"."
Меню

Юнус-Худ-Юсуф-Раъд-Хижр-Нахл суралари

10. Юнус сураси


Маккада нозил бўлган бу сура бир юз тўққиз оятдан иборат. Унда исломий ақиданинг асл моҳияти: Аллоҳга иймон келтириш, Унинг китобларига, пайғамбарларига, қайта тирилишга ва қиёмат кунидаги жазо-мукофотга ишониш ҳақида сўз боради. У илоҳий китобларга, хусусан Қуръони Каримга иймон келтиришга қизғин даъват қилиши билан бошқа суралардан ажралиб туради. 

Бу сура бошлаб пайғамбарлик ва пайғамбарлар ҳақида сўзлаб, Аллоҳ аввалу охир ҳамма бандаларига Ўз пайғамбарини юборганини, бинобарин, охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳис-саломнинг келишларидан ажабланишга ўрин йўқлигини уқтиради. Кейин худо ва банданинг ҳақиқати баён қилиниб, яратган билан яралган орасидаги алоқа қандай бўлиши лозимлиги айтилади ва одамларга ҳақиқий Парвардигорлари қандай зот эканлиги танитилиб, фақат Унгагина ибодат қилишлари дуруст ва зарур эканлиги таъкидланади. Яна бу сурада мушрикларнинг Қуръонга бўлган муносабатлари ҳақида ҳикоя қилиниб, бу Китоб ҳақиқий илоҳий мўъжиза экани айтилади, Ва "уни Муҳаммад ўзи тўқиб ёзган", деб унга ўхшаш биргина сура ёзиб берсинлар, асоссиз эканлиги ошкор этилади. 

Сурада Нуҳ, Мусо, Юнус каби пайғамбарларнинг қиссалари зикр қилинадики, суранинг номи ҳам улардан бири - Юнус пайғамбар исмлари билан аталгандир. Сура ниҳоясида эса пайғамбар алайҳис-саломга фақат Аллоҳнинг кўрсатма-ваҳийларига амал қилиш ва Аллоҳ йўлида чекиладиган озор-машаққатларга сабру тоқат қилиш амр этилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман): 

1. Алиф, Лом, Ро. Бу ҳикматли Китоб оятларидир. 

 2. Бу одамлар учун ўзларидан бўлган бир кишига (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга, кофир) кимсаларни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг, иймон келтирган зотларга эса улар учун Парвардигорлари ҳузурида азалий рост мартаба борлиги ҳақида хушхабар етказинг, деб ваҳий юборганимиз қизиқ туюлдими?! Кофирлар: «Дарҳақиқат, бу (яъни, Муҳаммад) зўр сеҳргардир», дедилар. 

3. Албатта, Парвардигорингиз осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршини эгаллаган Аллоҳдир. У (ҳар бир) ишнинг тадбирини қилур. (Қиёмат кунида) бирон оқловчи бўлмас, магар Унинг изну иродасидан сўнггина (оқлай олур). Ана ўша Аллоҳ Парвардигорингиздир, бас, Унга ибодат қилингиз! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?! 

4. (Қиёмат кунида) барчангиз Унга қайтишингиз бордир. (Бу) Аллоҳнинг ҳаққирост ваъдасидир. Албатта аввал-бошда барча нарсани Унинг Ўзи яратур. Сўнгра иймон келтириб, яхши амаллар қилиб ўтган зотларни адолат билан мукофотлаш учун (қиёмат куни) яна қайта яратур. Куфр йўлини тутган кимсалар учун эса қайноқ сувдан иборат ичимлик ва кофир бўлганлари сабабли аламли азоб бўлур. 

5. У (Аллоҳ) қуёшни зиё сочгувчи, ойни ёруғлик қилган ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйган зотдир. Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ бу (борлиқни) ҳақ (қонун ва мақсад) билан яратди. У зот биладиган қавм учун Ўз оятларини муфассал баён қилур. 

6. Албатта, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ҳамда Аллоҳ осмонлар ва ерда яратиб қўйган нарсаларда Аллоҳдан қўрқадиган қавм учун оят-аломатлар бордир. 

7-8. Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар - ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гунохлари сабабли - дўзахдир. 

9. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларни эса иймон-эътиқодлари сабабли Парвардигорлари ҳидоят қилур - ноз-неъмат боғларида остларидан дарёлар оқиб турур. 

10. У жойдаги дуолари: «Эй тангримиз, Ўзингни поклаймиз», дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига) тинчлик тилашдир. Охирги тилаклари эса бутун оламлар Парвардигори - Аллоҳга ҳамду сано айтишдир. 

11. Агар Аллоҳ бу одамларга (яъни, мушрикларга) яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам нақд қилса эди, албатта уларнинг ажаллари етган бўлур эди. Бас, (Биз уларга ёмонликни нақд қилмаймиз, балки) Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсаларни, ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида ташлаб қўюрмиз. 

И з о ҳ . Ушбу оят маккалик мушриклар пайғамбар алайҳис-саломнинг даъватларига қулоқ солмай: «Ё Аллоҳ, агар Муҳаммаднинг дини ҳақ дин бўлса, бошимизга осмондан тош ёғдиргил», деб ўзлари учун ёмонлик тилаб дуои бад қилганларида нозил бўлган. Бу оятда икки маънони уқиш мумкин: биринчиси, мушрик кимсаларнинг нақадар нодон эканликлари. Чунки улар доно ва тадбиркор бўлганларида: «Агар шу дин ҳақ дин бўлса, бизларни ҳам шу динга йўллагин», деб илтижо қилган бўлур эдилар. Иккинчиси, айрим золим ва тажовузкор кимсаларнинг бемалол ҳаром-ҳариш йўлларда айш-ишрат қилиб юришлари уларнинг тутган йўллари тўғри эканлигини билдирмайди, бияъакс, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлганлари учун ҳақ йўлни топа олмай туғён ва исёнларида адашиб-улоқиб юрганларини билдиради. 

12. Қачон инсон зотига бирон зиён-мусибат етса, ётган ҳолида ҳам, ўтириб ҳам, туриб ҳам Бизга дуо-илтижо қилур. Энди қачонки ундан мусибатини кеткизсак, гўё (ҳеч қачон) ўзига етган бало-мусибатдан Бизга илтижо қилмагандек (юз ўгириб) кетур. Ҳаддан ошувчи кимсаларга ўз қилмишлари мана шундай чиройли қилиб қўйилди. 

13. Маълумки, сизлардан аввалги асрлардаги миллатларни ўзларига зулм қилганлари ва пайғамбарлари очиқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтирган пайтларида, иймон келтирмаганлари учун халок қилганмиз. Жиноятчи қавмни мана шундай жазолагаймиз. 

14. Сўнгра қандай амаллар қилишингизни кўриш учун сизларни уларнинг ортидан ерга халифа (ўринбосар) қилиб қўйдик. 

15. Қачон уларга (уларнинг олдида) Бизнинг очиқ равшан оятларимиз тиловат қилинса, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бу Қуръондан бошқа бир Қуръон келтиргин ёки буни ўзгартиргин», дедилар. Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман. Чунки мен агар Парвардигоримга исён қилсам, улуғ Куннинг (қиёматнинг) азобидан қўрқурман». 

16. Айтинг: «Агар Аллоҳ хохлаганида, мен уни (Қуръонни) тиловат қилмаган бўлур эдим ва (мен орқали Аллоҳ) уни сизларга билдирмаган бўлур эди. Ахир ундан (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам бир умр сизларнинг орангизда яшаб турдим-ку! Ахир, ақл юргизмайсизларми? 

И з о ҳ . Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбар бўлишларидан аввалги қирқ йиллик умрлари маккалик араблар кўз ўнгида ўтган бўлиб, бу давр мобайнида, у зот на бир устоз кўрган эдилар ва на бир китоб мутолаа қилган эдилар. Бу ҳол у кишини таниган-билган ҳамма замондош ва ватандошларига аён эди. Шунинг учун ҳам қирқ ёшга тўлганларидан кейин илоҳий оятларни тиловат қилиб, одамларни ислом динига даъват эта бошлаганларида, бу оятларнинг тенгсиз гўзал назми, тубсиз теран мағзидан лол бўлган кўп кишилар бу башарнинг сўзи эмаслигига иймон келтирдилар. Лекин Макка мушрикларидан айрим кимсалар бу илоҳий мўъжизанинг қадру қимматини билмайдилар ва ҳатто пайғамбар алайҳис-саломнинг устларидан истеҳзо қилиб кулишга ҳам бориб етдиларки, мазкур ва қуйидаги оятлар ана шундай кимсалар ҳақида нозил бўлгандир. 

17. Ахир Аллоҳ шаънига бўҳтон қилган ёки Унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта (бундай) жиноятчи кимсалар нажот топмаслар. 

18. Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳга осмонлар ва ердаги У зот билмайдиган нарсаларни (шерикларни) билдириб қўймоқчимисизлар?!» Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан пок ва юксак бўлган зотдир. 

19. (Аввалда) одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар. Сўнгра бўлиниб кетдилар. Агар Парвардигорингиз томонидан (яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазолари фақат қиёматда бўлиши хусусида) Сўз бўлмаганида эди, талашиб-тортишаётган нарсалари ҳақида уларнинг ўрталарида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, диндан чиққан кимсалар шу дунёдаёқ жазоланган бўлур эдилар). 

20. Улар: «Унга (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга) Парвардигори томонидан оят-мўъжиза тушса эди», дейдилар. Бас, (эй Муҳаммад), айтинг: «Ғайб (яъни, келажак ва инсон идрокидан махфий бўлган барча нарсалар билими) фақат Аллоҳникидир. Бас, кутаверинглар. Мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиларданман» 

21. Қачон бу одамларга етган бало (қаҳатчилик)дан кейин раҳмат (тўкинлик)ни тотдирсак, баногоҳ улар Бизнинг оятларимиз ҳақида макр (ишлатиб, масхара) қилурлар. Айтинг: «Аллоҳнинг макри» (азоби) жуда тездир. Албатта, Бизнинг элчиларимиз (малоикаларимиз) қилаётган макрларингизни ёзиб қўюрлар. 

22. У (Аллоҳ) шундай зотки, сизларни қуруқлик ва денгизда юргизур. То сизлар кемаларда бўлган вақтларингизда ва у (кемалар) хуш ел билан уларни (яъни, сизларни) олиб кетаётганида ва улар бу билан шод-хуррам бўлганларида, бир қаттиқ шамол келур ҳамда уларнинг устига ҳар тарафдан тўлқин келиб, ўзларининг гирдобда қолганларини билганларида: «Қасамки, агар мана шу (бало)дан бизга нажот берсанг, албатта шукр қилгувчилардан бўлурмиз», деб чин ихлос билан Аллоҳга илтижо қилурлар. 

23. Энди қачонки Аллоҳ уларга нажот бергач, баногоҳ улар ер юзида ноҳақ зулму тажовузкорлик қилурлар. Эй одамлар, бу тажовузингиз фақат ўзингизнинг зиёнингизгадир. (Сизлар бу арзимас ва қисқа) ҳаёти дунё матоси(дан фойдаланмоқдасиз). Сўнгра Бизга қайтишингиз бордир. Бас, Биз сизларга қилиб ўтган амалларингизни билдирурмиз. 

24. Дарҳақиқат, бу ҳаёти дунёнинг мисоли худди Биз осмондан ёғдирган бир сувга ўхшайди, бас, одамзод ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат бўлган ер набототи у билан аралашиб, ҳатто ер чирой олиб, ясан-тусан қилганида ва ернинг аҳли унинг устида кучли-қудратлимиз, деб ўйлай бошлаганида, ерга кечаси ё кундузи Бизнинг фармонимиз келиб, Биз уни гўё куни-кеча обод бўлмагандек, вайронага айлантириб қўюрмиз. Тафаккур қила оладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз. 

25. Аллоҳ тинчлик диёри -жаннатга даъват қилур ва Ўзи хоҳлаган зотларни тўғри йўлга ҳидоят қилур. 

26. Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир. Уларнинг юзларини на қаролик ва на хорлик қоплар. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар. 

27. Ёмон амаллар қилган кимсалар учун эса ўша ёмонликлари баробарида ёмон жазо бўлур ва уларни хорлик ўраб олур - улар учун Аллоҳ тарафидан бирон-бир (жазодан) сақловчи бўлмас. Уларнинг юзлари гўё қоронғу кечадан бир бўлаги қоплагандек. Ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар. 

28-29. У кунда (қиёматда) Биз уларнинг (яъни, инсонларнинг) ҳаммаларини тўплаймиз, сўнгра мушрик бўлган кимсаларга: «Сизлар ҳам, Аллоҳга шерик қилиб олган бутларингиз ҳам ўз жойингиздан жилмангиз», деб уларнинг ўрталарини ажратурмиз (яъни, мушриклар дунёда доим бирга бўлиб, сиғиниб юрган бутларидан ажралиб қолурлар) ва бутлари (уларга): «Сизлар бизга ибодат қилганингиз йўқ (яъни, биз, бутлар жонсиз нарсалар бўлганимиз учун бизга сиғинганларингизни билганимиз йўқ). Бас, Аллоҳнинг Ўзи биз билан сизнинг ўртамизда гувоҳ бўлиш учун кифоядир. Албатта, биз сизларнинг ибодатингиздан бехабармиз», дейдилар. 

30. Ўша ерда ҳар бир жон қилиб ўтган ишидан хабардор бўлур ва (ҳаммалари) ҳақиқий ҳожалари - Аллоҳга қайтарилурлар ҳамда ўзлари ўйлаб тўқиб чиқарган бутлари улардан ғойиб бўлур. 

31. (Эй Муҳаммад) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир Ўша зотдан қўрқмайсизларми?!» 

32. Бас, мана шу Аллоҳ - ҳақиқий Павардигорингиздир. Ҳақиқатдан кейин эса фақатгина йўлдан озиш бор, холос (яъни, ҳақиқий Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳдан ўзгага сиғинар экансиз, албатта йўлдан озган бўлурсиз). Бас, қай тарафга бурилиб кетмоқдасизлар?! 

33. Мана шундай қилиб, иймон келтирмаганлари сабабли итоатсиз кимсалар устига Парвардигорингизнинг («Албатта жаҳаннамни кофирлар билан тўлдирурман», деган) Сўзи ҳақ бўлди. 

34. (Эй Муҳаммад), айтинг (сўранг): «Бутларингиз орасида аввал-бошда ўзи яратиб, сўнгра яна қайта ярата оладиган биров борми?!» Айтинг: «Аллоҳ аввал-бошда Ўзи яратиб, сўнгра Ўзи яна қайта яратур. Бас, қай тарафга бурилиб кетмоқдасизлар?!» 

35. Айтинг (сўранг): «Бутларингиз орасида ҳақ йўлга ҳидоят қила оладиган биров борми?!» Айтинг: «Аллоҳ ҳақ йўлга ҳидоят қилур. Энди ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган зот итоат этилишга ҳақлироқми ёки (ҳеч кимни) ҳидоят қила олмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож бўлган кимсами?! (Эй мушриклар), сизларга не бўлди - қандай ҳукм чиқармоқдасиз?!» 

36. Уларнинг кўплари жонли-жонсиз бутларга сиғинишларида фақат гумонга эргашадилар, холос. Гумон эса бирон нарсада ҳақиқатнинг ўрнини босолмайди. Албатта, Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини билгувчидир. 

37. Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки, У бутун оламлар Парвардигори томонидан келган ва (ҳақ эканлигига) шак-шубҳа бўлмаган Ўзидан аввалги (Таврот, Инжил хаби) нарсаларни тасдиқловчи ва (шариат ҳукмларидан (иборат) муфассил Китобдир. 

38. Ёки: «Уни (Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми?! Айтинг (Эй Муҳаммад): «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтирингизлар!» 

39. Йўқ! Улар Қуръон илмини эгалламасдан ва уларга унинг таъвил - моҳияти аён бўлмасдан туриб «ёлғон» дедилар. Улардан аввалгилар ҳам (ўз пайғамбарларининг сўзларини) мана шундай «ёлғон» деган эдилар. Мана энди ундай золим кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг. 

40. Уларнинг (яъни, мушрикларнинг) орасида унга (Қуръонга) ишонадиганлари ҳам бор. Уларнинг орасида унга ишонмайдиганлари ҳам бордир. Парвардигорингиз бузғунчи кимсаларни жуда яхши билгувчидир. 

41. (Эй Муҳаммад), агар улар сизни ёлғончи қилсалар, у ҳолда айтинг: «Менинг қилган амалим ўзим учун, сизларнинг амалингиз ўзингиз учундир. Сизлар менинг амалимдан поксизлар, мен эса сизлар қилаётган амалларингиздан покдирман». 

42. Уларнинг орасида сизга қулоқ тутадиганлари ҳам бор (аммо гаранг одамдек, ҳеч нарса англамайдилар). Ахир сиз, агар ўзлари ақл юргизмасалар, кар кимсаларга эшиттира олурмисиз?! 

43. Уларнинг орасида сизга қараб турадиганлари ҳам бор (аммо кўр одамдек, сиздаги пайғамбарлик белгиларини кўрмайдилар). Ахир, сиз, агар ўзлари кўрмасалар, кўр кимсаларни ҳидоят қила олурмисиз?! 

44. Шубҳасиз, Аллоҳ инсонларга бирон зулм-адолатсизлик қилмас. Балки, инсонлар (Яратганга иймон келтирмасликлари билан) ўзларига ўзлари зулм қилурлар. 

45. (Аллоҳ) уларни (яъни, мушрикларни ҳисоб-китоб учун) тўплайдиган кунда улар (бу дунёда) гўёки кундуз куни бир соатгина тургандек (яшагандек) бир-бирларини танирлар. Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деган кимсалар муҳаққақ зиён қилдилар ва ҳақ йўлга юргувчи бўлмадилар. 

46. Агар уларга ваъда қилаётганимиз азобни сизга кўрсатсак ҳам (яъни, ҳаёт пайтингизда уларнинг кофир бўлганлари оқибатида тортадиган азобларини кўрсангиз ҳам), ёки (уларни азобга дучор қилишимиздан илгарироқ) сизни вафот қилдирсак ҳам, ҳарҳолда ўзимизга қайтишлари бордир. Қолаверса, Аллоҳ улар қилаётган барча ишларга гувоҳдир. 

47. Ҳар бир миллат учун пайғамбар бўлур. Бас, қачон пайғамбарлари келганида, ўша (миллат)ларга зулм қилинмаган ҳолда, уларнинг ўрталарида адолат билан ҳукм қилинур. 

И з о ҳ. Ислом таълимотига кўра, бу олам имтиҳон олами бўлиб, ҳар бир киши мана шу имтиҳонда ўта олган-олмаганига қараб охиратда мукофот ёки жазога мустаҳиқ бўлади. Бандалар ўзларининг зиммаларидаги бурчларини ва ҳақ-ҳуқуқларини таниб, ҳақ йўлни топиб, имтиҳондан муваффақият билан ўтишлари учун уларга Аллоҳ таоло пайғамбарлари орқали Ўз кўрсатмаларини юборади. Бу пайғамбарларнинг аввалгиси Одам алайҳис-салом бўлса, сўнггиси Муҳаммад алайҳис-саломдирлар. Бу иккалаларининг ўртасида юз минглаб пайғамбарлар ўтганлар. Бинобарин, дунёда бирон-бир миллат йўқки, у миллатга Аллоҳ пайғамбарларининг даъвати етмаган бўлса. Юқоридаги оятда уқтирилишича, Аллоҳ таоло ўзи яратган ҳар бир миллатга пайғамбар юбориб, ўз динига даъват қилади. Қачонки, у миллат ўша пайғамбарни ёлғончи қилиб, у келтирган диндан юз ўгирса, қиёмат кунида у миллатга ўша пайғамбар гувоҳлигида адолат билан жазо берилади. Бу оят: «То пайғамбар юбормагунча ҳеч кимни жазолагувчи эмасмиз», деган мазмундаги Исро сурасининг 14-оятига ҳамоҳангдир. 

48. Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?!» дейдилар. 

49. Айтинг (эй Муҳаммад): «Мен агар Аллоҳ хоҳламаса (ўзгалар у ёқда турсин), ўзимга ҳам бирон зиён ё фойда етказишга қодир эмасман. (Бинобарин, келажак, ғайб илмларидан ҳам хабардор эмасман, лекин) ҳар бир миллат-авлод учун бир ажал бордир. Қачон ажаллари етса, уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, илгари ҳам қила олмайдилар. 

50. Айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар У зотнинг азоби сизларга кечаси ё кундузи келса (бундан сизларга не фойда?) Бу жиноятчи кимсалар (яъни, мушриклар) у азобнинг нимасини шоштирмоқдалар-а?! 

51. Ўшанда (Аллоҳнинг азоби бошингизга) тушганида (сизларга): «Унга иймон келтирурмиз? Энди-я?! Ахир (азоб тушишига ишонмай) уни шоштираётган эдингизлар-ку?!» (дейилур). 

52. Сўнгра ўзларига зулм қилган бу кимсаларга айтилур: «Мангулик азобини тотингиз! Сизлар фақат ўзларингиз касб қилган гунохларингиз сабабли жазоланмоқдасиз». 

53. (Эй Муҳаммад), сиздан: «У (ваъда қилинган азоб) ҳақми?» - деб сўрайдилар. Айтинг: «Ҳа, Парвардигоримга қасамки, албатта у ҳақдир. Сизлар (ундан) қочиб қутулгувчи эмассизлар». 

54. Улар азобни кўрган вақтларида агар ўзига жабр қилган (яъни, кофир бўлиб ўтган) ҳар бир жон учун ердаги бор нарса бўлса, у (ўша азобдан қутулиш учун) албатта уни (бор нарсасини) фидо қилган ва (иймон келтирмагани учун) афсус-надоматлар чеккан бўлур эди. (У кунда) уларга зулм қилинмаган ҳолда ўрталарида адолат билан ҳукм қилинур. (Яъни бу дунёдаги қилмишларига яраша жазоланурлар). 

55. Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва ердаги нарсалар, шубҳасиз, Аллоҳникидир. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳаққи-рост ваъдадир. Лекин уларнинг кўплари билмайдилар. 

56. У тирилтирур ва ўлдирур. Ва Унгагина қайтарилурсизлар. 

57. Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги бузуқ эътиқодлардан иборат нарсаларга шифо ва иймон келтирган зотларга ҳидоят ва раҳмат (яъни, Қуръон) келди. 

58. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан - мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир». 

59. Айтинг: «Хабар берингиз-чи (эй мушриклар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқу рўзнинг (айримларини) ҳаром, айримларини) ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг: «Хабар берингиз-чи, (бундай қилиш учун) сизларга Аллоҳ изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўҳтон қилмоқдамисизлар?!» 

60. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар қиёмат куни ҳақида қандай гумон қилар эканлар-а? Ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ одамларга фазлу марҳамат соҳибидир, лекин уларнинг кўплари шукр қилмайдилар. 

61. (Эй Муҳаммад), сиз қандай иш (билан) машғул бўлманг ва у (иш) ҳақида Қуръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша ишларга киришган пайтингизда, албатта Биз Сизларнинг устингизда гувоҳ бўлурмиз. Еру осмондаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичикроқ (ёки) каттароқ бирон нарса Парвардигорингиздан махфий бўлмас - албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмишида) мавжуд бўлур. 

62. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. 

63-64. Иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлар учун ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бордир. Аллоҳнинг сўзлари (оятлари) ўзгартирилмас. Мана шу (мазкур неъматларга эришиш) улуғ бахтдир. 

65. Уларнинг (кофирларнинг «Сен пайғамбар эмассан», деган) сўзлари сизни ғамгин қилмасин. Бутун куч-қудрат Аллоҳникидир. У эшитгувчи, билгувчидир. 

66. Огоҳ бўлингизким, албатта осмонлардаги ва ердаги барча жонзот ва махлуқот Аллоҳникидир. Аллоҳни қўйиб, бутларга илтижо қиладиган кимсалар фақат гумонга эргашадилар, холос. Улар фақат тахмин қиладилар, холос. 

И з о ҳ. Яъни, кўпдан-кўп одамлар тангри деб сиғинадиган осмонлардаги ва заминдаги нарсаларнинг яратувчиси ҳам, эгаси ҳам ягона Аллоҳдир. Улар фақат ўз гумон ва тахминларича, у махлуқотларни тангри деб илтижо қиладилар. 

67. У сизлар ором олишингиз учун кечани ва (касбу кор, сайру саёҳат қилишингиз учун) очиқ-ёруғ бўлган кундузни яратиб қўйган зотдир. Албатта, бунда қулок тутиб англовчи қавм учуч оят-аломатлар бордир. 

68. «Аллоҳнинг боласи бор», дедилар. У зот (буларнинг бад гумонидан) мутлақо покдир. У беҳожатдир. Осмонлар ва ердаги бор нарсалар Уникидир. Сизларнинг ҳузурингизда бу тўғрида (яъни, Аллоҳнинг боласи бор, деган) ҳеч қандай ҳужжат йўқ-ку! Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсангизни айтаверасизларми? 

69. Айтинг (эй Муҳаммад): «Шубҳасиз, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар нажот топмаслар». 

70. (Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб торттирурмиз. 

71. (Эй Муҳаммад), уларга Нуҳ ҳақидаги хабарни тиловат килинг у қавмига (бундай) деган эди: «Эй қавмим, агар сизларга (орангизда узоқ йиллар яшаб) турганлигим ва Аллоҳ оятларини эслатишим оғирлик қилган бўлса, бас, мен Аллоҳнинг Ўзига суяндим - таваккул қилдим. Энди бутларингиз билан бирга билган ишларингизни қилаверинглар. Кейин қилаёттан ишларингиз ўзларингизга махфий бўлиб қолмасин (яъни, бемалол, ошкор иш тутаверинглар, мен парво қилмайман), Сўнгра менга нисбатан (хоҳлаган) ҳукмингизни ижро этаверинглар ва менга муҳлат ҳам берманглар. 

72. Бас, агар (менинг килган панд-насиҳатимдан) юз ўгирар экансизлар, мен сизлардан (унинг учун) бирор ажр-ҳақ сўраганим йўқ (яъни, менга ҳақ беришни истамаганликдан эмас, балки бадбахтликларинг туфайли юз ўгирмоқдасизлар). Мен ажр - савобни фақат Аллоҳдан (сўрайман). Ва мен Унга бўйинсунувчи-мусулмонлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман)». 

73. Сўнгра уни (Нуҳни) ёлғончи қилишгач, Биз унга ва у билан кемада бирга бўлган кишиларга нажот бердик ва уларни (ғарқ бўлиб кетганларнинг ўрнига ерда) халифа килдик. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ғарқ қилдик. (Эй Муҳаммад), мана (кофирликлари учун дўзах азоби билан) қўрқитилган кимсаларнинг оҳибати қандай бўлганини кўринг! 

74. Сўнгра (Нуҳдан) кейин ҳам (кўп) пайғамбарларни ўз қавмларига юбордик. Бас, у пайғамбарлар уларга очиқ ҳужжат-мўъжизалар келтирганларида, улар илгари ёлғон деган нарсаларига (пайғамбарларнинг мўъжизаларини кўрганларидан кейин ҳам) иймон келтирувчи бўлмадилар. Тажовузкор кимсаларнинг дилларини мана шундай муҳрлаб қўюрмиз. 

75. Сўнгра уларнинг ортидан Мусо билан Ҳорунни Ўз оят-мўъжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юборганимизда, улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи-гуноҳкор қавм бўлдилар. 

76. Бас, қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан Ҳақиқат келганида, улар: «Бу очиқ сеҳр», дедилар. 

77. Мусо деди: «Сизларга ҳақиқат келган вақтида («Бу сеҳр»), дейсизларми? Сеҳрми шу? Ахир сеҳргарлар муваффақият қозонолмайдилар-ку?!» 

78. Улар дедилар: «Сен бизларни ота-боболаримизни амал қилган холда топган динимиздан буриш учун ва икковингиз еримизга эга бўлиб олиш учун келдингми?! Биз сизларга иймон келтиргувчи эмасмиз!» 

79. Фиръавн ўз одамларига: «Барча билимдон сеҳргарларни келтирингиз!» деди. 

80. Бас, сеҳргарлар келганларида, Мусо уларга: «Ташламоқчи бўлган нарсаларингизни (яъни, асо ва арқонларингизни) ташланглар», деди. 

81. Қачонки улар (қўлларидаги нарсаларини) ташлаганларида (ва у арқон, асолар илонларга айланиб қолганида) Мусо деди: «(Мана шу) сизлар қилган иш сеҳрдир. Албатта, Аллоҳ уни ботил қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди. 

82. Ва гарчи жиноятчи кимсалар истамасалар-да, Аллоҳ ўз сўзлари (яъни амру фармонлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур». 

83. Шунда Мусо қавмидан фақат бир тоифа одам Фиръавн ва унинг одамларининг фитна-фасодларидан қўрққан ҳолда иймон келтирдилар. Чунки Фиръавн у ерда ғолиб (эди) ва у, шубҳасиз, ҳаддан ошувчи кимсалардандир. 

84. Мусо у (иймон келтирган кишиларга) деди: «Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлсангизлар, Унинг ўзигагина суянинглар - таваккул қилинглар!» 

85. Бас, улар айтдилар: «Аллоҳнинг ўзига таваккул қилдик. Парвардигоро, бизларни бу золим қавмга мафтун - алданувчи қилиб қўйма. 

86. Ва Ўзинг раҳм айлаб бизларни бу кофир қавмдан қутқар». 

87. Биз Мусо ва унинг биродарига: «Қавмларингиз учун Мисрда уйлар тайёрланглар ва бу уйларингизни қибла-намозгоҳ қилиб (у уйларда) намозни тўкис адо қилинглар. (Эй Мусо), иймон келтирган зотларга (тез орада ғалаба қилишлари ҳақида) хушхабар беринг», деб ваҳий юбордик. 

И з о ҳ . Фиръавн ва унинг одамлари Бани Исроил қавмини қўрқитиб, уларнинг ибодатхоналарини вайрон қилиб юборганида, Тангри таоло Ўз пайғамбарлари Мусо ва Ҳорунга юқорида мазкур бўлган фармонни ваҳий қилиб юборган ва уларга яқин орада Фиръавн зулмидан халос бўлиб ғалаба қозонишлари ҳақида хушхабар берган. 

88. Мусо деди: «Парвардигоро, дарҳақиқат, Сен Фиръавн ва унинг одамларига ҳаёти дунёда зеб-зийнат ва мол-дунё ато этдинг. Парвардигоро, улар (мана шу мол-давлатлари билан одамларни) Сенинг йўлингдан оздиришлари учун шундай қилдинг. Парвардигоро, уларнинг мол-дунёларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи аламли азобни кўрмагунларича, иймон келтирмасинлар. 

89. (Аллоҳ) деди; «Дуоларингиз ижобат бўлди. Энди тўғри йўлда собит бўлинглар ва ҳатто ҳаргиз билмайдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!» 

90. Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у дели: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган зот - Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман - Аллоҳга бўйинсунувчилардандирман». 

И з о ҳ . Ривоят қилишларича, Мусо пайғамбар Бани Исроил қавми билан бирга Фиръавннинг зулмидан қутулиш учун Мисрдан чиқиб кетаётганларида, йўлларини тўсиб турган денгиз Аллоҳнинг қудрати билан иккига бўлиниб, ундан ҳаммалари соғ-омон ўтиб оладилар. Уларнинг ортидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг лашкари эса, денгизнинг ўртасига етганларида иккига бўлинган денгиз бирлашиб, барчалари ғарқ бўлиб кетадилар. Шунда бостириб келаётган денгиз тўлқинларини кўриб, ўлими кўзига кўриниб қолган Фиръавн ўзининг ҳеч қандай худо эмас (ҳолбуки, шу пайтгача у ўзини худо деб даъво қилиб келарди), балки ҳамма сингари оддий одам эканлигини бўйнига олиб, ягона Аллоҳдан ўзга бирон илоҳ йўқлигига иймон келтиради ва «мен мусулмонлардан, яъни Аллоҳга сўзсиз итоат қилгувчиларданман», дейди. Лекин қуйидаги оятлардан маълум бўлишича, Аллоҳ унинг иймонини қабул қилмайди, балки бошқа одамлар кўриб, ибрат олсинлар, деб унинг жасади денгиз соҳилига чиқариб ташланади. Бу ояти карималар ислом таълимотидаги «бутун ҳаётини кофирлик-даҳрийлик билан ўтказиб, ниҳоят жони чиқар пайтида Аллоҳга иймон келтирган кимсаларнинг иймони мақбул эмас», деган ақиданинг асосидир. 

91. Энди-ми?! Ахир сен илгари (яъни шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку! 

92. Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят - ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни улардан ибрат олмайдилар). 

93. Шубҳасиз, Биз Бани Исроилни гўзал манзилга жойлаштирдик ва уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик. Сўнг улар то билим (яъни Таврот) келгунича ихтилоф қилмадилар. Албатта, Парвардигорингиз қиёмат кунида талашиб-тортишган нарсалари ҳақида уларнинг ўртасида Ўзи ҳакамлик қилур. 

И з о ҳ . Бани Исроил қавми Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган аввалги даврларида ҳаммалари иттифоқ бўлиб яшадилар. Қачонки, Мусога Таврот нозил бўлгач, уларнинг ораларида ихтилоф пайдо бўлди. Юқоридаги оятда уларнинг ишларини Парвардигорнинг ўзига топшириш буюрилади. 

94. (Эй Муҳаммад), агар Биз сизга нозил этган нарсадан (яъни илгари ўтган қавмлар ҳақида нозил қилган оятларимиздан) шубҳада бўлсангиз, у ҳолда ўзингиздан аввалги Китоб (яъни Таврот ёки Инжилни) ўқийдиган кишилардан сўранг! Аниқки, сизга Парвардигорингиз томонидан Ҳақ - Қуръон келди. Бас, ҳаргиз шубҳа қилгувчилардан бўлманг! 

95. Ва ҳаргиз Аллоҳнинг оятларимни ёлғон дейдиганлардан бўлмангки, у ҳолда зиёнкорлардан бўлиб қолурсиз. 

96-97. Албатта, зиммаларига Парвардигорингизнинг Сўзи (яъни азоби) вожиб бўлган кимсалар, гарчи уларга барча оят-мўъжизалар келса-да, то аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмайдилар. 

98. Қани энди (биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) иймон келтирсалар эди, албатта иймонлари фойда қилган (яъни, ҳалок бўлмаган) бўлар эди. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини кетказдик ва уларни маълум бир вақтгача (яъни ўз ажаллари билан вафот этгунларича) фойдалантирдик. 

И з о ҳ . Юнус пайғамбар ўз қавмини иймон келтириб, Аллоҳнинг динига киришга даъват қилганларида иймон келтиришмагач, уларни бошларига тушажак азоб билан қўрқитиб, ўзлари улар орасидан чиқиб кетадилар. Пайғамбарлари кетганидан кейин Аллоҳнинг азоби яқинлашиб қолганини сезган қавм тавба-тазарру қила бошлайди. Шунда Аллоҳ таоло сидқидилдан қилган тавбаларини қабул қилиб, уларни азобдан халос этади. 

99. Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз? (Яъни бундай қилиш дуруст эмасдир. Чунки киши ўз ихтиёри билан келтирган иймонгина ҳақиқий мақбул иймондир). 

100. Аллоҳнинг изну иродасисиз ҳеч бир жон мўмин бўла олмас. У (Аллоҳ) ақл юргизмайдиган кимсаларни азобга дучор қилур. 

101. (Эй Муҳаммад, Макка мушрикларига) айтинг: «Осмонлар ва ердаги нарсаларни (яъни, ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бор эканлигига далолат қилувчи белгиларни) кузатинглар. (Чунки) иймон келтирмайдиган қавм учун (хеч қандай) оят-мўъжизалар ва қўрқитувлар фойда бермас. 

102. Улар фақат ўзларидан илгари ўтган (кофир) кимсаларнинг кунига ўхшаш (бир кунни, яъни қиёматни, Аллоҳнинг азоби)ни кутмоқдалар, холос. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Кутаверинглар. Мен ҳам сизлар билан бирга кутгувчиларданман». 

103. Сўнгра (яъни қиёмат келиб, азоб нозил бўлгач), пайғамбарларимиз ва иймон келтирган зотларга нажот берурмиз. Шундай қилиб, (охир-оқибатда) иймон келтирган зотларга нажот бериш Бизнинг зиммамиздаги бурч бўлди. 

104. Айтинг: «Эй инсонлар, агар сизлар менинг динимдан шак-шубҳада бўлсангиз, бас (билингизки), мен сизлар Аллоҳни қўйиб сиғинадиган бутларингизга ибодат қилмайман, балки сизларнинг жонингизни оладиган зот - Аллоҳга ибодат қилурман. Ва мен мўминлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман). 

105-106. Ва (менга буюрилганки), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (исломда) тутинг, ҳаргиз мушриклардан бўлманг ва Аллоҳни куйиб, сизга фойдя ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз у ҳолда албатта золимлардандирсиз! 

107. Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағфиратли, меҳрибондир. 

108. Айтинг: «Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ Қуръон келди. Бас, ким ҳидоят йўлига юрса, фақат ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (у ҳидоят йўлидан) озса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман». 

109. (Эй Муҳаммад), ўзингизга ваҳий қилиб юборилаётган нарсага (яъни амру фармонларга) эргашинг ва то Аллоҳ Ўз ҳукмини туширгунича, (даъват йўлидаги машаққатларга ва кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг. У зот ҳукм қилгувчиларнинг энг яхшисидир.







11. Ҳуд сураси 


Бир юз йигирма уч оятдан ташкил топган бу сура Маккада нозил бўлган. Бу сурада ҳам ёлғиз Аллоҳга, у зот юборган пайғамбарларга ва улар келтирган динларнинг ҳақ эканига иймон келтириш, қиёмат кунида қайта тирилиб, бу дунёда қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларига яраша мукофот-жазо олишга ишониш исломий ақиданинг моҳият-ҳақиқати экани борасида сўзланади. Бу сурада Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуъайб, Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг қиссалари анча муфассал ҳикоя қилинадики, бундан мурод биринчидан, барча мўминларга илгари ўтган пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилишлари сабабли ҳалокатга учраган қавмлар ҳақида маълумот бериш бўлса, иккинчидан, яқинда икки азиз кишисидан - амакиси - Абу Толиб ҳамда жуфти ҳалоли Ҳадичадан ажралиб қолган ва мудом Макка мушриклари томонидан озор-азиятларга рўбарў бўлаётган Муҳаммад алайҳиссаломга ўтмишдошларининг ҳаётлари ва уларнинг Ҳаққа даъват қилиш йўлида чеккан машаққатларини баён қилиш билан таскин-тасалли беришдир. 

Бу сура Қуръони Каримнинг айбу нуқсонлардан пок ва назму мағзига ҳеч қачон, ҳеч ким томонидан халал етмайдиган илоҳий Китоб эканини таърифлаш билан бошланиб, Аллоҳ таолонинг бандаларига пайғамбарлар юборишдан кўзлаган ҳикматини баён этиш билан тугалланади. Бу сура Аллоҳ таоло томонидан Од Қавмига юборилган Ҳуд пайғамбар номи билан аталгандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1-2. Алиф, Лом, Ро. (Ушбу Китоб) сизлар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишингиз учун, ҳикмат соҳиби ва (ҳамма нарсадан) хабардор зот - Аллоҳ томонидан оятлари бузилмайдиган мустаҳкам ва муфассал қилинган бир Китобдир. Мен эса сизларга У зот тарафидан юборилган (кофирларни дўзах азобидан) огохлантиргувчи ва (мўминларга жаннат) хушхабарини элтгувчидирман. 

3. (Аллоҳ сизларга амр қилурки), Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар, шунда (У) сизларни маълум муддатгача (ажалларингиз етгунича) чиройли мато (ризқ) билан баҳраманд қилур ва ҳар бир яхшилик соҳибига яхшилик (яъни ажр-мухофот) берур. Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда Мен сизларга Улуғ кун (яъни, қиёмат куни) азоби етишидан қўрқаман. 

4. Аллоҳнинг Ўзига қайтишларингиз бор. У эса ҳамма нарсага қодирдир. 

5. Огоҳ бўлингизким, албатта улар (кофирлар) Ундан сир тутиш учун дилларидаги (адоватлари)ни яширадилар. Огоҳ бўлсинларким, улар кийимларига ўраниб олган чоғларида ҳам (Аллоҳ) уларнинг яширган ва ошкор қилган нарсаларини билур. Дарҳақиқат, У зот дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир. 

6. Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнинг турар жойларини хам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир. 

И з о ҳ . Бу оятдаги очиқ-равшан Китобдан мурод Лавҳул-Маҳфуздир. Лавҳул-Маҳфуз коинотдаги ўтган, ҳозир мавжуд ва келажакда бўладиган барча воқеа, ҳодиса ва нарсалар битилган ўчмас Лавҳ, яъни Аллоҳ таолонинг билимидир. 

7. У (Аллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ иш - амал қилиб яшашингизни синаш учун олти кунда осмонлар ва ерни яратган зотдир. Илгари У зотнинг арши сув устида (яъни, у арш остида сувдан бўлак ҳеч нарса яратилмаган эди). 

И з о ҳ . Ушбу ояти каримадан маълум бўлишича, Аллоҳ таоло, осмону заминни якшанбадан жумагача - олти кунда яратгандир. Истаган нарсасини биргина: «Бўл», деган фармони билан йўқдан бор қилгувчи зотнинг еру кўкни яратишда бу қадар шошмаганининг боиси - коинотдаги энг кичик заррадан тортиб энг катта мавжудотгача ҳамма нарса шунчалар чеварлик билан яратилиб ўз ўрнига қўйилганки, бу тартиб-интизомга четдан бирон куч сунъий йўл билан дахл қилса - аралашса, бутун олам мувозанатига футур етади. Бу ояти карима билан Тангри бизларни ҳар қандай муҳим ишларни қилишда хусусан ўзгаларнинг ҳаёт-мамотларига алоқадор ишларни амалга оширишда шошмасдан, мулоҳазакорлик билан қадам қўйишга даъват этади. 

(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз: «Шак-шубҳасиз, ўлганингиздан кейин қайта тирилурсизлар», десангиз, албатта кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқ сеҳр-жодудан ўзга нарса эмас, дейдилар. 

8. Қасамки, агар уларни азоблашни маълум муддатгача кечиктирсак, албатта улар: «Уни (азобни) нима тўсмоқда?» - деб истеҳзо қиладилар. Огоҳ бўлсинларким, у (азоб) келар кунида улардан қайтиб кетувчи бўлмас ва кулиб-истеҳзо қилиб юрган нарсалари уларни ўраб олур. 

9. Қасамки, агар Биз инсон зотига рахмат-марҳаматимизни тотдириб, сўнгра Ўзимиз уни тортиб олсак, у албатта ноумид ва ношукрлик қилиши шубҳасиздир. 

10. Қасамки, агар унга бирон зиён-заҳмат етганидан кейин Биз ноз-неъматларни тотдириб қўйсак, албатта у: «Барча ёмонликлар мендан нари кетди», (энди ҳеч қачон қайтиб келмайди) дейди. Дарҳақиқат, у мағрур ва мақтанчоқдир. 

11. Магар (балоли кунларда) сабр қилиб, (сафоли кунларда) яхши амаллар қиладиган зотлар борки, ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бўлур. 

12. (Эй Муҳаммад), эҳтимол, сиз (мушриклар): «Унга осмондан хазина - бойлик туширилса ёки у билан бирга (унинг пайғамбар эканлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта келса бўлмасмиди?» деганлари сабабли ўзингизга ваҳий қилинаётган оятларнинг айримларини (уларга етказишни) тарк қиларсиз ва шу сабабли, дилингиз сиқилар? (Йўқ, сиз ўзингизга нозил қилинган оятларни тўла-тўкис ҳолида кишиларга етказаверинг, чунки) фақатгина сиз (кофирларни дўзах азобидан) огохлантиргувчисиз, холос, Аллоҳ, ҳамма нарсанинг устида вакил - бошқариб тургувчидир. 

13. Ёки: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айтинг: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шунга ўхшаш ўнтагина «тўқилган» сура келтирингиз!» 

14. Бас, агар улар (яъни, Аллоҳни қўйиб, сиғинадиган бутларингиз) сизларга жавоб қилмасалар, у ҳолда, билингизки, албатта (бу Қурьон) Аллоҳнинг илми азалийси билан нозил қилингандир ва Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Энди мусулмон бўларсизлар?! 

15. Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. 

16. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир. 

17. Ана энди Парвардигори томонидан аниқ ҳужжатга (яъни, Қуръонга) эга бўлган киши (фақат ҳаёти дунё манфаатларини кўзловчи кимсалар билан баробарми?!) Ҳолбуки, Аллоҳ томонидан бўлган шоҳид (яъни, Жаброил фаришта) унинг (Муҳаммад алайҳис-саломнинг) ҳамроҳидир ва ундан (яъни, аниқ ҳужжат бўлган Қуръондан) илгари (Бани Исроил учун келган) пешво ва (Аллоҳнинг) марҳамати бўлган Мусонинг Китоби (Таврот) бордир. Ана ўша зотлар (яъни, аниқ ҳужжат эгалари) унга (Қуръонга) иймон келтирурлар. Барча гуруҳлар орасидан ким у Қуръонга кофир бўлса, унга ваъда қилинган жой - дўзахдир. Бас (эй Муҳаммад, сиз у ҳақда шак-шубҳага тушманг! Албатта, у Парвардигорингиз томонидан келган Ҳақиқатдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар. 

18. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Ундай кимсалар (қиёмат кунида) Парвардигорларига рўбарў қилинурлар ва барча гувоҳ: "Мана шулар Парвардигор шаънига ёлғон сўзларини сўзлаганлар" дейдилар. Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур. 

19. У золим кимсалар (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсиб, уни (Аллоҳнинг йўлини) бузмоқчи бўладилар. Улар охиратни бутунлай инкор этадилар. 

20. Ундай кимсалар ер юзида (ҳеч қаерга) қочиб қутулолмас ва улар учун Аллоҳдан ўзга дўстлар-ёрдамчилар ҳам бўлмас. Уларга азоб бир неча баробар қилинур. (Гарчи уларга Ҳақни эшитиб, кўришлари учун қулоқ, кўз берилган бўлса-да), эшитгувчи ҳам, кўргувчи ҳам бўлмадилар. 

21. Улар ўзларига зиён қилган кимсалардир. Ўзлари тўқиб олган бутлари эса (бирон фойда бермай) улардан ғойиб бўлди. 

 22. Шак-шубҳа йўқки, улар охиратда янада каттароқ зиён кўргувчилардир. 

23. Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилган ва Парвардигорларига итоат қилиб бўйинсунган зотлар - ана ўшалар, жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолурлар. 

24. Бу икки гуруҳнинг (яъни, кофирлар билан мўминлар гуруҳининг) мисоли, худди кўру кар билан кўргувчи ва эшитгувчининг мисолидир. Шу иккаласи бир-бирига баробар бўлурми?! Ибрат олмайсизларми?! 

25-26. Дарҳақиқат, Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. (У деди): «Албатта, мен сизлар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишингиз учун (келган) холис огохлантиргувчиман. (Агар ёлғиз Аллоҳдан ўзга бировга сиғинсангизлар), сизларнинг устингизга аламли азоб куни (тушиши)дан қўрқаман». 

27. Шунда унинг қавми орасидаги кофир бўлган кимсалар: «Бизлар сени худди ўзимизга ўхшаган одам, деб биламиз ва сенга фақат ичимиздаги пасткаш (ялангоёқ) кимсалар ўйламасдан эргашганини кўрмоқдамиз. Бизнингча, сизларнинг биздан бирон ортиқчалик жойингиз йўқ, балки биз сизларни ёлғончи деб ўйламоқдамиз», дедилар. 

28. У деди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот менга Ўз даргоҳидан раҳмат - пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, аммо бу сизларга махфий бўлса, биз сизларни ўзингиз истамаган ҳолда (иймон келтиришга) мажбур қиламизми?!» (Йўқ, ундай қилмаймиз, чунки фақат ўз ихтиёрларингиз билан келтирган иймонларингизгина мақбулдир). 

29. «Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун мол-дунё сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. Ва мен (сизнинг сўзингизга кириб) иймон келтирган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам. Чунки улар Парвардигорга рўбарў бўлгувчидирлар (бас, агар камбағал бўлганлари учун уларни ҳузуримдан ҳайдасам, албатта, қиёмат кунида Парвардигорга устимдан шикоят қилурлар). Лекин мен сизларнинг нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман». 

И з о ҳ . Нуҳ пайғамбар қавми орасидаги боён-зодагонлар унга: «Агар атрофингдаги ялангоёқларни ҳайдасанг, биз сенга иймон келтирган бўлардик», деганларида, пайғамбар уларга жавобан: «Мен уларни ҳайдамайман, лекин сизлар бу талабингиз билан кишининг улуғ ёки пасткашлигини, унинг бой ёки камбағаллиги билан ўлчайдиган нодон қавм эканлигингизни билдирдингиз», дейди. 

30. «Эй қавмим, агар мен уларни ҳайдасам, ким менга Аллоҳдан (яъни, Аллоҳнинг азобидан) ёрдам-нажот берур? Ўйлаб кўрмайсизларми?!» 

31. «Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», демайман. Ғайбни (кўздан пинҳон нарса ва ҳодисаларни) ҳам билмайман. «Мен фариштаман», ҳам демайман. Шунингдек, сизлар ўзингизча ҳақорат қилаётган кишилар ҳақида: «Аллоҳ уларга ҳеч қандай яхшилик бермайди», деб айтмайман. Уларнинг дилларидаги нарсани (ихлос-иймонни) Аллоҳ жуда яхши билур. Акс ҳолда (яъни, агар улар тўғрисида юқоридаги сўзларни айтадиган бўлсам), мен албатта золимлардан бўлиб қолурман». 

32. Улар (кофирлар) дедилар: «Эй Нуҳ, мана биз билан кўп-баҳсу мужодала қилдинг. Энди агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни, азобни) келтир-чи». 

33. (Нуҳ) деди: «Уни сизларга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи хоҳлаган пайтида келтирур ва сизлар (ўшанда) ҳеч қаёққа қочиб қутула олмассиз». 

34. «Агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни истаса, мен насиҳат қилишга уринганим билан насиҳатим сизларга фойда бермайди. Парвардигорингиз Унинг Ўзидир ва фақат Унинг Ўзига қайтарилурсизлар». 

35. Ёки улар (яъни Қурайш кофирлари): «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммаднинг) ўзи тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар уни мен тўқиб чиқарган бўлсам, гуноҳим ўз бўйнимда. Аммо мен сизларнинг қилаётган жиноятингиз - кофирлигингиздан покман». 

И з о ҳ. Ушбу оятнинг Нуҳ пайғамбар ҳақидаги қисса ўртасида келишига сабаб - Қурайш кофирлари билан Нуҳ қавмидаги кофирларнинг бир тоифа эканлигидан огоҳлантиришдир. 

36-37. Нуҳга ваҳий қилиндики: «Қавмингдан фақат аввалда иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди. Бас, уларнинг (яъни, ҳануз иймон келтирмаган кимсаларнинг) қилмишларидан қайғурмагин ва Бизнинг ҳифзи-ҳимоямизда ва Бизнинг ваҳий таълимимиз билан бир кема ясагин ҳамда золим кимсалар ҳақида (яъни, уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчидирлар». 

38. У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган (кофир) кимсалар ўтсалар, уни масхара қилиб кулдилар. У деди: «Агар (бугун) сизлар биздан кулсангизлар, бас, худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар (нинг устингиз)дан кулурмиз». 

39. «Бас, яқинда кимга шарманда қилгувчи азоб келишини ва кимнинг устига мангу азоб тушишини билиб олажаксиз». 

40. То Бизнинг фармонимиз келиб, ердан фавворалар отилган вақтда, (Нуҳга) дедик: «У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва ахли оилангни чиқаргин. Лекин қайси кимсалар хусусида Бизнинг сўзимиз (яъни, ғарқ бўлиш ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса, (уларни терс қилгин. Булар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Канъон эди). Яна иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» Унга иймон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар. 

41. У деди: «Кемага мининглар! Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳ номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». 

42. Кема уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: «Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, у кофирлар билан бирга қолмагин!» 

43. У (ўғли) деди: «Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб кетажакман», (Нуҳ) айтди: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақлагувчи йўқдир, магар Ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)». (Шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилинувчилардан бўлиб қолди. 

44. (Сўнгра): «Эй ер, сувингни ютгил, эй само, ўзингни тутгин (яъни, «ёғишни бас қил»), дейилди. Сув қуриди, фармон бажарилди ва (кема) Жудий тоғи узра тўхтади ҳамда: «Золим қавмга халокат бўлғай», дейилди. 

45. Нуҳ Парвардигорига нидо қилиб, деди: «Парвардигорим, албатта, ўғлим менинг аҳли оиламдандир ва шубҳасиз, Сенинг (аҳли оиламга нажот бериш хусусидаги) ваъданг ҳақ ваъдадир. Сен энг адолатли ҳукм қилгувчисан». 

46. (Аллоҳ) айтди: «Эй Нуҳ, у сенинг ахлингдан эмас! Албатта у(нинг қилган амали куфр йўлини тутгани) ёмон амалдир. Бас, ўзинг яхши билмаган нарса ҳақида асло Мендан сўрамагин! Албатта, Мен сенга жоҳил-нодонлардан бўлмасликни буюраман». 

47. У (Нуҳ) деди: «Парвардигорим, мен Сендан ўзим билмаган нарсани сўрашдан паноҳ тилайман! Энди агар мени мағфират қилиб, Ўз раҳматингга олмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурман». 

48. (Шунда) айтилди: «Эй Нуҳ, Бизнинг тинч, саломат сақлашимиз билан ва ўзингга ҳамда сен билан бирга бўлган кишиларнинг зурриётларига бўладиган баракотлар билан (кемадан ерга) тушгин. (Яъни, сен ва сенга иймон келтирган кишиларга Биз томондан тинчлик-омонлик ва файзу баракотлар етар.) Яна бошқа (яъни, кофир) жамоалар ҳам келурки, Биз уларни ҳам озгина фойдалантирурмиз, сўнгра эса уларни Биз томондан бўлган аламли азоб тутар». 

49. (Эй Муҳаммад), булар Биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. Илгари буларни на сиз ва на қавмингиз билар эдингиз. Бас (ҳақ динга даъват қилишда кофирларнинг етказаётган озорларига) сабр қилинг. Албатта, оқибат - натижа Аллоҳдан қўрқувчи кишиларникидир. 

50. Од қабиласига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизлар (хилма-хил бутларни) фақат ўзларингиз тўқиб олурсизлар, холос (улар хеч қандай илоҳ эмасдирлар)». 

51. «Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат мени яратган зот зиммасидадир. Ахир ақл юргизмайсизларми?!» 

52. «Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарру қилингиз, шунда У зот устингизга осмондан ёмғир қуйдирар ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшар. Жинояткор-гуноҳкор бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетмангиз!» 

И з о ҳ. Ривоятларга қараганда, Од қавми ерларига уч йил ёмғир ёғмай қурғоқчилик бўлиб, уларнинг қирилиб кетишларига оз қолган эди. Фақат жисмонан кучли қавм бўлганлари сабаблигина зўр-базўр кун кечирар эканлар, Бунинг устига, улар бепуштлик дардига дучор бўлган эдилар. Юқоридаги оят уларга: «Агар Парвардигорга тавба-тазарру қилсангизлар, осмондан тўхтаб қолган ёмғирни қуйдириб, ерларингизни серсув, унумдор қилур ҳамда куч-қувватларингизни янада зиёда этиб, авлодларингизга янги-янги авлодлар қўшур», деб уқтиради. 

53. Улар дедилар: «Эй Ҳуд, сен бизга (ўзингнинг пайғамбар эканлигингаи тасдиқлайдиган) бирон ҳужжат келтирмадинг. Бизлар сенинг қуруқ гапинг билан ўз худоларимизни тарк қилгувчи эмасмиз. Ва бизлар сенга иймон келтиргувчилар эмасмиз». 

54-55. «Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири, бир бало (яъни, мажнун) қилиб қўйган», деймиз, холос». У (Ҳуд) айтди: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, (Унга сохта-ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб, ҳеч таъхир қилмай-кечиктирмай менга қарши билган ҳийлангизни қилаверинглар». 

56. «Мен фақат менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигоримиз бўлган Аллоҳга суяндим. Ўрмалаган нарса борки, барчаси У зотнинг қўл остидадир. Парвардигорим, шак-шубҳасиз, Тўғри йўлдадир». 

57. «Энди агар (менинг даъватимдан) юз ўгирсангизлар, бас, мен сизларга элчи қилиб юборилган динни етказдим. Парвардигорим (сизларни ҳалок қилиб), ўрнингизга бошқа қавмни келтирур ва сизлар (ўз куфрингиз билан) У зотга бирон зиён етказа олмассиз. Албатта, Парвардигорим ҳамма нарсани кузатиб тургувчидир». 

58. Қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида, Ҳуд ва у билан бирга иймон келтирган кишиларни Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан қутқардик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик. 

59. Парвардигорларининг оятларини инкор қилган, Унинг пайғамбарларига исён килган ва барча қайсар, золимлар амру-фармонларига бўйинсунган ана ўшалардир. 

60. Уларга бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат айтилур. Огоҳ бўлингизким, албатта Од қабиласи Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Ҳуднинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради. 

61. Самуд қабиласига ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. У сизларни ердан пайдо қилиб, унга жойлаштирди. Бас, Ундан мағфират сўранглар ва Унга тавба-тазарру қилинглар. Албатта, Парвардигорим яқин ва (дуоларни) ижобат қилгувчидир». 

62. Улар дедилар: «Эй Солиҳ, сен илгари бизнинг орамиздаги умидли киши эдинг-ку. Энди бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларга ибодат қилишимиздан қайтарурмисан?! Албатта, бизлар сенинг даъват қилаётган динингдан шак-шубҳадамиз». 

63. У айтди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва менга Ўзининг раҳмати - пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, (шундан кейин) мен У зотга исён қилсам, у ҳолда Аллоҳдан (яъни, унинг азобидан) мени ким қутқарур?! Бас, сизлар (мени исёнга чорлашингиз билан) зиёндан ўзга нарса келтирмайсизлар!» 

64. «Эй қавмим, мана бу Аллоҳ (юборган) туя сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказманглар, акс ҳолда сизларни яқин азоб ушлар». 

И з о ҳ. Солиҳ пайғамбарнинг қавмлари у зотдан ҳақ пайғамбар эканликларини тасдиқлайдиган бирон мўъжиза кўрсатишни талаб қилганларида, пайғамбар уларнинг кўз ўнгларида бир харсанг тошни тирик туяга айлантириб қўядилар ва уни сўймай-ўлдирмай ўз ҳолига ташлаб қўйишларини буюрадилар. Акс ҳолда, бошларига бало келиши ҳақида огоҳлантирадилар. 

65. Улар эса туяни сўйиб юбордилар. Шунда (Солиҳ) айтди: «Уй-жойларингизда уч кун (тириклик неъматидан) баҳраманд бўлингиз. Мана шу чин ваъдадир». 

66. Энди қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, биз юборган бало) келганида, Солиҳ ва У билан бирга иймон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан (у азобдан) ва ўша кундаги шармандалиқдан нажот бердик. Албатта, Парвардигорингиз ҳақиқий куч-қудрат эгасидир. 

67-68. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё у ерда ҳеч қачон яшамагандек, турган жойларида тўкилдилар. Огоҳ бўлингизким, албатта Самуд (қабиласи) Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Самуд (қабиласи) ҳалокатга учради. 

69. Дарҳақиқат Бизнинг элчиларимиз - фаришталар Иброхимга (Исҳоқ исмли фарзанд кўриши ҳақида) хушхабар билан келиб, салом бердилар. У ҳам: «Салом», деди-да, қараб турмай бир бузоқни қовуриб келтирди. 

70. Энди қачонки у овқатга қўл чўзмаганларини кўргач, улардан шубҳаланди ва улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин. Бизлар (фаришталармиз таом емаймиз), Лут қавмига (уларни ҳалок қилиш учун) юборилганмиз», дедилар. 

71. (Парда ортида Иброҳимнинг) хотини турган эди. У (фаришталарнинг Лут қавмини ҳалок қилиш учун келганликларини эшитиб) кулди - хурсанд бўлди. Шунда Биз (фаришталаримиз воситасида) у аёлга Исҳоқ (исмли ўғил кўриши) ҳақида ва Исҳоқдан кейин Яъқуб (исмли набира кўриши) ҳақида хабар бердик. 

72. У деди: «Вой ўлмасам, ўзим кампир, эрим қари чол бўлса ҳам туғавераманми? Бу жуда қизиқ иш-ку!» 

73. Улар айтдилар: «Аллоҳнинг амридан ажабланяпсанми? Эй хонадон эгалари, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва барокоти бўлгай. Албатта, У ҳамду сано эгаси ва буюк зотдир». 

74-75. Энди қачонки Иброҳимдан қўрқув кетиб, унга хушхабар етгач, Биз (яъни, фаришталаримиз) билан Лут қавми (уларни ҳалок қилишга шошмаслик) ҳақида баҳслаша бошлади. Зотан, Иброҳим ҳалийм, кўнгилчан ва ибодатли кишидир. 

И з о ҳ . Муфассирларнинг ёзишича, Иброҳим алайҳис-салом фаришталардан Лут қавмининг ҳалок қилиниши ҳақида эшитганида, уларга: «Агар у жойда кофирлар орасида элликта мусулмон ҳам бўлса, барибир ҳалок қилаверасизларми?» - деган экан. Улар: «Йўқ»,- деб жавоб қилишгач, «Агар қирқта мусулмон бўлса-чи?» - деб сўрайди, Улар: «Йўқ, ҳалок қилмаймиз»,- дейишади. Ниҳоят, Иброҳим: «Агар у жойда битта мусулмон бўлса-чи?» - деганида, улар яна: «Йўқ, у кофирлар орасида битта мусулмон бўлса ҳам, уларни ҳалок этмаймиз», деб жавоб беришгач, Иброҳим: «Ахир у ерда Лут бор-ку?» - дейди. Шунда фаришталар Лут ва унга иймон келтирган кишиларга Аллоҳ таоло нажот беришини айтадилар. 

76. (Фаришталар айтдилар): «Эй Иброҳим, бу баҳсни қўй. Чунки Парвардигорингнинг фармони келиб бўлган. Албатта, уларга қайтариб бўлмас азоб келгувчидир». 

77. Қачонки элчиларимиз Лутнинг оддига келганларида, у бундан ёмон ҳолга тушди ва уларнинг келишларидан юраги сиқилиб, деди: «Бу кун оғир кундир». 

И з о ҳ . Фаришталар келишидан Лутнинг сиқилишига сабаб, улар ёш ва хушрўй йигитлар суратида келишган эди. Лут қавмидаги кофир кимсалар эса баччабозлик дардига мубтало эдилар. Шунинг учун Лут пайғамбар улар бу йигитларнинг келганини пайқаб қолишиб, бемаънилик қилишларидан хавотирланиб, юқоридаги сўзларни айтди. 

78. (Дарҳақиҳат, Лут пайғамбарнинг ҳузурига йигитлар келганини эшитишгач) қавми унинг олдига чопиб келишди, илгаридан ёмон ишлар - баччабозлик қилар эдилар. У айтди: «Эй, қавмим, анави қизларим (яъни, шаҳримиздаги қизлар) сизлар учун покроқ-ку (яъни, ўшаларга уйланаверсангизлар бўлмайдими)?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар. Орангизда бирон тўғри йўлга юргувчи киши йўқми?!» 

79. Улар дедилар: «Сен қизларингга муҳтож эмаслигимизни аниқ биласан. Шунингдек, биз нимани исташимизни ҳам жуда яхши биласан». 

80. (Лут) деди: «Қани эди, сизларга кучим етса ёки кучли бир суянчиғим бўлса». 

81. (Шунда фаришталар) айтдилар: «Эй Лут, биз Парвардигорингнинг элчиларимиз. Улар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, сен кечанинг (қолган) қисмида аҳли оилангни олиб чиқиб кетгин ва сизларнинг ичингиздан хотинингдан бошқа ҳеч ким атрофга алангламасин! Зотан, унга (хотинингга) ҳам уларга етган бало етгувчидир. Уларга ваъда қилинган вақт субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!» 

И з о ҳ. Лут ва ҳамроҳларига чиқиб кетаётганларида атрофга алангламаслик буюрилишининг сабаби улар қолганларнинг бошига келган бало-офатни кўриб қийналмасликлари учундир. Лутнинг хотини эса ўша кофирлар гуруҳидан эди. Шу боисдан, эри билан қишлоқдан чиқиб кетар экан, атрофга аланглаб, қолаётган дўстларининг бошларига тушаётган балони кўрганча, «Эй қавмим-а!» дейиши билан бир тош келиб тегиб, ўша кетаётган жойида тил тортмай ўлади. Лут алайҳис-салом ўз қавмининг куфридан шу қадар ғазабланган эдики, уларнинг дарҳол ҳалок бўлишларини истаган ва субҳгача ҳаёт бўлишларини ҳам узоқ деб билган эди. Шу сабабдан фаришталар унга: «Субҳ яқин эмасми?» деб хитоб қиладилар. 

82-83. Энди қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганида, у жойларни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. (Эй Муҳаммад), у жойлар бу золимлардан (яъни Макка мушрикларидан) йироқ эмасдир, (яъни, ўша кофирларнинг оқибати нима бўлганини кўриб ибрат олсалар бўлмайдими?!) 

И з о ҳ . «Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошлар»нинг маъноси ҳар бир тошга у кимга бориб тегиши ёзиб қўйилганидир. 

84. Мадян қавмига ўз биродарлари Шуъайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Ва ўлчов ва тарозидан уриб колманглар. Мен сизларнинг яхшиликда (яъни тўкин-сочинликда) эканлигингизни кўриб турибман. Ва мен (агар иймон келтирмасангизлар) сизларнинг устингизга ўраб олувчи Кун - қиёматнинг азоби тушишидан қўрқаман». 

85. «Эй қавмим, ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Одамларнинг нарсаларини уриб қолмангиз ва ерда бузғунчилик билан санқиб юрмангиз!» 

86. «Агар мўмин бўлсангизлар (ҳаром-ҳариш йўллар билан бой-бадавлат бўлгандан кўра) Аллоҳ қолдирган (ҳалол) нарса сизлар учун яхшироқдир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман». 

87. Улар (масхара қилиб) дедилар: «Эй Шуъайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини ёки ўз мол-мулкимизни ўзимиз хоҳлагандек тасарруф қилмаслигимиз кераклигини сенга ўқиётган намозинг буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан ва ҳалийм ва рашид (тўғри йўлни топиб олган) кишисан-да!» 

88. У айтди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот мени Ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса (шу ҳалол ризқни ҳаромга аралаштиришим керак-ми?!) Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани (яъни, ҳалол-ҳаромга аралаштиришни) ўзим қилишни истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман». 

89. «Эй қавмим, тағин менга бўйинсунмаслигингиз сизларга ҳам Нуҳ қавмига ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига етган балолар етишига сабаб бўлмасин. Лут қавми ҳам сизлардан йироқ эмасдир». 

90. «Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарру қилингиз! Албатта, Парвардигорим (тавба қилгувчиларга) марҳамат қилгувчи ва (уларни) дўст тутгувчидир». 

91. Улар дедилар: «Эй Шуъайб, сен айтаётган нарсаларнинг кўпини англаб етмаётирмиз ва орамизда ожиз бир кимса эканингни кўриб турибмиз. Агар қавму қариндошларинг бўлмаганида, албатта сени тошбўрон қилган бўлур эдик. Сен бизлар учун азиз - мўътабар киши эмассан». 

92. У айтди: «Эй қавмим, менинг қавму қариндошларим сизлар учун Аллоҳдан ҳам азизроқмики, У зотга орқа ўгириб олдингиз? (Яъни сизлар менинг қавму қариндошимни эмас, балки Аллоҳни ҳурмат қилишингиз лозим эмасми?) Шубҳасиз, Парвардигорим қилаётган амалларингизни билиб - иҳота қилиб тургувчидир». 

93. «Эй қавмим, ўзингиз билган ишни қилаверинг, мен ҳам (ўз ишимни) қилгувчиман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини билиб олурсиз. Кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиман». 

94-95. Қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганида, Шуъайбга ва у билан бирга иймон келтирган кишиларга ўз раҳматимиз билан нажот бердик. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тушиб, гўё ҳеч қачон (дунёда) яшамагандек, ўз диёрларида тўкилиб қолдилир. Огоҳ бўлингизким, худди Самуд қабиласи ҳалокатга учрагани каби Мадян қавми ҳам ҳалокатга учради. 

96-97. Дарҳақиқат, Мусони ўз оят-мўъжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига (пайғамбар қилиб) юборганимизда, улар Фиръавннинг амрига бўйинсундилар. Ҳолбуки, Фиръавннинг амри тўғри эмасдир. 

98. У (Фиръавн) қиёмат кунида ўз қавмини бошлаб бориб дўзахга туширур. У тушиладиган энг ёмон жойдир! 

99. Уларга бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат айтилур, у (жазо) бериладиган энг ёмон «ёрдам»дир. 

100. (Эй Муҳаммад), мана шу Биз сизга сўйлаб бераётган шаҳарларнинг хабарларидандир. Улардан ҳали-ҳануз обод-соғ турганлари ҳам бор, ўрилиб битган ҳалок бўлиб (йўқолиб кетганлари) ҳам бордир. 

101. Уларга Биз зулм қилмадик, балки ўзларига ўзлари зулм қилдилар, бас, қачонки, Парвардигорингизнинг фармони (яъни азоби) келганида, Аллоҳни қўйиб, илтижо қиладиган бутлари уларни ҳеч нарсадан беҳожат қилмади ва уларга зиёндан ўзга бирон нарса келтирмади. 

102. Парвардигорингиз (ахли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир. 

103. Албатта бу қиссаларда охират азобидан қўрққан кишилар учун оят-ибратлар бордир. У Кун барча одамлар тўпланадиган ва ҳозир бўлинадиган Кундир. 

104. Биз уни фақат саноқли муддатгача таъхир қилиб, кечиктириб турамиз, холос. 

105. У Кун келганида, бирон жон гапирмас, магар Унинг (Аллоҳнинг) изни билангина гапирур. Бас, у (Кунга ҳозир бўлганлар) орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам. 

106. Бас, энди бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда оҳу фарёд қилар. 

107. Улар унда осмонлар ва ер тургунча қолурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган ҳукмини қилур). Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилгувчи зотдир! 

И з о ҳ . Исломий ақидага кўра, Аллоҳ таоло икки олам подшоҳи бўлгани учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам барча ишлар фақат Унинг истак-хоҳишига мавқуфдир. Бинобарин, мўминлар «биз жаннатимиз» деб ўзларидан кетмасликлари, гуноҳкорлар эса «бизнинг дўзахга тушишимиз аниқ», деб ноумидликка берилмай, ўзларини ўнглаб ҳақ йўлга интилишлари лозимдир. 

108. Энди бахтиёр зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва ер тургунча турурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган ҳукмини қилур). Бу (яъни жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас инъомидир. 

109. Бас, сиз, (эй Муҳаммад), ана улар (яъни мушриклар) ибодат қилаётган нарсадан шак-шубҳада бўлманг (яъни уларнинг ноҳақ йўлда эканликлари аниқдир). Улар ҳам худди ота-боболари каби ибодат қилмоқдалар (бутга сиғинмоқдалар), холос (уларни ҳам ота-боболарини ҳалок қилганимиз каби ҳалок қилурмиз). Албатта, Биз уларнинг насибаларини (яъни жазоларин) тўла қилиб берурмиз. 

110. Дарҳақиқат, Биз Мусога Китоб (яъни Таврот) берганимизда, у ҳақда ихтилоф қилинган эди (яъни, айрим кишилар унга иймон келтирган бўлсалар, айримлар уни инкор қилдилар). Агар Парвардигорингиз томонидан (барча ҳисоб-китоб қиёмат кунида бўлади, деган) Сўз ўтмаганида, уларнинг ўртасида (шу дунёдаёқ ким ҳақ, ким ноҳақ эканлиги ҳақида) ҳукм чиқарилган бўлур эди. Албатта, улар (яъни Макка мушриклари) у ҳақда (яъни Қуръон хусусида) шак-шубҳа остидадирлар. 

111. Қасамки, албатта барча халойиққа қилган амалларининг жазосини Парвардигорингиз комил қилиб берур. Албатта, У зот уларнинг қилаётган амалларидан хабардор - огоҳдир. 

112. Бас (эй Муҳаммад), сиз ва сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри йўлда бўлингиз! Туғёнга тушмангиз! Албатта, У зот қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир. 

И з о ҳ . Ривоят қилинишича, Қуръон оятларидан бирон оят Муҳаммад алайҳис-саломга юқоридаги оятчалик қийин - оғир кўринмаган экан. Зеро, у киши пайғамбар бўлганлари учун ҳам Тўғри йўлда Аллоҳ буюрганича яшаб ўтиш нақадар қийин эканлигини ҳаммадан яхшироқ англар эдилар. Шунинг учун ҳам у зот мана шу оят нозил бўлганида «Шайябатний Ҳуд» - яъни, «Ҳуд мени қаритди», деган эканлар. 

113. Зулм йўлини тутган кимсаларга берилиб кетманглар (эргашманглар). Акс ҳолда сизларга дўзах ўти етар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст йўқдир. Кейин (яъни золимларга эргашсангиз) сизларга ёрдам берилмас. 

114. Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида намозни тўкис адо қилинг! Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур. Бу қулоқ тутгувчилар учун эслатмадир. 

115. (Эй Муҳаммад, машаққат ва озорларга) сабр қилинг! Зотан, Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларнинг ажр-мукофотларини зое этмас. 

116. Бас, сизлардан аввалги асрларда ўтганлар орасида ҳам ерда бузғунчиликдан қайтарадиган боқий (дин) эгалари бўлганларида эди. Уларнинг ичларида фақат Биз нажот берган камдан-кам кишиларгина (шундай зотлар эдилар). Золим кимсалар эса ўз маишатларига берилиб кетдилар ва жиноятчи бўлиб қолдилар. 

117. Парвардигорингиз у шаҳарларнинг Ўзларини тузатиб (ҳақ йўлга юрган) аҳолисини зулм билан ҳалок қилган эмасдир. 

118-119. Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У Зот бундай қилишни истамади. Шунинг учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар, магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (ҳақ йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар). Уларни шунинг учун (яъни бировлари ҳақ йўлда хидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-тортишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг "Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва кофир одамларнинг барчаси билан тўлдирурмен", деган Сўзи тўла ҳақ бўлди. 

120. (Эй Муҳаммад), сизга пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкам қиладиган қиссаларни сўйлаб берурмиз ва бу қиссаларда сизга ҳақиқат ва панд-насиҳат ҳамда барча мўминлар учун эслатмалар келди. 

121-122. Иймон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: «Ўзларингиз билган амалларингизни қилаверингиз, биз ҳам ўз амалимизни қилгувчимиз. Ҳамда (қилаётган ишларингизнинг оқибатини) кутаверингиз, биз ҳам кутувчилармиз. 

123. Осмонлар ва ер фақат Аллоҳникидир ва барча ишлар Унинг Ўзига қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг! Парвардигорингиз қилаётган амалларингиздан ғофил - бехабар эмасдир.






12. Юсуф сураси 


Бир юз йигирма уч оятдан иборат бу сура Маккада нозил бўлган ва пайғамбарлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи суралардан биридир. Унда асосан Аллоҳнинг пайғамбарларидан Юсуф ибн Яъқубнинг ҳаёти зикр қилиниб, у зотнинг бошига тушган балолар, оға-инилари ва бегоналардан кўрган кулфатлари - чоҳга ташланганлари, туҳматга йўлиққанлари, зиндонбанд бўлганлари... ҳақида ва бундай оғир кўргиликларга сабр-тоқат қилишлари натижасида охир-оқибат зиндон азобидан халос қилиниб, бутун Миср заминининг мулку хазинасига эга бўлганлари хусусида сўз боради. 

Бу сура Ҳуд сурасидан кейин - Муҳаммад алайҳис-салом ҳаётларининг энг қора кунларида - яқинлари Ҳадича ва Абу Толибдан ажраган, мушриклар томонидан озор-азиятлар чекиб қийналиб юрган кезларида нозил бўлгандир. Гўё Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли пайғамбарига ва қолаверса, у зотнинг барча умматларига агар бошларига тушган балою кулфатларга ва диёнатсиз кимсаларнинг зулму зўравонликларига сабр-қаноат қилиб ўзларининг Ҳақ йўлидаги курашларидан толмай, Аллоҳнинг динидан қолмай собитқадам бўлсалар, Парвардигори олам уларни зулматлардан ва тору тангликдан халос қилиб, нурли, бахт-саодатли кунларга етказажагини уқтираётгандек. Бу суранинг назму услубида ўзгача латофат, айрича жозиба мавжудки, ислом оламидаги энг буюк қалам аҳллари ундан мутаассир бўлиб, шеъру достонлар битганлар, уламолар эса, бу сура хусусида жилд-жилд китоблар тасниф этганлар. Шундай асарлардан бирида «Юсуф сураси жаннат аҳллари жаннатда ҳам роҳат билан тиловат қилиб юрадиган суралардандир», дейилган бўлса, яна бирида: «Ҳар кандай ғам-ташвишга ботган маҳзун киши Юсуф сурасини эшитиши билан ором-осойиш топур», дейилади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир. 

2. Дарҳақиқат, Биз уни (бу оятларни) ақлларингизни юргизишингиз учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик. 

3. (Эй Муҳаммад), Биз сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилиш билан қиссаларнинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз. Ҳолбуки (Қуръон нозил бўлиши)дан илгари, сиз (бу қиссадан) бехабар кишилардан (бири) эдингиз! 

4. Эсланг, Юсуф отасига деган эди: «Эй ота, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда қилишаётган эмиш». 

И з о ҳ. Бу тушни кўрганда Юсуф ўн икки ёшда эди. Тушдаги қуёш билан ой унинг ота-онаси, ўн бир юлдуз эса оға-инилари эди. Дарвоқе, унинг ота бир, она бошқа ўн оғаси ва ота ҳам она ҳам бир Бинямин исмли бир оғаси бўлган. Юсуфнинг бу кўрган туши ўнгга айланишига ҳали қирқ сана бор эди. 

5. У (отаси) деди: «Эй ўғилчам, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз айта кўрма, токи улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар.Чунки шайтон инсон учун очиқ душмандир». 

6. Шунингдек, (яъни, сенга шундай улуғ туш кўришни насиб этган каби) Парвардигоринг сени (пайғамбарлик учун) танлар ва сенга барча тушларнинг таъбирини билдирур ҳамда худди илгари аждодларинг Иброҳим ва Исҳоққа комил қилиб бергани каби, сенга ва Яъқубнинг (бошқа) фарзандларига ҳам, Ўзининг (пайғамбарлик) неъматини комил қилиб берур. Албатта, Парвардигоринг илм ва ҳикмат соҳибидир. 

7. Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-инилари (ҳақидаги қисса)да сўрагувчилар учун оят-ибратлар бордир. 

8. Ўшанда улар (Юсуфнинг ўгай оғалари) айтган эдилар: «Гарчи биз кўпчилик бўлсак-да, шак-шубҳасиз, Юсуф ва унинг биродари (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дарҳақиқат отамиз очиқ залолатдадир. 

9. Юсуфни ўлдиринглар, ёки бирон ерга олиб бориб ташланглар, (шундагина) оталарингиз фақат сизларга боқар. Кейин эса (тавба-тазарру қилиб) яхши қавм бўлиб олурсизлар». 

10. (Шунда) улардан бир сўзлагувчи деди: «Юсуфни ўлдирманглар, балки агар (ундан қутулиш учун) бирон иш қилмоқчи бўлсангизлар, уни қудуқ қаърига ташлаб юборинглар, йўловчи карвонлар олиб кетсин». 

11. (Улар шундай қарорга келганларидан сўнг, Яъқуб алайҳис-саломнинг олдига келиб) дедилар: «Эй ота, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир биз уни, шак-шубҳасиз, холис яхши кўрувчилармиз-ку. 

12. Уни эртага биз билан айланишга юборгин, ўйнаб-ёзилиб келсин. Албатта, биз уни қўриқлаб-муҳофаза қилгувчилардирмиз». 

13. (Яъқуб) деди: «Уни олиб кетишларингиз мени маҳзун қилур. Мен, сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқурман». 

И з о ҳ. Нақл қилишларича, Яъқуб пайғамбар Юсуфга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ундан бирон лаҳза бўлсин, ажралишга тоқат қила олмас эдилар. Юқоридаги оятда мазкур бўлган сўзлари билан у зот, бир томондан, ўғилларига узр айтган бўлсалар, иккинчи томондан ўзлари сезмаган ҳолда, уларнинг шум ниятларига баҳона топиб бердиларки, бу ҳақда кейинги оятларда зикр қилинади. 

14. Улар дедилар: «Касамки, агар биз бутун бир жамоат бўлган холимизда (ғафлатда қолиб) уни бўри еб кетса, демак, биз, шак-шубҳасиз, зиён кўргувчи - ҳалок бўлгувчилардирмиз». 

15. Бас, качонки уни олиб кетишиб, сўнгра қудуқ қаърига ташлашга қасд қилган вақтларида, Биз унга (Юсуфга): «Сен албатта (вақти келиб) оға-иниларингга бу қилмишлари ҳақида хабар берурсан. Улар (ўшанда, сен Юсуф эканингни) сезмайдилар ҳам», деб ваҳий қилдик. 

16-17. Улар кечқурун оталари олдига йиғлаган ҳолларида келишиб: «Эй ота, бизлар Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди. Энди рост гапирсак ҳам сен бизларга асло ишонмайсан», дедилар. 

18. Ва унинг (Юсуфнинг) кўйлагини ёлғон қонга (яъни бир қўйни сўйишиб ўшанинг қонига) бўяб келтирдилар. (Шунда Яъқуб) айтди: «Йўқ! Сизларга ҳавойи-нафсларинг бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса (айрилиқ-мусибат) устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир». 

И з о ҳ. Юқоридаги оятда иймоннинг асосий рукнларидан бири бўлмиш «чиройли сабр қилмоқ» ибораси мазкур бўлди. Одамзод шундай яратилганки, бошига келган бало-мусибатдан йиғлаб-сиқтаб бесабрлик қилади. Лекин ҳар қандай одам ҳам аста-секин келган кўргуликка кўникиб, энди сабр қилиш лозимлигини англаб етади. Аллоҳга ва барча яхши-ёмон ишлар ёлғиз Унинг амри билан бўлишига сидқидилдан иймон келтирган кишилар эса мусибат тушган биринчи лаҳзаданоқ дод-войсиз «чиройли сабр» қила олар эканлар. Бу хусусида ўзининг еру кўкка ишонмайдиган фарзанд-дилбандидан ажралиб қолгани ҳақидаги хабарни эшитган заҳоти «чиройли сабр» қилишга рози бўлган Яъқуб алайҳис-салом то қиёмат иймон-эътиқод эгалари учун ибратдир. Сабр нима эканлиги ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом эса шундай марҳамат қилганлар: «Балонинг биринчи зарбаси пайтидаги сабргина чин сабрдир». 

19. (Юсуф қудуққа ташланганининг учинчи куни, у очликдан азобланиб ётганида) бир карвон келиб, ўзларининг сув изловчиларини (сув келтиргани) юборганларида, у челакни (қудуққа) ташлаган эди, (сувнинг ўрнига челакка осилиб Юсуф чиқди. Шунда у): «Суюнчи беринглар, бу бола-ку!» деб юборди. Сўнг уни сотиладиган нарсалари қатори яшириб қўйдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини билиб тургувчидир. 

20. (Кейин, карвон Мисрга етиб келгач), уни арзон баҳода - бир неча тангага сотиб (Чунки) улар (Юсуфга) қизиқмаган эдилар. 

И з о ҳ. Карвоннинг Юсуфни арзон баҳода сотиб юборганига яна бир сабаб, унинг эгаси чиқиб қолишидан қўрқишгани эди. Аммо Юсуф бир балодан - чоҳдан қутулиб, иккинчи балога - тутқунлик, қулликка тутилди. 

21. Уни Мисрдан сотиб олган (Миср шаҳрининг ҳокими - Қитфийр деган) киши хотини (Зулайҳо)га: «Уни яхшилаб жойлаштирган. Шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса ёки ўзимизга бола қилиб олармиз». деди. Мана шундай қилиб (яъни ўлимдан, чоҳдан қутқариб ва Миср ҳокимининг кўнглини мойил қилиш билан) Юсуфни - унга барча тушларнинг таъбирини билдириш учун,- ўша ерга (Миср ҳокимининг уйига) жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хохлаган ишни қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди), лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар. 

22. Қачонки (Юсуф) вояга етгач, унга ҳикмат ва билим бердик. Биз чиройли амал қилгувчи зотларни мана шундай мукофотлаймиз. 

23. У (Юсуф) уйида бўлган аёл (яъни, Зулайҳо, унинг ҳусну малоҳатига ошиқи беқарор бўлиб) уни йўлдан урмоқчи бўлди. Эшикларни маҳкам беркитиб «келақолгин», деганида, (Юсуф) айтди: «Аллоҳ сақласин. Ахир у (яъни, эринг) менга яхши жойлар берган ҳожам-ку! Албатта, золим кимсалар (яъни, зинокорлар) асло нажот топмаслар». 

24. Ҳақиқатан, (Зулайҳо) унга (яъни, Юсуфнинг висолига) интилди. Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатини кўрмаганида, (Юсуф) ҳам унга (Зулайҳога) мойил бўлар эди. Ундан (Юсуфдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик (яъни уни Ўз ҳифзу ҳимоятимизда асрадик). Зеро, у покиза бандаларимиздандир. 

25. (Иккаласи ҳам) эшик томонга чопишди ва (Зулайҳо Юсуфга етиб олиб) унинг кўйлагини орқа томондан йиртиб юборди. Эшик олдида эса (Зулайҳонинг) ҳожаси - эрига йўлиқиб қолишди. (Шунда Зулайҳо эрига қараб): «Сенинг оилангта ёмонлик қилмоқчи бўлган кимсанинг жазоси ё зиндон, ёки аламли азобдир», деди. 

26. (Юсуф) айтди: «Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди». (Шу пайт Зулайҳонинг) уруғларидан бири гувоҳлик бериб (деди): «Агар унинг кўйлаги олд томондан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайҳонинг) гапи ростдир ва (Юсуф) ёлғончилардандир. 

27. Агар кўйлаги орқа томондан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайҳо) нинг гапи ёлғондир ва (Юсуф) ростгўйлардан бўлур». 

И з о ҳ. Ривоят қилишларича, мазкур гувоҳлик берувчи Зулайҳонинг амакиваччаси бўлиб, бешикдаги чақалоқ эди. Не тонгки, Тангри таоло Ўзининг маъсум пайғамбари Юсуфни маъсум бир гўдак тили билан оқлайди. 

28. Энди қачонки (Зулайҳонинг эри Юсуфнинг) кўйлаги орқа томонидан йиртилганини кўргач: «(Эй аёллар-а), албатта бу (иш) сизларнинг макр-ҳийлаларингиздандир. Дарҳақиқат, сизларнинг макрларингиз жуда зўрдир». 

29. «Юсуф, сен бу (ишни) унутгин, сен эса (эй Зулайҳо), қилган гуноҳингга истиғфор айт - тавба қил. Чунки сен адашган кимсалардан бўлдинг», деди. 

И з о ҳ. Юқоридаги оятда кофир жамиятдаги ҳоким табақанинг қанчалик нопок усти ялтироқ, мағзу-моҳияти эса чирик бўлиши икки оғиз сўзда илоҳий қалам билан чизиб берилган: «Юсуф, сен бу ишни унутгин». Эр оиласидаги бевафолик, нопокликдан хабардор бўлгач, уни фақат бир нарса ташвишга солиб: «Одамлар билмасин, сен буни унут, ҳеч кимга айта кўрма», деди. Маънавият инқирозини бундан яққолроқ ифодалаб бўлмас. Лекин одамлар бу можародан хабардор бўладилар ва... 

30. Шаҳардаги аёллар: «Ҳокимнинг хотини ўз хизматкорини йўлдан урмоқчи бўлибди. Роса юрагидан урибди-да! Албатта бизлар уни очиқ залолатда деб биламиз», дедилар. 

31. Энди қачонки (Зулайҳо) уларнинг иғволарини эшитгач, уларга одам юборди ва (келганларидан кейин) суяниб ўтирадиган жой тайёрлади ҳамда (анвойи мева-чевалар билан дастурхонни тўлдириб) улардан ҳар бирига биттадан пичоқ бериб қўйди. Кейин (Юсуфга) «уларнинг олдига чиққин», деди. Бас, қачонки уни кўришгач (улар беихтиёр уни) олқишладилар ва (ўзлари сезмаган ҳолларида, қўлларидаги пичоқлари билан) ўз қўлларини кеса бошладилар. Ҳамда: «Эй пок Аллоҳ, бу башар (фарзанди) эмас, бу асил фариштанинг ўзи-ку», деб юбордилар. 

32. (Шунда Зулайҳо): деди: «Мана шу йигит ҳақида сизлар мени маломат қилган эдингиз. Дарҳақиқат, уни йўлдан урмоқни бўлганимда, у покдомонлик қилди - бўйинсунмади. Қасамки, агар менинг амримни бажармас экан, албатта зиндонга ташланур ва хор-зор қилинур». 

33. (Юсуф) деди: «Парвардигорим, мен учун булар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир. Агар Ўзинг мендан уларнинг макрларини нари қилмасанг, уларга кўнгил бериб нодон кимсалардан бўлиб қолурман». 

34. Бас, Парвардигори (Юсуфнинг дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрларини ундан нари қилди. У зот, шак-шубҳасиз, эшитгувчи, билгувчидир. 

35. Сўнгра, уларга (яъни Миср ҳокими ва унинг одамларига Юсуф пок эканлиги ҳақидаги) оят-аломатларни кўрганларидан кейин, уни бир вақтгача (яъни гап-сўзлар тингунча) зиндонбанд қилиб туриш маъқул кўринди. 

36. Зиндонга у билан бирга яна икки йигит тушган эди. Улардан бири (яъни, илгари ҳокимнинг соқийси бўлган йигит): «Мен тушимда шароб тайёрлаётган эмишман», деди. Бошқаси эса (яъни, илгари ҳокимнинг новвойи бўлган йигит): «Мен бошим устида нон кўтариб турганмишман, қушлар ундан еяётган эмишлар. Сен бизга шунинг таъбирини айтиб берсанг. Биз сенинг чиройли амаллар қилгувчи киши эканлигингни кўриб турибмиз», деди. 

37. (Юсуф) айтди: «Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қандай) таом олдингизга келишидан илгари унинг қандай таом эканини таъвилини айтиб бера оламан. Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратни мутлақо инкор қилувчи қавмнинг миллати - динини тарк этган кишиман». 

38. «Ва мен аждодларим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларнинг миллати - динига эргашганман. Биз (яъни пайғамбарлар) учун Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмасдир. Бу (яъни ёлғиз Аллоҳгагина бандалик қилиш неъмати) Аллоҳнинг биз - пайғамбарларга ва барча одамларга қилган фазл-марҳаматларидандир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар. 

39. Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми? 

40. Сизлар эса, У зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар-бутларгагина ибодат қиласизлар. Ахир Аллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку? Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир. У зот сизларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар. 

41. Эй ҳамзиндон дўстларим, энди сизларнинг биринчингизни айтсак, бас, у (бу зиндондан халос бўлиб) яна ҳожасига соқийлик қилур. Аммо иккинчингиз эса дорга осилиб, (ўлаксахўр) қушлар унинг бошидан чўқирлар. Сизлар таъбир сўраётган иш битди (яъни энди бу таъбирим ҳеч ҳачон ўзгармайди)». 

42. (Юсуф) у икковининг ичидан қутулиб кетади, деб ўйлаган кишига (яъни соқийга): «Ҳожангнинг олдида мен ҳақимда зикр қилгин (зора, у мени бу зулмдан озод қилса)», деди. (Лекин) шайтон ҳожасига зикр қилишни унинг ёдидан чиқариб, (Юсуф) бир неча йил зиндонда қолиб кетди. 

43. (Кунларнинг бирида Миср мамлакатининг) шоҳи (Райён бинни-л-Валид): «Мен тушимда еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқ билан бирга бошқа қуриган (етти бошоқ) ни кўрдим. Аъёнларим, агар тушларнинг таьбирини айта олувчи бўлсангизлар, бу тушимнинг таъбирини (менга) айтинглар-чи», деди. 

44. Улар дедилар: «Бу алоқ-чалоқ тушлар экан. Биз бундай тушларнинг таъбирини билгувчи эмасмиз». 

45. (Шунда) ҳалиги икки (маҳбус)нинг зиндондан қутулиб чиққани, шунча муддат ўтгач, энди (Юсуфнинг сўзлари) ёдига тушиб, деди: «Унинг таъбирини сизларга мен айтиб берурман, фақат мени (зиндонда ётган Юсуфнинг олдига) юборинглар». 

46. (Унга рухсат берилгач, зиндонга Юсуфнинг олдига кириб айтди): «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётгани ҳамда еттита яшил бошоқ билан бирга турган бошқа қуриган (етти бошоқ) ҳақидаги (туш) таъбирини айтиб бергин. Шояд мен одамлар олдига қайтиб боргач (буни уларга айтиб берсам), улар ҳам билиб олишса». 

47. (Юсуф) деди: «Сизлар пайдар-пай етти йил (дон) экинглар. Кейин ўриб олган ҳосилингизни (бузилмасин учун) ўз бошоғида қолдиринглар, магар ейдиган озгина озуқаларингизнигина (янчиб олинглар). 

48. Сўнгра ўша (серҳосил етти йил) дан кейин етти йил қаҳатчилик бўлиб, улар учун тайёрлаб-асраб қўйган бор ҳосилингизни еб кетар. Магар озгина (уруғлик учун) асраб қўйган донларингизгина қолур. 

49. Сўнгра, ўша (қаҳатчилик йиллари) дан кейин бир йил келурки, унда одамлар ёғингарчилик остида қолурлар ва (турли мевалардан) шароблар тайёрлаб олурлар». 

50. (Соқий подшоҳнинг ҳузурига қайтиб, унинг кўрган тушини Юсуф қандай таъбир қилганини айтгач), подшоҳ деди: «Уни менинг олдимга келтирингиз!» Қачонки (Юсуфнинг олдига), шоҳ элчиси келгач, у: «Ҳожангнинг ёнига қайтиб бориб, (аввал) ундан ўз қўлларини кесган аёллар нима бўлганини сўра. Албатта, Парвардигорим уларнинг макрларини билгувчидир», деди. 

И з о ҳ. Бу оятлар замирида Юсуфнинг нақадар покиза қалбли инсон эканлигини кўрсатиб турган уч нукта бордир. Биринчидан, подшоҳ тушининг таъбири ҳақида сўралганда: «Агар мени бу зиндондан озод қилса, айтаман», демай, батафсил таъбир қилиб бериши; иккинчидан, подшоҳ уни озод қилишга амр қилганида ҳам, у зиндонни дарҳол тарк этмасдан, ўзининг бегуноҳлигини исботлаб беришларини талаб қилиши; учинчидан, ўзининг бегуноҳлигини исботлашда ҳам ўзи туз ичган ернинг ҳурматини сақлаб, «Бориб мени шундай азобга дучор қилган Зулайҳо нима бўлганини билиб келгин», демай, «Қўлларини кесган аёллар нима бўлганини сўраб кел», дейишидир. Бу нукталарда ақл эгалари учун ибрат бордир. 

51. (Шунда подшоҳ у аёлларни тўплаб) деди: «Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлган вақтингизда нима бўлган эди (яъни, у ҳам сизларга майл кўрсатганмиди)?» (Аёллар) айтдилар: «Аллоҳ сақласин! Бизлар ундан бирон ёмонликни сезмаганмиз». (Миср шаҳри) ҳокимининг хотини (Зулайҳо) деди: «Мана энди ҳақиқат тантана қилди. Уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим. У, шак-шубҳасиз, ростгўй зотлардандир». 

52. (Элчи қайтиб келиб, Юсуфга бўлиб ўтган гапларни айтиб бергач, у деди): «Буни (яъни ўзимнинг бегуноҳлигимни исботлаш талабини) мен (шаҳар ҳокими) йўқлигида Унга хиёнат қилмаганимни ва Аллоҳ ҳеч қачон хоинларнинг ишини ўнгламаслигини (мамлакат шоҳи) билиши учун (қилдим)». 

53. «Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса - албатта барча ёмонликларга буюргувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». 

54. Подшоҳ айтди: «Уни ҳузуримга келтирингиз, ўзимнинг хос кишиларимдан қилиб олай». Бас, қачонки (Юсуф у билан сўзлашгач, «Сен бу кун бизнинг даргоҳимизда мартабали, ишончли кишидирсан», деди. 

55. (Юсуф) деди: «Мени шу ернинг хазиналари устига қўйгин. Чунки мен (уларни) тўла-тўкис сақлайдиган ва (тўғри тасарруф қилишни) биладиган кишиман» 

56. Шундай қилиб, Юсуфни (Миср) еридан ўзи хохлаган жойда манзил-маскан тутиб яшайдиган мақомга эриштирдик. Биз фазлу марҳаматимизни Ўзимиз хоҳлаган кишиларга етказурмиз ва чиройли амал қилгувчи зотларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз. 

57. Албатта, иймон келтирган ва тақво эгалари бўлган зотлар учун охиратда ажр-мукофот янада яхшироқ бўлур. 

И з о ҳ. Мамлакат шоҳи Райён бинни-л-Валид Юсуфнинг ақлу заковати, унинг ҳалол, билимдон эканлигини кўриб, Миср шаҳрининг ҳокими Қитфирнинг ўрнига ҳоким қилиб тайинлади ва Қитфир вафот қилганидан кейин, унинг беваси Зулайҳога уни уйлантириб қўйди. Шундай қилиб Юсуф Миср заминининг ҳукмдорига айланиб қолди. Никоҳ кечасида Юсуф Зулайҳонинг ёнига кирар экан: «Сен бир вақтлар истаган ҳаром хоҳишдан мана бу ҳалол шаръий никоҳ яхшироқ эмасми?» деди. Маълум бўлишича, Зулайҳо ҳали-ҳануз бокира экан. Аллоҳ таоло уларга икки фарзанд ато этди. 

Шундан кейин Юсуф Миср тахтида адолат билан ҳукм юргиза бошлади. Илгари ўзи шоҳга башорат қилган мўл-кўлчилик йилларида жуда кўп дон ҳосили йиғиб-ўриб олиниб, омборларга ғамлаб қўйилди. Кейинги етти йил эса худди Юсуф таъбир қилганидек, қаҳатчилик йиллари бўлди. Бу йилларда бутун атроф-жавонибдаги юртларда қаттиқ очарчилик бўлиб, кўп жойлардан Мисрга озиқ-овқат излаб одамлар кела бошладилар. Миср мамлакатида озиқ-овқат сероб эканлиги ҳақидаги хабарлар Канъон заминига ҳам етиб боргач, Яъқуб алайҳис-салом ўғилларини ўша тарафга юборди. Қуйидаги оятда сўз шу ҳақда боради. 

58. Юсуфнинг оға-инилари (Мисрга) келишиб, унинг ҳузури) кирганларида, уларни таниди. Улар эса (Юсуф)ни танимаган эдилар. 

И з о ҳ. Ривоятларга қараганда, оға-инилари кириб келганларида Юсуф ўзининг таниганини уларга билдирмай: «Сизлар кимсизлар, қаердан келдингиз?» деб сўраган экан. Шунда У «Бизлар Шом мамлакатининг Канъон деган юртиданмиз. Ўзимиз чорвадорларданмиз. Озиқ-овқат ахтариб келдик», деб жавоб қиладилар. Юсуф: «Эҳтимол, бизнинг юртимизга жосуслик учун келгандирсизлар», дейди. Улар айтадилар: «Аллоҳ сақласин! Бизлар ўзининг энг суюкли боласидан айрилиб ғам-андуҳда колган бир пайғамбарнинг ўғилларимиз. Бизлар ҳаммамиз ўн икки ўғилмиз. Бу ерга келган ўнтамиз бир ота-онаданмиз. Йўқолган инимиз билан унинг биродари эса бизнинг ота бир, она бошқа иниларимиз бўлади. Ўша инимиз биз билан ўйнаб саҳрога чиққанида йўқолиб қолган эди, шу сабабдан унинг биродарини отамиз бизларга ишонмай ўзи билан олиб қолди». Бу сўзларни эшитгач, Юсуф ходимларига уларнинг барча эҳтиёжларини қондиришни амр этади. 

59. Қачонки уларнинг ҳожатларини равон қилгач, (Юсуф) деди: «Ўша ота бир бўлган иниларингизни менинг ҳузуримга келтирингиз. Ахир мен сизларга энг яхши мезбон бўлиб, (дон-дунларни) тўла қилиб ўлчаб бераётганимни кўрмаяпсизларми? 

60. Энди агар уни менинг ҳузуримга олиб келмасангизлар (яъни мени алдасангизлар), у ҳолда менинг даргоҳимда - сизлар учун бир қадоқ ҳам нарса йўқдир, менинг олдимга яқин келмай қўя қолинглар». 

61. Улар: «Отасидан у(ни биз билан қўшиб юбориши) ҳақида ўтиниб сўраймиз. Албатта, бизлар (шундай) қилгувчимиз», дедилар. 

62. (Юсуф ўзининг тарозибон) йигитларига буюрди: «Уларнинг (донга алмаштириш учун) келтирган нарсаларини юкларининг ичига (қайтариб) солиб қўйинглар. Шояд уйларига қайтган вақтларида, у нарсаларини таниб қолиб яна қайтиб келсалар, ажаб эмас». 

63. Энди қачонки улар оталарининг олдига қайтиб келишгач, дедилар: «Эй ота, (бундан кейин) бизларга озиқ-овқат берилмайдиган бўлди. Фақат биз билан бирга инимизни ҳам юборсанггина озиқ-овқат ола биламиз. Бизлар албатта уни муҳофаза қилгувчимиз». 

64. (Яъқуб) деди: «Мен уни сизларга ишонмайман. Магар илгари унинг биродарини ишонганимдек ишонаман (яъни ўшанда ҳам менга берган ваъдаларингизга хиёнат қилган эдингиз. Демак, мен сизларга унинг инисини ҳам ишониб топширолмайман. Лекин мен ёлғиз Аллоҳнинг сақлашига ишонаман, холос). Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир». 

65. Қачонки улар (олиб келган) юкларини очиб кўришгач, (озиқ-овқатга алмаштириб келиш учун олиб борган) нарсаларини ўзларига қайтарилганини кўриб дедилар: «Эй ота, мана нарсаларимиз ўзимизга қайтарилибди. Яна нимани истаймиз?» (Энди сен бизларга инимизни ҳам қўшиб юборсанг), яна оиламизга озиқ-овқат келтирурмиз, инимизни муҳофаза қилиб (бориб келурмиз) ва (инимиз учун ҳам) бир туя юкни ортиқроқ олурмиз. Бу (мисрлик сахий ҳоким наздида) озгина нарсадир». 

66. Яъқуб айтди: «Агар (қароқчилар ё бошқа тўсиқларга дуч келиб) мағлуб бўлиб, ҳалокатга учрамасангизлар, албатта уни (Биняминии) менинг олдимга келтиришингиз ҳақида Аллоҳдан васиқа келтирмасангизлар, (яъни Аллоҳ номига қасам ичмасангизлар) уни ҳаргиз сизлар билан бирга юбормасман. Энди қачонки унга ўз аҳд-паймонларини беришгач (Яъқуб): «Бу айтаётган гапларимизга Аллоҳ вакил-гувоҳдир», деди. 

67. (Сўнг уларни сафарга кузатар экан), айтди: «Эй ўғилларим (Мисрга) бир дарвозадан кирманглар, балки бошқа-бошқа дарвозалардан киринглар! Мен сизлардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм ёлғиз Аллоҳнинг измидадир. Мен фақат У зотнинг ўзига таваккул қилганман-суянганман. Барча таваккул қилгувчилар Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар-суянсинлар». 

68. Улар оталари буюрган тарафлардан (Мисрга) киришлари улардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтарувчи эмасдир. (Бу) фақат Яъқубнинг дилидаги (фарзандларига нисбатан меҳр-шафқатдан пайдо бўлган) бир эҳтиёж эдики, у ўзининг шу эҳтиёжини қондирган эди, холос. Зотан, у Биз (ваҳий орқали) берган таълимимиз сабабли чуқур билим эгасидир. Лекин одамларнинг кўпи (буни) билмайдилар. 

69. Қачонки улар Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у инисини ўзига тортиб: «Мен сенинг оғангман. Энди улар (яъни оға-иниларимиз) қилгувчи бўлган нарса (яъни уларнинг ҳасад-адоватлари)дан ғамгин бўлмагин», деди. 

70. Бас, қачонки уларнинг ҳожатларини равон қилгач, инисининг юки орасига (билдирмай) бир қадаҳни солиб қўйди. Сўнгра эса жарчи: «Эй карвон эгалари, сизлар ўғридирсизлар», деб жар солди. 

71. Улар (жарчилар) ўзларининг олдига келишгач: «Нима йўқотдингизлар?» дедилар. 

72. (Жарчилардан бири) айтди: «Подшоҳнинг қадаҳини йўқотдик. Уни топиб келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен шунга вакилман». 

73. Улар дедилар: «Аллоҳга қасамки, бизлар ўғри эмасмиз. Ахир бизлар бу ерга бузғунчилик қилиш учун келмаганимизни биласизлар-ку! Бизлар ўғри эмасмиз». 

74. «Агар ёлғон айтган бўлсангизлар, (ўғрининг) жазоси нима бўлур?» сўрашди (жарчилар). 

75. Улар дедилар: «Унинг жазоси, кимнинг юки орасидан топилса, ўша кимса жазоланур - қул қилинур. Бизлар (ўғрилик қилиш билан ўзгаларга) зулм қилган кимсаларни мана шундай жазолаймиз». 

76. Бас, (Юсуфнинг хизматкори ахтаришни) унинг биродари (Бинямин)нинг идишидан илгари уларнинг (яъни бошқа оға-иниларининг) идишларидан бошлади. Сўнгра уни (Юсуфнинг) биродари идишидан «топиб» олди. Биз Юсуфга мана шундай ҳийла-тадбирни билдирдик. (Чунки Миср) подшоҳининг динида у биродарини (ўғрилик қилгани учун қул қилиб) олиб қола олмас эди. Магар Аллоҳнинг хоҳиши билан (мазкур ҳийла-тадбир воситасидагина олиб қолди). Биз ўзимиз хохлаган кишиларни юксак даражаларга кўтарурмиз. Ҳар бир илм соҳибининг устида (ундан устунроқ) билимдон бордир. 

77. Улар: «Агар бу (Бинямин) ўғрилик қилган бўлса (эҳтимол, чунки) илгари унинг биродари (Юсуф) ҳам ўғрилик қилган эди», дедилар. Бас, Юсуф бу гапни ичига солиб, уларга билдирмади. Ва: (ўзича) «Сизлар энг ёмон-тубан мартабададирсизлар (яъни бир вақтлар ўғилни отадан ўғирлаб кетгансизлар). Аллоҳ сизларнинг тўқиб чиқараётган гапларингизни жуда яхши билгувчидир», деди. 

78. Сўнг улар дедилар: «Эй улуғ зот, унинг бир кекса отаси бор. Сен унинг (Биняминнинг) ўрнига бизлардан биримизни олиб қолгин. Зотан бизлар сенинг чиройли амалларни қилгувчи зотлардан эканлигингни кўрмоқдамиз». 

79. (Юсуф) айтди: «Нарсамизни идишидан топиб олган кимсадан ўзгани олиб қолишдан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда шак-шубҳасиз, золим кимсалардан бўлиб қолурмиз». 

80. Энди қачонки ундан умидлари узилгач, (оға-инилар) бир четга чиқиб хуфёна маслаҳатлашдилар. Уларнинг катталари айтди: «Оталарингиз сизларнинг устингизда Аллоҳдан васиқа (яъни, аҳд-паймонингизни) олиб қолганини унутдингизми?! Илгари Юсуф тўғрисида ҳам шундай сусткашлик қилган эдинглар. Бас, то отам менга изн бермагунича ёки Аллоҳ менинг фойдамга ҳукм қилмагунича (яъни, инимиз озод бўлмагунича) мана шу ердан ҳаргиз жилмайман. У зот (Аллоҳ) ҳукм қилгувчиларнинг яхшироғидир». 

81. «Сизлар оталарингиз олдига қайтиб, айтинглар: «Эй ота, дарҳақиқат, ўғлинг ўғрилик қилди. Бизлар фақат кўрган-билган нарсамизга гувоҳлик бермоқдамиз. (Олдин сенга уни асрашни ваъда қилганимизда) ғайбни (яъни, келажакда нима ишлар бўлишини) билмаган эдик. 

82. Биз бўлиб қайтган шаҳардан ва биз бирга кетган карвондан сўраб-суриштиргин. Албатта, бизлар рост сўзлагувчилармиз». 

83. (Улар Яъқуб алайҳис-саломнинг олдиларига келиб шу сўзларни айтишгач), у деди: «Йўқ! Сизларга ҳавойи-нафсингиз бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг (яъни Юсуф, Бинямин ва катта ўғлимнинг) барчаларини бағримга қайтарса. Албатта, У зот билим ва ҳикмат соҳибидир». 

84. Кейин улардан юз ўгириб, деди: «Эй бечора Юсуф-а!» Ғам-алам ютавериб у зотнинг кўзлари оқарди (ожиз бўлиб қолди). 

85. (Шунда ўғиллари): «Аллоҳ номига қасамки, сен то рамақижон бўлиб қолгунингча ё бир йўла ҳалок бўлгунингча Юсуфни эслайверадиган бўлдинг», дедилар. 

86. У айтди: «Мен ғаму ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қилиб йиғламоқдаман ва мен Аллоҳнинг (меҳрибон, раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман». 

87. «Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур». 

88. (Улар оталаридан бу сўзларни эшитгач, озиқ-овқатга алмаштириш учун бор бисотларини олишиб, яна Миср томонга равона бўлишди). Энди қачонки (Мисрга етиб келиб Юсуфнинг) ҳузурига киришгач, дедилар: «Эй улуғ зот, бизни ва аҳли оилаларимизни очарчилик ушлади. Бизлар бу сафар ҳузурингга ўтмас молларни олиб келдик. Бизларга етарли ўлчовда (озиқ-овқат) бергин ва бизларга хайр-садақа қилгин. Аллоҳ, шак-шубҳасиз, (сендек) садақа бергувчи зотларга мукофотлар ато этур». 

89. (Юсуф оға-иниларини бундай забун ҳолатда кўргач тоқат қила олмасдан) деди: «Ёш-нодон бўлган пайтингизда Юсуф ва унинг биродарига нима ишлар қилганларингизни эслайсизлар-ми?» 

90. Улар: «Сен Юсуфмисан?» деб сўрадилар. «Ҳа, мен Юсуфман, бу эса биродаримдир. Аллоҳ бизга марҳамат кўргузди (яъни шунча йиллик айрилиқ азобидан кейин бизни яна бирлаштирди). Дарҳақиқат, кимда-ким Аллоҳдан қўрқиб, сабру қаноат қилса, албатта Аллоҳ бундай чиройли амалларни қилгувчи кишиларнинг ажру мукофотини зое қилмас», деди у. 

91. Улар дедилар: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени бизлардан афзал қилмишдир. Бизлар эса, шак-шубҳасиз, адашгувчилардан бўлдик». 

92. У деди: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У зот раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир». 

93. «Сизлар мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташласангиз, унинг кўзлари очилур. Сўнг барча аҳли оилаларингиз билан бирга менинг олдимга келинглар». 

94. Карвон (Мисрдан) чиқиши биланоқ оталари (Яъқуб алайҳис-салом ўз уйларида туриб, ҳузуридаги кишиларга): «Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман. Агар мени ақлдан озган демасангизлар (Юсуф тирик, деган бўлур эдим)», деди. 

95. (Улар) айтдилар: «Аллоҳга қасамки, сен (ҳали ҳам) ўша эски хатоингда турибсан». 

96. Энди қачонки хушхабарчи келиб, уни (яъни Юсуфнинг кўйлагини Яъқубнинг) юзига ташлагач, унинг кўзлари очилди. «Сизларга мен Аллоҳнинг (меҳрибон, раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман, демаганмидим», деди у. 

97. Улар дедилар: «Эй ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўрагин. Албатта, бизлар хато қилгувчилардан бўлдик». 

98. У айтди: «Албатта, Парвардигоримдан сизларни мағфират қилмоғини сўрайман. Зотан ёлғиз У зотгина мағфират қилгувчи, меҳрибондир». 

И з о ҳ. Яъқуб алайҳис-салом Юсуфнинг ҳаётлиги ҳақидаги хушхабардан беҳад шод бўлиб ва Аллоҳ таолога беадад шукрлар айтиб, дарҳол ўзининг барча аҳли оила, қариндош-уруғлари билан Миср томон йўл олдилар. Юсуф ҳам Миср шаҳрининг четига чодирлар тикиб, ота-онасининг йўлларига интизор бўлиб турди. 

99. Энди қачонки (манзилга етиб келишиб) Юсуфнинг ҳузурига (чодирига) кирганларида, у ўзини ота-онасининг қучоғига отди ва «ИншоАллоҳ, Мисрга тинч-омон киринглар», деди. 

100. (Кейин, Мисрга кириб Юсуфнинг саройига келганларидан сўнг) у ота-онасини ўзининг тахтига чиқарди ва улар (яъни ота-она ва оға-икилари Юсуфга) сажда қилган ҳолларида йиқилдилар. У деди: «Эй отажон, мана шу қирқ йил илгари кўрган тушимнинг таъбиридир. Парвардигорим уни рост қилди. Дарҳақиқат, У зот менга (буюк) инъом қилди - мени зиндондан чиқарди, шайтон мен билан оға-иниларим орасини бузиб иғво қилганидан кейин, мана сизларни чўлу саҳродан (Мисрга эсон-омон ҳолингизда) келтирди. Албатта, Парвардигорим Ўзи хоҳлаган нарсани сездирмай амалга оширгувчи зотдир. Албатта, Унинг Ўзигина билим ва ҳикмат соҳибидир». 

101. «Парвардигорим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна барча тушларнинг таъвил-таъбирларидан таълим бердинг. Эй осмонлар ва ерни яратган зот, дунёю охиратда Ўзинг ҳожамдирсан. (Умрим битиб, сен Ўзинг белгилаб қўйган ажалим етганида) мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин». 

102. (Эй Муҳаммад), бу Биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. (Чунки сиз Юсуфнинг оға-инилари) макр-ҳийла билан ўзларининг режаларини тузиб иттифоқ қилишаётган пайтларида уларнинг ёнларида ҳозир эмасдингиз. 

103. Гарчи сиз (барча одамларнинг иймон келтиришларини) жуда истасангиз-да, одамларнинг кўплари мўмин бўлмайдилар. 

104. Сиз улардан бу (даъватингиз) учун бирон ажр-ҳақ сўрамайсиз. Бу (Қуръон) фақатгина барча оламлар учун бир эслатмадир, холос. 

105. Осмонлар ва ерда (Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига далолат қилгувчи) қанчадан-қанча оят-аломатлар бордир. (Лекин) улар бу оятлардан юз ўгирган ҳолларида ўтиб кетаверадилар. 

106. Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар. 

И з о ҳ. Дарҳақиқат, баъзилар ўзлари Аллоҳга иймон келтирсалар-да, ҳаётларида ўша ягона Аллоҳ яратган қуёш, ой, олов каби нарсаларга сиғиниб ёки ўзларини «худо» фаҳмлайдиган золим ҳокимларга бўйинсуниб, уларнинг инсониятни ҳалокатга олиб борувчи «ойдин йўллари»га эргашиб яшаб ўтадилар. Бу оятларда бундай кимсаларнинг мушрик эканликлари уқтирилади ва уларга ногаҳоний бало келишидан ёки қиёмат қойим бўлишидан илгари ўзларини ўнглаб ягона Аллоҳга қайтишлари тавсия этилади. 

107. Ёки улар Аллоҳнинг азобидан бирон бало-офат келиб қолишидан ё тўсатдан улар сезмаган ҳолларида қиёмат қойим бўлишидан хотиржаммилар?! 

108. Айтинг: «Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга - ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман». 

109. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлларидан бўлган (фаришталарни эмас) кишиларни пайғамбар қилиб, уларга ваҳий юборганмиз. Ахир (одамлар) ер юзида сайру-саёҳат этишиб, ўзларидан аввалги (иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари кандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими? (Аллоҳдан) қўрққан зотлар учун, охират диёри (бу фоний дунёдан) яхшироқдир. Ақл юргизмайсизларми?! 

110. Ҳар қачон пайғамбарларимиз ноумид бўлиб: «Бизлар ёлғончи қилиндик - пайғамбар эканлигимизга ишонмадилар», деб ўйлай бошлаганларида, уларга Бизнинг мададимиз - ғалабамиз келиб, Биз ҳоҳлаган кишиларга нажот берилар эди. (Аммо) жиноатчи бўлган қавмдан бизнинг азобимиз қайтарилмас! 

111. Дарҳакиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир).







13. Раъд сураси 


Бу сура қирқ уч оятдан иборат бўлиб, Мадинада нозил бўлган. Бу сура бошлаб, Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига иймон келтириш масаласини ўртага ташлаб, сўнг қайта тирилиш ва ҳаёти дунёда қилиб ўтилган ҳар бир ёмон-яхши амал учун қиёмат кунида жазо-мукофот бўлиши ҳақида хабар қиладиган оятлар билан давом этади. Унда ҳақиқат билан ботил тўғрисида икки ибратли масал келтирилади. 

Биринчиси, жилғаларни тўлдириб оқиб келаётган ёмғир суви ҳақиқатга, сув устидаги кўпик эса ботилга ташбеҳ қилинса, иккинчисида, ҳар қандай ерости маъданлари ҳам эритилганида улардан соф қимматбаҳо маъдан билан бирга уларга аралашиб қолган оддий тошлар ҳам чиқиши айтилиб, соф маъдан ҳақиқатга, чиқиндилар эса ботилга ўхшатилади. Мана шунга ўхшаш ибратли мисолларни ўзига жо қилган бу сурада яна момақалдироқ ҳақида зикр қилиниб, ҳатто у ҳам Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, у зотни поклаб туриши баён қилинадики, бу суранинг «Раъд-момақалдироқ» деб номланишининг сабаби шудир. 

Бизнинг назаримизда, бу улуғ сура тўласича ҳам бир даҳшатли момақалдироққа ўхшайди. У момақалдироқ мўминларни ёмғирга - Аллоҳнинг раҳматига умидвор қилса, кофирларни чақмоқ уришидан - Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан қўрқувга солади. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Алиф, Лом, Мим, Ро. Ушбу (оятлар) Китоб (Қуръон) оятларидир. (Эй Муҳаммад), сизга нозил қилинган бу нарса (яъни Қуръон айни) ҳақиқатдир, лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар. 

2. Аллоҳ осмонларни сизлар кўргудек устунларсиз кўтариб қўйган, сўнгра ўз аршини эгаллаб, қуёш ва ойни Ўз амрига бўйсундирган зотдир. Уларнинг ҳар бири муайян муддатгача (яъни қиёмат қойим бўлгунича) сайр қилаверар. (Аллоҳ) барча ишнинг тадбирини қилур ва сизлар (қиёмат кунида унга) Парвардигорингизга рўбарў бўлишга иймон келтиришингиз учун Ўз оятларини муфассал баён қилур. 

3. У Ерни ёйиқ қилиб яратиб, унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилган зотдир. У Ердаги ҳар мевани иккитадан - жуфт-жуфт (яъни эркак-урғочи) қилиб яратди. У кечани кундуз устига ёяр (яъни, кеча-кундуз ҳам бир-бирларининг жуфтларидир). Албатта, бу (мисоллар)да тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 

И з о ҳ. Дарҳақиқат, тафаккур қилиб кўрилса, бу оламда ҳамма нарса жуфт-жуфт қилиб яратилгани маълум бўлади: қуёшнинг жуфти ой, ернинг жуфти осмон, куннинг жуфти тун, дунёнинг жуфти охират... Агар мана шу мантиқ ҳақ бўлса, охират борлиги ҳам барҳақдир. Ёлғизлик фақат Аллоҳ таолога ярашур. 

4. Бу ерда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак (яъни бири унумдор бўлса, бири шўр) ерлар, узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаб кетган-шохламаган хурмолар бўлиб, (уларнинг ҳаммаси ҳам) бир сув билан суғорилур. (Лекин) Биз уларнинг айримларидан айримларини таъмлироқ-ейишлироқ қилиб қўюрмиз, Албатта, бунда ҳам ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 

5. (Эй Муҳаммад), агар (бирон нарсадан) ажаблансангиз, у ҳолда уларнинг (кофирларнинг): «Тупроқ бўлиб кетгач, бизлар яна янгитдан яратиламизми?» деган гаплари ажабланарлидир. Улар Парвардигорларига кофир бўлган кимсалардир. (Қиёмат кунида) уларнинг бўйинларида кишанлар бўлур. Улар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолурлар. 

6. Улар сиздан яхшилик - Аллоҳнинг раҳматидан аввал ёмонлик - Аллоҳнинг азоби келишини талаб қиладилар. Улардан илгари ҳам бундай мисоллар (Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар) ўтгандир. Албатта, Парвардигорингиз одамлар ўзларига зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам мағфират эгасидир. Албатта, Парвардигорингиз азоби қаттиқ зотдир. 

И з о ҳ. Бу оят - Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломни масхаралаб: «Агар ҳақ пайғамбар бўлсанг, Тангрингга бир дуо қил, бизга азоб юборсин» деганларида нозил бўлгандир. Унда одамлар ҳар қанча зулму ноҳақликка берилсалар ҳам, Парвардигор уларни мағфират қилиб, яъни азобга гирифтор қилмай туриши мумкинлиги, лекин азоблаганида, азоби қаттиқ бўлиши ҳақида ва бу мушрикларга ўхшаганлар илгари ҳам ўтганлиги ва қилмишларига яраша жазо олганлиги тўғрисида баён қилинади. 

7. Кофир бўлган кимсалар: «Унга (Муҳаммадга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди», дейдилар. Сиз фақат (кофирларни Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчидирсиз. Ҳар бир қавм учун (Аллоҳ йўлига) етакловчи - ҳидоят қилгувчи бордир. 

8. Фақат Аллоҳгина ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини (ўғилми-қизми, расоми-норасоми, чиройлими-хунукми эканини) ҳам, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам билур. У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир. 

9. У ғайбу шаҳодатни (яъни махфий ва ошкора барча нарсани) билгувчи буюк ва юксак зотдир. 

10. Сизларнинг орангиздаги ўз гапини яширган киши ҳам, уни ошкора қилган киши ҳам, кеча қоронғусида яширинувчи ҳам, кундузи очиқ-ошкора юрувчи ҳам (У зот учун) баробардир. 

11. Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида хам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар. Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик - бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас. Ва улар учун Ундан ўзга ҳоким йўқдир. 

И з о ҳ. Бу оятда исломий ақидадаги асосий рукнлардан бири ўз аксини топгандир: «То бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас». Яъни, бирон қавмнинг аҳволи ёмон томонга ўзгарар экан, бунга сабаб устларидаги золим ҳокимгина эмас, балки уларнинг ўзлари ҳақ йўлидан озганлари ҳамдир. Бинобарин, ҳаётлари яхшилик томонга ўзгаришини истайдиган бўлсалар, аввало ўзларини ўнглаб, иймон-эътиқод йўлини тутмоқлари лозимдир. Пайғамбар алайҳис-саломнинг ушбу ҳадислари юқоридаги оятга ҳамоҳангдир: «Ўзларингиз қандай бўлсангиз, устингизга ҳам шундай ҳоким келур». 

12. (Эй одамлар, Аллоҳ) сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва (ёмғир ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўргизадиган ва вазмин булутларни пайдо қиладиган зотдир. 

13. Момақалдироқ ҳам У зотга (Аллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам У зотдан қўрққанлари сабабли (тасбеҳ айтурлар). У зот чақмоқлар юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кимсаларни - у кимсалар Аллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида, урар. У (ушлаган вақтида) қаттиқ ушловчи зотдир. 

14. Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур. Ундан ўзга (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у мушрикларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас. Илло улар бир кимсага ўхшайдиларки, у кимса кафтларини сувга ёзиб, у сув оғзига етишини кутиб турар. Ҳолбуки, у (сув) унинг оғзига етгувчи эмасдир. (Яъни, худди сув жонсиз нарса бўлгани туфайли ташна кишининг ҳолидан бехабар бўлиши, бинобарин, унинг оғзига бориб етмагани каби у мушриклар дуо-илтижо қиладиган бутлари ҳам жонсиз нарса бўлганлари сабабли уларнинг дуоларини эшитмас - мустажоб қилмас.) Бундай кофирларнинг дуолари мутлақо бефойда - хатодир. 

15. Осмонлар ва ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, эртаю кеч фақат Аллоҳгагина сажда қиладилар - бўйсунадилар. 

И з о ҳ. Ислом таълимотига кўра, коинотдаги барча мавжудот Аллоҳ таолога сажда қилади, яъни Аллоҳ унинг зиммасига қўйган вазифани адо этиш билан У зотга итоат қилади. Зотан Яратганга итоатсизлик ҳалокат демакдир. Масалан, кўкдаги қуёш ўзининг сайрини бир дақиқа тўхтатса, денгизлар буғланиб-қуриб, қуруқликлар ёниб кетган бўлур эди. Шунингдек, хоҳ мўмин хоҳ кофир бўлган инсон баданидаги бирон аъзо ўз вазифасини бажаришдан тўхтаса, ўша инсоннинг бутун ҳаёти издан чиқади. Демак, ҳаёт интизоми бузилмаслиги учун еру осмондаги ҳамма нарса ёлғиз Яратувчига бўйинсуниши шарт экан. Фақат юқоридаги оятда уқтирилишича, мўмин ўз ихтиёри билан итоат қилса, кофир мажбуран бўйинсунар экан. Бу оят сажда оятидир. 

16. (Эй Муҳаммад) айтинг (қавмингиздан сўранг: «Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?» «Аллоҳ», деб жавоб қилинг (чунки улар бундан бошқа жавоб топа олмайдилар. Улардан): «Бас, Ўша (Аллоҳни қўйиб, (ўзгалар эмас, ҳатто ўзларига ҳам фойда-зиён етказишга қодир бўлмайдиган бутларни ушлаб олдингизми?» деб сўранг. Яна айтингки, «Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсаларни (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани яратгувчидир ва У танҳо ғолибдир». 

17. (Аллоҳ) осмондан, сув (ёмғир) ёғдирганида жилғалар тўлиб-тошиб оқиб, бу сел ўз устида кўпикларни ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна ясаш учун ўтда эритадиган нарса-маъданлардан ҳам шунга ўхшаш кўпик (чиқинди пайдо) бўлур. Аллоҳ ҳақ билан ботилни мана шундай (мисол билан) баён қилур. Энди у кўпик-чиқинди ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса Ер юзида қолур. Аллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур. 

18. Парвардигорларига итоат этган зотлар учун гўзал мукофот - жаннат бордир. У зотга итоат қилмаган кимсалар эса агар ердаги бор молу-давлат (яна) икки баробар (кўпайиб) уларнинг ўзлариники бўлса, албатта уни (Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун) фидо қилган бўлур эдилар. Улар учун энг ёмон ҳисоб-китоб ( Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон жой у! 

19. Муҳаммад), ахир сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса аниқ ҳақиқат эканини биладиган - иймон келтирадиган киши (кўнгил кўзи) кўр кимсага ўхшайдими? 

20. (Бу оятлардан) фақат Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва мийсоқ - ваъдаларини бузмайдиган ақл эгаларигина эслатма олурлар. 

21. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндош-уруғлар билан алоқани) боғлайдилар. Парвардигорларидан қўрқадилар, ҳисоб-китобга дучор бўлишдан қўрқиб, (доим чиройли амаллар қилишга интиладилар). 

22-23. Парвардигорларининг Юзини кўзлаб (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб намозларини тўкис адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган зотлар - ана ўшалар учун охират диёри бордирки, (у диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга, ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ бандалар билан бирга кирурлар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар): 

24. «(Аллоҳ йулида мехнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Бу охират диёри нақадар яхши!» 

25. Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр - жаҳаннам бордир. 

26. Аллоҳ, Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур (ва Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. (Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шод-хуррам бўлдилар, ҳолбуки бу ҳаёти дунё охират олдида фақат бир арзимас матодир. 

27. Куфр йўлини тутган кимсалар: «Унга (Муҳаммадга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди», дедилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни гумроҳ қилур ва (Аллоҳга) ижобат-тавба қилган кишиларни Ўз (динига) ҳидоят қилур». 

28. Улар иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш - эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур. 

29. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар учун хушнудлик ва гўзал оқибат - жаннат бордир. 

30. (Эй Муҳаммад) шундай қилиб, Биз сизни (кўпдан-кўп) авлодлардан кейин келган бир авлодга - улар Меҳрибон (Аллоҳ) ни инкор қилиб турган ҳолларида - Биз сизга ваҳий қилган нарсаларни тиловат қилиб беришингиз учун пайғамбар қилиб юбордик. Айтинг: «У (Меҳрибон Аллоҳ) менинг Парвардигоримдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Унинг Ўзига таваккул қилдим - суяндим ва Унинг Ўзига тавба-тазарру қилурман». 

31. Агар бир Қуръон бўлиб, унинг ёрдами билан тоғлар жойидан жилдирилса, ё унинг ёрдами билан ер ёрилиб (дарёлар пайдо қилинса, ёки унинг ёрдами билан ўликлар тилга киритилса ҳам (кофир бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар). Йўқ, барча иш ёлғиз Аллоҳнинг (илкидадир. Яъни, Аллоҳ хоҳласа иймон келтирадилар, агар У зот хоҳламас экан, барча талаблари бажо қилинганида ҳам улар иймон келтирмайдилар). 

И з о ҳ. Ушбу оят мушриклар пайғамбар алайҳис-саломга: «Агар ҳақиқий пайғамбар бўлсанг, тоғларни жойидан жилдириб уларнинг ўрнида дарё ва чашмалар пайдо қилгин. Ўлган ота-боболаримизни тирилтиргин, улар тилга кириб, сенинг пайғамбарлигингга гувоҳлик берсинлар, шунда бизлар ҳам сенга иймон келтирамиз», деганларида нозил бўлгандир. Оят давомида келадиган қуйидаги жумлаларда: «Бирон мўъжиза кўрсатилса, мана шу мушриклар ҳам иймон келтирармиканлар», деб умидвор бўлган айрим саҳобаларга танбеҳ бериб айтилади. 

Иймон келтирган кишилар агар Аллоҳ хоҳласа, шак-шубҳасиз (бирон мўъжиза нозил қилмасданоқ) барча одамларни хидоят қилишини (бу Аллоҳ учун ҳеч нарса эмаслигини) билмадиларми? (Лекин Аллоҳнинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли У зот ҳидоят йўлига юриш ё юрмасликни бандаларининг ихтиёрига ташлаб қўйгандир). То Аллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни, Макка мусулмонлар тарафидан фатҳ қилингунча ҳам) куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг қилган қилиқлари сабабли мудом турли офат-балолар етар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (кулфат) тушиб (уларни безовта, беҳаловат қилур). Албатта, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас. 

32. (Эй, Муҳаммад), сиздан аввалги пайғамбарларнинг устидан ҳам кулиб-масхара қилинганида, Мен ўша (пайғамбарларини ёлғончи қилиб) куфр йўлини тутган кимсаларга (бир оз) муҳлат бериб, сўнгра уларни (Ўзимнинг азобим билан) ушлаганман. Сўнг уларни қандай жазолаганимни (билурсиз). 

33. Ҳар бир жоннинг қилган амали устидан (кузатиб) тургувчи зот ҳеч нарсани кўрмайдиган, эшитмайдиган жонсиз бутларга ўхшайдими?» Улар (турли маҳлуқларни) Аллоҳга шерик қилиб олдилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «У бутларингизнинг номларини (ва уларнинг қўлларидан келадиган ишларини) айтинглар-чи? Балки (Аллоҳга) Ер юзидаги билмайдиган бирон нарсасининг хабарини берарсизлар?! Ёки фақат юзаки гап билан (яъни, ҳеч қандай иш-амал қўлидан келмайдиган жонсиз нарсаларни қуруқ сўзларга ишониб худо деб сиғиниб юрибсизларми?») Йўқ. Куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг макр-алдовлари чиройли кўрасатилди ва улар ҳақиқат йўлидан тўсилдилар. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас. 

34. Улар учун ҳаёти дунёда ҳам азоб бўлур. Аммо охират азоби оғирроқ-қаттиқроқдир. Уларни Аллоҳ (азоби) дан сақловчи бўлмас.  

35. Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): унинг остидан дарёлар оқур, мевалари ва соялари боқийдир. Бу тақво-парҳез билан ўтган зотларнинг оқибат-келажагидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир. 

36. (Эй Муҳаммад), Китоб (Таврот, Инжил) ато этган кишилар Сизга нозил нарса (Қуръон) сабабли шодланадилар. 

И з о ҳ. Ривоят қилишларича, яҳудий ва насронийлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Салом, Нажоший каби айрим кишилар хазрати Муҳаммад алайҳис-саломга Қуръон нозил бўлганидан хабар топишгач, ўзларининг китоблари ва Таврот ва Инжилдаги Аллоҳ таоло ўзининг охирги пайғамбарини юбориш ҳақида берган ваъдаси амалга ошганидан шодланишиб, пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирган эканлар. 

(Яҳудий ва насронийлардан сизга қарши бўлган) тўдалар орасида унинг (Қуръоннинг) бир қисмини инкор қиладиган кимсалар ҳам бордир. (Уларга) айтинг: «Албатта, мен ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга (бировни) шерик қилмасликка маъмурман (амр этилганман). Мен факат Ўша зотга (ибодат қилишга) даъват қилурман ва ёлғиз Унинг Ўзига қайтурман». 

37. Шунингдек, (яъни, илгари ўтган пайғамбарларимизга ўз тилларида ваҳий юборганимиз каби) Биз уни (Қуръонни) арабий ҳукм ҳолида нозил қилдик. Қасамки, агар сиз ўзингизга келган бу билимдан сўнг уларнинг ҳою ҳавасларига эргашсангиз, сиз учун Аллоҳ томонидан бирон дўст ҳам, сақловчи ҳам бўлмас. 

38. Дарҳақиқат, сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга жуфтлар ва зурриётлар берганмиз. Бирон пайғамбар учун бирон оят-мўъжиза келтириш имкони бўлмаган, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (келтирганлар). Ҳар бир вақт учун (муносиб) китоб-ҳукм бордир. 

39. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани (яъни ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни) устивор қилур. Асл Китоб (яъни барча нарсаларнинг билими) Унинг даргоҳидадир. 

40. Агар Биз сизга (кофирларга) ваъда қилган айрим нарсаларни (яъни азобларимизни) кўрсатсак ҳам ёки сизни (уларни азоблашдан илгари) вафот қилдирсак ҳам, албатта, сизнинг зиммангизда (барибир ҳақ динни одамларга тўла) етказиш, Бизнинг зиммамизда эса ҳисоб-китоб қилиш бордир. 

41. (Макка мушриклари) Биз уларнинг ерларига келиб уни атрофидан камайтираётганимизни (яъни мусулмонлар қадам-бақадам фатҳ қилиб келаётганларини) кўрмадиларми? Аллоҳ ҳукм қилур - Унинг ҳукмини текширувчи бўлмас. У тез ҳисоб-китоб қилгувчидир. 

42. Улардан илгари ўтган кимсалар ҳам (ўзларининг пайғамбарларига қарши турли) макр-ҳийлалар қилганлар. Аммо барча макр-ҳийлалар Аллоҳнинг (илкидадир. Демак, Ўша зотдан амр бўлмаса, бирон макр фойда - зарар етказа олмайди). У зот ҳар бир жоннинг қилаётган ишини билур. Яқинда кофирлар охират диёри кимники эканини билиб олажаклар. 

43. (Эй Муҳаммад, сизга) кофир бўлган кимсалар: «Пайғамбар эмассан», дейдилар. Айтинг: «Мен билан сизларнинг орамизда Аллоҳ ва Китоб - Қуръон илмидан хабардор бўлган (яъни, Аллоҳнинг каломини бандаларнинг сўзларидан ажрата оладиган) ҳар бир киши етарли гувоҳдир.






14. Иброҳим сураси 


Маккада нозил қилинган бу сура эллик икки оятдир. Бу сурада ҳам Макка сураларининг аксарисида бўлгани каби эътиқод, ваҳий, тавҳид - Аллоҳнинг бирлигига иймон келтириш, қайта тирилиш ва хусусан қиёмат кунида бўладиган ҳисоб-китоб ва жазо-мукофот тўғриларида батафсил сўз юртилади. 

Сура пайғамбарлар зиммасига юклатилган вазифа инсониятни зулматлардан нурга олиб чиқиш эканини баён этувчи оят билан бошланади. Бу билан биринчидан, ҳаётда зулматлар - эгри-нотўғри йўллар кўп, нур - ҳақиқат йўли эса танҳо бўлиши баён қилинса, иккинчидан, ўша ягона нурга фақат пайғамбарлар - Аллоҳнинг элчиларига нозил бўлган ваҳий воситасидагина етиш мумкинлиги уқтирилади. Яна бу сурадан Мусо пайғамбарнинг ўз қавми билан бўлган мулоқотларидан бири ҳақидаги оятлар ҳам жой олгандир. 

Суранинг «Иброҳим» деб атилишига сабаб унда пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳис-саломнинг Маккага келишлари ва у ерда Тангри таолога қилган дуо-илтижолари хусусида муфассал ҳикоя қилинганидир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад, бу Қуръон) Биз сизга, одамларни Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга - қудрат ва ҳамду сано эгаси бўлган зотнинг йўлига - олиб чиқишингиз учун нозил қилган Китобдир. 

2. Аллоҳ осмонлар ва ердаги бор нарса Ўзиники бўлган зотдир. Кофирлар учун қаттиқ азоб - ҳалокат бўлгай. 

3. Улар ҳаёти дунёни охиратдан афзал биладиган, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган ва уни (эгишни-бузишни истайдиган) кимсалардир. Улар (ҳақ йўлдан) йироқ бўлган гумроҳликдадирлар. 

4. Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз. Сўнгра Аллоҳ хоҳлаган кимсани йўлдан оздидур ва Ўзи хоҳлаган кишини қилур. У қудратли, ҳикматли зотдир. 

И з о ҳ . Пайғамбарларнинг вазифаси даъватдир, Бирон кишини йўлдан оздириш ёки Ҳақ йўлга ҳидоят қилиш эса ҳеч қайси пайғамбарнинг қўлидан келмайди - бу ёлғиз Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ ишдир. 

5. Дарҳақиқат, Биз Мусони (Бани Исроил қавмига) Ўз оятларимиз билан юбориб (унга дедик): «Қавмингни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига олиб чиққин ва уларга Аллоҳнинг неъматларини эслатгин! Албатта, бу (неъматлар)да ҳар бир сабр-қаноатли, шукр қилгувчи киши учун оят-ибратлар бордир». 

6. Ўшанда Мусо қавмига айтди: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини - сизларни оғир азоблар билан қийнаётган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эслангиз. Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бордир. 

7. Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир». 

8. Мусо яна деди: «Агар сизлар ўзингиз ва Ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсалар ҳам (Аллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) беҳожат, ҳамду сано эгасидир». 

9. Сизларга илгари ўтган кишиларнинг - Нуҳ қавмининг, Од, Самуд (қабилаларининг) ва улардан кейин ўтган, (сону саноқларини) фақат Аллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими? Уларга пайғамбарлари (ўзларининг ҳақ пайғамбар эканликларини билдирувчи) ҳужжатлар келтирганларида, улар қўллари билан (пайғамбарларнинг) оғизларини тўсиб, дедилар.: «Биз сизлар элчи қилиб юборилган динга кофир бўлдик. Чунки биз сизлар бизни даъват қилаётган динингиздан шак-шубҳададирмиз». 

10. Пайғамбарлари айтдилар: «Осмонлар ва Ернинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳ(нинг борлиги ва бирлиги) ҳусусида шак-шубҳа бўлиши мумкинми?! У зот сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилиш ва ўзларингизни маълум муддатгача (ҳалок қилмай) қолдириш учун (иймонга) даъват қилмоқда-ку!» Улар дедилар: «Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз, фақат бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган нарсадан (санамларга сиғинишдан) тўсмоқчисизлар, холос. Бас, (агар чин пайғамбар бўлсангизлар) бизга аниқ бир ҳужжат далил келтиринглар-чи?!» 

11. Пайғамбарлари уларга айтдилар: «(Ҳа), биз ҳам худди сизларга ўхшаган одамлармиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларига (пайғамбарлик) инъом қилур. Биз сизларга бирон ҳужжат келтира олмаймиз, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (келтиришимиз мумкин). Иймон келтирган кишилар ёлғиз Аллоҳгагина таваккул қилсинлар. 

12. (Ахир) бизни (тўғри) йўлимизга ҳидоят қилган Аллоҳга нечун таваккул қилмаймиз. Албатта, биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилгувчилар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар» 

И з о ҳ. Ибн ал-Жавзий айтишларича, Муҳаммад алайҳис-саломга ўтган пайғамбарларнинг қиссалари бу тарзда сўйлаб берилишига сабаб, биринчидан, у зотга ўзидан аввалги салафларининг ҳоли-хабарларини етказиш бўлса, иккинчи томондан, ўзларининг бошларига ҳам у пайғамбарлар ўз умматлари тарафидан кўрган кўргуликлар тушиши мумкинлиги ва бундай ҳолатда улар каби сабр-тоқат қилиш лозимлигини уқтиришдир. Таваккул,- уламолардан Абу Туробнинг таърифлашича,- ўзини мудом ибодатга чоғлаш, дилни ёлғиз Парвардигорга боғлаш, сафоли кунларда шукр қилиш, балоли кунларда сабр қилишдир. 

13-14. Куфр йўлини тутган кимсалар ўзларининг пайғамбарларига: «Албатта, биз сизларни еримиздан ҳайдаб чиқарурмиз ёки сизлар бизнинг динимизга қайтурсизлар», дедилар. Шунда Парвардигорлари уларга (яъни пайғамбарларга): «Албатта, Биз бу золимларни ҳалок қилурмиз ва улардан сўнг шу ерни сизлар учун маскан қилурмиз. Бу (ваъда) Менинг ҳузуримда (сўроқ-савол бериб) туришдан қўрқувчи ва Менинг (кофирларни дўзахга гирифтор қилиш хусусидаги) ваъдамдан хавф қилгувчи кишилар учундир», деб ваҳий юборди. 

15. (Сўнгра пайғамбарлар Аллоҳдан) мадад тиладилар ва барча жабркор-саркаш кимсалар бахтсизликка дучор бўлдилар. 

16-17. Унинг (яъни, ҳар бир кофир бўлган кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Унинг ортида (бундан-да) оғир азоб бордир. 

18. Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар қилган амалларининг мисоли худди бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулга ўхшайди - улар қилган амалларидан бирон фойдага эга бўла олмайдилар. Бу - йўлдан озишнинг ўзидир. 

19. (Эй инсон), Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳақ (қонун) билан яратиб қўйганини кўрмадингми?! Агар У зот хоҳласа сизларни кетказиб, (ўрнингизга ўзгаларни) янгитдан яратур. 

20. Бу (иш) Аллоҳ учун қийин эмасдир. 

21. (Қиёмат кунида) барча (халойиқ) Аллоҳга рўбарў бўлиб, бечора (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «Бизлар сизларга эргашган эдик, энди сизлар бизларни Аллоҳнинг бирон азобидан қутқара олурмисизлар?!» деганларида, улар айтдилар: «Агар Аллоҳ бизни (ҳақ йўлга) ҳидоят қилганида биз ҳам сизларни ҳидоят қилган бўлур эдик. (Энди эса) дод-вой қиламизми, сабр-қаноат қиламизми, биз учун баробардир - ҳеч қандай нажот йўқдир». 

22. Қачонки, иш тугагач (яъни, жаннат яҳли жаннатга сазовор бўлиб, дўзахилар дўзахга ҳукм қилингач), шайтон деди: «Албатта, Аллоҳ сизларга хақ ваъда қилган эди. Мен эса (ёлғон) ваъдалар бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингизда ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чақиришим биланоқ ўзингиз менга итоат этдингиз. Энди мени эмас, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам бергувчи эмассиз. Албатта, мен сизлар илгари (Аллоҳга) мени шерик қилганингизни инкор қилурман. Албатта, золимлар (яъни кофирлар) учун аламли азоб бордир. 

23. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритилиб, Парвардигорларининг изни-иродаси билан у жойда мангу қолдилар. Уларнинг (жаннатдаги) салом-аликлари бир-бирларига тинчлик-омонлик тилашдир. 

И з о ҳ . Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, юқоридаги оятларда қиёмат куни бўладиган воқеа-ҳодисаларнинг ҳаммаси ўтган замон феъли билан ифодаланди. Муфассирларнинг таъкидлашларича, бу қиёмат қойим бўлиши аён ҳақиқат эканлигига бир ишорадир. Зеро, бўлиши ё келиши аниқ бўлган иш-воқеалар ҳақида ўтган замон тилида гапириш ҳамма халқларда ҳам бор бўлган услубдир. Масалан, ўлим жазосига мустаҳиқ бўладиган жиноятни қилган кимсага: «Энди ўлдинг», дейилади ва ҳоказо. 

24-25. (Эй инсон), Аллоҳ яхши Сўзга (яъни, иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: у сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур. 

26. Ёмон сўзнинг (яъни, куфр сўзнинг) мисоли эса ердан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда (ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар. 

27. Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур. 

28-29. (Эй инсон), Аллоҳнинг неъматини (яъни иймонни) куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини (яъни ўзининг ортидан эргашганларни) ҳалокат чоҳига - ўзи кирадиган жаҳаннамга қулатган кимсаларни кўрмадингми?! Нақадар ёмон жой у! 

30. Улар (одамларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун У зотга "тенг"ларни (ўйлаб) топдилар. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Фойдаланиб қолинглар! Ҳеч шубҳа йўқки, оқибат борадиган жойингиз дўзахдир». 

31. (Эй Муҳаммад), иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни тўкис адо қилсинлар ҳамда олди-сотди ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган Кун (қиёмат) келиб қолишидан илгари Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилсинлар. 

32. Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У Ўз амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйинсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйинсундирди. 

33. У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна кеча ва кундузни сизлар учун бўйинсундирди. 

34. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва жуда ношукрдир. 

35. (Эй Муҳаммад), эсланг, Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни Маккани) тинч шаҳар қилгин, мени ва болаларимни бутларга бандалик қилишдан йироқ қилгин. 

36. Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан). 

37. Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир бўлагини - ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. 

И з о ҳ . Ривоят қилинишича, Иброҳим алайҳис-саломнинг Ҳожар исмли хотинлари Исмоил алайҳис-саломни туққанларида, Сора (Иброҳим пайғамбарнинг бошқа хотинлари) бундан ғашланиб, Ҳожарга рашк қила бошлаган экан. Шунда Иброҳим алайҳис-салом Аллоҳ таоло амри билан ўғиллари Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни олиб, Шомдан Маккага бориб, уларни ўша жойга жойлаштириб қайтаётиб, Тангри таолога илтижо қилиб мана шу оятларда мазкур бўлаётган дуоларни ўқиган эканлар. Ҳадиси шарифда зикр қилинишича, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Иброҳим алайҳис-саломнинг дуоларини ижобат қилиб, ўша саҳродан «зам-зам» чашмасини чиқариб, у ерда қолганларга оби ҳаёт ато этган экан. 

Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо қилсинлар деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни (барча) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар. 

38. Парвардигоро, албатта Сен бизлар яширган нарсани ҳам, ошкор қилган нарсани ҳам билурсан, Аллоҳ учун еру осмондаги бирон нарса махфий эмасдир. 

39. Менга кексалик пайтимда Исмоил ва Исҳоқни ҳадя қилган зот - Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Албатта, Парвардигорим барча дуоларни эшитгувчидир. 

40. Парвардигорим, мени ва зурриётимдан (бўлган болаларимни) намозни тўкис адо этгувчи қилгил. Парвардигоро, дуоимни қабул айла. 

41. Парвардигоро, ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва барча мўминларни мағфират қилгил. 

42. (Эй Муҳаммзд), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли қиёмат) кунига қолдирмоқда, холос. 

43. (У куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонгга хисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур. 

44. (Эй Муҳаммад), одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келар кунда (қиёматда) золим-кимсалар: «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва пайғамбарларингга эргашурмиз», дейдилар. (Шунда уларга жавоб қилинур): «Илгари (ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичмаган эдингизларми?! 

45. (Ахир) сизлар ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига (улар заволга юз тутганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ маълум эди. Биз сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган эдик (лекин сизлар бу кўрган билганларингиздан ибрат олмадингиз, ҳақ йўлга юрмадингиз)». 

46. Дарҳақиқат, улар (яъни Макка мушриклари) ўзларининг макр-ҳийлаларини қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса-да, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Аллоҳ ҳузурида (маълумдир). 

И з о ҳ. Бу оятда мушрикларнинг Муҳаммад алайҳис-саломга қарши қилган ҳийла-найрангларига ва Аллоҳ таоло уларнинг барча уринишларини беҳуда кетказганига ишора қилинмоқда. 

47-48. (Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз Аллоҳни ўз пайғамбарларига берган («Биз албатта пайғамбарларимизни ғолиб қилурмиз», деган) ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйламанг. Албатта, Аллоҳ ғолибдир ва (у) ер бошқа ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва қудратли Аллоҳга рубарў бўладиган кунда (қиёматда) интиқом олгувчидир. 

49. (Эй Муҳаммад), у кунда жиноятчи кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз. 

50. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур. 

51. Аллоҳ ҳар бир жонга қилган ишига яраша жазо бериш учун (мана шундай қайта тирилтирур). Албатта, Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир. 

52. (Қуръон) одамлар огоҳлантирилишлари ва (Аллоҳ) ягона илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун (Аллоҳ тарафидан нозил қилинган) бир баёнот - хабардир.








15. Ҳижр сураси 


 Бу сура Макка сураларидан бўлиб, тўқсон тўққиз оятдан ташкил топгандир. Бу суранинг меҳвари - ўқи турли асрлардаги пайғамбарларни ёлғончи қилиб, уларга қарши чиққан осийларнинг ҳаммаси ҳалокатга учраганлари атрофида айланади. Шу боисдан сура бундай кимсаларга иймонсизликларининг оқибати хатарли эканлиги ҳақида танбеҳ бериш билан бошланади. 

Бу сурада буржларга бўлинган осмон, ҳаёт кечириш унун мослаб яратилган замин, маъдан-хазиналарни ўз бағрига олиб ўрнашган тоғлар, ёмғирли булутларга «ҳомиладор» бўлган шамоллар зикр қилиниб, буларнинг барчаси Ҳақ таоло тарафидан инсонга хизмат қилиш учун яратилгани уқтирилади. Сўнгра Яратганнинг амри билан асли зуваласи «қора лой»дан қорилган инсонга бутун мавжудот сажда қилганида фақат Иблисгина бу фармонга бўйинсунмай кибр-ҳаво қилганини баён қилиш билан шайтоннинг инсониятга нисбатан бўлган адовати то қиёматгача давом этишига ишора қилинади. Яна бу сурада Аллоҳнинг пайғамбарлари - Иброҳим, Лут, Шуъайб ва Солиҳ алайҳис-саломларнинг қиссалари сўйланади. Булардан Солиҳ пайғамбарнинг қавмлари - Самуд қабиласи Ҳижр (Мадина ва Шом ўртасидаги водий)дан эканлиги зикр қилиниб, мазкур суранииг «Ҳижр» деб номланишининг боиси шудир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) Китобнинг - равшан Қуръоннинг оятларидир. 

2. Ҳали (қиёмат куни) кофир бўлган кимсалар мусулмон бўлишни истаб қолурлар. 

3. (Эй Муҳаммад,) уларни қўяверинг, еб-ичиб, фойдаланиб қолсинлар, орзу-ҳавасларига машғул бўлаверсинлар. Бас, яқинда (бу қилмишларининг оқибати нима бўлишини) билиб олурлар. 

4. Биз бирон шаҳарни (яъни, унинг аҳолисини) ҳалок қилган эмасмиз, магар унинг учун аниқ муддат бўлгандир (яъни, ўша муддати - ажали битгандан сўнггина ҳалок қилганмиз. 

5. Бирон авлод ўз ажалидан илгари кета олмайди. Шунингдек (ундан), ортда ҳам қола олмайди. 

6-7. Улар (яъни, Макка кофирлари Муҳаммад алайҳис-саломни масхара қилишиб): «Эй (ўзига) эслатма - Куръон нозил килинган (деб даъво қилаётган) киши, дарҳақиқат, сен, мажнунсан. Агар («Мен Аллоҳнинг пайғамбариман», деган даъвоингда) ростгўйлардан бўлсанг, бизга (сўзларингни тасдиқлайдиган) фаришталарни келтиргин-чи», дедилар. 

8. Биз эса фаришталарни фақатгина (кофирлар зиммасига) ҳақ (бўлган азоб) билан туширурмиз ва бу ҳолда уларга (кофирларга) қараб турилмас (яъни, улар дарҳол ҳалоқ қилинурлар). 

9. Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз. 

И з о ҳ . Ушбу ояти карима асрлар оша Қуръоннинг илоҳий Китоб эканини қайта-қайта исботлаб келмоқда. Узоқ ўтмишни қўйиб турайлик, мана шу бизнинг асримизнинг ўзида бу азиз китобни йўқ қилиш учун қанчадан-қанча хуружлар бўлмади. Уни ўтга ёқдилар, дарёларга оқиздилар, қабрларга кўмдилар. Бугина эмас! Яна Қуръонни ёд олган ёки ҳаётини шу илоҳий китобга амал қилиб ўтказмоқни истаган миллионлаб улуғ зотларни қириб йўқотиб юбордилар. Кейин-чи? Кейин бошқа миллионлар қўлларида, тилларида ва дилларида бирор ҳарфи ҳам заҳаланмаган шу азиз китоб билан пайдо бўлдилар! «Шубҳасиз Ўзимиз уни сақлагувчимиз», деган илоҳий сўзлар ўз тасдиғини топди. Ислом таълимотига кўра Қуръон илоҳий китобларнинг сўнггисидир. Бинобарин, мана шу оятда уни то қиёмат йўқотмай, бузмай сақлашни Тангри таоло Ўз зиммасига олгандир. Шу боис, бошқа - илгариги умматларга нозил қилинган илоҳий китобларга ўзгаришлар киритилиб, бузилгани ҳолда (масалан, Инжилнинг етмишдан ортиқ таржималари бор, лекин асл нусхаси ҳеч қаерда мавжуд эмас). Қуръон мана, ўн тўрт асрдан буён пайғамбар алайҳис-саломга қандай нозил қилинган бўлса, (йўқ қилишга уринишлар, бало-офатлардан асралиб) худди ўшандай сақланиб келмоқда. 

10. (Эй Муҳаммад), аниқки, Биз сиздан илгари ўтган, аввалги (турли-туман) тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. 

11. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар. 

12. Шунингдек, уни (яъни, пайғамбарлар устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи - осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз. 

13. Улар унга (Қуръонга) иймон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалгиларнинг суннатлари - ибратлари ўтгандир (яъни, аввалги кофирлик билан ўтган кимсаларнинг оқибатлари нима бўлгани маълумдир). 

14-15. Агар Биз уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, албатта улар: «Шак-шубҳасиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган кишилардирмиз», деган бўлур эдилар. 

И з о ҳ . Бу оятларда уқтирилиишча, кўнгил кўзи кўр кимсалар уларга самонинг сиру синоатларини, ундаги малоикаларни кўриш насиб этганида ҳам, барибир, Яратганга иймон келтириш ўрнига: «Бизларнинг кўзимизни боғлаб қўйишди, ўзимизни сеҳрлаб қўйишди», дейишдан нарига ўтмас эканлар. 

16. Маълумки, Биз осмонда буржлар яратдик ва кузатувчилар учун уни (юлдузлар билан) безаб қўйдик. 

17. Ва уни (осмонни) барча малъун-шайтон, жинлардан муҳофаза қилдик. 

18. Магар (у жинлардан) биронтаси (осмондаги малоикаларнинг бирон сўзини) ўғринча эшитиб олса, бас, уни очиқ (учар) юлдуз қувиб етар (яъни, ҳалок этар). 

И з о ҳ . Диний таълимотга кўра, замин инсонларнинг макони, осмон эса малоикаларнинг ошёнидир. Бу фаришталар «Аллоҳнинг аскарлари» саналиб, Тангри таоло Ўзининг ердаги бандалари хусусидаги барча ҳукм-фармонларини адо қилишни ана ўша фаришталар зиммасига юклагандир. Энди оламда учинчи бир тоифа - жинлар тоифаси ҳам борки, улардан айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гап-сўзларини ўғринча эшитиб олишиб, ердаги фолбинларга етказмоқчи бўладилар. Мазкур оятларда уқтирилишича, осмондаги учар юлдузлар ана ўшандай шайтон-жинларга отилган ўқлардир. 

19. Ерни эса ёйиқ - кенг қилдик ва унда тоғларни ўрнатиб қўйдик ҳамда унда (ҳар ернинг ўзига) мосланган турли-туман нарсаларни (ўсимлик, меваларни) ундириб-ўстирдик. 

20. Ва унда (яъни, ерда) сизлар учун ҳам сизлар ризқлантира олмайдиган (балки фақат Биз ризқ берадиган сизларнинг қўл остингиздаги) кишилар учун ҳам тирикчилик - ризқу насибаларни яратиб қўйдик. 

21. (Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг асли - манбаи Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни аниқ ўлчов билан (сизларга) туширурмиз. 

22. Биз шамолларни (булутларга) ҳомиладор бўлган ҳолларида юбордик, осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, сизларни у билан суғордик. Сизлар уни тўплаб олгувчи эмассиз (балки Биз дарё ва кўллар яратиб, у сувни сизлар учун тўплаб берурмиз). 

23. Албатта, Биз ўзимиз (барча жонзотга) ҳаёт берурмиз ва ўлим берурмиз. Биз ворисдирмиз (яъни, барча ўтгандан кейин ёлғиз Ўзимиз қолурмиз). 

24. Аниқки, Биз сизлардан илгари ўтган (барча) зотларни билдик. Аниқки, Биз кейин келгувчи зотларни хам билдик. 

25. (Эй Муҳаммад), албатта Парвардигорингизнинг Ўзи (қиёмат куни) уларни (яъни, аввалу охир ўтган инсонларни) тўплар. Албатта, У ҳикмат ва билим соҳибидир. 

26. Маълумки, Биз инсонни (Одамнинг асли) қора ботқоқдан бўлиб (одам) сурати берилгач, қуритилган лойдан яратганмиз. 

И з о ҳ. Дарвоқе, ҳозирги илм-фан инсон баданида ер таркибида бўлган барча жисмлар мавжуд эканини исботлаган. 

27. Жинни (яъни, Иблисни) эса (Одамдан) илгари оташ-оловдан яратган эдик. 

28-29. (Эй Муҳаммад), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Инсон яратгувчиман. Бас, қачон уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) жондан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!» деганида; 

30. Барча-барча фаришталар унга (яъни, Одамга) сажда килдилар. 

31. Магар Иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди. 

32. (Шунда Аллоҳ) деди: «Эй Иблис, нечун сен сажда қилгувчилар билан бирга эмассан?» 

33. У айтди: «Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб, (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Сен яратган Одамга сажда қилгувчи эмасман). 

34. (Аллоҳ) деди: «Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган - малъунсан. 

35. Ва албатта то жазо (қиёмат) кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур». 

36. (Иблис илтижо қилиб) деди: «Парвардигорим, у ҳолда менга улар қайта тириладиган кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин». 

37-38. (Аллоҳ) деди: «Бас, сен маълум вақтда (етиб келадиган) Кунгача (қиёматгача) муҳлат берилганлардансан». 

39. (Иблис) айтди: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. 

40. Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)». 

41-42. (Аллоҳ) деди: «Менинг зиммамдаги Тўғри йўл будир: аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу Тўғри йўлдан оздира олурсан)». 

43. У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз, жаҳаннамдир. 

44. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозадан уларнинг бир тўдаси кирур. 

45. Тақводор - парҳезкор зотлар эса албатта боғлар ва чашмалар устидадирлар. 

46. (У зотларга: «Жаннатлар)га тинчлик билан соғ-омон киринглар», (дейилур). 

47. Биз (жаннатлардаги) сўриларда дўст-биродар бўлиб, бир-бирларига рўбарў ўтирган зотларнинг дилларидаги ҳар қандай гина-кудуратларни чиқариб ташладик. 

48. У жойда уларга бирон чарчоқ етмас ва улар у жойдан чиқарилгувчи ҳам эмаслар! 

49-50. (Эй Муҳаммад), бандаларимга ёлғиз Менинг Ўзимгина мағфиратли, меҳрибон эканлигимни ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини хабар қилинг! 

51. Яна уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида хабар беринг! 

52. Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб: «Салом», деганларида, (Иброҳим алик олиб, уларга бир семиз бузоқни пишириб келтирди. Лекин меҳмонлар таомга қўл чўзишмагач), у: «Биз сизлардан қўрқмоқдамиз (Кимсизлар ўзи)?» деди. 

53. Улар дедилар: «Қўрқмагин (биз Аллоҳ юборган элчи - фаришталармиз). Биз сенга бир билимдон ўғил (яъни, Исҳоқ) хушхабарини етказурмиз». 

54. У деди: «Менга кексалик етган пайтида (фарзанд кўришим ҳақида) хушхабар келтирдингизми? Энди менга (бу ёшимда) ниманинг ҳам хушхабарини етказар эдингизлар?» 

55. Улар айтдилар: «Биз сенга ростдан ҳам (фарзанд кўришинг) хушхабарини келтирдик. Бас, сен ноумид кимсалардан бўлмагин!» 

56. У деди: «Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар». 

57. (Сўнгра, уларга қараб яна) деди: «Эй элчилар, нима юмуш билан келдингиз?» 

58. Улар дедилар: «Бизлар бир жиноятчи қавмга (яъни, Лут қавмига уларни ҳалок қилиш учун юборилганмиз. 

59. Лекин биз Лутнинг оиласини тўла-тўкис қутқаргувчидирмиз. 

60. Фақат унинг хотинига (нажот йўқдир)». (Чунки) Биз (яъни, Аллоҳ) унинг (азоб-уқубатда) қолгувчилардан бўлишини тақдир қилиб қўйганмиз. 

61-62. Энди қачонки Лут оиласига элчиларимиз келгач, у (Лут) деди: «Аниқки, сизлар нотаниш қавмсиз». 

63. Улар дедилар: «Йўқ, (биз Аллоҳнинг элчи - фаришталаримиз). Биз сенга улар (яъни, қавминг) шак-шубҳа қилаётган нарсани (яъни, Аллоҳнинг азобини) келтирдик. 

64. Биз сенга ҳақ азобни келтирдик. Биз, шак-шубҳасиз, ростгўйдирмиз. 

65. Энди сен кечанинг бир қисми (ўтгач), аҳли оиланг билан йўлга туш ва ўзинг уларнинг ортида кетгин. Сизлардан бирон киши атрофга алангламасин ва сизларга буюрилган тарафга қараб кетаверинглар». 

66. Биз унга (яъни, Лутга) тонг пайтида ана у (кофир қавм)нинг думи қирқилиши - ҳалок бўлиши ҳақидаги мана шу фармонни ваҳий қилдик. 

67. (Лутнинг уйига чиройли йигитлар келгани ҳақидаги хабарни эшитиб) шаҳар аҳолиси шод-хуррам бўлган ҳолларида келдилар. (Чунки улар баччабозлик иллатига мубтало бўлган эдилар). 

68. (Шунда Лут) деди: «Ахир бу (йигитлар) менинг меҳмонларим-ку. Мени шарманда қилманглар. 

69. Аллоҳдан қўрқинглар! Мени расво қилманглар!» 

70. Улар айтдилар: «Биз сени барча олам (одамларини ҳимоя қилиш)дан қайтармаганмидик?!» 

И з о ҳ . Ривоят қилишларича, Лут алайҳис-салом доимо қишлоқларига келган мусофирларни уларга зўрлик қилмоқчи бўлган кофирларнинг ахлоқсиз хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилур эканлар. Шунда у кофирлар Лутга: «Агар яна бегонларни биздан ҳимоя қилсанг, сени қишлоғимиздан қувиб чиқарамиз», деб дўқ урган эканлар. 

71. У (Лут) деди: «Агар (шу ишни) қилгувчи бўлсангизлар, ана (қишлоғимиздаги) қизларим (туришибди, ўша қизларни никоҳларингизга олаверинглар)». 

72-73. (Эй Муҳаммад), ҳаётингизга қасамки, улар ўз мастликларида тентираб юрган ҳолларида, (тўсатдан) тонг пайтида уларни даҳшатли қичқириқ тутди. 

74. Биз у шаҳарни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан бўлган тош ёғдирдик. 

75. Албатта, бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун оят-ибратлар бордир. 

76. Дарвоқе, у (шаҳар) доимий йўл устидадир (яъни, унинг нима сабабдан Тангрининг ғазабига дучор бўлиб вайрон қилингани ҳақида тафаккур килмайдиларми?!) 

77. Албатта, бунда мўминлар учун оят-ибрат бордир. 

78. Шубҳасиз, дарахтзор эгалари (яъни, Шуъайб пайғамбарнинг қавми золим (кофир) бўлганлари аниқдир. 

79. Бас, Биз улардан интиқом олдик. Дарвоқе, уларнинг (яъни, Лут қавмининг шаҳри ва Шуъайб қавмининг шаҳри) иккиси ҳам очиқ йўл устидадир. (Яъни, уларни кўриб ибрат олмайсизларми?) 

80. Аниқки, Ҳижр (водий) эгалари (Самуд оиласи) ҳам пайғамбарларни (яъни, Солиҳ алайҳис-саломни) ёлғончи қилгандирлар. 

81. Биз уларга Ўз оят-мўъжизаларимизни ато этган эдик, улар бу оятлардан юз ўгирувчи бўлдилар. 

82-83. (Шундан сўнг) улар тинч-омонликда (гўё ҳеч қачон ўлмайдигандек) тоғларидан уйлар йўниб юрганларида, уларни тонг чоғида даҳшатли қичқириқ тутди. 

84. Сўнгра уларга қилган нарсалари (яъни, тош қалъалари) бирон фойда бермади. 

85. Биз осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларни фақат ҳақ қонун-қоида билан яратдик. Соат - қиёмат ҳам, шак-шубҳасиз, келгувчидир. Бас (шундай экан, эй Муҳаммад, сиз жоҳил - кимсаларнинг етказаётган озор-азиятларига сабр-тоқат қилинг ва улардан) чиройли юз ўгириш билан юз ўгиринг! 

И з о ҳ. Бу оятни шундай тушунмоқ лозимдир. Бу оламдаги бирон нарса тасодифий эмас, балки еру осмондаги ҳар бир зарра етук ҳикмат ва аниқ ўлчов билан яратилгандир ва ҳамма мавжудот бир-бири билан узвий боғлиқдир. Қилинадиган яхши-ёмон амаллар ҳам аниқ қонун-қоида асосида Ўз мукофот ва жазосини олур. 

Бу дунё ҳаёти аввалидан охиригача биргина соатдир. Шу соат битгач, қиёмат бошланур ва ўша соатнинг ҳар бир дақиқа, сониясида қилинган иш - амаллар ҳисоб-китоб қилинур. Бас, шундай бўлгач, жоҳиллардаи юз ўгириб, бу қисқа умрнинг ҳар бир сониясини дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда берадиган амалларни қилишга сарфламоқ лозимдир. 

86. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзигина яратгувчи, билгувчидир. 

87. Дарҳақиқат, Биз сизга етти такрорланувчини (яъни, етти оятдан иборат бўлган, ҳар бир ракаат намозда такрорланадиган «Фотиҳа» сурасини) ва Улуғ Қуръонни ато этдик. 

88. Сиз кўзларингизни Биз у (кофирлардан айрим) тоифаларни баҳраманд қилган нарсаларга (яъни, уларнинг молу давлат, шаъну шавкатларига) тикманг! Уларнинг (иймонсизликлари) устида ғамгин ҳам бўлманг! Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни мудом камтар-тавозуъли бўлинг!) 

89. Ва (иймонсиз кимсаларга айтинг: «Албатта мен (сизларга Аллоҳнинг азоби тушишидан) очиқ-ошкор огоҳлантиргувчиман». 

90-91. Худди Қуръонни бўлак-бўлак қилиб олган кимсаларга (яъни, Қуръоннинг айрим оятлари ўзларининг истак-хоҳишларига тўғри келиб қолса, унга иймон келтириб, айрим оятларини эса ҳавои хоҳишларига тўғри келмагани учун инкор этадиган яҳудий ва насронийларга илгари Таврот ва Инжил китобларини) нозил қилганимиз каби (сизга ҳам ушбу Қуръонни нозил қилдик). 

92-93. Парвардигорингиз номига қасамки, албатта уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш амаллари ҳақида сўраймиз. 

94. Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳак динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг! 

95. Албатта, Биз Ўзимиз - сизни масхара қилгувчиларни (ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз. 

96. Улар Аллоҳга яна бошқа «илоҳ»ларни (шерик) қилурлар. Бас, яқинда (қиёмат кунида бу қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар. 

97. Шак-шубҳасиз, Биз улар (сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини билурмиз. 

98. Бас, сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни «шерик»лардан) покланг ва сажда қилгувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур!) 

99. (Шунингдек), то сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!






16. Наҳл сураси 


 Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, бир юз йигирма саккиз оятдир. У қиёмат соати яқинлашиб қолгани ҳақида хабар бериш билан бошланади. Сўнгра Тангри таоло ўзининг якка-ёлғиз экани, ердаги жонли-жонсиз бутлар Унга шерик бўлолмасликлари хусусида огоҳлантиради ва еру осмонлар, денгизлар, тоғлар, водий ва воҳалар, осмондан тушиб ерни кўкартираётган ёмғир, ердан униб чиқиб, осмонга интилаётган наботот, денгизларда сузиб бораётган кемалар, кечаларда йўловчи мусофирлар учун маёқ бўлган юлдузлар ва хусусан бир томчи сувдан яралиб бутун борлиқдан азиз ва мукаррам бўлган инсон - буларнинг барчаси бир доно ва билимдон Яратгувчи Зот борлигига далолат қилиб туриши тўғрисида уқтирилади. Сўнгра Аллоҳ таоло ато этган беҳисоб неъматларнинг шукрини адо қилиш лозимлиги, куфрони неъмат қилган кўрнамак кимсаларнинг оқибати ҳалокат эканлигини баён қилувчи оятлар келтирилади. Сура ниҳоясида пайғамбар алайҳис-салом ва у кишининг умматларига Аллоҳнинг динига илму ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат қилиш билан даъват этиш ҳамда бу даъват йўлида чекиладиган жабру жафоларга сабр-тоқат қилиш амр этилади. Тангри таолонинг ожиз ва мўъжиз махлуқи бўлмиш асалари хусусида, унинг ибратли ҳаёт тарзи ҳақида ҳикоя қиладиган оятлар ўрин олгани учун у «Наҳл» - «Асалари» сураси деб аталгандир. 

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 

1. Аллоҳнинг фармони (яъни қиёмат) келиб қолди. Бас, сизлар (эй мушриклар), уни шоштирмай қўя қолинглар. (Аллоҳ) уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир. 

И з о ҳ . Мазкур оят Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилишиб: «Эй Муҳаммад, сен бизларни қўрқитаётган қиёмат рост бўлса, келсин-чи, кўрайлик», деганларида нозил бўлган. 

2. (Аллоҳ) Ўз амри-иродаси билан Ўзи хоҳлаган бандаларига Фаришталарни (шундай) ваҳий билан туширур: («Эй пайғамбарларим, инсонларни) огоҳлантирингларки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Мен Ўзимгина бордирман. Бас, (барчаларингиз) Мендангина қўрқингиз!» 

3. У осмонлар ва ерни ҳақ (қонун) билан яратди. У (мушрикларнинг) ширкларидан юксакдир. 

4. У инсонни нутфадан - бир томчи сувдан яратган эди. Баногоҳ (инсон) очиқдан-очиқ рақибга айланиб олди. 

И з о ҳ . Бу оятда қайта тирилиш ҳақ эканлиги очиқ мантиқ билан исботланмоқда - яъни, бир томчи сувдан шундай гўзал хилқатли инсонни яратишга қодир бўлган Аллоҳ таоло унинг жонсиз жасадига қайтадан жон ато этишга қодир эмасми?! Инсон эса ўзининг нимадан яратилганини унутиб Яратганга қарши хусумат қилиб юрибди. 

5. У зот яна сизлар учун иссиқ кийим ва (турли) манфаатлар бўлсин, деб чорва молларини ҳам яратдики, сизларнинг таом-озуқаларингиз улардан бўлур. 

6. Яна сизлар учун улар кечқурун ўтлоқдан қайтаётган ва тонгда ўтлоққа кетаётган пайтида бир чирой - файз бўлур. 

7. Шунингдек, улар сизлар жонларингизни қийнаб, зўр-базўр (машаққат билан) етадиган юртларга юкларингизни элтиб берур. Албатта, Парвардигорингиз меҳрибон ва раҳмлидир. 

8. У зот яна сизлар минишингиз учун зийнат қилиб отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур. 

И з о ҳ. Бизга замондош муфассирлар ушбу оятдаги: «... сизлар билмайдигап нарсаларни ҳам яратур» жумласини Қуръон нозил бўлган даврда мавжуд бўлмай, кейин илм-фан тараққий этиши билан кашф қилинган сайёра - машина, қатор - поезд, тайёра - самолёт ва бошқа бизлар ҳам билмайдиган, бундан кейин кашф қилинадиган нақлиёт - траспорт воситалари, деб тафсир қиладилар. 

9. Тўғри йўлга (ҳидоят қилиш) ёлғиз Аллоҳ измидадир, (Зотан, йўллар) орасида эгриси ҳам бордир. Агар (Аллоҳ) хоҳлаганида сизларнинг барчангизни (Тўғри йўлга) ҳидоят қилган бўлур эди. (Лекин У зот сизларга қайси йўл тўғри ва қайси йўллар эгри эканини кўрсатиб, қай бир йўлни танлаш ихтиёрини ўзларингизга қўйиб берди ва ақл-идрок билан Тўғри йўлни танлаб олган бахтли бандаларини Ўз хоҳиш-иродаси билан Ўша Ҳақ йўлга ҳидоят этишни ваъда қилди, эгри йўлларни танлаган кимсалар эса ҳар икки дунёда бахтсиз бўлиб, ўзларига зиён қилишлари тўғрисида хабар берди). 

10. У осмондан сизлар учун ичимлик бўлган сувни ёғдирган зотдир. Сизлар (ҳайвонларингизни) боқадиган дов-дарахтлар (ўт-ўланлар) ҳам ўша сувдан (ичар). 

11. У зот сизлар учун ўша (сув) ёрдамида (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундириб-ўстирур. Албатта, бу нарсада (яъни, бир хил сув ёрдамида рангу рўйи, таъму лаззати бошқа-бошқа бўлган мева-чеваларнинг униб-ўсишида) тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир. 

12. У зот сизлар (бекаму кўст ҳаёт кечиришингиз учун) кеча ва кундузни, қуёш ва ойни (бир тартибга солиб) бўйсундириб қўйди. (Барча) юлдуз - сайёралар ҳам Унинг амрига бўйинсундирилгандир. Албатта, бу нарсада ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 

13. Яна У зот сизлар учун ерда яратиб қўйган ранго-ранг нарсаларни (яъни, ҳайвонот ва наботот оламини, ер ости ва ер усти бойликларини ҳам сизларга бўйинсундирди). Албатта, бу нарсада ибрат-эслатма оладиган қавм учун оят-ибрат бордир. 

14. У сизлар янги гўшт (яъни, балиқ гўшти) ейишларингиз ва тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишларингиз учун (сизларга) денгизни ҳам бўйинсундириб қўйган зотдир, Сиз унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. У зотнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиз ва (берган неъматларига) шукр қилишингиз учун (сизларга денгизларни бўйинсундириб қўйди). 

15. У зот Ер сизларни тебратмаслиги учун унда тоғларни барпо қилди, (ўзларингиз учун ичимлик бўлиши ҳамда экин-тикинларингизни суғоришингиз учун) дарёларни (оқизиб қўйди) ва (кўзлаган манзилларингизга боришда) адашмасликларингиз учун йўлларни пайдо қилди. 

16. Ва (у йўлларга) белгилар (қилиб қўйди. Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан йўл топурлар. 

17. (Эй мушриклар), ахир (барча мавжудотни) яратгувчи зот - Аллоҳ билан (ҳеч нарса) ярата олмайдиган (бутларингиз) баробарми?! Ўйламайсизларми?! 

18. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. 

19. Аллоҳ яширган нарсаларингизни ҳам, ошкор қилган нарсаларингизни ҳам билур. 

20. (Мушрикларнинг) Аллоҳни қўйиб, илтижо қилаётган бутлари бирон нарсани яратгувчи эмасдир, балки ўзлари яралгувчидирлар. 

21. (Улар) жонсиз ўликлардир. Ва улар (ўзларига сиғинаётган мушрикларнинг) қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар. 

22. Тангрингиз ягона тангридир. Бас, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг кўнгиллари (Аллоҳнинг якка-ягона эканлигини) инкор қилур, (уларнинг) ўзлари мутакаббир кимсалардир. 

23. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ уларнинг яширган нарсаларини ҳам, ошкор қилган нарсаларини ҳам билур. Албатта, У зот мутакаббир кимсаларни севмас. 

24. Қачон уларга: «Парвардигорингиз Муҳаммад алайҳис-саломга) қандай нарса нозил қилди?» - дейилса, улар (масхара қилишиб): «Аввал ўтганларнинг афсоналарини», дейдилар. 

25. Улар (бу ёлғон сўзларни, бошқа одамларни йўлдан оздириш учун ва оқибатда) қиёмат кунида, ўзларининг барча гуноҳларига ҳамда ўзлари жаҳолат билан йўлдан оздирган кимсаларнинг гуноҳларидан ҳам (бир қисмига) жавобгар бўлиш учун (айтгандирлар). Огоҳ бўлингиз, улар жуда ёмон юкни (яъни, гуноҳларни) орқалиб олибдилар. 

26. Улардан аввалги (кофир) кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларига мана шунга ўхшаш) макр-ҳийлалар қилган эдилар. Шунда Аллоҳ улар (қурган макр-ҳийла) биноларини таг-туги билан емириб ташлади, бас, улар (тўқиб олган ёлғон бино-тузумлари)нинг томи ўзларининг устига қулади ва уларга ўзлари сезмаган - кутмаган тарафдан азоб-ҳалокат келди. 

27. Кейин - қиёмат кунида (Аллоҳ) уларни яна расво қилур ва айтур: «Менинг «шерик»ларим қаерда қолишди?! (Ахир) сизлар (Менинг пайғамбарларим билан ўшалар тўғрисида) талашиб-тортишар эдинглар-ку?!» (Шунда) илм берилган зотлар (яъни пайғамбарлар ва уламолар) дерлар: «Дарҳақиқат, бугун бутун расволик ва азоб-уқубат қофирлар устига тушар». 

28. Улар (куфр йўлини танлашлари сабабли) ўз жонларига жабр қилган ҳолларида (ўлим) фаришталари уларнинг жонларини олурлар. Шунда улар (тақдирга) тан беришиб - (бўйинларини қисишиб): «Бизлар бирон ёмонлик - гуноҳ қилган эмасмиз» (дерлар). Йўқ! Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қилган амалларингизни билгувчидир. 

29. Энди ўзларингиз мангу қоладиган жаҳаннам дарвозаларидан кирингиз! Мутакаббир кимсаларнинг борар жойлари нақадар ёмон! 

30. Тақводор бўлган зотларга: «Парвардигорингиз (Ўз пайғамбарига) қандай нарсани нозил қилди?» дейилганида, улар: «Яхшиликни», дерлар. Чиройли амал қилган зотлар учун бу дунёда ҳам чиройли мукофотлар бўлур. Лекин шак-шубҳа йўқки, охират диёри янада яхшироқдир. Тақводор зотларнинг турар жойлари нақадар яхши! 

31. Улар остидан дарёлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бўлур. Аллоҳ тақводор зотларни мана шундай мукофотлар. 

32. Улар (ширк ва исёндан) пок бўлган ҳолларида, фаришталар уларнинг жонларини олар эканлар: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. (Энди) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз», дерлар. 

33. (Кофирлар эса) фақат ўзларига (ўлим) фаришталари келишини ёки Парвардигорингизнинг амри - азоби келишини кутарлар. Улардан аввал ўтган (кофир) кимсалар ҳам мана шундай қилган эдилар (яъни, ўзларига келган пайғамбарларни ёлғончи қилишиб, ҳалокатга дучор бўлган эдилар). Уларга Аллоҳ жабр қилгани йўқ, балки улар (ўзлари) ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар. 

34. Бас, қилган ёмонликлари (уларнинг) ўзларига етди ва кулиб-масхара қилган нарсалари ўзларини тутди. 

35. Мушрик бўлган кимсалар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз (ҳам), ота-боболаримиз (ҳам) ундан ўзга бирон нарсага ибодат қилмаган, ва Унинг (ҳукмисиз) бирон нарсани ҳаром қилмаган бўлур эдик», дедилар. Улардан аввал ўтган (кофир) кимсалар ҳам мана шундай қилган эдилар (яъни, ўз ихтиёрлари билан куфр йўлини танлаб, сўнгра: «Бизнинг кофирлигимизга Аллоҳнинг Ўзи сабаб», деб Аллоҳ таоло шаънига туҳмат қилган эдилар). Пайғамбарлар зиммасида (одамларни мажбуран динга киргизиш эмас, балки) фақат (Аллоҳ нозил қилган ваҳийни) очиқ-ойдин етказиш бордир. 

36. Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз. Шунда улар (ўша умматлар) орасида Аллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (Ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар. 

37. (Эй Муҳаммад), агар сиз у (мушрик)ларнинг хидоят топишларига ташна бўлсангиз-да билингки, Аллоҳ Ўзи йўлдан оздирадиган кимсаларни ҳаргиз ҳидоят қилмас ва улар учун бирон мададкор ҳам бўлмас. 

38. Улар жон-жаҳдлари билан:«Аллоҳ ўлган кишиларни қайта тирилтирмайди», деб Аллоҳ номига қасам ичдилар. Йўқ! (Албатта тирилтирур!) Бу - У зотнинг ҳақ ваъдасидир. Лекин одамларнинг кўплари (бу олам имтиҳон олами эканини, асл-абадий ҳаёт қайта тирилгандан кейин бўлишини) билмайдилар. 

39. Уларга ўзлари ихтилоф қилаётган нарсаларини баён қилиб (кўрсатиб) бериш учун ҳамда кофир бўлган кимсалар ўзларининг ёлғончи эканликларини билишлари учун ҳам (албатта Аллоҳ барча халойиқни қайта тирилтирур). 

40. Биз бирон нарсани ирода қилсак, унга айтадиган сўзимиз «Бўл», демоқликдир. Бас, ўша нарса бўлур. 

41. Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни албатта бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажри - мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди! 

42. Улар (мушриклар етказган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилган ва ёлғиз Парвардигоргагина суянган зотлардир. 

43. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан (яъни, сизни пайғамбар қилиб юборишимиздан) илгари ҳам (фаришталарни эмас, балки) фақат (сиз каби кишиларни - инсонларнигина Ўзимиз туширган ваҳий билан (пайғамбар қилиб) юборганмиз. (Эй мушриклар), агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмларидан (яъни, Таврот ва Инжилни биладиган кишилардан) сўранглар! 

И з о ҳ . Бу оят Макка мушриклари Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбар эканликларини инкор қилишиб: «Аллоҳ одамзодни Ўзининг элчиси қилиб юбормайди. Агар фаришта келиб, Мен Аллоҳнинг элчисиман, деганида, иймон келтирган бўлур эдик», деганларида нозил бўлган. 

44. (Биз аввалги пайғамбарларни) очиқ ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани - Қуръонни нозил қилдик. 

45. (Муҳаммад алайҳис-саломни қатл этиш учун) энг ёмон макру ҳийлаларни қилган кимсалар ўзларини ер ютишидан ёки (уларга) сезмаган-кутмаган тарафларидан (Аллоҳнинг) азоби келиб қолишидан хотиржам бўлдиларми?! 

46. Ёки сафар-саёҳатларда юрган чоғларида уларни (бало-офатлар) ушлаб, ҳеч қаёққа қочиб қутулолмай қолишларидан (қўрқмадиларми)? 

47. Ёки (қилган макр-ҳийлаларининг оқибатидан ўзлари) қўрқиб-пусиб юрган пайтларида, уларни (Аллоҳнинг балоси) ушлаб қолишидан (қўрқмадиларми)?! Дарҳақиқат, Парвардигорингиз меҳрибон ва раҳмлидир. 

48. Ахир улар Аллоҳ яратган барча нарсаларнинг соялари ўнгу сўлларига, Аллоҳга сажда қилган ҳолда эгилаётганини - улар (барчаси Аллоҳга) бўйинсунувчи эканликларини кўрмадиларми?! 

49. Осмонлар ва ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида ёлғиз Аллоҳга сажда қилурлар. 

И з о ҳ . Юқоридаги икки оят сажда оятларидир. Бу Қуръондаги сажда оятларининг Аъроф сурасидаги 205-оят ва Раъд сурасидаги 15-оятларидан кейингиларидир. 

50. Улар устиларидаги (уларни кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига амр этилган ишларнигина қилурлар. 

51. Аллоҳ: «Икки худога бандалик қилманглар! Фақат биргина илоҳ бордир, холос. Бас, Мендангина қўрқингиз!» деди. 

52. Осмонлардаги ва ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Тоат-ибодат мудом ёлғиз Унга (бўлмоғи лозимдир). Аллоҳдан ўзгалардан (яъни, жонсиз бутлардан ёки ўзларингизга ўхшаган одамлардан) қўрқурмисизлар?! 

53. Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга (бирон) бало-мусибат етса ҳам фақат Унгагина илтижо қилурсизлар. 

54-55. Сўнг, У зот сизлардан балони аритганида эса, баногоҳ сизларнинг орангиздан бир тўда чиқиб, Биз уларга ато этган нарсаларга куфрони неъмат қилишиб, Парвардигорларига ширк келтирурлар. Бас, (эй мушриклар, тўрт кунлик дунёда Биз берган неъматлардан) фойдаланиб қолинглар. Яқинда, (яъни, қиёмат кунида бу ширкларингизнинг оқибатини) билурсизлар. 

56. Улар Биз ризқ қилиб берган нарсалардан ўзлари билмайдиган (яъни, жоҳилликлари, билимсизликлари сабабли худо деб ўйлаган) бутлари учун насиба ажратурлар. (Эй мушриклар), Аллоҳ номига қасамки, албатта сизлар ўзларингиз тўқиб-бичиб олган бутларингиз тўғрисида (қиёмат кунида) масъул бўлурсизлар. 

57. Улар: («Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», дейишиб), у «қизлар»ни Аллоҳники қилишади - У зот (бу бўҳтондан) покдир - ўзларининг кўнгиллари тусаган нарсани (яъни ўғилларни) эса ўзлариники қилиб олишди). 

58. Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. 

59. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг) "ёмон"лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ булингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) хукм чиқарурлар. 

И з о ҳ. Ислом дини келишидан илгари арабларда ваҳший бир одат бор эди, улар қиз фарзанд кўришни ўзлари учун ор деб билишар ва кўплари қизларини тириклай ерга кўмиб юборар эдилар. Бунга сабаб динсиз иймонсиз кимсаларнинг жаҳолат ва кибр-ҳаволари бўлиб, айрим тарихчи уламолар бу разолатни бир воқеага боғлайдилар: узоқ ўтмишда бутун араб жазираси Нўъмон исмли подшоҳ қўл остида бўлиб, барча қавм қабилалар унга бож тўлар эканлар. Бир йили қабилалардаи бири зиммалардаги солиқни тўлашдан бош тортишганида, подшоҳ аскарлари бостириб келишиб, у қабиланинг ҳамма хотин-халаж, ўғил-қизларини асир қилиб олиб кетишган ва уларни ўз қабилаларига қайтариш учун бож тўланишини шарт қилишган экан. Бу талаб бажарилгунча орадан ўтган фурсат ичида қабила бошлиғининг қизи билан подшоҳнинг ўғли бир-бирларига кўнгил қўйиб қолишган экан. Шунинг учун қиз бошқалар сафида ўз юртига қайтиб кетишдан бош тортади. Ҳеч қандай дўқ-пўписа ва ялиниб-ёлворишлар кор қилмагач, қизнинг отаси - қабила бошлиғи, душманига кўнгил қўйиб, ўзини шарманда қилган қизидан ниҳоят даражада ғазабланиб, бундан кейин қиз кўрса, албатта тириклай ерга кўмишга қасам ичади. Шундай қилиб, бу қабиҳ одат авлоддан-авлодга ўтиб, тарқаб келаверади ва қачонки Ислом дини вужудга келгач, Қуръон бу ярамас одатни манъ этади. 

60. Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар энг ёмон сифат эгаларидир. Аллоҳ эса энг юксак хислатлар соҳибидир. У қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. 

61. Агар Аллоҳ одамларни (улар қилган ҳар қандай) зулм-зўравонликлари билан ушлаганида (азоблаганида) Ер юзида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин У зот уларни маълум муддатгача қўйиб қўяр. Бас, қачон уларнинг ажаллари етиб келганида эса уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, муқаддам ҳам қила олмайдилар. 

62. Улар ўзлари ёмон кўрадиган нарсаларни (яъни, қиз болаларни) Аллоҳники дейишиб, яна (уларнинг) тиллари ўзлари учун чиройли мукофот - жаннат бўлиши ҳақида ёлғон сўзларни сўзлайди. Шак-шубҳа йўқки, улар дўзах эгаларидир ва албатта улар (дўзахга) биринчилар (қаторида ташланурлар). 

63. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат, Биз сиздан илгари ўтган умматларга ҳам пайғамбарлар юборганимизда, шайтон уларга ҳам ўзларининг (қабиҳ) амалларини чиройли қилиб кўрсатган эди. Чунки у бугун (бу дунёда) уларнинг «дўсти»дир. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир. 

64. Биз сизга иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган бу Китоб - Қуръонни фақат уларга ўзлари ихтилоф этаётган нарсаларни баён қилиб беришингиз учунгина нозил қилдик. 

65. Аллоҳ осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, унинг ёрдамида ўлик ерни тирилтирди. Албатта, бу ишда (ваъз насиҳатга) қулоқ тутадиган қавм учун оят-ибрат бордир. 

66. Дарвоқе, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам бир ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қоринларидаги нажосат ва қон ораларидан ичувчилар учун ўтимли таъмли бўлиб чиққан нарса - тоза сут билан суғорурмиз. 

67. Сизлар маст қилгувчи (ароқни) ҳам, гўзал - ҳалол ризқ(нинг ўзини) ҳам хурмо ва узумларнинг меваларидан олурсизлар. Албатта, бунда ҳам ақл юритадиган қавм учун оят-ибрат бордир. 

И з о ҳ. Ушбу сура нозил қилинган пайтда ҳали ароқ ҳаром қилинмаган эди. Чунки ароқ Мадинада нозил бўлган «Моида» сурасининг 90-оятида ҳаром қилинган, бу сура эса ҳижратдан илгари Маккада нозил бўлган эди. 

68. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз асаларига ваҳий - амр қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин. 

69. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг (сен учун) осон-қулай қилиб қўйган йўллардан юргин!» Унинг қорнидан одамлар учун шифо бўлган алвон рангли ичимлик - асал чиқур. Албатта, бу ишда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир. 

70. Сизларни Аллоҳ яратгандир. Сўнгра жонингизни ҳам Унинг Ўзи олур. Сизларнинг орангизда (ёшликдаги гўзал-тотли ҳаётдан кексалик пайтидаги) энг тубан кун кўришга (яъни, ўз-ўзини бошқара олмайдиган ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг барчасини унутиб юборадиган кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва қудратлидир. 

71. Аллоҳ айримларингиздан айримларингизни ризқда устун қилиб қўйди. Бас, бу (ризқда) устун қилинган кишилар ўзларининг ризқларини қўл остидаги қулларига қайтариб (бой-камбағалликда) барчалари баробар бўлиб олмайдилар-ку! (Шундай бўлгач, қандоқ қилиб барчага ризқу рўз ато этгувчи Тангри таолога қўлидан ҳеч иш келмайдиган бутларни баробар қиладилар?!) Аллоҳнинг неъматини инкор қилурларми?! (Яъни, Яратганнинг Ўзи ато этган ризқу рўзни инкор қилишиб, бу неъматларни ўша жонсиз бутлар берган, деб ўйлайдиларми?!). 

72. Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар, набиралар пайдо қилди ва сизларни ҳалол-пок ризқлардан баҳраманд этди. Бас, улар ботил бутларга иймон келтириб, Аллоҳнинг неъматига кофир бўлурларми?! 

73. Ва Аллоҳни қўйиб, улар учун осмонлар ва ердан бирон нарсани ризқ қилиб бера олмайдиган, ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган бутларга ибодат қилурларми?! 

74. Бас, Аллоҳнинг ўхшашини қидирманглар! (У зотнинг мисли - ўхшаши йўқдир.) Албатта Аллоҳ (барча нарсани) билур, сизлар (ҳеч нарсани) билмассиз. 

75. Аллоҳ бундоқ бир мисол келтирур: ҳеч нарсага кучи етмайдлган эгалик (бировга қарам) қул билан Биз Ўз тарафимиздан чиройли мўл ризқ бериб, ўша ризқдан яширин ё ошкора инфоқ-эҳсон қилаётган (эркин) бир киши баробар бўлурми? (Бас, нега мушриклар қулга ўхшаган жонсиз бутларни бутун коинотнинг эгаси бўлган ва уни Ўзи хоҳлаганидек тасарруф қиладиган Аллоҳ таолога тенг шерик деб биладилар?!) Ҳамду сано Аллоҳникидир (яъни, Ўша зотгина ҳамду санога ва маъбудликка лойиқдир). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар. 

76. Аллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур: улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган гунг - соқовдир. У эгасига ортиқча юк бўлиб (эгаси) қаерга жўнатса, бирон яхшилик-фойда келтирмайди. Ўша кимса билан ўзи Тўғри йўлда бўлган ҳолда, (ўзгаларни ҳам) адолат - ҳақиқатга буюрадиган киши баробар бўлурми?! (Ҳеч қачон баробар бўлмас. У ҳолда нега мушриклар гунг-соқов бутларни бутун оламни Тўғри йўлга юришга буюрадиган Аллоҳ таолога тенг - шерик деб биладилар?!) 

77. Осмонлар ва ердаги ғайб - сирларни (билиш) Аллоҳга хосдир. Соат - қиёмат амри (яъни, қиёматнинг қойим бўлиши) кўз очиб юмгунча ё ундан-да тездир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 

78. Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга кулоқ, кўзлар ва дилларни берди. 

79. Осмони фалакда (учиш учун) бўйинсундирилган қушларга боқмайдиларми?! Уларни ёлғиз Аллоҳ ушлаб турибди-ку! Албатта, бу ишда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 

80. Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларининг териларидан кўчадиган кунларингизда ва қўнадиган кунларингизда енгил кўтариб кета оладиган уй-ўтовлар (бунёд) этди ҳамда (қўйларнинг) жунларидан, (туяларнинг) юнгларидан ва (эчкиларнинг) тивитларидан маълум бир вақтга қадар фойдаланиладиган жиҳоз ва матолар (яратди). 

81. Аллоҳ сизлар учун Ўзи яратган нарсалардан соя-салқин жойлар (бунёд) этди ва сизлар учун тоғлардан ғор-бошпаналар қилди ҳамда сизлар учун иссиқ (совуқ)дан асрайдиган кийимлар ва сизларни (душманнинг) зиён етказишидан сақлайдиган совутлар (яратди). У зот шояд мусулмон бўларсизлар, деб сизларга Ўз неъматини мана шундай комил қилиб берур. 

82. (Эй Муҳаммад), агар энди ҳам улар (сиздан) юз ўгирсалар, у ҳолда сизнинг зиммангизда фақат (ҳақиқатни мана шундай) очиқ-ойдин қилиб етказиш бор, холос. 

83. Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар ва кейин уни инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир (яъни, Ҳеч қачон Аллоҳга иймон келтирмайдилар). 

84. (Қиёмат) куни ҳар бир умматдан бир гувоҳни (яъни, ўша умматнинг пайғамбарини) келтириб қўюрмиз. Сўнгра (энди) кофир бўлган кимсаларга (тавба-тазарру қилиш учун) изн берилмас ҳамда улардан (Аллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам талаб қилинмас. 

85. Золим (кофир) бўлган кимсалар азобни кўрган вақтларида (яъни, қиёмат кунида) улардан (у азоб) енгиллатилмас ва уларга муҳлат ҳам берилмас (яъни, барча яхши амалларни ҳаёт вақтларида Ўз ихтиёрлари билан қилган кишиларгина савоб олурлар). 

86. (У кунда) мушрик бўлган кимсалар ўзларининг бутларини кўрган вақтларида: «Парвардигоро, бизлар Сени қўйиб, анави бутларимизга илтижо қилар эдик», деганларида, у (бутлар бунга жавобан): «Сизлар, шак-шубҳасиз, ёлғончидирсизлар», деб гап қотарлар. 

87. Улар у Кунда ёлғиз Аллоҳга бўйинсунурлар, ўзлари тўқиб олган «худо»лари эса улардан ғойиб бўлур. 

88. Кофир бўлган ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсган кимсаларга бузғунчилик қилганликлари сабабли азоб устига азобни зиёда қилурмиз. 

89. (Қиёмат куни) ҳар бир уммат орасидан ўзларидан бўлган бир гувоҳни (яъни, пайғамбарни) келтирурмиз. Сизни эса (эй Муҳаммад), ана у (ўз умматингизга) гувоҳ қилиб келтирдик ва сизга - ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни - Қуръонни нозил қилдик. 

90. Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур. 

91. Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур. 

92. Ва сизлар бир миллат бошқа бир миллатдан (сон ё бойлик жиҳатидан) ортиқроқ бўлгани учун қасамларингизни (бузиб) алдов воситаси қилишингиз билан (яъни, бошқа бойроқ ва кучлироқ қавмни топсангиз, аввалги қасамингиздан кечиб кетаверишингиз билан) худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб-чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз! Албатта, Аллоҳ бу (аҳдга вафо қилишга буюриш) билан сизларни имтиҳон қилур ва албатта қиёмат кунида сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизни баён қилиб берур. 

И з о ҳ. Маккада бир телба хотин бор бўлиб, у кун бўйи турли нарсаларни тўқир, кечга бориб эса тўқиган нарсаларипи бузиб-чуваб ташлар экан. Мазкур оятда биров билан аҳдлашиб, сўнгра аҳдларини бузиб қасамхўрлик қиладиган кимсаларни ўша телбага ташбеҳ қилинмоқда. 

93. Агар Аллоҳ хоҳлаганида албатта сизларни бир уммат қилган бўлур эди. Лекин У зот Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур - Ўзи хоҳлаган кишиларни (Тўғри йўлга) ҳидоят қилур. Ва албатта қилиб ўтган амалларингизга масъул бўлурсизлар. 

94. Қасамларингизни алдов воситаси қилиб олмангиз! У ҳолда (ислом йўлида) маҳкам ўрнашган оёқ тойиб кетур ва Аллоҳ йўлидан тўсганларингиз сабабли (чунки сизларнинг қасамхўрлик қилганингизни кўриб, айрим кишилар Исломга интилиш ўрнига ундан йироқлашиб кетурлар ва бунга сизларнинг қилмишингаз сабаб бўлур) ёмонлик (бало ва мусибатлар)ни тотиб қолурсизлар ҳамда (охиратда) сизлар учун улуғ азоб бўлур. 

95. Аллоҳга берилган аҳд-паймонни озгина қийматга алмаштириб юбормангиз! Агар билсангизлар» албатта Аллоҳ даргоҳидага нарса (яъни, ажр-савоб) сизлар учун (дунё матоларидан) яхшироқдир. 

96. Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз албатта сабр-қаноат этган зотларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз. 

97. Эркакми ё аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз. 

98. (Эй мўмин бандам), ҳар қачон Қуръон қироат қилсанг, албатта қувилган - малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин! 

99. Албатта, иймон келтирган ва ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат -ҳукмронлик йўқдир. 

100. Унинг (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб, (Аллоҳ)га шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир. 

101. Қачон Биз бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак ҳолбуки, Аллоҳ Ўзи нозил қиладиган оятларни жуда яхши билгувчидир - улар (пайғамбарга): «Шак-шубҳасиз, сен ўзинг тўқиб олурсан», дейдилар! Йўқ! Уларнинг кўплари билмайдилар! 

102. (Эй Муҳаммад, уларга) уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Қудс (яъни, Жаброил) Парвардигорингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва хуш хабар булган ҳолида ҳаққи-рост нозил қилганини айтинг. 

103. Аниқки, Биз уларнинг «(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда», деяётганини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (яъни, арабий эмас), бу (Қуръон) эса очиқ-равшан арабийдир. 

И з о ҳ . Саҳобалардан бири ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: Маккада Қурайш қабиласига мансуб кишилардан бирининг ажам қули бор эди. Пайғамбар алайҳис-салом баъзан у билан гаплашиб, унга ислом аҳкомларидан таълим берар эдилар. Буни кўрган айрим қурайшликлар: «Муҳаммадга Қуръонни мана шу қул ўргатса керак», деб гап тарқатганларида юқоридаги оят нозил бўлди. 

104. Албатта, Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларни Аллоҳ ҳидоят қилмас. Улар учун аламли азоб бордир. 

105. Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқурлар. Ана ўшаларнинг ўзлари ёлғончидирлар. 

106. Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир. 

И з о ҳ . Муфассирлар айтишларича, бу оят Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. Мушриклар у зотни ҳибс қилишиб, Ислом динидан чиқишни талаб этадилар ва даҳшатли азоблар билан қийнайдилар. Ночор-ноилож қолгач, мажбур ҳолда уларнинг бутларидан бирини тилга олганларидан кейингина у кишини қўйиб юборадилар. Одамлар орасида эса «Аммор диндан чиқди», деган гап тарқаб кетади. У зот пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига йиғлаб, айтган сўзларидан изтиробга тушиб келганларида, пайғамбар: «Қалбинг нима дейди?» деб сўрайдилар. У: «Қалбим фақат иймон билан ором олади», деб жавоб беради. Шунда пайғамбар алайҳис-салом: «Сенга неча марта мажбурлаб куфр калимасини айтдирсалар ҳам ҳаргиз иймондан ажраб қолмайсан», деганлар. Демак, шариати исломиянинг ҳукмига кўра фақат ўз ихтиёри билан куфр йўлини танлаб олган кимсаларгина кофир бўлурлар ва улар учун охиратда энг қаттиқ азоб-уқубатлар бўлур. 

107. Бунга (яъни, бундай азоб-уқубатларга дучор бўлишларига) сабаб улар ҳаёти дунёни охиратдан афзал билганларидир. Аллоҳ эса кофир қавмни ҳидоят қилмас. (Бас, улар кофир бўлганлари сабабли ҳақ йўлни топа олмай ўлиб кетурлар). 

108. Аллоҳ ундай кимсаларнинг дилларини, қулоқларини ва кўзларини муҳрлаб қўйгандир. Улар ғофил кимсалардир. 

109. Шак-шубҳа йўқки, улар охиратда зиён кўргувчилардир. 

110. Сўнгра (эй Муҳаммад, билингки) албатта Парвардигорингиз, фитналарга дучор этилганларидан кейин (Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага) ҳижрат қилган, сўнг (Аллоҳ йўлида) жиҳод этиб, (бу жиҳод машаққатларига сабр-тоқат қилган зотлар учун) мададкор, ёрдамчидир. Албатта, Парвардигорингиз у (меҳнат-машаққатларни кўтарганларидан) кейин (улар учун) мағфират қилгувчи, меҳрибондир. 

111. Ҳар бир жон фақат ўзини ўйлаб - ҳимоя қилиб қоладиган ва ҳар бир жон қилган амалининг (мукофотини) тўла оладиган ҳамда уларга зулм қилинмайдиган Кунни (эсланг). 

112. Аллоҳ бир шаҳарни (яъни Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму-кўст келиб урар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «хунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди. 

113. Дарҳақиқат, уларга ўзларидан бўлган бир пайғамбар келганида уни ёлғончи қилишгач, уларни золим бўлган ҳолларида (Аллоҳнинг) азоби ушлади. 

114. Бас, (эй мўминлар), Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар ва агар Аллоҳга ибодат этгувчи бўлсангизлар, У зотнинг неъматларига шукр қилинглар! 

115. У (Аллоҳ) сизларга фақатгина ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим ва ҳаддан ошувчи бўлмаган ҳолида ночор вазиятда қолса (ва шу ҳолда мазкур нарсалардан ўлмагудек миқдорда еса, гуноҳкор бўлмайди). Бас, албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир. 

116. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлгонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар. 

117. (Ундай кимсалар учун бу ҳаёти дунёда) озгина фойда бўлур. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир. 

118. (Эй Муҳаммад), яҳудий бўлган кимсаларга илгари (Анъом сурасида) сизга сўзлаб берган нарсаларни ҳаром қилдик. Биз уларга зулм қилмадик, балки улар ўзларига (ўзлари) зулм қилгувчи бўлдилар. 

119. Сўнгра (билинг-ки), албатта Парвардигорингиз, билмаган ҳолда ёмонлик - гуноҳ қилиб қўйиб, кейин тавба қилган ва ўзларини тузатган кишилар учун, шак-шубҳасиз, ўша (тавба-тазарруларидан) сўнг Парвардигорингиз (уларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир. 

120. Албатта, Иброҳим Аллоҳга итоат қилгувчи, ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво-имом эди. У мушриклардан эмас эди. 

121. У (Аллоҳнинг) неъматларига шукр қилгувчи эди. (Шу сабабдан Аллоҳ) уни (пайғамбарликка) танлаб, Тўғри йўлга ҳидоят қилди. 

122. Биз унга бу дунёда чиройли (обрў-эътибор) ато этдик (зеро, барча динларнинг аҳллари Иброҳим алайҳис-саломнинг номларини ҳурмат билан тилга оладилар). Албатта, у охиратда ҳам солиҳ - яқинларимиздандир. 

123. Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик. 

124. «Шанба» (у кунни улуғлаш) фақатгина у кун ҳақида ихтилоф қилган кимсаларнинг (яъни, яҳудийларнинг) устига (фарз) қилингандир. Албатта, Парвардигорингиз қиёмат кунида уларнинг ўртасида ўзлари ихтилоф қилиб ўтган нарсалар тўғрисида ҳукм қилур. 

И з о ҳ . Яҳудийлар: «Муҳаммад Иброҳимнинг динига қарши чиқди, Иброҳим шанба кунини улуғлар эди, Муҳаммад эса жума улуғ кун дейди», дедилар. Шунда шанба кунини улуғлаш Иброҳим алайҳис-саломнинг динларида бўлмаганини таъкидлаб, ушбу оят нозил бўлди. 

125. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг йўли - динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала - мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур. 

126. (Эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз. (Аммо) агар (интиқом олмай) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта сабр қилгувчи кишилар учун (бу интиқом олмоқдан) яхшироқдир. 

127. (Эй Муҳаммад, бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилинг. Ёлғиз Аллоҳ ёрдами билангина сабр қилишга қодир бўлурсиз. Уларнинг (яъни, мушрикларнинг динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг. Уларнинг макру ҳийлаларидан сиқилманг ҳам! 

128. Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир.



Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов