"."
Меню

Таровеҳ,Эътикоф хақидаги боблар

 

 

1-боб. Рамазон кечалари туриб таровиҳ ўқимоқнинг фазилати ҳақида

 Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон кечасининг фазилатига ишониб ва савобидан умид қилиб (таровиҳ ўқимоққа) турган кишининг илгари қилган барча гуноҳлари мағфират қилинғайдир»,— деганлар».

 

Ибн Шиҳоб разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилгунларича ҳам, Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳам, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифалик қилган дастлабки йилларда ҳам кечаси туриб таровиҳ ўқимоқ тартиби ўзгармади. «Мен, — дейдирлар Абдурраҳмон ибн Абдулқориъ,— Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бирлан бирга кечаси масжидга чиққан эрдим, ҳар ер-ҳар ерда одамлар тўп-тўп бўлишиб, ўз ҳолларича намоз ўқишар эрди. Ҳазрат Умар: «Буларнинг барчасини йиғиб, бир қорини бошлиқ қилиб қўйсам, яхши бўлур эрди»,— дедилар. Сўнг, уларга Убай ибн Каъбни бошлиқ қилиб қўйдилар. Эртасига кечаси ул киши бирлан яна масжидга чиқдим, одамлар қорига иқтидо қилиб намоз ўқишаётган эркан. Ҳазрат Умар (буни кўриб): «Қандоқ яхши бидъат (яъни, Жаноб Расулуллоҳдан кейин жорий қилинган бир яхши тартиб маъносида), туннинг биринчи қисмида намоз ўқиб, сўнг ухлаб қолганларидан кўра, тун охирида туриб, намоз ўқиётганлар афзалроқдир!» —дедилар».

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон кечаси ўз масжидларига чиқиб, намоз ўқидилар»,— дейдилар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон кечаларидан бирида масжидга чиқиб намоз ўқидилар. Жаноб Расулуллоҳга иқтидо қилиб, одамлар ҳам намоз ўқишди. Бу дарҳол одамлар орасида овоза бўлди. Эртасига масжидга анчагина одам тўпланиб, намоз ўқишди. Учинчи кеча яна ҳам кўпроқ одам йиғилиб, Жаноб Расулуллоҳ бирлан бирга намоз ўқишди. Тўртинчи кеча масжидга одам сиғмай кетди. Жаноб Расулуллоҳ бу гал кечаси чиқмадилар, фақат бомдод намозига чиқдилар, Бомдоддан сўнг, хутба ташаҳҳудини ўқиб бўлгач, одамларга қараб: «Мени сизларнинг кўпайиб кетганлигингиз чўчитгани йўқ, балким бул сизларга фарз бўлиб қолиб, бажара олмай қолғаймисизлар, деб қўрқғайдирмен»,— дедилар. Расулуллоҳ вафот қилгунларича қайта бундоқ намоз ўқилмади».

 

Абу Салийма ибн Абдурраҳмон Оиша разияллоҳу анҳодан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон кечалари нечук намоз ўқир эдилар? » — деб сўрадилар. Оиша онамиз бундай дедилар: «Жаноб Расулуллоҳ Рамазонда ҳам, бошқа вақтда ҳам намозни ўн бир ракъатдан оширмас эрдилар, аввал тўрт ракъат ўқир эрдилар, унинг кўркамлигию узунлигини сўрамай қўя қолингиз, сўнг яна тўрт ракъат ўқир эрдилар, унинг ҳам кўркамлигию узунлигини сўрамай қўя қолингиз, сўнг тағин уч ракъат ўқир эрдилар. (Кейин ўринларига ётардилар). Шунда мен: «Ё Расулуллоҳ, витр ўқимасдан ухлайдирсизми?» — дер эрдим. Ул киши: «Эй Оиша, иккала кўзим ухлағайдир-у, қалбим ухламас»,— деб жавоб қилар йрдилар».

 

 

 2-боб. Лайлат ул-Қадрнинг фазилати ҳақида

 Аллоҳ таоло бундай дейдир:

 «Биз ушбу Қуръонни Қадр Кечаси нозил қилдик. Лайлат ул-Қадр деганда, нени тушунғайсен ва Лайлат ул-Қадр ўзи недир? Лайлат ул-Қадр минг ойдан ҳам яхшироқдир. Ўшал кеча парвардигорлари ҳукми ила фаришталар ва Жаброил тушғайдирлар, ул кеча тонг отгунча омонлиқ кечаси бўлғайдир».

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки Рамазоннинг фарз эканлиғига ишониб, унга ихлос қилиб ва унинг савобидан умид айлаб, рўза тутгайдир, илгариги қилган гуноҳларининг барчаси кечирилғайдир, ва шунингдек, кимки Қадр Кечасини, унинг улуғлигига инониб, унга ихлос қилиб ва ундан савоб умид айлаб, бедор ўтказғайдир ҳам, илгари қилган гуноҳларининг барчаси кечирилғайдир»,— деганлар».

 

2-боб. Лайлат ул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутингиз!

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қанча саҳобалари Лайлат ул-Қадрнинг Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлмоғини тушларида кўришган эркан. Шунда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларнинг тушларингиз Лайлат ул-Қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисинда эрканлиғига мувофиқ келғайдир, деб ўйлармен. Кимки Лайлат ул-Қадрни кутмоқчи эрса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисинда кутсин!» — дедилар».

 

Абу Саъид ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикофга ўтирдик. Жаноб Расулуллоҳ Рамазоннинг йигирманчи куни эрталаб чиқиб, бизга ваъз қилдилар, сўнт: «Тушимда менга Лайлат ул-Қадр аниқ кўрсатилди, аммо унинг қайси кун бўлмоғи ёдимдан чиқиб қолди. Уни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутингиз! Мен тушимда лой жойда сажда қилаётган эрмишман, энди кимки пайгамбар бирлан эътикрфга ўтирган эрса, уйига қайтсин!» —дедилар. Биз уйимизга йўл олдик. Осмонда ҳеч қандай булут йўқ эрди. Иттифоқо, бир булут пайдо бўлиб, шундоқ ёмғир ёғдиким, ҳатто масжиднинг томи оқиб тушди, чунки масжиднинг томига хурмо шохлари ёпилган эрди. Сўнг, бомдодга такбир айтилди. Шунда, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг лой жойда сажда қилаётганларини, ҳатто пешоналарига лой текканини кўрдим».

 

3-боб. Лайлат ул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутмоқ лозим

 

Оиша разияллоҳу анхо:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Лайлат ул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунлари кутингиз, деб айтибдирлар»,— дейдилар.

 

Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг иккинчи ўн кунлигида эътикофга ўтириб, йигирманчи кечани ўтказгач, эътикофни тугатар эрдилар. Кейин, йигирма биринчи кечани ўтказиб, яна эътикофга ўтирар эрдилар, бошқалар ҳам қайтиб бирга эътикоф қилишар эрди. Жаноб Расулуллоҳ Рамазон ойида одатдагидек эътикофга ўтирдилар. Йигирманчи кечани ўтказгач, ташқарига чиқдилар-да, одамларга таъз айтдилар, сўнг уларга бир қанча юмушларни буюриб: «Бу ўн кунликда эътикоф қилдим, аммо менга охирги ўн кунликда ҳам эътикоф қилмоқ лозимлиги аён бўлди, кимки Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикоф қилган эрса, эътикофни давом эттирсин! Тушимда менга Лайлат ул-Қадр (кечаси) бўладирган кун аниқ тайинланди, бироқ ул ёдимдан чиқиб қолди. Энди, уни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутингиз! Мен тушимда лой ерга сажда қилаётган эрканман»,— дедилар. Шул кеча ёмғир ёғди, масжид томидан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқийдирган ерларига чакка ўтиб, лой бўлиб кетди. Кейин, Рамазоннинг йигирма биринчи кечаси Жаноб Расулуллоҳнинг бомдод ўқиб қайтаётганларида муборак юзларига лой текканини кўрдим».

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қадр Кечасини кутингиз!» деб айтдилар»,—дейдилар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофга ўтирардилар ва «Лайлат ул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигида кутингиз!» — дер эрдилар»,— дейдилар.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Лайлат ул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигида, рўзанинг тўққиз куни қолганда ёким етти куни қолганда ёҳуд беш куни қолганда кутингиз!» — дер эрдилар»,— дейдилар.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Лайлат ул-Қадр охирги ўн кунликда — йигирма тўққизда, йигирма еттида бўлғайдир»,— дедилар»,— дейдилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу «Лайлат ул-Қадрни тўртинчи кеча кутингиз!» деган ҳадисни ҳам айтганлар.

 

4-боб. Лайлат ул-Қадр тайин қилинган куннинг, кишилар жанжаллашиб қолганлиги сабабли, ёддан кўтарилганлиги ҳақида

 

Убода ибн ас-Сомий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Лайлат ул-Қадр қайси куни бўлмоғини хабар қилмоқ учун чиқдилар. Йўлда икки мусулмоннинг жанжаллашаётганини кўриб, ўшал кун ёдларидан чиқиб қолди. Жаноб Расулуллоҳ саҳобаларга: «Мен сизларга Лайлат ул-Қадр бўладирган кунни хабар қилмоқчи бўлиб чиққан эрдим, бироқ йўлда фалончи бирлан пистончининг жанжаллашаётганини кўриб, ёдимдан кўтарилиб кетди, Қадр Кечасини Рамазоннинг йигирма тўққиз ёким йигирма етти ёки йигирма бешинчи кунларида кутингиз!» — дедилар».

 

5-боб. Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ибодат қилмоққа қаттиқ киришмоқ лозимлиги ҳақида

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, аҳллари ила алоқа қилмоқдан узоқлашар эрдилар, кечалари ухламас эрдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилмоққа уйғотар эрдилар»,— дейдилар.

 

Эътикоф ҳақидаги боблар

 1-боб. Эътикоф ҳақидаги боблар

 Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф қилинадир. Ҳамма масжидларда ҳам эътикоф қилмоқ мумкин. Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломи бунга далил: «Масжидларда эътикофда ўтирган кунларингизда аёлларга яқинлик қилмангиз! Бу Аллоҳ белгилаган чегаралардир. Бинобарин, аларга яқинлик қилмангиз! Шул тариқа Аллоҳ таоло ўз ҳукмларини бандаларига тушунтирғайдир, шояд улар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтсалар!»

 

Абдуллоҳ ибн Умар:

 «Расулуллоҳ Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофга ўтирар эрдилар»,— дейдилар.

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам то Аллоҳ таоло омонатини олгунча Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофга ўтирмакни канда қилмадилар. Жанобдан сўнг, ул кишининг аёллари ҳам шундоқ эътикоф қилишадиган бўлди»,— дейдилар.

 

Абу Саъид Ҳудрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси бир йили Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикофга ўтирдилар. Йигирманчи куни эрталаб эътикофни тугатиб, ташқарига чиқдилар-да, бундай дедилар: «Кимки мен бирлан бирга эътикоф қилган бўлса, охирги ўн кунликда ҳам эътикофни давом эттирсин! Шул кеча менга Лайлат ул-Қадр ўтадиган кун тайин қилинган эди, аммо ёдимдан кўтарилибдир. Тушимда лой ерда сажда қилаётган эрмишман, Лайлат ул-Қадрни охирги ўн кунликнинг тоқ кунларида кутингиз!» Шу кечаси ёмғир ёғди. Масжид томи хурмо шохлари бирлан ёпилган эрди, ёмғир ўтиб кетди. Расулуллоҳнинг пешоналарига лой текканини йигирма биринчи куни эрталаб ўз кўзим бирлан кўрдим».

 

2-боб. Ҳайз кўрган хотин эътикофда ўтиргай эрининг сочини тараши мумкин

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда эътикофда ўтирган кунлари муборак бошларини дарчадан чиқарар эрдилар, мен ҳайз кўрган бўлсам ҳам, сочларини тараб қўярдим»,— дейдилар.

 

3-боб. Эътикофда ўтирган киши уйига жуда зарур бўлганда кирадир

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиддан чиқмай бошларини дарчадан чиқарар эрдилар, мен сочларини тараб қўярдим. Эътикофда бўлсалар, уйга ҳеч кирмас эрдилар, фақат зарур бўлсагина кирар эрдилар»,— дейдилар.

 

4-боб. Эътикофда ўтирган кишининг ювинмоғи ҳақида

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз кўрган бўлсам ҳам мени қучоқлар эрдилар. Эътикофда ўтирган кунлари бошларини дарчадан чиқарар эрдилар, мен ҳайз кўрган бўлсам ҳам ювиб қўярдим»,— дейдилар.

 

5-боб. Кечаси эътикофда ўтирмоқ ҳақида

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:

 «Ҳазрат Умар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Мен жоҳилия даврида бир кеча Масжид ул-Ҳаромда эътикоф қилурмен, деб ният айлаган эрдим»,— дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Ниятингга вафо қилғил!»—дедилар».

 

6-боб. Аёлларнинг эътикофда ўтирмоғи ҳақида

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофда ўтирар эрдилар. Жаноб Расулуллоҳ менинг учун масжид саҳнида чодир тутиб берган эрдилар, бомдоддан сўнг олдимга кирардилар. Жаноб Расулуллоҳнинг бошқа заифалари — Ҳафса мендан ўзига чодир тутиб олмоққа рухсат сўраб эрди, рухсат бердим, чодир тутиб олди. Буни кўрган Зайнаб бинти Жаҳш (Расулуллоҳнинг хотинларидан бири) ҳам ўзига чодир қуриб олди. Эртасига эрталаб Жаноб Расулуллоҳ чодирларни кўриб: «Бу несидир?»—дедилар. «Хотинларингизнинг чодири»,— дейишди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар яхши иш қилишибдир, деб ўйлайсизларми?»— дедилар. Шундан сўнг, Жаноб Расулуллоҳ ўша ойдаги эътикофни тарк этдилар. Бунинг эвазига Шаввол ойида ўн кун эътикоф қилдилар».

 

7-боб. Масжидга чодир тикмоқ ҳақида

 

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:

 Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилмоқ ниятида масжидга чиқиб эрдилар, мен, Ҳафса ва Зайнабнинг чодирларимизни кўриб қолдилар. Шунда: «Булар яхши иш қилишибдир, деб ўйлайсизларми?»— дедилар-да, эътикофга ўтирмай, чиқиб кетдилар. Кейин, Шаввол ойида ўн кун эътикоф қилдилар».

 

8-боб. Эътикофда ўтирган киши бирор ҳожат бирлан масжид эшиги олдигача борадирми?

 

Сафиййа разияллоҳу анҳо:

 «Мен Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи ва салламни Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидда эътикофда ўтирганларида кўргани бордим»,— дейдилар. Кейин, Сафиййа Жаноб Расулуллоҳ ҳузурларида бир оз суҳбатлашиб ўтирганларидан сўнг қайтиш учун ўринларидан турибдирлар, Жаноб Расулуллоҳ ҳам ул киши бирлан бирга туриб, масжиднинг эшиги олдигача бирга борибдирлар. Шунда, ансорлардан икки киши ўтиб кетаётиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом беришибди. Жаноб Расулуллоҳ уларга: «Шошмангиз, бул Сафиййа бинти Ҳуйай (яъни, «Кўнглингизга бир нарса келмасин, бу — менинг хотиним» демоқчилар)»,— дебдирлар. Бояги икки кишига бу гап оғир ботиб: «Субҳоналлоҳ»,— дейишибди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шайтон инсоннинг қон томирларида юриб, васваса қилғайдир, шул боисдан сизларни ҳам шайтон васваса қилиб, хаёлингизга бўлмағур фикрни келтирмадимикан, деб хавотир олдим»,— дебдирлар.

 

9-боб. Эътикофда ўтирмоқ ва Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йигирма кун бўлди, деганда эътикофни тугатиб, ташқарига чиқишлари ҳақида

 

Абу Салома ибн Абдурраҳмон Абу Саъид Худрийдан:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Лайлат ул-Қадр тўғрисида гапирганларини эшитганмисиз?»—деб сўрадилар. Ул киши: «Ҳа»,— дедилар-да, қуйидагиларни ривоят қилиб бердилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигидз эътикофга ўтирдик, йигирма кун бўлди, деганда эрталаб эътикофни тугатиб чиқдик. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ бизга ваъз айтдилар-да: «Лайлат ул-Қадр куни менга таййн қилиниб .эрди, аммо ул ёдимдан кўтарилиб қолди. Уни Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида, тоқ кунларда кутингиз. Тушимда мен лой ерда сажда қилаётган эрмишман. Кимки мен бирлан бирга эътикоф қилган бўлса, масжидга қайтсин!»—дедилар. Одамлар масжидга қайтиб киришди. Шу пайтда осмонда бир парча ҳам булут йўқ эрди, бирдан қаердандир булут пайдо бўлиб, ёмғир ёғди. Сўнг, бомдодга такбир айтилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам лой ерда сажда қилдилар, ҳаттоки мен Жаноб Расулуллоҳнинг муборак пешоналари ва бурунларига лой текканини кўрдим».

 

10-боб. Мустаҳозанинг (ичидан муттасил қон кетадирган аёлнинг) эътикоф килмоги ҳақида

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга хотинларидан бири мустаҳоза ҳолида эътикофга ўтирди. Унинг ичидан қизил ва сариқ суюқлик келиб турарди, биз остига тоғора қўйиб қўйгандик»,— дейдилар.

 

11-боб. Аёлнинг эътикофда ўтирган эрини кўргани бормоғи ҳақида

 

Али ибн Ҳусайн ривоят қиладирлар:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда (эътикофда) эрдилар. Ул кишини кўргани келган) аёллари уйларига қайтмоқчи бўлиб, ўрнидан қўзғалди. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафиййага: «Шошмағил, кузатиб қўйғаймен!» — дедилар. Сафиййанинг уйи Усоманинг ҳовлисида эрди. Жаноб Расулуллоҳ Сафиййа бирлан бирга чиқдилар. Иттифоқо, икки ансорий йўлиқиб, Жаноб Расулуллоҳга бир нигоҳ ташлашди-да, йўлда давом этишди. Жаноб Расулуллоҳ уларни чақириб: «Бу — Сафиййа бинти Ҳуйай (яъни, «Бу — менинг хотиним» демоқчилар)»,— дедилар. Улар таажжубланиб: «Субҳоналлоҳ, ё Расулуллоҳ!»—дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Шайтон инсоннинг қон томирларида юрғайдир, шул боисдан шайтон васваса қилиб, ёмон хаёлга бормангиз, деб хавотир олдим»,— дедилар».

 

12-боб. Эътикофда ўтирган киши шубҳани ўзидан соқит қиладирми?

 

Али ибн Ҳусайн ривоят қиладирлар:

 «Сафиййа разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофда ўтирганларида ҳузурларига келдилар, сўнг қайтишларида Жаноб Расулуллоҳ ҳам биргалашиб йўлга тушдилар. Йўлда ансорлардан бири уларни кўрди. Жаноб Расулуллоҳ ансорни чақириб: «Бу — Сафиййа (яъни, менинг хотиним), тағин хаёлингга ҳар хил фикр келиб юрмасин, чунким шайтон одам боласининг қон томирларида юрғайдир»,— дедилар».

 

Зуҳрий Суфёндан:

 «Сафиййа кечаси келганмиди?»—деб сўраганларйда, ул киши: «Ҳа, кечаси»,— деб жавоб берган эрканлар.

 

13-боб. Эрталаб эътикофни тугатиб чиқса...

 

Абу Саъид Худрий ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикофга ўтирдик. Йигирманчи куни эрталаб нарсаларимизни кўтариб, Расулуллоҳнинг хузурларига келдик. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ: «Кимки мен бирлан бирга эътикоф қилган бўлса, яна жойига қайтсин (эътикофни давом эттирсин), чунким шул кеча менга Лайлат ул-Қадр ўтадирган кун аён қилинди. Тушимда мен лой ерда сажда қилаётган эрмишман»,— дедилар. Жаноб Расулуллоҳ жойларига қайтдилар ҳамки, ёмғир ёға бошлади, Аллоҳга қасам ичиб айтурменким, ўшал куни кечгача ёмғир ёғиб, шох-шабба ташланган масжид томидан чакка ўтиб кетди. Кейин, мен Жаноб Расулуллоҳ (сажда қилаётганларида) бурунларига лой текканини кўрдим».

 

14-боб. Шаввол ойида эътикофга ўтирмоқ ҳақида

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар Рамазонда эътикофга ўтирар эрдилар. Бомдод вақти бўлгач, туриб намоз ўқирдилар-да, яна қайтиб эътикофга ўтирардилар»,— дейдилар. Оиша онамиз Жаноб Расулуллоҳдан эътикофга ўтирмоққа рухсат сўраганларида, унга ижозат бердилар. Шунда, Оиша разияллоҳу анҳо ўзларига чодир қуриб олдилар. Буни эшитиб, Ҳафса ҳам ўзларига чодир қуриб олдилар. Кейин, Зайнаб ҳам эшитиб, чодир қуриб олдилар.. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоддан сўйг келиб, тўртта чодир турганини кўриб, . «Бу несидир?»—дедилар. Жаноб Расулуллоҳга чодирлар аёллариники эканлигини айтишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Не сабабдан бундоқ қилишди, яхши ниятдами? Олиб ташлангиз, мен иккинчи кўрмайин!»—деганларидан сўнг, чодирларни олиб ташлашди. Шундан кейин, Жаноб Расулуллоҳ Рамазон ойидаги эътикофларини тўхтатиб, Шаввол ойининг охирги ўн кунлигида уни давом эттирдилар».

 

15-боб. Эътикофда ўтирган киши рўза тутмаса ҳам бўладир

 

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу:

 «Ё Расулуллоҳ, мен жоҳилия даврида, Масжид ул-Ҳаромда бир кеча эътикоф қилғаймен, деб аҳд этган эрдим»,— дедилар. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ: «Аҳдингга вафо қилғил!»—дедилар (бироқ рўза тутмок, ҳақида индамадилар). Кейин, Ҳазрат Умар бир кеча эътикофга ўтирдилар».

 

16-боб. Жоҳилия даврида эътикоф қилишга аҳд қилиб, сўнг мусулмон бўлса...

 

Ибн Умар ривоят қиладирлар:

 «Жоҳилия даврида Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу Масжид ул-Ҳаромда (назаримда, бир кеча) эътикофга ўтирмоққа аҳд қилган эрдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ул кишига: «Аҳдингга вафо қилғил!»—деб айтдилар».

 

17-боб. Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикофга ўтирмоқ ҳақида

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу:

 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикофга ўтирар эрдилар. Вафот қиладирган йиллари эрса, йигирма кун эътикоф қилдилар»,— дейдилар.

 

18-боб. Эътикофга ўтирган киши эътикофни тўхтатмоқчи бўлса...

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофга ўтирғайман, деб одамларга айтдилар»,— дейдилар.

Ўшанда Оиша ҳам эътикофга ўтирмакка Жанобдан рухсат сўрадилар, ул киши ижозат бердилар. Ҳафса Оишага: «Менга ҳам рухсат сўраб берингиз»,— дедилар. Оиша ул кишига рухсат сўраб бердилар. Буни кўрган Зайнаб ҳам ўзларига масжиддан эътикоф учун жой тайёрладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиганларидан сўнг, эътикофда ўтирадирган жойларига қайтганларида, ул ердаги эътикофга тайёрлаб қўйилган жойларни кўриб: «Бу несидир?»—дедилар. «Оиша, Ҳафса ва Зайнабнинг жойлари»,— деб айтишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Яхши иш қилишмабдир, мен эътикофимни тўхтатғаймен»,— деб рўзаларини буздилар. Кейин, Шаввол ойида ўн кун эътикоф қилдилар».

 

19-боб. Эътикофдаги киши ювдирмоқ учун бошини дарчадан чиқарадир

 

Оиша разияллоҳу анҳо:

 Жаноб Расулуллоҳнинг муборак бошларини, эътикофда бўлганларида ҳайз кўрганлигимга қарамай, ювиб-тараб қўярдим»,— дейдилар. Жаноб Расулуллоҳ масжидда туриб, дарчадан бошларини чиқарар эрдилар. Оиша онамиз ҳужраларида туриб, муборак бошларини ювиб-тараб қўярдилар.

 

 

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов