"."
Меню

Руза китоби

ФИТР САДАҚАСИ

САВОЛ: Рамазон ойида фитр садақасини беришнинг ҳукми нима? Фойдалари борми?

ЖАВОБ: Рамазон ойида садақаи фитр бериш закот каби фарз амал ҳисобланади. Шунинг учун шаръий

китобларда уни “закот ул-фитр” ҳам дейилади. Аллоҳ таоло Аъло сурасида бундай дейди:

“Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар

бир) киши нажот топгандир”. (Аъло сураси, 14-15-оятлар).

Мазкур  ояти  каримани  Саид  ибн  Мусаййиб  ва  Умар  ибн  Абдулазиз  каби  тобеъинларнинг  улуғлари

“Закоти фитрни берган одам нажот топур” деб таъвил қилганлар.

Ушбу  амалнинг  шаръий  бўлиш  сабаби  Имом  Абу  Довуд  ва  Имом  Ибн  Можжаларнинг  Ибн  Аббос

розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир:

.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини фарзлигини айтдилар. Рўза учун лағв ва

бекорчи ишлардан покловчидир ва мискинларга емишдир. Кимки уни ҳайит намозидан олдин адо қилса,

бас,  у  мақбул  закотдир.  Кимки  уни  ҳайит  намозидан кейин адо  қилса,  бас,  у  оддий  (нафл)  садақалардан бир садақадир”.

Имом Дорақутний ҳам иснодида гап-сўз бўлмаган ҳадиси шарифни ривоят қилган.  Рамазон рўзаси фарз

қилинган  йили,  Жаноби  Расули  акрам  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  ҳайитдан  икки  кун  аввал  махсус  маъруза

қилиб, фитр садақасини чиқаришни буюрганлар. Ана шундан бери мусулмонлар Рамазон ойида фитр садақасини

адо қилиб келмоқдалар.

Имом Табароний Саҳл ибн Уббода розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Рамазон  ойининг рўзаси осмону

ер  ўртасида  муаллақ  туриб  қолади. Қачонки,  фитр  садақаси  адо  қилинса,  у  Парвардигори  оламнинг  ҳузурига

кўтарилади. Яъни, фитр садақасининг адосига кўра рўза қабул бўлади.

Фитр  садақасини  адо  этган  одамга  фарзни  адо  этганлик  савоби  берилади.  Шунингдек,  “Фатовойи

Сирожия”да  айтилишича,  фитр  садақаси  адо  этиш  рўзанинг  қабул  бўлишига,  ўлим  вақтидаги  нажотга,  қабр

азобидан қутилишга сабаб бўлади .

САВОЛ: Рўзадорларнинг ҳаммасига фитр садақаси чиқариш вожибми?

ЖАВОБ: Йўқ,  албатта.  Балки,  мусулмон  ва  озод  бой  хонадон  аҳлига  фитр  садақаси  чиқариш  вожиб

бўлади. Бойлик эса икки хил бўлади:

1. Закот берадиган бой.

Закот берадиган бой шуки, унинг ўз ҳожатидан ортиқча молу дунёси бўлиб, бир йил ўтганидан сўнг закот

беради.  Ана  ўша  ортиқча  молу  дунёси  закот  бериши  учун  одатда  ўсадиган  молу  дунё  бўлиши  ҳамда  маълум

миқдорга, яъни нисобга етиши керак. Бу эса учта нарсада бўлади, холос:

А) Олтин-кумуш ва пулдан.

Инсоннинг ортиқча пуллари 20 мисқол тилланинг ёки 700 мисқол кумушнинг миқдори қийматига  етса,

шу етган вақтдан бошлаб бир йил ўтса, унинг қирқдан бири закотга чиқарилади. Аёлларнинг тақинчоқларининг

қиймати  ана  шу  нисобга  етса  ҳам  бир  йилдан  кейин  закот  берилади.  Бирор  нарса  сотиб  оламан,  деб  ёки  бола

уйлантираман  деб  ният  қилиб  тўплаётган  пулидан,  агар  у  нисобга  етган  бўлса,  бир йилдан  сўнг  закот чиқараверади.

Б) Ҳайвонлардан.

Улар бешта ҳайвон тури бўлиб, яйловда ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида боқиладиган бўлиши керак.

Демак,  улар  туялардан  бештага  етганидан  бошлаб,  моллардан  ўттизтага  етганидан  бошлаб,  қўй-эчкилардан

қирқтага етганидан бошлаб ва эркак ва  урғочи отларнинг қиймати нисобга етганидан бошлаб бир йилдан сўнг

берилади. Агар булар қанча бўлсада, уйда боқиладиган бўлса, закот берилмайди.

В) Тижорат молларидан.

Ҳар қандай нарсани тижорат қилиш ниятида сотиб олган ҳамда шу вақтда унинг қиймати нисобга етган

бўлса, бир йилдан сўнг қийматининг қирқдан бирини закотга чиқаради. Сотиб олаётган вақтда шуни сотиш нияти

бўлиши керак. Агар сотиб олгандан  сўнг, бир неча муддат ўтганидан кейин сотиш  нияти туғилса ёки мерос ва

ҳадияга келган нарсани сотиш нияти туғилса, бундай нарсалардан закот чиқарилмайди. Уларни сотганидан сўнг,

қиймати  нисобга  етган  бўлса,  ортиқча  бўлиб,  бир  йил  уйида  турса,  кейин  ўша  қийматдан  закот  берилади.

Юқорида  кўрсатилган  учта  нарсадан  бошқа  бойликларидан,  улар  қанчалик  кўп  бўлишидан  қатъий  назар  закот чиқарилмайди. 

2. Закот бермайдиган бой.

Бундан юқорида кўрсатилган учта бойлиги – ортиқча пуллари, яйловда боқиладиган ҳайвонлари, тижорат

ниятида  сақлаётган  буюмлари  бўлмаган,  аммо,  уйида  бошқа  ортиқча  нарсалари  бор  ва  шу  нарсаларининг

қиймати  закот  нисобига  етадиган  бойлар  назарда  тутилмоқда. Масалан,  бир  одамнинг  иккита  уйи  бўлиб,

бировида ҳеч ким яшамаса, иккита машинаси бўлиб, бирови ортиқча бўлиб турган бўлса, битта соғин сигиридан

бошқа  сигирлари  бўлса,  улар  ортиқча  бўлади.  Бир  йилдан  кўпроққа  етадиган  ғалла  жамлаб  қўйган  бўлса  ҳам

нисобга ҳисоблайди. Уларнинг қиймати нисобга етгани учун у закот бермайдиган бой ҳисобланди. Шунингдек,

уйидаги  ортиқча  идиш-товоқлари,  меҳмонларга  мўлжалланмаган  ортиқча  кўрпа-тўшаклари,  сандиқда  турган

нарсалар, деворга осиб қўйилган гиламлар ҳам ҳожатдан ташқари нарсалар сифатида нисоб пулига ҳисобланади

ва шунга  етган бўлса, демак, у ҳам закот бермайдиган бойлар қаторига киради. Шунингдек, фақат жавонларни

безаб  турган,  ўқилмайдиган  китоблари,  шунингдек,  китобларидан  иккинчи  нусхалари, тақим  идишлари  ҳам

нисобга ҳисобланади ва уларнинг қийматлари етган бўлса, демак, у ҳам закот бермайдиган бойлар сафидан ўрин олибди.

Закот берадиган ва бермайдиган бойларнинг ҳукми шуки, улар фитр садақаси бериши, қурбонлик қилиши

лозим ва зарур бўлади. Улар бой одамлар сифатида вожиб садақаларни, назрларни ола билмайдилар. Уларга бу

нарсалар  ҳаром  бўлади.  Мана  шундай  икки  хилдаги  бойлар  бўлмаган  кимсалар  камбағал  ҳисобланади,  уларга

закот, ушр ёки назрларни олишлари мумкин бўлади.

Закот бермайдиган бойлар ортиқча молу дунёсини ҳисоблаганда, улардан бир йил ўтиши шарт эмас, яъни,

фитр  садақаси  берадиган  куни,  қурбонлик  қиладиган  куни  ортиқча  молу  дунёсини  ҳисоблайди-да,  агар  закот

нисобига етган бўлса, фитр закоти ва қурбонлик амалини қилаверади.

САВОЛ: Бой одам фитр садақаси чиқармоқчи бўлса, оиласидагиларнинг ҳаммаси номидан берадими?

ЖАВОБ:  Бой  одам  фитр  садақаси  чиқарганда  ўзи  номидан  ҳамда  кичкина,  аммо  бой  бўлмаган

болаларининг ҳаммасига, шунингдек, қуллари бўлса, уларга ҳам фитр садақаси чиқаради.

Имом Бухорий ҳазратлари Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда бундай дейилган:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  фитр  закотини  хурмо  ва  арпадан  бир  соъ  (4  кило)

бўлишини  қулга,  мусулмонлардан  ҳур-озодга,  эркагу  аёлга,  кичигу  каттага  фарз  қилдилар.  Уни  ҳайит

намози ўқишидан аввал адо қилишни ҳам буюрдилар”.

Имом Дорақутний ва Байҳақийлар Ибн Умар ва Ҳазрати Али ҳамда Ибн Аббос каби саҳобий зотлардан

қилган ривоятларида уйидаги ҳар қандай инсон номидан садақаи фитр чиқариш лозимлиги айтилади.

САВОЛ: Хотини ёки каттакон ўғиллари номидан фитр садақа чиқармайдими?

ЖАВОБ: Хотини  ва  вояга  етган  катта  болаларининг  топиш-тутиши  алоҳида  бўлса,  улар  ўзлари  фитр

садақа  чиқариши  лозим  бўлади. Чунки,  улар  ота  қарамоғида  яшашга  мажбурий  эмаслар.  Аммо,  уларнинг

номидан  чиқараверса,  фитр  садақаси  ҳисобига  ўтади,  албатта.  Бинобарин,  ота  оиласида  яшаётгани  учун  улар

номидан ҳам фитр садақаси чиқаравериши керак. Бошқа уй-жой қилиб чиқиб кетган бўлса, ўғилларнинг ўзлари ўз оиласига чиқаради, албатта.

САВОЛ: Бир оилада вояга етмаган бола бор. У оиласидагилардан анча бой. Яъни, унга бобосидан мерос қолган. Фитр садақаси унга лозимми?

ЖАВОБ: Вояга етмаган бола бойлигини тасарруф қила олмагани учун унинг бойлиги ҳожати аслиййадан

ташқари  ҳисобланади.  Чунки,  вояга  етмаган  болаларнинг  ҳожати  аслиййаларини  оталари  чиқаришлари

мажбурийдир. Демак, ўша бойвачча боланинг молидан валий бўлиб турган отаси фитр садақаси чиқаради.

САВОЛ: Фитр садақаси нималардан чиқарилади? Буғдойданми ёки арпаданми?

ЖАВОБ:  Фитр  садақаси  ҳар  бир  одамга  буғдойдан  ва  буғдойдан  олинадиган  нарсалар –  уни  ёки

толқонидан  ва  майиздан  ярим  соъ,  яъни  2  килоча  чиқарилади.  Хурмо  ёки  арпадан  эса  бир соъ,  яъни  4  килоча чиқарилади.

Имом Бухорий ва Муслимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда бундай дейилган:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини хурмодан ёки арпадан бир соъ қилиб фарз

қилдилар. Бас, шунда одамлар буғдойдан икки муддини унга тўғрилаб ҳисобладилар”.

Бу ҳадисдаги икки мудд ярим соъга тўғри келади.

Абу Довуд ва Насоийлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у зот Басрада одамларга

мана  бундай  деганлар:  “...Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  бу  садақани  хурмо  ёки  арпадан  бир  соъ,

буғдойдан эса ярим соъ қилиб фарз қилдилар”.

Саҳобаи киромлар ва хулафои рошидийнлар давридан садақаи фитр мана шу тарзда адо қилиб келинган.  

САВОЛ: Фитр садақасини буғдой ёки арпанинг ўзидан эмас, балки, қийматини бериб қўйиш мумкинми?

Ҳар қалай, бизнинг юртларда ана шундай қилиш одат бўлган?

ЖАВОБ: Албатта мумкин. Бу бизнинг мазҳабимиздадир. Бошқа учта мазҳабда қийматини бериш мумкин эмас.

Фақирларга  буғдой  бериш  фойдалироқ  бўлса,  буғдой  берилиши  керак, албатта.  Агар  уларга  фитр

садақасининг қиймати, пули фойдалироқ бўлса, пулини берган маъқул.

Бунга саҳиҳ ҳадиси шарифлардан далиллар бор.

Имом Бухорий қилган ривоятда зикр қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифалик даврида

туяси борларга, уларнинг  туяларидан  жазаъа  туяси,  яъни  беш  яшар  туя  закот  чиқариш  керак  бўлганда,  агар,  у

топилмаса, ҳиққа, яъни тўрт яшар туя олиб, устига маблағ қўшиб олишни жорий қилганлар.

Ибн Аби Шайба ривоят қилган: “Бир одам туя зикот чиқариши керак бўлган. Туяларининг гўзаллигидан

уни  чиқаришни хоҳламай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг ўрнига иккита сигир беришини

айтанларида, ул зоти шариф рози бўлганлар”.

Муоз розияллоҳу  анҳу Яманга  борганларида  одамлардан  закот  олишда  ўша  даврда  саҳобаларга  кийим-кечак жуда зарур бўлиб турганидан закотлари ҳисобига кийим-кечак олишини жорий қилганлар. 

Мана  шу  ривоятларга  асосланиб,  бизнинг  юртларда  садақаи  фитр  ёки  закотлари  ўрнига  уларнинг қийматларини бериш урф бўлган.

САВОЛ:  Фитр  садақаси  бериш  қачон  вожиб  бўлади?  Уни  Рамазоннинг  биринчи  куниданоқ  берса

бўладими? Агар фитр садақасини беришни унутган ёки бермаган бўлса, ҳайит ўтганидан кейин уни бериш лозим бўладими?

ЖАВОБ: Фитр садақасини бериш ҳайит куни тонг отгандан сўнг ҳайит намозидан аввал вожиб бўлади.

Яъни, ўша куни ҳайит намозидан сўнг мусулмон бўлса, ёки ўша куни бомдоддан аввал бой одам ўлиб қолса, бу

иккисига (ўлганнинг меросхўрларига) фитр садақасини чиқариш лозим бўлмайди.

Имом Абу Довуд ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу  анҳудан  ривоят  қилган:  “Бизга  Расулуллоҳ

соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  ҳайит  намозидан  аввал,  одамлар  намозга  чиқишларидан  бурун  фитр  закотини  адо

қилишни буюргандилар”.

Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи  васалламнинг ўзлари ҳам  ийдгоҳга боришларидан аввал фитр садақасини берар ва:

“Фақирларни  бу  кун  сўровдан  беҳожат  қилинглар,  халос  қилинглар”,  дер  эдилар. (Абу  Довуд ривояти).

Аммо, уни эртароқ, Рамазоннинг ичида адо қилиш барча мазҳаблар ҳукмига кўра мустаҳабдир.

Рамазон  келмасидан  олдин  фитр  садақасини  адо  қилиб  бўлмайди.  (“Заҳириййа”).  Абдуллоҳ  ибн  Умар

розияллоҳу анҳу фитр садақасини ҳайитдан бир-икки (баъзи ривоятларда икки-уч) кун аввал берар эдилар. (Ибн Ҳиббон ва Дорақутний ривояти).

Агар бирорта бой фитр садақасини бермасдан Рамазонни ўтказворган, ҳайит куни ҳам уни адо қилмаган

бўлса, гарданидан соқит бўлмайди. Бу закотга ўхшаган молия ибодати бўлгани учундир. Уни эслаган вақтда қазо сифатида фақирларга улашиб берворади.

САВОЛ: Кўпчилик закотини Рамазонда беришни одат қилган. Закот Рамазонда берилиши шартми?

ЖАВОБ: Закот моли нисобга етган кунидан бир йил ўтса, ўша куниёқ бериш лозим бўладиган ибодатдир.

Закот Рамазонда берилиши керак, деган қоида йўқ.

Рамазонда  амаллар  савоби  кўпайтириб  берилади.  Чунки,  Салмони  Форисий розияллоҳу  анҳу  қилган

ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:

“Кимки  Рамазон  ойида  яхшиликдан  бирортасини  ўз  ихтиёри  билан  қилса,  худди  бошқа  ойларда

бир фарзни қилгандек бўлур. Кимки Рамазонда бир фарзни қилса, худди бошқа ойларда етмишта фарзни

бажаргандек бўлур”. (Имом Байҳақий “Шуъаб ал-иймон”да ривоят қилган).

Шунинг учун одамлар закотларини Рамазонда беришга тўғрилайдилар. Яъни, моллари нисобга етганидан

сўнг ҳали бир йил ўтмасдан туриб Рамазон келиши билан закотларини бериб, кўпроқ савобга ноил бўладилар.

Баъзилар моли нисобга етганидан сўнг келгусидаги бир неча йиллик закотларини ҳам берадилар. Ҳазрати

Аббос розияллоҳу  анҳу закотини  бир  неча  йиллигини  аввалдан  беришига  рухсат  сўраганида  Пайғамбаримиз

соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  рухсат  берганлар.  Буни  Имом  Аҳмад,  Абу  Довуд,  Термизий,  Ибн  Можжа  каби муҳаддислар ривоят қилганлар.

САВОЛ: Фитр садақаси ва закотлар кимларга берилиши керак?

ЖАВОБ: Фитр, закот, ушр, назр каби вожиб садақаларни масрифи закот деб аталадиган жойларга, яъни,

аниқроғи  кимсаларга  сарф  қилмоқ  лозим  бўлади. Акс ҳолда  қилган  садақалари  қабул  бўлмай  қолади.  Булар

нисобга  етмайдиган  молу  дунёси  бор  камбағал  кимса,  ҳеч  нарсаси  йўқ  мискин,  давлат  томонидан  белгиланган

садақаларни  йиғувчи  кимса,  хўжаси  билан  озод  бўлишига  шартнома  тузган  мукотаб  қул,  молу  дунёси  нисобга

етмайдиган  қарздор,  Аллоҳ  йўлига  тушган  ғозийлар,  ҳожилар,  толиби  илмлар  ва  пули  тугаган  ёки  йўқотган

йўловчи  (мусофир)лардир.  Садақаларни  айнан  мана  шуларга  сарф  қилинишини  Аллоҳ  таолонинг  ўзи  белгилаб берган:

“Албатта,  садақалар (яъни,  закотлар)  Аллоҳ  томонидан  фарз  бўлган  ҳолда,  фақат  фақирларга,

мискинларга,  садақа  йиғувчиларга,  кўнгиллари (Исломга) ошна  қилишга,  қарздор  кишиларга  ва Оллоҳ

Йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир”. (Тавба сураси, 60-оят).

Ушбу  ояти  каримада  зикр  этилган  “диллари  ошна  қилинувчилар”га  закот  бериш  саҳобалар  ижмоъси

билан  бекор  қилинган.  Лекин  фитр  садақасини  уларга – зиммий  деб  аталадиган,  бизнинг  ўлкаларда  яшаётган

ғайри динларга (мутлақ кофирларга эмас) бериш мумкин .

САВОЛ: Толиби илмларга бой бўлсалар ҳам  вожиб садақаларни берса бўладими?

ЖАВОБ: Толиби  илмлар  масрифи  закот  тартибида  “фий  сабилиллоҳ”,  яъни  Аллоҳ  йўлида  юрганлар

қаторида туришини уламоларимиз таъкидлаганлар. (“Бадойиъ ус-санойиъ”).

Аллоҳ  йўлида  юрганларга  садақа  беришнинг  савоби  кўп  бўлишида  шубҳа  йўқ.  Пайғамбаримиз

соллаллоҳу  алайҳи  васаллам: “Оиласидагиларга  сарф  қилинган  динордан  кейинг  энг  афзал  динор  Аллоҳ

йўлида  юрганларга  сарф  қилингани”,  дея  таърифлаганлар.  (Имом Муслим  Савбон розияллоҳу  анҳудан ривояти).

Бинобарин,  масрифи  закотда  вожиба  садақаларни  беришда  энг  афзали  толиби  илмларга  берилган садақалар эканлигига шубҳа йўқ.

Аммо, толиби илмларнинг ҳам садақаи вожибаларни олишлари учун муҳтож бўлишлари шартдир. Зеро,

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Садақа  бой  учун  ва  касб  қилувчи  соғлом  одамга  ҳалол  бўлмайди”.  (Термизий,  Абу  Довуд  ва

Доримийларнинг Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривояти).

Демак,  қўлида,  ёнида  нисобга  етадиган  бойлиги  бор толиби  илмларга  закот,  ушр  ёки  фитр  садақалари берилмайди. (“Шарҳи Ниқоя”, “Жомиъ ур-румуз”).

Толиби илмлар вояга етган бўлганлари учун оталарининг бойлиги ҳисобга ўтмайди.

Демак, мусофирликда, фақат ўқишга бориб-келаётган, қўлида жуда бор бўлса, уч ойга етадиган моли бор

бечора толиби илмларга бундай садақаларни бериш жуда кўп савобларга ноил бўлиш демакдир.

САВОЛ:  Фитр  садақаларни  ота-онасига  берса  бўладими?  Ака-укаларигачи?  Опа-сингилларга  берса

бўладими? Бошқа уй-жой қилиб кетган фарзандларгачи?

ЖАВОБ: Аслида,  садақаларни  қариндош  уруғларга,  яқинларга  бериш  афзалдир.  Сулаймон  ибн  Омир

розияллоҳу анҳу ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

“Мискинга  берилган  садақа  битта  садақадир. У  маҳрамларга  берилса,  иккита  савоб – садақа  ва

силаи раҳимдир”. (Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можжа ва Доримийлар ривояти).

Вожиб садақалар буларга берилмайди:

Ота-оналарга, агарчи қанча юқори кетса ҳам, яъни бобо-момоларга ҳам берилмайди.

Фарзандларга, агарчи қанча паст кетса ҳам, яъни невара, чевараларга ҳам берилмайди.

Хотини ёки эрига ҳам садақа берилмайди.

Чунки,  буларга  вожиб  садақалар  эмас,  вожиб  нафақалар  ва  битмас-туганмас  яхшиликлар  қилиниш буюрилган.

Юқоридагиларга  садақа  берилиши  мумкинлигини  ифода  қилган  ҳадислар  мазмунидан  булар  нафл садақалар эканлиги англашилган.

Демак,  ота-онангизга  фитр  бериб  бўлмайди. Бошқа  уй-жой  қилиб  кетган  фарзандларингизга  ҳам  фитр

садақасини,  закотни  бериб  бўлмайди.  Аммо  келин  ёки  куёвларингизга,  қўлларига  беришингиз  мумкин.  Улар

кейин истасалар, фарзандларнгиз билан берган садақаларни баҳам кўришлари мумкин.

Вожиб садақалар буларга берилади:

Ака-укаларга, амма-тоғаларга берилади.

Опа-сингилларга, жиянларга берилади.

Демак, ака-укалар  бойлари  камбағалларига,  опа-сингиллар  бойлари  камбағалларига,  акалар  ёки  укалар

муҳтож сингил ёки опаларига фитр садақасини берганлари бошқа камбағал-муҳтожларга берганидан афзалдир.

САВОЛ:  Фитр  садақаларни  эшонлар  авлодига,  хўжаларга  ёки  шунга  ўхшаш  ўзларини  олийнасаб санайдиганларга бериш мумкинми?

ЖАВОБ:  Агар  ўзларини  олий  насаб  санайдиганлар,  ким  бўлишидан,  уларни  ким  деб  аталишидан

(саййид, хўжа, эшон, миён, тўра, шоҳ) қатъий назар, агар улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

авлодлари ёки Бани Ҳошим уруғи, яъни, Пайғамбаримизнинг боболари Абдулмутталибнинг ўғиллари Ҳорис ва

Аббос  ўғиллари  ҳамда  амакилари  Абу  Толибнинг  ўғиллари  Али,  Жаъфар,  Ақилнинг  ўғиллари  авлодидан

бўладиган бўлсалар, демак, уларга вожиб садақаларни бериш мумкин эмас. Башарти, улар ҳақиқатан ҳам ўшалар

насабидан  бўлса,  шуни шажаралар  ёки  бошқа  нарсалар  билан  исботлай  олсалар  уларнинг  вожиб  садақаларни

олиши ҳаром ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бундай деганлар:

“Биз аҳли байтмиз! Бизга садақалар ҳалол бўлмайди”. (Имом Бухорий ривояти).

Чунки,  вожиб  садақалар  молу  дунёни  ҳалол  қиладиган  нарсадир. Демак,  у  ишлатилган  сувга  ўхшайди.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай демишлар:

“Албатта,  бу  садақалар,  шаксиз,  одамларнинг  кирларидир. Улар  Муҳаммадга  ва  Муҳаммад

оиласига ҳалол бўлмайди”. (Имом Муслим ривояти).

Юқоридаги ҳукмдан нафл садақалар, ҳадия олишлари мустаснодир. (“Муҳит”, “Шарҳи Ниқоя”).

САВОЛ: Фитр  садақасини,  умуман, закот,  каффорат  ва  бошқа  садақаларни  бериш  макруҳ  бўладиган кимсалар ҳам борми?

ЖАВОБ: Ўз юрти қолиб, бошқа юртга олиб бориб бериш ҳам макруҳ амал ҳисобланади. Фақат  бошқа

юртда  қариндошлари  бўлса, уларга  олиб  бориб  бериш  мумкин. Фосиқ,  гуноҳни  бепарво  қилаверадиган

кимсаларга  садақалар  берилмайди.  Шунингдек,  тиланчиларга  ҳам  садақалар  берилмайди. Чунки,  бир  кунлик

емиши  бор  одамга  тиланчилик  қилиши  мумкин  эмас.  Кўчада  юрган  тиланчилар  эса  тиланчиликни  касб  қилиб олганлардир.

Фитр  садақаси  сифатида  мусофир ёки  муҳтожни  уйига  чақириб  ёки  ошхонада  овқатлантириб  юбориш

фитр садақасига ўтмайди.

 

 

ЭЪТИКОФ ҲАҚИДА

САВОЛ: Эътикоф нима? Унинг ҳукми қандай? Эътикофда ўтириш шартми?

ЖАВОБ: “Эътикоф”нинг  луғавий  маъноси  “бирор  ишга  қаттиқ  берилмоқ”,  “ғайрат  билан  ишламоқ”,

“уйдан  чиқмай,  одамларга  аралашмай,  бир  ишдан  бош  кўтармасдан  ишлаш”,  “бирор  нарсани  ўзига  лозим

тутиш”дир. Демак,  эътикоф  яхши-ёмон  турларга  бўлинар  экан.  Аллоҳ  таоло  томонидан  ўз  каломида  санамлар

олдида  эътикоф  ўтирадиганлар,  муфассирлар  томонидан  тафсирларда  эса  бўлмағур  ўйинлар  учун  эътикоф

ўтиришлар зикр қилинади. Қуръони каримнинг Аъроф сураси 138-оятида, Тоҳа сураси 97-оятида, Анбиё сураси

51-52-оятларида,  ва  ниҳоят,  Фатҳ  сурасининг  25-оятларида  эътикофнинг  ана  шундай  луғавий  маънолари ишлатилган.

Унинг  истилоҳий  ва  шаръий  маъноси  эса  бир  мусулмон  маълум  вақт  масжиддан  чиқмасдан  Аллоҳга

тақарруб (қурбат) ҳосил қилиш мақсадида ибодатга берилишидир.

Масжидда  эътикоф ўтириш  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васалламдан  бизга  мерос  қолгандир!

Мазҳабимиз фақиҳлари Рамазон ойининг охирларида масжидда эътикоф ўтиришни суннати муаккада эканлигини

зикр  қилганлар.  Жумладан,  “Ҳидоя”,  “Муҳит”,  “Бадойиъ”,  “Туҳфа”  сингари  мўътабар манбаларимизда  бу

таъкидланган. Имом ал-Қудурийнинг эътикофни мустаҳаб деганлигини Имом аз-Зоҳидий унинг суннатга таъвил

қилиниши лозимлигини исботлаган. Ибн Камол Пошшо, Аллома Айний, Имом аз-Зайлаъий, Ибн ал-Ҳумом каби

фақиҳларимиз  Рамазондан  бошқа  вақтларда  масжидларда  эътикоф  ўтириш  мустаҳаблигини  айтишган.  Назр

қилганда эса эътикоф вожибга айланиши барчага маълум. 

Сиҳҳоҳи  ситта  муҳаддислари  Ойша  онамиз  розийаллоҳу  анҳудан  ривоят  қилишларича,  Пайғамбаримиз

соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  Рамазон  ойининг  охирги  ўн  кунлигида  масжидда  эътикоф  ўтирар  эдилар.  Унинг

таъкидлаб айтишига қараганда, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қачон  Рамазон  ойининг  охирги  ўн  кунлиги  кириб  келса,  аҳллари  билан  алоқа  қилмоқдан

узоқлашар эдилар, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилмоққа уйғотар эдилар”. (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қиладиган йиллари йигирма кун эътикофда ўтирдилар.

Мана  шунга  ўхшаш  далилларга  суяниб,  фақиҳларимиз  эътикофни  Рамазоннинг  охирги  ўн  кунлигида  тўлиқ

ўтиришни, (демакки, бир-икки кун эмас), суннат демишлар.

Аслида,  Рамазоннинг  биринчи  ва  иккинчи  ўн  кунлигида  ҳам  эътикоф  ўтириш  мумкин.  Зотан,

Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  ўша  кунларда  ҳам  масжидда  эътикоф ўтирганлар.  Имом Бухорий,

Муслим,  Аҳмад,  Молик,  Абу  Довуд  ва  Насоий  каби  муҳаддислар  Абу  Саид  ал-Худрий  розияллоҳу  анҳудан

ривоят  қилганлар:  “Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  Рамазоннинг  аввалги  ўн  кунлигида  эътикоф

ўтирдилар,  сўнг  ўртадаги  ўн  кунликда  ҳам  ўриндиғига  буйра  (тўшамча)  солинган  туркий  (!)  чодирда  эътикоф

ўтирдилар.  Кейин  қўллари  билан  тўшамчани  олиб,  уни  чодирнинг  бурчагига  ташладилар-да, сўнг  бошларини

(чодирдан) чиқариб, одамларга гапирдилар. Одамлар ул зотга яқин келдилар. Бас, ул зоти шариф дедилар: “Мен

аввалги ўн кунликда эътикоф ўтириб, бу кечани (Қадр кечасини) изладим, сўнг ўртадаги ўн кунликда ҳам

эътикоф  ўтирдим.  Менга  (фаришталар)  келишиб,  охирги  ўн  кунликда,  дейишди.  Бас,  сизлардан  кимки

эътикоф  ўтиришни  севса,  эътикоф  ўтирсин”.  Шундан  сўнг  одамлар  яна  ул  зот  билан  қўшилиб  эътикоф ўтирдилар”.

Мазкур  ҳадиси  шарифдан  маълум  бўлмоқдаки,  Расули  акрам  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  ва баъзи

саҳобалар розияллоҳу  анҳум  ажмаъийн  бир  йили  Рамазон  ойини  тўлиқ  масжидда  эътикоф  ўтирган  ҳолларида

ўтказганлар!  Бу  маънодаги  ҳадиси  шарифни  Имом  Табароний  Умму  Салама  онамиз розияллоҳу  анҳодан  ҳам ривоят қилган. 

Демак, ибодатларга шўнғийдиган ой бўлмиш, савоб ва ажрларни кўпайтириб қолишга бир имконият, бир

ғанимат  бўладиган  ойда  масжидларга  чекиниб,  эътикофда  ўтириб,  ғайрат  кўрсатиш  ҳар  бир  тақводор мусулмоннинг бурчи экан.

Имом аз-Зуҳрий айтадилар: “Мен эътикоф ўтирмайдиган одамлардан  ажабланаман. Жаноби Расулуллоҳ

соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи амалларни тарк қилардилар, баъзисини айрим ҳолатлардагина бажарар эдилар.

Баъзиларини  эса  кейинчалик  умуман  тарк  қилгандилар.  Аммо,  ул  зоти  шариф  Мадинага  келганларидан  сўнг

бирор йилда ҳам асло эътикофни тарк қилган эмасдилар”.

Рамазондан  бошқа  ойлардан  ҳам  эътикоф  ўтириш  мумкин.  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи

васалламнинг  Шаввол  ойида  эътикоф  ўтирганликлари  (Имом  Муслим  ривояти)  нақл  қилинган.  Демак,

Рамазондан бошқа ойларда ҳам эътикоф ўтириш мустаҳаб амаллардан экан.

Шуни таъкидлаш лозимки, эътикофда ўтирадиганлар мусулмон, ақлли, жунубликдан, ҳайзу нифосдан пок

бўлмоғи лозим. Ёш, эсу ҳуши жойида болалар ҳам эътикоф ўтирса бўлади.

САВОЛ: Эътикоф барча мусулмонларга суннатми? Унақада ҳамма масжидларга қамалиб олади-ку?

ЖАВОБ: Эътикофда  ўтириш  суннати  муаккада  бўлгани  билан  суннати  муаккадаи  кифоядир:  Обидлар,

зоҳидлар,  тақводор  мусулмонлар  масжидларни  обод  қилиб,  эътикоф  ўтирсалар,  қолганлардан  бу  нарса  соқит бўлгусидир, инша Аллоҳ.

Буни Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикофни умуман тарк қилмаганлари, тарк бўлиб

қолганда,  қазосини  тутган  бўлсалар  ҳам  эътикоф  ўтирмаган  саҳобаларни  инкор  қилмаганлари,  таъна қилмаганлари билан ҳам изоҳланади.

Имом  Молик  ва  Имом  Суютий  айтишларича,  хулафойи  рошидийн – Абу  Бакр  Сиддиқ,  Ҳазрати  Умар,

Усмон  ибн  Аффон,  Ҳазрати  Али розияллоҳу  анҳум  ҳамда  Саид  ибн  Мусаййаб  раҳимаҳуллоҳ  каби  салафи

солиҳинларнинг масжидларда эътикоф ўтирганлари ривоят ва нақл қилинган эмас. Мана шу далил эътикофнинг

кифояли таъкидланган суннат эканлигини билдиради.

Фақатгина  Бухоро  муфтийси,  “Жомиъ  ур-румуз”  соҳиби  Шамсиддин  Қуҳистоний  ўзининг  “Фиқҳи

Кайдоний”га ёзган шарҳида эътикофни суннати айн бўлишини қувватлаган. Бироқ, унинг гапини фақиҳлар рад қилганлар. 

Демак, Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидда эътикоф ўтириш суннати муаккада бўлгани билан у

кифояли суннатдир. Бу худди жаноза намозига, янада аниқроғи, азон айтишга ўхшайди. Яъни, бир шаҳарда бир

неча  одамлар  жаноза  ўқисалар  ёки  азон  айтсалар,  шаҳар  аҳлидан  бу  соқит  бўлади.  Ҳатто  унинг  кифоялигини

таровеҳга  ҳам  ўхшатмаганлар.  Яъни,  таровеҳда  бир  маҳалла  ёки  масжид  аҳли  таровеҳ  ўқимасалар,  ҳаммалари

гуноҳкор бўлар эди. Бир-икки одам ўқиши билан ҳаммаларидан таровеҳ соқит бўлар эди. Жаноза эса бир шаҳар

аҳлига  тегишли  ибодатдир.  Эътикофни  ҳам  шунга  қиёс  қилганлар.  “Мажмаъ  ул-анҳур”,  “Шарҳи  Ниқоя”,  “ал-Инсоф фил-эътикоф”да булар очиқ баён этилган.

Аммо,  бирор  юртда,  беш  вақт  намоз  ва  жумъаю  ийдлар  жамоат бўлиб,  ўқилиб  турган  қайсидир  жомиъ

масжидида ҳеч ким эътикоф ўтирмаса, ақалли бирор одам масжидда эътикоф ўтириб ибодатга ғайрат кўрсатмаса,

ўша шаҳар аҳлининг ҳаммаси гуноҳкор бўладилар. Чунки, улар севимли Пайғамбари алайҳиссаломнинг севган

амалларини оммавий равишда тарк қилибдилар, унга бепарво бўлибдилар. Худо ўзи асрасин!

САВОЛ: Аёллар ҳам эътикоф ўтирадиларми? Улар эътикоф ўтирсалар, қаерда ўтирадилар?

ЖАВОБ: Таровеҳ намозига ўхшаб, эътикоф ўтириш ҳам аёлларга суннатдир.

Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятларидан бундай дейилади:

“Ҳазрати  Набий  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  то  Аллоҳ  таоло  омонатини  олгунича  Рамазоннинг

охирги  ўн  кунлигида  эътикофга  ўтирмоқни  канда  қилмадилар.  Жанобдан  сўнг  ул зотнинг  аёллари  ҳам

шундоқ эътикоф қиладиган бўлишди”.

Демак,  аёлларнинг  эътикоф  ўтиришлари  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг аёлларидан қолган суннат экан.

Хотин киши эрининг рухсати билан эътикоф ўтиради!

Аммо,  улар  эътикофни  гарчи  бу  жоиз  бўлса-да,  масжидда  эмас,  уйларида  ўтириб  қилишлари  тарғиб

қилинади. Чунончи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам демишлар:

“Аёлларнинг  уйлари  улар  учун  яхшироқдир”.  (Абу  Довуднинг  Ибн  Умар розияллоҳу  анҳудан ривояти).

Имом  Абу  Довуднинг  Ибн  Масъуд розияллоҳу  анҳудан  қилган  ривоятларида  Жаноби  Расулуллоҳ

соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

“Аёлнинг  уйидаги  намози  айвонида  ўқиган  намозидан  афзалдир.  Унинг  энг  махфий,  ўзидан

бошқалар киролмайдиган хос хонасида ўқиган намози уйида ўқиган намозидан афзалдир”.

Эрининг  рухсати  ёки  ота-онасининг  рухсати  билан  уйида,  ўзининг  хос  хонасида  эътикоф  ўтирмоқчи

бўлган  аёл  ёки қиз  бола  заруратсиз  хонасидан  чиқмайди.  Фақат  у  инсоний  ҳожат  учунгина  хонасидан  чиқиши мумкин.

САВОЛ:  Эътикоф  ўтириш  суннат  бўладиган  бўлса,  унинг  фазилатлари  ҳам  улуғ  бўлиши  керак.

Эътикофнинг фазилатларидан гапириб берсангиз?

ЖАВОБ: Эътикоф Қуръони каримда зикр этилган гўзал ибодатларнинг жумласидандир. Чунончи, Аллоҳ таоло деган:

 

“Ва Иброҳим билан Исмоилга: “Менинг Байтимни тавоф қилувчилар, (ўша ерда ибодат (эътикоф)

қилиб) турувчилар, рукуъ, сужуд эгалари учун пок тутинг”, деб буюрдик”. (Бақара сураси, 125-оят).

Ибн  Можжа  ва  Байҳақийлар  Ибн  Аббос розияллоҳу  анҳудан  қилган  ривоятларида  Пайғамбаримиз

соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

“Эътикоф ўтирган киши гуноҳларидан ажралади ва унга бутун савоб амалларини қилаётгани каби ажр берилиб туради”.

Имом  Табароний  ва  Байҳақий  ривоят  қилган  ҳадисда  эса  Расули  акрам  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам

эътикофнинг савобини бу тарзда улуғлаганлар:

“Рамазон ойида ўн кун эътикоф қилмоқ икки ҳаж ва икки умра кабидир”.

Яна мазкур икки муҳаддис ривоят қилган ҳадиси шарифда мана бундай марҳамат қилинади:

...

“Ким  Аллоҳнинг  розилигини  тилаб  бир  кун  эътикоф  ўтирса,  у  билан  дўзах  орасида  осмон

гардишидан кенгроқ уч хандақ қилади”. Ушбу ҳадиси шарифни Имом Ҳоким саҳиҳ деган.

САВОЛ: Эътикоф ўтиришда ният шартми? Эътикоф ўтиришда рўзадор бўлиш ҳам шартми?

ЖАВОБ:  Албатта,  эътикофда  ҳам  ният  шарт.  Чунки,  ҳар  бир  амал  ният  билан  боғлиқдир.  Зотан,  у

одатдан  ташқари  ибодатдир.  Бинобарин,  уни  ният  билан  аниқ  белгилаб  олмоқ  даркор  бўлади. Машҳур ҳадиси шариф бор:

“Шак йўқки, амаллар ниятларига боғлиқдир”.

Эътикофни  рўза  билан  бўлишини  бизнинг  мазҳаб  аҳли  шарт,  дейдилар.  Чунки,  Пайғамбаримиз

соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикофни рўза тутмасдан қилмаганлар. Ибн Аббос, Ибн Умар, Ойша розийаллоҳу

анҳум каби саҳобаи киромлар шу қарашда бўлганлар.

Имом  Дорақутний,  Ҳоким, Ибн  Аби  Шайба  ва  Байҳақийлар  Оиша  онамиз розияллоҳу  анҳодан  ривоят

қилганлар. Ул зоти шарифа бундоқ деганлар:

“Фақат рўза билангина эътикоф бордир”.

Имом Абдурраззоқ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

“Кимки эътикоф ўтирмоқчи бўлса, бас, унга рўза тутиш лозимдир”.

Ибн  Умар розияллоҳу  анҳу  ривоят  қилишларича,  биров  эътикоф  ҳақида  сўраганида  Расулуллоҳ

соллаллоҳу алайҳи васаллам унга эътикофни рўза тутиб бажаришни буюрганлар. (Дорақутний, Байҳақий ва Абу Довуд ривоятлари).

Масжид  ичида  бирор  соат  эътикоф  ўтиришни  ният  қилган  одамга  рўза  шарт  эмас,  албатта.  Бу  бошқа

мазҳаблар  қавлига  мувофиқ  келади.  Ҳазрати  Али  ва  Ибн  Масъуд розияллоҳу  анҳумонинг  қавли  ҳам  шундай

бўлган. Демак,  Имом  Абу  Юсуф  ва  Имом  Муҳаммад  қарашларига  кўра,  нафл  эътикофда  рўза  шарт  эмас  экан.

Дорақутний,  Ҳоким  ва  Байҳақийлар  Ибн  Аббос розияллоҳу  анҳудан  ривоят  қилишларича,  Расулуллоҳ

соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ демишлар:

“Эътикофга рўза шарт эмас, фақат ўзига эътикофни назр қилса, рўза шартдир”.

САВОЛ: Эътикофни масжидда ўтириш лозимми? Қандай масжидларда ўтириш керак?

ЖАВОБ:  Суннати муаккада  бўлмиш  эътикофни  эркаклар  масжидларда,  беш  вақт  намоз  жамоат  бўлиб

ўқиладиган  масжидларда  ўтириб  адо  қилишлари  керак.  Имоми  Аъзам  ва  Имом  Аҳмад  ибн  Ҳанбал  ҳазратлари шундай деганлар.

Имом  Абу  Юсуф  ва  Муҳаммад  ҳамда  Имом  Шофиъий  ҳар  қандай  масжидда  эътикоф  ўтириш  мумкин, дейдилар.

Жамоат  бўлиб  намоз  ўқиладиган  масжидларда  эътикоф  ўтириш  лозимлигини  Ибн  Аббос розияллоҳу

анҳунинг гаплари қувватлайди:

“Аллоҳ  таолога  ишларнинг  энг  бўлмағури  бидъатлардир. Ҳовлилар  орасидаги,  жамоат  бўлиб

ўқилмайдиган масжидларда эътикоф ўтириш ҳам бидъатлардандир”. (Имом Байҳақий ривояти).

Имом Табароний тобеъинларнинг улуғларидан бўлмиш Иброҳим ан-Нахаъийдан ривоят қилган. Ҳузайфа

розияллоҳу анҳу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга деган эканлар: “Ҳовлингиз билан Абу Мусо ҳовлиси орасидаги

кичкина  масжидда  эътикоф  ўтирган  қавмдан  ажабланмайсизми?”. Абдуллоҳ  ибн  Масъуд  дебдилар:  “Улар

эътикоф  ўтириш  кераклигини  эслаб  қолишган,  аммо  одобларини  унутишган.  Мен  билишимча,  эътикоф  фақат

жамоат масжидидагина бўлиши мумкин”.

Масжидларнинг  ҳам  бир-биридан  фарқи  борлиги  маълум.  Савоби  кўп  масжидлар  бўлади.  Савоби

қанчалик кўп бўладиган масжидларда эътикоф ўтириш шунчалик яхши. Шу ҳақиқатга қараганда, беш вақт намоз

ўқиладиган масжиддан кўра, жумъа ва ҳайитлар ҳам ўқиладиган жамоат масжиди, яъни масжиди жомиъ эътикоф учун яхшироқдир.

Эътикоф  учун  Маккаи  мукаррамадаги  Масжиди  Ҳаром  энг  афзалдир.  Ундан  сўнг  Мадинаи

Мунавварадаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари энг афзалдир. Ундан сўнг Байт ал-Мақдисдаги  Масжид  ал-Ақсо  афзалдир.  Чунончи,  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  мана  бундай демишлар:

“Менинг  бу  масжидимдаги  битта  намоз  бошқа  масжидлардаги  мингта  намоздан  яхшироқдир.

Фақат Масжиди Ҳаром бундан мустасно”. (Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоятлари).

Бошқа ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янада кўпроқ савоб бўлишини башорат қилганлар:

.

“Кишининг  ўз  уйидаги  намози  битта  намоздир. Унинг  қабила  масжидида,  яъни  беш  вақт  намоз

ўқиладиган масжиддаги битта намози йигирма беш намоз савобидир. Унинг жумъа ўқиладиган масжиди

жомиъда  ўқиган  битта  намози  беш  юз  намоз  савобидир.  Унинг  Масжиди  Ақсода  ўқиган  битта  намози

эллик минг намоз савобидир. Унинг менинг мана шу масжидимда ўқиган битта намози ҳам эллик минг

намоз савобига эгаликдир. Унинг Масжиди Ҳаромда ўқиган битта намози юз минг намоз савобидир”. (Ибн

Можжанинг Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривояти).

САВОЛ:  Эътикофда  масжиддан  чиқиш  мумкин  эмасми? Қандай  ҳолатларда масжиддан  чиқилади?

Масжиддан чиқса, эътикофи бузиладими?

ЖАВОБ: Эътикофнинг одоблари ҳақида гапирадиган бўлсак, энг шомил гапни Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо айтганлар:

“Эътикоф ўтирувчига суннат шуки, касални бориб кўрмагай, жанозага бориб қатнашмагай, аёлини

ушламагай, улар билан алоқа қилмагай. Ўта лозим бўлганидан бошқа ҳожати учун  ташқари чиқмагай.

Рўзасиз эътикоф йўқдир. Жомиъ масжиддан бошқа ерда эътикоф йўқдир”. (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак,  эътикоф  ўтирувчи  фақатгина  ҳожати  учунгина  ташқари  чиқади.  Бу  ҳожатлари  ҳожатхоналарда

бўладиган  инсоний  ҳожатлардир.  Сиҳҳоҳи  ситтада  Пайғамбаримиз  эътикофда  худди  ана  шу  жиҳатдангина ташқари чиққанлари ривоят қилинган.

Агар  эътикофни  беш  вақт  намоз  ўқиладиган  масжидда,  аммо  жумъа  ўқилмайдиган  масжидда  адо

қилаётган  бўлса,  жумъа  ўқиш  учун  заволдан  кейин  ўша  жомиъга  чиқиши  мумкин.  Бунда  суннатларни  ҳам

ўқишни ният қилиб, эртароқ чиқилса ҳам бўлаверади.

Ўша  жумъа  ўқиладиган  масжидда  кўпроқ  қолиб  кетса  ҳам  бўлади.  Чунки,  у  ҳам  масжиддир.  Бироқ,

бундай қилиш яхши эмас (макруҳ), ўзи эътикоф ўтирган масжидига тезроқ келиши керак.

Узрсиз, заруратсиз масжиддан бирор лаҳза чиқиш эътикофни бузади. Бу Имоми Аъзам наздидадир. Унинг

икки шогирди эса ярим кундан кўпроқ ташқарида қолиш эътикофни бузади, деганлар.

Агар  бировни  қутқариш  учун,  гувоҳлик  бериш  учун,  касални  кўриш  учун,  жанозага  қатнашиш  учун,

масжиддан ҳамма чиққани учун мўътакиф масжиддан чиқадиган бўлса, озгина лаҳза ташқарида турадиган бўлса

ҳам  эътикоф  бузилади.  Агар  масжид  йиқилиш  хавфи  бўлгани  учун,  масжиддан  жамоат  узилиб,  ҳеч  ким

келмайдиган бўлгани учун ёки золим кимса уни зўрлаб чиқаргани учун мўътакиф ярим кун ташқарида бўлса ҳам, эътикофи бузилмайди.   

Миноранинг эшиги масжид ичидан бўлса, мўътакиф минорага чиқиб азон айтса бўлади.

САВОЛ: Масжидда ўн кун ўтиришнинг ўзи бўлмайди. Кечаси хотини билан яқинлик қилса бўладими? Бу эътикофни бузадими?

ЖАВОБ: Эътикоф  вақтида  аёлига  яқинлик  қилиш  уни  бузади,  албатта.  Бундан Аллоҳ  таолонинг  ўзи

қайтарган:

.  .

“1T Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда1T  1T (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг!

Булар (юқоридаги  ҳукмлар)1T   1T Аллоҳнинг  чегараларидир.  Бас  уларга  яқинлашмангиз!  Одамлар (ҳаром

ишлардан)1T   1T сақланишлари  учун  Аллоҳ  ўз  оятларини  мана  шундай  очиқ-равшан  баён  қилади1T ”.  (Бақара сураси, 187-оят)

Шунинг учун эътикоф ўтирган эркакка аёлига яқинлик қилиш ҳамда шунга олиб борадиган ҳар қандай иш

– уни қучоқлаш, ўпиши, у билан ялонғоч қучоқлашиш кабилар ҳам ҳаромдир.

Агарч кечаси  хотини  билан  қўшилса,  гарчи  эсидан  чиқиб  қўшилса-да  эътикофи  бузилади. Чунки,

эътикофга  кундузи  каби  кечаси  ҳам  киради.  Чунки,  у  намозга  ўхшайди.  Билмай  қолиш  деган  нарса  намозда

бўлмагани  каби  эътикофда  ҳам  бундай  узр  ўтмайди.  Рўза  бўлса,  эсидан  чиқиб  қилинган  жимоъ  сабабли бузулмайди.

Агар  хотинининг  фаржидан  бошқа  ерига  ватий  қилса,  ёки  қучоқлаб,  ўпишса,  лекин  маний  чиқмаса,

эътикофни  бузмайди,  аммо  у  ҳаром  ишни  қилган  бўлади. Шунингдек,  назар  қилиш  ёки  фикр  юритиш  чоғида

маний  чиқса  ҳам  эътикофни  бузмайди.  Бироқ,  Имом  Молик  наздида  мутлақо  бундай  ишлар  эътикофнинг

бузилишига олиб келади. Бинобарин, эътикофдан гуноҳ орттирмаслик лозим!

САВОЛ: Эътикоф ўтирган одам масжидда гапириши мумкинми? Еб-ичиши масжид ичида бўладими? У

масжид ичида ухлайдими? 

ЖАВОБ:  Аслида  масжидда  дунёвий  гапларни  гапириш  мумкин  эмас.  Чунончи,  Пайғамбаримиз

соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Одамларга бир замонлар келадики, уларнинг дунёвий ишлар ҳақидаги гап-сўзлари масжидларда

бўлади. Бас, улар билан умуман ўтирманглар. Зеро, Аллоҳнинг уларда ҳожати йўқдир”. (Имом  Байҳақий

Ҳасан розияллоҳу анҳудан мурсал ўлароқ ривояти).

Шунга ўхшаш ҳадиси шарифни Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилганлар:

“Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  масжидларда  шеър  ўқишдан,  сотиш  ва  сотиб  олишдан

ҳамда  жумъа  кунлари  масжидда  намоздан  аввал  одамларнинг  давра  бўлиб  гаплашиб  ўтиришларидан қайтардилар”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу  ас-Соиб ибн Язиднинг масжид ичида ухлаб ётганини кўриб, унга майда

тошлар отиб, турғизиб юборганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Шу  ва  шунга ўхшаш  ҳадиси  шарифларни  ўрганиб  чиққан  мазҳабимизнинг  улуғ  фақиҳларидан  бири,

“Ҳидоя”  асарига  энг  машҳур  шарҳни  битган  зот  Ибн  ал-Ҳумом  ҳазратлари  масжидда  ҳатто  мубоҳ  гапларни

гапириш ҳам ҳасанотларни еб қўяди, деган эканлар.

Шу  ва  шунга  ўхшаш  ҳадиси  шарифларни  ўрганиб  чиққан  мазҳабимизнинг  улуғ  фақиҳлари  масжидда

ҳатто  қасос  ва  ҳаддларни  ижро  қилишни,  жаноза  намозларини  барпо  қилишни  жоиз  кўрмаган  эканлар.

Аммо бу нарсалар эътикоф ўтирган кимсаларга жоиз. Чунки, мўътакиф шунга зарурати туғилади.

Лекин,  савдо-сотиқ  қилганида  сотадиган  ёки  оладиган  нарсасини  масжидга  ҳозир  қилмайди.  Зотан,

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Кимнинг  масжидда  сотиб  ва  олиб  турганини кўрсангиз,  унга  “Аллоҳ  тижоратингга  фойда

бермасин”, денглар”. (Имом Термизий ва Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривояти).

Эътикоф ўтирибман, деб доим жим ўтиравермайди, яхши гаплардан гаплашиб ҳам ўтиради. Яхши гаплар

деганда,  ҳадиси  шарифлардан  ўқиб  ўтириш,  илм  олиш  ва  илм  бериш,  Пайғамбар  алайҳиссаломнинг

сийратларини  ўрганиш,  солиҳ  зотларнинг  ҳаётларидан  ҳикоялар  қилиш,  дин  усулларини  таҳсил  олиш  кабилар

тушинилади. Чунки, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ демишлар:

“Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонса, яхши гаплардан гапирсин, бўлмаса, жим бўлсин!”. (Имом

Аҳмад ва Бухорий ҳамда Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вусол рўзаси ва самт рўзасидан қайтарганлар. Вусол рўзаси

деганда рўзани ифтор ва саҳарлик қилмасдан улаб тутишга айтилади. Самт рўзаси эса ҳеч нарса гапирмасдан жим

ўтириб,  жим  юриб  рўза  тутишга  айтилади.  Имом  Абу  Довуд  ривоятида  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи

васаллам кундузи кечгача жим юришдан қайтарган эдилар. Эътикоф эса рўза билан бўлиши ҳаммага маълум.

Имом Абу Довуд, Байҳақий, Ибн Хузайма ва Имом Аҳмадлар Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан

ривоят  қилишларича,  Пайғамбаримиз  алайҳиссалом  масжидда  эътикоф  ўтирганларида,  қироатни  жаҳрий

ўқиётган саҳобаларнинг овозларини эшитиб қолибдилар. Шунда (ичида эътикоф ўтирган) пардани очиб бундоқ

дебдилар:

“Аё, сизларнинг ҳаммангиз ҳам Парвардигорига муножот қилмоқда… Бас, шундай экан, баъзингиз

баъзингизга  ҳаргиз  изо  етказмасин  ва  қироатда  баъзингизнинг  овозингиз  баъзингизникидан  кўтарилиб кетмасин (халақит берилмасин)!”.

Демак, масжидда эътикоф ўтирганда, бошқа мусулмонларга халақит қиладиган даражада суҳбат қилиш,

дарс айтиш, қироат қилиш ярамайди.

Жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом масжидда эътикоф ўтирганларида аёллари таомларини масжидга олиб

борар эдилар, ул зот  масжидда ётиб қолар эдилар.

САВОЛ: Эътикоф ўтириш ўзи неча хил бўлади? Рамазондан бошқа вақтда эътикоф ўтириб, уни бирор

сабаб билан бузиб қўйса, нима қилади? Эътикоф ўтиришга назр қилса бўладими?

ЖАВОБ: Эътикоф ўтириш уч хил бўлади:

Биринчиси, энг машҳури Рамазон ойида, асосан, унинг охирги ўн кунлигида ўтирадиган эътикоф бўлиб, у суннати муаккададир.

Иккинчиси,  Рамазон  ойидан  бошқа  ойларда  ўтириладиган  эътикофлар  бўлиб,  у  мустаҳаб  амаллардир.

Салафи солиҳинларимиз бундай эътикофларга ҳам жуда эътибор билан муносабатда бўлганлар.

Учинчиси,  инсон  ўзига  назр  қилган  эътикофлардир.  Бундай  эътикофларни  назр  шартларига  кўра адо қилиш вожибдир.

Ҳазрати  Умар розияллоҳу  анҳу жоҳилият  даврида  Масжид ул-Ҳаромда  эътикоф  ўтиришга  назр  қилган

эканлар.  Бу  ҳақда  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васалламга  хабар  берганларида,  ул  зоти  шариф:

“Назрингга вафо қил!”, деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Аллоҳ таоло эса мана бундай буюрган:

“Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз”. (Моида сураси, 89-оят).

Эътикоф ўтиришни назр қилган одам кеча-кундуз эътикоф ўтириши лозим. Агар у кундузини ният қилса,

кечаси ҳам, кечасини ният қилса кундузи  ҳам назр қилган эътикоф муддатига киради. Неча кунни ният қилган

бўлса, ўша кунларни пайдар-пай эътикофда ўтказишига тўғри келади. Агар пайдар-пайликни бузса, назрига вафо қилмаган бўлади.

Агар у бир ой эътикоф ўтиришни ният қилиб, фақат кундузини ният қилган эдим, деса, гапи эътиборга

олинмайди, кечалари ҳам эътикофда ўтиришига тўғри келади.

Агар у икки ёки ундан ортиқ кунларда фақат кундузлари эътикоф ўтиришни ният қилган бўлса, унда бу

нияти эътиборлидир. У айтилгандек, фақат кундузлари эътикоф ўтиради.

Кимки эътикоф ўтиришни ният қилиб, уни адо қилмаса, ўлаётганида васият қилиши лозим бўлади. Ҳар

бир куни учун каффоратига икки кило буғдой миқдорида фидя тўланади .

САВОЛ: Рамазон ойида эътикоф ўтираман, деб ўзига ўзи назр қилса, аммо, бирор сабаб билан эътикоф

ўтира олмаса, у нима қилади?

ЖАВОБ: Имом  Муҳаммад  қавлига  кўра,  у  бошқа  ойда  рўза  тутиб,  пайдар-пай,  яъни  кунларни  улаб, эътикоф қазосини бажаради. (“Бадойиъ”).

САВОЛ:  Эътикофнинг  энг  оз  муддати  қанча? Агар  масжидда  еб-ичишга  тўғри  келиб  қолса,  нима қилади? Эътикоф ният қилиб, сўнг еб-ичиш мумкинми?

ЖАВОБ:  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васалламдан  қолган  суннати  муаккада  бўлган  эътикоф муддати ўн кундир.

Эътикофнинг энг  оз  муддати  эса  бир  кундир.  Бу  инсон  ўзига  эътикоф  ўтиришни  назр  қилса,  бир  кун

эътикоф  ўтиради,  деганидир.  Агар  у  бир  кундан  аввал  масжиддан  узрсиз  ташқари  чиқиб  кетса,  эътикофи

бузилган ҳисобланади.

Имом  Абу  Юсуф  кундузнинг  кўпроғида  ўтирса,  эътикоф бўлади,  деган  бўлсалар,  Имом  Муҳаммад  аш-Шайбоний  ва  Имом  Шофиъий  ҳазратлари  эса  эътикофнинг  энг  оз  муддати  бир  соатдир,  яъни  бирор  лаҳза  ҳам

ният  қилиб  масжидда  ўтирса,  эътикоф  ўрнига  ўтади  ва  эътикофга  савоб  олади,  деганлар. Чунки,  эътикоф

инсоннинг ўз ихтиёри билан қилинадиган ибодат. Демак, уни қачонгача давом қилдириши ўзига боғлиқ. Ибн Аби

Шайба Яъло ибн Умаййа розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у дўстига: “Биз билан масжидга юр, у ерда бирор лаҳза эътикоф ўтирамиз”, деган экан.

Инсониятга фойдаси кўпроқ бўлгани жиҳатидан мазҳабимизда ҳам Имом Муҳаммаднинг қавлига фатво

берилган. (“Дурр ул-мухтор” ва “Умдат ур-риоя”).

Демак, масжидда еб-ичишга тўғри келиб қолганда, ёки кечалари ухлаб қолиш зарурати туғилса, эътикоф

нияти қилиб олинади. Яъни, шу масжидда ўтирганим эътикофдир, деб ният қилиб, масжидга киради. Бу айниқса,

тадбирларда, жой етишмаган вақтларда масжидга дастурхон солинган вақтларда ва хатми Қуръонларда чой, сув

ичиб ўтириш учун жуда қўл келади. Хусусан, қориларимиз қироатлари чиройли ва гўзал бўлиши учун сув ичиб

туришлари керак бўлади. Акс ҳолда, эътикоф қилмасдан, масжидда еб-ичиб ўтиравериш мумкин эмас.

САВОЛ: Эътикофга  кириш  ва  чиқиш  вақтлари  белгиланганми? Ёки  хоҳлаган  пайтда  кириб,хоҳлаган пайтда чиқилаверадими?

ЖАВОБ: Эътикофга кириш вақти борасида фуқаҳолар орасида икки хил қараш мавжуд. Авзоъий, Исҳоқ

ибн  Роҳавайҳ,  Аҳмад  ибн  Ҳанбал  каби  зотлар  бомдодни  ўқиб  бўлганидан  сўнг  эътикофга  киради,  дейдилар.

Мазҳабимиз  имомларидан  Имом  Абу  Юсуф  ҳам  биринчи  куннинг  кечаси  кирмайди,  дейдилар.  Қолган  мазҳаб

имомлари, шунингдек, Суфёни Саврий каби тобиъинлар ҳам эътикофга қуёш ботишидан аввал кирилади, яъни,

биринчи кеча эътикоф таркибига киради, дейдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътикофга киришлари ҳақидаги ҳадис бор:

“Расулуллоҳ  соллалоҳу  алайҳи  васаллам  қачон  эътикоф  ўтиришни  хоҳласалар,  бомдодни  ўқир

эдилар,  сўнг  эътикоф  жойига  кирар  эдилар”. Абу  Довуд  ва  Ибн  Можжа  Оиша  онамиз розияллоҳу  анҳодан

ривоятлари. Мазкур маънодаги ҳадисларни Имом Бухорий ва Муслим, Термизий ва Имом Аҳмадлар ҳам ривоят қилганлар.

“Эълоъ ус-сунан”да айтилишича, мазкур ҳадисни шундай англаш керак: Расулуллоҳ алайҳиссалом қуёш

ботишидан  аввал  масжидга эътикоф  учун  кирар  эдилар  ва  бомдодни  ўқиб  бўлганларидан  сўнг  унга  астойдил

киришиб, ўзларига масжид чеккасидан алоҳида жой ҳозирлар эдилар .

Чунки,  эътикофга  кечалар  ҳам  кириши  маълум.  Шунга  кўра  ўн  кунлик  эътикофда  йигирма  биринчи

кечанинг  эътикоф  таркибига  кириши  тўрт  мазҳаб  аҳлининг  ижмоъсидир.  Юқоридаги  ҳадиси  шарифни  эса

Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  йигирманчи  куннинг  бомдодида  эътикофга  кириб  кетар  эдилар,  деб тушиниш ҳам мумкин .

Эътикофдан  чиқишда  эса  Рамазоннинг  ўн  кунида  ўтирган  кимса Рамазоннинг  охирги  куни  шом намозидан кейин чиқади.

Назр эътикоф қилган одам эса, агар фақат кундузини ният қилган бўлса, тонг отишидан аввал эътикофга

кириб,  шом  намозини  ўқиб,  кейин  масжиддан  чиқади. Агар  бир  неча  кунни  ният  қилиб  эътикофга  кирадиган

бўлса, асрдан кейин, қуёш ботишидан аввал эътикофга кириб, охирги куни қуёш ботганидан сўнг, шомдан кейин

эътикофдан чиқади . Буни Имом Таҳовий айтганлар. (“Жомиъ ур-румуз”).

САВОЛ: Нима  учун  эътикоф  ўтириш  Рамазоннинг  охирги  ўн  кунлигида  қилинади? Ёки “Лайлат  ул-қадр”ни топиш имконияти борми?

ЖАВОБ:  Лайлат  ул-қадр,  яъни  қадрли  кеча  минг  ойдан  яхшироқ  эканлиги  Қуръони  каримда

таъкидланган. Бинобарин, мусулмонлар ана шу кечани ибодат билан ўтказишга рағбар кўрсатмоқлари лозим ва лобуддир.

Рамазоннинг  охирги ўн  кунлигида  эътикоф  ўтиришнинг  яна  бир  ҳикмати  Қадр  кечасини  топишнинг

имконияти мавжудлигидир. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида

эътикоф  ўтирганларида,  Жаброил  алайҳиссалом  келиб:  “Агар  Лайлат  ул-қадрни  изламоқда  бўлсангиз,  унда

охирги ўн кунликда эътикоф ўтиринг!” деган экан.

Шунинг учун ул зоти шариф: “Кимки мен билан бирга эътикоф қилган бўлса, яна жойига қайтсин

(эътикофни давом эттирсин), чунки шу кеча менга Лайлат ул-қадр ўтадиган кун аён қилинди...”, дедилар. 

Қадр  кечаси  ҳар  Рамазонда  бўлишини  Пайғамбаримиз  башорат  қилганлар  (Имом  Абу  Довуднинг  Ибн  Умар

розияллоҳу анҳудан ривояти) ва бундоқ деганлар:

“Қадр  тунини  Рамазоннинг  охирги  ўн  кунлигида  тоқ кечалардан  талаб  қилинг!”. (Имом  Бухорий

Ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳодан ривояти).

Яна  Ибн  Умар розияллоҳу  анҳудан  қилинган  ривоятда  бу  яна  ҳам  қисқарган: “Ким  у  (кеча)ни

излайдиган бўлса, охирги етти (кеча)да изласин”. Демак, охирги ўн кунликдан,  охирги етти кунга қисқарди.

Бошқа  ўринда  Расули  акрам  алайҳиссалом  Лайлат  ул-қадрни  йигирма  бир,  йигирма  уч,  йигирма  беш,

йигирма етти ва йигирма тўққизинчи кечаларда бўлиши мумкинлигини айтганлар. Булар тўғрисида саҳиҳ ҳадиси

шарифлар ворид бўлган. Аммо, энг кўп ривоятлар йигирма еттинчида Қадр кечаси бўлиши башорат қилинганини

эътиборга  олиб,  кўпчилик  уламолар  ана  шу  кечада  бўлади,  деб  ибодатга  кўпроқ  тарғиб  қилганлар.  Қадр

сурасидаги “Лайлат ул-қадр” сўзлари уч марта қайтарилган бўлиб, 9 ҳарфдан иборат. Улардаги ҳарфлар сонини

қўшганда  ҳам  27  чиқиши  маълум.  Имом  Аҳмад  ривоятида  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  мана бундай деб марҳамат қилганлар:

“Кимки  Қадр  кечасини ҳар  томонлама  текшириб,  қидирмоқчи  бўлса,  бас,  уни  йигирма  еттинчи кечадан қидирсин!”.

Имом  Абу  Довуд  Муовия розияллоҳу  анҳудан  ривоятида  эса  Расули  акрам  алайҳиссалом  жанобимиз

қатъий равишда: “Лайлат ул-қадр йигирма еттинчи кечадир”, деганлар.

Шунинг учун Ислом фақиҳлари қадр кечасини йигирма еттинчи кечада бўлишини кўпроқ қувватлаганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечаси ўтиб, унинг кундузида қуёш нурсиз, нури камроқ бўлиб

(булут ёки туман қопланган ҳолда) чиқади, деганлар. (Имом Муслим ривояти).

Аслида, Қадр кечасини қачон бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Фақат тахмин қилинади,

холос. Шу боисдан фақиҳлар томонидан унинг қачон бўлиши ҳақида қирқдан зиёд қавллар, тахминлар айтилган.

Буларни  бирма-бир  (46  та  қавлни)  Ҳофиз Ибн  Ҳажар  Асқалоний  ўзининг  машҳури  жаҳон  бўлган  “Фатҳ  ул-борий”  асарида  батафсил  зикр  қилган.  Муҳаммад  Абдулғафурнинг  “ал-Исъоф”  асарида  ушбу  қавл  ва

тахминларнинг  45  таси  келтирилган.  Уларнинг  ҳар  бир  гапи  ва  тахминининг  асоси,  ҳадислардан  ва  саҳобалар

гапларидан далили ҳам айтилган. Бинобарин, Қадр кечасини топмоқчи бўлганлар йилнинг ҳар бир кечасини қадр

ўлароқ кўриши ва ибодатдан ғафлатда қолмаслиги даркор! Шунинг учун ҳам улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд

розияллоҳу анҳу: “Кимки йил давомида кечалари қоим бўлса, Қадр кечасига етади (уни топади)”, деган эканлар.

(Имом Муслим ривояти).

Бинобарин отабоболаримиз айтган гап ростдир: “Ҳар кечани қадр бил, ҳар кишини Хизр бил!”.

САВОЛ: Қадр кечасида ухламасдан ибодат қилиб чиқиш керакми?

ЖАВОБ: Қадр кечасининг қадри ўзгачадир. Аллоҳ таоло ушбу кечада Қуръони каримни нозил қилди. У

Рамазонда, хусусан, Лайлат ул-қадрда Лавҳ ул-маҳфуздан Байт ул-иззатга бир дафъада индирилди. Кейинчалик

Қуръони карим Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида бўлиб-бўлиб нозил этилди.

Аллоҳ таоло деган:

(У  саноқли  кунлар)  Рамазон  ойидирки,  бу  ойда  одамлар  учун  ҳидоят  бўлиб  ва

 ҳидоят  ва  Фурқон  (ҳақ  билан  ботилни  ажратгувчи)нинг  очиқ  оятлари  бўлиб,  Қуръон

нозил қилинган”. (Бақара сураси, 185-оят).

Имом Бухорий ва Муслим, шунингдек, Абу Довуд, Насоий, Доримий ҳамда Ибн Ҳиббонлар Абу Ҳурайра

розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ демишлар:

“Кимки Қадр кечасини имон ва ишонч, ўзгача эҳтимом билан намоз ўқиб ўтказса, ўтган гуноҳлари кечирилади”.

Яна бир ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

“Албатта бу ой сизларга ҳозир бўлиб турибди. Унда  минг ойдан  яхшироқ  кеча  бор.  Кимки  ундан

маҳрум  қолса,  ҳамма  яхшиликлардан маҳрум  қолган  бўлади.  Унинг  яхшилигидан  фақатгина  ҳақиқий

маҳрум одамгина қуруқ қолади”. (Имом Аҳмад, Ибн Можжа ва Насоийлар ривояти).

Имом  Аҳмад  Уббода  ибн  Сомит розияллоҳу  анҳудан  ривоят  қилишича,  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи

васаллам бундай деганлар:

:  

“Қадр  кечаси  охирги  ўн  кунликдадир. Кимки  унда  мукофотини  умид  қилиб, қоим  бўлса,  (кечани

ибодатда ўтказса), бас, Аллоҳ таборака ва таоло унинг ўтган ва келаси гуноҳларини мағфират қилади. У

тоқ  кечалардадир:  йигирма  тўққизинчи,  йигирма  еттинчи,  йигирма  бешинчи,  йигирма  учинчи  ёки  энг охирги (йигирма биринчи) кечададир”.  

Қадр  кечасининг  минг  ойдан  яхшироқ  эканлигини  Аллоҳ  таоло  Қуръони  каримнинг  шу  кечага

бағишлаган  сурасида  айтиб  ўтган. Ушбу  суранинг  биринчи  оятида  Аллоҳ  таоло  Қуръони  каримни  шу  кечада

нозил  қилганини  баён  қилади.  Иккинчи  ояти  эса  ушбу  кечанинг  фазилатини  билишга  бўлган  танбиҳ,

огоҳлантиришдир. Учинчи оятда эса Қадр кечасининг минг ойдан яхшироқ эканлиги айтилган. Демак, бир ойда

ўттиз кеча бор. Қадр кечаси эса қадри бўлмаган ўттиз минг кечадан афзал экан. Бу эса саксон уч йилдан зиёдроқ

вақт  бўлади.  Тўртинчи  оятда зикр  қилинишича,  Аллоҳ  таолонинг  амри  бўйича  мазкур  кечада  фаришталар,  шу

жумладан Жаброил алайҳиссалом ҳам заминга тушар эканлар. Қадр сурасининг охирги оятида эса бу кеча тонг

отгунча гуноҳлардан, ёмонликлардан, бало-офатлардан саломат бўладиган кеча эканлиги баён этилган.

Бу  кечада  қиладиган  дуомизни  ҳам  Жаноби  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг  ўзлари

ўргатганлар: Ойша онамиз розияллоҳу анҳо: “Қадр кечасини топсам, нима дейман?” деб сўраганларида ул зоти

шариф бундоқ деб ўргатдилар: “Мана бу дуони айтгин:

“Эй  Аллоҳим!  Шак  йўқки,  Сен  афв  қилгувчисан,  афвни  яхши  кўрасан. Бас,  мени  афв  қилгин!”.

(Имом Аҳмад ва Сунан соҳиблари ривоят қилган).

Ана шу сабабларга кўра Қадр кечасида ибодат қилиб чиқиш, Қуръон тиловат қилиш, тафсир, ҳадис, фиқҳ

китобларини  мутолаа  қилиб,  фойда  олиш,  зикрларга  машғул  бўлиш,  нафл  намозлар,  шу  жумладан,  таҳажжуд

намозларига ғайрат билан киришиш мақбул амаллардандир. Баъзи унчалик муътабар бўлмаган китобларда Қадр

кечасида  ҳам  юз  ракъат  (нафл)  намоз  ўқиш  тавсия  этилади.  Демак,  ҳеч  бўлмаганда,  шунчалик  намоз ўқишга ғайрат кўрсатиш керак.

САВОЛ: Қадр кечасини билишнинг аломатлари борми?

ЖАВОБ: Парвардигори  олам  ўзи  хоҳлаган  бандасига  Қадр  кечасини  билдиради.  Қадр  кечасини  аниқ

билиб тонг отгунча ибодат қилиб чиқиш афзалдир. Буни билиб, сезиб қолиш бир каромат бўлгани учун Аллома

Ибн Ҳажар Асқалоний уни билган тақдирда ҳам ҳеч кимга гапирмаган маъқул, деганлар.

Қадр  кечасининг  аломатлари  бор.  Бу  ҳақда  саҳиҳ  ҳадиси  шарифлар  ҳам  ворид  бўлган.  Уларда

айтилишича, қадр кечасида сукунат ҳукм суради, юлдузлар учмайди, ҳаво мўътадиллашади: иссиқ ҳам бўлмайди,

совуқ ҳам бўлмайди. Эрталаб қуёш қизариб, тоғарага ўхшаш бўлиб,  ёғду сочиши ўта заиф ҳолатда бош кўтаради.

Сабаби  ўша  тун  ва  кунда  фаришталар  кўплаб  тушиб-чиқиб  туриши  оқибатида  қуёш  нурларини  тўсиб  қўяр

эканлар. Бир ҳадисда Қадр кечасида ёмғир ёғиши ва момоқалдироқ бўлиши ҳам айтилган.

Имом  Абу  Довуд,  Баззор  ва  Ибн  Хузаймалар  Абдуллоҳ  ибн  Аббос розияллоҳу  анҳудан  ривоят

қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини тавсифлаб, бундай деганлар:

“Бу  кеча  мурувватли,  (яхши,  саховатли),  бўшашган,  (озод,  сокин),  иссиқ  ҳам  эмас,  совуқ  ҳам

эмасдир. Унинг қуёши ўша тонгда қип-қизил заиф бўлиб чиқади”.

Саҳобаларнинг улуғ қориларидан бири Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Қадр кечасини йигирма еттинчи

кечада бўлишини айтар ва дер эканлар:

 

“У  бизга  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  хабар  берган  кеча  бўлиб,  қуёш  ўшанда  оппоқ

бўлиб, милтиллаб,  ялтиллаб  чиқади”.  (Имом Муслим, Аҳмад, Абу Довуд, Байҳақий ва Ибн Аби Шайба ривоятлари).

Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

.

“Албатта Қадр кечасининг аломатлари шуки, у мусаффо, ёп-ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули

ой чарақлаб тургандек бўлади. У кечада (ўта) совуқ ҳам, (жуда) иссиқ ҳам бўлмайди. Ўша кечада тонггача

юлдузлар отилишига йўл қўйилмайди. Яна унинг аломатларидан бири қуёш эрталаб ўн тўрт кечалик ойга

ўхшаб,  нурсиз  чарақламасдан  чиқади.  Ўша  куни  шайтонлар  чиқишига  ҳам  йўл  қўйилмайди”.  (Имом

Аҳмад ривояти. Ҳадиснинг ровийларини Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий ишончли деган).

Шу маънодаги ҳадиси шарифни Ибн Хузайма Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Бу борадаги охирги саҳиҳ ҳадис Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “У ёмғирли, шамолли

ва яшинли кечадир”. Мазкур ҳадисни муҳаддислардан Имом Табароний ва Баззор ривоят қилганлар.

Ровийларини Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий саҳиҳ деган. Лекин бу маънодаги ҳадиси шариф битта бўлганлиги

учун аксар ҳолатларда муборак кеча бундай бўлмаслиги билинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам

биринчи  марта  Қадр  кечаси  ҳақида  хабар  берганларидан  сўнг  ўша  кеча  ёмғирли  (сув  ва  лой)  бўлиб,

пешоналарида  лой  излари  қолганлигини  Имом  Бухорий  ва  Имом  Муслим  ҳазратлари  Абу  Саид  ал-Худрий

розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Бу воқеа Рамазоннинг йигирма учинчи кечаси содир бўлган эди.   

Табарий  ва  Байҳақийлар  ривоятида  яна  мазкур  муборак  кечада  касалликлар  пайдо  бўлмаслиги,  шўр

сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туриши кабилар ҳам зикр этилади.

 

 

ҲАЙИТ НАМОЗИ

САВОЛ: Ҳайит намозининг ҳукми нима? Уни ўқиш кимлар учун лозим?

ЖАВОБ: Ҳайит  намозини  ўқиш  Имоми  Аъзам  Абу  Ҳанифа  наздида  вожибдир. Чунки,  Пайғамбаримиз

соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  уни  доим  ўқиганлар,  асло  тарк  қилмаганлар.  Имом  Молик  ва  Имом  Шофеъий

наздида суннати муаккададир. Имоми Аҳмад бўлса, фарзи кифоя дейдилар.

Ҳайит намозини ўқишга Аллоҳ таолонинг мана бу ҳукми далолат қилади:

“Токи  сизлар  бу  саноқни  тўлдирингиз  ва  ҳидоят  қилгани сабабли  Оллоҳни  улуғлангиз ”. (Бақара

сураси, 185-оят).

Тафсир  олимлари  мазкур  оятдаги “ Оллоҳни  улуғлангиз ”ни  ҳайит  намозини  ўқишдир,  деганлар.

Ҳайит намози ҳам жумъа намози каби балоғатга етган эркакларга, ақли жойида, озод инсонга, кўзи, оёғи саломат

кишига, шунингдек, шаҳар ва катта қишлоқларда яшовчиларга вожибдир.

Шу боисдан шаръий узри йўқ одам ҳайит намозга бормаса, қаттиқ гуноҳкор бўлиб қолиши, шубҳасиздир.

Йилда бор йўғи икки марта ўқиладиган намозни қолдирмаслик керак. Бундай маъсиятдан Худонинг ўзи асрасин!

САВОЛ: Аёллар ҳайит намозига чиқмайдиларми?

ЖАВОБ:  Бизнинг  мазҳабимизда  аёлларнинг  ҳайит  намозига  чиқишлари  шарт  эмас.  Оила  ишларига қарайдилар.

Тўғри,  Расули  акрам  соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг  даврларида  аёл-қизлар  беш  вақт  намозга  чиқар

эдилар,  шунингдек,  улар  ҳайитлардан  ҳам  қолмас  эдилар.  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  уларни

ҳайитга чиқишларига ўзлари буюрганлар ва уларнинг ёнларига бориб, улар учун алоҳида мавъиза қилиб берар эдилар.

Аммо, халифаи одил Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу замона зайлига қараб, аёлларни беш вақт намозларга

ва  ҳайит  намозларига  чиқишдан  манъ  қилиб  қўйдилар.  Буни  кўрган  Ойша  онамиз кейинчалик  бундай  деган

эдилар: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам хотинларнинг бундай пайдо қилган нарсалари, юриш-туришларини кўрганларида эди, Бани Исроил аёлларини манъ қилганидек манъ қилар эдилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Бир  куни  Ойша  онамиз  розияллоҳу анҳо  дегандилар: “Эй  одамлар!  Хотинларингизни  масжидларда

зийнатланиб,  хушбўйланиб  юришдан  қайтаринглар!  Зеро,  албатта  Бани  Исроил  хотинлари  ибодатгоҳларида

зийнатланиб, хушбўйланиб юргунларича лаънатланмаган эдилар”.

Бу ривоятни муҳаддислардан Ибн Абдулбарр “ат-Тамҳид” асарида зикр қилган.

Ана  шундай  ривоятларга  асосланиб,  мазҳабимизнинг  фиқҳий  матн  китобларида  аёлларнинг  беш  вақт

намозга чиқишлари, шунингдек, ҳайит намозларига чиқишлари макруҳ, дейилган.

САВОЛ: Ҳайит намозларига чиқишнинг одоблари қандай?

ЖАВОБ:  Ҳайит  намозларига  чиқишда  ва  намоз  ўқишда  ўзига  хос  одоблар бор.  Улар  асосан қуйидагичадир:

1) Агар Рамазоннинг ҳайити бўлса, унда намозга чиқишдан аввал бирор нарса, ширинликлар еб олинади.

Чунки,  Имом  Бухорий  ҳазратлари  Анас розияллоҳу  анҳудан  қилган  ривоятларида  зикр  қилинишича,

Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  Рамазон  ҳайитига  хурмо  еб  чиқар  эканлар.  Уларни  тоқдан  ер

эканлар. Имом Термизий ва Ибн Можжалар ҳам шу тариқа ривоят қилганлар.

2) Агар  Қурбон  ҳайити  бўлса,  ҳеч  нарса  емай  чиқилади  ва  ҳайит  ўқиб  келгандан  сўнг  қурбонлигидан

ейди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай йўл тутар эканлар. Буни тўртта сунанда ва

Имом  Дорақутний  ҳамда  Имом  Ҳокимлар  ривоятида  кўриш  мумкин.  Баъзиларга  ўхшаб  ҳайит  тонги  отмасдан

саҳарлик қилиб, ҳеч нарса емасдан ҳайитга чиқишга ҳаракат қилиш шарт эмас.

3) Ҳайит  намозларига  боришда  мисвок  қилиб  ва  алоҳида  ғусл  қилиб  олиш  керак.  Мисвокнинг  барча

намозлар  олдидан  қилиниши  суннат  эканлиги  машҳур.  Ғусл  қилиш  борасида  эса  Пайғамбаримиз  ҳайит

намозларига алоҳида ғусл қилишлари ривоят қилинган. (Ибн Можжа ривояти).

4) Чиройли,  янги,  ювилган  кийимларини  кийиш  ҳам  мустаҳабдир.  Ибн  Можжа  ривоят  қилган  ҳадисда,

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эслашича, Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи васаллам икки ҳайитда ҳам йўл-йўл

чопон (бурда)ларини кийиб чиққанлар. Бошқа муҳаддислар ҳам буни алоҳида зикр қилган. Ибн Умар розияллоҳу

анҳуга эса Пайғамбаримиз: “Ҳайит учун чиройли кийим сотиб олгин!”, деб буюрганлар.

5) Фитр  садақасини  адо  қилади.  Рамазон  ҳайитига  чиқишидан  аввал,  агар  фитр садақасини  бермаган

бўлса, уларни адо қилади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар намозга чиқишидан аввал

фитр закотини адо қилишни буюрганлар. Ҳолбуки, ўзлари бир-икки кун аввал уни адо қилган бўлардилар. Буни

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

6) Йўлда такбир айтиб боради. Имом Дорақутний ривоят қилишича, саҳобийлардан Ибн Умар розияллоҳу

анҳунинг одатлари худди шундай бўлган. Ошкора такбир айтишнинг зарари йўқ. Айниқса, қурбонлик ҳайитида

ошкора  такбир  айтиш  ўринли.  Баъзи  заиф  иснодли  ҳадиси  шарифларда  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи

васалламнинг  одатлари  ҳам  шундай  бўлган.  Бу  нарса  рўза  ҳайитида  ҳам,  қурбонлик  ҳайитида  ҳам  жоиздир.

Мазҳабимизда қурбон ҳайитига боришда такбир айтиб бориш кўпроқ таъкидланган.

7) Ҳайитга  боришда  бошқа  йўлдан,  қайтишда  эса  бошқа  йўлдан  келишга  ҳаракат  қилиш. Чунки,  Имом

Бухорий ривоят қилишига қараганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай бўлган.

Буни Абу Довуд ва Ибн Можжалар Ибн Умар розияллоҳу  анҳудан  ривоят  қилганлар.  Зотан,  бошқа-бошқа

йўллардан юришда, савобнинг қадамлар ҳисобига кўпайиши, мусулмонларни кўриб-сўрашиш, ҳайитга чиққанига

гувоҳларнинг кўпайиши ҳоллари юз беради. Шунингдек, пиёда бориш ҳам ҳайит одобларидандир. Имом Аҳмад

ва  Имом  Бухорийлар  Ҳазрати  Али  каррамаллоҳу  важҳаҳудан  ривоят  қилишларича,  “Ҳайитга  пиёда  чиқишлик суннатдандир”.

8) Намоз ўқиладиган жойда нафл ўқимаслик керак. Чунки, Бухорий ва Муслимлар Ибн Аббос розияллоҳу

анҳудан  ривоят  қилишларича,  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  ҳайит  намозларига  чиққанларида

намоздан  аввал  ҳам,  кейин  ҳам  намоз  ўқимасдилар. Ибн  Можжа  ривоятида  эса  ул  зоти  шариф  уйларига

келганларидан сўнг икки ракъат намоз ўқиб олар эканлар.

9) Қурбон ҳайити куни ҳайит намоз ўқилгандан сўнг қурбонлигини қилиш. Қурбонлик вожиб амал бўлиб,

уни ҳайит кунидан  сўнг икки кун ҳам бажариш мумкин. Лекин ҳайит куни қилиш афзал.  Шунингдек, эътибор

берадиган  нарса:  Рамазон  ҳайити  куни  ҳам  қурбонлик  сўйишнинг  савоби  етти  юз  баробар  бўлиши  айтилган.

(“Рамазон ва тақво”). Бунга аҳамият беришимиз керак!

10)  Қурбон  ҳайитини  имомларимиз  тезроқ,  эртароқ  ўқиб  беришлари,  Рамазон  ҳайитини  эса

кечиктириброқ  ўқишлари  мустаҳабдир. Зотан,  Имом  Шофеъий  ривоят  қилишича,  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу

алайҳи васаллам Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳуга шундай деб мактуб ёздириб юборган эканлар. Бу қурбонликка

шошилиш, улгуриш учун ҳам фойдалидир.

Мазҳабимизнинг уламолари яна баъзи мустаҳаб ва мандуб амалларини зикр қилганлар. Улар бу хилдаги

ишларни  саҳобаи  киромлар  ва  тобиъини  изомларнинг  одатларидан  олишган.  Чунончи,  фиқҳий  асарларда

фақиҳларимиз  бомдод  намозини  ҳар  ким  ўз  маҳалласининг  масжидида  ўқиб,  кейин  жомиъга  бориши;  атирлар

ишлатиб,  хушбўйланиб  бориш;  иложи  бўлса,  пиёда  бориш;  иложи бўлса,  узук  тақиб  олиш;  бир-бировни  ҳайит

билан муборакбод этиш; уйидаги бутун болалари, қўни-қўшнилар, ёру биродарлар билан жамъланиб бориш каби

ишларни қилишга тарғиб қилганлар.

Қурбон ҳайити арафасида бир жойга тўпланиш макруҳдир. Бу фақат Арафот майдонида турган ҳожиларга

фарз қилинган. Уларга ўхшаб тўпланиш ортиқча ҳаракат бўлгани учун бидъат, дейилган.

САВОЛ: Бир  дўстим  ҳайит  намозини  ийдгоҳларда  ўқиш  керак,  масжидларда  ўқилмайди,  деб  қолди.

Ундан далил сўрасам, қадимги шаҳарларда, масалан, Бухорода ийдгоҳ бўлганлигини айтди. Шунга нима дейсиз?

ЖАВОБ: Дўстингиз тўғри айтибди. Аслида ҳайит намозларида жумъа жамоатлари ҳам тўпланиб, махсус

ҳайит  ўқиладиган  катта  майдонда  ўқиган  афзал.  Жаноби  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  ва  унинг

асҳоблари ҳам худди шундай қилар эдилар. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳайит ўқилган жойда намоздан

кейин қурбонлигини сўйиб қолардилар. Буни Имом Бухорий ҳазратлари Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят

қилганлар.  Бироқ,  узрли  ҳолатларда, очиқ  майдонга  чиқиб  ўқиш  имконияти  бўлмаса,  ёмғирли,  совуқ  кунларда

масжидда  ўқиш  керак.  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  ҳам  бир  марта  ёмғир  бўлгани  учун  ҳайитни

масжидларида  ўқиганликлари  ривоят  қилинган.  (Абу  Довуд  ва  Ибн  Можжа  Абу  Ҳурайра розияллоҳу  анҳудан ривоятлари).

САВОЛ: Ҳайит намозининг вақти қачон? Уни бир кун орқага суриш мумкинми?

ЖАВОБ: Ҳайит  намозининг  вақти  қуёш  бир  ёки  икки  найза  бўйи  кўтарилгандан  сўнг  бошланиб,  қуёш

заволга юз тутгангача давом этади.

Қуёш чиқаётган вақтда намоз ўқиш макруҳлигини ҳамма яхши билади. Бу жуда машҳур ҳадислар билан

собит бўлган ҳукм. Бинобарин, ҳайитнинг ҳам бошланишини қуёш кўтарилгандан сўнг деб олиниши ўз-ўзидан маълум.

Абу Довуд, ан-Насоий ва Ибн Можжалар Абу Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларига қараганда,

бир  йили  Рамазоннинг  охирида  Шаввол  ойининг  ҳилолини  кўриш  имконияти  бўлмай  қолган. Пайғамбаримиз

соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  бошлиқ  мусулмонлар  рўза  тутиб  тонг  оттирганлар.  Шу  куни  заволдан  сўнг  баъзи

одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кеча янги ойни кўрганликларининг хабарини етказганлар.

Шунда ул зот ҳаммани рўзани очишга буюрганлар ва эртасига ҳайит намози ўқилишини эълон қилганлар. Агар

заволдан сўнг ҳайит ўқиш мумкин бўлганда, ўша куни ҳайит ўқилар эди. Демак, ҳайитнинг вақти заволгачадир.

Бу ҳадисни шу тариқада имом Таҳовий ҳам ривоят қилган.

Яна  ушбу  ҳадиси  шарифдан  ҳайитни  узрли  бўлиб  қолганда  бир  кун  орқага  суриш  мумкинлиги  маълум

бўлмоқда. Қурбонлик ҳайитини уч кунгача орқага суриш мумкин. 

САВОЛ: Бизнинг  шаҳарда масжидимизда  ҳайит  намози  бир  неча  марта  ўқилади.  Имом  мусулмонлар

билан ўқигандан сўнг, кечикиб келганлар ўзлари жамоат бўлиб, ҳайит намози ўқишаверади. Баъзида имом домла,

уларга ўқиб бериш учун ҳайит намозини ўқишни биладиган одамларни тайинлаб қўяди.

ЖАВОБ:  Бир  марта  ўқилгандан  сўнг  яна  ҳайит  намози  ўқиш  макруҳдир. Чунки,  бу  нарса  бошқа

намозларда  ҳам  шундайдир.  Зотан,  бу  жамоатнинг  озайишига  олиб  келади.  Буни  яхши  англаб  олиш  керак!

Яхшиси, эртароқ ҳаракат қилиб, имом домланинг ҳайит ўқишига улгуриш даркор. Ёки энг яқин масжидда ҳайит ўқиш лозим.

САВОЛ: Қишлоқларда ҳайит намози ўқиладими?

ЖАВОБ:  Бизнинг  мазҳабимизда  қишлоқларда ҳайит  намози  ўқилмайди. Ҳайит  намозига  ҳам  жумъа

намози учун бўладиган шартлар таъйинланган. Имом Байҳақий, Абдурраззоқ ва Ибн Аби Шайбалар Ҳазрати Али

каррамаллоҳу важҳаҳунинг гапларини ривоят қилганлар: “Жумъа, такбири ташриқ, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари

фақатгина ҳамма нарсаси бор шаҳарда ёки жуда ҳам катта шаҳарда бўлади”. Ибн Ҳазм буни саҳиҳ деган.

Шунинг  учун  қишлоқларда  жумъа  ҳам,  ҳайит  намозларини  ҳам  ўқишга  ҳаракат  қилгандан  кўра,

шаҳарлардаги жомиъ масжидларни бориб тўлдирган маъқул. Аммо, мазҳабимизнинг баъзи уламолари жуда катта

қишлоқ бўлса ва унга ҳоким ва қозилар томонидан рухсат берилган бўлса, жумъа ҳам, ҳайит ҳам ўқиса бўлади, деганлар.

САВОЛ: Ҳайит  намозига  азон  ва  иқомат  айтиш  шартми?  Хутба  нима  учун  намоз  ўқилгандан  сўнг айтилади?

ЖАВОБ: Икки ҳайит  учун ҳам азон ва  иқомат айтилмайди. Зеро, азон ва иқомат фарз намозлари учун

суннатдир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам худди шундай қилиб, яъни ҳайитларни азон ва

иқоматсиз  ўқиганлар.  Жобир розияллоҳу  анҳу  айтадилар: “Жаноби  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам

билан бирга бир неча марта икки ҳайитни азон ва такбир айтмасдан ўқиганман”. (Имом Муслим ривояти).

Хутба ўқиш жумъа намозида шарт бўлса ҳам икки ҳайитларда шарт эмас, балки, суннатдир. Шунинг учун

ҳам  ҳайитларда  хутба  намоз  ўқилгандан  сўнг  бўлади.  Ибн  Умар  розийаллоҳу  анҳунинг  айтишига  қараганда,

Пайғамбар  алайҳиссалом  ҳам,  Абу  Бакр,  Умар  ва  Усмон розияллоҳу  анҳумлар  ҳам  хутбадан  аввал  ҳайит

намозларини ўқиганлар. Буни Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан бу

ҳақда сўралганда ҳам ул зот шундай жавоб берганлар.

САВОЛ: Ҳайит намози қандай ўқилади? Унинг тартибини баён қилиб берсангиз?

ЖАВОБ: Ҳайит  намози  икки  ракъат  бўлиши  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  даврларидан бери келаётган одат.

Бизнинг мазҳабимизда икки ҳайит намози ҳам қуйидагича ўқилади:

Ҳайит  намозига  ният  қилади. Ният  дилдан  қилинади.  Рамазон  ҳайити  ёки  Қурбон  ҳайитини  ўқишга  ва

имомга иқтидо қилишга дилидан ва тили билан ҳам ният қилади.

Имом орқасидан такбири таҳрима айтади. Қўл кўтариб такбир айтгандан сўнг, қўлни қовуштириб туриб,

сано ўқилади. Чунки, сано такбири таҳрима изидан қилинадиган энг биринчи амалдир.

Кейин имом билан бирга, унинг орқасида қўлларни кўтариб уч марта такбир айтади.

Имом кейин қироат қилади, у билан қўшилиб, такбир айтиб рукуъга боради ва саждаларни бажаради.

Сўнг иккинчи ракъатга турганда имом бошлаб қироат қилади. Қироатдан кейин имом билан яна уч марта

такбир айтади. Такбирда қўллар кўтарилади.

Тўртинчи такбирда қўл кўтармасдан  имом орқасидан рукуъга борилади. У билан бирга саждаларни адо қилинади.

Саждалардан сўнг қаъдада ўтириб, аттаҳийёт, саловот ва дуолар ўқиб, имом билан салом беради.

Мана шу ҳар ракъатдаги учтадан қилинадиган такбирлар ҳайит намозининг вожибларидан саналади.

Баъзи уламоларимиз ҳайит намозларининг рукуъга кетишдаги такбирларини ҳам вожиб, деганлар.

Ҳайит  намозларидаги  ортиқча  такбирларни  айтиш  вақтида  қўллар  қулоқ  баробарига  кўтарилади,

ораларида қўллар икки ёнга тушириб турилади. Имом қироат қилаётганда эса қўллар таъзим учун киндик остида

қовуштириб турилади.

Ҳар ракъатда уч такбир алоҳида айтилиши Абу Мусо ал-Ашъарий, Ҳузайфа ибн ал-Ямон, Абдуллоҳ ибн

Масъуд каби буюк саҳобалар томонидан тасдиқланган. Бунинг хабари Аҳмад, Абу Довуд, Абдурраззоқ, Ибн Аби

Шайба ва Муҳаммад аш-Шайбоний каби муҳаддислар томонидан ривоят қилинган.

Бошқа мазҳабларда эса такбирлар кўпроқ айтилади. Имом Шофиъий наздида биринчи ракъатда такбири

таҳрима  ва  рукуъ  такбирларидан  бошқа  етти  такбир,  Имом  Молик  ва  Имом  Аҳмадда  шулар  билан  бирга  етти

такбир; иккинчи ракъатда эса рукуъ такбиридан бошқа беш такбир айтилади.

САВОЛ: Ҳайит намозига бир ракъат кечикиб келган одам қолган ракъатни қандай адо қилади?

ЖАВОБ: Ҳайит  намозига  бир  ракъат  кечикиб  келган  одам  имом  салом  бергандан  сўнг  туриб,  аввал

қироат  қилади,  сўнг  учта  такбирни  қўл  кўтариб  ва  тўртинчи  такбирни  рукуъ  учун  айтиб  адо  қилади.  “ан-Наводир”  ривоятига  суянадиган  бўлсак,  аввал  туриб  сано  ўқийди  ва  уч  марта  қўл  кўтариб  такбир  айтади  ва

қироат қилиб, намозини охирига етказади.

Агар бир одам рукуъга етиб келса, у дарҳол рукуъга эргашади ва шу ракъатнинг такбирларини рукуъда турганида айтади.

Агар бир одам биринчи ракъатга, такбирлардан сўнг, имом қироат қилаётганда етиб келса, иқтидо қилиб,

такбирларни айтиб олади, кечиктирмайди. (Мавлоно Алий ул-қори: “Шарҳи Ниқоя”).

САВОЛ: Такбири ташриқ айтишнинг ҳукмлари ва одобларини айтиб берсангиз?

ЖАВОБ:  Такбири  ташриқ  айтиш  қурбон  ҳайити  арафаси  ва  кунларида  мусулмонларга  одат  бўлган

амалдир. Унинг ҳукми вожибдир.

Такбири ташриқ мана будир: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар ва лиллааҳил-ҳамд”.

Такбири ташриқни  айтиш  арафа кунининг бомдодидан бошланади ва Қурбон ҳайитидан кейинги унинг

учинчи кунининг асрида тугайди. Ҳар бир фарз намозини жамоат бўлиб ўқигандан сўнг бир мартадан айтилади.

(Уни уч марта айтиш зарар қилмайди). Бу ҳаммаси бўлиб, йигирма уч вақт намоздир. Мана шу имом Абу Юсуф

ва  Имом  Муҳаммад  фатволарига  асосланган.  Бунга  Ҳазрати  Умар,  Ҳазрати  Али  Абдуллоҳ  ибн  Масъуд  каби

саҳобалар амал қилишган. Бунга бошқа мазҳаб вакиллари ҳам қўшилишган.

Имоми Аъзам ҳазратлари такбирлар ҳайит куни асргача давом этади, деганлар.

Жамоат  бўлиб  ўқилган  намозларда,  ёлғиз  ўқиган  эмас;  фақат  эркаклар,  аёллар  эмас;  мусофирлар эмас,

муқим  одамлар  айтадилар.  Агар  имомнинг  такбири  ташриқни  айтиш  имомнинг  эсидан  чиқса,  унга  иқтидо

қилганлар айтиб юбораверадилар.

САВОЛ: Ҳайит куни жумъа кунига тўғри келиб қолса, ҳайит намозини ҳам, жумъа намозини ҳам ўқиш шартми?

ЖАВОБ: Имом Ҳанбал мазҳабларида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳайит кунига тўғри келган

жумъани  ўқимасликка  рухсат  берганлари  учун  (“Сиҳҳоҳи  ситта”да  Бухорийдан  бошқалари,  шунингдек,  Ибн

Хузайма ва Ҳоким Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилган) жумъани ўқимасликни жоиз, дейдилар.

Лекин, унинг ўрнига пешин фарз бўлиб қолаверади.

Имом Шофеъий мазҳабларида юқоридаги ҳадиси шарифни таъвил қилиб, қишлоқдан ҳайитга келганлар,

жумъага  қолмасалар  ҳам  бўлади,  дейилади.  Аммо,  жумъага  ҳозир  бўлиш  имконияти  борларга  асло  жумъани қолдириш мумкин эмас, деб уқтирилган.

Аҳли  ҳадисларнинг  баъзиси  умуман  пешинни  ўқимасдан  ҳам  жумъани  тарки  қилиш  мумкин,  дейдилар.

Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  ҳайит  ва  жумъа  бир  кунга  тўғри  келиб  қолса,  икковини  ҳам

ўқиганликлари,  уларнинг  икковида  ҳам  зам  сурага  “Аъло”  ва  “Ғошия”  сураларини  ўқиганликлари  ривоят қилинган. (Имом Муслим ривояти).

Шунинг учун ҳам Ҳанафийлар, шунингдек, Имом Молик наздида ҳайит ва жумъа бир кунга тўғри келиб

қолса, жумъани тарк қилиш асло мумкин эмас. Зотан, жумъага буюрилган ояти карима ва ҳадиси шарифларда бу борада ҳеч қандай истисно йўқ.

САВОЛ: Икки ҳайит ўртасида никоҳ қилиш мумкин эмас, деган гап юради. Шу фикр тўғрими?

ЖАВОБ:  Асло  тўғри  эмасдир.  Бу  икки  ҳайит  ўртасида  никоҳ  қилиб  бўлмайди,  дейишлик  ҳар  хил,

бўлмағур гапларни тарқатадиган инсофсиз, беақл аёллар топган гапларидир.

Ҳеч  бир  фиқҳий  китобларимизда  никоҳ  манъ  қилинган  вақт  айтилган  эмас. Хусусан,  бу  нарса  бизнинг

Ҳанафий  мазҳабимизда  яққол  ўз  аксини  топган.  Бошқа  мазҳабдагилар  ҳаж  вақтида,  одамлар  эҳром  кийиб

юрганларидан  никоҳ  қилинмайди,  дейдилар.  Лекин  бизнинг  уламоларимиз  никоҳ  қилинаверади,  дейишади.

Чунки,  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳ  васаллам  Маймуна  онамиз розияллоҳу анҳони  эҳромлик  вақтларида никоҳларига олганлар.

Шунга  ўхшаш  мазҳабимиз  ҳукмига  кўра  икки  ҳайит  орасида  ҳам  никоҳ  қилинаверади.  Чунки,

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ойша онамиз разийаллоҳу анҳони Шаввол ойида, яъни икки ҳайит ўртасида никоҳлаб олганлар.

Икки  ҳайит  ўртасида  никоҳ  қилиб  бўлмайди,  деганга  ўхшаш  бидъатларга  бош  қўшмаслик  даркор.

Хайрият,  яхшилик  кечиктирилмайди.  Тўйда  яхшилик  бор.  Аммо,  ароқлар  сувдек  оқадиган,  ҳар  хил  бўлмағур

амаллар,  бидъатлар  авж  оладиган  тўйларни  ҳар  қанча  кечиктирса,  авло  ва  яхшироқ.  Балки,  бундай  тўйларнинг умуман бўлмагани яхшироқдир.

Юқоридаги икки ҳайит ўртасида никоҳ қилиб бўлмайди, деган гапнинг чиқишига сабаб қилиб: “Ширъат

ул-ислом” китобининг шарҳи “Мафотиҳ ул-жинон” асарида бу ердаги икки ҳайитдан мурод ҳайит намози жумъа

кунига  тўғри  келиб  қолса,  ана  шу  назарда  тутилган  бўлса  керак,  дейилади. Чунки,  жумъа  ҳам  ҳайит  каби

байрамдир. Шунда ҳайит билан жумъанинг орасида вақт жуда озлиги учун тўй қилмай турган маъқул. Чунки, тўй

қилинса, жумъанинг қолиб кетиши хавфи бор.

САВОЛ: Ҳайит куни нафл рўза тутса нима қилади? Биров ўша куни рўза тутишни ўзига назр қилган бўлсачи?

ЖАВОБ: Икки ҳайит куни ва Қурбон ҳайитидан кейин уч кун, яъни ташриқ кунлари, демак йилда беш кун рўза тутиш макруҳи таҳримийдир.

Бу кунлари нафл рўза тутган одам рўзасини очиб юбориши лозим бўлади. Сўнг унинг қазоси лозим эмас.

Аммо мазкур кунларда рўза тутишни назр қилган одам назрига вафо қилмайди. Чунки, маъсиятга ичган қасами ва

назрига  вафо  қилмаслик  буюрилган.  Бироқ,  у  бошқа  кунлари  назрининг  қазосини  тутиб  беради. Ва  назри,

қасамига вафо қилмагани учун каффорати ҳам лозим бўлади.

Мазкур кунларда рўза тутишни назр қилган одам, мабодо макруҳ бўлса ҳам рўза тутган бўлса, гуноҳкор

бўлади,  аммо  назрининг  уддасидан  чиққан  ҳисобланади. Яъни,  унга  кейинчалик  ҳеч  нарса  лозим  бўлмайди.

 

САВОЛ:  Қурбонлик  қилмоқчи  бўлган  одам  ҳожиларга  ўхшаб  тукларини  ва  тирноқларини  олмасдан

юриши керак, деган гапни эшитиб қолдим. Шу тўғрими?

ЖАВОБ: Бундай гап бор. Имом Муслим Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси

шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни тавсия қилганлар:

.

“Қачонки  Зул-ҳижжанинг  ўн кунлиги  кирса,  (унинг  ҳилолини  кўрса),  сизлардан  бировингиз

қурбонлик қилмоқчи бўлса, сочи-тукларини ва тирноқларини олмасин!”.

Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг  бу  буйруқлари  вожиб эмас,  балки  мустаҳаб  эканлигини

барча уламолар таъкидлаганлар. Демак, шундай қилса, яхшироқ. Қилмаса, айб эмас.

Бироқ, тирноқ олиш ва баданни туклардан тозалашнинг ўз вақти ҳам бор. Уларни ҳар ҳафтада бир марта

олиш  афзал,  ўн  беш  кунда  бир  олиш  яхши,  қирқ  кундан  ўтказмаслик  керак  бўлади.  Бу  ўтган  барча

Пайғамбарларнинг суннатлари  эканлиги  барчага  маълум.  Буни  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам

таъкидлаганлар.  Шунинг  учун  “Музмарот”,  “Шарҳ  ал-Муниййа”  ва  “Радд  ул-муҳтор”  каби  мазҳабимизнинг

фиқҳий  асарларида  тирноқ  ва  туклар  жуда  ўсиб  кетадиган  бўлса,  Пайғамбарлар  суннатига  амал  қилиб,  ўн

кунликда бўлса ҳам олиш керак, дейилади.

Демак,  юқоридаги  ҳадисга  амал  қилмоқчи  бўлган  ақлли  одам  Зулҳижжа  киришига  бир  кун  қолганда

мисоли  ҳожиларга  ўхшаб,  тайёргарлик  кўриб,  ҳамма  жойини  тозалаб,  кейин  суннатга  амал  қилишга  киришар экан. 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов