"."
Меню

Таяммум китоби

 



Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Сув топмасангиз, тоза туфроққа таяммум қилингиз, юз-қўлларингизга суртингиз»,— дейдир (Ҳанафия уламолари: «Агар таяммум қилгувчи киши тақир тошға шапалоғини уриб, юзиға ишқаса ва яна уриб қўллариға ишқаса, кифоядир»,— дейишадир).

Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари Оиша онамиздан:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга бир сафарга (ҳижрий 6-нчи йил) чиқдик. Байдоъ ёки Зот ул-Жайш деган жойга борганимизда маржоним узилиб кетди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қидйра бошладилар. Одамлар ҳам тўхташди. Тўхтаган жойларида сув йўқ эрди. Шунда одамлар Абу Бакр Сиддиққа келиб: «Кўрмайсизми Оишанинг қилган ишини, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ва шунча одамни тўхтатиб қолди, ваҳоланки, одамлар суви бор жойда ҳам эмаслар, ўзларида ҳам сув йўқдир»,— дедилар. Абу Бакр Сиддиқ (ёнимизга) келдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларини тиззамға қўйиб, ухлаб қолган эрдилар. Отам Абу Бакр Сиддиқ менга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ва одамларни тўхтатиб қолдинг, улар сув бор жойда ҳам эмаслар, ўзларида ҳам сув йўқ»,— деб қаттиқ уришдилар. Аллоҳ хоҳлаганича нима десалар, дедилар ва белимга нуқий бошладилар. Расулуллоҳ бошларини тиззамга қўйиб ётганлари учун мен қимирламасликка интилар эрдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг саҳарда турдилар. Атрофда сув йўқ эрди, одамлар: «Таҳоратсиз қандай бомдод ўқийдирмиз?» — деб тортишдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Таяммум қилингиз!» — деб «Таяммум ояти» ни нозил қилди. Усайд ибн Ҳузайр (таажжубдан): «Эй Абу Бакр авлоди, бу сизнинг биринчи баракотингиз эрмас (яъни, бундан автал ҳам сиз туфайли Аллоҳ таоло бизни баракотидан дариғ тутмагандир)»,— дедилар. Мен минган туяни турғизган эрдик, маржоним тагидан чиқди».

Жобир ибн Абдуллоҳ Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар, деб айтадир:
 «Аллоҳ таоло томонидан менга илгариги пайғамбарларнинг бирортасига ҳам ато қилинмаган 5 та имтиёз берилган:
1. Душманларим қалбига (мен) бир ойлик масофада турганимдаёқ, Аллоҳ томонидан қўрқинч солиниб, ғолиб этилмишман.
Ер юзи менга намозгоҳ қилинмишдир ва (ер) сув йўқ бўлганда таҳорат воситаси қилинмишдир. Умматимнинг қайси бирига намоз вақти қаерда тўғри келиб қолса, ўша ерда ўқийверсин!
Ўлжалар менга ҳалол қилинмишдир. Мендан аввалги ҳеч бир пайғамбарга ҳалол қилинмаган эрди.
Менга шафоат қилмоқлик (қалбида заррача иймони бор умматни дўзахдан олиб чиқмоқлик) ҳуқуқи берилмишдир.
5. Илгариги ҳар бир пайғамбар фақат ўз қавмига пайғамбар қилиб юборилган эрди, Мен эсам (Ер юзидаги) одамларнинг ҳаммасига пайғамбар қилиб юборилдим».

1-боб. Агар киши таҳоратга сув ҳам, таяммум қилмоққа (тоза) туфроқ ҳам топмаса, нима қилғайдир?

Ҳишом ибн Урванинг оталаридан:
 «Оиша онамиз маржон шодасини опалари Асмодан омонатга олган эрдилар. Уни йўқотиб қўйдилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қидиргани одам юбордилар, кейин у топиб келди. Шу аснода намоз вақти бўлди, одамлар атрофда ва ўзларида сув бўлмаганлиғидан таҳоратсиз намоз ўқидилар. Буни кўриб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилдилар. Шуйда Аллоҳ таоло: «Таяммум ояти» ни нозил қилди. Усайд ибн Ҳузайр Оиша онамизга: «Аллоҳ сизга яхшилиғ ато этсин, Аллоҳга қасам ичиб айтурменким, сиз хушламаган нарса нозил қилинғани йўқ, зеро буни Аллоҳ таоло сизни ва барча мусулмонларни деб қилди, бундан фақат яхшилиғ кўзлангандир»,— дедилар».

2-боб. Бир жойда ўтирйб қолган одам сув топмай намози қазо бўлишидан қўрқса, таяммум қилғайдир

Ато разияллоҳу анҳу ҳам бу ҳақда шу фикрни билдирганлар. «Касал киши суви бўлатуриб, уни қуйиб берадиган ёрдамчи топмаса, таяммум қилғайдир. Бир куни Ибн Умар Журф деган жойдаги еридан келаётиб, бир қўйхона ёнига келганда аср вақти кирди. Таяммум бирлан аср ўқиди. Кейин Мадинага кириб келди, қуёш ботмаган эрди, асрни қайтариб ўқимади»,— деганлар Ҳасан Басрий.

Ал-Аъражга Ибн Аббоснинг озод қилинган қули Умайр бундай деган экан:
 «Мен ва Маймуна онамизнинг озод қилинган қули Абдуллоҳ ибн Ясор Абу Жуҳайм ибн ал-Ҳарс ибн ас-Симманикига бордик. Абу Жуҳайм бизга қуйидагини айтиб берди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Биъру Жамал томондан келдилар. Шунда у кишига бир одам йўлиқиб салом берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам алик қайтармасдан деюрга бориб таяммум қилдилар, юзларига ва икки қўлларига суртдилар, шундан сўнг у кишига алик олдилар».

З-боб. Таяммум қилғувчи киши қўлини туфроққа ургандан сўнг, пуфлаб ташлайдими?

Саъид ибн Абдурраҳмон Абзийнинг оталари қуйидаги ҳадисни айтиб берган эканлар:
 «Умар ибн ал-Хаттоб ҳузурларига бир киши келиб: «Мен жимоъ қилдим-у, сув топмадим?»—деди. Шунда Аммор ибн Ёсир Умар ибн ал-Хаттобга қараб: «Эслайсизми, икковимиз сафарда эрдик. Ўшанда сиз намоз ўқимадингиз, мен эсам туфроққа юмалаб олиб, кейин намоз ўқидим. Буни Жаноб Расулуллоҳга айтдим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки кафтларини ерга уриб, пуфлаб ташладилар, сўнг икки кафтларини аввал юзларига, кейин икки қўлларига суртдилар-да: «Мана шундай қилсанг, кифоя эрди, дедилар»,— деди».

4-боб. Таяммум юз ва икки қўлга қилинғайдир

Саъид ибн Абдурраҳмон ибн Абзийдан:
 «Аммор ҳам юқоридаги ҳадисни айтиб берди-да, қўлини ерга урди, кейин оғзига яқинлаштириб, пуфлаб ташлади. Сўнг юзи ва икки қўлига суртди». Аммор разияллоҳу анҳу: «Тоза туфроқ мусулмон киши учун (сув "йўғида) сув ўрнига ўтадиган таҳорат воситасидир»,— деб айтган эканлар. Аммор разияллоҳу анҳу Умар ал-Хаттобга: «Сарияда эканлигимизда жимоъ қилдик»,— деб қуйидаги ҳадисни айтиб берган эканлар: «Мен туфроққа юмаладим, кейин буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдим. Шунда ул зот: «Юз бирлан икки қўлингга суртмак сенга кифоя қилур эрди»,— дедилар».

5-боб. Тоза туфроқ мусулмон киши учун (сув йўғида) сув ўрнига ўтадиган таҳорат воситасидир

Ҳасан Басрий:
 «Таҳорати синмаган киши таяммум қилса, кифоя. Ибн Аббос таяммум қилган ҳолда имомликка ўтди»,— деганлар. Яҳё ибн Саъид: «Шўр ерда намоз ўқимоқнинг зарари йўқ, шунингдек ўша ердаги туфроққа таяммум қилмоқнинг ҳам зарари йўқ»,— деганлар.

Имрон дедилар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга сафарда эрдик. Кечаси йўл юрдик, туннинг охирига борганда, бизни уйқу босди. Мусофир киши учун бундан ҳаловатлироқ уйқу бўлмайдир. Бизни қуёшнинг ҳарорати уйғотди. Биринчи бўлиб фалончи, ундан кейин фалончи, ундан кейин пистончи (ҳикоя қилгувчи Абу Ражоъ уларнинг исмларини айтганди, лекин Авф деган ҳикоячи ёдидан чиқариб қўйган), кейин тўртинчи бўлиб Умар ал-Хаттоб уйғонди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ухласалар, биров уйғотмас эрди. У киши ўзлари уйғонар эрдилар. У киши ухлаб ётганларида нималар бўлганидан биз бехабар эрдик. Умар уйғонгач, одамларни нима ташвишга солаётганини фаҳмлаб (ўзи ғайратли одам эди), Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйғонмагунларича баланд овоз билан такбир айтаверди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳй ва саллам уйғонгач, одамлар у кишига рўй берган ҳодисани шикоят қилдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зарари йўқ, йўлга тушингиз!» — дедилар ва ўзлари ҳам йўлга тушдилар. Бир оз юрилгач (туядан) тушиб, таҳоратга сув сўрадилар, кейин таҳорат олдилар. Намозга азон айтилди. Одамлар бирлан бирга намоз ўқидилар. Намозни ўқиб бўлиб, ёнларига ўгирилдилар, шунда бир четда одамларга қўшилмай, намоз ҳам ўқимай турган бир кишига кўзлари тушди. «Жамоат бирлан намоз ўқимоғингга не тўсқинлик қилди, эй фалончи?»—дедилар Жаноб Расулуллоҳ. «Ё Расулаллоҳ, мен ювуқсизмен (наҳсман), ғуслға сув йўқ,— деди бояги киши. «Сенга туфроқ ҳам бўлаверади, туфроққа таяммум қилмоғинг лозимдир»,— дедилар Расулуллоҳ, сўнг йўлга тушдилар. Одамлар у кишига чанқаганликларини айтиб шикоят қилдилар, шунда Расулуллоҳ бир жойга келганда тўхтаб, (туяларидан) тушдилар, фалончини чақирдилар (ўшанда уни Абу Ражоъ, деб чақиргандилар, Авф деган киши риюят қила туриб, унинг исмини эслай олмаган), кейин Алини чақириб: «Борингиз, сув қидирингиз!» — дедилар. Икковлари сув ахтариб кетдилар. Йўлда туя устидаги икки меш ўртасида ўлтириб кетаётган бир хотинга йўлиқдилар. Хотиндан: «Қаерда сув бор?» — деб сўрадилар. «Бу сувни кеча шу вақтда йўлдан олганман. Эркакларимиз бизни қолдириб (сув ахтариб) кетишган»,— деди хотин. «Сув бунчалик узоқда бўлса, унда биз билан юра қолинг!» — дейишди (Али билан Абу Ражоъ). «Қаерга?» — деб сўради хотин. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига»,— дейишди (Али билан Абу Ражоъ). «Анави эски диндан чиқиб, янги дин олиб келган одам олдигами?» — деди хотин. «Ҳа, ўша сиз айтган одам олдига, юринг биз бирлан!» — деб хотинни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бошлаб кетишди, етиб боргач, бўлган гапни у кишига айтиб беришди. «Хотинни туясидан туширдилар»,— дейдилар Имрон. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туядаги иккала мешни олиб келмоқни буюрдилар. Олиб келишгач, мешларнинг тепа қисмидаги кичик оғзини ечиб, ҳовучлаб сув олдиларда, яна қайта қуйиб боғлаб қўйдилар, кейин пастидаги катта оғзини ечиб, одамларни сув ичишга чақирдилар. «Сув ичингиз ва (туяларни) сугорингиз!» — дедилар Расулуллоҳ. Одамлар хоҳлаганларича сув ичишди, хоҳлаганларича (туяларини) суғоришди. Ниҳоят, бояги ювуқсиз кишига бир идишда сув бериб: «Бор, чўмилиб ол!»—дедилар Расулуллоҳ. Хотин тепада тик туриб, одамлар сувни нима қилаётганига қараб турар зрди. «Аллоҳга қасам ичиб айтаманким, одамлар сув олиб бўлишгач, мешларнинг оғзини боғлашганда, мешлардаги сув бизга илгаригидан ҳам кўпроқ кўринди»,— дейдилар Имрон. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хотинга бир нима йиғиб берингиз!»—дедилар. Одамлар хотинга хурмоми, унми, талқонми, қўяверингки, бирмунча ризқ йиғиб, бир нарсага тугиб, туясига ортиб бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинга: «Билдингми, сувингни ҳеч камайтирмадик, аммо бизга Аллоҳ таолонинг ўзи сув ато этди»,— дедилар. Хотин ўз одамлари олдига равона бўлди, етиб боргач, «Эй фалончи, қаерда эдинг?» — дейишди. «Ажойиб бир воқеанинг шоҳиди бўлдим, мен йўлда икки кишини учратдим, улар мени анави янги дин олиб келган кишининг олдига олиб боришди. У ундай қилди ва бундай қилди»,— деб бор гапни айтиб берди хотин. Кейин бундай деб қўшиб қўйди: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманким, у киши манави билан ана у (ўрта бармоғи билан ер ва осмонга ишора қилди) ўртасидаги барча одамларнинг энг сеҳргарроғи ёки ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таолонинг пайғамбари бўлиши керак». Мусулмонлар ўша воқеадан кейин атрофдаги мушриклар (Аллоҳни бир деб билмайдиганлар) яшайдиган қишлоқларни ишғол қила бошладилар. Лекин ҳалиги хотин яшаётган жойга тегишмади. Буни кўрган хотин ҳамқишлоқларига: «Анави мусулмонлар сизу бизга атайлаб тегишмаяпти, деб ўйлайман. Исломга кирсакчи, нима дейсизлар?» — деди. Хотиннинг гапига кўндилар ва исломга кирдилар».

6-боб. Ювуқсиз (наҳс) одам, агар ғусл қилсам касал бўламан ёки ўлиб қоламан деб қўрқса, ёҳуд (сувни ишлатиб қўйиб) сувсиз қоламан, деб чўчиса, таяммум қилғаидир

Амр ибн ал-Ос қаттиқ совуқ кечалардан бирида (ғазавот вақти эрди) наҳс бўлиб қолдилар. Шунда таяммум қилиб, намоз ўқидилар. Кейин «Ўзингизни ҳалок қилманг, Аллоҳ сизга маҳрибондир» деган оятни ўқидилар, деб зикр қилинади (яъни, киши иложсиз қолиб, совуқ сувга чўмилса, ҳалок бўлиши мумкинлигига ишора қилинади). Амр ибн ал-Оснинг (совуқ сув бўла туриб) таяммум қилганини Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтишганда, у киши койимадилар.

Абу Мусо:
«Наҳс одам сув тополмаса, намоз ўқимайдирми?» — деб Абдуллоҳ ибн Масъуддан сўрадилар. «Агар одамларга таяммум қилмоққа рухсат берсанг, улардан бирортаси сал сесканса ҳам, Абу Мусо шунақа деган эрди, деб таяммум қилиб намоз ўқийверади»,— дедилар Абдуллоҳ. «Амморнинг Умарга айтган сўзи қаерда қолди, унда?» — дедилар Абу Мусо. «Амморнинг сўзидан Умар қониққан эрмас, деб ўйлайман»,— дедилар Абдуллоҳ.

Ал-Аъмаш қуйидаги ҳадисни Шақиқ ибн Саламадан эшитган эканлар:
 «Абу Мусо ва Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ёнларида эрдим. Абу Мусо: «Эй Абу Абдурраҳмон, агар ювуқсиз одам сув топмаса, нима қилғайдир?» — деб Абдуллоҳдан сўрадилар. Абдуллоҳ: «Сув топгунча намоз ўқимайдир»,— дедилар. «Амморнинг айтган гапи нима бўлади? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга: «Сенга таяммум қилмоқ кифоя қилғайдир»—деганлари-чи?» — дедилар Абу Мусо. «Умар бундан қаноатланмаганлигини сезмадингми? — дедилар Абдуллоҳ. «Хўп майли, Амморникг гапини қўя туринг, мана бу «Агар сув топмасангиз, таяммум қилингиз» деган оятга нима дейсиз?» — дедилар Абу Мусо. Абдуллоҳ ибн Масъуд нима дейишларини билмай қолдилар (Ҳазрат Умар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд мазкур ояти карима таҳорати синган одамга тааллуқли, деб тушунган эрдилар. Аммо ғусл вожиб бўлган одам эрса, албатта ғусл қилмоғи шарт, унга таяммум кифоя қилмайдир, дейишар эрди. Имом Бухорий эрса юқоридаги ҳадисларга таяниб, таяммум кифоя қилғайдир, деб таъкидлайдилар). Сўнг, «Агар биз уларга таяммум қилмоққа рухсат берсак, бирортасига сув совуқлик қилса, сувни қўйиб, таяммум қилаверади» деб бояги гапларни қайтардилар. «Абдуллоҳ ибн Масъуд шунинг учунгина таяммумга рухсат бермаслик керак, деганмидилар?» — деб сўрадилар ал-Аъмаш суҳбатдошлари Шақиқдан».

7-боб. Таяммум бир зарбдир (қўлни туфроққа бир урмоқдир)

Шақиқ разияллоҳу анҳу бундай дейдилар:
 «Абу Мусо ва Абдуллоҳ ибн Масъуд билан бирга ўтирган эрдим. Абу Мусо: «Агар одам, наҳслансаю, бир ойгача сув топмаса, таяммум қилиб намоз ўқийвермайдирми? Сураи «Моида» даги мана бу «Сув топмасангиз, тоза туфроққа таяммум қилингиз!» деган ояти каримага нима дейсиз?»—дедилар Абдуллоҳга. Абдуллоҳ: «Уларга таяммумга рухсат берилса, биронтасига сув совуқроқ туюлса, бўлди, туфроққа таяммум қилаверади»,— дедилар. Мен: «Сиз шу боисдангина таяммумга рухсат беришни истамадингизми?»—деб сўрасам, «Ҳа»,— дедилар. «Амморнинг Умарга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени бир юмушни бажариб келмак учун бир жойга юбордилар. Шунда мен наҳсланиб қолдим. Худди ҳайвон юмалагандек туфроққа юмаладим. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга шу ҳақда айтиб берганимда, у киши менга: «Мана бундай қилсанг ҳам етарли бўлур эрди, деб қўлларини ерга бир урдилар, кейин қоқиб ташладилар, сўнг ўнг қўлларининг кафтини чап қўлларига, чап қўлларининг кафтини ўнг қўлларига сурдилар. Ундан кейин эрса иккала кафтларини юзларига суртдилар» деганини эшитмаганмисиз?»—дедйлар Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Масъудга. «Умарнинг Аммор айтган гапдан қаноат ҳосил қилмаганини сезмадингми?» — дедилар Абдуллоҳ».

Шақиқ ал-Аъмашга бундай деган экан:
 «Абдуллоҳ ва Абу Мусо билан бирга эрдим. Шунда Абу Мусо Абдуллоҳга, Амморнинг Умарга айтган мана бу ривоятини эшитмаганмидинг?— дедилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени ва сени бир юмушга юбордилар. Шунда мен, наҳсланиб қолдим-да, туфроққа юмаладим. Қайтиб келганимиздан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга юмалаганимни айтдим. Расулуллоҳ: «Сенга мана бундай қилсанг ҳам етарли бўлур эрди»,— деб юзлари ва қўлларига бир марта масҳ тортиб қўйдилар».

8-боб.

Имрон ибн Ҳусайндан:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат бирлан намоз ўқимасдан бир чеккага чиқиб турган одамни кўрдилар. Шунда унга: «Эй фалончи, сенга жамоат бирлан намоз ўқимоғингга не монеълик қилур?»—дедилар. «Ё Расулуллоҳ, мен наҳсланиб қолдим, сув йўқ»,— деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Туфроққа таяммум қилмоғинг лозимдир, шу сенга кифоя қилғай»,— дедилар».

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов