"."
Меню

Сажда ояти хақида

 

Қуръон тиловат қилганда сажда қилмоқ ва унинг суннат эканлиги ҳақида боблар

 Ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада «Ан-Нажм» сурасини тиловат айлаб сажда этдилар, бир мўйсафиддан ташқари ҳамма ул киши бирлан бирга сажда қилди. Мўйсафид бир сиқим туфроқни (ёким қумни) олиб пешонасига суртдида, шу менга кифоя қилғайдир»,— деди. Кейинчалик, мен ўшал мўйсафиднинг кофирлигича ўлдириб юборилганининг шоҳиди бўлдим».

 

1-боб. «Танзийл ус-сажда» сурасини тиловат қилиб сажда этмоқ

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа куни бомдод намозида «Алиф, лом, мим танзийл ус-сажда» сурасини ҳамда «Ва ҳал ато ала-л-инсони» сураларини ўқир эрдилар».

 

2-боб. «Сод» сурасини тиловат қилиб сажда этмоқ

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Сод» сурасини тиловат қилиб сажда этмоқ буюрилган бўлмаса-да, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шул сурани ўқиб сажда айлаганларини кўрдим».

 

3-боб. «Ан-Нажм» сурасини тиловат қилиб сажда этмоқ

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ан-Нажм» сурасини ўқиб сажда қилдилар. Қавмнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга сажда этмаган бирорта ҳам аъзоси қолмади, фақат бир кишигина бир сиқим туфроқ (ёким қум) олиб юзига суртди-да: «Менга шул ҳам кифоя қилғайдир»,— деди. Кейинчалик, унинг кофирлигича ўлдирилганини кўрдим».

 

4-боб. Мусулмонларнинг мушриклар бирлан бирга сажда қилмоғи

 

Дарҳақиқат, мушрик — нажасдир! Ул таҳорат нелигини билмайдир. Ибн Умар разияллоҳу анҳу таҳоратсиз ҳам сажда қилур эрди.

 

Ибн Аббос ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ан-Нажм» сурасини ўқиб сажда айлаганларида, мусулмонлар ва мушриклар ҳам, жинлар ва инслар ҳам сажда этдилар».

 

5-боб. Сура тиловат қилиб сажда этмаган киши ҳақида

 

Ато ибн Ясор Зайд ибн Собитдан «Ан-Нажм» сурасини ўқиб бўлиб сажда қилмоқ ҳақида сўради. Зайд ўзининг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида «Ан-Нажм» сурасини ўқиб сажда этмаганини таъкидлади.

 

6-боб. «Иза-с-самоу-н-шаққат» сурасини тиловат қилиб сажда этмоқ

 

Абу Салама ривоят қиладирлар:

 «Абу Ҳурайранинг «Иза-с-самоу-н-шаққат» сурасини ўқиб сажда этганларини кўрдим. Шунда мен: «Эй Абу Ҳурайра, сизнинг сажда қилаётганингизни кўриб қолдим-ку!» — дедим. Абу Ҳурайра: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (шу сурани ўқиб) сажда айлаётганларини кўрмаганимда эрдим, сажда қилмас эрдим!»—дедилар».

 

7-боб. Қорига (саждасига) қўшилиб сажда қилмоқ

 

Тамим ибн Ҳазламнинг болалик чоғлари эрди. Бир куни ул сажда этиладирган оятни қироат қилиб берганида, Ибн Масъуд: «Сажда қилғил, сен бизнинг имомимиздирсан!» — деган эдилар.

 

Ибн Умар ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилинадирган сурани ўқир эрдилар-да, сажда этар эрдилар, биз ҳам биргаликда сажда айлар эрдик. Баъзан (одам кўплигидан) бир пешона сиққудек жой тополмай қолар эрдик».

 

8-боб. Имом сажда қилинадирган оятни ўқиганида одамларнинг тўпланмоғи

 

Ибн Умар ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилинадирган оятни ўқиганларида биз ҳам ул кишининг олдиларида бўлар эрдик, ўл киши сажда қилар эрдилар, биз ҳам ул киши бирлан бирга сажда этар эрдик. Одам кўплигидан баъзи биримиз пешона сиққудек жой тополмай қолар эрдик».

 

9-боб. «Аллоҳ таоло сажда этиладирган оят тиловат қилингандан кейин сажда этмоқни вожиб айламаган»,—деган фикрга борган кишилар

 

Имрон ибн Ҳусайнга:

 «Бир киши сажда қилинадирган оятни эшитса ҳам, тўхтамай ўтиб кетаверди»,— дейишди. Имрон: «Тўхтамаган эрса, не бўлибдир?» — дедилар. Имом Бухорий: «Имрон буни вожиб деб ҳисобламади, шекилли»,— дейдилар. Сажда қилинадирган оят ўқилгандан кейин бошқалар сажда айлаб, Салмон Форсий сажда этмай ўтиб кетаверганларида ул кишига одамлар: «Нега сиз сажда қилмадингиз!»—дейишди. Шунда Салмон Форсий: «Биз бул оятни эшитмоқ ниятида чиққанимиз йўқ эрдик, биз уни тасодифан эшитиб қолдик»,— деган эканлар. Ҳазрат Усмон: «Бул — сажда қилинадирган оятни эшитмоқни атайлаб ният этган кишиларгагина вожибдир!»—дейдилар. Зуҳрий: «Таҳоратли кишигина сажда қилғайдир. Агар сажда этмоқчи бўлсангиз, қиблага қараб сажда этингиз. От миниб сафарга кетаётганингизда, кетаётган томонингизга қараб сажда қилаверингиз, бунинг зарари йўқдир»,— дейдилар. Соиб ибн Язид разйяллоҳу анҳу эрса, қисқа тиловат қилганларида сажда этмас эрдилар.

 

Абу Бакр ибн Абу Мулайка ривоят қиладирлар:

 «Рабийъа одамларнинг мумтози эрди. Ул менга Ҳазрат Умар ҳузурида бўлгани ҳақида гапириб, бундай деганди: «Ҳазрат Умар жумъа куни минбарда туриб «Ан-Наҳл» сурасини ўқидилар, сажда қилинадирган оятга келганда, минбардан тушиб сажда этдилар, одамлар ҳам сажда этишди. Кейинги жумъада яна «Ан-Наҳл» сурасини ўқидилар, сажда қилинадирган оятга келганда: «Эй одамлар, биз сажда қилинадирган оятга келдик, кимки сажда этгайдир, суннатга амал қилган бўлур. Кимки сажда қилмаса, гуноҳи йўқдир»,— деб ўзлари сажда қилмадилар».

 

Нофиъ разияллоҳу анҳу Ҳазрат Умар ҳақларидаги ривоятга қўшимча қилиб:

 «Ўшанда Ҳазрат Умар, «Аллоҳ таоло сажда қилинадирган оят уқилгач, сажда этмоқни фарз қилгани йўқ, хоҳласак сажда қилғаймиз» деб айтган эрдилар»,— дейдилар.

 

10-боб. Намоз ўқиётиб сажда оятига келганда сажда қилган киши

 

Абу Рофиъ ривоят қиладирлар:

 «Абу Ҳурайра бирлан бирга хуфтон намозини ўқидим. Шунда ул киши «Иза-с-са-моу-н-шаққат» сурасини ўқиётиб сажда қилинадирган оятга келганда сажда этдилар. Намоз тугагач, мен: «Бу нечук сажда бўлди?» — дедим. Абу Ҳурайра: «Шул оятга келганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилиб сажда қилганман. Шул сабабдан Расулуллоҳни қиёматда учратмагунимча (то ўлгунимча) сажда қилаверғумдир!» — дедилар».

 

11-боб. Тиқилинчда сажда қилмоққа жой топмаган киши

 

Ибн Умар ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилинадирган ояти бор сурани ўқиб, сажда этар эрдилар, биз ҳам ул киши бирлан бирга сажда айлар эрдик. Одам кўплигидан баъзи биримиз пешонамизни қўйгудек жой тополмай қолар эрдик».

 

 

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов