"."
Меню

Хадис,Сахих хадислар,Бухорий

 

                                                                                                                               

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким ўз пешонасидаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий ривояти. 



Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Улар: 

«Албатта, Эй, Аллоҳнинг Расули», дейишди. 

У зот:

«Қийинчиликларга қарамай таҳоратни яхшилаб қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг, намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша, сиз учун «муробит»ликдир», дедилар». 

 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилса, бас, у юзини ювганда ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундоқ қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади», дедилар».

 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади. 

«У киши розияллоҳу анҳу, мен ўз халилим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Мўминнинг безаги таҳорат суви етган жойгача етади», деганларини эшитдим». деди. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишда сув келтиришни сўрадилар. Унча катта бўлмаган кенг оғизли қадаҳда сув келтирилди. Унда озгина сув бор эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини унинг ичига солдилар. Анас розияллоҳу анҳу айтдиларки «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг панжалари орасидан сув отилиб чиқишига қараб турар эдим. (Ўша сувдан) таҳорат қилганларни чамалаб кўрсам, етмиш билан саксоннинг орасида эдилар».

 Бухорий, Муслим ривояти. 



  Бухорий, Муслим: 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга сиймасин. Сўнгра унда ғусл қилади», дедилар». 

Бир ривоятда: «Сўнгра ундан таҳорат қилади» ва яна бошқа бир ривоятда: «Оқмас сувга сийишдан қайтардилар», дейилган экан.

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«У киши: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга «фарақ» деб аталадиган мис идишдан ғусл қилар эдим», деганлар. 

Яна бир ривоятда: «Икковимиз ҳам жунуб эдик», дейилган.

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 



Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида эркак ва аёллар - ҳамма бир идишдан таҳорат қилар эди. Унга қўлимизни солиб олар эдик», дедилар». 

 Бухорий, Насаий , Абу Довуд ривояти. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши айтадиларки: 

«Бемор бўлиб, ҳушсиз ётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Бас, таҳорат қилдилар ҳамда таҳорат сувларидан менга септилар ва мен ҳушимга келдим. Сўнгра: 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, мерос кимга тегади? Менинг меросим «калола»га қолмоқда», дедим. Шунда мерос ояти нозил бўлди».

 Бухорий, Муслим, Насаий ривояти. 

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Маймунанинг озод қилган чўрисига садақадан берилган қўйнинг ўлигини кўрдилар ва: 

«Бунинг терисидан манфаатлансангиз-чи!» деди- лар. Улар: 

«Бу ҳаром ўлган», дейишди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уни емоқ ҳаромдир», дедилар».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Вақтики, сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин. Сўнгра у (идиш)ни етти марта ювсин», дедилар». 

Бошқа бир ривоятда: у(ювиш)лардан биринчиси ёки у(ювиш)лардан биттаси тупроқ билан бўлсин. 

Яна бошқа ривоятда: еттинчиси тупроқ билан бўлсин, дейилган.


Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтадиларки: 

«Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: 

«Биздан бирларимизнинг кийимига ҳайзнинг қонидан тегиб қолади. Уни қандоқ қилиш керак?»деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уни ишқайди, сўнгра сув билан ишқалайди, кейин эса сув билан ювади, ана шундан кейин унда намоз ўқийверади», дедилар».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир аъробий туриб бориб, масжидга сийди. Бас, одамлар уни зажр қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: 

«Уни ўз ҳолига қўйинглар ва сийдиги устига бир челак сув қуйинглар. Албатта, сиз енгиллаштирувчи этиб юборилгансизлар, қийинлаштирувчи этиб эмас», дедилар».


Ибн Аббосдан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва: 

«Албатта, икковлари азобланмоқдалар. Икковлари катта нарсада азобланмаяптилар. Улардан бири сийдигидан сақланмас эди. Бошқаси бўлса, чақимчилик қилиб юрар эди» , дедилар. Сўнгра бир ҳўл шохни олиб, иккига айирдилар ва ҳар бир қабрга биттадан суқиб қўйдилар. Одамлар: 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, буни нима учун қилдингиз?» дейишди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шоядки, булар қуригунча икковларидан (азоб) енгиллатилса», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти.



Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«У киши ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтқаздилар. Бола у зотнинг кийимларига сийиб юборди. Бас, у зот сув чақирдилар ва унинг устига септилар, ювмадилар».


  Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд: 

Бошқа бир ривоятда: 

«Сув сепишдан зиёда иш қилмадилар», дейилган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Қиз боланинг сийдигини ювилади. Таом емайдиган ўғил боланинг сийдигига (сув) сепилади», дедилар». 


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Кўп мазийлик одам эдим. Қизларининг истиҳоласи учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашга уялар эдим. Бас, ал-Миқдод ибн ал-Асвадга буюрдим. У Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Закарини ювади ва таҳорат қилади», дедилар».

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат қиладиган жойга келдилар ва менга учта тош олиб келишимни амр қилдилар. Бас, мен иккита тош топдим ва учинчисини ахтариб топа олмадим. Сўнгра бир тезак олиб, уни у зотга келтирдим. Бас, У зот икки тошни олдилар ва тезакни отиб юбордилар ва: «бу-чиқинди», дедилар».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Мен жунублик асарини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан ювиб қўяр эдим. У зот намозга кийимларидаги сувнинг хўли билан чиқар эдилар», дедилар».

  Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд: 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади, у киши:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан манийни яхшилаб уқалаб ташлар эдим. У зот ўша кийимда намоз ўқир эдилар», дедилар».

Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёғга тушган сичқон ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уни ва атрофидаги(ёғ)ни олиб ташланг-да, ёғингизни еяверинг», дедилар». 


  Бухорий, Термизий , Насаий , Абу Довуд: 

Бошқа бир ривоятда: 

«Вақтики, сичқон ёғга тушса, агар у қотган бўлса, у(сичқон)ни ва атрофидаги(ёғ)ни олиб ташланг. Агар у суюқ бўлса, бас унга яқинлашманг», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачонки, бирортангизнинг идишига пашша тушиб қолса, унинг, ҳаммасини суюқликка ботирсин, сўнгра ташлаб юборсин. Чунки, унинг икки қанотининг бирида шифо, бошқасида дард бор», дедилар». 

 Бухорий ривояти. 

  Термизий , Абу Довуд, Молик: 

Абу Довуд ҳам ривоят қилиб: 

«ва албатта, у (пашша) дард бор қаноти ила сақланади», жумласини зиёда келтирган.

 

«Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Умму Саламага савол ила келиб: 

«Мен этагимни узун қилиб, нопок жойларда юрадиган аёлман», деди. Умму Салама: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, у (этак)ни кейин келган (ер) поклайди», деганлар», деди».

 

Бани Абдул Ашҳаллик бир аёл: 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, бизнинг масжидга борадиган йўлимиз сассиқ. Бас, ёмғирда қолсак қандоқ қиламиз?» деди. У зот: 

«Ўшандан кейин ундан покроқ йўл йўқми?» дедилар. Мен: 

«Бор», дедим. У Зот: 

«Ана ўша, буниси билан суришиб кетади», дедилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки, халога кирсалар: «Аллоҳумма аъузу бика минал хубуси вал хабаиси» - («Эй, бор Худоё, сендан эркак ва урғочи ифлослар (шайтонлар)дан паноҳ тилайман)», дер эдилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 

 



Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат ушатаётганларида бир киши яқинларидан ўтаётиб салом берган эди, алик олмадилар».


  Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд: 

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки, бирортангиз қозои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга ортини ҳам ўгирмасин. Шарққа ёки ғарбга қаранглар», дедилар».


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ҳафсанинг уйи устига баъзи иш билан чиққан эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиблага орқа қилиб, Шомга қараб қазои ҳожат қилаётганларини кўрдим».


Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд: 

Бошқа бир ривоятда: 

«иккита ғишт устида ўтириб», дейилган.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг ахлатхонасига келиб, тик туриб сийдилар. Сўнгра сув чақирдилар. Мен у кишига сув олиб келдим. Таҳорат қилдилар».


Абу Қатода розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачонки, бирортангиз сийса, закарини ўнг қўли билан ушламасин, ўнг қўли билан истинжо қилмасин, идиш ичига нафас олмасин», дедилар».


