"."
Меню

Таҳорат китоби

 

1-боб. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мазмуни ҳақида

 

Аллоҳ таоло ояти каримасида: «Эй мўъминлар, агар намозга турсангиз, юзингизни, қўлингизни (тирсаккача) ювиб, бошингизга масҳ тортингиз, оёғингизни тўпиққача (тўпиқ билан қўшиб) ювингиз!» — дейди.

 

Абу Абдуллоҳ (Имом Бухорий) бундай дейдилар:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратнинг фарзи — бир мартадан ювиш, деб тушунтирганлар, ўзлари таҳорат олганларида икки ва уч марта ҳам юнганлар, лекин бундан оширмаганлар. Уламоларга сувни исроф қилмасликни буюрганлар (яъни, уч мартадан ортиқ ювишни манъ қилганлар)».

 

2-боб. Намоз таҳоратсиз қабул қилинмағай

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 «Таҳорати синган кишининг, таҳорат олмагунича намози қабул қилинмағайдир»,— дедилар. Ҳазрамавтлик бир киши деди: «Эй Абу Ҳурайра, таҳорат синиш дегани, нима дегани?» Абу Ҳурайра: «Овозсиз ёки овозли ел»,— дедилар.

 

3-боб. Таҳорат фазилати ва (қиёмат кунида) таҳорат таъсиридан ювилган аъзоларнинг ярқираши (ал-ғурр ул-муҳажжалун)

 

Мужмир разияллоҳу анҳу дедилар:

 «Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу билан бирга масжиднинг орқасига ўтдик. Абу Ҳурайра таҳорат олдилар, кейин у киши бундай дедилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматларимни қиёмат куни таҳоратнинг таъсиридан ғурран муҳажжалин ҳолда чақиргайдирлар. Қай бировким ўз ярқироғини кўпайтиришга қодир эрса, кўпайтирсин!»— дедилар (бу дунёда таҳорат қилиб юрганларнинг баданлари қиёмат куни ярқирайди).

 

4-боб. Таҳорати синганини аниқ билмагунча қайта таҳорат олмаслик ҳақида

 

Ибод ибн Тамимнинг амакиси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир киши устидан шикоят қилиб:

 «Намоз вақтида унинг орқасидан ел чиққандек бўлди»,— деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бундай ҳолда елнинг овозини эшитмагунча ёки ҳидини сезмагунча намозни бузмаслик керак»,— дедилар.

 

5-боб. Таҳорат олишни осонлаштириш тўғрисида (оқчил, бир марта ювиш)

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу бундай дедилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ухладилар, ҳаттоки пишилладилар ҳам, кейин туриб намоз ўқидилар. Балким, Суфён: «Расулуллоҳ ёнбошладилар, ҳаттоки пишилладилар ҳам»,— деб айтган эди шекилли. Кейинчалик Суфён шу ҳадисни бизга бир неча марта ривоят қилиб берганди».

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу яна шундай дедилар:

 «Холам Маймунаникида бир кеча тунаб қолдим. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси намозга турдилар. Туннинг бир қисми ўтган эди. Деворга осиғлиқ мешдан сув олиб, енгил таҳорат олдилар. Кейин туриб намоз ўқий бошладилар. Улардан кейин мен ҳам таҳорат олиб, чап томонларига келиб турдим. Мени ўнг томонларига ўтказиб қўйдилар, кейин Аллоҳ хоҳлаганча намоз ўқидилар, кейин ёнбошладилар, ҳатто пишиллаган овозлари ҳам эшитилди. Кейин муаззин келиб, азон айтди ва биргаликда намоз ўқишди. Жаноб Расулуллоҳ (бу гал) таҳорат олмадилар. Амр ибн Динор: «Одамлар Жаноб Расулуллоҳнинг кўзлари ухлайдию, лекин диллари ухламайди, дейишади»,— деб бизга айтгандилар. Амр шундай дейдилар: «Убайд ибн Умайр: «Пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳийдир»,— дедида, «ТушимДа мен сени қурбонлиқ қилаётган эканман (Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломга шундай деганлар)» деган оятни ўқиди».

 

6-боб. Таҳоратни мукаммал олмоқ

 

Ибн Умар: «Таҳоратни мукаммал олмоқ дегани, тоза ювмоқ деганидир»,— деганлар.

 

Ибн Аббос Усома ибн Зайддан бундай деб эшитган эканлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотдан қайтаётиб Шаъб деган жойга келганларида (туяларидан) тушиб, таҳорат ушатдилар, кейин таҳорат олдилар, лекин мукаммал олмадилар, «Намозгами, ё Расулуллоҳ?» — дедим. «Намоз олдингдадир (яъни, ҳали намозга вақт бор)»,— дедилар, сўнг туяларига миндилар. Муздалифа деган жойга келганда (туяларидан) тушдилар, сўнг тах,орат олдилар, бу гал мукаммал олдилар. Кейин намозга чақирилди. Шом ўқидилар. Кейин ҳар бир киши туясини ўз жойига чўктирди. Кейин хуфтонга чақирилди, хуфтон ўқидилар. Шом билан хуфтон ўртасида бошқа намоз ўқимадилар».

 

7-боб. Бир ҳовуч сув билан икки қўллаб юз ювмоқ

 

Ато ибн Ясор бундай дейдилар:

 «Ибн Аббос таҳорат олди, юзларини ювди. Бир ҳовуч сув олиб, оғиз ва бурун чайқади. Кейин бир ҳовуч сув олиб, мана бундай қилиб иккинчи ҳовучига ҳам қўйиб, икки қўллаб юзини ювди. Кейин бир ҳовуч сув олди, у билан ўнг қўлини ювди, кейин бир ҳовуч сув олди, у билан чап қўлини ювди, кейин (сув олиб) масҳ тортди, кейин бир ҳовуч сув олди, ўнг оёқларини ювди, кейин бир ҳовуч сув олиб, чап оёқларини ювди. Кейин: «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай таҳорат олаётганларини кўрганман»,— деди».

 

8-боб. Ҳар қандай ҳолатда ва жимоъ (жинсий алоқа) олдида ҳам бисмиллоҳ айтмоқнинг суннатлиги

 

 Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангиз хотинингизга яқинлик қилмоқчи бўлсангиз, «Бисмиллоҳи, Аллоҳумма жаннибнаш-шайтона ва жаннибиш-шайтона мо разақтана (Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Илоҳи, биздан шайтонни йироқ қилғайсен ва шайтонни бизга беражагинг фарзанддан йироқ қилғайсен!)»—денг! Шундан сўнг сизга фарзанд тақдир этса (бола бўлса), унга шайтон зарар етказмағайдир» — деганлар»,— дейди.

 

9-боб. Ҳожатхонага кираётганда нима дейилади?

 

Абдулазиз ибн Суҳайб Анас бундай деган эди, деб ривоят қиладилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатхонага кирсалар: «Аллоҳумма инни аъузу бика мин ал-хубси ва л-хабоиси (илоҳи, мен сендан эркак ва урғочи шайтонларнинг ёмонлигидан асрамоғингни сўрайдурман)», — дердилар». (Баъзи бир нусхаларида «илоҳи» сўзидан аввал «бисмиллоҳ» сўзи ҳам бор).

 

10-боб. Ҳожатхона олдига мустаҳаб учун сув тайёрлаб қўйиш

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатхонага кирдилар, мен у кишига таҳорат учун сув келтириб қўйдим. Жаноб Расулуллоҳ (чиқиб): «Ким қўйди буни?» — дедилар. Расулуллоҳга (ибн Аббос, деб) айтишди. Расулуллоҳ: «Илоҳи, уни дин билимдони қилғайсен!» — деб дуо қилдилар».

 

11-боб. Қиблага қараб ҳожатга ўтириб бўлмайди, бирор бинонинг ичида девор ёки шу каби нарсага қараб ўтириш мумкин

 

Абу Айюб ал-Ансорийдан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангиз қазои ҳожатга борсангиз, қиблага қараб ёки қиблага орқа қилиб ўтирмангиз, кун чиқар ва кун ботарга қараб ёҳуд орқа қилиб ўтирингиз!» —деганлар». (Ўрта Осиёда шимол ёки жанубга қараб).

 

12-боб. Икки ғишт устига чиқиб, қазои ҳожат қилмоқ

 

Восиъ ибн Ҳаббондан:

 «Абдуллоҳ ибн Умар: «Одамлар, қазои ҳожатга ўтирсанг, қиблага ҳам, Байт ул-Муқаддасга ҳам қараб ўтирма!» дейишади»,— дер эди. Абдуллоҳ ибн Умар: «Бир куни томга чиқдим, уйимизнинг орқасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иккита ғишт устида Байт ул-Муқаддасга қараб (олдиларида уй бор) ҳожат қилаётганларини кўрдим»,— дедида, менга (Восиъга): («Агар шу масалани ҳам билмасанг) қоринлари билан сажда қилгувчилардан экансанда!» — деди. Мен: «Аллоҳ ҳаққи, билмасман»,— дедим».

 

Имом Молик айтадилар: «Ибн Умар, қорни билан сажда қилувчи, деб ерга ётиб олиб, ердан кўтарила олмасдан сажда қиладиганларни айтган».

 

13-боб. Хотинларнинг (қазои ҳожат учун) ҳовлидан ташқарига чиқиши

 

Оиша разияллоҳу анҳодан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари тунда қазои ҳожат учун Маносиъ деган жойга чиқар эдилар. У ер кенг, сайҳон жой эди. Ҳазрат Умар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Хотинларингизни тўсинг (чиқарманг)!»—дер эдилар. Расулуллоҳ бундай қилмас эдилар. Бир куни хуфтон пайтида Савда бинти Замъа (Расулуллоҳнинг хотинларидан бири) ташқарига чиқдилар. Бўйлари узун хотин эдилар. Шунда Ҳазрат Умар кўриб: «Ҳо Савда, биз сени танидик»,— деб хитоб қилдилар. Бу гапни, хотинларни парда ичига олиш тўғрисида оят нозил бўлсайди, деб айтдилар. Сўнг Аллоҳ таоло «Ҳижоб ояти»ни нозил қилди».

 

Оиша разияллоҳу анҳодан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам («Ҳижоб ояти» тушгандан кейин): «Аллоҳ таоло баъзи бир ҳожатларингиз учун ташқарига чиқишингизга рухсат берди»,— дедилар.

 

 Оиша онамиз:

 «Ҳожатларингиз» деганда қазои ҳожатни назарда тутадилар»,— деб айтганлар. Шиҳобуддин Қасталоний айтадилар: «Хонадон ичида таҳоратхона бўлмаган вақтда зарурат учун ташқарига чиқишга рухсат берилган». Шунинг учун ҳам Имом Бухорий кейинги бобни «Хонадонда таҳорат синдириш боби» деб атадилар.

 

14-боб. Хонадонларда таҳорат синдириш

 

Абдуллоҳ ибн Умардан:

 «(Опам) Ҳафса (Расулуллоҳнинг хотинлари) уйининг томига баъзи бир ҳожат учун чиқдим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу аллайҳи ва салламнинг (пастда) қиблага орқаларини, Шомга олдиларини қилиб, қазои ҳожат қилаётганларига кўзим тушди».

 

15-боб. Сув билан мустаҳаб қилиш (остини ювиш)

 

Анас ибн Молик:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола мустаҳаб қилишлари учун ортларидан идишда сув олиб борар эдик»,— дейдилар.

 

16-боб. Таҳорат учун ўзи билан бирга сув олиб юриш

 

Абуддардоъ айтадилар:

 «Алқама ибн Қайс ироқликлардан: «Сизнинг орангизда Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маҳсиларини, таҳорат сувларини, ёстиқчаларини кўтариб юрадиган зоти шариф бормилар?» — деб сўраганида, Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Нега менинг ўзимдан сўрайсизлар?» — деган эканлар.

«Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва ансорий бир бола орқаларидан идишда сув олиб эргашиб борар эдик», деб айтганди Анас»,— дейдилар Ато ибн Маймуна.

 

17-боб. Таҳорат пайтида анза (темир учли ҳасса) ва идишда сув ҳозирлаб турмоқ

 

Анас:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатхонага кирар эдилар, сўнг мен билан бир бола идишда сув ва анзаларини (ҳассаларини) ҳозирлаб турардик. Сув билан Расулуллоҳ мустаҳаб қилар эдилар»,— деганлар.

 

18-боб. Ўнг қўл билан таҳорат қилишдан қайтариш

 

Абдуллоҳ ибн Абу Қатодадан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангиз идишдан сув ичсангиз, ичига пуфламангиз. Агар ҳожатхонага кирсангиз, олатингизни ўнг қўл билан ушламангиз ва ўнг қўл билан артмангиз!»— деган эканлар».

 

19-боб. Олатни ўнг қўл билан ушлаб таҳорат ушатилмайдир

 

Абдуллоҳ ибн Абу Қатоданинг отасидан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирортангиз кичик ҳожатга борадиган бўлсангиз, ўнг қўл билан олатни ушламангиз ва ўнг қўл билан артмангиз, сув ичаётган идишга пуфламангиз!»—деган эканлар».

 

20-боб. Тош ва кесак билан покланмоқ

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоқу алайҳи ва саллам ҳожатга чиққанларида эргашдим. У ёқ-бу ёққа қарамай борар эдилар. У кишига яқин борганимда, «Менга тош келтирғил, истинжо (покланиш) қилғайман»,— дедилар ёки шунга ўхшаш бир гап айтдилар. Кейин: «Суяк ёки тезак олиб келмағил!» — дедилар. Кийимимнинг этагида тош териб келдим. Ёнларига тўкиб, у кишидан ўгирилиб турдим, қазои ҳожатдан кейин тошлар билан истинжо қилдилар».

 

21-боб. Мусулмон киши тезак билан артмайдир

 

Абдурраҳмон ибн Асваднинг отасидан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (таҳорат ушатиш учун) холироқ жойга борганларида менга учта тош топиб келишни буюрдилар. Иккита тош топдим, учинчисини топмадим, (ўрнига) бир тезакни олдим, уларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга келтирдим. Икки тошни олдилар, тезакни ташладилар ва «Бу макрух, нарсадир (баъзи бир нусхада жинлар таомидир)»,— дедилар».

 

22-боб. Таҳоратда аъзоларни бир мартадан ювмоқ

 

Абдуллоҳ ибн Аббосдан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олаётиб, аъзоларини бир мартадан ювдилар».

 

23-боб. Таҳоратда аъзоларни икки мартадан ювмоқ

 

Абдуллоҳ ибн Зоҳиддан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилаётиб, аъзоларини икки мартадан ювдилар».

 

24-боб. Таҳоратда аъзоларни уч мартадан ювмоқ

 

Ҳимрон Мавло Усмондан:

 «Усмон разияллоҳу анҳу: «Идишда сув келтирингиз!»—дедилар. Сўнг идишни уч марта эгиб, қўлларини ювдилар. Кейин ўнг қўлни идишга тиқиб, (сув олиб) уч марта оғиз чайқадилар, кейин уч марта юзларини ювдилар, кейин икки қўлларини тирсагигача уч марта ювдилар, кейин бошга масҳ тортдилар, кейин оёқларини уч марта товонгача ювиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки шу таҳоратим янглиғ таҳорат олғайдир ва кўнглига дунёвий ишларни келтирмасдан, кейин икки ракъат намоз ўқиғайдир, ўтган гуноҳлари мағфират қилинғайдир», деб айтдилар»,—дедилар».

 

Иккинчи бир ривоятда Ҳимрон:

 «Усмон таҳоратдан бўшагач: «Аё, мен сизларга бир ҳадис айтурмен, (Қуръони Каримда) бир оят бўлмаганда эрди, уни сизларга айтмас эрдим, уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. «Киши яхшилаб таҳорат олиб, намоз ўқиса, унинг у намоз билан бу намоз ўртасидаги гуноҳлари намозни ўқиб бўлгунча кечирилғайдир», дедилар»,—дейди. Урва ибн Зубайр: «Ҳалиги Усмон эслатган оят «Аллоҳ нозил қилган илмни беркитгувчиларга...» деган оят эрди»,— дейдилар.

 

25-боб. Таҳорат қилаётганда бурунга сув олиб қоқмоқ

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки таҳорат олса, бурнига сув олиб қоқсин. Кимки, таҳорат ушатгач, кесак ишлатса, тоқ ишлатсин (учта)!»—деганлар.

 

26-боб. Кесакни тоқ ишлатмоқ

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангиз таҳорат олсангиз, бурнингизга сув олиб қоқингиз. Кимки, таҳорат ушатгач, кесак ишлатса, тоқ ишлатсин (3, 5, 1 та). Агар қайси бирингиз уйқудан уйғонсангиз, тоғорадаги сувга қўлни солмасдан аввал (уни қийшайтириб) қўлингизни уч марта ювингиз. Чунки бирортангиз қўлингизнинг қаерларга текканини билмассиз»,—деганлар».

 

27-боб. Оёқ ювмоқ

 

Абдуллоҳ ибн Амрдан:

 «Бир сафарда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биздан кейинда қолдилар, аср вақтида бизга етиб олдилар. Биз таҳорат олаётган эдик, оёқларни номигагина ювар эдик. Расулуллоҳ баланд овоз билан «Дўзах оташидан оёқ кафтларининг ҳолига вой!» деб 2 ёки 3 бор хитоб қилдилар».

 

28-боб. Таҳорат олаётганда оғиз чайқамоқ

 

Ҳимрон Мавло Усмондан:

 «Усмон разияллоҳу анҳу таҳорат учун сув келтиришни буюрдилар. Кейин идишни эгиб, қўлларига сув қуйиб уч марта ювдилар, ўнг қўлни идишга тиқиб сув олиб, уч марта оғиз чайқадилар ва бурун қоқдилар, юзларини уч марта ювдилар, икки қўлни тирсаккача қўшиб уч марта ювдилар, бошга масҳ тортдилар, ҳар бир оёқни уч мартадан ювдилар. Сўнг: «Саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу таҳоратим янглиғ таҳорат олганларини кўрдим. «Кимки шу таҳоратим янглиғ таҳорат олғайдир ва кўнглига дунёвий ишларни келтирмасдан намоз ўқиғайдир, Аллоҳ таоло ўтган гуноҳларини кечириб юборғайдир», деб айтганлар»,— дедилар».

 

29-боб. Товонларни яхшилаб ювмоқ

 

Муҳаммад ибн Зиёддан:

 «Абу Ҳурайра ва биз обдастадан таҳорат олаётган адамлар ёнидан ўтиб кетаётганимизда, Абу Ҳурайра уларга: «Таҳоратни мукаммал олингиз, ювадиган аъзоларни тўлиқ ювингиз, чунки Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ювилмай қолган товонлар дўзах ўтида қолади» деб айтганлар»,— дедилар».

 

30-боб. Наълга (пойабзалга) масҳ тортмай, уни ечиб оёқларни ювиш

 

Убайд ибн Журайж Абдуллоҳ ибн Умарга қараб:

 «Эй Абу Абдурраҳмон, сизда 4 та хислатни кўрдим, буларни шерикларингиздан бирортасида ҳам кўрмаганман»,— деди. «Нима экан улар, эй Ибн Журайж?» —деди Абу Абдурраҳмон. «Биринчидан, Каъбанинг фақат икки яманий деворинигина силаб қўясиз (қолган икки томонини силамайсиз). Иккинчидан, хиром пойабзал киясиз (саҳобалар хиром қилинмаган, юнгли пойабзал кийишган, хиром қилинган пойабзални мол-дунёга берилган одамлар кияди, дейишган). Учинчидан, сиз сариқ бўёқ ишлатасиз, тўртинчидан, Маккада турган вақтингизда зулҳижжа ойи кирган куни одамлар талбия (лаббайка Аллоҳумма лаббайка) айтишди, сиз айтмадингиз, сиз 8- нчи зулҳижжа куни айтдингиз»,— деди Ибн Журайж. Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу бундай деб» жавоб қилдилар: «Каъба девори масаласига келсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу икки яманий деб номланган девордан бошқасини силаганларини кўрмадим. Хиром пойабзалга келсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам туки йўқ пойабзал кийиб олганларини кўрдим, ўшанда уни ечиб оёқларини ювгандилар, ўшандай пойабзал кийишни яхши кўраман. Сариқ рангга келсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сариқ буёқ ишлатганларини кўрдим. Мен ҳам сариқ бўёқ ишлатишни яхши кўраман. Аммо талбия масаласига келсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяларига миниб, Мино йўлига чиқиб олгунларича (8-нчи куни) талбия айтиб борганларини кўрмадим».

 

31-боб. Таҳоратни ва ғуслни ўнг томондан бошламоқ

 

Умму Атиййа разияллоҳу анҳодан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Атиййа ва унинг ёнидаги аёлларга қизлари Зайнабнинг мурдасини ювишни «Ўнг томондан ва таҳоратда ювиладиган жойлардан бошлангиз!» — деганлар».

 

Оиша разияллоҳу анҳодан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар нарсани ўнгидан бошлашни яхши кўрардилар: пойабзал кийишни ҳам, соч-соқол тарашни ҳам, таҳорат олишни ҳам ва бошқа барча ишларни ҳам».

 

32-боб. Намоз вақти яқинлашганда таҳоратга сув сўрамоқ

 

Оиша разияллоҳу анҳодан:

 «(Сафарда) бомдод намозини ўқийдиган вақт келганда таҳорат учун сув қидирилди, топилмади, шундан сўнг таяммум қилмоқликка оят нозил бўлди».

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намози аср вақти яқинлашганда одамлардан таҳорат учун сув сўрадилар. Сув келтиришгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини идиш оғзига қўйиб, энгаштирдилар-да, одамларга таҳорат олмоқни буюрдилар. Анас: .«Жаноб Расулуллоҳнинг панжалари остидан сув силқиб тушаётганини кўрдим, ўша сувдан ҳатто охирги одамгача таҳорат олди»,— дейдилар.

 

33-боб. Инсон сочи ювилган сувнинг ҳукми (ҳалол ё ҳаром)

 

Ато ибн Абу Рабоҳ:

 «Сочдан арқон ёки ип қилмоқнинг зарари йўқ»,— дер эдилар. Итдан қолган сарқитнинг (ит теккан нарсанинг) ҳукми ва итнинг масжиддан ўтишининг ҳукми: Аз-Зуҳрий: «Агар идишдаги сувга ит тегсаю, таҳорат олмоқ учун ундан бошқа сув бўлмаса, ўша сув билан таҳорат олса бўлур»,— дейдилар. Суфён ас-Саврий эса: «Мана бу ҳукм Қуръони Каримдан олинган бўлиб, Аллоҳ таоло: «Сув топмасангиз, таяммум қилингиз, бу сувдир ва (итнинг) нафасида бир (зарарли) нарса бордир» деган»,— дейдилар.

 

Ибн Осимдан:

 «Убайдага дедим: «Бизда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари бордир, Уни Анас ёки у кишининг уйидагилари орқали олишга муяссар бўлдик. Менда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир тола сочларининг борлиги дунё ва ундаги бор нарсалар меники бўлиб қолганидан ҳам севинчлироқдир».

 

Анас разияллоху анҳудан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (Ҳажжат ул-Видоъда) сочларини олдираётганларида биринчи бўлиб сочларидан олган киши Абу Талҳа эдилар».

 

34-боб. Агар биронтангизнинг идишингизни ит яласа, етти марта ювингиз!

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангизнинг идишингиздан ит ичса, етти марта ювингиз!» — деганлар».

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб берган эканлар:

 «Баний, Исроил қавмидан бир киши бир итнинг чанқоқдан тупроқ ялаётганини кўриб, маҳсисида сув олиб, итга ичирди. Аллоҳ таоло ул бандани мукофотлаб, жаннатга киргизғайдир».

 

Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўғли Ҳамза:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида итлар масжидимизга кириб-чиқиб юрар эрди, сув бирлан бирор жойни ювмаc эрдилар»,— деган эканлар.

 

Адий ибн Ҳотим разияллоҳу анҳудан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ит билан ов қилмоқлик тўғрисида сўрадим. «Агар итингни ўзинг овга олиб борсанг-у, ўлжани ўлдириб (тутиб) берса, еяверғил, агар итинг ўзича тутиб еяётган эрса, емағил, зеро у ўзи учун тутгандир»,— дедилар. «Ўргатган итимни ўлжага юборсаму, ўлжа устида итим билан бошқа итни ҳам кўрсамчи?» — дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ул ўлжани емағил, чунки сен ўз итингга тасмия (Бисмиллоҳи Аллоҳу акбар) айтгандирсен, бегона итга тасмия айтмагандирсен»,— дедилар.

 

35-боб. Катта ва кичик ҳожатдан бошқаси таҳоратни синдирмайдир, деб ҳисобловчилар

 

Аллоҳ таоло ояти каримасида:

«Қайси бирингиз таҳорат ушатгайдирсиз (қазои ҳожат қилғайдирсиз) таҳорат вожиб бўлур»,— деган. Ато ибн Абу Рабоҳ: «Орқасидан қурт ёки пешобидан бургага ўхшаш ҳашорат чиққан кишилар қайта таҳорат қилурлар»,—деганлар. Жабр ибн Абдуллоҳ бундай деганлар: «Кимки намозда кулғайдир, таҳоратини янгиламай намозини қайтариб ўқиғайдир». Ҳасан Басрий: «Агар киши соч олдирса ёки тирноғини олса ё маҳсисини ечса, таҳорат олмоқ лозим бўлмайдир (оёғининг ўзини ювиб олғайдир)»,— деганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: «Таҳорат ел чиқмаса, синмағайдир». Жабр разияллоҳу анҳу бундай дейдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ғазотда қатнашдилар. Бир кишига камон ўқи тегди. У киши қон оқиб туришига қарамай, рукуъ, сажда қилиб, намоз ўқийверди». Ҳасан Басрий айтадилар: «Мусулмонлар жароҳатлари билан ҳам намоз ўқийверар эдилар. Товус, Муҳаммад ибн Али, Ато ибн Абу Рабоҳ ва Ҳижоз, Макка ва Мадина аҳли: «Қон оқса, таҳорат синмағайдир (Ҳанафий мазҳабида синтайдир)»,—дейдилар. Ибн Умар юзидаги ҳуснбузарни сиқди, қон чиқди, лекин таҳоратини янгиламади. Ибн Убай қон тупуриб, намозини ўқишда давом этаверди. Ибн Умар ва Ҳасан Басрий: «Қон олдирган одам таҳорат янгиламайдир, балки қон олинган жойини ювғайдир, холос»,— дедилар».

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Масжидда намозни кутиб турган киши, агар у ҳадас қилмаган эрса, намозда турган ҳисобланур»— дедилар. Шунда бир ажамий (араб эмас) киши: «Ҳадас надир?» — деди. Абу Ҳурайра: «Орқадан ел чиқмоғи»,— дедилар.

 

Ибод ибн Тамимнинг амакисидан; «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «То киши ел овозини эшитиб, ҳидини сезмагунча, намозини бузмасин!» — дедилар.

 

Муҳаммад ибн Ҳанафиядан:

 «Ҳазрат Али разияллоҳу анҳу: «Шаҳвати кўп одам эдим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашга уялдим, Миқдодга: «Сен сўрагин!—дедим»,— дебдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Маний (суюқ сув) келганда, таҳорат олмоқ лозим бўлғайдир»,— деб жавоб қилибдилар».

 

Зайд ибн Холид Ҳазрат Усмондан:

 «Агар киши хотини бирлан алоқа қилган эрсаю, маний тўкмаган бўлса, не қилғайдир?»—деб сўрадилар. Ҳазрат Усмон: «Намозга таҳорат олгандек, таҳорат олғайдир, олатини ювғайдир, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам шундай деб эшитгандирмен. Али, Зубайр, Талҳа ва Али ибн Каъбдан сўраганимда ҳам шундай дейишгандир»,— деб айтдилар».

 

Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорийлардан бирига одам юбордилар. Ансорий сочидан сув томиб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз сизни шошириб қўйибмизда (жимоъ қилиб улгурмабсиз)?!» —дедилар. Ансорий: «Ҳа, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам»,— деди. «Агар шошиб қолсангиз (охирига етмасангиз) ёки маний тўкмасангиз, таҳорат олсангиз, басдир»,— дедилар».

 

36-боб. Ҳамроҳи таҳорат олаётганда сув қуйиб турмоқ

 

Усома ибн Зайддан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафот тоғидан ошиб, Шаъб деган жойга келганларида, қазои ҳожат қилдилар. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга сув қуйиб бериб турдим, у киши таҳорат олдилар. Сўнг: «Ё Расулуллоҳ, намоз ўқийдирсизми?»:—дедим. «Намоз олдингдадир (ҳали вақт бор)»,— дедилар».

 

Урва ибн ал-Муғира ибн Шуъбадан:

 «Муғира ибн Шуъба Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга сафарда бўлур эрди. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожат қилганларидан кейин сув қуйиб бериб турди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олдилар, юзларини, қўлларини ювдилар, бошларига ва маҳсиларига масҳ тортдилар».

 

37-боб. Таҳоратсиз Қуръон ўқимоқ ва ундан бошқа нарсаларнинг жоизлиги

 

Иброҳим ан-Нақашдан:

«Ҳаммомда қироат қилмоқнинг ва таҳоратсиз хат ёзмоқнинг зарари йўқдир. Ҳаммомдагиларнинг лунгиси бор эрса, салом берғил, лунгиси йўқ эрса, салом бермағил!»

 

Абдуллоҳ ибн Аббосдан:

 «Бир кеча Жаноб Расулуллоҳнинг хотинлари холам Маймунаникида ётиб қолдим. Мен ёстиқнинг ён томонига, Расулуллоҳ ва хотинлари узун томонига бош қўйиб ётдилар. Расулуллоҳ ярим кечагача ухладилар, кейин уйғониб ўтирдилар. Уйқуни қочирмоқ учун юзларини ишқаладилар. Кейин, Оли Имрон сурасининг охирги 10 оятини ўқидилар. Кейин, ўринларидан туриб, осиғлиқ мешчани олиб, таҳорат олдилар. Таҳоратни яхшилаб олдилар. Кейин, туриб намоз ўқидилар. Мен ҳам ўрнимдан туриб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганларини қилдим ва чап ёнларига бориб намозга турдим. Ўнг қўлларини бошимга қўйдилар, кейин ўнг қулоғимни чўздилар (ўнг томонга турғил, деган маънода). Сўнг 2 ракъат, сўнг 2 ракъат, сўнг 2 ракъат, сўнг 2 ракъат, сўнг 2 ракъат, сўнг 2 ракъат намоз, кейин витр ўқидилар, кейин то муаззин келгунча ёнбошладилар, кейин туриб енгилгина 2 раъат намоз ўқидилар. Кейин чиқиб, бомдод намозини ўқидилар».

 

38-боб. Кўзи қаттиқ тиниб кетганлиги учунгина (бошдан) сув қуймоқ

 

Асмо бинти Абу Бакрдан:

 «Жаноб Расулуллоҳнинг хотинлари синглим Оишаникига бордим. Қуёш тутилган бўлиб, одамлар намоз ўқишаётган эрдилар, синглим ҳам намдз ўқир эрди. Мен: «Одамларга не бўлди?» — десам, Оиша қўллари билан осмонга ишора қилиб, «СубҳонАллоҳ»,— деди. «(Қиёмат) аломатими, бу?» — дедим. У: «Ҳа» — деган маънода бош ирғади. Мен ҳам кўзим тиниб кетгунига қадар намоз ўқийвердим, сўнг (ўзимга келмоқ учун) бошимдан сув қуя бошладим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан қайтгач, Аллоҳга ҳамду сано айтдиларда: «Кўрмаган бирор нарсам қолмади, ҳаммасини, ҳатто жаннату дўзахни ҳам шу ерда туриб кўрдим. Менга (қуйидаги) ваҳий келди: «Бу кишини («бу мўъминни» ёки «бу муқинни» дедиларми, аниқ билмайман, дейди Асмо) биласанми»,— деб сўрашғайдир. Шунда: «Бу Муҳаммад Расулуллоҳдир, бизга далолат ва ҳидоят олиб келгандирлар, биз қабул қилгандирмиз, иймон келтиргандирмиз ва эргашгандирмиз»,— дейди. «Ором олиб ухлайвер, биз сенинг муқин (содиқ) эканлигингни билур эрдик»,— дейишғайдир. Аммо мунофиқ ёки иккиланувчи («мунофиқ» ёки «иккиланувчи» дедиларми, аниқ айтрлмайман, дейди Асмо) бўлса, йўқ билмасман, одамлар нимадир деганини эшитгандирман, мен ҳам (ўшалардан эшитганимни) айтгандирман дейди»,— дедилар».

 

39-боб. Бошнинг ҳаммасига масҳ тортмоқ

 

Аллоҳ таоло ояти каримасида:

 «Бошингизга масҳ тортингиз!» — деган. Ибн Мусаййаб айтадилар: «Хотин киши ҳам эркак киши каби бошининг ҳаммасига масҳ тортғайдир». Имом Моликдан: «Бошнинг бир қисмига масҳ тортилса, кифоя қилурми?» — деб сўрашди. Имом Молик кифоя қилмаслигига Абдуллоҳ ибн Зайднинг ҳадисини далил қилиб кўрсатдилар.

 

Амр ибн Яҳёнинг отаси бундай ривоят қиладилар:

 «Бир киши Абдуллоҳ ибн Зайдга: «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нечук таҳорат олганларини кўрсатиб бера олурмисиз?» — деди. Абдуллоҳ: «Ҳа, сув келтирингиз»,— деди. Сўнг қўлига сув қуйиб, 2 марта ювди, кейин 3 марта оғиз ва бурун чайқади, 3 марта юзини ювди, 2 марта икки қўлининг тирсагигача ювди, кейин бошига масҳ тортди, икки қўлининг кафтларини пешонасидан то энсасигача юргизди. Кейин бошлаган жойигача қайтариб келди. Кейин икки оёғини (ошиғигача) ювди».

 

40-боб. Оёқни товонигача ювмоқ

 

Амр ибн Яҳё ривоят қиладилар:

 «Абдуллоҳ ибн Зайддан Амр ибн Абу Ҳасан Расулуллоҳнинг қандай таҳорат олишлари тўғрисида сўради. У: «Идишда сув келтирингиз!»— деди. Сўнг идишдан қўлига сув қуйиб, 3 марта ювди, кейин идишга қўлини тиқиб сув олдида, 3 марта оғиз ва бурун чайқади, 3 марта юзини ювди, икки марта икки қўлини тирсагигача ювди. Кейин сув олиб, масҳ тортди, қўлини пешонасидан знсасигача, энсасидан пешонасигача бир марта юргизди».

 

41-боб. Одамларнинг таҳорат қилинган сувни ишлатмоғининг жоизлиги

 

Жарир ибн Абдуллоҳ мисвок (тиш тозалагич) билан оғиз тозалаганларидан кейин қолган сувни оилаларига (табаррук қилиб берганларидан кейин): «Таҳоратга ишлатингиз!» — деб буюрдилар.

 

Ҳаким ибн Утайбага Абу Жуҳайфа:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга кун қизиган вақтда чиқдилар, таҳорат суви келтирилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олдилар. Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларидан тушаётган сувни табаррук қилиб баданларига сурта бошладилар. Расулуллоҳ ҳассаларини қибла томонга санчиб қўйиб, икки ракъат (қаср, яъни қисқа қилиб) пешин ва икки ракъат (бу ҳам қаср) аср намози ўқидилар»,— деб айтди.

 

Абу Мусо Ашъарий бундай дейдилар:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам идишда сув олиб келмоқни буюрдилар, сўнг юз-қўлларини ўш сувга ювдилар ва оғизларига бир ҳўплам сув олиб, идишдаги сувга пуркадилар (табаррук қилиб бердилар), кейин Билол ва Абу Мусога: «Шу сувни ичингиз, у билан юзингиз ва кўкракларингизни ювингиз!» — дедилар».

 

Маҳмуд ибн ар-Рабиъ (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшлигида юзига сув пуркагаи йигит) бундай ривоят қиладир (унинг гапини Мисвар ва Марвон ибн Ҳакам ҳам тасдиқлайдирлар):

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олсалар, одамлар баданларидан тушаётган сувни олмоққа талашиб, уришиб кетай дердилар».

 

42-боб.

 

Соиб ибн Язид ривоят қиладилар:

 «Холам мени Расулуллоҳ ҳузурларига олиб бориб: «Ё Расулуллоҳ, синглимнинг ўғлининг оёғи оғриб қолди»,— дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошимни силадилар ва мени «барака топғил» деб дуо қилдилар, кейин таҳорат олдилар. Таҳоратдан тушган сувдан ичдим, кейин Расулуллоҳнинг орқа томонларига ўтиб турдим, икки кураклари ўртасида олмадек келадиган Пайғамбарлик муҳрини кўрдим».

 

43-боб. Бир ҳовуч сув билан оғиз ва бурун чайқаш

 

Амр ибн Яҳёнинг отаси бундай ривоят қиладир:

 «Абдуллоҳ ибн Зайд идишдан қўлига сув қуйиб, қўлини ювди, кейин бир ҳовуч сув билан оғиз ҳам бурун чайқади, шу ишни 3 марта қилди, сўнг юзини ва икки қўлини тирсаги билан қўшиб 2 марта ювди. Бошига масҳ тортди. Оёғини товони билан қўшиб ювди, кейин: «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай таҳорат олғай эрдилар»,— деди».

 

44-боб. Бошга бир марта масҳ тортмоқ

 

Амр ибн Ҳасан ривоят қиладилар:

 «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нечук таҳорат қилишларини Абдуллоҳ ибн Зайддан сўрадим. Шунда у: «Идишда сув келтирингиз!» — деди. Сўнг таҳорат қила бошлади. Идишни қийшайтириб, қўлига сув қуйиб, 3 марта ювди, кейин қўлини идишга тиқиб, сув олиб, бурун чайқади (3 ҳовуч сув билан), сўнг сув олиб, 3 марта юзини ювди, кейин сув олиб, икки қўлини тирсаги билан қўшиб 2 марта ювди, бошига масҳ тортди (пешонасидан энсасигача, энсасидан пешонасигача қўлини юргизди). Кейин идишга қўлини тиқиб сув олиб, икки оёғини ювди». Вуҳайб: «Ўшанда бошга бир марта масҳ тортдилар»,— деб айтган.

 

45-боб. Эркак кишининг ўз хотини билан бир идишдан таҳорат олмоғининг афзаллиги ва хотин кишининг (уйидан олинган) сув ҳукми

 

Умар ибн Хаттоб иситилган сувга ва насроний аёл уйидан олинган сувга таҳорат қилдилар.

 

Абдуллоҳ ибн Умардан:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида хотинлар билан эркаклар (галма-галдан) бир идишдан таҳорат олур эрдилар»,— дейдилар.

 

46-боб. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилган сувларини ҳушидан кетган одам устидан қуйганлари

 

Муҳаммад ибн ал-Мункадирга Жобир бундай деган экан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, бетоб бўлиб ўзимни билмай ётганимда, мени кўргани келиб, таҳорат олдилар за таҳорат сувини устимдан қуйдилар. Ўзимга келдим. Кейин: «Ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, узоқ қариндошларимдан бошқа меросхўрим йўқдир, меросимни кимга қолдирғаймен?»—дедим. Шунда мерос ояти (фароиз ояти) нозил бўлди».

 

47-боб. Тош ёки ёғочдан қилинган идишлардаги сувга таҳорат ва гусл қилмоқ

 

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Намоз (аср) вақти бўлди. Ҳовлиси яқинлар таҳорат олгани турдилар, қолган кишилар Жаноб Расулуллоҳ ҳузурларида қолдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир тош идишда сув келтирдилар. Идишнинг кичиклигидан унга қўл сиғмасди, қавмнинг ҳаммаси шу идишдан таҳорат, олди».

 

Абдуллоҳ ибн Мунир:

«Неча киши эдингиз? деб Анасдан сўраганимизда, саксон нафардан ортиқ, деб айтганди»,— дейдилар.

 

Абу Мусо разияллоҳу анҳудан:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сув келтиришни буюрдилар, сўнг қўллари ва юзларини ювиб, оғиз чайқадилар».

 

Абдуллоҳ ибн Зайддан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизникига келдилар. Идишда сув олиб чиқдик. Таҳорат олдилар. Юзларини 3 марта, қўлларини 2 марта ювдилар, икки кафтларини пешоналаридан энсалари томон ва энсаларидан пешокалари томон бир марта юргизиб, масҳ тортдилар, кейин оёқларини ювдилар».

 

Оиша онамиз айтдилар:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дардлари оғирлашиб қолганда, то тузалгунларича менинг уйимда ётажаклари тўғрисида бошқа хоткиларидан ижозат сўрадилар, хотинлар ижозат беришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Аббос билан яна бир киши ёрдамида оёқларини аранг босиб, менинг уйимга чиқдилар».

 

Убайдуллоҳ бундай деди:

 «Бу хусусда Абдуллоҳ ибн Аббосга айтувдим, у: «Ўша икки кишидан бирининг ким эканлигини билурмисен?» — деди. Мен: «Йўқ», — дедим. У: «Али разияллоҳу анҳу эдилар»,— деди. Оиша онамиз бундай дер эдилар: «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимга кирганларидан кейин касалликлари янада оғирлашди. Шунда: «Устимдан 7 та қопқоғлиқ идишда сув қуйингиз, шоядки, одамлар олдига чиқиб васият қилғаймен!»—дедилар. Хотинлари Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни Ҳафсанинг мис тоғорасига ўтқаздилар. Кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «бўлди» деб ишора қилмагунларича устиларидан сув қуя бошладик. Кейин, «бажардингиз» деб одамлар олдига чиқдилар».

 

48-боб. Тоғорадан таҳорат олмоқ

 

Амр ибн Яҳё бундай ривоят қиладилар:

 «Амаким кўп таҳорат олур эрдилар. Бир куни Абдуллоҳ ибн Зайддан: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат олаётганларини кўрганмисиз?» — деб сўрадилар. Абдуллоҳ ибн Зайд сув келтирмоқларини буюрдилар. Тоғорада сув келтиришди. Кейин икки қўлларига сув қуйиб, 3 марта ювдилар, 3 марта бир ҳовучдан сув олиб, оғиз ва бурунларини чайқадилар, 3 марта юзларини ювдилар, 2 марта қўлларини тирсаклари билан қўшиб ювдилар, кейин сув олиб, бошга масҳ тортдилар, оёқларини ювдилар. Сўнг: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай таҳорат қилганларини кўргандирмен»,— дедилар».

 

Анас разияллоҳу анҳудан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сув келтирмоқни буюрдилар. Идишда озроқ сув келтирилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам идишнинг оғзига панжаларини қўйдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг панжалари орасидан силқиб тушаётган сувга тахминан 70 ёки 80 нафар одам таҳорат олди».

 

49-боб. Бир муд (тахминан бир литр) сув билан таҳорат олмоқ

 

Ибн Жабрга Анас бундай деган экаилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғуслга бир соъдан (тахминан 4 литрдан) 5 мудгача (тахминан 5 литргача) сув ишлатур эдилар, 1 муд сув билан таҳорат олғай эрдилар».

 

50-боб. Маҳсига масҳ тортмоқ

 

Саъд ибн Абу Ваққос:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳсиларига масҳ тортгайдирлар»,— деди. Абдуллох, ибн Умар отасидан: «Шу тўғримидир?»—деб сўради.«Ҳа, тўғридир, агар Саъд сенга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусларида бирор нарса сўзласа, бу тўғрида бошқалардан сўрамагил!»—деди отаси.

 

Урва ибн ал-Муғира ривоят қиладилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (қазои ҳожатга) ташқарига чиқдилар. Отам Муғира ибн Шуьба обдастада сув олиб, у кишига эргашдилар, Жаноб Расулуллоҳ ҳожатларидан бўшагач, сув қуйиб бердилар. Расулуллоҳ таҳорат олиб, маҳсиларига масҳ тордилар».

 

Жаъфар ибн Амр:

 «Отам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маҳсига масҳ тортганларини кўрганлар», — деб ривоят қиладилар.

 

Жаъфар ибн Амр яна бундай деганлар: «Отам Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саллаларига ва маҳсиларига масҳ тортганларини кўрган эканлар» (саллага масҳ тортмоқ одати ҳанбалий мазҳабида мавжуд, бошқа мазҳабларда эса, бошнинг 1/4 қисмига масҳ тортиб, кейин саллага ҳам масҳ тортиладир).

 

51-боб. Маҳсини таҳоратли оёққа кийганда...

 

Урва ибн ал-Муғиранинг оталари бундай деган эканлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эрдим, Маҳсиларини ечмоққа қўл чўздим, шунда: «Қўявер, мен маҳсини таҳоратли оёққа кийгандирман», — дедилар, сўнг маҳсиларига масҳ тортдилар».

 

52-боб. Қўй гўшти ва талқон егандан кейин таҳорат олмаслик хусусида

 

Абу Бакр, Умар ва Усмон (қўй гўшти ва талқон) едилар ва таҳорат олмадилар».

 

Абдуллоҳ ибн Аббос айтдилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйнинг қўлини едилар, кейин таҳорат олмай, намоз ўқидилар».

 

Жаъфар ибн Амр:

 «Отам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўйнинг қўлидан кесиб еганларини, намозга чақирилгач эса, пичоқни қўйиб, таҳорат олмай намоз ўқиганларини кўрганлар», — деганлар.

 

53-боб. Талқон егандан кейин оғиз чайқашлик ва таҳорат олмаслик хусусида

 

Башир ибн Ясорга Сувайт ибн Нуъмон бундай деган эканлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарга чиқдим. Хайбар жанги кетаётган йил эрди. Саҳбоъ (Хайбарга яқин жой) деган ерга борганимизда Расулуллоҳ аср ўқидилар. Кейин овқат келтирмоқни буюрдилар. Овқатга талқон келтирилди, уни хўллашни буюрдилар, ҳўллашгач, едилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга биз ҳам едик. Кейин шомга ҳозирлик кўра бошладилар. Оғиз чайқадилар, биз ҳам оғиз чайқадик. Кейин таҳорат олмай, намоз ўқидилар».

 

Маймуна разияллоҳу анҳо:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг ёнимда ўлтириб қўйнинг қўлини едилар. Кейин таҳорат олмай, намоз ўқидилар»,— деганлар.

 

54-боб. Сут ичганда оғиз чайқаш лозимми?

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сут ичдилар. Сўнг, «сутда ёғ бор» деб, оғиз чайқадилар»,— деганлар.

 

55-боб. Ухлаб тургандан кейинги таҳорат масаласи ва «бир оз мудраса ёки мизғиса лозим эмас», — деб ҳисобловчилар хусусида

 

Оиша онамиз:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Агар намоз ўқиётган ҳолда бирортангиз уйқусирасангиз, то уйқусираш босилгунча ёнбошлангиз, чунки бирортангиз уйқусираб намоз ўқисангиз, истиғфор айтурмен деб, ўзингизни сўкиб қўймоғингиз мумкиндир» деганлар»,— деб айтганлар».

 

Анас разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки намозда уйқусираса, нима деб ўқиётганини ўзи биладиган бўлгунча, ётиб ухласин!»деганлар»,— деб айтганлар.

 

56-боб. Таҳорат ушатмаса ҳам таҳорат олмоқ

 

Амр ибн Омир бундай дегаплар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир намозга алоҳида таҳорат қилур эрдилар»,—деди Анас. Мен: «Сизлар-чи?» — дедим, «Агар таҳоратимиз синмаган бўлса, бир таҳорат билан ҳамма намозни ўқийверардик»,—деди Анас».

 

Сувайт ибн ан-Нуъмон бундай деганлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Хайбар жанги йилида сафарга чиқдик. Саҳбоъ деган зкойга борганимизда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам имоматга ўтиб, аср ўқидилар, сўнг овқат буюрдилар, овқатга фақат талқон келтирилди, едик, ичдик. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шом ўқимоқ учун оғиз чайқадилар. Таҳорат олмай, имоматга ўтиб, шом намозини ўқидилар».

 

57-боб. Сийдигидан сақланмаслик гуноҳи азимлардандир!

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу бундай деганлар:

 «Расулуллоҳ саляаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина (ёки Макка) қўрғонларидан бирининг ёнидан ўтаётиб, иккита қабрда ётган икки инсоннинг азобдан қилаётган дод — фарёдини эшитиб қолдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иккови ҳам азобланаётир, лекин икковлон ҳам катта гуноҳ сабабидан азобланаётгани йўқдир», — дедилар, кейин: «Ҳа, албатта (яъни, сийдикдан эҳтиёт бўлмаслик ҳам катта гуноҳдир), биттаси сийдигидан сақланмас эрди, иккинчиси эрса, чақимчилик қилур эрди», — деб қўшиб қўйдилар. Сўнг, хурмо чўпидан келтирмоқни буюрдилар. Чўпни синдириб, ҳар бир қабрга биттадан санчиб қўйдилар. Шунда: «Ё Расулуллоҳ, нечун бундай қилдингиз?» — дедилар. Расулуллоҳ: «Шоядки, шу чўпаклар қуригунча, аларнинг азоби енгиллашғай», — деб жавоб қилдилар».

 

58-боб. Сийдикни ювиш тўррисидаги ҳадислар

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 «Қабрда ётган киши сийдигидан сақланмас эрди», — дедилар, одам сийдигидан бошқаси ҳақида ҳеч нарса демадилар.

 

Анас ибн Молик:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожатга борсалар, ортларидан сув олиб борур эрдим, ювар эрдилар», — деб айтганлар.

 

59-боб.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу бундай деганлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабрнинг ёнидан ўтдилар, шунда: «Иккови ҳам азобланмоқда, катта гуноҳдан азобланаётгани йўқдир. Лекин биттаси сийдикдан сақланмас эрди, иккинчиси эрса, чақимчилик қилиб, гап ташиб юрур эрди», — дедилар. Кейин, хурмонинг ҳўл новдасини олиб, иккига бўлдиларда, ҳар бир қабрга биттадан санчиб қўйдилар. «Ё Расулуллоҳ, нечун бундай қилдингиз? » — деб сўрашди. «Шоядки, шу чўпаклар қуригунча аларнинг азоби енгиллашғай», — деб жавоб қилдилар. «Мужоҳиддан ҳам шунга ўхшаш ҳадис эшитгандирмен», — деган эканлар Вакиъ».

 

60-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа кишиларнинг бир аъробий (бадавий) масжидда сийиб бўлгунича индамай турганлари

 

Анас разияллоҳу анҳудан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда сияётган бир аъробийни (бадавийни) кўриб: «Қўйингизлар, бўлгунича индамангизлар! » — дедилар. Кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сув келтирмоқни буюрдилар. Сийдикни ювиб ташлашди».

 

61-боб. Масжидга сийилган сийдикни ювиб ташлаш хусусида

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан:

 «Аъробий ўрнидан туриб, масжидга сийди, одамлар унга танбеҳ беришди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўйингизлар, индамангизлар, сийдиги устидан бир пақир сув қуйингизлар! » — дедилар-да, «Дарҳақиқат, сизлар осонлаштиргувчи қилиб юборилгандирсизлар, қийинлаштиргувчи қилиб юборилмагандирсизлар»,— деб қўшиб қўйдилар».

 

62-боб. Сийдик устига сув қуймоқ

 

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан:

 «Аъробий келиб масжиднинг чеккасига сийди. Одамлар унга: «Не қилурсен?» — деб ҳайқиришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Қўйингизлар!»—дедилар. Аъробий бўшагандан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир пақир сув келтириб, сийилган жойни ювиб ташламоқни буюрдилар».

 

63-боб. Ёш болаларнинг сийдиги тўғрисида

 

Оиша Умм ул-Муъминин разияллоҳу анҳо дедилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир эмизикли болани келтирдилар, Бола Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига сийиб қўйди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сув келтириб, сийдик теккан жойга қуйдилар.

Умму Қайс бинти Муҳсин эмизикли ўғилчасини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларига берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам болани қўйниларига ўтқаздилар. Бола Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига сийиб қўйди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сув олдириб келтириб, сийдик теккан жойга қуйдилар, ювмадилар (қиз бола бўлса, ювмоқ лозимдир)».

 

64-боб. Тик туриб ва ўтириб сиймоқнинг қукми

 

Ҳузайфа разияллоҳу анҳу бундай ривоят қилганлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қавмнинг чиқиндилар (ахлат) ташлайдиган жойига келганларида тик туриб пешоб қилдилар (ўтиришга жой топилмаган чоғда жоиздир). Кейин: «Сув келтирғил!» — дедилар. Сув олиб келдим, таҳорат олдилар».

 

65-боб. Йўлдошининг ёнида пешоб қилмоқ ва йўлдошининг уни пана қилиб турмоғи

 

Ҳузайфа разияллоҳу анҳу бундай деганлар:

 «Эсимда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга айланиб юрганимизда бир қавмнинг девор орқасида жойлашган ахлатхонаси олдига келиб қолдик. Расулуллоҳ, ҳар бирингиз тик туриб пешоб қилганингиздек, тик туриб пешоб қилдилар. Мен шунда у кишидан четланган эрдим, менга ишора қилдилар, мен у кишини бўшагунларича пана қилиб турдим».

 

66-боб. Қавмнинг ахлатхонасига пешоб қилиш тўғрисида

 

Абу Мусо ал-Ашъарий:

 «Сийдикдан ўзингизни эҳтиёт қилингиз! » — деб қаттиқ тайинлаб, «Баний Исроил қавмларидан биронтасининг кийимига сийдик тегса, ўша жойни кесиб ташлар эди»,— дедилар. Шунда Ҳузайфа (шояд, Абу Мусо бу тўғрида ҳадеб сўзламоқдан тўхтаса, деган мақсадда): «Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам бир қавмнинг ахлатхонасига тик туриб пешоб қилганларку?!» — дедилар».

 

67-боб. Қонни ювмоқ хукми

 

Асмо бинти Абу Бакрдан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир хотин келиб: «Биронтамиз ҳайз кўрсак, ҳайз кийимимизни нима қилайлик?» — деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ишқалаб ташлағайдир, кейин сув билан мижиб ювиб, устидан сув қуйиб, кийиб намоз ўқийверғайдир»,— дедилар».

 

Оиша онамиз дедилар:

 «Фотима бинти Абу Ҳубайш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб сўради: «Ё Расулуллоҳ, мен истиҳоза кўрадиган хотинман (қон тўхтамайдир), тозаланмасман, намозни тарк этгайманми?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, у томирдан келадирган қондир, ҳайз эмас, агар ҳайз келса, намозни тарк этғил, ҳайз тугаши бирлан ғусл қилиб, кейин намоз ўқиғил!»—дедилар».

(То ҳайз вақти келгунча ҳар бир намоз учун алоҳида таҳорат олмоқ лозим)».

 

68-боб. Манийни ювмоқ ва ишқалаб ташламоқ, жинсий алоқа вақтида хотин кишидан чиқадирган намни ювмоқ

 

Оиша онамиз бундай деганлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига жинсий алоқа вақтида тегиб қолган намни ювар эрдим, кийимлари намлигича (бошқа кийимнинг йўқлигидан) намозга чиқиб кетар эрдилар».

Сулаймон ибн Ясордан:

 «Оиша онамиздан кийимга тегиб қолган маний ҳукми тўғрисида сўрадим. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига теккан намни ювар эрдим, у киши кийимларининг намлигича намозга чиқар эрдилар»,— дедилар».

 

69-боб. Жинсий алоқадан теккан намни ва бошқа нарсаларни ювсаю, доғи кетмаса (бўлаверади)

 

Амр ибн Маймуна бундай дедилар:

 «Мен Сулаймон ибн Ясордан: «Жинсий алоқада маний теккан жойни не қилмоқ керак? » — деб сўрадим. «Оиша разияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига теккан намни ювар эрдим, кийимлари қуриб улгурмай намозга чиқар эрдилар,— деганлар»,— деб айтдилар».

 

Сулаймон ибн Ясор:

 «Оиша разияллоҳу анҳо Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларидаги манийни ювар эрди. Мен у кишининг кийимларидаги доғларни кўрганман»,— дедилар.

 

70-боб. Туя, йилқи ва қўй сийдикларининг ҳамда улар сақланадиган жойларнинг (қўра, молхонанинг) ҳукми

 

Абу Мусо Дорулбаридда (карвонсаройда), шундайгина ёнларида сайҳон ер бўла туриб, тезаклар устида намоз ўқидилар. Кейин: «У ер ҳам, бу ер ҳам бари бир»,— дедилар.

 

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 «Укул ёки Арина деган жойдан (Мадинага) одамлар келишди. Мадинада улар қорин оғриқ касалига мубтало бўлдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга шаҳар ташқарисида ўтлаб юрган соғин туялар сутидан ва сийдигидан ичмакни буюрдилар. Улар шундай қилишди. Соғайганларидан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туябоқарларини ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди. Эрта тонгда бу тўғрида хабар қилдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг изидан аскар юбордилар, кун ёйилган вақтда уларни асир қилиб олиб келишди. Қўл ва оёқларини кесиб, кўзларига мил тортиб, тошлоқ жойга ташлаб қўйдилар. «Сув-сув» дейишарди, лекин сув беришмас эрди. Абу Қилоба бундай дедилар: «Улар ўғрилик қилдилар, одам ўлдирдилар ва иймон келтирганларидан кейин яна қайта кофир бўлдилар, диндан чиқдилар, Аллоҳ ва унинг Расулига душманлик қилдилар».

 

Анас разияллоҳу анҳудан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжид қурилмасидан аввал қўйхоналарда иамоз ўқир эдилар».

 

71-боб. Ёғга ва сувға тушган ифлос нарсалар ҳукми

 

Зуҳрий бу хусусда бундай деганлар:

 «Сувнинг таъми, ҳиди ёки ранги ўзгармаса, ишлатса бўлур». «Ўлимтикнинг пати сувга тушса, зарари йўкдир»,— деганлар Ҳаммод. Фил ва бошқа гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар суяги тўғрисида Зуҳрий бундай деганлар: «Ўтмиш олимларининг кўпини кўрдим, ўлган ҳайвонларнинг суягидан ясалган тароқ билан сочларини тарашар эрди, хушбўйлик солинадиган идишлари ҳам ўша суяклардан тайёрланган эрди. Улар бунинг зарари йўқ, деб билишур эрдилар. Ибн Сирин ва Иброхим: «Фил суяги билан савдо-сотиқ қилмакнинг зарари йўқдир»,— дер эдилар.

 

Маймуна разияллоҳу анҳо айтадилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуюқ ёғга тушиб, ўлиб қолган сичқон ҳукми тўғрксида сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ: «Сичқонни ва унинг атрофидаги ёғни олиб ташлаб, қолганини еяверингиз»,— деб жавоб қилдилар».

 

Маймуна онамиз яна бундай деган эканлар:

«Шу ҳадиснинг ўзини Муин сал бошқачароқ қилиб айтиб берди, кейин мен эслаб қололмайдиган даражада яна жуда кўп ҳадис ривоят қилди».

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу қуйидаги ҳадисни келтирадилар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон одам Аллоҳ йўлида қанча сўз айтган бўлса, қиёмат куни ўшанча жароҳати бор шахид қиёфасида намоён бўлур, баданининг ранги тиғ урилганда оқиб турган қон рангида, ҳиди мушк ҳиди янглиғ бўлғайдир»,— деганлар (Бу ўринда ушбу ҳадис келтирилишининг боиси қуйидагича: мушк, аслида ҳайвонлар безидан олинадир ва ҳаромдир, лекин ишлов берилгач, хушбўй моддага айланиб, ҳаромлик ҳукмидан чиқадир. Шунингдек, шаҳидлар қони ҳам Аллоҳ йўлида тўкилгани учун ҳаромлик ҳукмидан чиқиб, поклик — ҳалоллик хукмига ўтгайдир) ».

 

72-боб. Кўлмак сув тўғрисида

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

 «Биз бу дунёда охиргилардирмиз, у дунёда эса, биринчилардирмиз»,—деганларини эшитган эканлар. Пайғамбаримизнинг ана шу ҳадисларига таяниб: «Бирортангиз кўлмак сувга сиймангиз, сиздан кейин биров таҳорат олғайдир»,— деб айтганлар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу.

 

73-боб. Агар намозхоннинг устига нопок нарса ташланса ёки ўлимтик ташланса, намози бузилмайдир

 

Ибн Умар намоз ўқиётиб, кийимларига қон текканини кўриб қолсалар, уни ечиб ташлар эрдиларда, намозни давом эттираверар эрдилар. Ибн ал-Мусаййаб ва аш-Шаъбий:

 «Агар бирор киши намоз ўқиётганида кийимига қон ёки маний текканини ёҳуд қиблани янглиштирганини ёки таяммум қилган ҳолда эканлигини билиб қолсаю, сув ахтармоқ вақтида намоз қазо бўлмогини англаса, намозни қайтариб ўқимайдир»,— деганлар.

 

Абдуллоҳ ибн Масъуддан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбатуллоҳ ёнида намоз ўқиётган эрдилар. Абу Жаҳл (ислом душмани) ва унинг шериклари ўша ерда ўлтиришган эрди. Ўзаро бир-бирларига: «Қайси бирингиз фалончи сўйган туянинг ичак-чавоғини келтириб, Муҳаммад алайҳиссалом сажда қилаётганда устига ташлай олурсиз?» — дейишди. Шунда қавмнинг энг бадбахти ичак-чавоғни олиб келгани кетди, келтиргач, Мухаммад алайҳиссаломнинг саждага бош қўйишларини пойлаб туриб, икки кураклари ўртасига ташлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Мен қараб турибман-у, ҳеч нарса қила олмасман, агар кучқувватим бўлганда эрди... дейман»,— дейдилар. Улар қотиб-қотиб кула бошладилар. Расулуллох саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотима келиб, олиб ташламагунча саждадан бошларини кўтармадилар. Қизлари ичак-чавоғни елкаларидан олиб ташлагач, бошларини кўтариб: «Илоҳи, Қурайшни (қабилани) ҳалок қил!» — деб уч марта дуои бад қилдилар. Дуои бад қилганлари уларга оғир ботди. «Улар бу шаҳарда қилинган дуо мустажоб бўлмоғини билишар эрди»,— дейдилар Ибн Масъуд. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқатдан: «Илоҳи, Абу Жаҳлни, Утба ибн Рабиъани, Шайба ибн Рабиъани, Валид ибн Утбани, Умайя ибн Халафни, Уқба ибн Абу Муъитни ҳалок қилғил!»—деб номма-ном дуои бад қилдилар. Еттинчи номни ҳам айтдилар, лекин биз эслаб қололмадик. Жоним қўлида бўлган зотга қасамёд қилиб айтурменким, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам номларини санаган кишиларнинг барчаси Бадр урушида ўлдирилиб, қудуққа ташланганини батаҳқиқ кўрдим»,— дейдилар Ибн Масъуд.

 

74-боб. Кийимга теккан тупук, манқа ва шунга ўхшаш варсалар ҳукми

 

Марвон бундай ривоят қиладилар:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбияга қилинган сафар чоғида йўлда кетаётиб бурун қоқсалар, саҳобаларнинг кафтларига тушар эрди (улар ерга тушмоғига қўйишмас эрдилар), улар дарров табаррук қилиб юзлари ва баданларига суртиб олишур эрдилар».

 

Анас разияллоҳу анҳудан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимларининг этагига туфладилар (намозда)». Анас бу ҳадисни узоқ ҳикоя қилган (бу ҳақда кейинроқ батафсил айтилур).

 

75-боб. Набиз (хурмо шарбати) ёки маст қилувчи ичимликлар билан таҳорат олмоқ жоиз эрмас

 

Ҳасан Басрий набиз билан таҳорат олмоқни макрух деганлар. Ато ибн Абу Рабоҳ:

 «Менга набиз ёки сут бирлан таҳорат қилгандан, таяммум қилмоқ афзалроқдир»,— деб айтганлар.

 

Оиша разияллоҳу анҳодан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Маст қиладирган ичимликларнинг барчаси ҳаромдир!» — деб айтганлар».

 

76-боб. Аёл киши отасининг юзидаги қонни ювиб қўйишининг жоизлиги

 

Абуламид:

 «Оёғимга масҳ тортиб қўйингиз, оёғим оғрияпти»,— деганлар.

 

Абу Ҳозим бундай деганлар:

 «Одамлар Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жароҳатлари не бирлан даволанди» — деб сўраганларида, ёнгинасида турган эрдим. «Бул тўғрида мендан кўра яхшироқ биладирган одам қолмади. Али қалқонида сув келтирар эрди, Фотима эрса Расулуллоҳнинг муборак юзларидаги қонни ювар эрди, сўнг бўйрани куйдириб, кулни жароҳатга босар эрди»,— деди Саҳл.

 

77-боб. Мисвок билан тиш тозаламоқ

 

Ибн Аббос:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида ётиб қолдим. Мисвок билан тиш тозаладилар»,— деди. Абу Мусо қуйидаги ҳадисни ўғиллари Абу Бурдага айтиб берган эканлар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига борсам, мисвок билан ўхчиб-ўхчиб тишларини юзаётган эканлар. Мисзок оғзиларида-ю, қайт қилаётган одамнинг овозига ўхшаш овоз қиляптилар».

 

Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси турсалар, мисвок билан тишларини ювар эрдилар».

 

78-боб. Мисвокни (икки киши турган бўлса) ёши каттасига бермоқ

 

Ибн Умар разияллоху анҳуга Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва саллам бундай дебдилар:

 «Туш кўрсам, мен мисвок билан тиш тозалаётган эмишмен. Ёнимга икки киши келди, бири иккинчисидан (ёши) каттароқдир. Мисвокни кичкинасига узатдим, шунда менга: «Каттасига беринг!» — деб айтилди. Мисвокни каттасига бердим». «Ушбу ҳадисни Наим ибн Ҳаммод ҳам қисқароқ қилиб айтиб берган»,— дейдилар Имом Бухорий.

 

79-боб. Таҳорат олиб ётмоқнинг фазилати

 

Барро ибн Озиб дедилар:

 «Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уринга ётадирган бўлсанг, намозга таҳорат олганингдек таҳорат олғил. Кейин ўнг ёнинг билан ётғил, сўнгра «Аллоҳумма асламту важҳий илайка ва фаввазту амрий илайка ва'алжаъту заҳрий илайка рағбатан ва раҳбатан илайка, ло малжаъа ва ло манжо минка илло илайка. Аллоҳумма оманту би китабикаллазий анзалта ва би набиййикаллазий арсалта» дегил! Агар шу кечада вофот этсанг, дини исломда, Иброҳим миллатинда вафот этган бўлурсен. Бу сўзларни энг сўнггида айтғил!» — дедилар. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир бошдан қайтариб айтиб бераётиб, «Аллоҳумма оманту би китабикаллазий анзалта» деган жойига келганимда «расуликаллазий» деб юбордим. Шунда Расулуллоҳ: «Бундай зрмас, «набиййикаллазий» деб айтгил!» — дедилар».

Дуонинг мазмуни:

 «Илоҳи, ўзимни ҳам, кори-боримни ҳам ўзингга топширдим, савобингдан умид қилиб ва азобингдан қўрқиб, сенга суяндим, сенинг нажотингдан ўзга нажот йўқдир, сенкнг паноҳингдан ўзга паноҳ йўқдир. Илоҳи, нозил қилган Китобингга ишондим ва юборган пайғамбарингга иймон келтирдим».

 <

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов