"."
Меню

Куръони Карим (Алоуддин Мансур таржимаси)

(7) «Аъроф» сураси

 


Маккада нозил бўлган бу сура 206 оятдан ташкил топган.  
У пайғамбарлар ҳақида батафсил ҳикоя қилган биринчи сурадир. Унда Нуҳ, Ҳуд,
Солиҳ, Лут, Шуъайб ва Мусо пайғамбарларнинг қиссалари сўзланади. Аввало шайхул-
анбиё - пайғамбарлар оқсоли Нуҳ қиссаси ҳикоя қилиниб, у зотга ўз қавмлари
тарафидан бўлган қайсарлик ва исёнлар натижасида уларнинг тўфон балосига
гирифтор этилганликлари эслатиб ўтилади.  
Бу сурада пайғамбарлардан хусусан Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари батафсил зикр
қилиниб, у зот билан золим Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган можароларга тўхтаб
ўтилади ва бани Исроилга берилган ноз-неъматлар, Аллоҳнинг амр-фармонларидан
бош тортганларидан кейин эса бошларига тушган бало-мусибатлар ҳикоя қилинади. Бу
сурада ҳам бошқа Макка сураларида бўлгани каби сўз исломнинг асос-моҳияти
бўлмиш Аллоҳнинг бирлиги, тирилиш ва жазо ҳақ экани ҳамда ваҳий ва пайғамбарлик
ҳақиқати устида боради. Суранинг аввалида Муҳаммад алайҳиссаломга тушган буюк
мўъжиза - Қуръон ҳақида сўзланиб, у бутун инсоният учун буюк илоҳий неъмат
эканлиги, бинобарин, дунё ва охират саодатига эришиш учун унинг йўл-йўриқ ва панд-
насиҳатларига амал қилиб бориш лозимлиги уқтирилади.  
Яна бу сурада Аллоҳ берган илмни мол-дунё топиш учун, бировларга зиён етказиш
йўлида суиистеъмол қилган олимлар қаттиқ қораланиб, улар тиллари осилиб, ҳансираб
турадиган итларга ўхшатилади. Ва ниҳоят, бу сурада қиёмат кунидаги ҳолат
тасвирланади. У куни кишилар уч тоифага бўлинадилар: ҳаётларини иймон ва яхши
амаллар билан ўтказган кишилар аҳли жаннат; кофирлик ва ўзларига ҳам, ўзгаларга
ҳам ёмонлик қилиш билан ўтган кимсалар дўзах эгалари бўладилар; қилган
яхшиликлари билан ёмонликлари баробар кимсалар эса «Аъроф» эгалари бўладилар.
Аъроф - жаннат билан дўзах ўртасини ажратиб турадиган девор бўлиб, учинчи тоифага
мансуб одамлар унинг устида Аллоҳ ўзларини жаннатгами ёки дўзахгами ҳукм
қилишини кутиб туради. Бу сурада мана шу ҳолатнинг тасвири ўз ифодасини топгани
учун «Аъроф - жаннат билан дўзах ўртасини ажратиб турадиган девор» деб аталган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Алиф, Лом, Мим, Сод.

2. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу Қуръон) сизга унинг ёрдамида кофирларни
(Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиришингиз учун ва мўъминлар учун бир эслатма бўлиб
нозил қилинган китобдир - бас, кўнглингизда у сабабли танглик (шубҳаланиш)
бўлмасин!

3. (Эй инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга)
эргашингиз, (Аллоҳни қўйиб ўзга) «дўстларга» эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат
олурсизлар.

4. (Бизнинг амримизга итоат қилмаган) қанчадан қанча қишлоқни ҳалок қилдик - бас,
уларга азобимиз тун уйқусида ёки туш уйқусида (яъни кундузи) келди.  

5. Бизнинг азобимиз келган вақтида улар бирон даъво қила олмадилар. Магар «бизлар
(ўзимизга) зулм қилдик» дея олдилар, холос.

6. Энди албатта биз ўзларига пайғамбар юборилган кишилар билан ҳам, (уларга)
юборилган пайғамбарлар билан ҳам савол-жавоб қилурмиз.
 



7. Энди албатта уларга билган ҳолимизда, (қилиб ўтган ишлари ҳақида) сўйлаб
берурмиз. (Зотан), биз ғойиб-йўқ эмас эдик, (балки барча нарсага гувоҳ бўлиб турган
эдик).

8. (Амалларни) тўғри тортишлик ўша куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши
амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир.

9. Кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар бизнинг оятларимизга
(кофир бўлиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган
кимсалардир.

10. (Эй инсонлар), аниқки, биз сизларга ерда имкониятлар бериб, сизлар учун унда
тирикчилик воситаларини пайдо қилдик. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар.

11. Аниқки, биз сизларни яратдик, сўнг сизларга сурат бердик, сўнгра фаришталарга:
«Одамга сажда қилинглар», дедик, бас, улар сажда қилдилар. Магар Иблис сажда
қилгувчилардан бўлмади.

12. (Аллоҳ) деди: «Мен сенга буюрган пайтимда сени сажда қилишдан нима тўсди?» 
«Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мен оловдан яратгансан, уни эса лойдан
яратдинг», деди у.  

13. (Аллоҳ) деди: «У ҳолда ундан (жаннатдан) тушгин! Сен учун унда кибру ҳаво
қилиб юриш жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта сен хор бўлгувчилардандирсан».

14. «Менга улар тириладиган кунгача (қиёматгача яшаш учун) муҳлат бер», деди у.

15. (Аллоҳ) деди: «Сен муҳлат берилганлардансан».

16. У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан озирганинг сабабли мудом сенинг туғри
йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман.

17. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан
оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган
ҳолларида топмайсан».
Изоҳ: Юқоридаги оятларда нима сабабдан Иблис жаннатдан маҳрум бўлгани зикр
қилинди. У мутакаббирлиги сабабли улуғ даргоҳдан қувилди. Лекин унга то
қиёматгача ўлмасдан яшаш имкони берилди ва у доимо Аллоҳнинг бандаларини тўрт
тарафдан келиб адаштиришга қасам ичди. Демак, инсон бу ҳаёти дунёда тўғри йўлдан
озмасдан яшаши учун тўрт томондан келган турли йўлларга - оқимларга эргашмасдан,
фақат осмондан - Аллоҳ таъоло ҳузуридан тушган Қуръон йўлига юргандагина
шайтоннинг васавасаларидан халос бўлади ва нажот топади.

18. (Аллоҳ) айтди: «Ундан (жаннатдан) жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ! Қасамки,
улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз (сен
ва сенга эргашганлар) билан тўлдирурман.

19. Эй Одам, сен эса жуфтинг (Ҳавво) билан жаннатни маскан тутиб, хоҳлаган
жойингиздан таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда
золимлардан бўлиб қолурсиз.
 



20. Сўнг шайтон уларга ўзларидан ҳам беркитилган авратларини ояиб юбориш учун
васвасага солди ва: «Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки
(жаннатда) абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди»,
деди.

21. Ва уларга: «Албатта мен сизларга холисларданман», деб қасам ичди.

22. Бас, (шайтон) алдов билан уларни (тубан ҳолатга) тушириб қўйди. Ўша дарахтдан
тотиб кўришган эди, (устларидаги либослари тушиб кетиб) авратлари очилиб қолди ва
ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. (Шунда) уларга Парвардигорлари
нидо қилди: «Мен сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва албатта шайтон
сизларнинг очиқ душманингиз, демаганмидим?» 
Изоҳ: Ушбу оятда авратларни очиб юриш Одат ота замонларидан бошлабоқ жирканч
иш эканига ва бундай беҳаёлик жаннатдан маҳрум бўлишга сабабчи эканига очиқ
далолат ва ақл эгалари учун ибрат бор.

23. Уларга: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр қилдик. Агар ўзинг бизларни
мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм-шафқат кўрсатмасанг шубҳасиз, зиён
кўргувчилардан бўлиб қолурмиз», дедилар.

24. (Аллоҳ) айтди: «Бир-бирингизга (яъни шайтон инсонга, инсон шайтонга) душман
бўлган ҳолингизда (жаннатдан) тушингиз. Энди сизлар учун маълум бир вақтгача
(яъни ажалингиз етгунча) ерда қарор топиб ўрнашиш ва фойдаланиш бор».

25. (Аллоҳ) айтди: «Сизлар унда яшайсизлар ва унда ўлурсизлар ва ундан (қайта
тирилиш кунида ҳисоб-китоб учун) чиқарилурсизлар».

26. Эй одам болалари, биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам ясан-
тусан (либосни) ҳам туширдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир. Бу -
Аллоҳнинг (фазлу марҳаматига далолат қилгувчи) оятларидандир. Шояд эслатма
(панд-насиҳат) олсалар.

27. Эй одам болалари, шайтон оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни
уятли аҳволга солиб қўйиш) учун уларнинг либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани
каби, сизларни ҳам алдаб қўймасин. Чунки у ва унинг малайлари сизларни ўзингиз
билмайдиган тарафдан кўриб турадилар (яъни улар сизларни қандай алдаганини сезмай
қолишларингиз мумкин). Албатта биз шайтонни иймонсиз кимсларга дўст қилиб
қўйганмиз.

28. Улар қачон бирон бузуқ иш қилсалар (масалан, улар Каъбани яланғоч ҳолларида
тавоф қилар эдилар): «Ота-боболаримизни шундай ҳолда топганмиз. Буни бизга Аллоҳ
буюрган», дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Аллоҳ ҳеч қачон бундай
бузуқ ишларга буюрмайди. Аллоҳ шаънига (ўзингиз) билмайдиган нарсаларни
айтаверасизларми?!» 

29. Айтинг: «Парвардигорим адолатга буюргандир. Ҳар сажда чоғида ўзларингизни
тикиб қўйингиз (яъни бор вужудингиз билан сидқидилдан сажда қилингиз) ва У Зотга
динингизни холс қилган ҳолда дуо-илтижо этингиз. Сизларни бошлаб яратган ҳолига
қайтурсиз (яъни аввал сизларни йўқдан бор қилгани каби, қиёмат кунида яна ҳисоб-
китоб учун қабрларингиздан чиқарур).
 



30. У Зот бир гуруҳни ҳидоят қилди, бошқа бир гуруҳга эса йўлдан озиш ҳақ бўлди.
Чунки улар Аллоҳни қўйиб, шайтонларга дўст тутуниб олганлар-да, яна ўзларини
ҳидоят топгувчилар, деб ҳисоблайдилар.

31. Эй одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни тоза либосда
бўлингиз) ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар. Фақат исроф қилманглар. Зотан У
исроф қилгувчи кимсаларни севмас.

32. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак
(либосларни) ва ҳалол-пок ризқни ким ҳаром қилди?» Айтинг: «Улар (яъни безак ва
ҳалол ризқлар) ҳаёти дунёда иймон эгалари учун (бўлиб, кофирлар ҳам уларга шерик
бўлур), қиёмат кунида эса фақат (мўъминларнинг) ўзларига хосдир». Биз биладиган
қавм учун оятларни мана шундай муфассал қилурмиз.

33. Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яшириш бузуқликларни, (барча)
гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай
ҳужжат тушурмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига
билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган холос».

34. Ҳар бир жамоат-қавм учун ажал бордир. Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни
бирон соатга кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар.

35. Эй одам болалари, ҳар қачон сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар менинг
оятларимни сўзлаган ҳолларида келганларида, кимда-ким (ширкдан) сақланиб, (ўзини)
ўнглаб олса, бас, уларга ҳеч қандай ҳавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар.

36. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган ва улардан кибру ҳаво билан (юз ўгирган)
кимсалар эса дўзах эгаларидир. Улар у жойда (дўзахда) абадий қолгувчидирлар.

37. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган, ёки унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам
золимроқ ким бор?! Уларга китобдан (Лавҳул-маҳфуздан) бўлган ризқ-рўзлари етиб
боргач, жонларини олгувчи элчиларимиз - ўлим фаришталари келиб: «Аллоҳни қўйиб
илтижо қилиб ўтган бутларингиз қани (келиб сизларини ўлимдан
қутқармайдиларми)?», деганларида, улар: «Улар биздан ғойиб бўлиб қолдилар»,
дейишади ва ўзларининг зиёнларига - кофир бўлганликларига ўзлари гувоҳлик
беришади.  

38. (Аллоҳ) айтур: «Сизлардан илгари ўтган жин ва инсдан иборат (кофир) миллатлар
билан бирга дўзахга кирингиз! Қачон бир жамоат (ўша дўзахга) кирганида, шеригини
(яъни ўзини йўлдан урганларни) лаънатлайди. Қачонки унда (дўзахда) ҳаммалари
топишишгач, кейингилари (эргашганлар) аввалгилари (бошлиқлари) ҳақида:
«Парвардигоро, ана ўшалар бизларни йўлдан оздирганлар, бас, уларга дўзах азобини
икки баробар қилгин», дейдилар. (Аллоҳ) айтур: «Ҳар бирингиз учун икки баробар
азоб бўлур, лекин сизлар билмайсизлар».

39. Аввалгилари эса кейингиларига: «Сизларнинг биздан бирон афзаллик томонингиз
йўқдир, бас, қилиб ўтган (гуноҳларингизга) яраша азобингизни тотаверинглар»,
дейдилар.

40. Албатта бизнинг оятларимизни ёлғон деган ва улардан кибру ҳаво билан (юз
ўгирган) кимсалар учун ҳаргиз само эшиклари очилмас ва токи туя игна тешигидан
 



ўтмас экан, улар ҳам жаннатга кира олмаслар (яъни ҳеч қачон жаннатга кира
олмаслар). Биз жинояткор-осийларни мана шундай жазолагаймиз.

41. Улар учун жаҳаннамдан тўшак, устларидан эса (оловдан бўлган) чойшаблар бўлур.
Биз золимларни мана шундай жазолагаймиз.

42. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар - биз ҳеч бир жонни тоқатидан
ташқари нарсага таклиф қилмаймиз - улар жаннат эгалари бўлиб, унда абадий
қолажаклар.

43. Уларнинг остларидан дарёлар оқиб турар экан, кўнгилларидан (бир-бирларига
нисбатан бўлган) ғиллу-ғашликларни тортиб олурмиз ва улар: «Бизларни бу
(неъматларга) йўллаган Зот - Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят
қилмаганида, ҳаргиз йўл топа олмас эдик. Ҳақиқатдан Парвардигоримизнинг
пайғамбарлари ҳақ динни келтирган эканлар», дейдилар ва уларга: «Қилиб ўтган
(яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир», деб
нидо қилинур.

44-45. (Шунда) жаннат эгалари дўзах эгаларига қараб: «Бизлар Парвардигоримиз
берган ваъданинг (яъни жаннат ва ундаги неъматларнинг) ҳақ эканини кўрдик. Сизлар
ҳам Парвардигорингиз ваъда қилган нарсанинг (яъни дўзах ва ундаги азоб-
уқубатларнинг) ҳақ эканини кўрдингизми?!» деганларида, улар: «Ҳа», дейдилар. Бас,
уларнинг ўрталарида бир жарчи: «Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган ва уни бузишни
истайдиган, ўзлари охиратга ишонмайдиган кимсалар бўлган золимларга Аллоҳнинг
лаънати бўлгай», деб жар солур.

46. Уларнинг (жаннат эгалари билан дўзах эгаларининг) ўрталарида тўсиқ бўлиб, у
деворлар устидан ҳаммани (яъни жаннатиларни ҳам, дўхзахиларни ҳам) сиймоларидан
таниб оладиган кишилар бўлур. Улар жаннат эгаларига: «Сизлар тинчлик-омонлик
бўлгай», дейдилар. Ўзлари эса таъма қилган - истаган ҳолларида унга (жаннатга) кира
олмайдилар.  

47. Қачон кўзлари дўзах эгалари тарафга бурилиб қолса: «Парвардигоро, бизларни бу
золим қавм билан бирга қилиб қўймагайсан», дейдилар.

48-49. Аъроф эгалари (яъни қилган яхши амаллари билан ёмон амаллари баробар
келиб, жаннати ҳам, дўзахи ҳам бўлмай, ўртаъда аъроф - деворлар устида турган
кишилар) сиймоларидан таниб олган кишиларига (яъни дўзахиларга) нидо қилиб
дедилар: «Тўплаган молу дунёингиз ва қилган кибру ҳавоингиз сизларга асқотмабди-
ку! Сизлар: «Аллоҳ уларга бирон раҳмат-марҳамат етказмайди, деб қасам ичган
кишилар ана у (ҳаёти дунёдан камбағал-бечоралик билан ўтган мўъмин-
мусулмон)ларми». (Ахир уларга): «Жаннатга киринглар, сизлар учун ҳеч қандай ҳавф-
хатар йўқ ва сизлар ҳеч ғамгин бўлмайсизлар» (дейилди-ку)?!

50-51. Дўзах эгалари жаннат эгаларига: «Бизларга ҳам сувдан ё Аллоҳ сизларни
баҳраманд қилган нарсалардан тўкинглар», деб нидо қилганларида, улар: «Аллоҳ бу
неъматларини динларини ҳазил-мазаҳ қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб қолган
кофирларга ҳаром қилгандир», дедилар. Бас, бу кун улар бугунги учрашувни унутиб
қўйганлари ва бизнинг оятларимизни инкор қилувчи бўлганлари каби, биз ҳам уларни
«унутиб қўярмиз».
 



52. Ҳақиқатан биз уларга (Макка аҳолисига) ўз билимимиз билан муфассал баён қилган
бир китоб (Қуръон)ни келтирдикки, у (Қуръон) иймон келтиргувчи қавм учун ҳидоят
ва раҳматдир.

53. Улар эса (бу китобнинг) таъвийл-оқибатини (яъни ундаги оятлар ҳақ эканлиги
исботланишини) кутадилар, холос. Унинг таъвийли келадиган кунда илгари уни
унутган (яъни ундан юз ўгирган) кимсалар: «Парвардигоримизнинг пайғамбарлари ҳақ
динни келтирган эканлар, энди бизни қўллайдиган қўлловчилар бормикан ёки қилиб
ўтган (ёмон) ишларимиздан бошқа (эзгу) амалларни қилиш учун (яна дунёга)
қайтарилармиканмиз», деб қоладилар. Улар ҳақиқатан ўзларига зиён қилдилар ва
ўзлари тўқиб олган бутлари улардан ғойиб бўлди.  

54. (Эй инсонлар), албатта Парвардигорингиз - Аллоҳ шундай зотдирки, осмонлар ва
ерни олти кунда яратиб, сўнгра ўз аршига ўрнашди. У кечани (қоронғуликни) кундузга
ўрар (ва кеча-кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни ўз
амрига бўсунтирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам
ёлғиз Уникидир. Барча оламлар Парвардигори - Аллоҳ баракотли - буюкдир.

55. (Эй мўъминлар), сизлар Парвардигорингизга тазарруъ билан ичингизда (махфий)
дуо-илтижо қилингиз. Зотан У ҳаддан ошувчи кимсаларни (яъни эл кўзига кўрсатиш
учун риёкорлик қилувчиларни) севмас.

56. Ва (Аллоҳнинг дини билан) ўнглаб қўйилганидан кейин ерда (куфр йўлини тутиб)
бузғунчилик қилмангиз! Сизлар У Зотга (азобидан) қўрқиб, (раҳматидан) умидвор
бўлган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз. Зеро Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал
қилувчиларга яқиндир.  

57. У шундай Зотки, ўз раҳматининг (яъни ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб
шамолларни юборур. Қачонки улар вазмин булутларни кўтариб келгач, биз уни
(булутни, чанқоқ) ўлик шаҳарга ҳайдаймиз. Бас унга сув-ёмғир ёғдириб, унинг
ёрдамида ҳар турли мевалар чиқарурмиз. Биз ўликларни ҳам (ўз жойларидан) мана
шундай чиқарурмиз. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар.

58. Пок шаҳар - ернинг гиёҳи Парвардигорининг изни-иродаси билан (осон) униб
чиқур. Нопок (яъни шўр, тошлоқ) ерники эса фақат қийинчилик-машаққат билангина
чиқур. Биз шукр қиладиган қавм учун оят-аломатларимизни мана шундай баён қилиб
берурмиз.  
Изоҳ: Мазкур оят панд-насиҳатни олиб, унга амал қилгувчи иймонли киши билан
насиҳатни олмайдиган ва эшитган гапидан таъсирланмайдиган диёнатсиз кимса
ҳақидаги ибратли мисолдир.

59. Қасамки, биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга
ибодат қилинглар. Сизлар учун ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Албатта мен сизларни
буюк кун (қиёмат кунининг) азоби(га гирифтор бўлишингиз)дан қўрқаман», деди.

60. (Шунда) унинг қавмидан (зодагон) одамлар: «Биз сенинг очиқ залолатда
эканлигингни кўрмоқдамиз», дейишди.

61. У айтди: «Эй қавмим, мен мутлақо залолатда эмасман. Балки мен барча
оламларнинг Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман.
 



62. Мен сизларга Парвардигоримнинг (менга буюрган) вазифаларини етказурман ва
сизларга насиҳат қилурман ҳамда мен Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган
нарсаларни билурман.

63. Сизларни (охират азобидан) огоҳлантириш учун ва тақводор бўлишингиз ҳамда
(Аллоҳнинг) раҳматига эришишингиз учун сизларга Парвардигорингиздан бўлган
эслатма (огоҳлантириш) ўзингиздан бўлган бир киши зиммасида (яъни менинг
зиммамда) келганидан ажабландингизми?» 

64. Бас, уни ёлғончи қилдилар. Шунда биз уни ва у билан бирган бўлган (унга иймон
келтирган) зотларни кемада қутқардик ва бизнинг оятларимизни ёлғон деган
кимсаларни ғарқ қилиб юбордик. Чунки улар (кўнгиллари) кўр бўлган қавм эдилар.

65. Од қавмида ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим,
Аллоҳга ибодат қилингиз. Сизлар учун ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Ахир (унинг
азобидан) қўрқмайсизларми?!» 

66. (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган одамлар: «Биз сенинг нодон эканингни
кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан, деб ўйламоқдамиз», дейишди.

67. У айтди: «Эй қавмим, мен нодон эмасман, балки мен барча оламлар Парвардигори
тарафидан (юборилган) пайғамбарман.

68. Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва
мен сизлар учун ишончли насиҳат қилгувчиман».

69. Сизларга Парвардигорингиздан бўлган эслатма (сизларни охират азобидан)
огоҳлантириши учун ўзингиздан бўлган бир киши зиммасида келганидан
ажабландингизми? (Аллоҳ) сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа (ўринбосар) қилиб
қўйганини ва куч қувватингизни зиёда қилиб яратганини эслангиз. Бас, Аллоҳнинг
неъматларини эслангиз, шояд нажот топурсиз.

70. Улар: «Сен бизга, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб
ўтган бутларни тарк қилишимиз учун келдингми? У ҳолда агар ростгўй кишилардан
бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтиргин-чи»,
дедилар.

71. У айтди: «Энди устингизга Парвардигорингиз томонидан азоб ва ғазаб тушиши
аниқ бўлди. Мен билан ўзингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган (бутларингизнинг)
номлари ҳақида баҳслашмоқчисизлар? Ахир Аллоҳ (уларга ибодат қилиш жоиз экани
ҳақида) бирон ҳужжат тушурмаган-ку! Энди (Аллоҳнинг азобига) кўз тутаверинглар.
Мен ҳам сизлар билан бирга кутгувчиларданман».

72. Бас, унга (Ҳудга) ва у билан бирга бўлган (мўъмин) зотларга ўз раҳмат-
марҳаматимиз билан нажот бердик ва бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг
думларини қирқдик (ҳалок қилдик). Улар мўъмин эмас эдилар.

73. Самуд (қавмига) ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй
қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз. Сизлар учун ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир.
Сизларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат - мана бу Аллоҳ (юборган) туя сизлар
учун оят-мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб
 



юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни аламли азоб
ушлайди (азобга йўлиқасизлар)».
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Солиҳ пайғамбарнинг қавми ундан ҳақ пайғамбар эканини
тасдиқловчи бирон мўъжиза кўрсатишини талаб қилганларида, пайғамбар уларнинг кўз
ўнгларида бир харсанг тошни тирик туяга айлантирадилар ва уни сўймай - ўлдирмай
ўз ҳолига ташлаб қўйишларини буюрадилар. Акс ҳолда бошларига бало келиши ҳақида
уларни огоҳлантирадилар.  

74. «Сизларни Од (қавми)дан кейин халифа қилиб қўйганини ва сизларга ернинг
текисликларига (ёзлик) қасрлар қуриб олишингиз, тоғлик жойларида (қишлик)
бошпаналар йўниб (тиклаб) олишингиз учун маскан берганини эслангиз! Бас,
Аллоҳнинг неъматларини эслангиз ва ерда бузғунчилик қилиб санқиб юрмангиз!»

75. (Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар бечораларга - уларнинг
ораларидаги мўъмин бўлган зотларга: «Сизлар Солиҳни Парвардигори тарафидан
юборилган пайғамбар деб билурмисизлар?», дейишди. Улар айтдилар: «Албатта, биз
унинг воситасида юборилган нарсага (динга) иймон келтиргувчимиз».

76-77. Мутакаббир кимсалар эса: «Биз сизлар иймон келтирган динга кофирмиз»,
дейишди-да, туяни сўйиб юборишди ва Парвардигорларининг амридан юз ўгиришди
ҳамда: «Эй Солиҳ, агар сен ростдан ҳам пайғамбарлардан бўлсанг, бизга ваъда қилган
нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтир-чи?» дейишди.

78. Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок
бўлдилар).  

79. Кейин (Солиҳ) улардан юз ўгириб, (ўзича) деди: «Эй, қавмим, мана, ман сизларга
Парвардигоримнинг вазифасини - динини етказдим ва сизларга насиҳатлар қилдим.
Лекин сизлар холис насиҳат қилгувчиларни севмайсиз».  

80-81. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Лут (пайғамбар) ўз қавмига: «Шудай
бузуқлик қиласизларми? Ахир сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай
қилмаган эди-ку?! (Наҳотки) сизлар хотинларингизни қўйиб, шаҳват билан
(нафсингизни қондириш учун) эркакларга борсангиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи
қавмдирсиз», деган эди.

82. Қавмнинг жавоби эса фақат мана бундай дейишлари бўлди: «Уларни (яъни Лут ва
тобеларини) қишлоғингиздан чиқариб юборингиз. Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза
одамлар экан».

83. Бас, биз унга ва аҳлига (яъни Лут ва унга тобе бўлган зотларга) нажот бердик.
Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки у Аллоҳнинг азобида) қолиб ҳалок
бўлгувчилардан эди.

84. Биз уларнинг устига даҳшатли ёмғир - тош ёғдирдик. Ана энди жиноятчи - осий
қавмнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг.

85. Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй
қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз. Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир.
Сизларга Парвардигорингиз тарафидан очиқ ҳужжат (яъни дин) келди. Бас, ўлчов ва
тарозини тўла тортингиз ва одамларнинг нарсаларидан уриб қолмангиз ҳамда ер
 



(пайғамбарлар юбориш билан) ўнглаб қўйилганидан кейин унда бўлсангизлар, мана шу
ўзларингиз учун яхшироқдир.

86. Ҳар кўчада (кишиларни) қўрқитиб ва Аллоҳга иймон келтирган зотларни Унинг
йўлидан тўсибҳамда у йўлни бузишга ҳаракат қилиб ўтирмангиз! Озчилик (яъни куч-
қувватсиз, ночор) бўлган пайтингизда сизларни купайтирганини (яъни куч-қудратли,
азиз қилганини) эслангиз ва бузғунчи кимсаларнинг оқибати (қисмати) қандай
бўлганини кўрингиз.

87. Агар сизлардан бир тоифа менга юборилган динга иймон келтириб, бошқа бир
тоифа эса иймон келтирмаса, у ҳолда то Аллоҳ ўртамизда ўз ҳукмини чиқаргунича
(яъни ким ҳақ, ким ноҳақ эканлиги маълум бўлгунча) сабр қилингиз! У ҳукм
қилгувчиларнинг яхшироғидир».
 



Тўққизинчи жузъ

88-89. (Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар: «Эй Шуайб, ё сени ва сен
билан иймон келтирган кишиларни қишлоғимиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки сизлар
бизнинг динимизга қайтасизлар», дейишди. У айтди: «Агар (динингизни) ёмон кўрсак
ҳам-а? Агар Аллоҳ бизга ўша динингиздан нажот берганидан кейин яна унга қайтсак,
Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бўламиз-ку (яъни аслида бўлмаган нарсаларни Аллоҳга
шерик қилган бўламиз-ку)! Биз учун у динга қайтиш жоиз эмас, магар
Парвардигоримиз - Аллоҳ (бизни йўлдан оздиришни) хоҳласагина (қайтишимиз
мумкин). Парвардигоримизнинг илми ҳамма нарсани қамраб олгандир. Биз Аллоҳнинг
ўзига таваккул қилдик (суяндик). Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ
ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилгувчиларнинг яхшироғидирсан».

90. (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: «Қасамки, агар Шуайбга
эргашсанглар, албатта зиён кўргувчи бўлурсизлар», дейишди.

91. Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок
бўлдилар).  

92. Шуайбни ёлғончи қилган кимсалар гўё у ерда яшамагандек бўлиб қолдилар.
Шуайбни ёлғончи қилган кимсаларнинг ўзлари зиён кўргувчи бўлдилар.

93. Кейин (Шуайб) улардан юз ўгириб, (ўзича) деди: «Эй қавмим, мана мен
Парвардигоримнинг вазифасини - динини сизларга етказдим ва насиҳатлар қилдим.
Энди (шунда ваъз-насиҳатлардан кейин ҳам) кофир (бўлган) қавмга қандай қайғурай?!

94. Биз бирон қишлоққа (жойга) пайғамбар юборсак, (ва у ердаги одамлар биз юборган
пайғамбарга иймон келтиришмаса), албатта унинг аҳлини тавба-тазарруъ қилишлари
(ва ҳақ йўлга юришлари) учун қашшоқлик ва мусибатлар билан ушлаганмиз.  

95. Сўнгра шукр қилармиканлар, деб, ўша ёмонлик ўрнига яхшиликни (бой-
бадавлатлик ва хотиржамликни) алмаштириб қўйдик. Кейин улар кўпайишиб кетишгач
ва «Бундай қийинчилик ва кенгчиликлар ота-боболаримизга ҳам етган (яъни бизнинг
динсизлигимизнинг бу ишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ, балки дунёнинг тартиби ўзи
шунақа - бир танглик келса, бир мўл-кўлчилик бўлади)», дейишгач, уларни ўзлари
сезмаган ҳолларида тўсатдан (бирон бало-ҳалокат билан) ушладик.

96. Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида
эди, албатта биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик.
Лекин улар (пайғамбаримизни) ёлғончи қилдилар. Бас, уларни ўзлари қилган
гуноҳлари сабабли ушладик.  

97. У қишлоқларнинг аҳли бало-қазимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан
хотиржаммилар? (Кутмаганмидилар?)

98. Ёки у қишлоқларнинг аҳли бало-қазоимиз чошгоҳ пайтида, улар ўйин-кулгу
қилаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар?

99. Улар Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдиларми? Бас, Аллоҳнинг
«макри»дан фақат зиён кўргувчи қавмгина хотиржам бўлур.
 



100. Бу ерга (илгариги) эгаларидан кейин меросхўр бўлаётган кимсаларга агар биз
хоҳласак уларнинг гуноҳлари сабабли мусибат етказиб қўйишимиз маълум эмасми?
Биз уларнинг дилларини (ана шундай) муҳрлаб қўюрмиз. Сўнг улар (ҳеч қандай панд-
насиҳатга) қулоқ солмай қўядилар.

101. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз сизга ўша қишлоқлар - уларнинг хабарларидан
сўйлаётирмиз. Албатта уларга пайғамбарлари ҳужжат-мўжизалар келтирганлар, аммо
улар илгари (яъни мўъжизалар келмай туриб пайғамбарларини) ёлғончи қилганлари
сабабли (мўъжизалар келганидан кейин ҳам) иймон келтиргувчи бўлмадилар. Аллоҳ
кофирларнинг кўнгилларини ана шундай муҳрлаб қўюр.

102. Уларнинг кўпларида бирон аҳдни (яъни аҳдга вафодорликни) топмадик ва мудом
уларнинг кўнгилларини итоатсиз ҳолда топдик.

103. Сўнгра - улардан кейин Биз Мусони ўз оятларимиз билан Фиръавн ва унинг
одамларига юборган эдик, улар (у оятларга) золим-кофир бўлдилар. Ана энди
бузғунчиларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг.

104. (Мусо) деди: «Эй Фиръавн, албатта мен барча оламларнинг Парвардигоридан
элчиман.

105. Менинг зиммамда Аллоҳ шаънига фақат ҳақни айтиш бордир. Мана сизларга
Парвардигорингиздан очиқ ҳужжат келтирдим. Бас, энди бани Исроилни мен билан
бирга (ўз юртларига) жўнатгин».
Изоҳ: Муфассирларнинг ёзишларича, асли авлодлари муқаддас замин (Шом)дан бўлган
бани Исроил қавмининг Мисрга ўрнашиб қолишларига сабаб - Юсуф
алайҳиссаломнинг замонларида Яъқуб алайҳиссаломнинг уруғ-авлодлари Мисрга
келишиб, шу ерда уй-жой, бола-чақа қилиб қолиб кетадилар. Қачонки давлат устига
Фиръавн келгач, уларни қул қилиб, энг оғир ишларда ишлата бошлади. Шунда Мусо
пайғамбар бани Исроилни бу асирликдан қутқариб, ота-боболарининг ватани муқаддас
замин (Шом)га олиб келмоқчи бўлади. Энди қуйидаги оятларда Мусо келтирган
мўъжизалар баён қилинади.

106. (Фиръавн): «Агар ростгўй кишилардан бўлиб, бирон оят-мўъжиза билан келган
бўлсанг, қани уни келтир!»- деди.  

107. Шунда (Мусо тутиб турган) асосини ташлаган эди, баногоҳ у асо очиқ-ростакам
аждарга айланди.

108. Кейин қўлини чўнтагидан чиқарган эди, баногоҳ у қараб турганларга (кундан ҳам)
оқ бўлиб кўринди. (Ҳолбуки Мусо қорамағиз одам эди).

109. Фиръавн қавмидан (яъни қибтийлардан) бўлган кимсалар (Мусо
алайҳиссаломнинг бу мўъжизаларини кўргач:) «Шубҳасиз бу (Мусо ўткир
сеҳргардир)», дедилар.

110. (Фиръавн айтди): «У сизларнинг ўз ерларингиздан чиқармоқчи. Нима дейсизлар?» 

111-112. Улар дедилар: «Уни ва акаси (Ҳорун)ни қўйиб тургин-да, ҳамма шаҳарларга
(сеҳргарларни) йиғиб келадиган кишиларни юборгин. Улар сенга жами ўткир
сеҳргарларни келтирсинлар».
 




113. (Шундан кейин) сеҳргарлар Фиръавн олдига келишиб: «Агар биз ғолиб бўлсак,
албатта (катта) мукофот (берурсан)», дейишди.

114. У: «Ҳа, (агар ғолиб бўлсангизлар), албатта сизлар менинг яқинларимдан
бўлурсизлар», деди.

115. Улар айтдилар: «Эй Мусо, ё сен (қўлингдаги асони) ташла, ёки биз (ўзимизнинг
қўлимиздаги нарсаларимизни) ташлаймиз».

116. (Мусо): «Сизлар ташланглар», деди. Бас, улар ташлаган эдилар, одамларни
кўзларини даҳшатга солиб қўйдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар.
Изоҳ: Ҳикоя қилишларича, шаҳар четидаги бир водийга тўпланган халойиқ олдида
минглаб сеҳргарлар қўлларидаги таёқча ва ипларини ташлаганларида, бутун водий
устма-уст мингашиб, қоплашиб ётган илонларга тўлиб кетган экан. Одамлар бу ҳолдан
даҳшатга тушиб қоладилар. Хатто Мусо пайғамбарни ҳам хавотир эгаллаб олади.
Шунда...

117. Биз Мусога: «Асоингни ташлагин», деб ваҳий юбордик. Баногоҳ у (аждарга
айланган ҳасса) уларнинг «уйдирма»ларини юта бошлади.

118. Бас, ҳақиқат (жойига) тушди, уларнинг қилган ҳаракатлари эса ботил бўлди.

119. Бас, у ерда (Фиръавн ва унинг тарафдорлари) мағлуб бўлишиб, беобрў бўлган
ҳолларида (шаҳарга) қайтдилар.

120-121-122. (Шу пайт) у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб: «Бизлар
барча оламларнинг Парвардигорига - Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон
келтирдик», дедилар.

123-124. Фиръавн айтди: «Мен сизларга изн бермай туриб унга иймон
келтирдингизми?! Шубҳасиз бу қилган найрангларингиз ушбу шаҳардан унинг
аҳолисини чиқариш учун қилган макрингиздир. Энди яқинда билурсиз - албатта мен
оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг қўл, чап оёғингизни) кесурман. Сўнгра
сизларнинг барчангизни дорга осурман».

125. Улар дедилар: «Албатта бизлар Парвардигоримизга қайтгувчимиз (бас, сен бизни
ўлим билан қўрқита олмайсан).

126. Сен биздан фақатгина Парвардигоримизнинг оятлари келганда, уларга иймон
келтирганимиз учунгина ўч олмоқдасан. Парвардигоро, устимиздан сабру тоқатни
ёғдиргайсан ва бизларни фақат мусулмон бўлган ҳолимизда ўлдиргайсан!»
Изоҳ: Ислом таълимотига кўра, Одам Атодан тортиб то Муҳаммад алайҳиссаломгача
барча пайғамбарлар мусулмонликка, яъни ягона Аллоҳнинг ўзига бандалик қилиб,
бўйсунишга даъват қилганлар. Улар гўё бир занжир бўлиб, у занжирнинг биринчи
ҳалқаси Одам алайҳиссалом бўлсалар, охирги ҳалқаси Муҳаммад алайҳиссаломдир.
Шунинг учун Мусо пайғамбарга иймон келтирган кишилар ҳам Аллоҳ таъолодан фақат
унинг ўзига бўйсунувчи, яъни, мусулмон бўлган ҳолларидан жонларини олишларини
илтижо қилдилар.
 



127. (Шунда) Фиръавн қавмидан бўлган одамлар: «(Эй Фиръавн), Мусо ва қавмининг
ерда бузғунчилик қилиб юришига ҳамда сени ва худоларингни тарк этишига қўйиб
берасанми?» дейишганида, у деди: «Уларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик
қолдиражкамиз. Албатта биз уларнинг устида ғолибдирмиз».

128. (Фиръавннинг сўзларидан даҳшатга тушиб кетганларида) Мусо қавмига деди:
«Аллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилингиз! Бу ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни
ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники
(Аллоҳдан қўрққанларники) бўлур».

129. Улар айтдилар: «Сен бизга (пайғамбар бўлиб) келишингдан илгари ҳам (яъни
ўшанда ҳам Фиръавн ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдириб, зулм
қилган эди), сен келганингдан кейин ҳам озор кўрдик». У (Мусо) деди: «Шояд
Парвардигорингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни бу ерга халифа қилса ва
қандай амаллар қилишингизни кўрса».

130-131. Дарҳақиқат биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун
(қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан
ушладик. Шундан кейин ҳам қачон уларга яхшилик (осойишта ҳаёт, унумдорлик)
келса, улар: «Бунга ўзимиз ҳақдормиз», дейишди. Агар уларга бирон ёмонлик етиб
қолса эса, Мусо ва у билан бирга бўлган (унга иймон келтирган) кишилардан бадгумон
бўлдилар. Огоҳ бўлсинларки, албатта уларнинг кўргуликлари (яъни улар кўрадиган
яхшиликлар ҳам, ёмонликлар ҳам) фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин уларнинг
кўплари (буни) билмайдилар.

132. Улар (Мусога): «Сен бизларни сеҳрлаш учун қандай оят-мўжиза келтирсанг ҳам,
биз сенга ҳаргиз иймон келтиргувчи эмасмиз», дедилар.  

133. Бас, биз уларнинг устиларига тўфон (сел), чигиртка, бит, бақа ва қон (балоларини
бизнинг қудратимизга далолат қиладиган) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик.
(Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи - осий қавм бўлдилар.
Изоҳ: Дарҳақиқат, Фиръавн қавми ўзларининг кофирликларида оёқ тираб туриб
олишгач, Аллоҳ таъоло уларга мисли кўрилмаган даҳшатли балоларни юборди:
уларнинг барча экинзор-боғларини сел босиб, ҳалок қилди. чигирткалар уларнинг экин
ва мева ҳосилларидан тортиб, уй-жой, кийим-бошларигача еб битиришди, уларнинг
егулик ва жониворларини битлар босиб кетди; бақалар эса уларнинг таом ва
қудуқларидан тортиб, ётоқхоналаригача тўлдириб юборишди; уларнинг ариқ ва
булоқларидан сув ўрнига қон оқди, бир ютум тоза сув топа олмай қолдилар. Аммо
шунча бало-мусибатларни кўриб ҳам, улар яна алдов йўлини тутдилар.

134. Қачонки уларнинг устига бу азоб тушгач, улар: «Эй Мусо, Парвардигорингга
сенга берган ваъдаси ҳаққи-ҳурмати дуо қил! Қасамки, агар сен бизлардан бу азобни
кўтарсанг, албатта сенга (пайғамбарлигингга) иймон келтирурмиз ва бани Исроилни
сен билан бирга (ўз ватанларига) жўнатурмиз», дедилар.

135. Энди биз улардан бу азобимизни (улар) ўзлари етиб боргувчи бўлган муддатгача
(яъни барча ишлар ҳисоб-китоб қилинадиган қиёмат кунигача) кўтарганимизда эса,
баногоҳ (ичган қасамларини) бузиб турибдилар.

136. Бас, биз улардан интиқом олдик - оятларимизни ёлғон деганлари ва у (оят-
мўъжизалардан) ғофил бўлиб олганликлари сабабли, биз уларни денгизга ғарқ қилдик.
 




137. (Миср ва Шомдаги) ўзимиз баракотли қилган ернинг машриқ ва мағрибларига бу
бечора қавмни (яъни бани Исроилни) ворис қилиб қўйдик. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), сабр-тоқат қилганлари сабабли бани Исроилга Парвардигорингизнинг
(«Бу ердаги бечора бўлган зотларга инъом қилишни ва уларни одамларга етакчи қилиб
қўйишни истаймиз», деган) гўзал сўзлари тўла-тўкис бўлди. Фиръавн ва қавми ясаб-
қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик.  

138-139. Ва биз бани Исроилни (эсон-омон) денгиздан ўтказдик. Шунда улар бутларига
сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар ва: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг
илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Албатта сизлар билмайдиган
қавмдирсизлар. Ахир уларнинг (ибодат қилиб) турган нарсалари йўқ бўлгувчи, қилиб
турган амаллари эса ботил-ку?!» 
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Фиръавн денгизга ғарқ қилиниб, Мусо алайҳиссалом бани
Исроил қавми билан эсон-омон денгиздан ўтиб олган кун муҳаррам ойининг ўнинчиси
- ашура куни эди. Шунинг учун улар ўша куни шукрона рўза тутишни одат қилганлар.  

140. (Яна) айтди: «Мен сизларни бутун оламлардан афзал қилиб қўйган Аллоҳдан
ўзгани (яъни жонсиз бутни) сизларга худо қилиб бераманми?!» 

141. (Эй бани Исроил), сизларни ёмон азоб билан қийнаётган, ўғилларингизни
ўлдириб, аёлларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни
эслангиз. Бу ишларда (яъни бу азоб ва нажотда) Парвардигорингиз тарафидан улуғ
имтиҳон бордир.

142. Биз Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашган эдик. Сўнгра уни яна ўн (кеча) билан
тўлдирдик. Бас, Парвардигорининг (унинг учун белгилаган) вақти комил қирқ кеча
бўлди (яъни Аллоҳ Тур тоғида Мусога шунча муддат танҳо ибодат қилишни буюрди.
Аллоҳ таъолога муножот қилиш учун кетар экан) Мусо акаси Ҳорунга деди: «Қавмим
устида менинг ўринбосарим бўлгин ва (агар улар ёмон амал қилсалар) тузатгин.
Бузғунчи кимсаларнинг йўлига эргашмагин».

143. Қачонки Мусо ваъдалашган вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга
(бевосита) сўзлагач, у: «Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин, сенга бир
қарай», деди. (Аллоҳ) айтди: «Сен мени (бу дунёда) ҳаргиз кўра олмайсан. Аммо мана
бу тоққа боқ (Мен унга кўринурман). Бас, агар у (мен кўринганимда) ўрнашган
жойидан тура олса, сен ҳам мени кўражаксан». Қачоки Парвардигори у тоққа кўринган
эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо хушсиз ҳолда
йиқилди. Ўзига келганидан кейин эса деди: «Пок Парвардигор, (ноўрин савол
сўрашдан) ўзингга тавба қилдим. Энди мен (сенинг нақадар буюк зот эканингга) иймон
келтирувчиларнинг аввали-пешқадамиман».

144. (Аллоҳ) айтди: «Эй, Мусо, ҳақиқатан мен сени одамлар устида пайғамбарим
бўлишга ва (бевосита) каломимни эшитишга танлаб олдим. Бас, сенга ато этган
нарсамни (яъни пайғамбарликни) олгин ва шукр қилгувчилардан булгин!»

145. Унинг учун лавҳларга (яъни Таврот варақларига) ҳамма нарсани - панд-насиҳат ва
барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик ва: «Уларни маҳкам ушлагин ҳамда
қавмингни у панд насиҳатларнинг энг гўзалларини олишга буюргин», (дедик). Энди
мен сизларга итоатсиз кимсаларнинг диёрини (яъни улар охират диёрида топадиган
оқибатларни) кўрсатурман.
 




146. Мен ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят-мўъжизаларни
кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, тўғри йўлни кўрсалар, уни (ўзлари учун)
йўл қилиб олмайдиган, агар залолат - нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган
кимсаларни ўз оят-мўжизаларимдан буриб юборурман (яъни англаб етмайдиган қилиб
қўюрман). Бунга сабаб улар бизнинг оятларимизни ёлғон деганлари ва у оятлардан
ғофил бўлиб олганлдаридир.

147. Бизнинг оятларимизни ва охиратдаги мулоқот (қиёмат)ни ёлғон деган
кимсаларнинг қилган амаллари бехуда кетар. Улар фақат ўзларининг амаллари (яъни
куфру исёнлари) сабабли жазоланурлар.  

148. Мусонинг қавми ундан кейин (яъни у Тур тоғига Аллоҳга муножат қилиш учун
кетганидан кейин) ўзларининг безак-буюмларидан овоз чиқарадиган бир бузоқ -
шаклни (ясаб) олдилар (ва унга ибодат қила бошладилар) - ахир улар ўша (бузоқ)
ўзларига сўзлай олмаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмадиларми?! - улар
ўшани (ибодат қилиш учун) ушлаб, (ўзларига) зулм қилгувчи бўлдилар.

149. Қачонки қўлга тушишгач (яъни бизоқ худо эмаслигини билишиб, хафсалалари
совугач) ва ўзларининг йўлдан озганликларини билишгач, айтдилар: «Қасамки, агар
Парвардигоримиз бизга раҳм этмаса ва (бу гуноҳимизни) мағфират қилмаса, албатта
зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз».

150. Қачонки Мусо қавмига (уларнинг бузоққа сиғинганликларидан) ғазабланган ва
хафа ҳолда қайтгач: «Менинг ортимдан нақадар ёмон (ишлар қилиб) қолгувчи (халифа)
бўлдингизлар. Парвардигорингизнинг амр-фармони (етиб келгунича сабр қилмай)
шошиб кетдингизми?», деб, (ғазабланганидан қўлидаги) лавҳларини ташлаб юборди ва
акасининг бошидан (сочидан) ушлаб ўзига торта бошлади. (Ҳорун) деди: «Эй онамнинг
боласи - биродарим, бу қавм мени ҳўрлаб, ўлдиришларига оз қолди. Энди сен ҳам бу
душманларни менинг устимдан кулдирмагин ва мени бу золим қавм билан бирга деб
билмагин».

151. (Мусо) деди: «Парвардигорим, мени ва биродаримни ўзинг мағфират қилгайсан ва
бизни ўз раҳматингга дохил қилгайсан, ўзин раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғисан!»

152. Шубҳасиз, бузоқни («Худо» қилиб) ушлаб олган кимсаларга Парвардигорлари
тарафидан ғазаб ва ҳаёти дунёда хор-зорлик етар. (Аллоҳ шаънига) ёлғон тўқувчи
кимсаларни мана шундай жазолаймиз.

153. Гуноҳ ишларни қилиб, кейин уларнинг ортидан тавба қилган ва иймон келтирган
кишилар учун эса албатта Парвардигорингиз ўшандан кейин ҳам мағфират қилгувчи,
меҳрибондир.

154. Қачонки Мусонинг ғазаби босилгач, ҳалиги лавҳларни (ердан) олди - унда:
Парвардигоридан қўрқадиган кишилар учун ҳидоят ва раҳмат бўлур, деб битилган эди.

155. Мусо бизнинг белгилаган вақтимиз(га - ҳузуримизга олиб келиш) учун ўз
қавмидан (бузоққа сиғинмаган) етмиш кишини танлаб олди. Шу пайт уларни даҳшатли
зилзила тутган эди, айтди: «Парвардигорим, агар хоҳласанг, уларни ҳам, мени ҳам
илгари (яъни улар бузоққа сиғинаётган пайтларида) ҳалок қилсанг бўлур эди.
Орамиздаги ақлсиз кимсаларнинг қилмишлари сабабли (энди) бизларни ҳалок
 



қиласанми? Ахир бу (яъни уларнинг бузоққа сиғинишлари) фақатгина ўзинг хоҳлаган
кишингни у сабабли адшштирадиган, хоҳлаган кишингни ҳидоят қиладиган бир
имтиҳонинг эди-ку! Ўзинг Ҳожамизсан, бас, бизни мағфират қил, бизларга раҳм айла.
Ўзинг мағфират қигувчиларнинг энг яхшисидирсан.

156-157. Бизлар учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёзгин. Ўзингга тавба
қилдик». (Аллоҳ) айтди: «Азобимни ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим -
меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен уни (раҳматимни) тақво қиладиган,
закотни берадиган зотларга ва бизнинг оятларимизга иймон келтиргувчи бўлган
кишиларга ёзурман. Улар шундай кишилардирки, уммий (саводсиз) пайғамбарга -
номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзиладиган ҳолда топишадиган -
элчимизга (Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга) эргашадилар. У (пайғамбар) уларни
яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб,
нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларини
кишанларини олиб ташлайди (яъни ислом динидан аввалги динларда бўлган оғир,
машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини
келтиради). Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг
(келиши) билан нозил қилинган нурга (яъни Қуръонга) эргашган зотлар - ана
ўшаларгина нажот топгувчилардир.

158. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Эй инсонлар, албатта мен сизларнинг
барчангизга (юборилган) Аллоҳнинг элчисиман. У шундай зотки, самовот ва ер унинг
мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат унинг ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам
унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва унинг элчисига - Аллоҳга ва унинг сўзларига
ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз - шояд ҳидоят
топурсиз».

159. Мусонинг қавми орасида шундай жамоат ҳам борки, улар ҳақ (сўз) билан
(одамларни) тўғри йўлга бошларлар ва ҳақ (ҳукмлар) билан адолат қилурлар.

160. Уларни (яъни Мусо қавмини) жамоа-жамоа қилиб, ўн икки уруғ, авлодга бўлиб
юбордик ва қавми Мусодан сув сўраган пайтида унга: «Асоинг билан тошни
ургин!»деб ваҳий юбордик. Бас, (тошдан) ўн икки чашма отилиб чиқди - ҳамма
одамлар ўз сувларини билдилар. Уларга (саҳрода) булутни соябон қилдик ва
устларидан ширинлик ва беданалар ёғдириб: «Сизларни баҳраманд қилган пок
нарсаларимиздан енглар», (дедик). Улар (берган неъматларимизга ношукр бўлишлари
билан) бизга жабр қилмадилар, балки ўзларига жабр қилгувчи бўлдилар.

161. Уларга: «Мана шу қишлоқни (Байтул-Муқаддасни) маскан тутингиз ва ундан
хоҳлаган жойингизда таомланингиз ҳамда «Кечиргин» деб шаҳарга дарвозадан сажда
қилган ҳолингизда кирингиз! (Шунда) гуноҳларингизни мағфират қилурмиз, чиройли
амал қилгувчиларга эса (марҳаматимизни) зиёда қилурмиз», деган пайтимизни эсланг!

162. Ўшанда улардан золим бўлган кимсалар ўзларига айтилган («Кечиргин») сўзини
бутунлай бошқа бир сўзга алмаштирдилар. (Шундан кейин) биз уларга золим
бўлганлари сабабли осмондан азоб юбордик.

163. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улардан (яҳудийлардан) денгиз олдидаги қишлоқ
ҳақида - шанба куни ҳаддан ошганлари ҳақида (яъни ман қилинганига қарамасдан
шанба куни балиқ овлаганлари ҳақида) сўранг! Ўшанда шанбалик қилган (яъни балиқ
овламаган) кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди, шанбалик қилмаган
 



кунларида (яъни шанбадан бошқа кунларда) эса келмас эди. Уларни итоатсиз
бўлганлари сабабли мана шундай имтиҳон қилурмиз.
Изоҳ: Муфассирлардан Қуртубийнинг ёзишларича, бу воқеа Довуд алайҳиссалом
замонларидан бўлган экан. Ўшанда шанба кунлари балиқлар сон-саноқсиз бўлиб, сув
юзида оқиб келар, эртасига эса дарёда биронта балиқ қолмас экан. Бу фурсатдан
фойдаланган иблис яҳудийларни васвасага солиб, улар дарё четларида саёз ҳовузлар
ковлашиб, шанба кунлари балиқларни қамаб олишадиган, эртасига эса ўша
ҳовузлардан уттиб кетадиган бўлган эдилар. Бу қилмишлари оқибатида улар Аллоҳ
таъолонинг имтиҳонидан ўта олмаган эканлар. Юқоридаги оятда фосиқ-итоатсиз
кимсаларни Аллоҳ ўтиб бўлмайдиган бало-имтиҳонларга гирифтор қилишига ҳам
ишора бордир. Ўшанда яҳудийлар уч тоифага бўлиниб қолган эканлар: Бир тоифа
юқорида айтилган шанба кунлари балиқ овлайверадиган итоатсизлар, иккинчи тоифа
ўзларини бу жиноятдан сақлаб, ўзгаларни ҳам ундан қайтарадиган, учинчи тоифа эса
ўзлари у кунда балиқ тутмай, ўзгаларни ҳам ундан қайтармайдиганлар эди. Қуйидаги
оятда мана шу учинчи ва иккинчи тоифа ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб зикр
этилади.

164. Ўшанда улардан бир жамоат: «Не сабабдан Аллоҳнинг Ўзи (бу дунёда) ҳалок
этадиган ёки (Охиратда) қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қилурсизлар!»
деганларида, улар (яъни иккинчи тоифадаги одамлар) айтдилар: «Парвардигорингизга
(қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар Аллоҳдан) қўрқсалар, деб
(насиҳат қилмоқдамиз)».

165. Бас, қачон улар (яъни итоатсиз кишилар) ўзларига эслатма қилиб берилган
нарсани унутишгач, биз бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим
кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабабли қаттиқ азоб билан ушладик.

166. Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганлуридан
кейин уларга: «Бадбахт маймунларга айланингиз», дедик.

167. Ўшанда Парвардигорингиз албатта уларнинг устига Қиёмат кунигача ёмон азоб
билан азоблайдиган зотларни юборишини билдирган эди. Шубҳасиз,
Парвардигорингиз (кофирлар учун) азоби қаттиқ, (мўъминларни эса) мағфират
қилувчи, меҳрибондир.

168. Биз уларни (яҳудийларни) бутун ер юзига жамоа-жамоа қилиб бўлиб юбордик.
Уларнинг ораларида яхшилари (иймонга келганлари) ҳам, ундай эмаслари
(иймонсизлари) ҳам бордир. Уларни (куфр ва исёндан) қайтишлари учун кўп яхшилик
(неъматлар) ва ёмонликлар (Балолар) билан синаб кўрдик.

169. Улардан сўнг Китобга (Тавротга) меросхўр бўлган бир авлод келдики, улар бу
тубан (дунё) нарсаларини (ҳалол, ҳаромлигига қарамай) оладилар ва «Албатта бизлар
мағфират қилинурмиз», дейдилар. Ҳолбуки, агар яна ўшанга ўхшаган нарса келиб
қолса, уни ҳам олаверадилар. Ахир улардан китобда (Тавротда) Аллоҳ шаънига фақат
ҳақни айтишлари борасида аҳд-паймон олинмаганмиди? Ундаги оятларни ўқиб-
ўрганган эдилар-ку! Аллоҳдан қўрқадиган зотлар учун (бу дунё матоларидан) охират
диёри яхшироқ-ку! Ақл юргизмайсизларми?!

170. (уларнинг ораларида) Китобни маҳкам ушлаган ва намозни тўкис адо қилган
зотлар ҳам борки, албатта биз ўзларини тузатгувчи кишиларнинг ажр-мукофотини зое
қилмагаймиз.
 




171. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Тур) тоғини кўчириб олиб, уларнинг устларида гўё
бир соябондек (кўтариб туриб) улар уни устларига қулаб тушади, деб гумон қилган
ҳолларида: «Биз сищларга ато этган нарсани (Тавротни) маҳкам ушлангиз ва ундаги
оятларни ёдда тутингиз. Шояд тақводор бўлсаларингиз?» деган пайтимизни эсланг.

172. Парвардигорингиз одам болаларининг белларидан (яъни пушти камаридан то
қиёмат кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен
Парвардигорингиз эмасманми?», деб ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар:
«Ҳақиқатан сен Парвардигоримизсан. Бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг.
(Сизлардан бундай гувоҳлик - аҳду паймон олишимиз) қиёмат кунида: «Бизлар бундан
бехабар эдик», демасликларингиз учундир.

173. Ёки: «Ахир илгари ота-боболаримиз мушрик бўлган эсалар, бизлар улардан кейин
келган (ва уларнинг ўргатган йўлларига эргашган) авлод бўлсак, ўша ноҳақ йўлда ўтган
кимсаларнинг қилмишлари сабабли бизларни ҳалок қилурмисан?» демасликларингиз
учундир.
Изоҳ: Халқ орасида машхур бўлган «алмисоқ, алмисоқдан қолган», деган ибораларнинг
асл мазмуни юқоридаги икки оятда мазкур бўлди. Қуръон бизга уқтиришича, Аллоҳ
таъоло ўз қудрати билан одам алайҳиссаломнинг белидан ундан тарқайдиган барча
зурриётларни чиқариб, уларга ўзининг мўъжизаларини кўрсатгач, «Айтинглар-чи, мен
сизларнинг роббингиз эмасманми?» деганида, улар «Парвардигоро, ўзинг
барчамизнинг роббимизсан. Бизлар бунга гувоҳ бўлдик», деб Аллоҳга аҳду паймон,
яъни «мисоқ» берган эканлар. Шунинг учун ислом уламолари «Кимда-ким кофир
бўлса, ёки динидан қайтса, ўзининг Аллоҳ таъолога берган мисоқидан қайтган бўлади»,
дейдилар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Ҳар бир туғилган бола тоза ҳолда - исломда
туғилади, кейин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилиб бузуқ тарибя
беришади» деган ҳадисларининг мазмуни юқоридаги оятлар мазмунига ҳамоҳангдир.

174. Шояд улар (куфрларидан) қайтсалар, деб биз оятларни мана шундай муфассал
баён қилурмиз.

175. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини
тиловат қилинг - у кимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан
четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан
озгувчилардан бўлиб қолди.

176. Агар Биз хоҳласак уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлур
эдик. Лекин у ерга (яъни молу дунёга) берилди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг
мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади
ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади. Бу бизнинг оятларимизни
ёлғон деган кимсаларнинг мисолидир. Улар тафаккур қилсинлар учун Сиз бу
қиссаларни сўйланг.
Изоҳ: Ушбу икки оят гарчи Мусо пайғамбар давридаги мол-дунёга берилган бир
яҳудий «олим» ҳақида нозил бўлган эса-да, бу оятларнинг ҳукми билган илмига амал
қилмай динфурушлик билан кун ўтказадиган «уламолар»нинг барчасига тааллуқлидир.
Зотан, илм кишининг диёнат ва эътиқодини зиёда қилиш ўрнига аҳли давлат, аҳли
дунёларга қул қилиб қўйса, у илм эмас, балки жаҳолат - илмсизликдир. Аллоҳ таъоло
бундай «олим»ларни доим таъмагирлик билан тилини осилтириб, думини ликиллатиб
турадиган итга тенглаштиради. Яратган барча мусулмонларга мана шундай
«итларнинг» ёмонлигидан паноҳ берсин.
 




177. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисоли (топган оқибати)
нақадар ёмон бўлди ва улар фақат ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар.

178. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, ана ўша ҳидоят топгувчидир. У Зот кимни йўлдан
оздирса, ана ўшалар зиён кўргувчидирлар.

179. Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг
диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору
эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан
ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир.

180. Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд
этинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган
мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша
жазоланурлар.

181. Биз яратган зотлар орасида шундай жамоат ҳам борки, улар ҳақ (сўз) билан
(одамларни) Тўғри Йўлга бошларлар ва ҳақ (ҳукмлар) билан адолат қилурлар.

182. Оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса Биз ўзлари билмай қоладиган тарафдан
секин-аста (ҳалокатга) олиб борурмиз.

183. (Ҳозирча) уларга муҳлат бериб қўюрман. Албатта, Менинг «макрим» қаттиқдир.

184. Улар ҳамроҳларида (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломда) ҳеч қандай жунун
йўқлигини ўйламайдиларми?! У фақат (Аллоҳнинг азобидан) ошкора огоҳлантирувчи
зотдир.

185. Ахир улар самовот ва ер мамлакатлари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида
ва ажаллари яқинлашиб қолган бўлиши мумкинлиги хусусида ўйламайдиларми?!
Ундан (Қуръондан) сўнг (яъни унга ишонмаганларидан кейин) яна қандай гапга
ишонадилар-а?!

186. Кимни Аллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.
(Аллоҳ) ундайларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилур.

187. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиздан соат (яъни Қиёмат) қачон воқеъ бўлади, деб
сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-
соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни Қиёмат) самовот ва ер учун жуда
оғир (даҳшатли бир ишдир). У сизларга фақат тўсатдан - кутилмаганда келур». Гўё сиз
у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «(Қиёмат соати қачон қоим бўлиши
ҳақидаги) билим фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар (буни)
билмайдилар».

188. Айтинг: «Мен ўзимга ҳам бирон фойда ёки зиён етказишга эга эмасман. Магар
Аллоҳ хоҳлаган ишгина бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни
кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон ёмонлик - зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат
иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (жаннат
неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос».
 



189. (Аллоҳ) шундай зотдирки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором-
осойиш топсин, деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди. (Одам) унга
қўшилганидан кейин у (Ҳавво) енгил-пок (ҳомила) билан юклик бўлиб, ўша (юк) билан
юрди. Бас, қачонки оғирлашганида, (улар) Парвардигорлари - Аллоҳга дуо қилдилар:
«Қасамки, агар бизга солиҳ фарзанд ато қилсанг, албатта шукр қилгувчилардан
бўлурмиз».

190. Энди (Аллоҳ) уларга солиҳ (фарзанд) ато этганидан кейин, унга (унинг) ўзи ато
этган нарсада (яъни болага ном қўйишда) ширк келтира бошладилар. Бас, Аллоҳ
уларнинг ширк келтирган нарсаларидан юксакдир.  
Изоҳ: Ривоят қилишларича, Ҳавво фарзанд кўрганида, Иблик келиб уни йўлдан
оздириб, боласига Абдулҳарс, яъни ҳарс - ернинг бандаси деб ном қўйди. Аллоҳдан
ўзгага бандалик қилиш жоиз бўлмагани учун Қуръон Ҳаввонинг бу қилмишини ширк,
деб атайди.

191. Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, балки ўзи яратилувчи бўлган нарсаларни
(Аллоҳга) шерик қиладиларми?!

192. Улар учун бирон ёрдам қилишга қодир бўлмайдиган, ҳатто ўзига-ўзи ёрдам қила
олмайдиган (нарсаларни Аллоҳга шерик қиладиларми?!)

193. (Эй мушриклар), агар сизлар уларни (яъни бутларни) ҳидоятга чақирсангизлар,
сизларга эргашмайдилар (яъни улар жонсиздирлар). Сизлар учун уларни чақиришингиз
ёки сукут қииб туришингиз баробардир (яъни барибир улар жавоб бера олмайдилар).

194. Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга сизлар илтижо қилаётган нарсалар худди (сизларнинг)
ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларни
чақиринглар, улар сизларга жавоб қилсинлар-чи?!

195. Уларнинг оёқлари бормики, юрсалар, ё қўллари бормики, тутсалар, ё кўзлари
бормики, кўрсалар, ёҳуд қулоқлари бормики, эшитсалар?! (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), айтинг: «Сизлар (Аллоҳга) шерик деб билган ўша бутларингизни
чақиринглар-да, сўнгра менга (бир лаҳза) муҳлат бермай бор ҳийла найрангингизни
қилаверинглар». (Қандай ҳунар кўрсатманглар, натижаси ҳечдир).

196. Зотан, менинг (ёрдам берувчи ва сақловчи) эгам шу китобни нозил қилган
Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур.

197. Ундан ўзга сизлар илтижо қилаётган нарсалар сизларга ёрдам қилишга қодир
эмаслар ва улар ўзларига ҳам ёрдам қила олмаслар.

198. Агар сизлар уларни ҳидоятга чорласангиз, эшитмайдилар. (Эй Муҳаммад
алайҳиссалом), улар ўзлари кўрмаган ҳолларида сизга «боқиб» турганларини кўрурсиз.

199. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), афв-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва
жоҳиллардан юз ўгиринг!

200. Агар сизни шайтон томонидан бўлган васваса йўлдан урмоқчи бўлса, Аллоҳдан
паноҳ сўранг. Албатта у эшитгувчи, билгувчидир.
 



201. Тақво қилгувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа,
(Аллоҳни) эслайдилар-да, бас (Тўғри йўлни) кўра бошлайдилар.

202. (Шайтонларнинг) дўстлари эса йўлдан оздиришда уларга (шайтонларга) ёрдам
берадилар, сўнг (бу иғволарини) тўхтатмайдилар.

203. Уларга бирон оят келтирмаган вақтингизда улар: «Ўзинг тўқий қолмайсанми?»-
дейишади. Айтинг: «Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳийгагина эргашурман. Бу
(Қуръон) иймон келтирадиган қавм учун Парвардигорингиз томонидан кўрсатма,
ҳидоят ва раҳматдир.

204. Қачонки Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз - шояд
(Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангизлар.  

205. Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, ошкор бўлмаган сўзлар билан
(яъни дилдан) эрта-ю кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!

206. Албатта Парвардигорингизнинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) унга ибодат
қилишдан ор қилмайдилар. Уни поклайдилар ва унгагина сажда қиладилар».
Изоҳ: Қуръонда бир неча сураларда сажда оятлари мавжуд бўлиб, мазкур суранинг
сўнгги ояти ўша сажда оятларининг аввалгисидир. Бундай оят ўқилганда, ўқувчига
ҳам, тингловчига ҳам бир марта Аллоҳга сажда қилиш вожиб бўлади.
 



(8) «Анфол» сураси
Бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, 75 оятдан иборатдир. Унда сўз, асосан, ғазот-
жанг ҳақида бориб, ҳарбий қонун-қоидалар, уруш ва тинчлик ҳолатлари ҳамда шариати
исломиядаги асир ва ўлжа олиш ҳусусидаги ҳукмлар баён қилинади. Бу суранинг
«Анвол - ўлжалар» деб номланишининг сабаби ҳам шудир.
У ислом тарихидаги илк жанг - Бадр жангидаги воқеаларини батафсил ҳикоя қилгани
учун айрим саҳобалар уни «Бадр» сураси, деб ҳам атаганлар. Исломий ғазотлар
солмномасидан Бадр жанги ҳижрий иккинчи йилнинг рамазон ойида Мадинанинг
жанубий ғарбида жойлашган Бадр қишлоғида бўлиб ўтгани маълум. Бу жангда
мусулмонлар ададлари оз бўлишига қарамасдан, аскарлар сонида ҳам, ҳарбий қурол-
анжомларда ҳам ўзларидан бир неча баробар ортиқ бўлган мушриклар устидан ғалаба
қозониб, душманнинг етмиш аскарини ҳалок қиладилар ва етмиш кишини асир
оладилар, катта ўлжаларга эга бўладилар. Жанг тугаганидан сўнг ўлжалар тақсимотида
айрим мусулмонлар ўртасида ихтилоф чиққанда уларга панда-насиҳат қилиш ва тўғри
йўл кўрсатиш билан сура бошланади. Сура ниҳоясида эса мўъминлар ватан ва
миллатлари бир-биридан қанчалар йироқ ва хилма хил бўлишидан қатъий назар бир
уммат эканликлари, бинобарин, кофирларнинг фитналарига алданмай, ўзаро дўст-
биродар бўлиб яшаб ўтишлари лозимлиги уқтирилади.  

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг:
«Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни
ўйлангиз! Агар мўъмин бўлсанизлар, Аллоҳ ва унинг пайғамбарига бўйсунингиз!
Изоҳ: Бадр жангидан сўнг қўлга киритилган ўлжаларни тақсимлашда ёш аскарлар
билан кексалари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлади. Ёшлар: «Ғалаба бизнинг
кучимиз билан бўлди, бинобарин, ўлжалар ҳам ўзимизники бўлиши керак»,- дейишса,
кексалар: «Биз сизларга жанг йўл-йўриқларини кўрсатиб турганмиз, демак, бу
ўлжаларда бизнинг ҳам улушимиз бор»,- дейишди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди
ва пайғамбар алайҳиссалом тушган ўлжани ёшу қарига бар-баравар қилиб улашиб
бердилар.

2. Ҳақиқий мўъминлар фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинган вақтида қалбларига қўрқинч
тушадиган, унинг оятлари тиловат қилинганида иймонлари зиёда бўладиган ва ёлғиз
Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир.

3. Улар намозни тўкис адо этадилар ва биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан
инфоқ-эҳсон қиладилар.

4. Агар ўшалар ҳақиқий мўъминлар бўлиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни
жаннатда юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир.

5. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу ўлжа тақсимотида чиққан можаро) худди
мўъминлардан бир гуруҳи «урушни» аниқ ёмон кўриб турган ҳолларида,
Парвардигорингиз ҳақ ҳукм билан сизни уйингиздан (жанггоҳга) чақирганига ўхшайди.  

6. (Ўшанда) улар гўё кўриб турган ҳолларид ўлимга ҳайдаб кетилаётгандек, сиз билан
аниқ-равшан бўлган ҳақиқат (яъни урушга чиқиш) тўғрисида баҳслашган эдилар.
Изоҳ: Мадинада ислом давлати барпо бўлгач, мусулмонлар билан Макка мушриклари
ўртасидаги низо янада авж олди. Мушриклар маккадаги уй-жойларини ташлаб,
муҳожир бўлиб кетган мусулмонларнинг ўз диёрларида қолган мол-мулкларини талон-
 



тарож қилишар, мусулмонлар эса ўз навбатида Маккадан тижорат учун чиққан
карвонларга ҳужум қилишар эди. Кунларнинг бирида пайғамбар алайҳиссаломга
Макка мушриклари катта карвон билан Шомдан қайтаётганилари маълум бўлади ва
ўзлари билан бир гуруҳ саҳобаларини олиб, карвонни қўлга киритиш учун йўл
оладилар. Бундан хабар топган макаликлар катта лашкар билан мусулмонларга қарши
жанг қилиш учун Мадина тарафга қўшин тортиб кела бошлайдилар. Шунда Аллоҳ
таъоло томонидан пайғамбар алайҳиссаломга карвонни қўйиб, мушриклар лашкари
билан жанг қилиш амр қилинади. Бу хабарни эшитган айрим мусулмонлар: «тайёр
карвон ўлжа бўлиб турганида, бундай катта қўшинга қарши уришамизми? Ўзимиз
озчилик бўлсак, бунинг устига тайёргарлигимиз ҳам йўқ-ку!»- дейишиб, пайғамбар
алайҳиссалом билан баҳслаша бошлайдилар. Лекин кўпчилик саҳобалар Аллоҳнинг
амрига бўйсунишиб, кофирларга қарши жанг қилишга тайёр эканликларини
билдирадилар. Мазкур оятлар ўша тарихий ибратли воқеа ҳақида ҳикоя қилади.
Қуйидаги оятларда ҳам бу ҳикоя давом этади.

7. Ўшанда (эй мўъминлар), Аллоҳ икки тоифадан (яъни карвон ва қўшиндан) бирини
сизлар учун (ўлжа) қилишга ваъда берган эди. Сизлар қурол-яроқсиз тоифа (яъни
карвон) ўзингиз учун бўлишини истаган эдингиз. Аллоҳ эса ўз сўзлари билан
ҳақиқатни барқарор этишни ва кофирларнинг думини қирқишни (йўқ қилишни) ирода
қилган эди.  

8. (Аллоҳ), гарчи жиноятчи-осийлар ёмон кўрсалар-да, ҳақни ҳақ, ботилни ботил
қилиш учун (шундай ирода қилган эди).  

9. Ўшанда сизлар Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, у сизларга ижобат
қилиб: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минг фаришта билан мадад берурман»,-
деди.

10. Аллоҳ фақат хушхабар бўлсин, деб ва кўнгилларингиз хотиржам бўлиши учун
шундай қилди. Ғалаба (аслида фаришталар сабабли ё саноқларингизнинг кўплиги ёки
қурол-аслаҳаларингизнинг қуввати билан эмас, балки) фақат Аллоҳнинг даргоҳидан
бўлур. Ҳақиқатан, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматлидир.

11. (Эй мўъминлар), ўшанда хотиржам бўлишингиз учун сизларни ўз тарафидан уйқуга
чўмдирган ва сизларни поклаш, сизлардан шайтон васвасасини кетказиш учун,
сизларни якдил ва собитқадам қилиш учун устингизга самодан сув - ёмғир ёғдирган
эди.  

12. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўшанда Парвардигоригиз фаришталарга: «Албатта,
мен сизлар билан биргаман. Бас, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба
қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнинг
дилларига қўрқув солажакман. Бас, сизлар уларнинг бўйинларини узинглар, барча
бармоқларини чопинглар»,- деб ваҳий қилган эди.

13. Бунга сабаб (кофирларнинг) Аллоҳ ва унинг пайғамбарига қарши турганларидир.
Кимки Аллоҳ ва унинг пайғамбарига қарши турса, бас, албатта Аллоҳнинг жазоси
қаттиқдир.

14. (Эй кофирлар), мана шу (сизларнинг ҳаёти дунёдаги жазоингиздир), бас,
тотаверинглар. Кофирлар учун яна дўзах азоби ҳам бордир.  
 



15. Эй мўъминлар, кофирларнинг лашкарига дуч келганингизда, (саноқлари кўплигини
кўриб), уларга орқа ўгирманглар (яъни қўрқиб қочманглар).

16. Кимки ўша (уруш) кунида жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир гуруҳ
(мусулмонларга) қўшилишдан ташқари ҳолатда, уларга (кофирларга) орқа ўгириб
қочса, бас, у Аллоҳ тарафидан ғазаб билан кетибди ва унинг жойи жаҳаннамдир.
Нақадар ёмон оқибат-а!

17. Бас, (эй мусулмонлар), уларни сизлар ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. (Эй
Муҳаммад алайҳиссалом, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тупроқни) отган
пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди. Ва (бу ғалабани Аллоҳ) ўз томонидан
мўъминларга чиройли инъом бўлсин, деб қилди. Албатта Аллоҳ эшитгвчи,
билгувчидир.
Изоҳ: Ривоят қилишларича, пайғамбар алайҳиссалом Бадр жангида қўлларига бир
сиқим тупроқ олиб: «Юзлари қаро бўлгай!»- деб душман тарафга отганларида, кўзига
ғубор кирмаган бирон мушрик қолмаган экан.  

18. (Эй мўъминлар), мана шу (сизларнинг мукофотингиздир). Албатта Аллоҳ
кофирларнинг ҳийласини заиф қилгувчи зотдир.  

19. (Эй аҳли Макка), агар ғалабани истаган бўлсангизлар, мана сизларнинг
(зиёнингизга) ғалаба келди. Агар (пайғамбарга қарши урушишдан) тўхтасингизлар, бас,
бу ўзингиз учун яхшидир. Агар (яна урушга) қайтсангизлар, биз ҳам қайтамиз ва
гуруҳингиз қанча кўп бўлмасин, сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмайди. Албатта
Аллоҳ мўъминлар билан биргадир.

20. Эй мўъминлар, Аллоҳга ва унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (Қуръонни)
эшитиб туриб, ундан юз ўгириб кетмангиз!  

21. Ва ўзлари эшитмаган (яъни англаб, иймон келтирмаган) ҳолларида, «эшитдик»,
деган кимсалар каби бўлмангиз!

22. Албатта Аллоҳнинг наздида энг ёмон ҳайвонлар кар ва соқов бўлиб олган ақлсиз
кимсалардир.  

23. Агар Аллоҳ уларда бирон яхшиликни билганида эди, албатта уларнинг
қулоқларини очиб қўйган бўлар эди ва агар (Аллоҳ уларнинг) қулоқларини очиб
қўйганида ҳам, улар юз ўгирган ҳолларида кетган бўлар эдилар.

24. Эй мўъминлар, Аллоҳ ва унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага
(яъни ҳақ динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар ва билингларки, шубҳасиз,
Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турур ва шубҳасиз, сизлар
унинг ҳузурига тўпланурсизлар.

25. Ҳамда бир фитнадан - балодан сақланингларки, улар сизларнинг орангиздаги золим
кимсаларнинг ўзигагина эмас, (балки ўша фитнага қарши курашмай қараб турган
барчага етар). Ва билингларки, албатта Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.

26. Ва сизлар ерда (яъни Маккада) озчилик ва заиф-бечора бўлган ҳолларингизда,
одамлар (яъни Макка мушриклари) сизларни талаб кетишларидан қўрқиб турган
пайтингизда (Аллоҳ) сизларга жой бериб (яъни Мадинага кўчириб), ўз ёрдами билан
 



қўллаб-қувватлаганини ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд
қилганини эслангиз!

27. Эй мўъминлар, Аллоҳ ва унинг пайғамбарига ҳиёнат қилмагиз ва билмаган
ҳолларингизда сизларга ишониб берилган нарсаларга (яъни динга ва бошқа ҳар қандай
омонатларга) ҳиёнат қилмангиз!

28. Билингизки, албатта мол-дунёларингиз ва бола-чақангиз фақат (сизлар шукр
қиласизларми, ёки йўқми эканини имтиҳон қилиш учун берилган) бир фитна-алдовдир
холос. Ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (яъни унинг амру фармонига итоат этишдагина)
улуғ ажр-савоб бордир.

29. Эй мўъминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, у зот сизлар учун (ҳақ билан
ноҳақни) ажратадиган нарсани (яъни ҳақ йўлга ҳидоятни ато) қилур ва ёмонлик-
гуноҳларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат
соҳибидир.

30. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), кофирлар сизни ҳибс қилиш, ё ўлдириш, ёки
(Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр
қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «маккор»роқдир.

31. Қачон уларга (кофирларга) бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Эшитганмиз,
агар хоҳласак, бунга ўхшаган гапни ўзимиз айтган бўлур эдик. Бу фақат аввалгилардан
қолган афсоналар, холос»,- дейдилар.

32. Яна уларнинг: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) сенинг даргоҳингдан келган
ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин»,
деганларини эсаланг.
Изоҳ: Яъни: «Агар мана шу Қуръон ҳақиқатан сенинг ҳузурингдан келган бўлса,
бизларни ҳам унинг йўлига ҳидоят қилгин», демасдан, «Шу ҳақ бўладиган бўлса,
устимиздан тош ёғдиргин», дейишларидан уларнинг ким эканликлари маълумдир.

33. Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва
улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир.

34. (Лекин агар) улар (иймонга келмасдан, кишиларни) Масжид ал-Ҳаромдан тўсар
эканлар, Аллоҳ уларни нега азобламасин?! (Яъни сиз ва мўъминлар Маккадан чиқиб
кетганингиздан сўнг, уларни албатта азобга гирифтор қилур). Улар унинг (Масжид ал-
Ҳаромнинг) эгалари эмаслар. Унинг эгалари фақат Аллоҳдан қўрқувчи зотлардир.
Лекин уларнинг кўплари билмайдилар.

35. Уларнинг байтулоҳ олдида қилган «ибодат»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш
бўлди. Бас, (эй мушриклар, бугун - Бадрда) кофир бўлганинглар сабабли азобимизни
тотиб кўринглар.
Изоҳ: Макка мушриклари байтуллоҳни ялонғоч ҳолларида чапак чалиб, ҳуштак чалиб
тавоф қилар эдилар. Мусулмонлар намоз ўқиётган пайтларида ҳам ҳуштак, чапак чалиб
уларни адаштирмоқчи бўлар эдилар.  

36-37. Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш
учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат
бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан
 



(кофирни мўъминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст
тахлаб, жаҳаннамга солиши учун тўпланурлар. Ана ўшалар зиён кўргувчилардир.

38. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар
(кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур. Агар яна
(кофирликка қайтсалар), у ҳолда аввалгиларнинг суннатлари (яъни кўргуликлари)
ўтган-ку, (яъни уларнинг ҳам бошларига аввалги кофирларнинг куни тушар).

39. (Эй мўъминлар), сизлар то (дунёда) бирон фитна-алдов қолмай, бутун дин фақат
Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар! Энди агар (кофирликдан)
тўхтасалар, бас, албатта, Аллоҳ қилаётган амалларини кўргувчидир.  

40. Агар (кофирлар иймондан) юз ўгирсалар, бас, (эй мўъминлар), билингизки,
шубҳасиз, Аллоҳ ҳожангиздир. У Зот нақадар яхши ҳожа ва нақадар яхши ёрдамчидир.
 



Ўнинчи жузъ

41. (Эй мўъминлар), агар сизлар Аллоҳга ва (ҳақ билан ноҳақнинг) ажралиш кунида -
икки жамоа тўқнашган кунда, (яъни Бадр жангида) бандамиз (Муҳаммад
алайҳиссалом)га нозил қилганимиз (оятлар ва фаришталардан иборат) нарсага иймон
келтиргувчи бўлсангилар, билингизки, ўлжа қилиб олган нарсангизнинг бешдан бири
Аллоҳ учун, пайғамбар учун ва у зотнинг қриндош-уруғи, етимлар, мискинлар ва
мусофирлар учундир. Аллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир.
Изоҳ: Шариат ҳукмига кўра, урушда қўлга киритилган ўлжанинг бешдан тўрт қисми
жангчининг ҳақи бўлиб, бешдан бири юқоридаги оятда мазкур бўлган жиҳатларга
сарфланади.

42. Ўшанда сизлар (Мадинага) яқинроқ тарафда, улар (яъни мушрикларнинг
қўшинлари) йироқроқ тарафда, отлиқлар (яъни, сизлар ўлжа қилиб олмоқчи бўлган
карвон) эса сизлардан қуйироқда (денгиз соҳили бўйлаб кетмоқда) эдилар. Агар
мушркилар билан жанг қилиш учун (аввалдан) ваъдалашганларингизда, бирон муайян
вақтга келиша олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ ҳалок бўлгувчилар (яъни,
кофирлик йўлини тутгувчилар) очиқ ҳужжат билан (яъни, Аллоҳнинг мўъжизасига
гувоҳ бўлган ҳолларида) ҳалок бўлсинлар, тирик қолгувчилар (яъни иймонга
келувчилар) ҳам очиқ ҳужжат билан тирик қолсинлар, деб қилинувчи бўлган ишни
(яъни мусулмонларнинг ғалаба қозонишлари, кофирларнинг мағлуб бўлишларини)
амалга ошириш учун (сизларни тасодифан тўқнаштириб қўйди). Шак-шубҳасиз, Аллоҳ
Эшитгувчи, Билгувчидир.

43. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизга тушингизда Аллоҳ уларни оз кўрсатганини
эсланг! Агар сизга уларни кўп кўрсатганида эди, албатта сизлар сустлашиб, бу иш
(яъни кофирларга қарши жангга чиқиш) хусусида тортишиб қолган бўлур эдингизлар.
Лекин Аллоҳнинг Ўзи (сизларни бундан) сақлади. Албатта У дилларни эгаллаб олган
сирларни Билгувчидир.

44. (Эй мўъминлар), Аллоҳ қилинаётган ишни амалга ошириш учун тўқнашган
пайтингизда сизларнинг кўзингизга уларни кам қилиб кўрсатганини, уларнинг
кўзларига эса сизларни оз қилиб қўйганини эсланг! Барча ишлар Аллоҳга қайтарилур.

45. Эй мўъминлар, (сизлар билан жанг қилаётган кофир) жамоатга рўбарў
бўлганингизда саботли бўлингиз ва доимо Аллоҳни ёд этингиз, шояд нажот
топурсизлар.

46. Ва Аллоҳ ҳамда унинг пайғамбарларига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-
тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз!
Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.

47. Ўз диёрларидан (яъни Маккадан) кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўз
қилиб чиққан ва Аллоҳнинг Йўлидан тўсадиган кимсалар каби бўлмангиз! Аллоҳ
уларнинг қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир (ўраб олгувчидир).
Изоҳ: Мушриклар Маккадан дабдаба-ю, асъаса билан: «Ўша Бадрда ғалаба базми ва
шаробхўрлик қилмагунимизча қайтмаймиз»,- деб қасам ичишиб чиққан эдилар.

48. Ўшанда шайтон уларга қилаётган ишларини чиройли кўрсатиб: «Бу кун сизлардан
ғолиб бўладиган бирон одам йўқ, ўзим сизларнинг ҳомийингизман»,- деди. Энди
қачонки икки жамоат учрашганида эса кетига қараб кетди ва: «Албатта мен сизлардан
 



безорман. Мен (мусулмонлар орасида) сизлар кўрмаётган нарсани (яъни фаришталар
борлигини) кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир»,-
деди.

49. Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган кимсалар: «Уларни (яъни
мусулмонларни) динлари мағрур қилиб юборди (яъни озгина одам билан шундай катта
қўшинга қарши жанг қилмоқчи бўляптилар)»,- дейишар эди. (Мунофиқларнинг бу
сўзлари нотўғридир, зеро), ким Аллоҳга суянса, (албатта Аллоҳ уни Қўллагувчидир),
зотан албатта Аллоҳ Ғолиб ва Ҳикматлидир.

50-51. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар Сиз фаришталар кофир кимсаларнинг юз ва
кетларига уриб жонларини олаётган ва: «Дўзах азобини тотингиз! Бунга сабаб
ўзларингиз қилган амалларингиздир»,- (деяётган) пайтини кўрсангиз эди.

52. (Уларнинг қилмишлари) худди Фиръавн одамларининг ва улардан олдинги
кимсаларнинг қилмишларига ўхшайди: улар Аллоҳ оятларига кофир бўлишгач, Аллоҳ
уларни гуноҳлари сабабли (азоб билан) ушлаган эди. Албатта Аллоҳ қувват Эгаси ва
азоби қаттиқдир.

53. Бунга (яъни, унинг азобига гирифтор бўлишларига) сабаб шудир - Аллоҳ бир
қавмга инъом қилган неъматни то улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи
эмасдир ва Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.
Изоҳ: Бу оятда Макка мушриклари ўзларига инъом қилинган неъмат - пайғамбар
алайҳиссаломнинг қадрига етмасдан, у зотга қаршилик қилганлари сабабли, шундай
азобга гирифтор бўлдилар, дейилмоқчи.

54. (Уларнинг қилмишлари) худди Фиръавн одамлари ва улардан олдинги
кимсаларнинг қилмишларига ўхшайди. Улар Парвардигорларининг оятларини ёлғон
дейишгач, Биз уларни ўзларининг гуноҳлари сабабли ҳалок қилдик ва Фиръавн
одамларини (денгизга) ғарқ этдик. (Чунки) ҳаммалари золим кимсалар эдилар.

55. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳнинг наздида энг ёмон ҳайвонлардир. Бас, улар
иймон келтирмаслар.

56. Уларнинг орасида сиз билан аҳдлашиб, сўнгра (Аллоҳдан) қўрқмасдан ҳар сафар ўз
аҳд-паймонларини бузаверадиган кимсалар бордир.

57. Бас, агар сиз ўшаларни жангда топсангиз, улар(ни ҳалок қилиш) билан ортларидаги
кимсаларни қўрқитиб қўйинг! Шояд эслатма олсалар.

58. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар сиз (ўрталарингизда аҳд-паймон бўлган) қавм
тарафидан ҳиёнатни сезсангиз, уларга (қилган аҳд-паймонларини) баб-баробар қилиб
ташланг (яъни, ўрталарингиздаги аҳд-паймон тугаганини ҳар икки тараф ҳам билсин).
Албатта Аллоҳ ҳиёнаткор кимсаларни севмас.

59. Кофир бўлган кимсалар ҳаргиз қочиб-қутулдик, деб ўйламасинлар. Улар ҳеч қачон
Аллоҳни ожиз қила олмайдилар. (Албатта улар Аллоҳдан қилмишларига яраша жазо
олурлар).

60. (Эй мўъминлар), улар(га қарши жанг қилиш) учун имконингиз борича куч ва
эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан сизлар Аллоҳнинг ва
 



ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган -
Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар. Аллоҳ йўлида нимани
сарф қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда комил қилиб қайтарилур.

61. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар улар сулҳга майл қилсалар, Сиз ҳам унга мойил
бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта унинг Ўзи Эшитгувчи, Билгувчидир.

62-63. Агар улар сизни алдамоқчи бўлсалар, бас, албатта Сизга Аллоҳнинг Ўзи
Кифоядир. У сизни Ўз ёрдами ва мўъминлар билан қувватлантирган ва уларнинг
(мўъминларнинг) дилларини бирлаштирган Зотдир. Агар (сиз) ердаги бор нарсани
сарфласангиз ҳам, уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз. Лекин
Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта У Қудратли, Ҳикматлидир.

64. Эй пайғамбар, Сизга ва Сизга эргашган мўъминларга Аллоҳнинг Ўзи Кифоядир.  

65. Эй пайғамбар, мўъминларни жангга чорланг! Агар сизлардан йигирмата сабр-
тоқатли киши бўлса, икки юзта (душманни) енгар! Агар сизлардан юз киши бўлса, икки
юзта (душманни) енгар! Бунга сабаб уларнинг онгсиз қавм эканлигидир.

66. Энди Аллоҳ сизларнинг (юкингизни) енгил қилди, сизларда ожизлик борлигини
билди. Бас, сизлардан юзта сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта (кофирни) енгар. Агар
сизлардан минг киши бўлса, Аллоҳнинг изни билан икки минг (кофир)ни енгар. Аллоҳ
сабр қилгувчилар билан биргадир.

67. Ҳеч бир пайғамбар уни то ерда ғолиб бўлмагунича, асир олиш жоиз эмас. (Эй
мўъминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса Охират (неъматлари
сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир.
Изоҳ: Бу оят пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобаларига берилган танбеҳдир. Улар
мушрикларнинг етмиш аскарини асир олиб, сўнг маълум товон-тўлов эвазига бўшатиб
юборганларида мана шу оят нозил бўлди.

68. Агар Аллоҳ томонидан (билмасдан қилган хатони кечиришлиги) ёзиб
қўйилмаганида эди, албатта сизларга (товон) олганларингиз сабабли улуғ азоб етган
бўлур эди.

69. Энди ўлжа қилиб олган нарсаларингизни ҳалол-пок ҳолда еяверинглар ва Аллоҳдан
қўрқинглар! Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.

70. Эй пайғамбар, сизларнинг қулингизда асир бўлган кишиларга айтинг: «Агар Аллоҳ
дилларингизда яхшилик (яъни иймон, ихлос) борлигини билса, сизларга ўзингиздан
олинган нарсадан (яъни тўлаган товонингиздан) яхшироқ нарса берур ва сизларни
мағфират қилур. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир».

71. Агар улар сизга хиёнат қилмоқчи бўлсалар - бас, (билингизки,) улар илгари
Аллоҳга ҳам хиёнат қилган эдилар. Шунда Аллоҳ (сизни) уларга ғолиб қилди. Аллоҳ
билим, ҳикмат Соҳибидир.

72. Албатта иймон келтирган, ҳижрат қилган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида
курашган зотлар ва (Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожирларга) уй-жой бериб,
ёрдам қилган зотлар - ана ўшалар, бир-бирларига дўстдирлар. (Яъни тириклари бир-
бирига ҳамкор, ўрталарида ўлим бўлса, бир-бирларига меросхўрдилар). Иймон
 



келтирган, аммо ҳижрат қилмаган (яъни ҳали-ҳануз Маккада яшаб турган) кишилар эса
то ҳижрат қилмагунларича сизлар уларга дўстлик қила олмайсизлар (яъни бир-
бирингизга ҳамкор, меросхўр бўла олмайсизлар). Агар улар дин йўлида сизлардан
ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир. Магар уларга, ўрталарингизда
(урушмаслик ҳақида) аҳд-паймон бўлган қавмга (зарар етказиш билан ёрдам
қилмайсизлар). Аллоҳ қилаётган амалларингизни Кўргувчидир.

73. Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига дўстдурлар. (Бас, эй мўъминлар, сизлар
уларни ўзларингизга душман тутингиз). Агар шундай қилмасанглар (яъни мўъминга
дўст, кофирга душман бўлмасанглар), ерда фитна ва катта фасод бўлур.

74. Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ Йўлида курашган зотлар ва
(муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар - ана ўшалар ҳақиқий мўъминлар
бўлиб, улар учун мағфират ва улуғ ризқ бордир.

75. (Сизлар Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларингиздан) кейин иймон келтириб
ҳижрат қилган ва сизлар билан бирга курашган зотлар ҳам сизлардандир. Аллоҳнинг
китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга Аллоҳ Йўлида
дўстлашиб, бир-бирларига меросхўр бўлган кишилардан) ҳақдорроқдирлар. Албатта
Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир.
 



(9) «Тавба» сураси
Мадинада нозил қилинган бу сура бир юз йигирма тўққиз оятдан иборатдир. У
пайғамбар алайҳиссалом саҳобалар билан «Табук» жангидан қайтаётганларида нозил
бўла бошлаган. (Табук - Мадина билан Дамашқ орасдаги ҳаж йўли устида жойлашган
воҳадир. Ҳижрий тўққизинчи йилда у ерда мусулмон билан мушриклар ўртасида жанг
бўлган эди). Бу сурада шариати исломиянинг кўпгина қонун-қоидаларини баён қилиш
билан бирга, асосан, икки мақсад кўзда тутилади: улардан биринчиси исломнинг
мушриклар ва аҳли китоблар билан қандай муносабатда бўлиш лозимлиги хусусидаги
қатъий ҳукмини билдириш бўлса, иккинчиси пайғамбар алайҳиссалом ғазотга чиқишга
чақирган кишилар руҳиятидаги ҳолатларни кўрсатишдир.
Бу суранинг айрича хусусиятларидан бири шуки, Қуръондаги мавжуд бир юз ўн тўрт
суранинг ичида ёлғиз мана шу сура аввалида «Бисмиллоҳ» айтилмасдан бошланади. Бу
ҳолни айрим саҳобалар «Тавба» мазмун-моҳияти жиҳатидан ўзидан аввалги «Анфол»
сурасининг давоми бўлгани учун иккисининг ўртасини ажратиш зарурати бўлмаган,
деб шарҳласалар, бошқа бир гуруҳ саҳобалар: «Бисмиллоҳ - Аллоҳнинг раҳматидир.
Бу сурада эса, асосан жангу жадаллар ва Аллоҳнинг лаънатига гирифтор бўлган
мунофиқларнинг хилма хил тоифалари ҳақида сўз юритилади. Шу боис, унинг
аввалида бисмиллоҳ айтилмаслиги лозим бўлган»,- деганлар. Бу суранинг бир неча
номи бўлиб, улардан энг машхури «Тавба»дир. Сура ниҳоясида Аллоҳ мўъминларнинг
тавбаларини қабул этиши эълон қилингани учун ҳам бу сура «Тавба» номи билан
аталгандир.  

1. (Эй мўъминлар, ушбу эълон) Аллоҳ ва унинг пайғамбари томонидан сизлар (ўзаро
урушмаслик ҳақида) аҳд-паймон қилган кимсаларга ора очиқлик (эълонидир).

2. (Эй мушриклар, уруш ҳаром қилинган) тўрт ой ичида ерда сайру саёҳат қилиб
юраверинглар ва билингларки, сизлар Аллоҳни ожиз қилувчи эмассизлар - албатта
Аллоҳ кофирларни расво қилгувчидир.  
Изоҳ: Юқоридаги оятларда пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобаларнинг мушриклар
билан тузган ҳар қандай шартномалари ўша мушрикларнинг ҳиёнаткорлиги сабабли
бекор қилинганлиги эълон этилади. Ва бу қарор орадан тўрт ой ўтгач, кучга кириши
билдирилди.

3. Ва (ушбу эълон) Аллоҳ ва унинг пайғамбари томонидан одамларга катта ҳаж кунида
(яъни қурбон ҳайити кунида) Аллоҳ ва унинг пайғамбари мушриклардан безор
эканлигини билдиришдир. Бас, (эй мушриклар), агар тавба қилсангизлар, бу ўзингиз
учун яхшироқдир. Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда билингизки, сизлар Аллоҳни ожиз
қилувчи эмассиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), кофир бўлган кимсаларга аламли азоб
«хушхабар»ини етказинг!  

4. Магар (эй мўъминлар), сизлар аҳд-паймон қилган мушрик кимсалар кейин
аҳдларидан бирон нарсани бузмасалар ва сизларнинг зиёнингизга биров билан
ҳамкорлик қилмасалар, у ҳолда уларнинг аҳдларини белгиланган муддатгача тўла-
тўкис етказинглар! Албатта Аллоҳ тақво қилгувчи зотларни севар.

5. Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган жойингизда
ўлдирингиз. Уларни (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб
турингиз! Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар,
уларнинг йўлларини бўш қуйингиз! (Яъни улар билан уришишни бас қилингиз).
Албатта, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.
 



6. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса,
бас, уни ўз ҳимоянгизга олинг. Токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи
учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг! Бу (ҳукм) уларнинг билмайдиган қавм
бўлганлари учундир.  

7. Аллоҳ наздида ва унинг пайғамбари наздида мушриклар учун қандай аҳд-паймон
бўлсин?! (Яъни ҳеч қандай аҳд бўлиши мумкин эмас, чунки улар Аллоҳга ҳам, унинг
пайғамбарига ҳам иймон келтирмайдилар. Демак, берган ваъдаларини бузаверадилар),
магар сизлар Масжид ал-Ҳаром олдида (яъни, Маккада) аҳдлашган кимсалар борки,
улар мадомики сизларга берган (аҳдларида) барқарор турар эканлар, сизлар ҳам уларга
берган (аҳдларингизда) турингиз! Албатта Аллоҳ тақво қилгувчи зотларни севар.

8. (Улар учун) қандай (аҳд-паймон) бўлсин. Ҳолбуки, улар агар сизларнинг устингида
ғолиб бўлсалар, сизларнинг хусусингизда на аҳдга ва на бурчга боқадилар. Оғизларида
сизларни рози қилишади-ю, кўнгиллари (аҳдга вафо қилишга) ибо-ор қилади. Уларнинг
кўплари итоатсиздир.

9. Улар Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга алмаштириб, (инсонларни) унинг
йўлидан (яъни, динидан) тўсдилар. Дарҳақиқат, улар энг ёмон ишни қилгувчи
бўлдилар.  

10. Улар бирон мўъмин хусусида на аҳдга ва на бурчга боқадилар. Улар тажовузкор
кимсалардир.

11. Энди агар улар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга)
ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар. Биз оятларимизни биладиган қавм
учун муфассал баён қилурмиз.

12. Агар аҳдлашганларидан кейин қасамларини бузсалар ва сизларнинг динингизга тош
отсалар, у ҳолда (бу кирдикорларидан) тўхташлари учун куфр етакчиларига қарши
жанг қилингиз. Зеро, улар учун ҳеч қандай қасам йўқдир. (Яъни, улар мудом ўзлари
ичган қасамларини бузаверадилар).

13. (Эй мўъминлар), қасамларини бузган ва пайғамбарни (Маккадан) чиқариб
юборишга қасд қилган ҳамда ўзлари аввалбошда сизларга қарши (жанг қилишни)
бошлаган кимсалар билан жанг қилмайсизларми?! Улардан қўрқасизларми?! Агар
(ҳақиқий) мўъмин бўлсангизлар, қўрқишингизга лойиқроқ зот Аллоҳ-ку, ахир?!

14-15. Улар билан жанг қилинглар, (шунда) Аллоҳ уларни сизларнинг қўлингиз билан
азоблайди, уларни расво қилади ва сизларни уларнинг устига ғолиб қилади ҳамда
мўъмин қавм дилларига шифо-ором бериб, кўнгилларидаги ғам-андуҳни кетказади.
Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбаларини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат
Соҳибидир.

16. (Эй мўъминлар), балки сизлар орангиздаги (ҳақ йўлда) курашган ва Аллоҳдан,
унинг пайғамбаридан ва мўъминлардан ўзга бирон кимсани дўст тутмаган зотларни
Аллоҳ билмасдан (ҳар кимингиз ўз ҳолингизга) ташлаб қўйилишни ўйлагандирсизлар?!
Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
 



17. Мушриклар ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг
масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Уларнинг қилган амаллари беҳуда кетар,
ўзлари эса дўзахда абадий қолгувчидирлар.  
Изоҳ: Мушриклар Каъба атрофига хилма-хил бутларни қўйиб олишиб, ҳар сафар
Каъбани тавоф этганларидан кейин, ҳалиги бутларга сажда қилар эдилар. Юқоридаги
оят мушриклар модомики ўзлари ясаб олган бутларни ягона Аллоҳга шерик деб билар
эканлар, уларнинг қилган ибодат-тавофлари беҳуда, деб таъкидлайди.

18. Аллоҳ масжидларни фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни
тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган
зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топгувчи зотлар бўлсалар, ажабмас.

19. (Эй мушриклар), сизлар ҳожиларг сув беришни ва Масжид ал-Ҳаромни обод
қилишни - Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳамда Аллоҳ йўлида курашган
зотлар(нинг амаллари)га тенг деб билдингизми?! Улар (яъни, мўъминлар билан
мушриклар) Аллоҳ наздида тенг эмаслар, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.
Изоҳ: Мушриклар мусулмонларга қараб: «Сизлар Аллоҳга мусулмончилик билан
бандалик қилаётган бўлсангизлар, биз ҳам ҳажга келганларнинг хизматларини бажариб
ва Каъбани обод қилиб, Аллоҳга бандалик этмоқдамиз»,- деб даъво қилганларида,
мазкур оят нозил бўлди.

20. Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида молу-жонлари билан курашган
зотларнинг Аллоҳ наздидаги даражалари жуда улуғдир ва ўшалар (бахт-саодатга)
эришгувчидирлар.

21. Парвардигорлари уларга ўз тараифидар раҳмат ва розилик ҳамда улар учун
бўладиган жаннатлар хушхабарини берур-ки, у жаннатларда доимий неъматлар
бордир.  

22. Улар ўша жойларда абадий қолурлар. Дарҳақиқат, фақат Аллоҳнинг ҳузуридагина
улағ ажр бордир.  

23. Эй мўъминлар, агар ота-оналарингиз ва ака-укаларингиз иймондан куфрни афзал
билсалар (яъни, очиқ кофир бўлсалар), сизлар уларни дўст тутмангиз! Сизларнинг
ичингизда кимда-ким уларни дўст тутса (яъни, уларни деб иймондан куфрга қайтса),
бас улар золимлардир.  

24. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-
укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-
дунёларингиз, касод бўлиб қолишидан қўрқадиган тижоратларингиз ҳамда яхши
кўрадиган уй-жойларнгиз сизларга Аллоҳдан, унинг пайғамбаридан ва унинг йўлида
жиҳод қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ ўз амрини (яъни, азобини)
келтиргунича кутиб тураверинглар. (Зеро), Аллоҳ бундай итоатсиз қавмни ҳидоят
қилмас.  

25. Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Хунайн (Макка билан Тоиф
ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур
қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан
беҳожат қила олмади (қутқариб қола олмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди,
сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз!
 



26. Кейин Аллоҳ пайғамбарига ва мўъминларга ўз томонидан хотиржамлик нозил
қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни фаришталарни) туширди ва кофир
бўлган кимсаларни азобга дучор қилди. кофирларнинг жазоси шудир.
Изоҳ: Бу оятларда Қуръон жангда ғалабага эришишнинг сабаби лашкар саноғининг
кўплиги эмас, балки Аллоҳнинг мадади эканини таъкидлайди. Ўша Ҳунайн жангида
(ҳижрий саккизинчи йил) мусулмонларнинг лашкари ўн икки минг бўлиб, кофирлар
фақат тўрт минг киши эдилар. Шунинг учун айрим мусулмонлар: «Шу бир ҳовуч
одамдан енгиламизми?»- деб ғурурландилар ва ғалаба Аллоҳ томонидан бўлишини
унутиб қўйдилар. Натижада кофирлар улардан устун келиб, улар чекина бошладилар.
Фақат пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таъолога илтижо қилиб, дуо қилганларидан
кейин мўъминларнинг дилларига бир хотиржамлик иниб, жангга қайтдилар ва
Аллоҳнинг мадади билан кофирлардан қолиб келдилар.

27. Кейин - ўша (жангдан) сўнг Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбаларини қабул
қилур. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.
Изоҳ: Дарҳақиқат, Ҳунайнда мусулмонларга қарши жанг қилган Ҳавозин қабиласидан
жуда кўп кишилар ўша жангдан кейин Аллоҳга тавба-тазарруъ қилиб, исломга
кирдилар.

28. Эй мўъминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нажас-нопокдирлар. Бас, улар бу
йилдан сўнг Масжид ал-Ҳаромга яқин келмасинлар! Агар сизлар (мушриклар ҳаж
мавсумида Маккага келтирадиган озиқ-овқатлар ва бошқа нарсалар тўхта қолиши
сабабли) камбағалликдан қўрқсангизлар, (билингизки), яқинда Аллоҳ хоҳласа, ўз фазлу
карами билан сизларни бой-бадавлат қилажак. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат
Соҳибидир.

29. Аллоҳ ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва унинг пайғамбари ҳаром деган
нарсани ҳаром деб билмайдиган, ҳақ (яъни ислом) динига эътиқод қилмайдиган аҳли
китоблардан иборат бўлган кимсаларга қарши то улар хорланган (мағлуб) ҳолларида ўз
қўллари билан (зиммаларидаги) солиқни тўламагунларича, жанг қилингиз!

30. Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли»,- дедилар. Насронийлар: «(Ийсо) Масиҳ
Аллоҳнинг ўғли»,- дедилар. Бу уларнинг оғизларидаги (ҳужжат-далилсиз) гапларидир.
Уларнинг бу гаплари худди аввалги кофир бўлган кимсаларнинг гапига ўхшайди.
Уларни Аллоҳ лаънатлагай. Қандай адашмоқдалар-а!

31. Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ
бинни Марямни Парвардигор деб билдилар. Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга
бандалик қилишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат унинг ўзи
бордир. У зот уларнинг ширкларидан покдир.

32. Улар Аллоҳнинг нурини (яъни исломни) оғизлари (яъни ҳеч қандай ҳужжатсиз
беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса - гарчи (кофирлар) ёмон
қўрсалар-да - ўз нурини комил қилишни (яъни ҳар тарафга ёйишни) истайди.

33. У (Аллоҳ) ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан - гарчи мушриклар
хоҳламасалар-да - барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир.  

34. Эй мўъминлар, ўша донишмандлар, роҳиблардан кўпчилиги одамларнинг
молларини ноҳақ (йўл) билан ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Олтин
 



кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб
«хушхабарини» етказинг!
Изоҳ: Бу оятларда одамларнинг пул-молларини талон-тарож қиладиган яҳудий
донишмандлари ва насроний роҳиблари билан бир қаторда мусулмонларнинг
орасидаги айрим бойликка муккасидан кетган ва тўплаган мол-дунёларининг закотини
бермайдиган кимсалар ҳам ашаддий азобга дучор бўлишлари баён қилингандир.

35. У кунда (Қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан
уларнинг пешоналари, ёнбошлари ва кетларига тамға босилиб: «Мана бу ўзларингиз
учун тўплаб босган нарсаларингиздир. Энди тўплаб босган нарсаларингизнинг
мазасини тотиб кўринглар»,- (дейилур).  

36. Албатта, ойларнинг саноғи Аллоҳнинг наздида, Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган
кунида ёзиб-белгилаб қўйганидек ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром
қилинган (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда
(урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз! Барча мушриклар (бу
ҳукмга қарамай биринчи бўлиб жанг бошласалар), улар сизларга қарши жанг қилгани
каби сизлар ҳам барчангиз уларга қарши жанг қилингиз! Ва билингизки, Аллоҳ
тақводорлар билан биргадир.
Изоҳ: Уруш ҳаром қилинган ойлар: Зул-қаъда, Зул-ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб
ойларидир. Улардан аввалги учтаси кетма-кет келса, Ражаб ойи орадан беш ой
ўтгандан кейин чиқади. Бу тартиб ҳазрати Иброҳим пайғамбар замонларидан бери амал
қилиб келинаётган ҳақ ҳукм эди. Лекин кейинчалик айрим араблар бу қонунни бузиб,
ўзлари жанг қилиб турган пайтларида мазкур ойлар келиб қолса, уларда уруш қилишни
ҳалол қилиб олишар ва кейин ўзлари учун қулай бўлган бошқа ойларни ҳаром ой деб
эълон қилар эдилар. Навбатдаги оятда мана шу одат ҳақида сўз юритилиб, унинг
диёнатсизлик экани таъкидланади.

37. Шак-шубҳасиз, (ҳаром ойларни) кетга суриш ортиқ даражадаги кофирликки, у
сабабли кофирлар бутунлай йўлдан тойилурлар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойларнинг
саноғини (тўрт ойга) тўғрилаб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб олиш учун
уни (яъни, уруш ҳаром қилинган ойларни) бир йил ҳалол десалар, яна бир йил ҳаром
дейдилар. Уларга бу хунук ишлари чиройли кўрсатиб қўйилди. (Чунки) Аллоҳ кофир
қавмни ҳидоят қилмас.

38. Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ Йўлида (жиҳодга) чиқинглар, дейилса,
ерингизга (яъни, юртингизга) ёпишиб олдингиз?! Охират(нинг боқий неъматларни)дан
юз ўгириб, ҳаёти дунё(нинг фоний лаззатлари)га рози бўлурмисиз?! Охират олдида бу
дунё матоси жуда оз нарса-ку?!

39. Агар (жиҳодга) чиқмасангизлар, (Аллоҳ) сизларни аламли азоб билан азоблар ва
ўрнингизга бошқа бир қавмни келтирур. Сизлар эса У Зотга бирон зиён етказа
олмайсиз. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.

40. Агар сизлар унга (яъни, пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга
ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи
билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда
икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, албатта Аллоҳ биз
билан биргадир», дейиши билан Аллоҳ Ўз томонидан унинг устига-қалбига бир
хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан
 



қўллаб-қувватлади ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди.
Аллоҳнинг Сўзигина энг юксак Сўздир. Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир.
Изоҳ: Ушбу оят пайғамбар алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари
ҳақидадир. Макка мушриклари мусулмонларга нисбатан қилган зулму зўравонликлари
билан уларни Исломдан қайтаришга кўзлари етмай қолгач, пайғамбарнинг жонларига
суиқасд қилиш пайига тушадилар. Шунда у зотга Аллоҳ таъоло тарафидан Мадинага
ҳижрат қилиш-кўчиш амр этилади ва бир қоронғу кечада Аллоҳнинг ёрдами билан у
зотни ўлдирмоқчи бўлиб тайёргарлик кўриб турган кофирларнинг ёнларидан соғ-
саломат чиқиб кетиб, ҳамроҳлари Абу Бакр Сиддиқ билан бирга Макка яқинидаги бир
ғор ичига яширинадилар. Эрталаб «овлари» қўлдан кетганини англаган мушриклар бир
изқувар билан уларнинг ортидан тушишади. Лекин ҳалиги ғорга етиб келгач, из
йўқолади ва улар... ғорнинг оғзи ўргимчак тўрлари билан тўсилганини кўрадилар ва
ҳафсалалари пир бўлиб қайтиб кетадилар.  
Шундай қилиб, ғорда улар уч кун беркиниб ётишгач, бир йўл бошловчи этагида
Мадинага етиб оладилар. Гарчи бу оят пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг
ҳамроҳлари хусусида бўлса-да, қиссадан ҳисса шуки, кимда-ким Аллоҳ йўлида унинг
Ўзидан мадад тилаб, эзгуликка қадам қўйса, Аллоҳнинг ўзи уни ҳар қандай таъқибчи
ва айғоқчилардан асраб, кўзлаган мақсадига етказади.

41. (Эй мўъминлар), хоҳ енгил, хоҳ оғир ҳолингизда (яъни хоҳ ёш, хоҳ кекса
ҳолларингизда истасангиз, истамасангиз жиҳодга) чиқингиз ва молу жонларингиз
билан Аллоҳ йўлида курашингиз! Агар билсангизлар, мана шу ўзларингиз учун
яхшироқдир.

42. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар (сиз даъват қилаётган жиҳод) осон фойда ва
яқин сафар бўлганида, улар (яъни, мунофиқлар) албатта сизга эргашган бўлур эдилар.
Лекин масофа уларга узоқ бўлиб кўринди. (Шунинг учун чиқмадилар). Ҳали улар
(ёлғон қасам билан) ўзларини ҳалок қилиб: «Агар қодир бўлганимизда, сизлар билан
бирга чиққан бўлур эдик»,- деб Аллоҳ номи билан қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ эса
уларнинг ҳеч шак-шубҳасиз, ёлғончи эканликларини билур.

43. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ сизни афв қилди. (Лекин) нима учун то сизга
ростгўй кишилар аниқ бўлиб, ёлғончиларни ҳам аниқ билгунингизча, (сабр қилиб
турмай, ёлғон қасамларига ишониб) уларга (жиҳодга чиқмаслдик учун) изн
бердингиз?!

44. Аллоҳга ва охират кунига ишонган зотлар сизлан молу жонлари билан жиҳод
қилишдан (қолиш учун) изн сўрамайдилар. Аллоҳ тақводорларни билгувчидир.

45. Балки фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ва кўнгилларида (сиз
келтирган ҳақ дин ҳусусида) шак-шубҳа бўлган кимсаларгина сиздан (қолиш учун) изн
сўрайдилар. Бас, улар ўз шак-шубҳаларида иккиланиб юрадилар.

46. Агар улар (жиҳодга) чиқишни истаганларида, унинг учун тайёргарлик кўриб қўйган
бўлур эдилар. Лекин Аллоҳ чиқишларини истамай, уларни дангаса қилиб қўйди ва
уларга (ўзларидан бўлган кимсалар тарафидан): «Қолганлар (яъни, аёллар, ёш болалар
ва ожиз-нотовон кишилар) билан бирга ўтираверинглар»,- дейилди.

47. Агар улар (яъни ўша мунофиқлар) сизларнинг орангизда (жиҳодга) чиққанларида
ҳам, сизларга фақат ортиқчи зиён бўлган ва ўрталарингизда сизларни фитнага солиш
учун елиб-югуриб юрган бўлур эдилар. Ҳамда ораларингизда улар учун қулоқ
 



солувчилар (яъни, сизларнинг махфий сўзларингизни эшитиб олиб, мунофиқларга
етказадиган айғоқчилар) ҳам (топилган) бўлур эди. Аллоҳ золим кимсаларни
Билгувчидир.

48. Улар (Табук жангида) илгари ҳали-ҳануз ҳақ рўёбга чиқиб, Аллоҳнинг амри-дини
ғолиб бўлмай туриб ҳам ёмон кўрган ҳолларида фитна қилмоқчи бўлган ва сизнинг
ишларингизни ортга кетказмоқчи бўлган эдилар-ку.

49. Уларнинг орасида: «Менга (жангдан қолиш учун) изн бергин, мени фитнага-балога
солмагин»,- дейдиган кимсалар ҳам бордир. Огоҳ бўлингизким, улар (жангдан
қолишлари сабабли) фитнанинг ўзига тушдилар. Шак-шубҳасиз, жаҳаннам (бундай)
кофирларни ўраб олгувчидир.

50. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар сизга бирон яхшилик (ғалаба ёки ўлжа) етса, бу
уларни хафа қилур. Агар сизга (Уҳуд жангида бўлганидек) бирон мусибат етса, ишнинг
(олдини) олибмиз»,- дейишиб, хурсанд бўлган ҳолларида юз ўгириб кетурлар.

51. Айтинг: «Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг
ҳожамиздир. Бас, мўъминлар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар!»

52. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Сизлар биз учун фақат икки яхшилик (яъни,
ё шаҳид бўлишимиз, ёки ғалаба қилишимиз)дан бирини кутмоқдасиз. Биз эса сизлар
учун Аллоҳ сизларга ўз даргоҳидан ёки бизнинг қўлимиз билан бир азоб етказишини
кутмоқдамиз. Бас, сизлар ҳам кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан бирга
кутгувчимиз».

53. Айтинг: «(Эй мунофиқлар), хоҳ ўз хоҳшингиз билан, хоҳ мажбуран инфоқ-эҳсон
қилинглар, сизлардан ҳаргиз қабул қилинмас. Чунки сизлар итоатсиз қавм бўлдингиз».  

54. Қилган инфоқ-эҳсонлари (Аллоҳ даргоҳида) қабул қилинишидан тўсган нарса фақат
уларнинг Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига иймон келтирганлари, намозга фақат эринган
ҳолларидагина келишлари ва ўзлари истамаган ҳолларидагина инфоқ-эҳсон
қилганликларидир.  

55. Бас, Сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! (Чунки)
Аллоҳ ўша нарсалар сабабли ҳаёти дунёда уларни азоб-уқубатга солиши ва кофир
бўлган ҳолларида, жонлари чиқишини истайди, холос.

56. Улар ўзларининг сизлар билан бирга эканликларига Аллоҳноми билан қасам
ичадила. Ҳолбуки, улар сизлардан эмасдирлар. Лекин улар қўрқоқ қавмдирлар (яъни,
мунофиқликдари маълумбўлиб қолса, бошларига бошқа кофирларнинг куни тушиб
қолишидан қурқадилар, шунинг учун: «биз ҳам мусулмонмиз», деб қасам
ичаверадилар).

57. Агар улар бирон бошпанами, ғорми ёки кирадиган бирон тешикми топсалар эди,
чопганларича ўшанга қараб жўнаб қолган бўлур эдилар.

58. Уларнинг орасида Сизни садақотлар тўғрисида айблайдиган (яъни, тушган
садақотларни адолат билан тақсим қилмади, деб таъна қиладиган) кимсалар ҳам
бордир. Агар ўша садақалардан уларга ҳам берилса, рози бўладилар, агар берилмаса,
бирдан норози бўлиб қоладилар.
 




59. Агар улар Аллоҳ ва унинг пайғамбари уларга берган нарсага рози бўлишиб: «Аллоҳ
биз учун кифоя қилур. Яқинда Аллоҳ Ўз фазлу карамидан ато қилур ва Унинг
пайғамбари бизга (мол-дунё ҳам, бахт-саодат ҳам берур), биз Аллоҳнинг ўзига
интилгувчи кишилармиз»,- десалар эди (ўзлари учун яхши бўлур эди).  

60. Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат
фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилишга,
қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда
йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.
Изоҳ: Закот ислом динида фарз амаллардан биридир. Маълум миқдорда бойликка эга
бўлган киши шу пулдан қирқдан бирини закот қилиб бериши фарздир. Юқоридаги
оятда мана шу закотни кимларга бериш лозимлиги аниқ белгилаб берилган. Демак,
мазкур кишилардан бошқа бировга берилган закот ислом назарида мақбул эмас.

61. Уларнинг орасида пайғамбарга озор берадиган ва: «У (яъни пайғамбар) қулоқ
тутгувчи (яъни, эшитган нарсасига ишонаверадиган киши)»,- дейдиган кимсалар
бордир. Айтинг: «(Ҳа, у) сизлар учун яхшилик бўлган нарсага (эзгуликка) қулоқ
тутгувчи, Аллоҳга иймон келтирувчи, мўъминларга ишонадиган ва сизларнинг
орангиздаги иймон келтирган зотлар учун раҳмат-марҳаматли бўлган зотдир.
Аллоҳнинг пайғамбарига озор берувчи кимсалар учун эса аламли азоб бордир».

62. (Эй мўъминлар), улар сизларни рози қилиш учун (биз пайғамбарга озор бермадик,
унга таъналар қилмадик, деб) Аллоҳ номига қасам ичадилар. Ҳолбуки, агар мўъмин
бўлганларида, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарини рози қилмоқлари лойиқроқ иш эди.

63. Улар кимда-ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиқса, унинг учун
ўзи абадий қоладиган жаҳаннам оташи бўлишини ва бу улуғ-катта расволик эканини
билмадиларми?!

64. Бу мунофиқлар уларга қарши, уларнинг дилларидаги нарсадан (яъни,
мунофиқликларидан) огоҳлантирадиган бирон сура нозил бўлиб қолишидан
қўрқадилару (яна пайғамбар ва мўъминларни масхара қилиб куладилар). Айтинг:
«Кулаверинглар, Аллоҳ сизлар (фош бўлиб қолишидан) қўрқаётган нарсани албатта
(юзага) чиқаргувчидир».

65. Қасамки, агар улардан (нега Сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз,
албатта улар: «Биз фақат бахслашиб, ҳазиллашиб келаяпмиз, холос»,- дедилар. Айтинг:
«Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» 
Изоҳ: Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалар билан «Табук» жанггига кетиб
бораётганларида аскарлар орасидаги бир гуруҳ мунофиқлар бир-бирларига: «Мана бу
одамни кўринглар. Ўзича Шом қасрларини ва қалъаларини фатҳ қилмоқчи бўлиб
юрибди-я»,- деб масхара қилардилар. Аллоҳ пайғамбарини уларнинг сўзларидан
хабардор қилгач, пайғамбар улардан: «Нега кулаяпсизлар?»,- деб сўраганларида, улар:
«Эй Аллоҳнинг пайғамбари, биз фақат йўлни қисқартириш учун ҳазил-ҳузул қилиб
келмоқдамиз, холос»,- деб алдамоқчи бўлган эдилар.

66. Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз.
Агар сизлардан бир тоифани (чин ихлос билан тавба қилганлари учун) афв қилсак,
бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли азоблаймиз.
 



67. Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар (яъни, кофирликда
бир-бирларига ўхшайдилар). Улар ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан қайтарадилар
ва (Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишдан) қўлларини (ўзларини) тиядилар. Улар
Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқ-
итоатсиздирлар.

68. Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларга ҳамда кофирларга улар абадий қоладиган
жаҳаннам оташини ваъда қилдики, ўша улар учун етарлидир. Аллоҳ уларни
лаънатлади. Улар учун доимий азоб бордир.

69. (Эй мунофиқлар), сизлар ҳам худди сизлардан илгари ўтган (мунофиқлар)га
ўхшайсизлар. Бас улар сизлардан кўра қувватлироқ ва мол-мулк, бола-чақалари ҳам
кўпроқ эди. Бас, улар (бу дунёдаги) ўз насибаларини кўрдилар. Сизлар ҳам, илгари
ўтганлар насибаларини кўрганларидек, ўз насибангизни кўрдингиз ва улар шўнғиган
нарсага (яъни ноҳақ йўлга) шўнғидингиз. Уларнинг (яъни, барча мунофиқларнинг)
қилган амаллари дунё-ю охиратда беҳуда кетди. Ана ўшалар ҳақиқий зиён
кўргувчилардир.

70. Уларга ўзларидан илгари ўтган кишилар бўлмиш Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва
Иброҳим қавмининг, Мадян аҳолисининг (яъни Шуайб қавмининг) ҳамда зеру-забар
бўлган қишлоқларнинг (яъни Лут қавми қишлоқларининг) ҳоли-хабари келмадими?!
Уларга пайғамбарлари очиқ далил-ҳужжатлар келтирган эдилар. (Шунда улар
пайғамбарларини ёлғончи қилишгач, бу қавмлар устига Аллоҳнинг балолари ёғилган
эди). Бас, Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, балки улар ўзларига зулм қилган
эдилар.

71. Мўъмин ва мўъминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар,
ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) адо
этадилар, Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм
қилур. Шак-шубҳасиз Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир.

72. Аллоҳ мўъмин, мўъминаларга остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий
қоладиган жаннатлар ва мангу жаннатлардаги покиза масканларни ваъда қилди.
Аллоҳнинг розилиги эса ҳамма нарсадан улуғроқдир. Мана шу буюк саодатдир.

73. Эй пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл
бўлинг! Уларнинг жойлари жаҳаннмдир. Нақадар ёмон оқибат бу!

74. Улар (яъни, мунофиқлар Сизга етиб келган ҳақорат сўзларини) айтмаганликларига
қасам ичадилар. Ҳолбуки, куфр сўзини аниқ айтган эдилар ва исломга кирганларидан
сўнг яна куфрга қайтган эдилар ҳамда ўзлари етолмаган нарса (яъни Пайғамбар жонига
суиқасд қилишга) қасд қилган эдилар. Улар (мунофиқлар) фақат Аллоҳ ва унинг
пайғамбари уларни Ўз фазлу карамидан бой-бадавлат қилиб қўйгани учунгина (Аллоҳ
ва унинг пайғамбарини) ёмон кўрадилар, холос. Бас, агар тавба қилсалар, ўзлари учун
яхши бўлур. Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ уларни дунё-ю охиратда аламли азоб билан
азоблар ва улар учун ер юзида бирон дўст ва ёрдамчи бўлмас!

75. Уларнинг орасида: «Қасамки, агар (Аллоҳ) бизга Ўз фазлу карамидан (мол-давлат)
ато қилса, албатта биз (камбағалларга) садақотлар қилурмиз ва солиҳ бандалардан
бўлурмиз»,- деб Аллоҳга аҳд-паймон берадиган кимсалар ҳам бордир.
 



76. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга Ўз фазлу карамидан (мол-давлат) ато қилса, унга
бахиллик қилурлар ва юз ўгирган ҳолларида кетурлар.

77. Бас, (садақотлар берурмиз, деб) Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва
(иймон келтирганмиз), деб ёлғон гапиргувчи бўлганлари оқибатида (Аллоҳ) то улар
Унинг Ўзига рўбарў бўладиган Кунгача уларнинг дилларида нифоқ бўлишини қисмат
қилиб қўйди.

78. Улар Аллоҳ уларнинг яширган сирларини ҳам, ўзаро шивир-шивирларини ҳам
билишини ва Аллоҳ ғайбни - кўринмас нарсаларни ҳам аниқ Билгувчи эканини
билмайдиларми?!

79. Мўъминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-
эҳсон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара
қиладиган кимсалар (мунофиқлар) борки, уларни Аллоҳ масхара қилур ва улар учун
аламли азоб бордир.

80. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), хоҳ сиз у (мунофиқлар) учун мағфират сўранг, хоҳ
мағфират сўраманг - агар етмиш марталаб улар учун мағфират сўрасангиз ҳам, Аллоҳ
уларни асло мағфират қилмас. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ ва унинг пайғамбарига
кофир бўлганларидир. Аллоҳ эса (бундай) итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.

81. (Жиҳодга чиқишдан) қолган (қочган мунофиқлар) Аллоҳнинг пайғамбарига хилоф
қилиб қолганларидан хурсанд бўлдилар ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод
қилишни ёмон кўрдилар ҳамда (бир-бирларига): «Бу иссиқда урушга чиқманглар»,-
дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар улар англай олсалар жаҳаннам
оташи янада иссиқроқдир».

82. Бас, ўзларининг касб қилган нарсалари (яъни кофирликни танлаганлари) жазосига
улар (бу дунёда) озгина кулсинлар, (сўнгра Охиратда) кўп-абадий йиғласинлар!

83. Энди агар Аллоҳ сизни («Табук» жангидан сўнг) улардан бирон тоифага қайтариб,
(рўбарў қилса) бас, улар сиздан (бундан буён бўладиган ғазотларга) чиқиш учун изн
сўрасалар, айтингки: «Мен билан ҳаргиз чиқмайсизлар ва мен билан бирга бирон
душманга қарши жанг ҳам қилмайсизлар. Чунки сизлар аввал-бошда чиқмай ўтиришга
рози бўлдингиз, бас, яна қолгувчи кимсалар билан ўтираверинглар».

84. Улардан биронтаси ўлса, зинҳор унинг (жаноза) намозини ўқиманг ва қабри устига
ҳам бориб турманг! Чунки улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига кофир бўлдилар ва
итоатсиз ҳолларида ўлдилар.

85. Сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша
нарсалар сабабли бу дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида,
жонлари чиқишини истайди, холос.

86. Қачон: «Аллоҳга иймон келтирингиз ва Унинг пайғамбари билан бирга жиҳод
қилдингиз»,- деган бирон сура нозил қилинса, улардан бой-бадавлат бўлган кимсалар
сиздан (жангдан қолиш учун) изн сўрайдилар ва «Бизни қўйгин, анави қолгувчи (узрли
кишилар) билан бирга бўлайлик»,- дейдилар.
 



87. Улар хотин-халаж билан қолишга рози бўлдилар. Диллари муҳрлаб қўйилди. Бас,
энди улар (жиҳодга чиқишда бўладиган яхшиликни) англамайдилар.

88. Лекин пайғамбар ва у билан бирга бўлган, иймон келтирган зотлар молу жонлари
билан курашдилар. (Барча) яхшиликлар ана ўшалар учундир. Нажот топгувчилар ҳам
уларнинг ўзидир.

89. Аллоҳ улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган
жаннатларни тайёрлаб қўйгандир. Мана шу буюк саодатдир.

90. Аъробийлардан (яъни, тоғлик динсиз араблардан) ҳам ўзлари учун изн берилишини
сўраб узр айтгувчилар келди ва (иймон келтирдик, деб) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини
алдаган кимсалар урушдан қолдилар. Албатта уларнинг орасидаги кофир кимсаларга
аламли азоб етажак!

91. Ожиз-нотавонларга, хасталарга ва (жиҳод учун) бергани ҳеч нарса топа олмаётган
кишиларга - агар улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари учун холис бўлсалар, бирон ҳараж
- гуноҳ йўқдир. Чиройли амал қилгувчи - муҳсинларни айблашга ҳеч қандай йўл йўқ.
Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.  

92. Яна сизга (жангга миниб бориш учун) от-улов сўраб келган вақтларида, уларга:
«Сизларни миндириб юборадиган улов йўқ-ку»,- деганингизда (жиҳод учун)
ишлатиладиган бирон нарса топа олмаганлари учун ғамгин бўлишиб, кўзларидан ёш
тўкиб қайтиб кетган кишиларни ҳам айблашга ҳеч қандай йўл йўқдир.
Изоҳ: Дарҳақиқат, ансорийлардан (яъни, мадиналик саҳобалардан) олти-етти киши
келиб пайғамбар алайҳиссаломдан жиҳодга бориш учун от-улов сўрашганида, у киши
уларга берадиган от-улов йўқлигини айтиб узр сўраганлар. Шунда улар жиҳодга
чиқишга ожизлик қилганларига хафа бўлишиб, йиғлаб қайтиб кетганлар. Юқоридаги
оят уларнинг узрли кишилар экани, бинобарин, жиҳодга чиқа олмаганлари учун
гуноҳкор бўлмасликларини баён қилади.

93. Фақат ўзлари бой-бадавлат бўлган ҳолларида сиздан изн сўрайдиган
кимсаларнигина айблашга йўл бордир. Улар Хотин-халаж билан қолишга рози
бўлдилар. Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйди. Бас, энди (улар жиҳодга
чиқишда бўладиган яхшиликни) билмайдилар.
 



Ўн биринчи жузъ

94. (Эй мўминлар), сизлар уларнинг олдига қайтган вақтингизда улар (ғазотга бора
олмаганликлари учун) сизлардан узр сўрайдилар. Айтинг: «Узр сўраманглар, сизларга
ҳаргиз ишонмаймиз. Аллоҳ бизни сизларнинг ҳоли-хабарингиздан огоҳ қилди.
Шубҳасиз, амалларингизни Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари кўриб туради. Сўнгра ғайбу
шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор ишларнинг ҳаммасини) Билгувчи Зотга
қайтарилурсизлар. Бас, у сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур».

95. Уларнинг олдига қайтиб борган вақтингизда улардан юз ўгиришларингиз (яъни,
айбламасликларингиз учун сизларга ўзларининг ростдан ҳам узрли эканликларига)
Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Чунки улар
нопокдирлар ва қилиб ўтган нарсаларини (яъни, мунофиқликлари) жазосига жойлари
жаҳаннамдир.

96. Улардан рози бўлишларингиз учун сизларга қасам ичадилар. Агар сизлар улардан
рози бўлсангизлар ҳам, Аллоҳ бу итоатсиз қавмдан хеч рози бўлмайди.

97. Аъробийлар куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз Пайғамбарига нозил қилган
нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билим ва ҳикмат
Соҳибидир.

98. Аъробийлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, қилган садақасини (ўзи учун)
зиён деб билади ва сизларга (мўъминларга) балолор келишига кўз тутиб туради.
(Барча) ёмон бало(лар) ўзларига бўлсин! Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.

99. Аъробийлар орасида Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирадиган ва қиладиган
инфоқ-эҳсонини Аллоҳ даргоҳида қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш ва Пайғамбар дуосига
(мушарраф бўлиш) деб биладиган зотлар ҳам бор. Огоҳ бўлсинларким, ўша инфоқ-
эҳсонлари ўзлари ўзлари учун қурбатдир. Аллоҳ уларни Ўз раҳматига дохил қилажак.
Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.

100. Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар
билан эргашган зотлар - Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар.
Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган
жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк саодатдир.

101. Сизларнинг атрофингиздаги аъробийлар орасида мунофиқлар бор. Мадина
аҳолиси орасида ҳам (мунофиқлар бордир). Улар доимий нифоқдадирлар, (лекин) Сиз
уларни билмайсиз. Биз билурмиз. Уларни қайта-қайта (яъни, ҳаётлик пайтларида қатл
қилиш, аср олиш билан, ўлганларидан кейин эса қабр азоби билан) азоблаймиз. Сўнгра
(Қиёмат Кунида) улуғ азобга қайтарилурлар.

102. Яна бошқа бир кишилар борки, гуноҳларини эътироф қилурлар. Улар яхши
амални бошқа ёмонига аралаштириб юборганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул
қилса ажабмас. Албатта, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.

103. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз уларнинг (тавба қилгувчиларнинг) молларидан
бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг
ҳақларига дуо қилинг! Албатта сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур.
Аллоҳ Эшитгувчи,Билгувчидир.
 




104. Улар (гуноҳкорлар) Аллоҳнинг Ўзи бандалари томонидан бўлган тавбани қабул
этишини, садақаларни ҳам (Ўз даргоҳида) қабул қилишини ва ҳақиқий тавбаларни
Қабул этгувчи ва Меҳрибон Зот Аллоҳнин гЎзи эканини билмайдиларми?!

105. Айтинг: «(Хоҳлаган) амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, унинг пайғамбари ва
мўъминлар қилган амалларигизни кўриб турар ва яқинда ғайбу шаҳодатни (яъни,
яширин ва ошкор нарсаларнинг барчасини) Билгувчи Зотга қайтарилурсизлар. Бас, У
Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизни хабарини берур».  

106. Яна бошқа (бир гуруҳ ғазотга чиқмаган)лар борки,Улар Аллоҳнинг амрига
қолдирилурлар - У Зотга Ўзи уларни ё азобга гирифтор қилар ёки тавбаларини қабул
қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.
Изоҳ: Улар уч нафар киши бўлиб, мунофиқ бўлганликлари учун эмас, балки
дангасаликлари, танпарварликлари сабабли ғазотга чиқмаганлар ва бошқа мунофиқлар
каби ёлғон узрлар ҳам айтмаганлар. Шундан кейин уларнинг тавбалари қабул бўлиши ё
қабул бўлмаслиги Аллоҳнинг амрига мавқуф бўлиб қолган ва бошқа мусулмонлар
маълум муддатгача улар билан алоқаларини узганларки, бу ҳақда кейин келадиган
оятларда яяна зикр қилинади.

107. Яна шундай кимсалар ҳам борки, улар (мўминларга) зиён етказиш, куфрни
(кучайтириш) ва мўминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда илгари Аллоҳ ва Унинг
Пайғамбарига қарши урушган (бир) кимсани кўз тутиш учун (фитна юзасидан) масжид
қуриб олдилар. Яна: «Биз фақат яхшиликнигина истаган эдик», деб қасам ҳам
ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз, ёлғончилардир.
Изоҳ: Мунофиқлардан 12 киши Абу Омир деган бир кофир кимсанинг буйруғи билан
мўминлар орасини бузиш ниятида масжид қурадилар ва мусулмонларга қарши урушиш
учун бошқа давлатлардан лашкар олиб келишга кетган Абу Омирнинг йўлига кўз
тутадилар. Уларнинг бу мақсадлари мусулмонларга маълум бўлиб қолганидан кейин
эса ўз қилмишларидан тониб, қасам ичадилар. Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло Ўз
Пайғамбарига бундай амр қилади:

108. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ҳеч қачон у масжидда (намозга) турманг. Биринчи
кундан тақво асосига қурилган масжид борки, Сиз ўшанда туришингиз лойиқроқ. Унда
покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутгувчи
зотларни севар.

109. Бас, (масжид) биноларини Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг ризолиги асосига қурган
киши яхшироқми ёки биноларига емирилаётган жар ёқасини асос олиб, шу сабабли ўзи
ҳам жаҳаннам ўтига қулаган кимсами? Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас.

110. Қурган биноларининг (бузиб ташланиши) уларнинг кўнгилларида шак-шубҳа
бўлиб қолур. Магар юраклари ёрилиб-жонлари чиқиб кетсагина (шак-шубҳа ҳам йўқ
бўлур). Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.  
Изоҳ: Пайғамбар алайҳиссаломнинг фармонлари билан улар қурган масжид бузиб
ташланади. Шундан кейин уни қурган мунофиқларга нисбатан ғараз билан ўтадилар.

111. Албатта Аллоҳ мўминларнинг жонлари ва молларини улардан жаннат баробарига
сотиб олди - улар Аллоҳ Йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари
ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар. (Бундай мўминларга жаннат
берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир.
 



Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу
савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақиқатан, буюк саодатдир.

112. (Улар) - тавба қилувчилар, (Аллоҳнинг Ўзигагина) ибодат қилгувчилар, шукр
қилгувчилар, рўза тутгувчилар, рукуъ-сажда қилгувчилар, яхшиликка буюргувчилар,
ёмонликдан тўхтатгувчилар ва Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидаларга доимий риоя
қилгувчи (мўмин)лардир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бу мўминларга жаннат
хабарини етказинг.

113. На Пайғамбар ва на мўъминлар - агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам -
уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар
учун мағрифат сўрашлари жоиз эмсадир.

114. Иброҳимнинг ўз отаси учун мағрифат сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли
эди. Энди қачонки унга (отаси) Аллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач,
ундан бутунлай тонди. Албатта Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир.

115. Аллоҳ бирон қавмни ҳидоят қилганидан кейин то уларга сақланишлари лозим
бўлган нарсаларни аниқ баён қилиб бермагунича, уларни йўлдан оздиргувчи бўлмади
(яъни, ҳамма нарсани билиб туриб ўзларини сақламаган кимсаларнигина йўлдан
оздирди). Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.

116. Албатта осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Аллоҳнинг ўзи учундир. У ҳаёт ва ўлим
берур. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ҳам, бирон ёрдамчи ҳам йўқдир.

117. Ҳақиқатан, Аллоҳ Пайғамбарнинг, муҳожир ва ансорларнинг тавбаларини қабул
қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли)
тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, Пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг
уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта У Зот мўъминларга Марҳаматли,
Меҳрибондир

118. Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик
қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳ(нинг ғазаби)дан фақат Унинг Ўзига тавба
қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (яъни,тавба қилишга
муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба
йўлини очди. Албатта Аллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Меҳрибондир.  

119. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонларида) ростгўй бўлган зотлар билан
бирга бўлингиз!  

120. Мадина аҳолиси ва уларнинг атрофларидаги аъробийлар учун (жиҳодга чиқмай)
Аллоҳнинг Пайғамбаридан қолишлари ва Ундан юз ўгириб ўзлари билан овора
бўлишлари жоиз эмас эди. Зеро, Аллоҳ Йўлида уларга бирон ташналик, машаққат,
очлик етса ва кофирларни ғазаблантирадиган бирон қадам боссалар, душманга бирон
зарар етказсалар, албатта улар учун бу ишлари сабабли, яхши амал ёзилур. Зотан,
Аллоҳ яхшилик қилгувчиларнинг амалларини зое қилмас.  

121. Улар кичикми, каттами бирон инфоқ-эҳсон қилсалар ва (ғазот йўлида) бирон
водийдан ўтсалар, албатта қилган энг чиройли амалларига яраша Аллоҳ мукофотлаши
учун - (буларнинг ҳаммаси) Улар фойдасига ёзилур.  
 



122. Барча мўминлар (жангга) чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан
бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни
ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари олдиларига кайтган вақтларида, уларни
огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?! Шояд у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақлансалар.  
Изоҳ: Бу оят Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар «Табук» жангидан қайтганларидан
сўнг Пайғамбаримиз бир гуруҳ аскарларни душман томонига юбормоқчи бўлиб
чорлаганларида, урушдан қолувчи кимсалар азобланиши ҳақидаги юқоридаги
оятлардан қўрқиб қолган барча саҳобалар жангга чиқамиз, деб келганларида нозил
бўлгандир. Бу оятда бундай кичик юришларга ҳамма мусулмонлар кетиб қолиши тўғри
эмаслиги, балки улардан бир гуруҳининг бориши кифоя қилиши, қолганлари эса
Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида қолишиб, у кишидан диний таълимотларни
ўрганиб, жангга кетганлар қайтишгач, уларга ўзлари ўрганган нарсаларини таълим
беришлари лозим эканлиги ифодаланади.  

123. Эй мўъминлар, ён-атрофларингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар
сизлардаги куч-қувватни кўрсинлар! Билингларки, албатта Аллоҳ тақводорлар билан
биргадир.  

124. Қачон бирон сура нозил қилинса, улардан (яъни мунофиқлардан) бўлган кимсалар
(масхара қилишиб): «Қани, бу сура қайси бирларингизни иймонларингизни зиёда
қилди?»,- дейишади. Баc, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта
зиёда қилди ва улар шод-ҳуррам бўлурлар.

125. Аммо дилларида мараз бўлган кимсаларни эса динсизликларига яна динсизлик
қўшди ва улар ҳар йили бир-икки марта (очарчилик, қаҳатчилик каби) балога фитнага
йўлиқмоқдалар. Шундан кейин ҳам на тавба қиладилар ва на панд-насиҳат оладилар.

127. Қачонки бирон сура нозил қилинса, (у мунофиқлар: «Муҳаммаднинг олдидан
билдирмасдан чиқиб қочсаларингиз), сизларни биронта (мусулмон) кўриб
қолармикан?», деб бир бирларига қараб оладилар-да, сўнгра (агар ҳеч ким кўрмаётган
бўлса уйларига) жўнаб қоладилар. Улар (ҳақни англамайдиган қавм бўлганлари
сабабли, Аллоҳ дилларини (Қуръонни фаҳмлашдан) буриб қўйгандир.

128. (Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат
чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (Тўғри йўл - Ҳақ Динга келишингизга) ҳарис-
ташна бўлган ва барча мўъминларга марҳаматли,меҳрибон бўлган бир пайғамбар
келди-ку!

129. Ана энди ҳам юз ўгирсалар, у ҳолда (Эй Муҳаммд алайҳиссалом), айтинг: «Менга
Аллоҳнинг Ўзи Етарлидир! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! (Мен
Унинг) Ўзига суяндим. У Зот улуғ Арш Соҳибидир».

 

 

 

кейинги сахифа...

 

 

Создано на конструкторе сайтов Okis при поддержке Flexsmm - накрутить подписчиков в вк

Нахудшурак рецепт с фото популярного блюда таджикской кухни;Панкратион единоборство из Древней Греции
Яндекс.Метрика МЕТА - Украина. Рейтинг сайтов