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола икковимиз ўзимиз билан сувли мешчани олиб келар эдик. Бас, у зот сув ила истинжо қилар эдилар», деди».



  Муслим: 

Муслим келтирган ривоятнинг лафзи:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирсалар, мен ва мен тенги бир бола мешчада сув ва асочани олиб борар эдик. Сув билан истинжо қилар эдилар», деб келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиқувдилар, ортларидан бордим. Одатда у киши ортларига қарамас эдилар. У кишига яқинлашувдим:

«Менга тошлардан олиб кел, улар билан истинжо қиламан, (ёки шунга ўхшашроқ, гап айтдилар) суяк ёки тезак олиб келма», дедилар. Кийимимнинг этагига тош солиб келтириб, ёнларига қўйдим ва ўгирилиб кетдим. У киши қазои ҳожат қилиб бўлиб, уларни ишлатдилар».

 Бухорий ривояти. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким таҳорат қилса, бурнига олган сувни чиқариб ташласин, ким тош ила истинжо қилса, тоқ қилсин», дедилар».


  Абу Довуд: 

У (Абу Довуд) келтирган ривоятда: 

«Ким сурма қўйса, тоқ сурсин. Ким шундай қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ. Ким тош ила истинжо қилса, тоқ қилсин. Ким шундоқ қилса, яхши. Ким қилмаса танглик (гуноҳ) йўқ. Ким (таом) еб тиши орасида қолганини ковлаб чиқарса, тупириб ташласин, тили билан чиқарганини ютаверсин. Ким шундоқ қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ. Ким қазои ҳожатга борса, ўзини тўссин, ҳеч нарса тополмай қум тўплашдан бошқа иложи бўлмаса, шуни ҳам қилсин. Ўша (тўпланган қум)ни орқасида қолдирсин. Чунки шайтон одам боласининг мақъадини ўйнайди. Ким шундай қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ», дейилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бетаҳоратлик етказувчи нарсани қилган кимсанинг намози таҳорат қилмагунича қабул бўлмайди», дедилар». 

 Бухорий, Муслим, Термизий , Абу Довуд ривояти. 

Бухорий: 

«Ҳазрамавтлик бир одам: 

«Эй, Абу Ҳурайра, бетаҳоратлик етказувчи нарса нима?» деди. У: 

«Овозсиз чиққан ел ёки овоз билан чиққан ел?», дедини зиёда қилган. 

Бошқа бир ривоятда: 

«Покликсиз намоз қабул бўлмас, хиёнатли садақа қабул бўлмас», дейилган». 

Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намозда бир нарса бўлгани хаёлига келадиган одам ҳақида шикоят қилинди. У зот: 

«Токи, овоз эшитмагунча ёки елни топмагунича намозини бузмайди», дедилар». 

 
Бошқа бир ривоятда: 

«Қачонки, бирортангиз қорнида бирор нарсани топса, унга ундан бир нарса чиқдими, йўқми аниқ бўлмай қолса, Токи, овозни эшитмагунича ёки елни топмагунича масжиддан чиқмасин», деганлар». 



Ибн Аббосдан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйнинг кифтини едилар ва намоз ўқидилар, таҳорат қилмадилар».

 Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин. Чунки бирортангиз қўли қаерда турганини билмайди ёки қўли қаерда айланганини билмайди», дедилар».


  Бухорий, Термизий , Абу Довуд, Молик: 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Таҳорати йўқнинг-намози йўқ. «Бисмиллоҳ»ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ», дедилар».





Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилув- чидир», дедилар».

 Бухорий, Насаий , Шофеъий ривояти. 



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ўн нарса фитратдан (соф табиатдан)дир; Мўй- лабни қисқартириш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни олиш, бўғинларнинг бужмайган жойларини ювиш, қўлтиқ (туки)ни юлиш, қовуқ (туки)ни қириш, истинжо қилиш ва Мисъаб, ўнинчисини унутдим, оғизни чайиш бўлса керак», деди».


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача (бўлган сув) билан ғусл қилар эдилар ва бир мудд билан таҳорат қилар эдилар».


  Абу Довуд: 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ратл сув сиғадиган идишдан таҳорат қилар эдилар ва бир соъ ила ғусл қилар эдилар». 

Абу Довуд ривоят қилганлар ва: 

«Аҳмад ибн Ҳанбал: «Бир соъ беш ратл ва учдан бир ратл бўлади», деганлар», деганлар.

Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши қуйидагиларни айтганлар: 

«Усмон таҳоратга сув чақирди ва таҳорат қилди: Икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди ва «Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб икки ракъат намоз ўқисаю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди». 

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 



  Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд: 

Бошқа бир ривоятда: 

«Бас, уч сиқим сув билан уч мартадан оғзини чайқади, бурнига сув олди ва бурнидан сувни чи- қарди» дейилган. 

Яна бошқа бир ривоятда: 

«Ва бошига уч марта масҳ тортди», дейилган.

Ундан ҳам бошқа бир ривоятда: 

«Бас, бошига масҳ тортди. Икки қўлини олдинга орқага олиб бориб келди. Бошининг олд қисмидан бошлаб уларни орқасига олиб борди. Кейин яна бошлаган жойига қайтариб келди», дейилган.

Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилиб, икки марта-икки мартадан (ювдилар)».


Ибн Аббосдан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (аъзоларини) бир марта-бир марта (ювиб) таҳорат қилдилар».

 

  Насаий , Абу Довуд, Аҳмад: 

Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига таҳорат ҳақида сўраб келди. Бас унга уч марта-уч мартадан кўрсатдилар. Сўнгра: 

«Таҳорат мана шундоқ, ким бундан зиёда қилса, батаҳқиқ ёмон қилибди, ҳаддан ошибди ва зулм қилибди», дедилар».

Ал-Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар. Бас, бошларининг олд қисмига, саллаларига ва икки махсиларига масҳ тортдилар».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу таҳорат қиладиган жойда одамларнинг таҳорат қилаётганларини кўриб: 

«Таҳоратни яхшилаб қилинглар, мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ароқийбларга дўзахда ҳалокат бўлсин!», деганларини эшитганман», дедилар». 

Бошқа бир ривоятда: 

«Тавонларга дўзахда ҳалокат бўлсин», дейилган.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намозга таҳорат қилар эдилар», деди. Мен: 

«Сизлар қандоқ қиласизлар?» дедим. У: 

«Бизнинг биримизга, модомики кетмаган бўлса бир таҳорат кифоя қилур», деди».


ал-Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга чиққан эдилар. Ал-Муғийра орқаларидан идишда сув олиб бориб, ҳожатларидан фориғ бўлганларидан кейин қуйиб турди. Бас, у зот таҳорат қилдилар ва икки махсиларига масҳ тортдилар». 



  Абу Довуд: 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам махсига масҳ тортдилар. Мен у кишига: 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, унутдингизми?» дедим. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Йўқ! Сен унутдинг. Роббим азза ва жалла мени шунга амр қилган», дедилар». 

Ал-Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда бирга бўлган эдим. Махсиларини ечиб қўйиш учун энгашувдим: 

«Тек қўй, уларни икки пок оёғимга кийганман», дедилар ва уларга масҳ тортдилар».

 Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти. 



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачонки, у (эр) у(хотин)нинг тўрт мучаси (қўл-оёғи) орасига ўтирса ва унга яқинлик қилса, батаҳқиқ, ғусл вожиб бўлади», дедилар». 


  Бухорий, Муслим, Насаий , Абу Довуд: 

Бошқа ривоятда: 

«Агар туширмаса ҳам», дейилган. 

Яна бошқа бир ривоятда: 

«Хатна қилинган жой хатна қилинган жойга тегса», деганлар.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Умму Сулайм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳа, вақтики сувни кўрса» дедилар. 

Бас, Умму Салама: 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса, боласи унга нимадан ўхшар эди», дедилар».

 
Муслим: 

«Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади. Улардан қайси бириники устун келса ёки олдин бўлса, ўхшашлик ўшандан бўлади», деган жумлани зиёда қилган.

 

Яна ўша киши (Муслим) қилган ривоятда: 

«Қачон аёлнинг суви эркакнинг сувидан устун келса, бола тоғаларига ўхшайди. Қачон эркакнинг суви аёлнинг сувидан устун бўлса, бола амакиларига ўхшайди», дейилган.

 

Бошқа бир ривоятда: 

«Қачон икковлари жам бўлсалар ва эркакнинг манийси аёлнинг манийсидан устун келса, Аллоҳнинг изни ила ўғил бола кўрадилар. Қачонки, аёлнинг манийси эркакнинг манийсидан устун келса, Аллоҳнинг изни ила қиз бола кўрадилар».

Умму Ҳонеъ бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Фатҳ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам ғусл қилаётган эканлар. Фотима эса у кишини тўсиб турар эди. Бас, у зот: 

«Ким бу?» дедилар. 

«Мен, Умму Ҳонеъман», дедим.



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир идишдан ғусл қилар эдим». 



  Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд: 

Бошқа бир ривоятда: 

«Фарақ» дейиладиган қадаҳда қўлларимиз аралашиб кетар эди», дейилган. 

Учинчи бир ривоятда: 

«Жунубликдан», деган сўз зиёда қилинган. 

Жарҳад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизга ўтирдилар. Соним очиқ эди. У зот: 

«Сон аврат эканлигини билмайсанми?» дедилар».


Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ғусл қилгани сув қўйдим. Бас, у зот икки қўлларини икки ёки уч марта ювдилар. Кейин чап қўлларига сув қуйиб туриб, жинсий аъзоларини ювдилар. Сўнгра қўлларини ерга суртдилар. Кейин оғизларини чайқадилар, бурунларига сув олдилар, юзлари ва икки билакларини ювдилар. Сўнгра жасадларига сув қўйдилар. Кейин бошқа жойга ўтиб икки оёқларини ювдилар». 


  Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд: 

Бошқа бир ривоятда: 

«Сўнгра бошларини уч марта ювдилар», дейилган. 

Яна бошқа ривоятда: 

«Мен у кишига бир латта келтирган эдим, хоҳламадилар ва сувни қўллари билан сидира бошладилар», дейилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунубликдан ғусл қилсалар, аввал икки қўлларини ювишдан бошлар эдилар. Сўнгра ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фаржларини ювар эдилар. Кейин эса намозга қиладиган таҳоратларини бажарар эдилар. Сўнгра сувни олиб, панжаларини сочлари остига киритар эдилар. Токи, сув яхши етганига ишонганларидан кейин бошлари устидан уч ҳовуч сув қуяр эдилар. Кейин қолган жасадларига сув қуяр ва охири оёқларини ювар эдилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пок- лансалар, покланишларида ҳам, тарансалар, таранашларида ҳам ва кавуш кийсалар, кавуш кийишларида ҳам доимо ўнгдан бошлашни жуда яхши кўрар эдилар». 


 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Мадинанинг йўлларидан бирида йўлиқиб қолдилар. Мен жунуб эдим, беркиниб олдим». 


Бошқа ривоятда: 

(Билдирмай четландим). Бориб ғусл қилиб келдим. У зот: 

«Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» дедилар. Мен:

«Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим» дедим. У зот: 

«Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар». 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунуб бўлсалар-у, емоқ ёки ухлашни ирода қилсалар, намозга таҳорат қилганларидек таҳорат қилар эдилар».


  Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд: 

Оишадан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликдан қандоқ ғусл қилар эдилар, ухлашдан олдин ғусл қилар эдиларми ёки ғусл қилишдан олдин ухлар эдиларми?» деб сўралди. Мен: 

«Бунинг барчасини қилар эдилар. Гоҳида ғусл қилиб, сўнг ухлар эдилар. Гоҳида таҳорат қилиб ухлар эдилар. Ишда кенглик қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дедим».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кечада аёлларини айланиб чиқар эдилар. Ўша кунларда у зотнинг тўққиз хотинлари бор эди».


  Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд: 

Бошқа ривоятда: 

«Аёлларини бир ғусл ила айланиб чиқар эдилар», дейилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир идишдан икковимиз ҳам жунуб ҳолимизда ғусл қилар эдик. У зот менга амр этар эдилар, мен иштон кияр эдим ва мени қучоқлар эдилар. Ўшанда мен ҳайз кўрган ҳолимда бўлар эдим. Эътикоф ўтирганларида бошларини чиқарар эдилар, мен ҳайзли ҳолимда уни ювиб қўяр эдим». 


 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 

Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинларини ҳайзли пайтларида иштон устидан қучоқлар эдилар».


  Бухорий, Муслим, Насаий : 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан бирга ётар эдилар. Мен ҳайзли бўлсам, орамизда кийим бўлар эди».

Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

 У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган эдилар: 

«Покизаликдан кейинги кулранг ва сарғиш (суюқлик)ни ҳеч нарса ҳисобламас эдик», деди».


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Асмаа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайзнинг ғусли ҳақида сўради. У зот: 

«Сиздан бирингиз сув ва сидрини олади. Сўнгра яхшилаб тозаланади. Кейин бошига сув қуяди ва Токи, бошининг ҳамма жойига етгунча қаттиқ ишқайди. Сўнгра устидан сув қуяди. Кейин мискланган пахтани олади ва у билан покланади», дедилар. Асмаа: 

«У билан қандоқ покланади?» деди. У зот:

«Субҳаналлоҳ! У билан покланасан-да!» дедилар. 

Бас, Оиша: 

«Қоннинг ўрнига қўясан», деди. 


  Бухорий, Муслим, Насаий , Абу Довуд, Молик: 

Бошқа бир ривоятда: 

«У зот: 

«Мискланган пахтани олиб, у билан покланасан» деб уч марта айтдилар ва уялиб, юзларини ўгириб олдилар. Бас, Оиша: 

«Ансорийларнинг аёллари қандоқ ҳам яхши аёллар. Уларни ҳаё динда фақиҳ бўлишларидан ман қилмас эди», деди». 

 

Аёллар Оишага ичига пахта солинган тувакни юбордилар. Унда сарғиш рангли қон асари бор эди. У (Оиша) : 

«То оқ нарсани кўрмагунингизча шошилманглар», деди. У бу билан ҳайздан тамоман пок бўлишни ирода қилган эди». 

Муоза розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«У киши айтадики, Оиша розияллоҳу анҳодан: 

«Нимага ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутади-ю, намознинг қазосини ўқимайди?» деб сўрадим. 

«Нима, сен Ҳарурийямисан?!» деди. 

«Мен Ҳарурийя эмасман, лекин сўраяпман», дедим. 

«Ўша нарса бизда ҳам бўлар эди. Бас, рўзанинг қазосини тутишга амр қилинар эдик, намознинг қазосини ўқишга амр қилинмас эдик», деди».


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Фотима бинти Абу Ҳубайш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: 

«Мен истеҳоза бўламан, пок бўлмайман. Намозни қўяманми?» деб сўради. У зот: 

«Йўқ! Албатта, у томир узилганидандир. Ҳайз эмас. Лекин сен одатда ҳайз кўрадиган кунларнинг миқдорида намозни қўй. Сўнгра ғусл қилиб, намозни ўқийвер», дедилар». 


  Термизий , Абу Довуд: 

Бошқа бир ривоятда: 

«Қачонки, ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки, у (кунлар) ўтиб кетса, ўзингдан қонни ювиб, намозни ўқийвер», дедилар». 

Термизий: 

«Нариги вақт келгунча, ҳар намозга таҳорат қил», дедилар»ни зиёда қилди.

 

Абу Довуд келтирган ривоятда: 

«У аёлга етган нарса (дард) етгунча одати бўйича ҳар ойда ҳайз кўрадиган кунлари ва кечалари саноғига қарасин. Ҳар ойдан ўша миқдорича намозни тарк қилсин. Қачон ўшани ўтказса, ғусл қилсин ва бир кийим ила муҳофаза қилиб, намозини ўқисин», дейилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«У киши: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан У зотнинг завжаларидан бир аёл эътикоф ўтирди. У (аёл) сарғиш ва қизғиш (қон) кўрар эди. Гоҳида у намоз ўқиётганда остига тоғора қўйиб қўяр эдик», дедилар». 

 Бухорий, Насаий , Абу Довуд ривояти. 


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байдаа ёки Зотул Жайшда эканимизда мунчоғим узилиб кетди. Уни ахтариш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб қолдилар. У киши билан бирга одамлар ҳам туриб қолишди. Уларнинг сувлари йўқ эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига бориб:

«Оишанинг нима қилганини кўрмайсанми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва У киши билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар сув бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ», дедилар. Абу Бакр келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб, ухлаб қолган эдилар. Бас, у (Абу Бакр) менга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва одамларни тутиб қолдинг. Улар сув бор жойда ҳам эмаслар, улар билан сувлари ҳам йўқ», деди. 

Абу Бакр мени итоб қилиб, Аллоҳ нима дейишини хоҳлаган бўлса, ўшани деди ва қўли билан биқинимга турта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ётганларигина мени қимирлашдан ман қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолдилар. Бас, шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил қилди. «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар», деди. Усайд ибн Ҳузайр (у нақиблардан бири эди): 

«Эй, Оли Абу Бакр, бу сизнинг биринчи баракангиз эмас», деди. Оиша айтадики: 

«Сўнг мен минган туяни турғизган эдик. Мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик».


  Бухорий, Муслим, Насаий , Абу Довуд: 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«У киши Асмаадан мунчоқ қарз олган экан, йўқолиб қолибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан (баъзи) одамларни уни излаш учун юборибдилар. Бас, намоз вақти бўлиб қолиб, таҳоратсиз намоз ўқибдилар. Сўнгра келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда шикоят қилибдилар. Ана шунда таяммум ояти нозил бўлибди. Усайд ибн Ҳузайр (Оишага): 

«Аллоҳ сени яхшилик ила мукофотласин. Бас, Аллоҳга қасамки, қачон сенга ўзинг ёқтирмайдиган бир иш етса, албатта, ундан Аллоҳ сен учун ва мусулмонлар учун бир яхшилик чиқаради», деди».

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан намоз ўқимай, ажраб четда турган бир одамни кўриб қолдилар ва: 

«Эй, Фалончи, одамлар билан намоз ўқишингдан сени нима ман қилди?» дедилар. 

«Эй, Аллоҳнинг Расули, менга жунублик етган эди. Сув йўқ», деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сен учун пок тупроқ бор. У кифоя қилур», дедилар».

 Бухорий, Насаий ривояти. 

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Ғусл қилсам ҳалок бўламан, деб қўрқиб таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга Бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. У зот: 

«Эй, Амр, жунуб бўлиб туриб шерикларингга намозга ўтдингми?» дедилар. Мен ўзимни ғусл қилишдан ман қилган нарсанинг хабарини у кишига бердим ва: 

«Аллоҳнинг «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта меҳрибондир», деганларини эшитганман», дедим. 

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар».


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига бир одам келиб: 

«Мен жунуб бўлдим ва сув топа олмадим», деди. 

Бас, Аммор ибн Ясир Умар ибн Хаттобга: 

«Эслайсанми, мен билан сен икковимиз сафарда бўлган эдик. Сен намоз ўқимаган эдинг. Мен эса тупроққа ағанаб, сўнгра намоз ўқидим. Кейин эса буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим. Бас, у зот: 

«Албатта, сенга мана бундоқ қилмоғинг кифоя қилар эди», деб, ерга икки кафтларини уриб, уларга пуфлаб туриб, сўнгра улар билан юзларига ва икки кафтларига масҳ тортган эдилар», деди».


Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Беъри Жамал томондан юриб келдилар. Бас, у зотга бир киши йўлиқиб салом берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга алик қайтармадилар-да, девор томон бориб, юзларига ва икки қўлларига масҳ тортганларидан кейин, унга алик қайтардилар».


  Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд, Шофеъий: 

«Юзларига ва икки билакларига масҳ тортдилар», дейилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши Журуфдан қайтиб келаётиб Мирбадга етганларида таяммум қилдилар. Юзларига ва икки қўлларига масҳ тортдилар ва Аср намозини ўқидилар. Сўнгра Мадинага кирдилар. Қуёш кўтарилиб турар эди. Намозни қайта ўқимадилар.»


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқар- тирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса:

«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгарилмас. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди».


Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 


«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳли Нажддан бир одам келди. Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эди-ю, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди. Яқин келувди, қарасак, у Ислом ҳақида сўраётган экан. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир кеча-ю бир кундузда беш вақт намоз», дедилар. 

«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди. 

«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар. 

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Рамозон рўзасини тутишлик», дедилар. 

«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди. 

«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар. 

Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар. 

«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди. 

«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар. 

Бас, ўша одам: 

«Аллоҳга қасамки, мана шундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман» дея орқага қайтди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар».

 Бухорий, Муслим, Насаий , Абу Довуд ривояти. 



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Айтингларчи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар. 

«Унинг киридан бир нарса қолмайди», дейишди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар». 


  Бухорий, Муслим, Насаий : 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар Бамдод намозида ва Аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра, ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари улардан Ўзи билиб турса ҳам:

«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. Улар: 

«Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Улар ҳузурига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар», дейшади», дедилар».

.

 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Беш вақт намоз ва Жумадан Жумагача ўз ораларидаги (гуноҳ)ларга каффаротдирлар. Мадомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса?!» дедилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир одам бир аёлни ўпиб олди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб хабар берди. Аллоҳ: «Намозни наҳорнинг икки тарафида ва кечанинг бир қисмида адо эт. Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказур», оятини нозил қилди. 

Сўнгра ҳалиги одам: 

«Эй, Аллоҳнинг Расули. Бу менинг ўзимгами?» деди. 

«Барчага, менинг умматимнинг ҳаммасига», дедилар». 

  Бухорий, Муслим, Термизий , Абу Довуд: 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Аллоҳга қайси амал маҳбубброқ?» деб сўрадим. 

«Ўз вақтида ўқилган намоз», дедилар у зот. 

«Сўнгра қайсиниси?» дедим. 

«Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар. 

«Сўнгра қайсиниси?» дедим. 

«Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар. 

«Буларнинг менинг ўзимга айтдилар, агар зиёда сўраганимда, зиёда айтар эдилар», деди».

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Кишининг аҳлидаги, молидаги, боласидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза, садақа, амр ва наҳий ўчиради», дедилар».


Жарир ибн Абдулоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Кечаси ойга назар солдиларда: 

«Албатта, сизлар Роббингизни мана шу ойни кўргандек кўрурсизлар. Унинг кўришда қийинчиликка учрамассиз. Бас, агар қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намоз ўқишдан қолмасликка қодир бўлсангиз. Шуни қилинг, дедиларда «Қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин Роббингга ҳамд ила тасбиҳ» айт оятини ўқидилар». 


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким Аср намозини ўтказиб юборса, гўёки, аҳлини ва молини йўқотибди», дедилар».


Абул Малийҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бурайда розияллоҳу анҳу билан ғазотда бирга бўлдик. Кун булутли эди. У киши: 

«Аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деганлар», деди».


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб куни: 

«Бизни Ўрта намоз - Аср намозидан машғул қилдилар! Аллоҳ уларнинг уйларини-ю қабрларини оловга тўлдирсин!» дедилар. Сўнгра уни Шом билан Хуфтоннинг ўртасида ўқиб олдилар».

 Бухорий, Муслим, Термизий , Насаий , Абу Довуд ривояти. 



Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жиброил тушиб менга имом бўлди. Бас, у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, деб бормоқлари билан бешта намозни ҳисоб қилдилар». 

  Бухорий, Муслим, Насаий , Абу Довуд: 

Бошқа бир ривоятда: 

«Сўнгра мана шунга амр қилиндим», дедилар» деган зиёда бор».

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Жобир розияллоҳу анҳудан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари (вақти) ҳақида сўралди. 

Бас, У киши: 

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни қуёш қиздирган пайтда, Асрни қуёш тирик турганда, Шомни қуёш ботганда, Хуфтонни одамлар кўп бўлса эртароқ, оз бўлса, кечроқ, Бамдодни тонг қоронғусида ўқир эдилар», деди».


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бамдод намозини ўқиганларидан кейин, аёллар муртларига ўралиб чиқиб кетишар, қоронғуликдан танилмас эдилар».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бамдод намозини биздан биримиз ёнидаги одамни танийдиган ҳолда бўлганида ўқир эдилар. Унда олтмиш олтидан юз оятгача қироат қилар эдилар».

 Бухорий, Муслим, Насаий , Абу Довуд ривояти.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                             кейинги сахифа...

Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов