлатлари ўртасида бўлган урушда форсларнинг қўли устун келгани ҳақида хабар бериш билан бошланиб, яқин йиллар ичида румликлар ғалаба қилиши тўғрисида башорат қилади. Орадан етти йил ўтгач, бу Илоҳий башорат ҳақ эканлиги маълум бўлади - Рум давлати форслар устидан ғалаба қозонади. Суранинг «Рум» деб аталишининг боиси шудир. 

Бу сурада ҳам бошқа Макка сураларидаги каби мўминларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чорланади ва узоқ-яқин ўтмишдаги Аллоҳни инкор этиб, Унинг пайғамбарларини ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлгани ҳақида хабарлар берилади. 

Яна бу сурада Аллоҳ таолонинг қудрати илоҳийясига далолат қиладиган бир қанча ибратли мисоллар санаб ўтилиб, сўнгра сура пайғамбар алайҳис-саломни ва у зотнинг умматларини ўз иймон-эътиқодларида сабр-тоқат билан устивор бўлишга буюриш билан ниҳояланади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Алиф, Лом, Мим. 

2-3-4-5. Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. (Лекин) улар (яъни румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг бир неча йил ичида албатта ғалаба қилажаклар. Аввалу-охир барча иш Аллоҳнинг (измида)дир. Ўша кунда мўминлар Аллоҳ (румликларни) ғолиб қилгани сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хохлаган кишини ғолиб қилур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир. 

И з о ҳ . Рум мамлакати арабларга яқин бўлиб, румликлар насроний динига мансуб, форслар эса мажусий эдилар. Шунинг учун ҳам форслар ғолиб бўлгани ҳақидаги хабар Маккага етиб келганида, Макка мушриклари қувонишиб мўмин-мусулмонларга «Сенлар Қуръонга ишонганларииг каби румликлар Инжилга ишонишади, форслар эса худди бизларга ўхшаб ҳеч қандай илоҳий китобга иймон келтиришмаган. Мана бугун форслар румликларни енгишганидек, яқинда бизлар ҳам сенларни енгамиз», дер эдилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб, мўминларга таскини дил бахш этди ва дарҳақиқат у оятларнинг берган башорати рост бўлиб чиқди. Барча ислом уламоларининг наздида, ушбу оятлар ғайб-келажак ҳақидаги бу ҳақ хабарни берганлиги Муҳаммад алайҳис-салом Аллоҳнинг пайғамбари эканликларига, Қуръон эса Аллоҳнинг каломи эканлигига яна бир далилдир. 

6. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин кўп одамлар билмаслар. 

7. Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар. 

8. Ахир улар ўзларича Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳамда улар орасидаги бор нарсани фақат ҳақ (қонун) ва белгиланган муддат билан яратганини (демак ўша муддат битгач, дунё тугаб, охират бошланишини) тафаккур қилиб кўрмадиларми?! Дарҳақиқат бу одамлардан кўпчилик қайта тирилиб, Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчидирлар. 

9. Ахир улар ер юзида сайру саёҳат этишиб, ўзларидан аввалги пайғамбарларни ёлғончи қилиб иймонсиз (кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ўша (ҳалок бўлган кимсалар) булардан (яъни Макка кофирларидан) кўра кучли-қувватлироқ бўлган ва (ўз) ерларини булар обод қилганидан кўра кўпроқ ҳайдаб (яъни экинзорларга айлантириб), обод қилган эдилар-ку! Уларга ҳам ўз пайғамбарлари аниқ-равшан ҳужжатлар келтирганларида, (у пайғамбарларни ёлғончи қилишгач, ҳалок бўлдилар). Бас Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар (Ҳақ йўлига юришдан бош тортишлари билан) ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар. 

10. Сўнгра (охиратда эса) Аллоҳнинг оятларини ёлғон дейиш ва уларнинг устидан кулиш билан (ўзларига) ёмонлик қилган кимсаларнинг оқибати янада ёмонроқ бўлди. 

11. Аллоҳ аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратур. Сўнгра (ҳисоб-китоб қилиниши учун) Унга қайтарилурсизлар. 

12. (Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда жиноятчи кимсалар бутунлай номурод бўлурлар. 

13. (У кунда) улар учун бутлари томонидан оқловчилар бўлмас (яъни улар ҳаёти дунёда Аллоҳга шерик қилиб олишган кимсалар улардан тонар) ва улар ҳам бутларидан тонгувчи бўлурлар. 

14. (Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда - ана ўша кунда (мўминлар билан кофирлар) бир-бирларидан ажралурлар. 

15. Энди иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар (жаннат) боғида шодланурлар. 

16. Аммо куфр йўлини тутган ва Бизнинг оятларимизни ҳамда охират мулоқотини ёлғон деган кимсалар - ана ўшалар (мангу) азобга дучор қилинурлар. 

17-18. Бас тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам, оқшомда ҳам, пешин пайтига киришингизда ҳам Аллоҳни поклангиз (яъни У зотга ҳамду сано айтингиз. Зеро) осмонлар ва ердаги бор ҳамду-сано Уникидир (яъни коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду-сано айтур). 

19. Аллоҳ ўликдан тирикни чиқарур, тирикдан ўликни чиқарур ва ерни ўлганидан кейин (баҳорда қайта) тирилтирур. Сизлар ҳам (киёмат кунида қабрларингиздан) мана шундай чиқарилурсизлар. 

20. (Аллоҳнинг кудрати илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) - У зот сизларни (яъни отангиз Одамни) тупроқдан яратгани, сўнгра сизлар башарга айланиб (ер юзига) таралишларингиздир. 

21. Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 

22. Унинг оятларидан (яна бири) - У зот осмонлар ва ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хил қилиб қўйгандир. Албатта бунда барча оламлар учун оят-ибратлар бордир. 

23. Унинг оятларидан (яна бири) - кечаси ва кундузи ухлашларингиз ҳамда (кундузлари) Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу-рўз) исташларингиздир. Албатта бунда англайдиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 

24. Унинг оятларидан (яна бири) - У зот сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва (ёмғир ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўргизур ва осмондан сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида ерни, ўлганидан сўнг тирилтирур. Албатта бунда ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 

25. Унинг оятларидан (яна бири) - осмон ва ер У зотнинг амри билан (фазода муаллақ) туришидир. Сўнгра (қиёмат қойим бўлганида) У сизларни (ётган) ерларингиздан бир бор чақириши билан барчангиз бирдан (ҳисоб-китоб) учун) чиқарсизлар. 

26. Осмонлар ва ердаги бор жонзотлар, У зотга тегишлидирки, ҳаммаси Унга бўйинсунур. 

27. У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш - тирилтириш) У зотга жуда осондир. Осмонлар ва ердаги энг юксак хислат (яъни Яккаю-Ягоналик) Уникидир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир. 

28. (Аллоҳ) сизларга ўзларингиздан бир мисол келтирур: сизлар учун қўлларингиздаги қулларингиздан Биз сизларга ризқ қилиб берган молу-мулкка шерик бўлиб олгувчилар борми, бас сизлар (мол-мулкингизни тасарруф қилишда у қулларингиз билан) баробар бўлиб, улардан ҳам ўзларингиздан қўрққандай қўрқурмисизлар? Ақл юргизадиган қавм учун оятларни мана шундай баён қилурмиз. 

И з о ҳ. Бу оятни қуйидагича тушуниш керак: агар қўл остингиздаги қулларингиз сизларнинг молу давлатларингизга шериклик даъво қилсалар ва сизларга итоат қилишдан бош тортишиб, молу дунёларингизни сизлар билан баб-баробар тасарруф қила бошласалар, сизлар эса худди ўзларингизга ўхшаган озод одамлардан қўрққанингдиздек қўрқиб турсангиз рози бўлармидингиз? Албатта рози бўлмас эдинглар, бас шундай экан, нега энди барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолога Ўзининг қулларини шерик қилиб олурсизлар?! Йўқ, ҳеч қачон Яратганга яралганлар тенг бўла олмас! 

29. Йўқ, золим кимсалар бирон билим-ҳужжатсиз ҳавои нафсларига эграшиб (Аллоҳга ширк келтирдилар). Бас, Аллоҳ йўлдан оздирган кимсани ким ҳидоят қила олур?! (Ҳеч ким ҳидоят қила олмас) ва улар учун (охиратда) ёрдам бергувчилар ҳам бўлмас. 

30. Бас (эй Муҳаммад), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз! Аллоҳнинг яратиши ўзгартирилмас. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин кўп одамлар билмаслар. 

И з о ҳ. Ушбу оятда таъкидланишича Ислом табиий хилқат динидир. Ҳадиси шарифда айтилишича, «Ҳар бир бола табиий хилқатда - Исломда дунёга келур. Сўнг уни ота-онаси ё яҳудий қилурлар, ё насроний қилурлар ва ё мажусий қилурлар». Демак, инсон ҳар икки дунёда ҳам руҳан, ҳам жисмонан бахтли-саодатли бўлиши учун ўзининг яралган табиий хилқатидан - Исломидан ажралмаслиги лозим экан. 

31. (Аллоҳга) қайтгувчи бўлган ҳолларингизда (Унинг динини маҳкам тутинглар) ва У зотдан қўрқинглар ҳамда намозни тўкис адо қилинглар! Мушриклардан бўлманглар! 

32. Улар (яъни мушриклар) динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар. 

33. Қачон (динсиз) одамларга бирон зиён етса, Парвардигорларига қайтиб, Унга илтижо қилурлар, сўнгра қачон (Аллоҳ) уларга Ўз томонидан бирон марҳамат тотдириб қўйса, баногоҳ улардан бир гуруҳи Парвардигорларига ширк келтира бошлар. 

34. Улар Биз ато этган неъматларга ношукурлик қилаверсинлар! Бас (эй мушриклар), фойдаланиб қолинглар! Ҳали яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билиб олурсизлар! 

35. Ёки Биз уларга (осмондан) уларнинг (Аллоҳга) ширк келтиришларини (тўғри деб) сўзлайдиган бирон ҳужжат нозил қилдикми?! (Йўқ, улар фақат нодонлик билан ўз ҳавои нафсларига эргашиб, Аллоҳга турли нарсаларни шерик деб билмоқдалар). 

36. Қачон Биз одамларга бирон марҳамат тотдирсак, улар бундан қувониб кетурлар. Агар уларга ўзлари қилган гуноҳлари сабабли бирон ёмонлик етса, баногоҳ улар ноумидликка тушурлар. 

37. Ахир улар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини кенг қилишини ва (Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини) танг қилишини билмадиларми?! Албатта бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 

38. Бас қариндош-уруғга, мискин ва мусофирга (хайру-эҳсон қилиш билан ҳақларини ато этинг! Аллоҳ юзини истайдиган кишилар учун мана шу энг яхши (ишдир). Ана ўшалар нажот топгувчидирлар. 

39. Сизлар одамларнинг моллари ичида зиёда бўлиб (қайтиши) учун берган судхўрлик-фойдахўрликдан иборат бўлган пул-молларингиз (яъни совға-саломларингиз) Аллоҳ наздида зиёда (савоб) олишингизга сабаб бўлмас. Аллоҳнинг юзини - розилигини истаб ато этган закотдан иборат бўлган нарсаларингиз, бас ана ўша (закот бергувчи кишилар ажру-савобларини) бир неча баробар қилиб олгувчилардир. 

40. Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра ризқу-рўзингизни берган, сўнгра жонингизни оладиган, сўнгра сизларга (қайта) ҳаёт берадиган зотдир. Сизлар (сиғинаётган) бутларингиз орасида мана шуларнинг биронтасини қила оладиган кимса борми?! (Аллоҳ) уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир. 

41. Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари учун, уларга қилган айрим гунохларининг (жазосини) тотдириб қўйиш учундир. 

42. (Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Ер юзида сайру саёҳат қилиб, илгари ўтганларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар! Уларнинг кўплари мушрик эдилар». 

43. Бас, сиз Аллоҳ томонидан, қайтарилмайдиган кун (яъни қиёмат) келмай туриб ўзингизни доимо рост динда тутинг! Ўша кунда (мўминлар билан кофирлар) бўлинурлар. 

44. Кимда-ким кофир бўлса, куфри ўзининг бўйнидадир. Ким яхши амал қилса, бас улар ўзлари учун (жаннатдан) жой тайёрларлар. 

45. Зеро (Аллоҳ) иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни Ўз фазлу-карамидан мукофотлар. Дарҳақиқат У зот кофирларни суймас. 

46. (Аллоҳнинг қудрати илоҳийясига далолат қиладиган) оятларидан (бири) (ёмғир ҳақида) хушхабар элтгувчи бўлган шамолларни юборишидир. (Аллоҳ) сизларга Ўз раҳмати-ёмғиридан тотдириш учун ва (денгиздаги) кемалар Унинг амри билан жорий бўлиши ҳамда сизлар (у кемаларда) Унинг фазлу-марҳаматидан (ризқу-рўз) исташларингиз учун ва шукр қилишларингиз учун (шамолларни юборур).  

47. Аниқки, Биз сиздан илгари ҳам пайғамбарларни ўз қавмларига юборганмиз. Бас улар (қавмларига) аниқ-равшан ҳужжатлар келтирганлар. Сўнг Биз жиноят қилган кимсалардан интиқом олганмиз ва иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган. 

48. Аллоҳ шундай зотдирки, шамолларни юборур, бас улар булутни ҳайдар, сўнг (Аллоҳ булутни) Ўзи хохлагандек ёюр ва (агар хохласа) уни бўлак-бўлак қилур, бас сиз уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. Қачон (Аллоҳ) уни Ўзи хохлаган бандаларига етказса баногоҳ улар шод-хуррам бўлурлар. 

49. Ҳолбуки улар устларига (ёмғир) ёғдирилишидан олдин мутлақо ноумид эдилар. 

50. Бас, сиз Аллоҳнинг раҳмати ёмғирнинг изларига қаранг: У қандай қилиб ерни ўлганидан кейин тирилтирди-я! Ҳеч шак-шубҳасиз мана шу (Аллоҳ) ўликларни ҳам тирилтиргувчидир. У барча нарсага қодирдир. 

51. Қасамки, агар Биз бир шамол юбориб, улар (экинларини) сарғайиб-қуриганини кўрсалар, албатта ана ундан кейин куфрони неъмат қилишга турурлар. 

52. Аниқки, сиз «ўликлар»га (сўзингизни) англата олмассиз, орқа ўгириб кетаётган «кар»ларга ҳам уқтира олмассиз. 

53. Яна сиз «кўр»ларни ўз залолатларидан (қайтариб) ҳидоят қилгувчи эмассиз. Сиз фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтирадиган кишиларгагина (ўз сўзларингизни) уқтира олурсиз. Ана ўшалар мусулмонлардир. 

54. Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни ночор нарсадан (яъни бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна ночорлик ва қариликни пайдо қилди. У Ўзи хохлаган нарсани яратур. У билимдон ва қудратлидир. 

55. (Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар (ҳаёти дунёда ҳам) мана шундай (ростдан ёлғонга) бурилгувчи эдилар! 

56. (Шунда) илм ва иймон ато этилган зотлар айтадилар: «Аниқки, сизлар Аллоҳ (Лавҳул-Маҳфузда) ёзиб қўйганидек тирилиш кунигача турдинглар. Бас, мана шу тирилиш кунидир. Лекин сизлар (бу куннинг ҳақ эканини) билмас эдинглар».  

57. Ана ўша кунда (кофир бўлиш билан ўз жонларига) жабр қилган кимсаларга узру баҳоналари фойда бермас ва улардан (Аллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам талаб қилинмас. 

58. Аниқки, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун ҳар турли мисолларни баён қилдик. Қасамки, агар сиз (эй Муҳаммад), уларга (ўзлари талаб қилган) оят-мўъжизани келтирсангиз ҳам, албатта кофир бўлган кимсалар «Сизлар ёлғончининг ўзидирсизлар», дерлар. 

59. Аллоҳ (ҳақиқатни) билмайдиган кимсаларнинг дилларини ана шундай қоплаб-беркитиб қўюр. 

60. Бас (эй Муҳаммад), сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз Аллоҳнинг (сизни ва умматларингизни кофир қавм устига ғолиб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар.







31. Луқмон сураси 


 Ўттиз тўрт оятдан иборат бу сура Маккада нозил бўлгандир. 

Сура Қуръони Каримнинг таърифи билан бошланиб, сўнгра шу буюк борлиқда ҳам Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига далолат қиладиган турли оят-аломатлар мавжуд эканлиги ҳақида хабар берилади ва коинотдаги энг кичик заррадан тортиб, энг катта сайёраларгача, барча мавжудот ягона Яратган томонидан белгиланган тартиб-интизомга бўйинсуниши уқтирилади. 

Бу сурада тўрт кунлик дунё матоъларига алданиб қолган мушриклар ва уларнинг топажак оқибатлари тўғрисида ҳам, ёлғиз Аллоҳга иймон келтириб, ҳаётларини яхши амаллар билан ўтказаётган иймон эгалари ҳақида ҳам мисоллар келтирилади ва сура ниҳоясида барча инсонларни бола-чақа ҳам, мол-дунё ҳам фойда бермайдиган ҳисоб-китоб Куни - Қиёмат ҳақ эканлиги хусусида огоҳлантирилади. 

Бу сурадан Луқмони ҳаким тўғрисидаги хабар ва унинг ўз фарзандига қилган ўгитлари ҳам ўрин олгани сабабли у «Луқмон» сураси деб номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Алиф, Лом, Мим. 

2. Ушбу (оятлар) ҳикматли Китоб оятларидир. 

3-4. У намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган ва охиратга аниқ ишонадиган, чиройли амал қилгувчи зотлар учун раҳбар-йўлбошчи ва раҳмат бўлган (Китоб)дир. 

5. Парвардигорлари тарафидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир. 

6. Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур. Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир. 

7. Қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, гўё уларни эшитмагандек, гўё қулоқларида оғирлик-карлик бордек кибру-ҳаво билан юз ўгириб кетур. Бас унга аламли азоб ҳақида «хушхабар» бериб қўйинг! 

8. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун ноз-неъмат боғлари бордир. 

9. Улар у жойда мангу қолурлар. (Бу) Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир. 

10. У осмонларни сизлар кўрадиган устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун ерда тоғларни барпо қилди ва унда ҳар турли жондор(лар)ни тарқатиб-ёйиб юборди. Яна Биз осмондан сув-ёмғир ёғдириб, (ерда) ҳар турли фойдали (ўсимликларни) ўстириб қўйдик. 

11. Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи! Йўқ, (улар бирон нарсани кўрсата олмаслар, демак) у золим кимсалар очиқ залолатдадирлар. 

12. Аниқки, Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): «Аллоҳга шукр қилгин! Ким шукр қилса, фақат ўз фойдаси учун шукр қилур (яъни қилган шукрининг фойдаси ўзига бўлур). Ким ношукурлик қилса, бас албатта Аллоҳ (унинг ва барча оламларнинг шукр қилишидан) беҳожат ва ҳамду санога лойиқ зотдир». 

И з о ҳ. Нақл қилишларича, Луқмони ҳаким минг йил умр кўрган бўлиб, Тангри таоло у зотга нарса ва воқеа-ҳодисанинг моҳият-ҳақиқатига бехато етиш ва энг тўғри ҳукмини чиқара олиш неъматини - яъни ҳикматни ато этган экан. Шу боисдан ҳам у кишидан инсон шуурининг қоронғу йўлакларини ёритиб юборадиган минглаб ибратли ҳикматлар асар бўлиб қолгандир. 

13. Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан, деган эди: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир». 

14. Биз инсонга ота-онасини (яъни уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!» 

15. Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни қиёмат кунида) Ўзимга қайтурсизлар, бас, мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман». 

16. (Луқмон деди): «Эй ўғилчам, шак-шубҳа йўқки, агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (бир зарра яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас у (амал) бирон харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани-да Аллоҳ келтирур. Зеро Аллоҳ сергак ва огоҳдир. 

17. Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонлиқдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балоларга) сабр-қил! Албатта мана шу ишларнинг мақсадга мувофиғидир. 

18. Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва ерда кибру-ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча-кибр-ҳаволи -мақтанчоқ кимсаларни суймас. 

19. Юрганингда ўртача юргин ва овозингни паст қилгин. Чунки овозларнинг энг ёмони эшаклар овозидир». 

20. (Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?! Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар ўзлари билмаган, ҳидоят топмаган ва ёрқин китоб-ҳужжатга эга бўлмаган ҳолларида Аллоҳ хусусида мужодала қилурлар. 

21. Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», дейилса, улар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак (ана ўшанга) эргашурмиз» дейишади. Агар шайтон уларни ўт азобига чақириб турган бўлса ҳам-а?! 

22. Ким чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди. Барча ишлар охир-оқибатда ёлғиз Аллоҳга борур.  

23. Ким кофир бўлса, бас сизни (эй Мухаммад), унинг куфри ғамгин қилмасин. Улар Ўзимизга қайтажаклар, бас Биз уларга қилган амалларининг хабарини берурмиз. Зеро Аллоҳ диллардаги сирларни билгувчидир. 

24. Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобни (тотишга) мажбур қилурмиз! 

25. Қасамки, агар улардан «Осмонлар ва ерни ким яратган?» деб сўрасангиз албатта «Аллоҳ» дерлар. Сиз «Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин», денг. Йўқ, уларнинг кўплари ана ўша Аллоҳгагина ибодат қилиш зарур эканини билмаслар. 

26. Осмонлар ва ердаги бор нарсалар Аллоҳникидир. Албатта Аллоҳнинг Ўзигина беҳожат ва ҳамду санога лойиқ зотдир. 

27. Агар ер юзидаги бор дов-дарахт қаламлар бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг яна етти денгиз ёрдамга келса Аллоҳнинг сўзлари тугаб-битмас. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир. 

28. (Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (қиёмат кунида) қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни шу қадар осондир). Зеро Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир. 

29. Аллоҳ кечани кундузга киритишини, кундузни кечага киритишини ҳамда қуёш ва ойнинг ҳар бирини белгиланган муддатга жорий бўладиган қилиб бўйсундириб қўйганини ва Аллоҳ шак-шубҳасиз қилаётган амалларингиздан огоҳ эканини кўрмадингмизми?! 

30. Бунинг боиси Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ (илоҳ) экани, улар (яъни мушриклар Аллоҳни) қўйиб илтижо қилаётган бутлари эса ботил нарса экани ва Аллоҳнинг Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир. 

31. Кемалар сизларга Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан кўрсатиш учун У зотнинг марҳамати билан денгизда (сузиб) юрганини кўрмадингизми?! Албатта бунда барча (балоларга) сабр қилгувчи, (неъматларга) шукр қилгувчилар учун оят-ибратлар бордир. 

32. Қачон (кофирларни) тоғлардек тўлқин(лар) ўраб олса, улар чин ихлос билан Аллоҳга дуо илтижо қилурлар. Энди қачонки, (Аллоҳ) уларга нажот бериб, қуруқликка (чиқарса), у ҳолда улардан (айримларигина) тўғри йўл тутгувчидир. Бизнинг оятларимизни инкор қилмас, магар барча хоин ва ношукур кимсаларгина (инкор қилурлар). 

33. Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз ва яна бир Кундан (яъни қиёматдан) қўрқингизким, (у кунда) бирон ота ўз боласи томонидан (бирон нарса) ўтай олмас ва бола ҳам отаси томонидан бирон нарса ўтай олгувчи бўлмас. Албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. Бас ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё (ўзининг ўткинчи неъматлари билан) алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни ғурур (яъни шайтон) Аллоҳ (ҳар ҳандай гуноҳни кечаверади деган алдов) билан алдаб қўймасин! 

34. Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хохлаган вақтда, Ўзи хохлаган жойга ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билгувчи ва огоҳдир.






32. Сажда сураси 


Бу сура ўттиз оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилингандир. 

У Қуръони Каримнинг шак-шубҳасиз Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад алайҳис-саломга туширилган Китоб эканини таъкидлаш билан бошланиб, «Уни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган», дейдиган мушрикларнинг сўзлари ёлғон эканлиги уқтирилади. 

Сўнгра «Мана шу ҳаётдан бошқа ҳаёт йўқ, ҳеч қачон қайта тирилмаймиз», деган кимсаларнинг сўзлари аниқ ҳужжатлар билан рад этилиб, охират ва қиёмат ҳақ эканлиги ҳамда ҳаётларини иймон ва эзгу амаллар қилиш билан ўткарган мўминлар учун Аллоҳнинг ажру-мукофотлари борлиги, ҳаёти дунёда Аллоҳни унутган кимсаларни эса у кунда Аллоҳ ҳам «унутиб» қўйиши ҳақида хабар берилади. 

Сура ана ўша ҳисоб-китоб куни кечадиган аҳволни тасвирлаш билан ниҳояланади. 

Бу сурада сажда ояти мавжуд бўлгани сабабли уни «Сажда» сураси деб номлангандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Алиф, Лом, Мим. 

2. Бу Китобнинг (яъни Қуръоннинг) нозил қилиниши, ҳеч шак-шубҳасиз барча оламларнинг Парвардигори томонидандир. 

3. Балки «Уни (Муҳаммаднинг ўзи) тўқиб олган», дерлар. Йўқ, у (яъни Қуръон) сиздан илгари бирон огохлантиргувчи келмаган қавмни (охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун Парвардигорингиз томонидан (нозил қилинган) Ҳақиқатдир. Шояд улар ҳидоят топсалар. 

4. Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратиб, сўнгра аршни эгаллаган зотдир. Сизлар учун Ундан ўзга бирон дўст ва оқловчи йўқдир. Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?! 

5. У осмондан ергача бўлган барча ишни тадбир қилиб - бошқариб турур, сўнгра (бу ишларнинг барчаси) сизларнинг ҳисобингизга минг йилга тенг бўладиган бир кунда (яъни қиёматда) Унинг Ўзига кўтарилур. 

И з о ҳ. Исломий ақидага кўра, қиёмат куни - кофирлар учун ҳисоб-китобнинг оғир кечганлиги сабабли минг йилга, яна бошқа бир ояти каримада хабар берилишича, эллик минг йилга тенгдек туюлар, мўминлар учун эса, ҳадиси шарифда келганидек, бир вақт намоз ўқигудек муддат каби қисқа ва осон ўтар экан. Ана ўша кунда ҳаёти дунёда рўй берган барча ишлар Аллоҳ таолонинг даргоҳига кўтарилиб, У зот Ўзининг ҳақ ҳукмини чиқаради. 

6. Мана шу (Аллоҳ) ғойиб ва ҳозирни билгувчи, қудратли ва меҳрибондир. 

7. У барча нарсани чиройли қилиб яратган зотдир. 

И з о ҳ. Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандалар эътиборини Ўзи яратган махлуқотларнинг ҳар бирини нақадар етук хикмат билан яратганига қаратмоқда. Дарҳақиқат, дунёдаги мавжудотнинг қай бирига диққат эътибор билан назар солинса, ундаги мутаносиблик ва пухталик ақл эгалари ёдига Яратганнинг нақадар доно ва билгувчи эканини келтиради. Шунда ўтган уламо ва ҳукамоларнинг «Ҳар баргда бир Худо яшар», деган сўзларининг ҳикмати равшанроқ англашилади. 

У инсонни (яъни Одамни) даставвал лойдан яратди. 

8. Сўнгра унинг насли авлодини ҳақир бир сувдан иборат бўлган нутфадан пайдо қилди. 

9. Сўнгра уни (инсон қилиб) ростлаб, ичига Ўз (даргоҳидаги) жондан киритди. У зот сизлар учун қулоқ, кўз, дилларни пайдо қилди. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар. 

10. Улар (яъни кофирлар): «Бизлар ер (остида) йўқ бўлиб кетгач, хақиқатан ҳам яна янги яралиш билан яралурмизми?» дедилар. Йўқ, улар Парвардигорга рўбарў бўлишни инкор қилгувчидирлар. 

11. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар». 

12. Агар сиз у жиноятчи кимсаларни (қиёмат кунида) Парвардигорлари ҳузурида бошлари эгик ҳолда туриб: «Парвардигоро, (ваъданг рост эканлигини) кўрдик ва эшитдик, бас бизларни (ҳаётга) қайтаргин, бизлар яхши амал қилайлик. Энди бизлар (қиёмат ҳақ эканлигига) шак-шубҳасиз ишонгувчидирмиз» (дейишларини) кўрсангиз эди. 

13. Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу сўз ҳақ-собит бўлгандир: «Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва (динсиз) одамларнинг барчаси билан тўлдирурман». 

И з о ҳ. Ушбу оятда Тангри таоло ҳеч кимни мажбуран ҳидоятга бошламаслиги, балки инсу жинни ўз ихтиёрларига қўйиб қўйилиб, сўнгра Аллоҳнинг динига итоат этишдан бўйин товлаган кимсаларни жаҳаннамга дучор қилинишлари аниқ эканлиги уқтирилади. 

14. Бас (эй кофирлар), ушбу кунингиздаги учрашувни унутиб қўйганларингиз сабабли (аламли азобни) тотингиз! Дарвоқе, Биз Ҳам (бугун) сизларни «унутдик». Қилиб ўтган амалларингиз сабабли мангу азобни тотингиз! 

15. Бизнинг оятларимизга фақат қачон у (оятлар) зикр қилинса, сажда қилган ҳолларида йиқиладиган ва кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида ҳамду сано айтиш бил Парвардигорларини поклайдиган зотларгина иймон келтирурлар. 

И з о ҳ. Ушбу оят ҳам сажда оятидир. 

16. Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. 

17. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас. 

18. Ахир мўмин бўлган киши билан фосиқ-итоатсиз бўлган кимса тенг бўлурми? (Йўқ), баробар бўлмаслар! 

19. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун қилиб ўтган амаллари сабабли жаннат маъволари манзил бўлур. 

20. Фосиқ бўлган кимсаларнинг маъволари эса дўзахдир. Ҳар қачон ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзларингиз ёлғон деган дўзах азобини тотингиз», дейилур. 

21. Албатта Биз улар кўз (куфру исёнларидан) қайтишлари учун уларга улуғ азобдан илгари яқин азобни (яъни дунё азобини) тотдирурмиз. 

22. Ўз Парвардигорининг оятлари билан панд-насихат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олгувчидирмиз. 

23. Аниқки, Биз Мусога Китоб - Таврот ато этдик. Бас (Эй Муҳаммад), сиз унинг (Тавротга) рўбарў бўлганидан шубҳа-гумонда бўлманг. Биз (Тавротни) Бани Исроил (қавми) учун раҳбар-йўлбошчи қилдик. 

24. Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач, Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар. 

25. (Эй Муҳаммад), албатта Парвардигорингизнинг Ўзи қиёмат кунида (одамлар) ўртасида улар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида Ўз ҳукмини баён қилур. 

26. Ахир уларга (яъни мушрикларга) Биз улардан илгари қанча аср-авлодларни ҳалок қилганимиз ва ўзлари ўшаларнинг масканларида юрганлари маълум эмасми?! Албатта бунда оят-ибратлар бор-ку! Ахир улар англамайдиларми?! 

27. Ахир улар Биз қуруқ ерга сув ҳайдаб, унинг ёрдамида уларнинг чорвалари ҳам, ўзлари ҳам ейдиган экинларни чиқаришимизни кўрмадиларми?! Ахир қарамайдиларми?! 

28. Улар (мусулмонларга): «Агар ростгўй бўлсангизлар қачон мана шу фатҳ (яъни сизларнинг ғалабангиз) рўй берур», дерлар. 

29. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Фатҳ кунида кофир бўлган кимсаларга иймон келтиришлари фойда бермай қолур ва уларга (тавба-тазарруъ қилиш учун мухлат ҳам берилмас. Сўнг сиз улардан юз ўгиринг ва (уларга келадиган азобга) кўз тутинг! Зеро, улар ҳам кўз тутгувчидирлар.





33. Аҳзоб сураси 


Етмиш уч оятдан иборат бу сура Мадинада нозил қилинган. 

Маълумки, одатда Мадина сураларида, Маккада нозил бўлган суралардан фарқли ўлароқ, сўз асосан исломий турмуш тарзи ва диний урф-одатлар ҳақида боради. Яъни мавзу исломий ақидани англатишдан исломий шариатни баён қилишга кўчади. Ушбу сура ҳам бундан мустасно эмасдир. 

У дастлаб Муҳаммад алайҳис-саломга Аллоҳ таолодангина қўрқишда устиворлик тилаб, ёлғиз Аллоҳгагина суянишга ва фақат ваҳий илоҳийгагина эргашишга буюриш билан бошланади, сўнгра дини Исломдаги (айрим ҳукмларда) боқиб олинган бола туққан фарзанд билан баробар бўлмаслиги баён қилинади ва сура давомида бу мавзуга яна қайтилади. 

Яна бу сурада пайғамбар алайҳис-саломнинг аҳли-аёллари тўғрисида ҳамда уларнинг зиммаларидаги айрича вазифалари ва алоҳида ҳақ-ҳуқуклари борасида ҳам сўз юритилади, шунингдек улар барча мўмин-мусулмонлар учун она мақомида эканликлари, бинобарин мўминлар уларга зиёда эҳтиром ва ўта эҳтиёткорлик билан муомала қилишлари лозим экани уқтирилади. Сура ниҳоясида инсон ўз зиммасига олган Аллоҳ таолонинг барча амру фармонларига итоат этиш вазифаси, ҳатто осмону замин ва тоғу тошлар ҳам кўтара олмаган оғир ва масъул вазифа эканлиги таъкидланади, 

Бу сурадан Мадинада янги барпо бўлган Ислом давлатини йўқ қилиб юбориш ғаразида турли қабила-фирқалар бирлашиб қилган ҳужумлари ва бу жанг воситасида Тангри таоло мўминларнинг иймон-эътиқодларини яна бир бор синовдан ўтказгани ҳақидаги оятлар ҳам ўрин олгани сабабли у «Аҳзоб - Фирқалар» деб номлангандир. 

 Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Эй Пайғамбар, Аллоҳдан қўрқинг ва кофир, мунофиқ кимсаларга бўйинсунманг! Албатта Аллоҳ билгувчи ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

2. Ва (фақат) сизга Парвардигорингиз томонидан ваҳий қилинадиган оятларга эргашинг! Албатта Аллоҳ сизлар қилаётган амаллардан огоҳ бўлган зотдир. 

3. Ёлғиз Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли вакил - сақлагувчидир. 

4. Аллоҳ бирон кишининг ичида икки юрак қилган эмасдир, (шунингдек) сизлар зиҳор қиладиган хотинларингизни ҳам сизларга она қилган эмас ва асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу (яъни хотинларингизни «она» дейишларингиз, асрандиларингизни «бола» дейишларингиз) сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир. Ёлғиз Аллоҳ ҳақиқатни айтур ва Унинг Ўзи (ҳақ) ҳидоят қилур. 

И з о ҳ. Ушбу оятда икки масала хусусидаги Тангрининг ҳукми баён қилинди: Биринчиси «Зиҳор» масаласи бўлиб, бу ибора арабларнинг истилоҳида киши ўз хотинига «сен менга онамнинг бадани каби ҳаромсан», дейишини англатади. Одатда, улар, бу сўзлар айтилган хотин онага айланиб қолади, демак, энди у билан яшаш мумкин эмас, деб ҳисоблар эдилар. Қуръон уларнинг бу гумонлари нотўғри эканлигини уқтиради. Фикҳ - қонуншунослик китобларида юқоридаги сўзларни айтган кишилар ушбу нолойиқ сўзлари учун маълум тартибда каффорат - жарима тўлаб, никоҳларидаги хотинлари билан яшайверишлари жоиз эканлиги айтилади. 

Иккинчи масала: Асранди бола Шариати Исломийя ҳукмича ҳар тарафлама пушти камардан бўлган бола каби бўлмаслиги ҳақидадир. Бу оят пайғамбар алайҳис-салом ўғил қилиб олган Зайд бинни Хориса ҳақида нозил қилинган бўлиб, сура давомида бу мавзуга яна қайтилади. 

5. Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар. Шу Аллоҳ наздида тўғрироқдир. Энди агар уларнинг оталарини билмасангизлар, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир (яъни у ҳолда уларни биродарим Фалончи, ёки дўстим Фалончи, деб чақиринглар, лекин боқиб олган отасининг номи билан чақирманглар). Қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар). Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир. 

6. Пайғамбар мўминларга ўзларидан хам ҳақдорроқдир, унинг аёллари эса уларнинг оналаридирлар. Аллоҳнинг китобида қариндош-уруғлар (меросхўрликда) бир-бирларига (қон-қариндош бўлмаган) мўминлардан ва муҳожирлардан кўра ҳақдорроқдирлар. Магар сизлар (диний) дўстларингизга (уларни ўзингиз учун ворис қилишлик билан) яхшилик қилмоғингиз (жоиздир). Бу - Китобда (яъни Лавҳул-Маҳфузда) битиб қўйилган (ҳукмдир). 

7-8. Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан сиздан) Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо бинни Марямдан аҳду паймонларини олгандик. У ростгўйлардан (қиёмат кунида) ростгўйликлари хақида сўраш учун улардан пухта ахду паймон қилдик - Аллоҳ кофирлар учун аламли азоб тайёрлаб қўйгандир. 

9. Эй мўминлар, сизларга (қарши турли фирқалардан иборат) қўшинлар келган пайтида, Биз уларнинг устига шамол ва сизлар кўрмаган қўшинларни (яъни фаришталарни) юборганимизни - Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланглар! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчи бўлган зотдир. 

10. Ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан хам, сизлардан қуйироқ томондан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдинглар. 

11. Ана ўша жойда мўминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар. 

12. Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар. 

13. Ўшанда улардан бир тоифа одам деди: «Эй Ясриб (яъни Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир, бас (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар». Улардан яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди),» деб пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар. 

14. Агар уларнинг (мунофиқларнинг) устига (Мадинанинг турли) томонларидан (бостириб) кирилса-да, сўнгра улардан фитна (яъни мусулмонларга хиёнат қилиш) талаб қилинса, шак-шубҳасиз улар кўп (иккиланиб) турмасдан (хиёнатга розилик) берган бўлур эдилар. 

15. Ҳолбуки, улар илгари ортга чекинмасликлари ҳақида Аллоҳга ахду паймон берган, Аллоҳга берилган аҳду паймон эса (қиёмат кунида) сўралгувчи эди. 

16. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсангизлар, бу қочиш сизларга бирон фойда бермас, демак сизлар жуда оз (яъни ажалларингиз етгунча) фойдаланурсизлар, холос. 

17. Айтинг: «Агар Аллоҳ сизларга ёмонликни ирода қилса, қай бир кимса сизларни ундан асрай олур, ёки У зот сизларга марҳаматни ирода қилса (ким уни тўса олур)?!» Улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст, бирон ёрдамчи топа олмаслар. 

18-19. Аллоҳ сизларнинг орангиздаги (жиҳодга) тўсқинлик қиладиган ва ўз дўстларига «Биз томонга ўтинглар» дейдиган кимсаларни аниқ билур. Улар жангга камдан-кам, сизларга (яъни сизларнинг ғалаба қозониб, ўлжаларга эга бўлишингизга) бахилликлари келган ҳолдагина келурлар. Бас, қачон (ёв томонидан) хавф келса, сиз уларни ўлим ўраб (шайтонлаб) қолган кимса каби кўзлари ўйнаб, сиз томонга қараётганларини кўрурсиз. Энди қачон хавф кетса, улар яхшилик (яъни ўлжалар) устида очкўзлик қилиб сизларни ўткир тиллар билан ранжитурлар. Улар (сидқидилдан) иймон келтирмаганлар, бас (шу сабабли) Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда кетказди. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир. 

20. Улар (яъни мунофиқлар қўрқоқликлари сабабли кофир фирқалар Мадина атрофидан тарқаб кетганларидан кейин ҳам) у фирқаларни кетмаган деб ўйлайдилар, ва агар у фирқалар (яна қайтиб) қолсалар (мунофиқлар шаҳарда - сизларнинг ичингизда эмас, балки саҳрода) кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизларнинг ҳоли-хабарларингиз ҳақида сўраб-билиб туришни дўст тутадилар. Агар улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар. 

И з о ҳ. Юқоридаги (9-20) оятларда ҳижратнинг бешинчи санасида бўлиб ўтган ва Ислом тарихида «Хандақ жанги» деган ном билан қолган бир жанг тафсилоти баён қилинди. Муфассирларнинг ёзишларича, воқеа бундай бўлган экан: Макка ва Мадина атрофларидаги бир неча қабила-фирқалар мусулмонларни йўқ қилиб юбориш учун тил бириктиришиб, ўн икки мингдан ортиқ қўшин тўплайдилар ва Мадинага юриш қиладилар. Бу шум хабардан воқиф бўлгач, пайғамбар алайҳис-салом уч минг чоғли аскарлари билан Мадинанинг четига чиқиб, саҳобалардан Салмони Форсийнинг маслаҳатларига кўра зудлик билан шаҳарнинг чор-атрофига хандақ кавлайдилар ва ўзлари ҳимояга ҳозир бўлиб турадилар. Шу орада ҳар тарафдан етиб келган турли фирқаларнинг йўлини шу пайтгача араб урушларида қўлланилмаган усул - хандақ тўсади ва улар Мадинани тўрт томонидан қуршаб қамал қиладилар, аммо шаҳар ичига кириш чорасини топа олмайдилар. Шаҳар аҳолиси эса қамал қилиб турган ёвнинг ваҳшатидан даҳшатга тушади ва шунда мўмин ким-у, мунофиқ кимлиги ажралиб қолади: Мўминлар Аллоҳ таолонинг нусратига кўз тикиб, пайғамбар алайҳис-салом теварагига янада жипслашадилар, мунофиқлар эса бутунлай ноумидликка тушиб, ўзгаларни ҳам васвасага сола бошлайдилар. Мана шу зайлда бир ойга яқин муддат кечганидан сўнг, бир куни тўсатдан ҳаво совуб, қаттиқ бўрон туради ва қамал қилиб турганлар ёққан ўт-оловларни ўчириб, тиккан чодир-ўтовларини ўчириб кетади ва улар Мадинага киришдан умидлари узилиб, ортларига қайтиб кетишдан ўзга чора топа олмай қоладилар. Шундай қилиб, Тангри таоло ушбу оғир дамларда мўминларнинг иймонларини яна бир бор имтиҳон қилади ва тил учида иймон келтирсалар-да, дилларида мараз-нифоқ бўлган кимсаларнинг кирдикорларини фош этади. 

21. (Эй мўминлар), сизлар учун - Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир. 

22. Мўминлар у фирқаларни кўрган вақтларида: "Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир", дедилар ва (устиларига бостириб келаётган фирқаларнинг сон-саноқсизлиги) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос. 

23. Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (У зотнинг йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, (яъни шаҳид бўлди), улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ. 

24. Аллоҳ (ўз аҳду паймонларига) содиқ бўлган кишиларни ростгўйликлари сабабли мукофотлаш учун, мунофиқларни эса агар Ўзи хохласа (мунофиқ ҳолларида ўлдириб) азобга гирифтор этиш, ёки тавбаларини қабул қилиб (гуноҳларини мағфират этиш) учун (мазкур синовга дучор қилди). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир. 

25. Аллоҳ кофирларни (яъни фирқаларни) хафа ҳолларида қайтарди. Улар бирон яхшилик фойдага эришмадилар. Аллоҳ мўминларга жанг тўғрисида кифоя қилди (яъни осмондан шамол ва фаришталар юбориб, мўминларни жангсиз ғолиб қилди). Аллоҳ кучли, қудратли бўлган зотдир. 

26. У (фирқаларга) ёрдам берган, аҳли китобдан иборат бўлган кимсаларни (Аллоҳ) ўз қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқинч солди. (Энди) сизлар (улардан) бир гуруҳни ўлдирурсизлар, бир гуруҳни асир олурсизлар. 

27. Ва сизларни уларнинг ерларига, ҳовли-жойларига, молу мулкларига ва (ҳали) сизларнинг оёқларингиз етмаган ерларга ворис қилди. Аллоҳ ҳар нарсага қодир бўлган зотдир. 

И з о ҳ. Бу икки оят Бану Қурайза номли яҳудий қабиласи ҳақида нозил қилингандир. Бу қабила илгари пайғамбар алайҳис-салом билан бир-бирларига қарши урушмаслик ҳақида битим тузган эди. Кофир фирқалар мўминларга қарши юриш қилганларида эса улар ўртадаги битимни хиёнаткорона бузиб, фирқаларга қўшилиб олдилар. Шунинг учун у фирқалар қайтиб кетганларидан кейин мусулмонлар Бану Қурайза қабиласини қуршовга оладилар ва улар яшириниб олган қалъаларидан чиқиб таслим бўлишга мажбур бўладилар. Шунда улардан бир қанчаси қатл қилиниб, қолганлари мусулмонлар томонидан асир олинади ва ер-мулклари мусодара қилинади. 

28. Эй пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: «Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу-зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд этай ва чиройли кузатиш билан кузатай. 

29. Агар Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилгувчилар учун улуғ мукофот - жаннатни тайёрлаб қўйгандир». 

30. Эй пайғамбар аёллари, сизлардан ким аниқ гуноҳни қилар экан, унинг учун азоб икки баробар қилинур. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир. 

31. Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқ (яъни жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз. 

32. Эй пайғамбар аёллари, сизлар агар тақводор бўлсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмас). Бас, сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши - тўғри сўзни сўзланглар! 

33. Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар! (Эй пайғамбар) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди холос. 

34. Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар! Албатта Аллоҳ меҳрибон ва огоҳ бўлган зотдир. 

35. Албатта муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар - улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир. 

36. Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган - буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўшиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди. 

И з о ҳ. Ушбу оят пайғамбар алайҳис-саломнинг аммалари Умму Айманнинг қизи Зайнаб бинти Жаҳш ҳақида нозил бўлгандир. Пайғамбаримиз Зайнабни ўзларининг асраб олган ўғиллари Зайд бин Хорисага хотинликка сўраб совчи бўлиб борганларида, у унамасдан: «Ё Расулуллоҳ, ахир мен Қурайшнинг энг олий насабли аёлларидан бўлсам, Зайд эса куни кеча озод бўлган қул бўлса, қандай қилиб у менга муносиб бўлсин», дейди. Шунда пайғамбар алайҳис-саломга юқоридаги оят нозил бўлгач, ноилож қолиб, ўз розилигини беради ва Зайдга никоҳлаб берилади. Лекин Зайд билан Зайнабнинг турмушлари яхши бўлмайди. Чунки Зайнаб эрига нописандлик билан муомалада бўлар ва мудом унга ўзининг олийнасаб эканини пеш қилаверар эди. Охир оқибат Зайд пайғамбарнинг олдиларига Зайнаб ҳақида шикоят қилиб келиб, у билан бирга ортиқ яшай олмаслигини айтади. Дарвоқе, бу орада Аллоҳ таоло томонидан пайғамбар алайҳис-саломга ваҳий келган бўлиб, унда Зайд Зайнаб билан ажрашиб кетишлари ва пайғамбар Зайнабга уйланишлари ҳақида хабар берилган эди. Лекин пайғамбар алайҳис-салом одамларнинг «Муҳаммад ўзи асраб олган ўғлининг хотинига уйланди», деб таъна қилишларидан чўчиб бу ваҳийни ошкор қилмай келар эдилар. Шунинг учун ҳам Зайд келиб хотини билан ажрашмоқчи эканини билдирганида, унга сабр қилишни маслаҳат берадилар. Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига мана шу иши учун танбеҳ беради. 

37. (Эй Муҳаммад), эсланг, сиз Аллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан) инъом-марҳамат қилган ва сиз (қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб олиш билан) инъом қилган кишига (яъни Зайд бинни Хорисага): «Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин (яъни талоқ қилишга шошмагин), Аллоҳдан қўрқгин», деб Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ бўлгани ҳолда, сиз одамлардан (яъни уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз. Бас, қачонки Зайд ундан (яъни Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач (яъни уни талоқ қилгач), Биз сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач (яъни уларни талоқ қилишгач) уларнинг (хотинларига уйланишларида танглик бўлмаслиги учун (шундай) қилдик). Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилингувчи бўлди. 

38. Аллоҳ пайғамбарга фарз қилган (яъни ҳалол қилган) нарсада унга бирон танглик бўлмас. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг йўли - қонунидир (яъни улар учун ҳам Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларда ҳеч қандай танглик бўлмаган). Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди. 

39. Улар (яъни ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонларини (бандаларга) етказадиган, У зотдан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб қилгувчидир. 

40. Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган зотдир. 

41. Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар. 

42. Ва эртаю кеч У зотни поклаб тасбеҳ айтинглар! 

43. У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У мўминларга меҳрибон бўлган зотдир. 

44. (Мўминлар Аллоҳга) рўбарў бўладиган кунда уларга (Аллоҳ томонидан йўлланадиган) салом тинчлик-омонлик тилаш бўлур. (Аллоҳ) улар учун улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир. 

45-46. Эй пайғамбар, дарҳақиқат Биз сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотга (яъни Унинг динига) даъват қилгувчи ва (Ҳақ йўлини кўрсатгувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз. 

47. Мўминларга хушхабар берингки, шак-шубҳасиз, улар учун Аллоҳ томонидан катта фазлу марҳамат (яъни жаннат) бордир. 

48. Сиз кофирлар ва мунофиқларга бўйинсунманг ва уларнинг озор-азиятларига парво қилманг ҳамда Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли вакил-ҳомийдир. 

49. Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга қўл тегизишдан (яқинлашишдан) илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас. Бас сизлар уларни (озми-кўпми ҳадя билан) баҳраманд қилиб, чиройли кузатиш билан кузатинглар! 

И з о ҳ. Маълумки, шариати Исломийя қонунига кўра эр-хотин ажралишганида, хотин бошқа турмуш қуриш ҳуқуқига фақат уч ҳайз муддатида идда сақлаганидан кейингина эга бўлар эди. Энди агар эр-хотин қовушмасдан туриб ажраладиган бўлсалар, у ҳолда хотиннинг идда сақлашига ҳожат йўқдир, чунки идда хотин кишининг ҳомиладор бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун сақланар эди. Яна бундай ҳолатда эр-хотиннинг ҳақ-махрини тўлаши ҳам лозим эмас, балки ўзи кўнглидан чиққан бирон совға билан ўша хотинни фойдалантириши кифоя экан. 

50. Эй пайғамбар, албатта Биз сиз учун ҳаққи-маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга (жангу жадалларда) ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини ва аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва холаларингизнинг қизларини яна (ҳар қандай) мўмина аёлни - агар у ўзини пайғамбарга ҳадя этсаю, пайғамбар уни (ҳаққи маҳр бермай) ўз никоҳига олишни истаса (мазкур аёлларнинг барчасини Биз сиз учун) ҳалол қилдик. (Ўзини ҳадя этган аёлга ҳаққи маҳрини бермасдан уйланиш ижозати) мўминлар учун эмас, холис сиз учундир. Биз (мўминларга) жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари хақида фарз қилган ҳукмларимиз эса аниқ маълумдир. Токи сизга танглик бўлмаслиги учун (Биз сизга мазкур имтиёзларни бердик). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир. 

51. Сиз (аёлларингиздан) ўзингиз хохлаган аёлни колдириб, ўзингиз хоҳлаган аёлни ўзингизга ҳамхона қилурсиз. Ўзингиз четлатган аёлларингиздан бирон аёлни (ўзингизга яна ҳамхона қилишни) истасангиз сизга ҳеч қандай гуноҳ бўлмас. Бу (яъни аёлларингизга қиладиган муомалангизда сизга ихтиёр бериб қўйишимиз), уларнинг кўзлари қувонишига, ғамгин бўлмасликларига ва сиз уларга ато этган нарсага барчалари рози бўлишларига яқинроқ (йўлдир). Аллоҳ сизларнинг дилларингиздаги сирларингизни (ҳам) билур. Аллоҳ билгувчи ва ҳалим бўлган зотдир. 

52. (Эй Муҳаммад), сиз учун бундан сўнг аёллар (яъни мана шу аёлларингиз устига яна уйланишингиз) ҳалол бўлмас ва гарчи (бошқа) хотинларнинг ҳусни жамоллари сизни қизиқтирса ҳам уларни (ўз аёлларингизга) алмаштириш ҳам (яъни аёлларингизни талоқ қилиб, уларни никоҳингизга олиш ҳам сиз учун ҳалол бўлмас). Магар сиз эга бўлган чўрилар (ҳалолдир). Аллоҳ барча нарса устида кузатиб тургувчи бўлган зотдир. 

53. Эй мўминлар, пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирон таомга чақирилсагина киринглар. (Ўшанда ҳам) унинг пишишига кўз тутиб тургувчи бўлманглар, балки чақирилган пайтингизда кириб, таомлангач тарқалинглар ва бирон гапга берилган ҳолингизда (у ерда қолиб кетманглар)! Чунки бу (ишларингиз) пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан (яъни сизларни чиқариб юборишдан) тортинар. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) тортинмас. Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмасдир. Чунки бу (ишларингиз) Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир. 

54. Агар сизлар бирон нарсани ошкор қилсангизлар ё яширсангизлар, албатта (Аллоҳ билур). Зеро Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган зотдир. 

55. (Пайғамбар аёллари) ўзларининг оталарига, ўғилларига, оға-иниларига, оға-иниларининг ўғилларига, опа-сингилларининг ўғилларига, (мўмина) аёлларга ва қўл остиларидаги чўриларга (очиқ ҳолда кўринишларида) уларга бирон гуноҳ бўлмас. (Эй пайғамбар аёллари), Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ барча нарса устида гувоҳ бўлган зотдир. 

56. Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар! 

57. Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир. 

58. Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар. 

59. Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир. 

60-61. Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида мараз бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тўхтамасалар, албатта Биз сизни уларга қарши оёқлантирурмиз, сўнгра улар (Мадинада) сиз билан бирга тура олмай қолурлар, магар лаънатга дучор бўлган ҳолларида озгина (вақт тура олурлар холос), (У пайтда) улар қаерда топилсалар ушланурлар ва ўлдириб ташланурлар. 

62. (Бу) илгари ўтган зотлар ҳақидаги Аллоҳнинг йўли-қонунидир. Аллоҳнинг йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз. 

63. Одамлар сиздан (қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У (соатни) билиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол у соат яқин келиб қолгандир. 

64. Албатта Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ўтни тайёрлаб қўйди. 

65. Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар. 

66. Юзлари оловда айлантириладиган - куйдириладиган кунда, улар: «Кошки эди бизлар ҳам Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда», дерлар. 

67-68. Яна улар: «Парвардигоро, дарҳақиқат бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйинсундик, бас улар бизларни (тўғри) йўлдан оздирдилар. Парвардигоро, Сен уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин», дедилар. 

69. Эй мўминлар, сизлар (ўз пайғамбарларингиз Муҳаммадга нисбатан Бани Исроил қавмидан бўлган) Мусо) озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас Аллоҳ (Мусони) улар айтган айблардан поклади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди. (Худди шунингдек Муҳаммад ҳам Аллоҳ наздида обрўли кишидир). 

70. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! 

71. (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди. 

72. Албатта Биз бу омонатни (яъни шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди). 

73. Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун хамда мўмин ва мўминаларнинг тавба-тазарруларини қабул килиб, (гуноҳларини мағфират қилиш учун Одам болаларига бу омонатни юклади). Аллоҳ мағфират қилгувчи ва меҳрибон бўлган зотдир.






34. Сабаъ сураси 


Бу сура эллик тўрт оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилинган. 

Сура осмонлар ва ерни яратган, дунё ва охиратнинг ёлғиз подшоҳи бўлган Тангри таолога ҳамду-сано айтиш билан бошланиб, сўнгра У зотнинг еру-осмондаги барча сирру-асрордан огоҳ экани, бинобарин қиёмат кунида бу дунёда қилиб ўтилган ҳар бир зарра яхшилик ва ёмонликнинг мукофот - жазосини бериши ҳақида хабар берилади ва бу дунёда одамларни Ҳақ йўлидан оздириб ботил йўлларга бошлаган кимсалар у дунёдаги даҳшатли азоб олдида уларга эргашган кишиларнинг гуноҳларини бўйинларига олмасликлари таъкидланади. Бу сурада Аллоҳ таоло ато этган неъматларга шукр қилиб, У зотга сидқидилдан бандалик қилган Довуд ва Сулаймон пайғамбарларнинг қиссалари ҳам яна зикр қилинади. Шунингдек, Тангри ато этган ноз-неъматларга ношукурлик қилганлари оқибатида улардан маҳрум бўлган «Сабаъ» қабиласи ҳақида ҳам ҳикоя қилинадики, бу суранинг «Сабаъ» деб аталишининг боиси шудир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. (Барча) ҳамду сано Аллоҳ учундир. У шундай зотки, осмонлардаги ва ердаги бор нарса Уникидир. Охиратдаги ҳамду сано ҳам ёлғиз Унинг учундир. У ҳикмат эгаси ва (барча нарсадан) хабардордир. 

2. У ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазинаю-дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ут-ўлан, наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу рўз, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган (яхши амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. У меҳрибон ва мағфиратлидир. 

3. Кофир бўлган кимсалар «Бизларга (қиёмат) соати келмас», дедилар. (Эй Муҳаммад, улврга) айтинг: «Йўқ! Ғайбни билгувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз у (яъни қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва ердаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Аллоҳ)дан маҳфий бўлмас - албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмиши - Лавҳул-маҳфузда у) мавжуд бўлур». 

4. Токи (Аллоҳ) иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни мукофотлаши учун (шак-шубҳасиз қиёмат соати келур). Ана ўша зотлар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни жаннат) бордир. 

5. Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрган кимсалар учун эса аламли жазодан иборат азоб бордир. 

6. (Эй Муҳаммад), илм ато этилган зотлар сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган (Қуръоннинг) ҳақ (Китоб) эканини ва у қудратли, ҳамду санога лойиқ зотнинг йўлига ҳидоят қилишини билурлар. 

7-8. Кофир бўлган кимсалар эса: «Сизларга (қабрларингизда чириб) титилиб бўлак-бўлак бўлиб кетган вақтингизда шак-шабҳасиз яна янгитдан яратилурсизлар, деб хабар берадиган бир кишини кўрсатайликми? У Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиб олдими ёки жинни бўлиб қолдими?» - дедилар. Йўқ, (Муҳаммад алайҳис-салом ёлғон тўқиб олгани ҳам, жинни бўлиб қолгани ҳам йўқ, (балки) охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг ўзлари азобда ва (ҳақ йўлдан йироқ) залолатдадирлар. 

9. Ахир улар олдиларидаги ва ортларидаги (яъни чор-атрофларидаги) нарсаларга - осмону заминга боқмайдиларми?! Агар Биз хохласак, уларни ерга юттириб юборурмиз ёки осмонни устларига парча-парча қилиб туширурмиз. Албатта бунда ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи банда учун оят-ибрат бордир. 

И з о ҳ . Яъни ҳар бир инсоф-диёнатли банда бундан ибрат олиб, еру-осмондек буюк мавжудотни яратган ва уларни Ўз қудрати илоҳийясига бўйинсундирган Тангри таоло албатта қабрлардаги жасадларга ҳам қайта жон ато этишга қодир эканини билиб олиши мумкиндир. 

10. Аниқки Биз Довудга (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик «Эй тоғлар ва қушлар (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!» Ва унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. 

11. (Ва унга дедик): «Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро Мен қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидирман». 

12. Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўюрмиз. 

13. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни - ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта)лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берурлар. «(Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир». 

14. Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асоини еяётган (ёғоч) кемирувчи қуртгина дадолат қилди. Бас қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билгувчи бўлганларида бу хор қилгувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлур эдилар. 

И з о ҳ . Мазкур оятларда ота-ўғил - Довуд ва Сулаймон пайғамбарларга Аллоҳ таоло ато этган неъматлар санаб ўтилди. Дарҳақиқат Тангри таоло Довуд алайҳис-саломга шундай хуш овоз берган эканки, у киши Забурни тиловат қилганларида осмонда учиб кетаётган қушлар тек қотар ва чор атрофдаги тоғу-тошлар билан бирга у зотга жўровоз бўлиб тиловат қилишар экан. Ўша замонда темирчилик ҳунари ниҳоят даражада равнақ топган бўлиб, темирчилар ўзларининг асбоб-анжомлари воситасида истаган нарсаларини ясай олар эканлар. Асли касби совутсозлик бўлган Довуд пайғамбар эса шундай фазилатга эга эканларки, қўллари теккан темир хамирдек мулойим бўлиб қолар ва у зот бирон асбоб-анжомсиз уни ўзлари хоҳлаган шаклга киритар эдилар. Бу мўъжизанинг гувоҳи бўлган кишилар Довуднинг ҳақ пайғамбар эканига иймон келтиришар эди. 

Энди Сулаймон алайҳис-саломга эса Аллоҳ таоло инсу-жин подшоҳлигини ато этган эди. Учар шамоллар ҳам у зотнинг инон-ихтиёрида бўлиб, истаган жойларига бир зумда элтиб қўяр эди. Сулаймон пайғамбарга берилган мўъжизалардан яна бири мис булоғи бўлиб, ривоят қилинишича ундан сув ўрнига муздек мис оқиб ётар, пайғамбар измидаги жинлар эса ўша мисдан у зотнинг хоҳлаган нарсаларини ясаб беришар экан. Ушбу сўнгги оят айрим кишиларнинг жинлар ғайбни - яъни келажакда рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни биладилар, деган гумонларини рад этади. Чунки улар то ўтирган ҳолларида жон таслим қилган Сулаймон алайҳис-саломнинг суяниб ўтирган асоларини бир йил давомида ёғоч қурти еб ерга қулаб тушмагунларича у зотнинг вафот қилганларини билмаганлар ва тиним билмасдан пайғамбар уларга буюрган оғир меҳнатда - баланд қаср бино қилишда давом этганлар. Ушбу оятларда Аллоҳ таоло ато этган фазлу-марҳаматига шукр қилиб ўтган солиҳ пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилинган бўлса, қуйидаги оятларда Тангри берган неъматларга ношукурлик қилганлари оқибатида улардан маҳрум қилиниб, ҳалокатга гирифтор бўлган қавм тўғрисида сўз юритилади. 

15. Аниқки Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида Аллоҳнинг фазлу-марҳаматига далолат қиладиган) бир аломат бор эди - ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга) «Парвардигорингиз (берган) ризқу-рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират килгувчи Парвардигордир», (деган эдик). 

16. Бас улар (Бизга шукр қилишдан) юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўқиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор «боғлар»га алмаштириб қўйдик. 

17. Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз. 

18. Биз улар билан Ўзимиз баракотли қилган (Шом) қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган (яъни бир-бирига яқин) қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва, улар орасида юриш (масофаси)ни ҳам ўлчаб-белгилаб (уларга): «Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар», (деган эдик). 

19. Улар эса (бу неъматларга ношукурлик қилиб): «Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин», дейишиб, ўзларига зулм қилдилар, бас Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тирқиратиб юбордик). Албатта бунда ҳар бир (балоларга сабр-қаноат қилгувчи, неъматларга) шукр қилгувчи учун оят-ибратлар бордир. 

20. Дарҳақиқат Иблис уларнинг устидаги («Мен уларни йўлдан оздира олурман», деган) гумонини рўёбга чиқарди, бас (Сабаъ қабиласи Иблисга эргашдилар), фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга бўйинсунмадилар). 

21. (Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги - фақат Биз охиратга иймон келтирадиган кишиларни, ундан (яъни охиратдан) шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир. (Яъни охират ҳақида шубҳа қилгувчи кимсалар Иблиснинг иғвосига учиб, унга эргашурлар ва Аллоҳнинг неъматларига ношукурлик қилурлар. Охиратга иймон келтирган зотларга эса унинг васвасаси кор қилмас.) Парвардигорингиз барча нарсанинг устида кузатиб тургувчидир. 

22. (Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир. 

23. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар). То қачон (Парвардигор улар учун шафоатга изн бериши билан) дилларидан қўрқув кетказилгач улар (бир-бирларига): «Парвардигорингиз нима деди (яъни шафоатга ҳақиқатан изн бердими?)», деб (савол қилишиб), «Ҳақни (айтди, яъни ҳақиқатан шафоатга изн берди), У юксак ва буюк зотдир», дейишиб (жавоб қилурлар). 

24. (Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Ким сизларга осмонлар ва ердан ризқу рўз берур?» Айтинг: «Аллоҳ (ризқ берур). Шак шубҳасиз ё бизлар ёки сизлар (яъни икки тоифадан бири) аник ҳидоят устида ёки очиқ залолатдадир». 

25. Айтинг: «Сизлар бизлар қилган гуноҳ тўғрисида масъул бўлмассизлар ва бизлар сизлар қилаётган амаллар тўғрисида масъул бўлмасмиз». 

26. Айтинг: «Парвардигоримиз (қиёмат кунида) ўртамизни жамлар, сўнгра ўртамизда ҳақиқат - адолат билан ҳукм қилур. Унинг Ўзигина (адолат билан) ҳукм қилгувчи ва (ким ҳақ, ким ноҳақ эканини) билгувчидир». 

27. Айтинг: «(Эй мушриклар), сизлар менга (ўзларингизча Аллоҳга) қўшиб олган бутларингизни (ҳақиқатан У зотга) шериклар эканини кўрсатингиз-чи?! Йўқ, (бу гумонларингиз хатодир). Балки (ёлғиз) Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат эгасидир. 

28. (Эй Муҳаммад), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огохлантиргувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар. 

29. Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган қиёмат) қачон бўлади? дерлар. 

30. Айтинг: «Сизлар учун шундай бир куннинг ваъдаси бордирки, сизлар ундан бирон соат кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмассизлар». 

31. Кофир бўлган кимсалар: «Бизлар бу Қуръонга ҳам, ундан олдинги (китобларга) ҳам ҳаргиз иймон келтирмаймиз», дедилар. (Эй Муҳаммад), агар сиз ўша золим кимсаларни (қиёмат кунида) Парвардигор ҳузурида турғизуб қўйилиб, бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди. (Ўшанда) бечора саналган (яъни эргашувчи бўлган) кимсалар, мутакаббир кимсаларга (яъни ўз пешволарига): «Агар сизлар бўлмаганингизда, бизлар шак-шубҳасиз, мўминлар бўлур эдик», десалар, 

32. Мутакаббир кимсалар бечора саналган кимсаларга: «Сизларга ҳидоят келганидан сўнг сизларни (ундан) биз тўсдикми? Йўқ, ўзларингиз жиноят қилгувчи бўлдингизлар», дерлар. 

33. Бечора саналган кимсалар эса мутакаббир кимсаларга: «Йўқ, кечаю кундуз қилган макр-ҳийла(ларингиз бизларни мўмин бўлишдан тўсган эди). Ўшанда сизлар (ўз макр-ҳийлаларингиз билан) бизларни Аллоҳга кофир бўлишга ва У зотга (ўзгаларни) тенг шерик қилишга зўрлар эдингизлар», дедилар. Азобни (ўз кўзлари билан) кўрган вақтларида улар (яъни пешволар ҳам, эргашганлар ҳам) ичларида надомат қилдилар ва Биз кофир бўлган кимсаларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Уларга фақат ўзлари (ҳаёти дунёда) қилиб ўтган қилмишларининг жазоси берилур. 

34. Биз қайси бир қишлоқ-шаҳарга бирон огохлантиргувчи (пайғамбар) юбормайлик, албатта у жойнинг боёнлари «Аниқки биз сизлар элчи қилиб юборилган нарсага кофирдирмиз», дедилар. 

35. Яна улар: «(Бизларнинг мол-дунё ва болаларимиз - иймон келтирганлардан кўра) кўпроқ, (бинобарин бизлар) азоблангувчи эмасдирмиз», дедилар. 

36. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Албатта Парвардигорим Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Лекин кўп одамлар (буни) билмаслар». 

37. На молу дунёларингиз ва на болаларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилгувчи эмасдир. Фақат иймон келтирган ва яхши амал қилган зотлар - ана ўшалар учунгина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бўлур ва улар (жаннатдаги) юксак манзилларда тинч-омон бўлурлар. 

38. Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрадиган кимсалар - улар азобга дучор қилингувчидирлар. 

39. Айтинг: «Албатта Парвардигорим бандаларидан Ўзи хохлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир. 

40. (Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?» дейилган кунда. 

41. (Фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар», дерлар. 

42. Энди Бу кунда бирингиз бирингизга на фойда ва на зиён етказишга қодир бўлмас ва Биз, золим бўлган кимсаларга: «Ўзларингиз ёлғон деган дўзах азобини тотиб кўрингиз», дермиз. 

43. Қачон уларга Бизнинг аниқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса: улар: «Бу (яъни Муҳаммад алайҳис-салом) фақат сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб ўтган бутлардан тўсмоқчи бўлган кимсадир», дерлар ва «Бу (яъни Қуръон) фақат тўқилган бир бўҳтондир», дерлар. Кофир бўлган кимсалар уларга Ҳақиқат - Қуръон келган вақтида у ҳақда «Бу фақат очиқ сеҳрдир», дедилар. 

44. Ҳолбуки (илгари) Биз уларга ўқиб-ўрганадиган китоблар ато этган эмасмиз ва уларга сиздан аввал бирон огохлантиргувчи (пайғамбар) ҳам юборган эмасмиз. 

45. Улардан илгари (ўтган) кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган эдилар - Ҳолбуки (Макка мушриклари) Биз уларга ато этган неъматларнинг ўндан бирига ҳам етганлари йўқ. Бас ўшалар Менинг пайғамбарларимни ёлғончи қилишгач, Менинг инкорим қандай бўлган эди?! 

46. (Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Мен сизларга фақат биргина нарсани - Аллоҳ учун жуфт-жуфт, ёлғиз-ёлғиз ҳолингизда туриб, сўнгра (Муҳаммад ва У келтирган Китоб ҳақида) тафаккур қилишингизни тавсия қилурман. Соҳибингизда (яъни Муҳаммадда) ҳеч қандай жиннилик йўқдир. У фақат қаттиқ азоб олдидан сизларга (юборилган) бир огоҳлантиргувчи (пайғамбардир) холос». 

47. Айтинг: «Мен сизлардан сўраган бор ажру-мукофот ўзларингизга бўлсин (яъни мен сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамасман). Менинг ажр-мукофотим ёлғиз Аллоҳнинг зиммасидадир. У барча нарсага гувоҳдир». 

48. Айтинг: «Албатта Парвардигорим Ҳақ - Қуръонни (ботил-жаҳолат устига) отур. У ғайбларни аниқ билгувчидир». 

49. Айтинг: «Ҳақ - Қуръон келди (ва ботил-динсизлик йўқ бўлди. Энди (ботил) янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизликни) қайтара ҳам олмас. 

50. Айтинг: «Агар мен (Ҳақ йўлидан) озсам, бас фақат ўз зиёнимга озурман ва агар (Унинг йўлига) ҳидоят топсам, у ҳолда Парвардигорим менга ваҳий қилаётган (Қуръон) сабаблигина (ҳидоят топурман). Шак-шубҳасиз У эшитгувчидир, яқиндир». 

51. (Эй Муҳаммад), агар сиз (мушрик-кофирларни) даҳшатга тушиб, қочгани жой топа олмай қолган ва яқин бир макондан (дўзахга ташлаш учун) тутиб кетилган пайтларида кўрсангиз эди! 

52. (Ўша кунда) улар: «(Муҳаммад алайҳис-саломга) иймон келтирдик», дедилар. (Улар агар ҳаёти дунёда иймон келтирганларида қабул қилинган бўлур эди, аммо энди) йироқ бир макондан (оҳират диёридан туриб иймон ва тавба-тазарруъга) қўллари қандоқ етсин?! 

53. Ҳолбуки улар илгари (ҳаёти дунёда) унга кофир бўлган эдилар! Ҳолбуки улар йироқ бир макондан ғайбга (охиратга тош) отар эдилар! 

54. (Мана энди) худди улардан илгари ўтган ҳаммаслакларига қилингани каби, улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг (яъни иймон келтириб, дўзах азобидан қутулиб қолишнинг) ўртаси тўсиб қўйилди, Зеро улар (ҳаёти дунёдалик пайтларида) шак-шубҳа остида эдилар.





35.Фотир сураси 


Ушбу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, қирқ беш оятдан иборат. 

Сура Аллоҳ таолога ҳамду-сано айтиш билан бошланиб, Унинг осмонлар ва ерни йўқдан бор қилган зот экани ҳамда инсонларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Ўзи билан улар ўртасида фаришталарни элчи-воситачи қилиб қўйгани ҳақида хабар берилади. 

Бу сурада ҳаёти дунёдан кейин охират ҳаёти келиши ҳақ эканлигига осмону заминда кишилар кўз ўнгида кечадиган воқеа-ҳодисалар ҳам аниқ далолат қилиб туриши ва шу билан бирга коинотдаги ҳар бир махлуқот ўзининг нечоғли мукаммаллиги ва ўта нозик интизоми билан ниҳоят даражада қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган бир Яратгувчи мавжуд эканига очиқ ҳужжат бўла олиши уқтирилади. 

Сура мушрикларнинг жонсиз бутларга сиғинишларини кескин қоралаш билан ниҳояланади. 

Бу сура Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлмиш «Фотир» - «Илк Яратгувчи» номи билан аталгандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Ҳамду-сано осмонлар ва ерни илк яратгувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилгувчи Аллоҳ учундир. У зот (яратган) маҳлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур. Албатта Аллоҳ барча нарсага қодирдир. 

2. Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас уни ушлаб-тўсиб қолгувчи бўлмас ва нени ушлаб қолса, бас У зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборгувчи бўлмас. У қудрат ва ҳикмат эгасидир. 

3. Эй инсонлар, сизларга Аллоҳ ато этган сон-саноқсиз неъматни эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратгувчи борми?! Ҳеч бир илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?! 

4. (Эй Муҳаммад), агар (мушриклар) сизни ёлғончи қилсалар, бас (билингки), сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилингандирлар. (Барча) ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилур. 

5. Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гунохларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин! 

6. Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз у, ўз фирқасини (яъни ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишлари учун даъват қилур. 

7. Кофир бўлган кимсалар учун қаттиқ азоб бордир. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун эса мағфират ва улуғ мукофот бордир. 

8. Ахир (қилган) ёмон амали ўзига чиройли кўриниб, уни гўзал (амал) деб ўйлаган кимса (Аллоҳ ҳақ йўлга ҳидоят қилган зот каби бўлурми)?! Зотан Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Бас (Эй Муҳаммад), жонингиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ҳасрат-надоматлар чекиб кетмасин. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган ҳунарларини билгувчидир. 

9. Аллоҳнинг Ўзи шамолларни юборди. Бас улар булутни қўзғатгач, Биз уни ўлик шаҳарга ҳайдаб, унинг ёрдамида ўлган ерни тирилтирдик. (Қиёмат қойим бўлган куни) қайта тирилиш ҳам шунинг ўзидир. 

10. Ким куч-қудратни истайдиган бўлса, бас барча куч-қудрат Аллоҳникидир. (Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур. Ёмон макр-ҳийлалар қиладиган кимсалар учун эса қаттиқ азоб бордир ва уларнинг макрлари ҳам ҳалок бўлур (яъни беҳуда кетур). 

11. Аллоҳ сизларни (аввал) тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин сизларни жуфт-жуфт (яъни эркак-аёл) қилиб қўйди. Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ҳам, кўзи ёриши ҳам шак-шубҳасиз Унинг билиши - огоҳлиги билан бўлур. Ҳар бир умр кўргувчининг умри узун қилинмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Аллоҳга осондир. 

12. Дарё-денгиз тенг бўлмас - буниси ширин-тотли ва ичилиши осон, буниси эса шўр-тахирдир. Сизлар (уларнинг) ҳар биридан янги гўшт (яъни балиқ тутиб) ейсизлар ва тақадиган зеб-зийнат чиқариб олурсизлар. Ва сизлар (Аллоҳнинг) фазлу-марҳаматидан (яъни ризқу-рўзидан) исташларингиз учун (денгиз ва дарёларда сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсизлар. Шояд шукр қилсангизлар. 

13. (Аллоҳ) кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур, У қуёш ва ойни ҳам (сизларнинг манфаатингиз учун) бўйинсундириб қўйгандир - ҳар бири муайян муддатгача (яъни қиёмат кунигача ўз фазосида) жорий бўлур. Ана шу Аллоҳ сизларнинг Парвардигорингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. 

14. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад, дунё-ю, охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас. 

15. Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзигина (барча одамлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир. 

16. Агар У хохласа сизларни (ер юзидан) кетказиб, (ўрнингизга) янги бир халқни келтирур. 

17. Ва бу (иш) Аллоҳга қийин эмасдир. 

18. (Қиёмат кунида) ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас, Агар оғир гуноҳ эгаси бўлган жон (бировни) ўз юки-гуноҳига (яъни гуноҳининг бир қисмини кўтаришга) чорласа, (гарчи чорлангувчи) яқин қариндоши бўлса-да, у (гуноҳдан) бирон нарса кўтарилмас (яъни у кунда ҳар ким ўз амали билан машғул бўлиб, ота болага, ака укага қарашга имкон топмас). (Эй Муҳаммад), сиз фақат ғайбдаги (яъни кўзларига кўринмайдиган) Парвардигордан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этган зотларнигина огоҳлантира олурсиз. Ким покдоман бўлса, у фақат ўз (фойдаси) учун покдоман бўлур. Ёлғиз Аллоҳгагина қайтилур. 

19-20-21. Кўр кимса (кофир) билан кўргувчи зот (мўмин), зулматлар (куфр) билан нур (иймон), соя (жаннат) билан жазирама (дўзах) баробар эмасдир. 

22. Тириклар (мўминлар) билан - ўликлар (кофирлар) ҳам баробар эмасдир. Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга (хақ даъватни) эшиттирур. (Эй Муҳаммад), сиз қабрлардаги кимсаларга (яъни ўлик дилларига) эшиттира олгувчи эмасдирсиз. 

23. Сиз фақат огохлантиргувчидирсиз. 

24. Албатта Биз сизни ҳақ (дин) билан, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. (Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огохлантиргувчи - пайғамбар ўтгандир. 

25. Агар (мушриклар) сизни ёлғончи қилсалар, бас (билингки), улардан аввалги кимсалар ҳам (ўзларига келган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандилар. Ҳолбуки пайғамбарлари уларга аниқ-равшан мўъжизалар, (илоҳий) саҳифалар ва (Таврот, Инжил каби) нурли Китоб келтирган эдилар. 

26. Сўнгра кофир бўлган кимсаларни (куфрлари сабабли) ушладим - жазоладим. Бас Менинг инкорим - азобим қандоқ бўдди?! 

27. Аллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида рангу рўйлари турли-туман бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғлардан ҳам оқ, қизил - ранго-ранг йўл(ли тоғлар) ҳам, тим қора (тоғлар) ҳам бордир. 

28. Шунингдек одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ранг-баранглари бордир. Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур. Шак-шубҳасиз Аллоҳ қудратли, мағфиратлидир. 

И з о ҳ . Бу икки оятда оламдаги барча мавжудотнинг яратгувчиси ёлғиз Аллоҳ таоло эканлиги таъкидланмоқда. Дарҳақиқат илм-маърифат эгаси бўлган ҳар бир инсон осмондан ёғилган бир хил рангдаги сув сабабли қора ердан униб чиқадиган рангу рўйи турли-туман бўлган наботот оламига, усти кўриниши ҳам, остида яширган хазина-дафиналари ҳам ранго ранг тоғу-тошларга - жамодот оламига ва заминнинг осту-устида тарқалиб, ўзларига юкланган вазифаларни бош тортмасдан бажариб юрган ҳайвонот оламининг ранг-баранглигига ва ниҳоят мана шу барча мавжудотдан фойдаланиб, уларни бошқаришни ўз зиммасига олган инсонларнинг рангу рўйлари ҳам, феъли атвор ва удум анъаналари ҳам неча турфа эканлигига тафаккур ва ибрат назари билан боқса, Яратганнинг қудрату-хунармандчилигига тасанно айтмасдан қолмас. Шунинг учун ҳам мазкур оятда Аллоҳдан фақат ҳақиқий илм-маърифат эгалари қўрқишлари уқтириб ўтилди. 

29-30. Албатта Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон Аллоҳдан ажру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир). 

31. (Эй Муҳаммад), Биз сизга ваҳий қилган Китоб - Қуръон ўзидан аввалги илоҳий китобларни тасдиқлагувчи бўлган Ҳақ (Китобдир). Албатта Аллоҳ Ўз бандаларидан огоҳ ва (уларнинг барча ишларини) кўриб тургувчидир. 

32. Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас уларнинг орасида (Қуръонни ўқиса-да, унга амал қилмайдиган) ўз жонига жабр қилгувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилгувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни Қуръонга ворис бўлиш Аллоҳнинг) катта марҳаматидир. 

33. Улар олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанган ҳолларида мангу (турадиган) жаннатларга кирурлар. У жойда уларнинг либослари ҳарир-ипак бўлур. 

34. Ва улар (жаннатга кирган чоғларида) дедилар: «Бизлардан ғам-қайгуни кетказган зот - Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин. Дарҳақиқат Парвардигоримиз мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир. 

35. У Ўз фазлу-марҳамати билан бизларни мангу турадиган бир диёрга туширдики, бу жойда бизларга на машаққат етар ва на чарчоқ етар». 

36. Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз. 

37. Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз», деб дод-вой қилурлар. Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргурчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас энди азобларингизни тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас! 

38. Албатта Аллоҳ осмонлар ва ернинг ғайбини (сирру асрорини) билгувчидир. Албатта У диллардаги сирларни ҳам аниқ билгувчидир. 

39. У сизларни ер юзида халифа қилиб қўйган зотдир. Бас ким кофир бўлса, унинг куфри фақат ўзининг зиёнига бўлур. Кофир бўлган кимсаларга куфрлари Парвардигор ҳузурида фақат ғазабнигина зиёда қилур. Кофир бўлган кимсаларга куфрлари фақат исёнкорликнигина зиёда қилур. 

40. (Эй Муҳаммад, мушрмиларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз (ниманинг шарофати билан илтижо-ибодат қилинишга сазовор бўлдилар?) Сизлар менга кўрсатма берингиз-чи, улар ердаги бирон нарсани яратганмилар, ёки уларнинг осмонларни (яратишда Аллоҳга) шерикликлари борми, ёхуд Биз уларга бирон китоб ато этдикми-ки, улар ўша (китобдан ўзларининг Бизга шерик эканликлари ҳақида) бирон ҳужжат устида бўлсалар?! Йўқ, у золим кимсалар бир-бирларига («Бутларимиз бизларни шафоат қиладилар», деб) фақат алдовни ваъда қилурлар. 

41. Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас. Дарҳақиқат У ҳалим ва мағфиратли бўлган зотдир. 

42. (Макка кофирлари) агар уларга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) келса, албатта ҳар қандай умматлардан ҳам ҳидоят топгувчироқ бўлишлари ҳақида жон-жаҳдлари билан қасам ичгандилар. Бас қачонки уларга огоҳлантиргувчи (Муҳаммад алайҳис-салом) келгач, (бу) уларни янада (ҳидоятдан) узоқлаштирди холос. 

43. Улар ерда мутакаббирлик қилган ва (пайғамбарга қарши) ёмон макр-ҳийла қилган ҳолларида (ҳидоятдан узоқлашдилар). Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур. Бас улар фақат аввалгиларнинг суннатларига (яъни кўргуликларига) кўз тутмоқдалар, холос (яъни уларнинг ҳам бошларига аввалги динсизларнинг куни тушар). Бас сиз ҳаргиз Аллоҳ суннати-қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Аллоҳ суннатининг айланганини (яъни азобга мустаҳиқ бўлган кимсалар қолиб, ўзгалар азобланганини) кўрмассиз. 

44. Ахир улар ер юзида сайр қилиб ўзларидан аввалги (динсиз кимсаларнинг) оқибатиқандай бўлганини кўрмайдиларми?! Ҳолбуки (аввалгилар) булардан кўра кучли-қувватлироқ эдилар. На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулгувчи эмасдир. Зотан У билим ва қудрат эгаси бўлган зотдир. 

45. Агар Аллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан жазоласа эди, (ер) устида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин У зот уларни (жазолашни) белгилаган муддатгача (яъни қиёмат кунигача) қолдирур. Бас қачон ўша муддат келгач (уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг мукофот-жазоларини берур). Зеро Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи бўлган зотдир.

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов